Энг ёмон саккиз тоифа

Рукн: Ислом ва иймон Чоп этилган: 09.12.2014

Пайғамбаримиз (алайҳиссалом): “Саккиз тоифа киши қиёмат куни Аллоҳ таоло махлуқлари ичида энг ёмон ҳисобланади ва азобга қолади”, деганлар.
Биринчиси, ёлғончилар.
Бу тоифадаги кишилар фақат жамиятга, оиласига зарар етказади. Ёлғончи кимса гуноҳ қилиб, “Қилганим йўқ”, дейди. Оиласига хиёнат қилади, ишхонада бошлиғига ёлғон гапиради, хуллас, сувдан қуруқ чиқиш учун бебаҳо имонини ёлғонга сотади. Шунинг учун Сарвари олам (алайҳиссалом): “Ёлғончи жаннатга кирмайди”, деганлар. Ёлғон сўз имонга уради ва соҳибининг юзидан нурни кетказади. Ёлғончиликнинг ёмон оқибатларидан яна бири — у жамиятга фитна солиб, одамлар орасини бузишидир. Cодир бўлган бузғунчиликнинг гуноҳи ёлғон гапирганнинг бўйнида бўлади. Фақат эр-хотинни, қариндош-уруғларни, дўстларни бир-бирига яраштириш мақсадида айтилган ёлғон сўз учун азоб қилинмайди. Чунки бунда ният тамоман бошқачадир.

Иккинчи тоифа кишилар мутакаббирлардир. Яъни, манмансираган, озгина амал учун “Мен фалонийман”, деб ўзини кўз-кўз қиладиган ёки озгина бойлик қўлга кириб қолса, кечаги кунини унутиб, катта гапирадиганлар. Ҳар бир ишнинг ўртача бўлгани яхши, ҳар бир сўзнинг тавозе, камтарона айтилгани ундан ҳам яхши. Мутакаббирлик фарзандлар тарбиясига жуда катта зарар етказади. Борлигида ҳамма нарса исрофи билан сарфланса, болалар бундай исрофга ўрганиб қолишади. Озгина қийинчиликка чидаёлмай “дод-вой” қилади, қиз бўлса, турмушидан ажраб, ўғил бўлса, жиноят қилиб, ота-она бошига турли кулфатлар келтириши мумкин. Шунинг учун Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) доимо камтарликка, ҳар ишда ўртача йўл тутишга чақирганлар.

Учинчи тоифа қалбларида мўмин биродарларига нисбатан буғзу адоват сақлаган ҳолда уларни кўрганларида мулозамат қилувчи кимсалар.
Бу тоифадаги кишилар кўрганида яхши гапириб, сизни мақтаб, йўғингизда ёмонлаб, одамлар кўзига сизни ёмон кўрсатади. Бундайларни иккиюзламачи, мунофиқ деб аташ мумкин. Чунки сизга бир юз, бошқага бир юз билан қарайди. Қалби тоза-пок эмас, сиздаги ишчанликни, тадбиркорликни кўролмайди. Ғийбатингизни қилиб, девор орқасидан тош отади. Сизни кўриб қолса, тошни ташлаб мулозамат қилади. Баъзилар одамларнинг амалига, мансабига, бойлигига қараб муомала қилишади. Куни келиб, ўша одам мансабдан кетса, тескари қараб кетаверади. Бу иш исломиятга мутлақо тўғри келмайди.

Тўртинчиси, Аллоҳ ва расулининг даъватини секин, шайтоннинг буйруғини эса тез бажарувчилардир.
Одамдан то Ҳазрати Муҳаммадгача барча пайғамбарлар (алайҳимуссалом) инсонларни фақат ҳидоятга чорлашган. Залолат, қон тўкиш, ўғрилик, зинони қаттиқ қоралашган. Жумладан, Қуръон ва ҳадис таълимоти мўмин-мусулмонларни тинчликка, аҳил бўлиб яшашга, ҳалол меҳнат қилишга ундаб, бировнинг ҳақидан қўрқишга буюриб туради. Шайтон эса тамомила бунинг акси, инсониятни доимо ёмонликка чақиради.
Пайғамбаримиз (алайҳиссалом): “Мўмин бешта кулфат орасида бўлади. Бир мўмин унга ҳасад қилади. Мунофиқ уни ёмон кўради. Душман у билан урушади. Шайтон уни адаштиради. Нафси уни саргардон қилади” (Анас ибн Молик ривояти), деганлар.
Ароқ ичиб, зино қилиб юрадиган одамнинг кўзига шайтон гуноҳни жилвалантириб, зийнатлаб кўрсатиб қўйган. Шунинг учун Аллоҳ ва расулининг даъватини секин, шайтон даъватини тез бажаради.

