Абдулла Қаҳҳорнинг васияти

Рукн: Ибрат Чоп этилган: 10.12.2014


Абдулла Қаҳҳор таваллудининг 100 йиллигига

“Адабиётнинг виждони”, “сўз заргари” деган номлар олган улуғ адиб Абдулла Қаҳҳор совет даврида яшаб, совет мактаби, университети таълимини олиб ижодкор бўлиб етишди. Сир эмас, у ўз сафдошлари каби ҳукмрон мафкура, коммунистик сиёсат таъсири ва тазйиқи остида ижод қилишга мажбур бўлган. Ҳатто айрим асарларини даҳриёна руҳда ёзган. Биз адибнинг охирги ҳолатларини ҳисобга олиб, Яратгандан унинг ҳаққига мағфират сўраймиз.
Шахсан ўзим бу аломат зот назарига тушиб, саккиз йил давомида унинг шаҳардаги уйи, Дўрмондаги боғ ҳовлисида дўстлар даврасида суҳбатларини олиш шарафига муяссар бўлганман, кўпдан-кўп фазилатлари қатори, илк устози Муҳаммаджон қори ибораси билан айтганда, “бир мусулмоннинг фарзанди” сифатида бу улуғ зот қалбининг туб-тубида исломий эътиқод яширин яшаганига иқрор бўлганман.
Адибнинг совет ҳукуматининг атеистик сиёсати хусусида истеҳзо билан айтган гапларини кўп эшитганман. Бир галги учрашувимиз ҳайит кунига тўғри келиб қолди.
— Тонг чоғи машинада Дўрмон атрофи қишлоқларни айланиб чиқдим, — дея сўз бошлади у. — Ҳар йилгидек, барча мачитлар эшиги олдида район активлари, милиционерлар саф тортиб туришибди. Қўлтиғига жойнамоз қистирган одамлар кўчаларда тўда-тўда бўлиб, ини бузилган чумолилардек сарсон-саргардон кезиб юришибди. Биламан, улар барибир дала шийпонигами ёки деворларига атеистик шиорлар ёпиштириб ташланган клубгами кириб албатта ҳайит намозини ўқишади. Ҳукуматнинг ишига ҳайрон қоласан киши, бу қилмиши билан неча минглаб одамлар кўнглида ўзига нафрат уйғотади. Одамлар ярим соат мачитда тўпланиб тинчгина намозини ўқиб олса, осмон узилиб ерга тушмайди-ку, ахир!
У ёғини суриштирсангиз, Абдулла Қаҳҳор совет даврида Абдулла Қодирийнинг “Обид кетмон”идан кейин диндорларнинг бетакрор, ёқимтой образини яратган. Лутф, ҳазил-мутойиба, енгил киноялар билан йўғрилган “Синчалак”даги тақводор, бир оз мутаассиб, аммо ниҳоятда ҳалол, ишбилармон, тадбиркор Ҳамидулланинг юмористик тимсоли ўша давр адабиётида муҳим ҳодиса бўлган эди.
Ёзувчи ижодининг якуни ва чўққиси саналмиш “Ўтмишдан эртаклар”нинг энг нурли саҳифалари устозига бағишланган “Муҳаммаджон қори” бобидир. Бўлғуси адиб болалигида бу очиқ фикрли одам қўлида янгича — жадид усулида савод чиқаради, Қуръони каримнинг охирги икки порасини ёд олади, жадид маърифатчилари дарсликларидан сабоқ чиқаради. Бир умрга бу илк устозига эҳтиромини сақлаб қолади. Умрининг сўнгги дақиқаларида мана шу табаррук зот билан хаёлан мулоқотда бўлади.
Абдулла Қаҳҳорнинг сўнгги кунлари, Москва касалхонасидаги видолашув дақиқилари адибнинг умр йўлдоши Кибриё опанинг “Чорак аср ҳамнафас” китобида, Шуҳратнинг “Устознинг сўнгги кунлари” хотира-мақоласида анча батафсил ҳикоя қилинган. Жумладан, Шуҳрат ўша мақоласида касалхонада устоз билан мулоқотлари тафсилотларини қаламга олар экан, улардан мана бундай хулосага келади: 
“У ҳаётда қандай мардонавор яшаган, ижод этган бўлса, ана шундай матонат билан сўнгги нафасигача ҳаёт кечирди. Унинг ўлимини эсласам: “Ҳаёт билан видолашишнинг ўзи бир санъат экан. Бунга ҳам матонат ва ирода керак экан”, деган хаёлга бораман”.
Шуҳрат ака Абдулла ака билан ўша учрашувдаги ҳамма гапни ёзади-ю, лекин энг асосий нуқта — фақат унинг қулоғигагина айтган васияти ҳақида ҳеч нарса демайди. Бу ҳақда кейинроқ.
