Аллоҳни мудом зикр этиш ва дуо — мўминликнинг гўзал сифати

Рукн: Ислом ва иймон Чоп этилган: 09.12.2014

Аллоҳ таоло ўзининг муборак каломида:
“Эй иймон келтирганлар! Аллоҳни кўп зикр қилинглар. Ва эртаю кеч Уни поклаб ёд этинглар”, деб марҳамат қилган. (Аҳзоб сураси, 41-42-оятлар).
Зикр деганда, биринчи навбатда Аллоҳни зикр қилишни тушунилади. Аллоҳни зикр қилиш қалбни унга боғлаш демакдир. У мени кузатиб турибди, деган фикр доимий инсон хаёлида бўлиши бу – зикрдир. Банда Аллоҳни кўп зикр қилиш билан турли гуноҳлардан узоқлашади. Унинг қалбида беҳуда фикрларга ўрин қолмайди. Дунёга ҳирс қўйиш, унинг зикри билан банд бўлишдан халос бўлади. Аллоҳнинг зикри билан банд бўлган қалбда турли кўнгилхушликларга, инсонга манфаатсиз маишатларга жой қолмайди. Аллоҳни кўп зикр қилган банданинг қалбига унинг муҳаббатидан ўзга муҳаббат сиғмайди, сўзлаганда аввало тилида Аллоҳнинг исми жо бўлади. Сўнгра бу муборак исм аста-секин банданинг ҳалқумига, кўксига ва ахийри қалбига етиб боради. Бундай инсон тили билан Аллоҳнинг исмини айтмаса ҳам, қалби ҳамиша “Аллоҳ, Аллоҳ” деб туради. Ниҳоят, бутун вужуди шу ҳолатга келади. Ана шунда банда ҳақиқий зокирлик мақомига етади. Бундай бандадан ҳеч қачон ёмонлик содир бўлмайди.
Имом Бухорий ривоят қилган ҳадисда Набий алайҳиссалом:
“Раббингиз: “Модомики, бандамнинг лаблари мени зикр этиб қимирлар экан, мен у билан биргаман”, дейди”, деганлар.
Қуръони каримда Аллоҳ таоло яна:
“Бас, Мени эслангиз, сизни эслайман. Менга шукр қилингиз, ношукурлик қилмангиз”, деган (Бақара сураси, 152-оят).
Аслида Аллоҳ бандаларнинг уни зикр қилишларига муҳтож эмас. Ҳамма муҳтожлик бандаларда. Лекин оятда бундай дейилиши бандалар учун яхшиликдир. Чунки, бандалар Аллоҳни эслашлари билан Аллоҳ уларни эслашига эришадилар. Албатта, зикр билан зикрнинг фарқи бор. Ожиз бир банданинг эслаши қаердаю, оламларнинг Рабби бандани эслаши қайда! Имом Бухорий пайғамбаримиздан ривоят қилган ҳадиси қудсийда Аллоҳ таоло: “Эй одам боласи! Агар мени ўзинг танҳо эсласанг, мен ҳам сени ўзим танҳо эслайман, агар кўпчилик ичида эсласанг, мен ҳам сени кўпчилик ичида эслайман”, деган.
Абу Ҳурайра р.а.дан қилинган ривоятда Набий алайҳиссалом:
“Қай бир қавм ўтириб, Аллоҳ азза ва жаллани зикр қилсалар, албатта, уларни фаришталар қуршаб олур, раҳмат ўраб олур, устиларидан сакийна нозил бўлур ва Аллоҳ уларни ўз ҳузуридагилар ичида зикр қилур”, дедилар. Қалби иймон билан музайян бўлган кишилар ўтириб Аллоҳни зикр қилишлари туфайли шундай буюк даражага эришса, мўминлар учун бунданда буюкроқ саодат борми?
Иймон келтирганларнинг қалблари Аллоҳ зикри билан ором топади. Чунки зикр қилувчи қалблар ўзларининг Аллоҳ билан доимий боғлиқ эканларини ҳис қиладилар. Яна зикр билан сайқалланган қалблар дунёда ҳамма нарса Аллоҳдан эканини, бу дунёю у дунё саодати ҳам Аллоҳнинг ихтиёрида эканини биладилар.
Модомики, зикр Аллоҳни эслаш экан, бу баъзи одамлар ўйлаганларидек фақат намозда ёки масжидда ёхуд белгиланган бир манзилда бўлади дегани эмас. Аллоҳни зикр қилиш ҳар қадамда, ҳар жойда ва ҳар бир ҳолатда бўлади. Буюк тариқат пешвоси Баҳоуддин Нақшбанд ҳазратлари айтганларидай: “Дил ба ёру даст ба кор”, яъни “Дилинг ҳамиша Аллоҳ билан, қўлинг эса меҳнат билан бўлсин”. Банда қайси ўринда бўлишидан қатъий назар унинг қалби доимо Аллоҳни эслаб туриши лозим. Шунинг билан бирга банда тили билан ҳам зикрда бардавом бўлиши матлубдир.
Бир киши: “Эй Аллоҳнинг Расули! Ислом шариати мен учун кўпайиб кетди. Менга ўзим маҳкам ушлайдиган нарсанинг хабарини беринг”, деди. “Тилинг Аллоҳнинг зикридан ҳўл бўлиб турсин”, дедилар. (Имом Термизий ривояти)

