"Нафсимизга едирганимизда балиқ чиқмас эди!"

Рукн: Ибрат Чоп этилган: 26.10.2015

Бағдод фақиҳларидан бири Аҳмад ибн Мискин шундай ҳикоя қилади:
Ҳижрий 219-йилда қаттиқ қашшоқ бўлиб қолдим, қўлимдан пул кетиб, манзилим қуп-қуруқ бўлиб қолди. Бағдоднинг Басра дарвозаси маҳалласидаги ҳовлим шаҳар ичида гўё ҳеч вақоси йўқ саҳронинг бир бўлаги кесиб келтириб қўйгандек шаҳарга етти ёт алфозда бўлиб қолган эди.
Янги бир жазирама кун бошланди, қуёш булутлар ортидаги олис осмондан эмас, қумлар орасидан чиқиб келгандек атрофга олов пуркар эди. Кўм-кўк дарахт ичида осилиб қовжираб ётган бир япроқдек бўлиб турган уйим устидан ҳам ўтди. Инсон зоти ҳалқумидан ўтгулик бирор нарса уйда қолмаган, уйнинг девору тошлари, тахтаю устунларигина шумшайиб турар эди. Уйимда аёлим билан ёш фарзандим ўтирар, очлик барчамизнинг силламизни тамоман қуритган эди. Бола ва онасига қараб очлик устига аламу оғриқ юрак-бағримни эзар, улар ҳолига чидай олмасдим.
Ўзимга ўзим: тошу тахталарни ейиш имкони йўқ экан, сотиб пулини ейлик, дедимда ҳовлини сотиб, бошқа чоғроқ ерга ўтиш ҳақида ўйладим. Лекин отамдан қолган уйдан чиқиш гўё мен учун ўлим, теримни шилиб, теридан танани ажратишдек иш эди. Ўша кечаси очлигу алам зўридан худди чўғ устига ағанагандай, аъзои бадани моматалоқ бўлиб кетган одамдай ухлаёлмай, у ёқдан бу ёққа ағдарилиб чиқдим.
Ғира-ширада бомдодга чиқдим. Масжид ерда бўлса-да, гўё осмоннинг бир бўлагидек кўринар эди. Шунда ўзимни ердан бир зумга бўлса-да узилгандек ҳис этдим. Намоз тугагач, одамлар Аллоҳ таолога дуою илтижо қила бошлашди. Улар орасида ўтирар эканман, тилимдан шу сўзлар чиқаётганини сездим: "Эй Аллоҳим! Дину диёнатда қашшоқ бўлиб қолишдан Ўзингдан паноҳ тилайман... Тоатингга йўғрилган, ўзимни ислоҳ этувчи атойингни дариғ тутмагин... Қазойингга розилик баракасини бер, тоату ризолик узра барқарор қил. Эй энг раҳмли Зот...".
Кейин бу аянчли аҳволим ҳақида ўйлаб масжидда узоқ ўтириб қолибман... Бир вақт қарасам, чошгоҳ вақти бўлиб, қуёш ҳам оқариб, дунёни ёритиб юборган экан. Ҳовлини сотишим кераклигини хотирлаб ташқари чиқдим, қаерга боришимни, кимга айтишни билмас эдим.
Узоқ юрмай балиқчи Абу Наср Сайёдга рўпара келдим. Уни танир эдим.
–  Абу Наср, – дедим. – Уйни сотмоқчи эдим, аҳволим танг, йўқчилик... Ҳовли сотилгунча бугунга бирор қарз бериб турсангиз..
- Уҳ, тақсир, – деди у. – Мана шу тугунчани олиб туринг, мен ортингиздан уйингизга ўтаман унда.
Тугунчада икки кулча бўлиб, орасига ҳолва солинган эди. Тугунчага ҳайрон қараб турганимни кўриб:
–  Ҳаа, бу шайхнинг баракаси, – деди у.
–  Қайси шайх, қандай барака? – дедим.