Энди Кибриё опадан эшитайлик. Ажал яқинлашаётганини сезган адиб Кибриё опадан Тошкентдан шоир Шуҳратни чақиртириб келишни илтимос қилади. “Ҳар ҳолда сочига оқ тушган, удумларимизни, мусулмончиликни яхши билади, ота-онасини кўмган бу одамга айтадиган зарур гапларим бор”, деб туриб олади. Кибриё опа негадир, ўзи айтмоқчи, умрида биринчи маротаба Абдулла Қаҳҳорнинг бу хоҳишини бажо келтирмайди. Сўнг адиб Ўзбекистоннинг Москвадаги вакили Қосим Раҳимовни ҳузурига чақириб, “Зудлик билан менга Тошкентдан шоир Шуҳратни чақиртириб беринг. Мен айтадиган гапларимни айтиб, хотиржам бўлишим керак”, дея илтижо қилади. Вакил бу илтимосни бажо келтиради. Давоми опанинг ёзувларида:
“24 май куни эрталаб касалхонага қадрдон дўстлари Константин Симонов келди... Константин Симонов кетганидан кейин кўп фурсат ўтмай, шоир Шуҳрат етиб келди. Абдулла Қаҳҳор ўша куниёқ айтадиган гапларини айтиб, васиятларини қилдилар ва худди елкаларидан тоғ ағдарилгандек, бирдан хотиржам бўлиб қолдилар”.
Хўш, бу васият нимадан иборат эди? Кибриё опа ҳам бу хусусда лом-лим демайди. Кибриё опанинг шу сўзлари битилган китоби ҳам, Шуҳратнинг хотира мақоласи ҳам кирган “Абдулла Қаҳҳор замондошлари хотирасида” тўплами совет даврида — 1987 йили чиққан. У кезлари Абдулла Қаҳҳор васиятини ошкор қилиш имкони йўқ эди. Ҳатто адиб васиятини Кибриё опадан ҳам қизғаниб, у хонадан ташқарига чиққанида айтган. Мен уни Шуҳрат аканинг ўз оғзидан такрор-такрор эштганман. Мана, Абдулла Қаҳҳорнинг қулоғимда қолган ўша сўзлари:
“Пайғамбар ёшини яшадим... Тақдирга тан бераман-да... Сиздан ўтиниб сўрайман, жоним чиққанидан то қабрга киргунимча бошимда турсангиз. Тобутимни Тошкенга олиб боргач, албатта яшикка солиб, «томошага» қўясизлар. Улардан олдин ювиб-тараб, кафанликка ўранглар. Хунугим чиқиб ётмасин... Тезликда Қўқон яқинида Оққўрғонда турадиган устозим Муҳаммаджон қорини чақиртириб келинг. Жанозада имомликка ўша киши ўтсин. Қабристонга борганда яшикдан олиб, кийимларимни ечиб, кафан билан лаҳадга қўйинглар. Елкам, танам Тошкентимиз тупроғига тегиб ётсин...”
Мен бу васиятни хотирам қуввати даражасида эслаб қоғозга туширдим. Янглишлар бўлса, Аллоҳдан кечирим сўрайман. Қани эди, бу васиятни Шуҳрат аканинг ўзлари ёзиб қолдирганларида, бор ҳақиқат янада равшанроқ бўларди. Афсус, 1987 йиллар шароитида бу ишни қилиш асло мумкин эмас эди.
Шуҳрат ака устоз васиятини тўла-тўкис адо этишга эришди.
Марҳумнинг тобути Тошкентга, ўз хонадонига келтирилгач, ҳукумат вакиллари видолашувга келади. Бош раҳбар Кибриё опага ҳукумат номидан таъзия изҳор қилиб, ундан: “Абдулла ака бизга қандоқ топшириқ бердилар?” деб сўрайди. Кибриё опа ўз дардини айтади, сўнг Шуҳрат ака адибнинг васиятини баён қилади. Бош раҳбар унинг сўзларини эътибор билан тинглайди-ю, вазият тақозоси бўлса керак, ҳеч нарса демайди. Шуҳрат ака бу сукутни розилик аломати деб тушуниб, енг шимариб ишга киришади.
Қабристондаги дафн маросимига кутилмаганда ҳукумат раҳбарлари ҳам етиб келади. Одатдагидек, митинг бўлади, видолашув нутқлари айтилади, энг ҳаяжонли дил сўзларини Шуҳрат ака айтади. Раҳбарият қабр бошида турганига қарамай, кафанланган майит яшик тобутдан олиниб лаҳадга қўйилади, қабрга тупроқ тортилиши билан Муҳаммаджон қори тиловат қилади. Қуръон оятлари қабристон узра таралади.
Шу воқеаларга, мана, бир кам қирқ йил бўляпти. Ўша дақиқаларда адибнинг устози овозида янграган Қуръони карим оятлари садоси ҳамон қулоғим остида жаранглаб тургандек. Мана шу оятлар устоз руҳига қиёматга қадар ҳамроҳ бўлиб боришини Яратгандан сўраб қоламан.