Энг афзал зикрлар


Зикрларнинг энг афзали ва бутуни бу – Қуръони каримдир. Унинг биргина оятини тиловат қилиш билан банда қанчадан-қанча савобга эга бўлади. Пайғамбаримиз ўз ҳадисларида таълим берган зикрлар ҳам кўпки, булар ҳақида алоҳида китоблар таълиф этилган. Абу Ҳурайра р.а.дан ривоят қилинган ҳадисда:
“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
“Икки сўз тилга енгил, тарозида оғир, Раҳмонга суюклидир: “Субҳаналлоҳи ва биҳамдиҳи, Субҳаналлоҳил азийм”, дедилар”. (Имом Термизий ривояти).
Яна шу зотдан ривоят қилинади:
“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менга:
“Ла ҳавла ва ла қуввата илла биллаҳи”ни кўпроқ айт. Албатта, у жаннатнинг хазиналаридан бир хазинадир”, дедилар”. (Имом Термизий ривояти).

Зикрнинг тартиби ва турлари


Ислом шариати турли ҳолатларга кўра зикрларни тартибга солган. Мазкур зикрлар бир неча турга бўлинади:
1. Замонга хос зикрлар (эрталаб, кеч кирганда, янги ойни кўрганда айтиладиган зикрлар).
2. Маконга хос зикрлар (масжидга, уйга кирганда айтиладиган зикрлар).
3. Ибодатларга хос зикрлар (намоз, рўза, ҳаж ва шунга ўхшаш ибодатларда айтиладиган зикрлар).
4. Амал ва ҳолатларга хос зикрлар (кийим кийганда, уйқудан уйғонганда, ётганда, таомда, никоҳда, сафарда ва улов минганда айтиладиган зикрлар).
Мазкур ҳолатларда қилинадиган зикрларни бизда дуо деб аташ одат тусига кирган. Инчунун, зикр ва дуо бир-бирини тўлдириб келадиган нарсалардир.
Суннати мутаҳҳарада келган зикр ва дуолар ҳақида алоҳида китоблар ёзилган. Бунга кўплаб олимлар томонидан “Ал-Азкор” номи остида ёзилган китобларни мисол қилиб келтириш мумкин.
Зикрнинг фойда ва самаралари ниҳоятда кўпдир. Жумладан, у туфайли қалб тирик бўлади, ризқни жалб қилади, у руҳга қувват бўлади, хатоларни ювади, у шукрнинг боши ҳисобланади, ғам-андуҳларни кетказади.

