Аллоҳ сабрлилар билан биргадир!

Рукн: Ислом ва иймон Чоп этилган: 09.12.2014

Сабр - машаққатларга чидаш, иймон тақозо қилган ишларни амалга ошириш, Аллоҳнинг ҳукмига рози бўлишдир.
Ҳадиси шарифларда сабр уч қисмдан иборатлиги  баён қилинган:
1.    Тоат ва ибодатларда сабрли бўлиш.
2.    Гуноҳлардан сақланишда сабрли бўлиш.
3.    Мусибат ва қийинчиликларга сабр қилиш.
Сабр ҳақида ҳазрат Абу Ҳурайра (р.а.) шундай деганлар: “Кимга сабр қилиш неъмати ато қилинган бўлса, у ҳеч қачон савобдан маҳрум қолмайди”. Чунки Аллоҳ таоло Қуръони каримда: “... Албатта, сабр қилувчиларга мукофотлари беҳисоб берилур” (Зумар,10) деб марҳамат қилган.
Ибодатларни мукаммал адо этишда, барча гуноҳлардан сақланишда, Аллоҳ томонидан имтиҳон ва машаққатларга бардош беришда ирода ва қатъият билан нафсни жиловлай олиш сабрдир. Сабр имонннинг ярми бўлиб, Аллоҳ сабр қилувчилар билан биргадир. Зотан, “Албатта, Аллоҳ сабрлилар билан биргадир” деб марҳамат қилган.
Дарвоқеъ, ҳаётда банда доимо синовда бўлади. Гоҳ яхши ҳолатлар билан, гоҳо машаққат ва қийинчиликлар билан. Буларнинг барчасида доимо сабрли бўлиш талаб этилади. Сабрнинг олий даражаси фожеа содир бўлган мусибат етган пайтдаги илк дақиқалардаги сабрдир.
Анас ибн Молик (р.а.)дан ривоят қилинади. Набий (с.а.в.) қабр олдида йиғлаб ўтирган аёлнинг ёнидан ўтаётиб, “Аллоҳдан қўрқ ва сабр қил!” дедилар. У аёл: “Нари тур! Менинг каби сенга мусибат етмаган!” деди. Аёл у зотни танимаган эди. У аёлга: “(Сен гаплашган зот) Пайғамбар (с.а.в.) эдилар”, дейилди. У аёл ўша заҳотиёқ он ҳазратнинг эшиклари олдига келди ва етиб бориб эшиклари олдида қўриқчиларни кўрмади ва у зотга: “Сизни танимабман”, деди. Шунда у зот: “Албатта сабр биринчи зарбададир”,  дедилар. Фақатгина у аёлдан йўқотган нарсаси учун сабр қилиб, Аллоҳ ҳузуридаги савобга эришиб қолишни талаб қилдилар холос. Албатта ҳақиқий сабр аввалги дафъада ҳақиқий бўлишини ҳам уқтирдилар.
Мусулмон каттаю кичик мусибатларга, оғир беморликларга ҳам, тикон киришига ҳам сабр қилмоғи гуноҳларига каффорат бўлиши айтилган.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мусулмонга қай бир мусибат: ҳорғинликми, беморликми, ташвишми, маҳзунликми, озорми, ғам-ғуссами, ҳаттоки тикон киришми етадиган бўлса, албатта, Аллоҳ улар ила унинг хатоларини каффорат қилади», дедилар». Имом Бухорий ва Имом Муслим  ривоят қилган.
Бошқа ҳадиси шарифда эса,  мўмин-мусулмон банда учун беморликка сабр қилиш жаннатга эришишга сабаб бўлиши таъкидланади.
 Ато розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Ибн Аббос менга: «Сенга жаннат аҳлидан бўлган бир аёлни кўрсатайми?» деди. «Ҳа», дедим. «Манави қора хотин. У Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб: «Мени тутқаноқ тутади, авратларим очилиб кетади, Аллоҳга менинг ҳақимда дуо қилинг», деди. «Агар истасанг, сабр қилсанг сенга жаннат бўлади. Агар истасанг, Аллоҳга сен учун офият сўраб дуо қиламан», дедилар у зот. «Сабр қиламан. Аммо очилиб кетишим бор. Аллоҳга менинг очилиб кетмаслигимни сўраб дуо қилинг», деди аёл. Бас, у зот унинг учун дуо қилдилар».
Демак, инсон ҳаёти давомида, ҳар қандай шароитда ҳам сабр ва қаноат билан яшаши зарур. Сабр барча фазилатларнинг асосидир. Шунинг учун ҳам, Аллоҳ таоло Қуръонда мўминларнинг асосий сифатларидан бири сабр эканини қайта-қайта таъкидлайди. Уламоларимиз фазилатларни бир бутун жасадга ўхшатишса,  сабр эса ўша жасаднинг бошидир дейдилар. Пайғамбаримиз (с.а.в.) нинг саҳобаларидан икки киши учрашиб қолсалар, “Вал асри” сурасини бир-бирларига ўқиб бермасдан тарқалмас эканлар. Унда “бир-бирларини сабрга чақирганлар икки дунё бахти саодатига мушарраф бўлишларини баён қилинган.”
Аллоҳнинг муҳаббатини қозониш,унинг суюкли бандасига айланиш инсон учун энг улкан бахт эмасми? Хўш, Аллоҳнинг муҳаббатига нима билан эришиш, Унинг розилигини қандай топиш ва жаннат деган олий неъматга нима билан эришиш мумкин дейилса, унга жавоб куйидаги Аллоҳ таолонинг оятидир. “Аллоҳ сабрлиларни севади”.
Аллоҳ таоло барчамизни Ўзининг муҳаббатига сазовор айласин.   

