Маккаи мукаррама манзаралари

Рукн: Ибрат Чоп этилган: 10.12.2014

Ҳамма йўллар Ҳарамга олиб боради

Маккаи мукаррама... Дунёдаги энг мукаррам, ардоқли шаҳар. Қуръони каримда бир неча марта зикри келган тинчлик-омонлик, осойишталик, эмин-эркинлик диёри. Илк ваҳий индирилган муаззам ўлка. Инсониятнинг сўнгги пайғамбари Муҳаммад (алайҳиссалом)туғилган, камолга етган, пайғамбар ва элчи қилиб юборилган табаррук шаҳар.
Шаҳарнинг ҳамма йўллари Масжиди Ҳарамга олиб боради. Маккага келиб тушувчи барча ҳожиларни фақат бир туйғу ўраб-чирмайди. Улар мусофирхоналарга жойлашиб-жойлашмай Ҳарамга ошиқишади. Тезроқ Аллоҳ таолога қуллик изҳор этиш, гуноҳлар мағфиратини, ухровий ва дунёвий ҳожатларини сўраш учун Унинг Байтига талпинишади.
Кўчаларни тўлдириб бораётган оппоқ кийимли одамлар оқимига қўшиламиз. Уларнинг ватанлари бошқа, ирқлари бўлак, тиллари турлича, ранглари турфа хил.

Ҳатто урф-одатлари, тутумлари ҳам фарқли. Аммо кийимлари бир хил, эътиқодлари бир хил. Қалбларида Аллоҳга ва Унинг Байтига муҳаббат жўш уради. Кўзларида тавба-тазарру, надомат ёшлари. Тилларида “Лаббайка”, такбир, таҳлил, истиғфор дуолари. Оҳиста авайлаб қадамлар ташлашади. Ахир, бу йўлдан Ҳазрати Расулуллоҳ ўтганлар! Бу йўлдан у зотнинг сафдошлари неча бор Ҳарамга қатнашган! Балки Исломнинг илк шаҳидлари қони айни шу кўчага тўкилгандир?
Ҳарамга яқинлашганимиз сари қадамлар тезлашади. Мана, орзиқиб кутилган Байтуллоҳ! Ярим тун бўлишига қарамай, ҳаммаёқ сутдай оппоқ, ойдин. Масжиднинг муаззам дарвозалари, хонақоҳлари нурга чўмилган. Йўлларда нур, пештоқларда нур, одамларнинг кийимида нур, юзларда нур, нигоҳларда нур. Аллоҳ таолонинг нури ҳамма ёқни порлоқ қилиб юборгандай!
“Салом” эшигидан “Бисмиллоҳ” билан ичкарига кирамиз. Атрофида оппоқ кийимли кишилар айланаётган ўртадаги Каъбага назарларимиз тушади:
“Ла илаҳа иллаллоҳ, Аллоҳу акбар! Парвардигорим, ушбу Байтингни ҳамма тавоф қилгани учунгина севмаймиз. Ушбу Байтингни унга заррин каъбапўш ёпилгани, жимжимадор нақши-нигорли эшиги борлиги учунгина севмаймиз. Каъба тимсолида Сенинг раҳматингдан умидвор бўлиб, мағфиратингни тилаб, дуоларимиз ижобатини сўраб, тавба-ўтинчларимизни изҳор қилиб ҳузурингга бош уриб келдик. Байтинг ҳаққи-ҳурмати, Сендан комил имон, содиқ ишонч, кенг ризқ, қўрқувчи қалб, зикрга шошувчи тил сўраб келдик. Бизларга фақат ҳалол нарсани, ҳақиқий тавбани, ўлим пайтидаги роҳатни, раҳмат ва мағфиратни, ҳисоб вақтидаги афвни, жаннатни насиб эт. Аллоҳим, ҳажимизни мабрур, саъйимизни машкур, гуноҳларимизни мағфур, амалларимизни мақбул қилгин!”