Дуонинг ҳикмати ва фазилатлари


Юқорида тилга олинганидек, дуо ва зикр бири бирини тўлдириб келади. Аслида дуо нима? “Дуо” сўзи араб тилида чақириш, сўраш маъноларини англатади. Аслида дуо банданинг руҳий ҳолатидан келиб чиқиб Яратганга ҳиссий мурожаатидир. Кўпинча ана шу дуо билан “талаб қилиш” деган нарсани аралаштирилиб юборилади. “Талаб қилиш” – бу сўровчининг тили билан нутқ қиладиган сўровидир. “Менга узоқ умр, соғлик бергин” каби. Дуо эса, сўровчида пайдо бўладиган руҳий ҳолат ҳисобланади. Банда чинакам дуо қилар экан, унинг қалби уйғоқ, ҳислари титроқ ҳолда ўзининг қилган гуноҳларига иқрорлик ила Аллоҳга юзланиши вужудга келади. Агар дуо қилинаётган пайтда тил бошқа, дил бошқа нарсани деса, албатта у дуо бўлмайди. Банданинг бирор нарсани сўраши билан астойдил дуо қилишида фарқ бор. Йиллар давомида сўраб, сўраганига эриша олмай юрганлар қанча, чунки у ҳақиқий дуо қилиш ҳолатига сазовор бўлгани йўқ. Чинакам дуонинг бошланиши банданинг қилган гуноҳларига иқрор бўлиши билан бошланади. Аллоҳ таоло ўзининг каломида:
“Қачонки, бандаларим сендан мен ҳақимда сўрасалар, бас, албатта, мен яқиндирман. Дуо қилувчи дуо қилганда дуосини ижобат қилурман”, деб марҳамат қилган (Бақара сураси, 186-оят).
Астойдил дуо қилганларнинг дуолари қабул бўлишига шубҳа йўқ. Чунки буни Аллоҳ ваъда қиляпти. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадисларида:
“Ҳар кеча Раббимиз дунё осмонига тушади ва “Ким менга дуо қилади, мен ижобат қилсам, ким мендан сўрайди, мен унга ато қилсам, ким менга истиғфор айтади, мен уни мағфират қилсам”, дейди”, деганлар.
Дуо манфаатни жалб қиладиган ва зарарни даф қиладиган кучли сабабдир. Аллоҳнинг Ғаний, Самеъ, Карим, Раҳим ва Қодир сифати борки у ўзига дуо қилишга амр қилади.
Нўъмон ибн Башир р.а.дан ривоят қилинади:
“Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
“Дуо ибодатдир”, дедилар ва Раббингиз: “Менга дуо қилинг, сизга ижобат қилурман. Албатта, менинг ибодатимдан кибр қилганлар жаҳаннамга хору зор ҳолларида кирурлар” оятини қироат қилдилар”. (Абу Довуд ривояти).

Дуо ва ижобат

 
Банда ўзининг ожизлиги ва ҳожатмандлигини эътироф этиб, дуо қилаётган зотнинг улуғлигига муносиб одоб-ахлоқ билан сўраши лозимдир. Ижобати Яратганнинг ўзига ҳавола. Ҳазрати Умар р.а.: “Мен дуонинг ижобати ташвишини қилмайман, балки, дуо қилиш ташвишини қиламан. Чунки, дуо қилишга илҳом берилса, албатта у ижобат бўлади”, дер эканлар.
Дуони қандай ижобат қилиш Аллоҳнинг иродасидир. Аллоҳ таоло сўралган нарсани бермаса, ажрини охиратга олиб қўяди ёки унинг эвазига бошқа бир ёмонликни даф қилади. Ибн Жавзий айтадики:
“Билингки, мўминнинг дуоси рад қилинмайди. Фақат унинг учун ортга суриш фойдали бўлганда ижобати ортга сурилади”. Яъни, иймонли кишининг дуоси ҳеч қачон қайтарилмайди. Балки, кечроқ бўлсада албатта, ижобат бўлади. Ижобатнинг кечиктирилиши эса, банданинг манфаати учун бўлиши мумкин, буни Яратганнинг ўзигина билади.
Салмон р.а.дан ривоят қилинган ҳадисда:
“Набий алайҳиссалом: “Қазони фақат дуо рад қилади. Умрни фақат яхшилик зиёда қилади”, дедилар”. (Имом Термизий ривояти). Қазо – Аллоҳнинг ҳамма нарсани келажакда қандай бўлишини азалдан билишидир. Қазодаги нарса қадарга келади. Бу ердаги қазодан мурод, муаллақ қазо бўлиб, фалончи дуо қилиб турса, фалон куни касал бўлмайди, қилмаса бўлади, каби ҳолат тушунилади. Қадарни қадар билан даф қилиш маъносини инобатга олинадиган бўлса, бу ерда дуо ҳам қадардир. Яхшилик қилиш билан ҳам инсон дуога сазовор бўлади. Яхшилик қилинган инсон яхшилик қилувчининг ҳақига дуо, ҳеч бўлмаганда яхши тилак билдиради. Албатта, зарра мисқол каби яхшилик беҳуда бўлмаслигини инобатга олган ҳолда, яхшилик қилувчининг ҳақига қилинган дуо ҳам қабул бўлиши аниқ экани келиб чиқади. Ўзгадан оз бўлсада яхшилик кўрган инсон ҳеч бўлмаганда “умринг узоқ бўлсин” деган дуони қилади.