Бешинчи тоифа ноҳақ бўлсин қасам ичиб, дунёдан тама қиладиган кишилар.
Бундай кишилар қасам ичиб мол ўтказади ёки озгина фойда пули учун ёлғон гувоҳлик беради. “Мен бу нарсанинг тозалигига кафолат бераман”, деб қасам ичади-да, фойдани олиб кетаверади. Эртаси куни учратиб: “Берган молингда нуқсон бор экан”, десангиз, қасам ичиб, мен сени биринчи бор кўриб турибман, деб яна ўзини оқлаб тураверади.
Бундай кимсалар жамият бошига тушган қуртнинг ўзи, аста ўрмалаб асабингизга тегиб, роҳат қилишади. Сарвари олам бир ҳадисларида бундай деганлар: “Қасам молни ўтказади, аммо баракасини кетказади”.
Бозорларда савдо-сотиқ қилаётган айримлар тош-тарозидан уриб қолади, харидор ҳақига хиёнат қилади, назоратчиларнинг қўлига тушса, қасам ичиб, тўртта болам етим, шуларни боқаман деб, яна ёлғон гапиради. Абдуллоҳ Тустарий деган зот бундай дейдилар: “Ҳаром ейдиган одамнинг тана аъзолари хоҳласа-хоҳламаса гуноҳга, ҳалол ейдиган одамники тоатга бораверади. Демак, жамиятнинг соғлом бўлишида, фарзандлар етук инсон бўлиб камолга етишида ҳалол луқмага эътибор бериш жуда муҳимдир”.

Олтинчи тоифадаги кимсалар чақимчилардир.
Чақимчилик энг ёмон иллатлардан ҳисобланади. “Чақимчи жаннатга кирмайди”, деган ҳадис бор. Демак, одамларнинг ўртасини бузувчи фитнагар одамдан жаннат ҳазар қилади. Чақимчи сеҳр- гардан ёмон, деган ибора ҳам бежиз айтилмаган. Сеҳргар сеҳри билан одамларнинг кўзини бўяса, чақимчи гапи билан одамлар қалбини тирнайди. Сеҳргар кўрсатган сеҳр томошагоҳда қолади, чақимчилик билан узилган дўстлик, қариндошлик ришталарини улашга кўп вақт ва ҳаракат керак. Демак, чақимчи жаннатга кирмаслигининг сабаби одамлар ва жамиятни бузишидир.
Аммо бирор кимса адашиб гуноҳ қилаётган бўлса ёки жиноятга қўл ураётган бўлса, бунинг олдини олиш ва тарбия бериш учун унинг яқинларини огоҳ этиш чақимчиликка кирмайди. Чунки бу ерда ният томоман бошқача.

Еттинчи тоифадаги кимсалар дўст-биродар кишиларни бир-биридан айиришга ҳаракат қилиб юрувчилардир.
Бундай ҳолат юз берса, қариндош-уруғ, биродарлар ўртасида нохушлик пайдо бўлади. Бу иш билан фақат қалбида ҳасад касаллиги бор одамларгина шуғулланади. Юқорида айтиб ўтганимиздек, чақимчилар шундай ҳол юз берса, роҳатланади.
Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) айтадилар: “Аллоҳнинг нусрати аҳил бўлган жамоат устидадир”. Бир маҳалла бир жамоат ҳисобланади, маҳалланинг одамлари иттифоқ бўлса, ҳар бир ишни маслаҳат билан, тўй ва дафн маросимларини ихчам ўтказишга ҳаракат қилса, бундай жамоа Аллоҳнинг раҳматига лойиқ бўлади. Шундай иноқ-аҳил одамларнинг орасини фақат диндан хабари йўқ кимсаларгина бузишга ҳаракат қилишади.