Масжиддаги воқеа

Ҳамхонам Зокиржон ҳожи билан ҳар куни тунги иккида Ҳарамга ибодат қилгани жўнаймиз. Бугун ҳам одатдагидай масжидга кириб, шундоққина Каъба кўриниб турган ўринда жойлашдик. Аввал нафл намозларимизни ўқидик. Сўнгра Қуръони каримни хатм қилишни давом эттирдик. Шу пайт кўзим мендан икки қадам нарида ибодат қилаётган новчагина йигитга тушди. Эҳромдаги бу йигит кўринишидан Оврупа мамлакатларининг биридан келганга ўхшайди: оқ юз, малла соч, кўзлари кўкиш.
Лекин ҳозир мени унинг ташқи қиёфаси қизиқтирмаётган эди. Тик ҳолатда Каъбага юзланиб, қўлларини дуога кўтарган, кўзларидан ёш жаласи қуйилади. У шунчалар хокисорлик, муҳаббат ва ихлос билан дуо-илтижо қилар эди, беихтиёр ҳавасим келиб кетди. Кейин масжиднинг оппоқ мармарлари устида намоз ўқишга киришди. Намозни тугатиб, яна боягидай ихлос билан узоқ дуо қилди. Сўнг ёнидаги китоб токчасидан Қуръони каримни олиб тиловат бошлади. 
Толиқиб, ҳар гал кўзларимга бир оз дам бермоқчи бўлганимда унинг ҳолатини кузатаман. Оврупалик ҳожи энди қироатини тугатиб, яна тик турганича дуо бошлаган эди. Йиғи аралаш анча вақт дуо қилиб турди. Кейин ерга ўтириб, тиззаларини қучоқлаган ҳолатда Каъбага узоқ тикилиб ўтирди.
Қанча вақт ўтганини билмайман. Бир пайт қарасам, оврупалик йигит сафар халтасини бошига қўйиб, ётишга тайёргарлик кўряпти. “Ибодат қилавериб чарчабди-да, энди бомдод намозигача бир оз мизғиб олса керак”, деган фикр хаёлимдан ўтди. У атрофидаги намозхонларга озор бериб қўймаслик учун ғужанак ҳолатга кириб, халтасига бош қўйганича, аста чўзилди. Бўйи салкам икки метрли кишининг бир метрга етиб-етмаган жойда ухлашини бир тасаввур қилинг. Аммо йигит бу ноқулайликка асло парво қилмай, совуқ мармар устида ором истар эди. Уни ухлашга ётди деб нотўғри ўйлаган эканман. Малласоч йигит ёнбошлаган ҳолатда қўлида тасбеҳ билан такбиру таҳлилларни бошлаб юборган эди.
Вақт бомдодга яқинлашгани учун кўпчиликни мудроқ олган, шайтон васвасани кучайтирган. Бояги йигитни ҳам уйқу элитиб, ҳозир қўлидан тасбеҳ тушиб кетса керак, деган хаёлда бир неча бор у томонга кўз ташлаб қўйдим. Йўқ, ҳар гал тасбеҳ доналарининг оҳиста ўтишини, лабларининг пичирлаётганини кўравердим. Бир оз вақт ўтгач, у ўрнидан дик этиб турди-да, яна Каъбага юзланиб, дуога қўл очди.
Оврупалик нотаниш йигитнинг бунчалик ихлос билан ибодат қилаётганини кўриб, совға-салом илинжида дўкон кезиб, меҳмонхонада беҳуда суҳбатлар ва уйқу билан қимматли қанча вақтларини совурган айрим инсонлар эсимга тушди. Мусулмон бўлмаган ўлкада, мусулмон бўлмаган кишилар орасида улғайган бу йигитнинг Аллоҳ таолога муҳаббати ҳар биримиз учун энг яхши сабоқ эди.