Жалолиддин Ҳамроқулов,
Тошкент шаҳридаги “Новза” жомеъ масжиди имом-хатиби

 

* * *


Sabr - mashaqqatlarga chidash, iymon taqozo qilgan ishlarni amalga oshirish, Allohning hukmiga rozi bo‘lishdir.
Hadisi shariflarda sabr uch qismdan iboratligi  bayon qilingan:
1.    Toat va ibodatlarda sabrli bo‘lish.
2.    Gunohlardan saqlanishda sabrli bo‘lish.
3.    Musibat va qiyinchiliklarga sabr qilish.
Sabr haqida hazrat Abu Hurayra (r.a.) shunday deganlar: “Kimga sabr qilish ne’mati ato qilingan bo‘lsa, u hech qachon savobdan mahrum qolmaydi”. Chunki Alloh taolo Qur’oni karimda: “... Albatta, sabr qiluvchilarga mukofotlari behisob berilur” (Zumar,10) deb marhamat qilgan.
Ibodatlarni mukammal ado etishda, barcha gunohlardan saqlanishda, Alloh tomonidan imtihon va mashaqqatlarga bardosh berishda iroda va qat’iyat bilan nafsni jilovlay olish sabrdir. Sabr imonnning yarmi bo‘lib, Alloh sabr qiluvchilar bilan birgadir. Zotan, “Albatta, Alloh sabrlilar bilan birgadir” deb marhamat qilgan.
Darvoqe’, hayotda banda doimo sinovda bo‘ladi. Goh yaxshi holatlar bilan, goho mashaqqat va qiyinchiliklar bilan. Bularning barchasida doimo sabrli bo‘lish talab etiladi. Sabrning oliy darajasi fojea sodir bo‘lgan musibat yetgan paytdagi ilk daqiqalardagi sabrdir.
Anas ibn Molik (r.a.)dan rivoyat qilinadi. Nabiy (s.a.v.) qabr oldida yig‘lab o‘tirgan ayolning yonidan o‘tayotib, “Allohdan qo‘rq va sabr qil!” dedilar. U ayol: “Nari tur! Mening kabi senga musibat yetmagan!” dedi. Ayol u zotni tanimagan edi. U ayolga: “(Sen gaplashgan zot) Payg‘ambar (s.a.v.) edilar”, deyildi. U ayol o‘sha zahotiyoq on hazratning eshiklari oldiga keldi va yetib borib eshiklari oldida qo‘riqchilarni ko‘rmadi va u zotga: “Sizni tanimabman”, dedi. Shunda u zot: “Albatta sabr birinchi zarbadadir”,  dedilar. Faqatgina u ayoldan yo‘qotgan narsasi uchun sabr qilib, Alloh huzuridagi savobga erishib qolishni talab qildilar xolos. Albatta haqiqiy sabr avvalgi daf’ada haqiqiy bo‘lishini ham uqtirdilar.
Musulmon kattayu kichik musibatlarga, og‘ir bemorliklarga ham, tikon kirishiga ham sabr qilmog‘i gunohlariga kafforat bo‘lishi aytilgan.