Дуо қилиш одоблари


Ҳар нарсада бўлгани каби дуода ҳам ўзига яраша одоблари бор.
Умар р.а.дан ривоят қилинади:
“Расулуллоҳ соллалллоҳу алайҳи васаллам қачон дуода икки қўлларини кўтарсалар, уларни юзларига суртмасдан туриб қайтармас эдилар”. (Абу Довуд ва Термизий ривояти).
Дуодаги одоблардан бири банданинг азму қарор билан иккиланмай сўрамоқлигидир. Абу Ҳурайра р.а.дан ривоят қилинади:
“Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бирингиз зинҳор “Аллоҳим агар хоҳласанг мени мағфират қилгин”, демасин. Азму қарор ила сўрасин, чунки уни мажбур қилувчи йўқ”, дедилар”. (Сунан соҳиблари ривояти).
Гуноҳ аралаштирмай, қариндошлик ришталарини узмай дуо қилиш унинг асосий одобларидан ҳисобланади. Бундан ташқари дуода муболағага кетмаслик, ҳаддан ошмаслик, дуони ўзидан бошламоқлик, уч марта дуо қилмоқлик, қиблага қараб, ҳамду-сано ва салавот ила бошламоқлик, шарафли вақтларни ихтиёр қилмоқлик ҳам дуо қилишнинг одобларидандир.

Мустажоб дуолар


Кимларнинг дуоларининг ижобати тез эканлиги ҳақида ҳам ҳадиси шарифларда хабарлар келган. Абу Довуд ва Термизийлар қилган ривоятда:
“Албатта, дуонинг энг тез ижобат бўладигани ғойибнинг ғойибга қиладиган дуосидир”, дейилган. Бунда чин ихлос ва самимият бор.
Абу Ҳурайра р.а.дан ривоят қилинади:
“Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Уч дуо мустажобдир. Уларда шак йўқ. Ота-онанинг дуоси. Мусофирнинг дуоси ва мазлумнинг дуоси”, дедилар”. (Имом Термизий ривояти).
Хоссатан, улуғ ойлар, кунларда қилинган дуолар қабул бўлади. Табаррук кунларни ғанимат билиб, қадрига етиб дуолар қилмоқ лозим ва лобуддир.

Хайрулла Турматов,
Ангрен шаҳар бош имом-хатиби


Турматов Хайрулла Абдумалик ўғли 1976 йили Тошкент вилоятининг Ангрен шаҳрида туғилган. Имом ал-Бухорий номидаги Тошкент Ислом институтини (2001), Тошкент вилояти давлат педагогика институтининг тарих ва давлат ҳуқуқи асослари факультетини (2003) тамомлаган. Имом ал-Бухорий халқаро марказида малака оширган. 80 дан маърифий мақолалари матбуотда чоп этилган. 1994 йилдан Ўзбекистон мусулмонлари идораси тизимида ишлайди. Ҳозирда Ангрен шаҳар бош имом-хатиби ҳамда «Қорабоғ» жомеъ масжиди имом-хатиби.