Бу йигитдан ўрнак олинг

Пешин намозини кутиб, Ҳарамда тиловат, зикр қилиб ўтирибмиз. Каъбани минг-минглаб ҳожи тавоф қиляпти. Шу пайт ёнгинамизга бир йигит майиблар аравачасида ўтирган бир қария билан келиб қолди. Аравачани сафга қўйиб, ўзи унинг орқасидаги халтачадан кичикроқ тоғорача ва сув идиши олди. Кўксига осилган қоғоздан унинг Доғистондан экани кўриниб турарди. Қизиқсиниб турганимни кўриб, гап очди:
— Отам анчадан буён дард чекадилар. Бу йил ҳажга олиб борасан, келгуси йилгача борманми-йўқми, деб туриб олдилар. Яхшиям, аравача бор экан, шунда ибодат қилдириб юрибман. Бомдод намозига олиб келувдим. Намоздан кейин ухлаб қолиб, таҳоратлари синди. Бохабар бўлиб турсангиз, мен замзам олиб келиб таҳорат қилдириб қўярдим.
Идишини кўтариб, сувга кетди. Ҳатто қўлларини қимирлатишга кучи етмаётган, нурсиз кўзларини очиб туришга ҳам мажоли қолмаган отахоннинг бунчалик машаққатли сафарга ғайрат қилганига тасанно айтиб ўтирардим. Шу пайт доғистонлик йигит келди, тоғорани отанинг тиззасига қўйиб, уни таҳорат қилдира бошлади. Кейин тоғорани ерга қўйиб, оёқларини ювишга киришди. Таҳорат қилдириб бўлгач, сочиқ олиб отахоннинг ювилган аъзоларини бирма-бир артди. Кейин аравачани Каъба тарафга тўғрилади-да, ёнига жойнамоз солиб, ўзи ҳам намоз ўқишга киришди.
Қари отасини узоқ Доғистондан ҳаж қилдиргани аравачада олиб келган, уни ҳар куни ибодат учун Ҳарамга етаклаб келаётган, кунига бир неча марта таҳоратигача қилдираётган бахтиёр ўғилнинг матонатига тасанно айтиб ўтирар эканман, беихтиёр ичимдан шундай оғриқли гаплар отилиб чиқди:
— Эй отани ҳурматлашни унутиб қўйган, уларга итоат қилмаётган, дилини оғритаётган, улғайтириб-тарбиялаган бузрукворидан хабар олмай, ўз ҳолига ташлаб қўйган, уларни ҳақоратлаётган, ҳатто, қўл кўтаришгача борган, қариялар уйига олиб бориб ташлаган нобакор фарзандлар! Отани ҳурматлашни, унга эҳтиром кўрсатиб, дуосини олишни мана бу йигитдан ўрганинг! Зеро, ота дуоси, унинг розилиги жаннат эшикларининг очқичидир!

“Ассалом, эй Байтуллоҳ!”

Одатдагидай ярим тунда Ҳарамга етиб бордим. Пойабзалимни ечиб, энди дарвозадан кирмоқчи бўлиб турганимда ажиб бир манзаранинг шоҳиди бўлдим. Қорачадан келган бир йигит (афтидан, турк бўлса керак) икки ёшлар чамасидаги, жингалаксочли қизчасини кўтариб масжидга кириб кетаётган экан. Қизча дадасининг елкасига бошини қўйганича донг қотиб ухлаб ётибди. Жажжи қўлчаларининг бири отанинг бўйнига чирмашган, бошқаси ёнга осилган. “Боланинг уйқусини бузиб, ярим тунда масжидга олиб келиш шартмиди?” деган фикр хаёлимдан ўтди. Ҳатто бу бемеҳр отадан бир оз ўпкалаган бўлдим.
Қизчасини кўтарган турк йигити “Бисмиллаҳ” дея Ҳарамга қадам қўяр экан, елкасида ўтирган қизчаси уйқу босган кўзларини очолмаган ҳолатда бир неча бор “Ассалам, йа Байтуллоҳ!”, “Ассалам, йа Байтуллоҳ!” дея Масжиди Ҳарамга салом берди. Ҳайратдан қотиб қолдим. Бутун вужудимга титроқ кирди, кўзимга ёш қалқди. “Субҳоналлоҳ!”. Шундай мурғак ёшдаги, уйқудан кўз очолмаган ҳолатдаги қизалоққа Аллоҳнинг Байтига салом билан киришни ким ўргатган? Ҳатто уйқусираётган бўлишига қарамай, бундай салом айтишни у қайси бахтли инсонлардан ўрганган? Боягина жажжи қизалоғига бемеҳрликда айблаб, ич-ичимдан ёқтирмай турганим турк йигитнинг олдига бориб, маҳкам қучган ҳолда: “Раҳмат сизга! Шундай ажойиб қизчани тарбиялаганингиз учун Аллоҳ сизга икки дунё саодатини берсин!” деб дуо қилгим келди.
Шунда лоп этиб кечагина бўлиб ўтган воқеа ёдимга тушди. Жума намозида издиҳом катта бўлишини билганимиз учун масжидга эртароқ етиб бордик. Жойлашиб, зикруллоҳ, Қуръони карим тиловати билан машғул бўлдик. Шу пайт кейинги сафдан эшитилаётган гап-сўзлар диққатимни тортди. Эътибор қилмай, олдимдаги китобга тикилдим. Бироқ орқадаги юртдошларимнинг суҳбати фикримни чалғитаверди. Сабрим тугаб, ортга ўгирилдим. Соч-соқоли оқарган, етмишларга бориб қолган бир қария ўрта ёшлардаги шеригига нечта фарзанди борлиги, каттасига қаердан участка қилгани, уйларни қандай қургани, нима дарахтлар ўтқазгани ҳақида узундан-узун ҳикоя бошлаган эди. Жума хутбаси бошланди ҳам, уларнинг баланд овоздаги суҳбати тугай демасди. Биргина мен эмас, ён-атрофдаги намозхонларнинг норози нигоҳларига парво қилмай, гаплашаверишди. 
Шу муносабат билан кеча кўнглимга тошдай ўрнашиб қолган ўкинч музини ҳартугул бугун бу мурғак қизалоқнинг уйқусираган лабларидан учган сўзлар эритиб юборди...