Abu Hurayra roziyallohu anhudan rivoyat qilinadi:
«Nabiy sollallohu alayhi vasallam: «Musulmonga qay bir musibat: horg‘inlikmi, bemorlikmi, tashvishmi, mahzunlikmi, ozormi, g‘am-g‘ussami, hattoki tikon kirishmi yetadigan bo‘lsa, albatta, Alloh ular ila uning xatolarini kafforat qiladi», dedilar». Imom Buxoriy va Imom Muslim  rivoyat qilgan.
Boshqa hadisi sharifda esa,  mo‘min-musulmon banda uchun bemorlikka sabr qilish jannatga erishishga sabab bo‘lishi ta’kidlanadi.
 Ato roziyallohu anhudan rivoyat qilinadi:
«Ibn Abbos menga: «Senga jannat ahlidan bo‘lgan bir ayolni ko‘rsataymi?» dedi. «Ha», dedim. «Manavi qora xotin. U Nabiy sollallohu alayhi vasallamning huzurlariga kelib: «Meni tutqanoq tutadi, avratlarim ochilib ketadi, Allohga mening haqimda duo qiling», dedi. «Agar istasang, sabr qilsang senga jannat bo‘ladi. Agar istasang, Allohga sen uchun ofiyat so‘rab duo qilaman», dedilar u zot. «Sabr qilaman. Ammo ochilib ketishim bor. Allohga mening ochilib ketmasligimni so‘rab duo qiling», dedi ayol. Bas, u zot uning uchun duo qildilar».
Demak, inson hayoti davomida, har qanday sharoitda ham sabr va qanoat bilan yashashi zarur. Sabr barcha fazilatlarning asosidir. Shuning uchun ham, Alloh taolo Qur’onda mo‘minlarning asosiy sifatlaridan biri sabr ekanini qayta-qayta ta’kidlaydi. Ulamolarimiz fazilatlarni bir butun jasadga o‘xshatishsa,  sabr esa o‘sha jasadning boshidir deydilar. Payg‘ambarimiz (s.a.v.) ning sahobalaridan ikki kishi uchrashib qolsalar, “Val asri” surasini bir-birlariga o‘qib bermasdan tarqalmas ekanlar. Unda “bir-birlarini sabrga chaqirganlar ikki dunyo baxti saodatiga musharraf bo‘lishlarini bayon qilingan.”
Allohning muhabbatini qozonish,uning suyukli bandasiga aylanish inson uchun eng ulkan baxt emasmi? Xo‘sh, Allohning muhabbatiga nima bilan erishish, Uning roziligini qanday topish va jannat degan oliy ne’matga nima bilan erishish mumkin deyilsa, unga javob kuyidagi Alloh taoloning oyatidir. “Alloh sabrlilarni sevadi”.
Alloh taolo barchamizni O‘zining muhabbatiga sazovor aylasin.   

Jaloliddin Hamroqulov,
Toshkent shahridagi “Novza” jome’ masjidi imom-xatibi