Умарали НОРМАТОВ,
филология фанлари доктори, профессор

«Ҳидоят», 2007 йил, 2-сон

* * *

Abdulla Qahhor tavalludining 100 yilligiga

“Adabiyotning vijdoni”, “so‘z zargari” degan nomlar olgan ulug‘ adib Abdulla Qahhor sovet davrida yashab, sovet maktabi, universiteti ta’limini olib ijodkor bo‘lib yetishdi. Sir emas, u o‘z safdoshlari kabi hukmron mafkura, kommunistik siyosat ta’siri va tazyiqi ostida ijod qilishga majbur bo‘lgan. Hatto ayrim asarlarini dahriyona ruhda yozgan. Biz adibning oxirgi holatlarini hisobga olib, Yaratgandan uning haqqiga mag‘firat so‘raymiz.
Shaxsan o‘zim bu alomat zot nazariga tushib, sakkiz yil davomida uning shahardagi uyi, Do‘rmondagi bog‘ hovlisida do‘stlar davrasida suhbatlarini olish sharafiga muyassar bo‘lganman, ko‘pdan-ko‘p fazilatlari qatori, ilk ustozi Muhammadjon qori iborasi bilan aytganda, “bir musulmonning farzandi” sifatida bu ulug‘ zot qalbining tub-tubida islomiy e’tiqod yashirin yashaganiga iqror bo‘lganman.
Adibning sovet hukumatining ateistik siyosati xususida istehzo bilan aytgan gaplarini ko‘p eshitganman. Bir galgi uchrashuvimiz hayit kuniga to‘g‘ri kelib qoldi.
— Tong chog‘i mashinada Do‘rmon atrofi qishloqlarni aylanib chiqdim, — deya so‘z boshladi u. — Har yilgidek, barcha machitlar eshigi oldida rayon aktivlari, militsionerlar saf tortib turishibdi. Qo‘ltig‘iga joynamoz qistirgan odamlar ko‘chalarda to‘da-to‘da bo‘lib, ini buzilgan chumolilardek sarson-sargardon kezib yurishibdi. Bilaman, ular baribir dala shiyponigami yoki devorlariga ateistik shiorlar yopishtirib tashlangan klubgami kirib albatta hayit namozini o‘qishadi. Hukumatning ishiga hayron qolasan kishi, bu qilmishi bilan necha minglab odamlar ko‘nglida o‘ziga nafrat uyg‘otadi. Odamlar yarim soat machitda to‘planib tinchgina namozini o‘qib olsa, osmon uzilib yerga tushmaydi-ku, axir!
U yog‘ini surishtirsangiz, Abdulla Qahhor sovet davrida Abdulla Qodiriyning “Obid ketmon”idan keyin dindorlarning betakror, yoqimtoy obrazini yaratgan. Lutf, hazil-mutoyiba, yengil kinoyalar bilan yo‘g‘rilgan “Sinchalak”dagi taqvodor, bir oz mutaassib, ammo nihoyatda halol, ishbilarmon, tadbirkor Hamidullaning yumoristik timsoli o‘sha davr adabiyotida muhim hodisa bo‘lgan edi.