* * *

Allohni mudom zikr etish va duo — mo‘minlikning go‘zal sifati

Bismillahir rohmanir rohim.


Alloh taolo o‘zining muborak kalomida:
“Ey iymon keltirganlar! Allohni ko‘p zikr qilinglar. Va ertayu kech Uni poklab yod etinglar”, deb marhamat qilgan. (Ahzob surasi, 41-42-oyatlar).
Zikr deganda, birinchi navbatda Allohni zikr qilishni tushuniladi. Allohni zikr qilish qalbni unga bog‘lash demakdir. U meni kuzatib turibdi, degan fikr doimiy inson xayolida bo‘lishi bu – zikrdir. Banda Allohni ko‘p zikr qilish bilan turli gunohlardan uzoqlashadi. Uning qalbida behuda fikrlarga o‘rin qolmaydi. Dunyoga hirs qo‘yish, uning zikri bilan band bo‘lishdan xalos bo‘ladi. Allohning zikri bilan band bo‘lgan qalbda turli ko‘ngilxushliklarga, insonga manfaatsiz maishatlarga joy qolmaydi. Allohni ko‘p zikr qilgan bandaning qalbiga uning muhabbatidan o‘zga muhabbat sig‘maydi, so‘zlaganda avvalo tilida Allohning ismi jo bo‘ladi. So‘ngra bu muborak ism asta-sekin bandaning halqumiga, ko‘ksiga va axiyri qalbiga yetib boradi. Bunday inson tili bilan Allohning ismini aytmasa ham, qalbi hamisha “Alloh, Alloh” deb turadi. Nihoyat, butun vujudi shu holatga keladi. Ana shunda banda haqiqiy zokirlik maqomiga yetadi. Bunday bandadan hech qachon yomonlik sodir bo‘lmaydi.
Imom Buxoriy rivoyat qilgan hadisda Nabiy alayhissalom:
“Rabbingiz: “Modomiki, bandamning lablari meni zikr etib qimirlar ekan, men u bilan birgaman”, deydi”, deganlar.
Qur’oni karimda Alloh taolo yana:
“Bas, Meni eslangiz, sizni eslayman. Menga shukr qilingiz, noshukurlik qilmangiz”, degan (Baqara surasi, 152-oyat).
Aslida Alloh bandalarning uni zikr qilishlariga muhtoj emas. Hamma muhtojlik bandalarda. Lekin oyatda bunday deyilishi bandalar uchun yaxshilikdir. Chunki, bandalar Allohni eslashlari bilan Alloh ularni eslashiga erishadilar. Albatta, zikr bilan zikrning farqi bor. Ojiz bir bandaning eslashi qayerdayu, olamlarning Rabbi bandani eslashi qayda! Imom Buxoriy payg‘ambarimizdan rivoyat qilgan hadisi qudsiyda Alloh taolo: “Ey odam bolasi! Agar meni o‘zing tanho eslasang, men ham seni o‘zim tanho eslayman, agar ko‘pchilik ichida eslasang, men ham seni ko‘pchilik ichida eslayman”, degan.
Abu Hurayra r.a.dan qilingan rivoyatda Nabiy alayhissalom:
“Qay bir qavm o‘tirib, Alloh azza va jallani zikr qilsalar, albatta, ularni farishtalar qurshab olur, rahmat o‘rab olur, ustilaridan sakiyna nozil bo‘lur va Alloh ularni o‘z huzuridagilar ichida zikr qilur”, dedilar. Qalbi iymon bilan muzayyan bo‘lgan kishilar o‘tirib Allohni zikr qilishlari tufayli shunday buyuk darajaga erishsa, mo‘minlar uchun bundanda buyukroq saodat bormi?
Iymon keltirganlarning qalblari Alloh zikri bilan orom topadi. Chunki zikr qiluvchi qalblar o‘zlarining Alloh bilan doimiy bog‘liq ekanlarini his qiladilar. Yana zikr bilan sayqallangan qalblar dunyoda hamma narsa Allohdan ekanini, bu dunyoyu u dunyo saodati ham Allohning ixtiyorida ekanini biladilar.
Modomiki, zikr Allohni eslash ekan, bu ba’zi odamlar o‘ylaganlaridek faqat namozda yoki masjidda yoxud belgilangan bir manzilda bo‘ladi degani emas. Allohni zikr qilish har qadamda, har joyda va har bir holatda bo‘ladi. Buyuk tariqat peshvosi Bahouddin Naqshband hazratlari aytganlariday: “Dil ba yoru dast ba kor”, ya’ni “Diling hamisha Alloh bilan, qo‘ling esa mehnat bilan bo‘lsin”. Banda qaysi o‘rinda bo‘lishidan qat’iy nazar uning qalbi doimo Allohni eslab turishi lozim. Shuning bilan birga banda tili bilan ham zikrda bardavom bo‘lishi matlubdir.
Bir kishi: “Ey Allohning Rasuli! Islom shariati men uchun ko‘payib ketdi. Menga o‘zim mahkam ushlaydigan narsaning xabarini bering”, dedi. “Tiling Allohning zikridan ho‘l bo‘lib tursin”, dedilar. (Imom Termiziy rivoyati)