Макка кабутарлари

Маккада энг кўп учрайдиган жонзот, менимча, кабутарлар бўлса керак. Қаёққа қараманг, танаси кулранг, бўйни атрофи эса худди маржон каби ранг-баранг товланувчи ана шу беозор қушларга кўзингиз тушади. Улар одамлардан ҳуркишмайди. Ҳарам атрофига, кўчаларга, майдончаларга сепилган донлардан еб, ризқларини териб юришади.
Айниқса, Масжиди Ҳарам атрофидаги кабутарларнинг саноғига етиш қийин. Савобталаб ҳожилар елим халтачаларда сотилаётган буғдойдан харид қилиб, қушларга сочишади. Улардан еб, қорни тўйган кабутарлар худди буйруққа қулоқ солгандай бирданига шиддат билан ҳавога кўтарилишади. Ҳарам устида бир неча бор чарх уриб айланишади. Ўз тилларида нималардир деб “ғув-ғув”лашади.
Уларнинг парвозини, самода тўхтовсиз айланишини кўриб, ҳавасим келади. Ҳар гал улар Байтуллоҳни тавоф қилаётгандай туюлаверади. Байтул Маъмурни тинмай тавоф қилувчи фаришталарга ўхшатиб юбораман бу кабутарларни. Одамлар воситасида Аллоҳ таоло юборган мўл-кўл ризқ билан таомланиб, шукронасига Байтуллоҳ тавофи ва Аллоҳнинг зикри билан жавоб қайтараётгандай туюлаверади. Ҳатто уларнинг “ғув-ғув”лари қулоғимга “ҳуваллоҳ” (У Аллоҳ) бўлиб киради. Уларнинг бу қилиқларини кўриб, Аллоҳ берган ризқни еб, У ато қилган уй-жой, кийим-кечак, мол-дунё, ашёлар, ширин-шакар фарзандлар, соғлик, куч-қувват, ақл-идрок каби неъматларга шукр қилмаётган бандалар эсга тушади. 
Яна бир нарса диққатимни тортди. Ҳарам устида ва атрофида шунчалик кўп кабутар учиб-қўниб юрганига қарамай, бирор жойга уларнинг ахлат ташлаганини ёки фаррошлар улар ахлатини тозалаётганини кўрмадим. Аввалига ҳайрон бўлдим. Кейинроқ бунинг сири маълум бўлди. Бир куни адашиб, Ҳарамга бориш йўлини тополмай қолдим. Бир кўчадан кетаётсам, қурилиш учун кавлаб қўйилган кенггина чуқур ичида минг-минглаб кабутар ғужғон қайнар, бир галаси учиб кетса, бошқа гала келиб қўнар эди. Улкан қурилиш майдони кабутар ахлатига тўлиб кетган эди. Шунча қушга “ҳожатхона”га боришни ким ўргатиб қўйган экан? Ақлсиз қушларнинг бу қилиғини кўриб, беихтиёр такбир айтиб юбордим.