Yozuvchi ijodining yakuni va cho‘qqisi sanalmish “O‘tmishdan ertaklar”ning eng nurli sahifalari ustoziga bag‘ishlangan “Muhammadjon qori” bobidir. Bo‘lg‘usi adib bolaligida bu ochiq fikrli odam qo‘lida yangicha — jadid usulida savod chiqaradi, Qur’oni karimning oxirgi ikki porasini yod oladi, jadid ma’rifatchilari darsliklaridan saboq chiqaradi. Bir umrga bu ilk ustoziga ehtiromini saqlab qoladi. Umrining so‘nggi daqiqalarida mana shu tabarruk zot bilan xayolan muloqotda bo‘ladi.
Abdulla Qahhorning so‘nggi kunlari, Moskva kasalxonasidagi vidolashuv daqiqilari adibning umr yo‘ldoshi Kibriyo opaning “Chorak asr hamnafas” kitobida, Shuhratning “Ustozning so‘nggi kunlari” xotira-maqolasida ancha batafsil hikoya qilingan. Jumladan, Shuhrat o‘sha maqolasida kasalxonada ustoz bilan muloqotlari tafsilotlarini qalamga olar ekan, ulardan mana bunday xulosaga keladi: 
“U hayotda qanday mardonavor yashagan, ijod etgan bo‘lsa, ana shunday matonat bilan so‘nggi nafasigacha hayot kechirdi. Uning o‘limini eslasam: “Hayot bilan vidolashishning o‘zi bir san’at ekan. Bunga ham matonat va iroda kerak ekan”, degan xayolga boraman”.
Shuhrat aka Abdulla aka bilan o‘sha uchrashuvdagi hamma gapni yozadi-yu, lekin eng asosiy nuqta — faqat uning qulog‘igagina aytgan vasiyati haqida hech narsa demaydi. Bu haqda keyinroq.
Endi Kibriyo opadan eshitaylik. Ajal yaqinlashayotganini sezgan adib Kibriyo opadan Toshkentdan shoir Shuhratni chaqirtirib kelishni iltimos qiladi. “Har holda sochiga oq tushgan, udumlarimizni, musulmonchilikni yaxshi biladi, ota-onasini ko‘mgan bu odamga aytadigan zarur gaplarim bor”, deb turib oladi. Kibriyo opa negadir, o‘zi aytmoqchi, umrida birinchi marotaba Abdulla Qahhorning bu xohishini bajo keltirmaydi. So‘ng adib O‘zbekistonning Moskvadagi vakili Qosim Rahimovni huzuriga chaqirib, “Zudlik bilan menga Toshkentdan shoir Shuhratni chaqirtirib bering. Men aytadigan gaplarimni aytib, xotirjam bo‘lishim kerak”, deya iltijo qiladi. Vakil bu iltimosni bajo keltiradi. Davomi opaning yozuvlarida:
“24 may kuni ertalab kasalxonaga qadrdon do‘stlari Konstantin Simonov keldi... Konstantin Simonov ketganidan keyin ko‘p fursat o‘tmay, shoir Shuhrat yetib keldi. Abdulla Qahhor o‘sha kuniyoq aytadigan gaplarini aytib, vasiyatlarini qildilar va xuddi yelkalaridan tog‘ ag‘darilgandek, birdan xotirjam bo‘lib qoldilar”.
Xo‘sh, bu vasiyat nimadan iborat edi? Kibriyo opa ham bu xususda lom-lim demaydi. Kibriyo opaning shu so‘zlari bitilgan kitobi ham, Shuhratning xotira maqolasi ham kirgan “Abdulla Qahhor zamondoshlari xotirasida” to‘plami sovet davrida — 1987 yili chiqqan. U kezlari Abdulla Qahhor vasiyatini oshkor qilish imkoni yo‘q edi. Hatto adib vasiyatini Kibriyo opadan ham qizg‘anib, u xonadan tashqariga chiqqanida aytgan. Men uni Shuhrat akaning o‘z og‘zidan takror-takror eshtganman. Mana, Abdulla Qahhorning qulog‘imda qolgan o‘sha so‘zlari:
“Payg‘ambar yoshini yashadim... Taqdirga tan beraman-da... Sizdan o‘tinib so‘rayman, jonim chiqqanidan to qabrga kirgunimcha boshimda tursangiz. Tobutimni Toshkenga olib borgach, albatta yashikka solib, «tomoshaga» qo‘yasizlar. Ulardan oldin yuvib-tarab, kafanlikka o‘ranglar. Xunugim chiqib yotmasin... Tezlikda Qo‘qon yaqinida Oqqo‘rg‘onda turadigan ustozim Muhammadjon qorini chaqirtirib keling. Janozada imomlikka o‘sha kishi o‘tsin. Qabristonga borganda yashikdan olib, kiyimlarimni yechib, kafan bilan lahadga qo‘yinglar. Yelkam, tanam Toshkentimiz tuprog‘iga tegib yotsin...”
Men bu vasiyatni xotiram quvvati darajasida eslab qog‘ozga tushirdim. Yanglishlar bo‘lsa, Allohdan kechirim so‘rayman. Qani edi, bu vasiyatni Shuhrat akaning o‘zlari yozib qoldirganlarida, bor haqiqat yanada ravshanroq bo‘lardi. Afsus, 1987 yillar sharoitida bu ishni qilish aslo mumkin emas edi.
Shuhrat aka ustoz vasiyatini to‘la-to‘kis ado etishga erishdi.
Marhumning tobuti Toshkentga, o‘z xonadoniga keltirilgach, hukumat vakillari vidolashuvga keladi. Bosh rahbar Kibriyo opaga hukumat nomidan ta’ziya izhor qilib, undan: “Abdulla aka bizga qandoq topshiriq berdilar?” deb so‘raydi. Kibriyo opa o‘z dardini aytadi, so‘ng Shuhrat aka adibning vasiyatini bayon qiladi. Bosh rahbar uning so‘zlarini e’tibor bilan tinglaydi-yu, vaziyat taqozosi bo‘lsa kerak, hech narsa demaydi. Shuhrat aka bu sukutni rozilik alomati deb tushunib, yeng shimarib ishga kirishadi.
Qabristondagi dafn marosimiga kutilmaganda hukumat rahbarlari ham yetib keladi. Odatdagidek, miting bo‘ladi, vidolashuv nutqlari aytiladi, eng hayajonli dil so‘zlarini Shuhrat aka aytadi. Rahbariyat qabr boshida turganiga qaramay, kafanlangan mayit yashik tobutdan olinib lahadga qo‘yiladi, qabrga tuproq tortilishi bilan Muhammadjon qori tilovat qiladi. Qur’on oyatlari qabriston uzra taraladi.
Shu voqealarga, mana, bir kam qirq yil bo‘lyapti. O‘sha daqiqalarda adibning ustozi ovozida yangragan Qur’oni karim oyatlari sadosi hamon qulog‘im ostida jaranglab turgandek. Mana shu oyatlar ustoz ruhiga qiyomatga qadar hamroh bo‘lib borishini Yaratgandan so‘rab qolaman.

Umarali NORMATOV,
filologiya fanlari doktori, professor