Eng afzal zikrlar


Zikrlarning eng afzali va butuni bu – Qur’oni karimdir. Uning birgina oyatini tilovat qilish bilan banda qanchadan-qancha savobga ega bo‘ladi. Payg‘ambarimiz o‘z hadislarida ta’lim bergan zikrlar ham ko‘pki, bular haqida alohida kitoblar ta’lif etilgan. Abu Hurayra r.a.dan rivoyat qilingan hadisda:
“Rasululloh sollallohu alayhi vasallam:
“Ikki so‘z tilga yengil, tarozida og‘ir, Rahmonga suyuklidir: “Subhanallohi va bihamdihi, Subhanallohil aziym”, dedilar”. (Imom Termiziy rivoyati).
Yana shu zotdan rivoyat qilinadi:
“Rasululloh sollallohu alayhi vasallam menga:
“La havla va la quvvata illa billahi”ni ko‘proq ayt. Albatta, u jannatning xazinalaridan bir xazinadir”, dedilar”. (Imom Termiziy rivoyati).

Zikrning tartibi va turlari


Islom shariati turli holatlarga ko‘ra zikrlarni tartibga solgan. Mazkur zikrlar bir necha turga bo‘linadi:
1. Zamonga xos zikrlar (ertalab, kech kirganda, yangi oyni ko‘rganda aytiladigan zikrlar).
2. Makonga xos zikrlar (masjidga, uyga kirganda aytiladigan zikrlar).
3. Ibodatlarga xos zikrlar (namoz, ro‘za, haj va shunga o‘xshash ibodatlarda aytiladigan zikrlar).
4. Amal va holatlarga xos zikrlar (kiyim kiyganda, uyqudan uyg‘onganda, yotganda, taomda, nikohda, safarda va ulov minganda aytiladigan zikrlar).
Mazkur holatlarda qilinadigan zikrlarni bizda duo deb atash odat tusiga kirgan. Inchunun, zikr va duo bir-birini to‘ldirib keladigan narsalardir.
Sunnati mutahharada kelgan zikr va duolar haqida alohida kitoblar yozilgan. Bunga ko‘plab olimlar tomonidan “Al-Azkor” nomi ostida yozilgan kitoblarni misol qilib keltirish mumkin.
Zikrning foyda va samaralari nihoyatda ko‘pdir. Jumladan, u tufayli qalb tirik bo‘ladi, rizqni jalb qiladi, u ruhga quvvat bo‘ladi, xatolarni yuvadi, u shukrning boshi hisoblanadi, g‘am-anduhlarni ketkazadi.