Аҳмад МУҲАММАД
Тошкент — Макка — Тошкент

"Ҳидоят" 2007 йил 1-сон

* * *

Hamma yo‘llar Haramga olib boradi

Makkai mukarrama... Dunyodagi eng mukarram, ardoqli shahar. Qur’oni karimda bir necha marta zikri kelgan tinchlik-omonlik, osoyishtalik, emin-erkinlik diyori. Ilk vahiy indirilgan muazzam o‘lka. Insoniyatning so‘nggi payg‘ambari Muhammad (alayhissalom) tug‘ilgan, kamolga yetgan, payg‘ambar va elchi qilib yuborilgan tabarruk shahar.
Shaharning hamma yo‘llari Masjidi Haramga olib boradi. Makkaga kelib tushuvchi barcha hojilarni faqat bir tuyg‘u o‘rab-chirmaydi. Ular musofirxonalarga joylashib-joylashmay Haramga oshiqishadi. Tezroq Alloh taologa qullik izhor etish, gunohlar mag‘firatini, uxroviy va dunyoviy hojatlarini so‘rash uchun Uning Baytiga talpinishadi.
Ko‘chalarni to‘ldirib borayotgan oppoq kiyimli odamlar oqimiga qo‘shilamiz. Ularning vatanlari boshqa, irqlari bo‘lak, tillari turlicha, ranglari turfa xil.

Hatto urf-odatlari, tutumlari ham farqli. Ammo kiyimlari bir xil, e’tiqodlari bir xil. Qalblarida Allohga va Uning Baytiga muhabbat jo‘sh uradi. Ko‘zlarida tavba-tazarru, nadomat yoshlari. Tillarida “Labbayka”, takbir, tahlil, istig‘for duolari. Ohista avaylab qadamlar tashlashadi. Axir, bu yo‘ldan Hazrati Rasululloh o‘tganlar! Bu yo‘ldan u zotning safdoshlari necha bor Haramga qatnashgan! Balki Islomning ilk shahidlari qoni ayni shu ko‘chaga to‘kilgandir?
Haramga yaqinlashganimiz sari qadamlar tezlashadi. Mana, orziqib kutilgan Baytulloh! Yarim tun bo‘lishiga qaramay, hammayoq sutday oppoq, oydin. Masjidning muazzam darvozalari, xonaqohlari nurga cho‘milgan. Yo‘llarda nur, peshtoqlarda nur, odamlarning kiyimida nur, yuzlarda nur, nigohlarda nur. Alloh taoloning nuri hamma yoqni porloq qilib yuborganday!
“Salom” eshigidan “Bismilloh” bilan ichkariga kiramiz. Atrofida oppoq kiyimli kishilar aylanayotgan o‘rtadagi Ka’baga nazarlarimiz tushadi:
“La ilaha illalloh, Allohu akbar! Parvardigorim, ushbu Baytingni hamma tavof qilgani uchungina sevmaymiz. Ushbu Baytingni unga zarrin ka’bapo‘sh yopilgani, jimjimador naqshi-nigorli eshigi borligi uchungina sevmaymiz. Ka’ba timsolida Sening rahmatingdan umidvor bo‘lib, mag‘firatingni tilab, duolarimiz ijobatini so‘rab, tavba-o‘tinchlarimizni izhor qilib huzuringga bosh urib keldik. Bayting haqqi-hurmati, Sendan komil imon, sodiq ishonch, keng rizq, qo‘rquvchi qalb, zikrga shoshuvchi til so‘rab keldik. Bizlarga faqat halol narsani, haqiqiy tavbani, o‘lim paytidagi rohatni, rahmat va mag‘firatni, hisob vaqtidagi afvni, jannatni nasib et. Allohim, hajimizni mabrur, sa’yimizni mashkur, gunohlarimizni mag‘fur, amallarimizni maqbul qilgin!”

