Шайтон томирларда қандай юради?

Рукн: Ислом ва иймон Чоп этилган: 09.12.2014

“Шайтон одам боласининг қон йўлларида — томирларида юради”.
(Муслим. “Саҳиҳ”, II жузъ, 177-бет)

Шарҳи: Шайтоннинг инсонларга васваса қилиши, ёмонликка бошлаши диний асарларда кўп сўзланса ҳам, бу иш қандай равишда бўлиши очиқ баён этилмаган ёки очиқ баён қилинса ҳам, дунёвий илмлар ва фан ривожланмагани боис яхши англанмайди. Одам боласининг қон томирларида юриб, юракка кириши ва ундан яна айланиб, томирларга оқиб туриши эски замонларда маълум бўлмагани сабабли ҳадисга шарҳ ёзган олимлар бундай ҳадисларни таъвил қилишган ва мажозга боғлашган, шунинг учун васваса кайфияти номаълум бўлиб қолган.
Бу ҳадисдан очиқ билиниб турибдики, шайтон одам боласининг юрагига қон йўли орқали таъсир қилиб, ишларини битиради. Таъсир бериши ушбу равишда бўлгач, ўзи бевосита юракка кириб сўзлаши шарт эмас, балки, ташқаридаги тугмачани босиш билан ичкарида қўнғироқ чалинганидек, тана ташқарисидан ўзига муносиб бир йўл топиб, томирга таъсир этиши ва юракда ҳар хил ҳаракат ва ўзгаришлар пайдо қилиши мумкин. Ҳарҳолда, шайтоннинг бу тадбири жуда енгиллик билан озгина вақтда катта васвасаларга сабаб бўлиши мумкин.
Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоятларига кўра, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) эътикофда ўтирган вақтларида хотинлари София онамиз кечқурун у кишини зиёрат қилишга масжидга келади. Бирор соат сўзлашиб ўтирганларидан кейин София онамиз қайтиш учун қўзғалади. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) у кишини кузатиб ҳовлига чиқадилар. Шу вақтда уларга икки киши учрайди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) уларга қараб: “Бу ўз хотиним София”, дейдилар. Ҳалиги кишилар: “Субҳаналлоҳ, сиз ҳақингизда қандай ҳам гумон бўлсин, ё Расулуллоҳ!” дейишади. Шунда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) шу ҳадисни сўзлаганлар.
Мазкур кишилар ансорий саҳобаларнинг улуғларидан ва холис мўминлардан бўлгани учун Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) уларнинг ёмон гумон қилмаслигини билар эдилар, шундай бўлса-да, шайтон учун “васваса тугмасини босиш” енгил иш эканини назарда тутиб, бир изоҳ беришни мувофиқ кўрдилар.
Аслида Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бу ишлари билан халқларга одоб ва ахлоқни таълим берган, туҳматлардан сақланиш йўлларини билдирган, умматларга ибрат ва ўрнак бўлган эдилар. Мумкин қадар туҳматдан сақланиш лозим экани ва бирор кишининг гумон қилишига изн бермаслик кераклиги ушбу ҳадиси шарифдан англашилади.
Қуръони карим Сулаймон пайғамбарнинг (алайҳиссалом) ҳавода учиб юришларини ҳикоя қилгани ҳолда мусулмонлар ўз вақтида ҳаво сафари илмини билишга интилмаганлари зўр ғафлат бўлса, ҳадисларда қон айланиши ҳикоя этилатуриб ҳам, мусулмон табибларнинг шу ҳақда тажрибалар, тадқиқотлар олиб бормаслиги иккинчи бир бепарволикдир.
Бу ишларнинг ҳар иккисини Оврупа олимлари сўнгги асрлардагина кашф этишди ва илм водийига киришга тўсиқ бўлиб турган бир чуқурга кўприк солишди. Бу кўприкни солиш мусулмонлар учун осонроқ эди, бироқ ғайратсизлик туфайли бу нарсанинг уддасидан чиқа олмадилар.