Duoning hikmati va fazilatlari


Yuqorida tilga olinganidek, duo va zikr biri birini to‘ldirib keladi. Aslida duo nima? “Duo” so‘zi arab tilida chaqirish, so‘rash ma’nolarini anglatadi. Aslida duo bandaning ruhiy holatidan kelib chiqib Yaratganga hissiy murojaatidir. Ko‘pincha ana shu duo bilan “talab qilish” degan narsani aralashtirilib yuboriladi. “Talab qilish” – bu so‘rovchining tili bilan nutq qiladigan so‘rovidir. “Menga uzoq umr, sog‘lik bergin” kabi. Duo esa, so‘rovchida paydo bo‘ladigan ruhiy holat hisoblanadi. Banda chinakam duo qilar ekan, uning qalbi uyg‘oq, hislari titroq holda o‘zining qilgan gunohlariga iqrorlik ila Allohga yuzlanishi vujudga keladi. Agar duo qilinayotgan paytda til boshqa, dil boshqa narsani desa, albatta u duo bo‘lmaydi. Bandaning biror narsani so‘rashi bilan astoydil duo qilishida farq bor. Yillar davomida so‘rab, so‘raganiga erisha olmay yurganlar qancha, chunki u haqiqiy duo qilish holatiga sazovor bo‘lgani yo‘q. Chinakam duoning boshlanishi bandaning qilgan gunohlariga iqror bo‘lishi bilan boshlanadi. Alloh taolo o‘zining kalomida:
“Qachonki, bandalarim sendan men haqimda so‘rasalar, bas, albatta, men yaqindirman. Duo qiluvchi duo qilganda duosini ijobat qilurman”, deb marhamat qilgan (Baqara surasi, 186-oyat).
Astoydil duo qilganlarning duolari qabul bo‘lishiga shubha yo‘q. Chunki buni Alloh va’da qilyapti. Payg‘ambarimiz sollallohu alayhi vasallam hadislarida:
“Har kecha Rabbimiz dunyo osmoniga tushadi va “Kim menga duo qiladi, men ijobat qilsam, kim mendan so‘raydi, men unga ato qilsam, kim menga istig‘for aytadi, men uni mag‘firat qilsam”, deydi”, deganlar.
Duo manfaatni jalb qiladigan va zararni daf qiladigan kuchli sababdir. Allohning G‘aniy, Same’, Karim, Rahim va Qodir sifati borki u o‘ziga duo qilishga amr qiladi.
No‘‘mon ibn Bashir r.a.dan rivoyat qilinadi:
“Nabiy sollallohu alayhi vasallam:
“Duo ibodatdir”, dedilar va Rabbingiz: “Menga duo qiling, sizga ijobat qilurman. Albatta, mening ibodatimdan kibr qilganlar jahannamga xoru zor hollarida kirurlar” oyatini qiroat qildilar”. (Abu Dovud rivoyati).

Duo va ijobat

 
Banda o‘zining ojizligi va hojatmandligini e’tirof etib, duo qilayotgan zotning ulug‘ligiga munosib odob-axloq bilan so‘rashi lozimdir. Ijobati Yaratganning o‘ziga havola. Hazrati Umar r.a.: “Men duoning ijobati tashvishini qilmayman, balki, duo qilish tashvishini qilaman. Chunki, duo qilishga ilhom berilsa, albatta u ijobat bo‘ladi”, der ekanlar.
Duoni qanday ijobat qilish Allohning irodasidir. Alloh taolo so‘ralgan narsani bermasa, ajrini oxiratga olib qo‘yadi yoki uning evaziga boshqa bir yomonlikni daf qiladi. Ibn Javziy aytadiki:
“Bilingki, mo‘minning duosi rad qilinmaydi. Faqat uning uchun ortga surish foydali bo‘lganda ijobati ortga suriladi”. Ya’ni, iymonli kishining duosi hech qachon qaytarilmaydi. Balki, kechroq bo‘lsada albatta, ijobat bo‘ladi. Ijobatning kechiktirilishi esa, bandaning manfaati uchun bo‘lishi mumkin, buni Yaratganning o‘zigina biladi.
Salmon r.a.dan rivoyat qilingan hadisda:
“Nabiy alayhissalom: “Qazoni faqat duo rad qiladi. Umrni faqat yaxshilik ziyoda qiladi”, dedilar”. (Imom Termiziy rivoyati). Qazo – Allohning hamma narsani kelajakda qanday bo‘lishini azaldan bilishidir. Qazodagi narsa qadarga keladi. Bu yerdagi qazodan murod, muallaq qazo bo‘lib, falonchi duo qilib tursa, falon kuni kasal bo‘lmaydi, qilmasa bo‘ladi, kabi holat tushuniladi. Qadarni qadar bilan daf qilish ma’nosini inobatga olinadigan bo‘lsa, bu yerda duo ham qadardir. Yaxshilik qilish bilan ham inson duoga sazovor bo‘ladi. Yaxshilik qilingan inson yaxshilik qiluvchining haqiga duo, hech bo‘lmaganda yaxshi tilak bildiradi. Albatta, zarra misqol kabi yaxshilik behuda bo‘lmasligini inobatga olgan holda, yaxshilik qiluvchining haqiga qilingan duo ham qabul bo‘lishi aniq ekani kelib chiqadi. O‘zgadan oz bo‘lsada yaxshilik ko‘rgan inson hech bo‘lmaganda “umring uzoq bo‘lsin” degan duoni qiladi.