Masjiddagi voqea

Hamxonam Zokirjon hoji bilan har kuni tungi ikkida Haramga ibodat qilgani jo‘naymiz. Bugun ham odatdagiday masjidga kirib, shundoqqina Ka’ba ko‘rinib turgan o‘rinda joylashdik. Avval nafl namozlarimizni o‘qidik. So‘ngra Qur’oni karimni xatm qilishni davom ettirdik. Shu payt ko‘zim mendan ikki qadam narida ibodat qilayotgan novchagina yigitga tushdi. Ehromdagi bu yigit ko‘rinishidan Ovrupa mamlakatlarining biridan kelganga o‘xshaydi: oq yuz, malla soch, ko‘zlari ko‘kish.
Lekin hozir meni uning tashqi qiyofasi qiziqtirmayotgan edi. Tik holatda Ka’baga yuzlanib, qo‘llarini duoga ko‘targan, ko‘zlaridan yosh jalasi quyiladi. U shunchalar xokisorlik, muhabbat va ixlos bilan duo-iltijo qilar edi, beixtiyor havasim kelib ketdi. Keyin masjidning oppoq marmarlari ustida namoz o‘qishga kirishdi. Namozni tugatib, yana boyagiday ixlos bilan uzoq duo qildi. So‘ng yonidagi kitob tokchasidan Qur’oni karimni olib tilovat boshladi. 
Toliqib, har gal ko‘zlarimga bir oz dam bermoqchi bo‘lganimda uning holatini kuzataman. Ovrupalik hoji endi qiroatini tugatib, yana tik turganicha duo boshlagan edi. Yig‘i aralash ancha vaqt duo qilib turdi. Keyin yerga o‘tirib, tizzalarini quchoqlagan holatda Ka’baga uzoq tikilib o‘tirdi.
Qancha vaqt o‘tganini bilmayman. Bir payt qarasam, ovrupalik yigit safar xaltasini boshiga qo‘yib, yotishga tayyorgarlik ko‘ryapti. “Ibodat qilaverib charchabdi-da, endi bomdod namozigacha bir oz mizg‘ib olsa kerak”, degan fikr xayolimdan o‘tdi. U atrofidagi namozxonlarga ozor berib qo‘ymaslik uchun g‘ujanak holatga kirib, xaltasiga bosh qo‘yganicha, asta cho‘zildi. Bo‘yi salkam ikki metrli kishining bir metrga yetib-etmagan joyda uxlashini bir tasavvur qiling. Ammo yigit bu noqulaylikka aslo parvo qilmay, sovuq marmar ustida orom istar edi. Uni uxlashga yotdi deb noto‘g‘ri o‘ylagan ekanman. Mallasoch yigit yonboshlagan holatda qo‘lida tasbeh bilan takbiru tahlillarni boshlab yuborgan edi.
Vaqt bomdodga yaqinlashgani uchun ko‘pchilikni mudroq olgan, shayton vasvasani kuchaytirgan. Boyagi yigitni ham uyqu elitib, hozir qo‘lidan tasbeh tushib ketsa kerak, degan xayolda bir necha bor u tomonga ko‘z tashlab qo‘ydim. Yo‘q, har gal tasbeh donalarining ohista o‘tishini, lablarining pichirlayotganini ko‘raverdim. Bir oz vaqt o‘tgach, u o‘rnidan dik etib turdi-da, yana Ka’baga yuzlanib, duoga qo‘l ochdi.
Ovrupalik notanish yigitning bunchalik ixlos bilan ibodat qilayotganini ko‘rib, sovg‘a-salom ilinjida do‘kon kezib, mehmonxonada behuda suhbatlar va uyqu bilan qimmatli qancha vaqtlarini sovurgan ayrim insonlar esimga tushdi. Musulmon bo‘lmagan o‘lkada, musulmon bo‘lmagan kishilar orasida ulg‘aygan bu yigitning Alloh taologa muhabbati har birimiz uchun eng yaxshi saboq edi.