Саккизинчи тоифа гуноҳсиз одамларга ноҳақ бўҳтон қилувчилар.
Бирор воқеани кўзи билан кўрмасдан бировдан гумон қилиб гапириш жамият ёки оила ичига раҳна солади. Туҳмат қилиш энг оғир гуноҳлардан ҳисобланади. Чунки туҳмат орқасида жуда катта фожеа туради. Арзимаган бир гап учун одамнинг тақдири ёмон тарафга ўзгариши мумкин. Бу борада жуда кўп ҳадислар, кўрсатмалар бор. Туҳматчилик ахлоққа, эътиқодга зид амал экани исботланган.
Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) саҳобалардан: “Умматнинг муфлисини биласизларми?” деб сўрадилар. Улар: “Муфлис динори ҳам, моли ҳам бўлмаган кишидир”, дейишди. У зот: “Умматимнинг муфлиси қиёмат куни намоз, рўза, закот билан келади. Аммо у бировни сўккан, бировнинг молини еган, бировни зинокор деб айблаган, бировнинг қонини тўккан, бировни урганлар. Шу ишлари учун унинг яхшиликларидан олинади. Агар яхшиликлари тўловларига етмаса, уларнинг хатолари олиниб, муфлисга берилади, сўнг дўзахга улоқтирилади”.
Бу муборак пандларни ҳаётга татбиқ қилиб, иложи борича яхши ишлар қилишга, яхши ном қолдиришга, покиза зурриёт тарбиялашга ҳаракат қилинса, Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) насиҳатларига, кўрсатмаларига мувофиқ бўлади.
Юқорида баён этилган саккиз тоифа кишилар гуруҳига кириб қолишдан Аллоҳ таолодан паноҳ тилаймиз.

Турсунтоҳир ҲАЙДАРАЛИ ўғли,
Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг
Фарғона вилоятидаги вакили ўринбосари

"Ҳидоят" 2007 йил 1-сон

* * *

Payg‘ambarimiz (alayhissalom): “Sakkiz toifa kishi qiyomat kuni Alloh taolo maxluqlari ichida eng yomon hisoblanadi va azobga qoladi”, deganlar.
Birinchisi, yolg‘onchilar.
Bu toifadagi kishilar faqat jamiyatga, oilasiga zarar yetkazadi. Yolg‘onchi kimsa gunoh qilib, “Qilganim yo‘q”, deydi. Oilasiga xiyonat qiladi, ishxonada boshlig‘iga yolg‘on gapiradi, xullas, suvdan quruq chiqish uchun bebaho imonini yolg‘onga sotadi. Shuning uchun Sarvari olam (alayhissalom): “Yolg‘onchi jannatga kirmaydi”, deganlar. Yolg‘on so‘z imonga uradi va sohibining yuzidan nurni ketkazadi. Yolg‘onchilikning yomon oqibatlaridan yana biri — u jamiyatga fitna solib, odamlar orasini buzishidir. Codir bo‘lgan buzg‘unchilikning gunohi yolg‘on gapirganning bo‘ynida bo‘ladi. Faqat er-xotinni, qarindosh-urug‘larni, do‘stlarni bir-biriga yarashtirish maqsadida aytilgan yolg‘on so‘z uchun azob qilinmaydi. Chunki bunda niyat tamoman boshqachadir.

Ikkinchi toifa kishilar mutakabbirlardir. Ya’ni, manmansiragan, ozgina amal uchun “Men faloniyman”, deb o‘zini ko‘z-ko‘z qiladigan yoki ozgina boylik qo‘lga kirib qolsa, kechagi kunini unutib, katta gapiradiganlar. Har bir ishning o‘rtacha bo‘lgani yaxshi, har bir so‘zning tavoze, kamtarona aytilgani undan ham yaxshi. Mutakabbirlik farzandlar tarbiyasiga juda katta zarar yetkazadi. Borligida hamma narsa isrofi bilan sarflansa, bolalar bunday isrofga o‘rganib qolishadi. Ozgina qiyinchilikka chidayolmay “dod-voy” qiladi, qiz bo‘lsa, turmushidan ajrab, o‘g‘il bo‘lsa, jinoyat qilib, ota-ona boshiga turli kulfatlar keltirishi mumkin. Shuning uchun Payg‘ambarimiz (alayhissalom) doimo kamtarlikka, har ishda o‘rtacha yo‘l tutishga chaqirganlar.