Duo qilish odoblari


Har narsada bo‘lgani kabi duoda ham o‘ziga yarasha odoblari bor.
Umar r.a.dan rivoyat qilinadi:
“Rasululloh sollalllohu alayhi vasallam qachon duoda ikki qo‘llarini ko‘tarsalar, ularni yuzlariga surtmasdan turib qaytarmas edilar”. (Abu Dovud va Termiziy rivoyati).
Duodagi odoblardan biri bandaning azmu qaror bilan ikkilanmay so‘ramoqligidir. Abu Hurayra r.a.dan rivoyat qilinadi:
“Nabiy sollallohu alayhi vasallam: “Biringiz zinhor “Allohim agar xohlasang meni mag‘firat qilgin”, demasin. Azmu qaror ila so‘rasin, chunki uni majbur qiluvchi yo‘q”, dedilar”. (Sunan sohiblari rivoyati).
Gunoh aralashtirmay, qarindoshlik rishtalarini uzmay duo qilish uning asosiy odoblaridan hisoblanadi. Bundan tashqari duoda mubolag‘aga ketmaslik, haddan oshmaslik, duoni o‘zidan boshlamoqlik, uch marta duo qilmoqlik, qiblaga qarab, hamdu-sano va salavot ila boshlamoqlik, sharafli vaqtlarni ixtiyor qilmoqlik ham duo qilishning odoblaridandir.

Mustajob duolar


Kimlarning duolarining ijobati tez ekanligi haqida ham hadisi shariflarda xabarlar kelgan. Abu Dovud va Termiziylar qilgan rivoyatda:
“Albatta, duoning eng tez ijobat bo‘ladigani g‘oyibning g‘oyibga qiladigan duosidir”, deyilgan. Bunda chin ixlos va samimiyat bor.
Abu Hurayra r.a.dan rivoyat qilinadi:
“Nabiy sollallohu alayhi vasallam: “Uch duo mustajobdir. Ularda shak yo‘q. Ota-onaning duosi. Musofirning duosi va mazlumning duosi”, dedilar”. (Imom Termiziy rivoyati).
Xossatan, ulug‘ oylar, kunlarda qilingan duolar qabul bo‘ladi. Tabarruk kunlarni g‘animat bilib, qadriga yetib duolar qilmoq lozim va lobuddir.

Xayrulla Turmatov,
Angren shahar bosh imom-xatibi


Turmatov Xayrulla Abdumalik o‘g‘li 1976 yili Toshkent viloyatining Angren shahrida tug‘ilgan. Imom al-Buxoriy nomidagi Toshkent Islom institutini (2001), Toshkent viloyati davlat pedagogika institutining tarix va davlat huquqi asoslari fakultetini (2003) tamomlagan. Imom al-Buxoriy xalqaro markazida malaka oshirgan. 80 dan ma’rifiy maqolalari matbuotda chop etilgan. 1994 yildan O‘zbekiston musulmonlari idorasi tizimida ishlaydi. Hozirda Angren shahar bosh imom-xatibi hamda «Qorabog‘» jome’ masjidi imom-xatibi.