Bu yigitdan o‘rnak oling

Peshin namozini kutib, Haramda tilovat, zikr qilib o‘tiribmiz. Ka’bani ming-minglab hoji tavof qilyapti. Shu payt yonginamizga bir yigit mayiblar aravachasida o‘tirgan bir qariya bilan kelib qoldi. Aravachani safga qo‘yib, o‘zi uning orqasidagi xaltachadan kichikroq tog‘oracha va suv idishi oldi. Ko‘ksiga osilgan qog‘ozdan uning Dog‘istondan ekani ko‘rinib turardi. Qiziqsinib turganimni ko‘rib, gap ochdi:
— Otam anchadan buyon dard chekadilar. Bu yil hajga olib borasan, kelgusi yilgacha bormanmi-yo‘qmi, deb turib oldilar. Yaxshiyam, aravacha bor ekan, shunda ibodat qildirib yuribman. Bomdod namoziga olib keluvdim. Namozdan keyin uxlab qolib, tahoratlari sindi. Boxabar bo‘lib tursangiz, men zamzam olib kelib tahorat qildirib qo‘yardim.
Idishini ko‘tarib, suvga ketdi. Hatto qo‘llarini qimirlatishga kuchi yetmayotgan, nursiz ko‘zlarini ochib turishga ham majoli qolmagan otaxonning bunchalik mashaqqatli safarga g‘ayrat qilganiga tasanno aytib o‘tirardim. Shu payt dog‘istonlik yigit keldi, tog‘orani otaning tizzasiga qo‘yib, uni tahorat qildira boshladi. Keyin tog‘orani yerga qo‘yib, oyoqlarini yuvishga kirishdi. Tahorat qildirib bo‘lgach, sochiq olib otaxonning yuvilgan a’zolarini birma-bir artdi. Keyin aravachani Ka’ba tarafga to‘g‘riladi-da, yoniga joynamoz solib, o‘zi ham namoz o‘qishga kirishdi.
Qari otasini uzoq Dog‘istondan haj qildirgani aravachada olib kelgan, uni har kuni ibodat uchun Haramga yetaklab kelayotgan, kuniga bir necha marta tahoratigacha qildirayotgan baxtiyor o‘g‘ilning matonatiga tasanno aytib o‘tirar ekanman, beixtiyor ichimdan shunday og‘riqli gaplar otilib chiqdi:
— Ey otani hurmatlashni unutib qo‘ygan, ularga itoat qilmayotgan, dilini og‘ritayotgan, ulg‘aytirib-tarbiyalagan buzrukvoridan xabar olmay, o‘z holiga tashlab qo‘ygan, ularni haqoratlayotgan, hatto, qo‘l ko‘tarishgacha borgan, qariyalar uyiga olib borib tashlagan nobakor farzandlar! Otani hurmatlashni, unga ehtirom ko‘rsatib, duosini olishni mana bu yigitdan o‘rganing! Zero, ota duosi, uning roziligi jannat eshiklarining ochqichidir!

“Assalom, ey Baytulloh!”

Odatdagiday yarim tunda Haramga yetib bordim. Poyabzalimni yechib, endi darvozadan kirmoqchi bo‘lib turganimda ajib bir manzaraning shohidi bo‘ldim. Qorachadan kelgan bir yigit (aftidan, turk bo‘lsa kerak) ikki yoshlar chamasidagi, jingalaksochli qizchasini ko‘tarib masjidga kirib ketayotgan ekan. Qizcha dadasining yelkasiga boshini qo‘yganicha dong qotib uxlab yotibdi. Jajji qo‘lchalarining biri otaning bo‘yniga chirmashgan, boshqasi yonga osilgan. “Bolaning uyqusini buzib, yarim tunda masjidga olib kelish shartmidi?” degan fikr xayolimdan o‘tdi. Hatto bu bemehr otadan bir oz o‘pkalagan bo‘ldim.
Qizchasini ko‘targan turk yigiti “Bismillah” deya Haramga qadam qo‘yar ekan, yelkasida o‘tirgan qizchasi uyqu bosgan ko‘zlarini ocholmagan holatda bir necha bor “Assalam, ya Baytulloh!”, “Assalam, ya Baytulloh!” deya Masjidi Haramga salom berdi. Hayratdan qotib qoldim. Butun vujudimga titroq kirdi, ko‘zimga yosh qalqdi. “Subhonalloh!”. Shunday murg‘ak yoshdagi, uyqudan ko‘z ocholmagan holatdagi qizaloqqa Allohning Baytiga salom bilan kirishni kim o‘rgatgan? Hatto uyqusirayotgan bo‘lishiga qaramay, bunday salom aytishni u qaysi baxtli insonlardan o‘rgangan? Boyagina jajji qizalog‘iga bemehrlikda ayblab, ich-ichimdan yoqtirmay turganim turk yigitning oldiga borib, mahkam quchgan holda: “Rahmat sizga! Shunday ajoyib qizchani tarbiyalaganingiz uchun Alloh sizga ikki dunyo saodatini bersin!” deb duo qilgim keldi.
Shunda lop etib kechagina bo‘lib o‘tgan voqea yodimga tushdi. Juma namozida izdihom katta bo‘lishini bilganimiz uchun masjidga ertaroq yetib bordik. Joylashib, zikrulloh, Qur’oni karim tilovati bilan mashg‘ul bo‘ldik. Shu payt keyingi safdan eshitilayotgan gap-so‘zlar diqqatimni tortdi. E’tibor qilmay, oldimdagi kitobga tikildim. Biroq orqadagi yurtdoshlarimning suhbati fikrimni chalg‘itaverdi. Sabrim tugab, ortga o‘girildim. Soch-soqoli oqargan, yetmishlarga borib qolgan bir qariya o‘rta yoshlardagi sherigiga nechta farzandi borligi, kattasiga qayerdan uchastka qilgani, uylarni qanday qurgani, nima daraxtlar o‘tqazgani haqida uzundan-uzun hikoya boshlagan edi. Juma xutbasi boshlandi ham, ularning baland ovozdagi suhbati tugay demasdi. Birgina men emas, yon-atrofdagi namozxonlarning norozi nigohlariga parvo qilmay, gaplashaverishdi. 
Shu munosabat bilan kecha ko‘nglimga toshday o‘rnashib qolgan o‘kinch muzini hartugul bugun bu murg‘ak qizaloqning uyqusiragan lablaridan uchgan so‘zlar eritib yubordi...