Uchinchi toifa qalblarida mo‘min birodarlariga nisbatan bug‘zu adovat saqlagan holda ularni ko‘rganlarida mulozamat qiluvchi kimsalar.
Bu toifadagi kishilar ko‘rganida yaxshi gapirib, sizni maqtab, yo‘g‘ingizda yomonlab, odamlar ko‘ziga sizni yomon ko‘rsatadi. Bundaylarni ikkiyuzlamachi, munofiq deb atash mumkin. Chunki sizga bir yuz, boshqaga bir yuz bilan qaraydi. Qalbi toza-pok emas, sizdagi ishchanlikni, tadbirkorlikni ko‘rolmaydi. G‘iybatingizni qilib, devor orqasidan tosh otadi. Sizni ko‘rib qolsa, toshni tashlab mulozamat qiladi. Ba’zilar odamlarning amaliga, mansabiga, boyligiga qarab muomala qilishadi. Kuni kelib, o‘sha odam mansabdan ketsa, teskari qarab ketaveradi. Bu ish islomiyatga mutlaqo to‘g‘ri kelmaydi.

To‘rtinchisi, Alloh va rasulining da’vatini sekin, shaytonning buyrug‘ini esa tez bajaruvchilardir.
Odamdan to Hazrati Muhammadgacha barcha payg‘ambarlar (alayhimussalom) insonlarni faqat hidoyatga chorlashgan. Zalolat, qon to‘kish, o‘g‘rilik, zinoni qattiq qoralashgan. Jumladan, Qur’on va hadis ta’limoti mo‘min-musulmonlarni tinchlikka, ahil bo‘lib yashashga, halol mehnat qilishga undab, birovning haqidan qo‘rqishga buyurib turadi. Shayton esa tamomila buning aksi, insoniyatni doimo yomonlikka chaqiradi.
Payg‘ambarimiz (alayhissalom): “Mo‘min beshta kulfat orasida bo‘ladi. Bir mo‘min unga hasad qiladi. Munofiq uni yomon ko‘radi. Dushman u bilan urushadi. Shayton uni adashtiradi. Nafsi uni sargardon qiladi” (Anas ibn Molik rivoyati), deganlar.
Aroq ichib, zino qilib yuradigan odamning ko‘ziga shayton gunohni jilvalantirib, ziynatlab ko‘rsatib qo‘ygan. Shuning uchun Alloh va rasulining da’vatini sekin, shayton da’vatini tez bajaradi.

Beshinchi toifa nohaq bo‘lsin qasam ichib, dunyodan tama qiladigan kishilar.
Bunday kishilar qasam ichib mol o‘tkazadi yoki ozgina foyda puli uchun yolg‘on guvohlik beradi. “Men bu narsaning tozaligiga kafolat beraman”, deb qasam ichadi-da, foydani olib ketaveradi. Ertasi kuni uchratib: “Bergan molingda nuqson bor ekan”, desangiz, qasam ichib, men seni birinchi bor ko‘rib turibman, deb yana o‘zini oqlab turaveradi.
Bunday kimsalar jamiyat boshiga tushgan qurtning o‘zi, asta o‘rmalab asabingizga tegib, rohat qilishadi. Sarvari olam bir hadislarida bunday deganlar: “Qasam molni o‘tkazadi, ammo barakasini ketkazadi”.
Bozorlarda savdo-sotiq qilayotgan ayrimlar tosh-tarozidan urib qoladi, xaridor haqiga xiyonat qiladi, nazoratchilarning qo‘liga tushsa, qasam ichib, to‘rtta bolam yetim, shularni boqaman deb, yana yolg‘on gapiradi. Abdulloh Tustariy degan zot bunday deydilar: “Harom yeydigan odamning tana a’zolari xohlasa-xohlamasa gunohga, halol yeydigan odamniki toatga boraveradi. Demak, jamiyatning sog‘lom bo‘lishida, farzandlar yetuk inson bo‘lib kamolga yetishida halol luqmaga e’tibor berish juda muhimdir”.