(Ризоуддин ибн ФАХРИДДИН,
“Жавомеъул калим”,
75-ҳадис, 109-бет)

«Ҳидоят», 2007 йил, 2-сон

* * *

“Shayton odam bolasining qon yo‘llarida — tomirlarida yuradi”.
(Muslim. “Sahih”, II juz’, 177-bet)

Sharhi: Shaytonning insonlarga vasvasa qilishi, yomonlikka boshlashi diniy asarlarda ko‘p so‘zlansa ham, bu ish qanday ravishda bo‘lishi ochiq bayon etilmagan yoki ochiq bayon qilinsa ham, dunyoviy ilmlar va fan rivojlanmagani bois yaxshi anglanmaydi. Odam bolasining qon tomirlarida yurib, yurakka kirishi va undan yana aylanib, tomirlarga oqib turishi eski zamonlarda ma’lum bo‘lmagani sababli hadisga sharh yozgan olimlar bunday hadislarni ta’vil qilishgan va majozga bog‘lashgan, shuning uchun vasvasa kayfiyati noma’lum bo‘lib qolgan.
Bu hadisdan ochiq bilinib turibdiki, shayton odam bolasining yuragiga qon yo‘li orqali ta’sir qilib, ishlarini bitiradi. Ta’sir berishi ushbu ravishda bo‘lgach, o‘zi bevosita yurakka kirib so‘zlashi shart emas, balki, tashqaridagi tugmachani bosish bilan ichkarida qo‘ng‘iroq chalinganidek, tana tashqarisidan o‘ziga munosib bir yo‘l topib, tomirga ta’sir etishi va yurakda har xil harakat va o‘zgarishlar paydo qilishi mumkin. Harholda, shaytonning bu tadbiri juda yengillik bilan ozgina vaqtda katta vasvasalarga sabab bo‘lishi mumkin.
Imom Buxoriy va Imom Muslim rivoyatlariga ko‘ra, Rasululloh (sollallohu alayhi va sallam) e’tikofda o‘tirgan vaqtlarida xotinlari Sofiya onamiz kechqurun u kishini ziyorat qilishga masjidga keladi. Biror soat so‘zlashib o‘tirganlaridan keyin Sofiya onamiz qaytish uchun qo‘zg‘aladi. Rasululloh (sollallohu alayhi va sallam) u kishini kuzatib hovliga chiqadilar. Shu vaqtda ularga ikki kishi uchraydi. Rasululloh (sollallohu alayhi va sallam) ularga qarab: “Bu o‘z xotinim Sofiya”, deydilar. Haligi kishilar: “Subhanalloh, siz haqingizda qanday ham gumon bo‘lsin, yo Rasululloh!” deyishadi. Shunda Rasululloh (sollallohu alayhi va sallam) shu hadisni so‘zlaganlar.
Mazkur kishilar ansoriy sahobalarning ulug‘laridan va xolis mo‘minlardan bo‘lgani uchun Rasululloh (sollallohu alayhi va sallam) ularning yomon gumon qilmasligini bilar edilar, shunday bo‘lsa-da, shayton uchun “vasvasa tugmasini bosish” yengil ish ekanini nazarda tutib, bir izoh berishni muvofiq ko‘rdilar.
Aslida Rasululloh (sollallohu alayhi va sallam) bu ishlari bilan xalqlarga odob va axloqni ta’lim bergan, tuhmatlardan saqlanish yo‘llarini bildirgan, ummatlarga ibrat va o‘rnak bo‘lgan edilar. Mumkin qadar tuhmatdan saqlanish lozim ekani va biror kishining gumon qilishiga izn bermaslik kerakligi ushbu hadisi sharifdan anglashiladi.
Qur’oni karim Sulaymon payg‘ambarning (alayhissalom) havoda uchib yurishlarini hikoya qilgani holda musulmonlar o‘z vaqtida havo safari ilmini bilishga intilmaganlari zo‘r g‘aflat bo‘lsa, hadislarda qon aylanishi hikoya etilaturib ham, musulmon tabiblarning shu haqda tajribalar, tadqiqotlar olib bormasligi ikkinchi bir beparvolikdir.
Bu ishlarning har ikkisini Ovrupa olimlari so‘nggi asrlardagina kashf etishdi va ilm vodiyiga kirishga to‘siq bo‘lib turgan bir chuqurga ko‘prik solishdi. Bu ko‘prikni solish musulmonlar uchun osonroq edi, biroq g‘ayratsizlik tufayli bu narsaning uddasidan chiqa olmadilar.

(Rizouddin ibn FAXRIDDIN,
“Javome’ul kalim”,
75-hadis, 109-bet)