Makka kabutarlari

Makkada eng ko‘p uchraydigan jonzot, menimcha, kabutarlar bo‘lsa kerak. Qayoqqa qaramang, tanasi kulrang, bo‘yni atrofi esa xuddi marjon kabi rang-barang tovlanuvchi ana shu beozor qushlarga ko‘zingiz tushadi. Ular odamlardan hurkishmaydi. Haram atrofiga, ko‘chalarga, maydonchalarga sepilgan donlardan yeb, rizqlarini terib yurishadi.
Ayniqsa, Masjidi Haram atrofidagi kabutarlarning sanog‘iga yetish qiyin. Savobtalab hojilar yelim xaltachalarda sotilayotgan bug‘doydan xarid qilib, qushlarga sochishadi. Ulardan yeb, qorni to‘ygan kabutarlar xuddi buyruqqa quloq solganday birdaniga shiddat bilan havoga ko‘tarilishadi. Haram ustida bir necha bor charx urib aylanishadi. O‘z tillarida nimalardir deb “g‘uv-g‘uv”lashadi.
Ularning parvozini, samoda to‘xtovsiz aylanishini ko‘rib, havasim keladi. Har gal ular Baytullohni tavof qilayotganday tuyulaveradi. Baytul Ma’murni tinmay tavof qiluvchi farishtalarga o‘xshatib yuboraman bu kabutarlarni. Odamlar vositasida Alloh taolo yuborgan mo‘l-ko‘l rizq bilan taomlanib, shukronasiga Baytulloh tavofi va Allohning zikri bilan javob qaytarayotganday tuyulaveradi. Hatto ularning “g‘uv-g‘uv”lari qulog‘imga “huvalloh” (U Alloh) bo‘lib kiradi. Ularning bu qiliqlarini ko‘rib, Alloh bergan rizqni yeb, U ato qilgan uy-joy, kiyim-kechak, mol-dunyo, ashyolar, shirin-shakar farzandlar, sog‘lik, kuch-quvvat, aql-idrok kabi ne’matlarga shukr qilmayotgan bandalar esga tushadi. 
Yana bir narsa diqqatimni tortdi. Haram ustida va atrofida shunchalik ko‘p kabutar uchib-qo‘nib yurganiga qaramay, biror joyga ularning axlat tashlaganini yoki farroshlar ular axlatini tozalayotganini ko‘rmadim. Avvaliga hayron bo‘ldim. Keyinroq buning siri ma’lum bo‘ldi. Bir kuni adashib, Haramga borish yo‘lini topolmay qoldim. Bir ko‘chadan ketayotsam, qurilish uchun kavlab qo‘yilgan kenggina chuqur ichida ming-minglab kabutar g‘ujg‘on qaynar, bir galasi uchib ketsa, boshqa gala kelib qo‘nar edi. Ulkan qurilish maydoni kabutar axlatiga to‘lib ketgan edi. Shuncha qushga “hojatxona”ga borishni kim o‘rgatib qo‘ygan ekan? Aqlsiz qushlarning bu qilig‘ini ko‘rib, beixtiyor takbir aytib yubordim.

Ahmad MUHAMMAD
Toshkent — Makka — Toshkent

"Hidoyat" 2007 yil 1-son