Oltinchi toifadagi kimsalar chaqimchilardir.
Chaqimchilik eng yomon illatlardan hisoblanadi. “Chaqimchi jannatga kirmaydi”, degan hadis bor. Demak, odamlarning o‘rtasini buzuvchi fitnagar odamdan jannat hazar qiladi. Chaqimchi sehr- gardan yomon, degan ibora ham bejiz aytilmagan. Sehrgar sehri bilan odamlarning ko‘zini bo‘yasa, chaqimchi gapi bilan odamlar qalbini tirnaydi. Sehrgar ko‘rsatgan sehr tomoshagohda qoladi, chaqimchilik bilan uzilgan do‘stlik, qarindoshlik rishtalarini ulashga ko‘p vaqt va harakat kerak. Demak, chaqimchi jannatga kirmasligining sababi odamlar va jamiyatni buzishidir.
Ammo biror kimsa adashib gunoh qilayotgan bo‘lsa yoki jinoyatga qo‘l urayotgan bo‘lsa, buning oldini olish va tarbiya berish uchun uning yaqinlarini ogoh etish chaqimchilikka kirmaydi. Chunki bu yerda niyat tomoman boshqacha.

Yettinchi toifadagi kimsalar do‘st-birodar kishilarni bir-biridan ayirishga harakat qilib yuruvchilardir.
Bunday holat yuz bersa, qarindosh-urug‘, birodarlar o‘rtasida noxushlik paydo bo‘ladi. Bu ish bilan faqat qalbida hasad kasalligi bor odamlargina shug‘ullanadi. Yuqorida aytib o‘tganimizdek, chaqimchilar shunday hol yuz bersa, rohatlanadi.
Payg‘ambarimiz (alayhissalom) aytadilar: “Allohning nusrati ahil bo‘lgan jamoat ustidadir”. Bir mahalla bir jamoat hisoblanadi, mahallaning odamlari ittifoq bo‘lsa, har bir ishni maslahat bilan, to‘y va dafn marosimlarini ixcham o‘tkazishga harakat qilsa, bunday jamoa Allohning rahmatiga loyiq bo‘ladi. Shunday inoq-ahil odamlarning orasini faqat dindan xabari yo‘q kimsalargina buzishga harakat qilishadi.

Sakkizinchi toifa gunohsiz odamlarga nohaq bo‘hton qiluvchilar.
Biror voqeani ko‘zi bilan ko‘rmasdan birovdan gumon qilib gapirish jamiyat yoki oila ichiga rahna soladi. Tuhmat qilish eng og‘ir gunohlardan hisoblanadi. Chunki tuhmat orqasida juda katta fojea turadi. Arzimagan bir gap uchun odamning taqdiri yomon tarafga o‘zgarishi mumkin. Bu borada juda ko‘p hadislar, ko‘rsatmalar bor. Tuhmatchilik axloqqa, e’tiqodga zid amal ekani isbotlangan.
Payg‘ambarimiz (alayhissalom) sahobalardan: “Ummatning muflisini bilasizlarmi?” deb so‘radilar. Ular: “Muflis dinori ham, moli ham bo‘lmagan kishidir”, deyishdi. U zot: “Ummatimning muflisi qiyomat kuni namoz, ro‘za, zakot bilan keladi. Ammo u birovni so‘kkan, birovning molini yegan, birovni zinokor deb ayblagan, birovning qonini to‘kkan, birovni urganlar. Shu ishlari uchun uning yaxshiliklaridan olinadi. Agar yaxshiliklari to‘lovlariga yetmasa, ularning xatolari olinib, muflisga beriladi, so‘ng do‘zaxga uloqtiriladi”.
Bu muborak pandlarni hayotga tatbiq qilib, iloji boricha yaxshi ishlar qilishga, yaxshi nom qoldirishga, pokiza zurriyot tarbiyalashga harakat qilinsa, Payg‘ambarimiz (alayhissalom) nasihatlariga, ko‘rsatmalariga muvofiq bo‘ladi.
Yuqorida bayon etilgan sakkiz toifa kishilar guruhiga kirib qolishdan Alloh taolodan panoh tilaymiz.

Tursuntohir HAYDARALI o‘g‘li,
O‘zbekiston musulmonlari idorasining
Farg‘ona viloyatidagi vakili o‘rinbosari

"Hidoyat" 2007 yil 1-son