–  Кеча шу масжид эшигига бақамти турар эдим, одамлар жума намозини ўқиб тарқаган. Абу Наср Бишр Ҳофий ўтиб қолдилар. "Бу вақтда нима қилиб турибсиз?" дедилар. Мен "Уйда на нон, на пул бор, сотадиган нарсам ҳам йўқ" дедим. "Аллоҳул мустаон. Тўрингизни олиб дарёга юрингчи.." дедилар. Бирга кетдик. Дарёга етганимизда "Таҳорат олиб, икки ракаат намоз ўқинг" дедилар. Ўқидим. "Бисмиллоҳ деб тўрни отинг" дедилар. Айтганларидек тўрни отдим. Тўрга бир оғир нарса илинди. Шошиб торта бошладим, кучим етмай, шайхни ёрдамга чақирдим, биргалашиб тортиб олдик. Не кўз билан кўрайки, тўр ичида семизлигу катталикда илгари менга учрамаган бир балиқ ётарди. "Энди бориб сотинг, пулига ўзингиз, оилангиз аҳволини яхшиланг", дедилар. Балиқни сотиб, пулига уйга анча нарса харид қилдим, яна пул ошиб қолди. Уйга келиб оила ичида овқатланиб шайхни эсладим. "У кишига бир ҳадя олиб борай" дедим. Шу қўлингиздаги тугунчани олиб, ичига икки кулча солиб, орасига ҳолва қўйиб, бориб эшикларини тақиллатдим. "Ким?" дедилар. "Абу Наср" дедим. "Қўлингиздагини даҳлизга қўйиб ўзингиз киринг" дедилар. Кириб, у кишига балиқни сотганимни, пулига анча нарса олганимни, яна пул ортиб қолганини айтдим. "Уйга келиб, овқат қилиб ҳаммамиз овқатландик, шунда сизга ҳам илиниб, ҳадя олиб келган жойим эди" дедим. "Эй Абу Наср! Агар ўзимиз (нафсимиз)га едирганимизда балиқ чиқмаган бўларди. Боринг, ўзингиз ва оилангиз билан енг" дедилар, деб ҳикоясини тугатди Абу Наср.
Мен шундай қаттиқ оч қолган эдимки, биттагина кулчанинг ўзи мен учун осмондан тушган тўкин дастурхон билан тенг эди, лекин шайхнинг балиқ ҳақидаги охирги гаплари менга шундай озиқ бўлдики, гўё дунёдан эмас, жаннат мевалари ила тўйгандек ҳис этдим ўзимни. Ўзимча ичимда қайтариб, бу ҳавойи нафслар, ҳайвоний шаҳвату иштаҳалар одамларни нечоғли ёриб юборишини тааммул қила бошладим. Аниқ билиб етдимки, биз балони ўзимизга ўзимиз чақирар эканмиз: ўзимизча молу дунёни шарҳу баён қилиб, ўз ҳавойи нафсларимизга мос тафсир қилар эканмиз-да, ўша лафзлардан бир бўлаги нафсимиз тўрига жойлашиб олгач, инсон қаърида ётиб олиб ўзининг маънодошларини, турли маъсияту гуноҳларни ўзига чорлай бошлар экан... Бу чиркин маънолар атрофида эса маъно шайтонлари гўё гўнг атрофидаги пашшалардек айланар, тана соҳиби бўлган биз эса шайтонлар амрига бўйсунишга, улар билан, улар учун хизмат қилишга тайёрланиб бораверар эканмиз... Мусибат кетидан мусибат келиб, ахийри бандасини йиқар экан...
Бул пашшаю ҳашаротлардек бўлган шайтонлар ўша айланадиган ерни, айланадиган қўланса нарсани топмаганида, келиб ҳам, тўпланиб ҳам ўтирмаган бўларди. Бу нарсалар бири кетидан бошқаси кетиб тўпланмай, вақтида ювиб турилганида, дунёнинг чиркин яралган эканини кўрсатиб, уни безаб кўрсатувчи сўзларни, маъноларни вақтида ҳайдаб турганимизда хаёлимизда, тасаввуримизда дунёни ҳозиргидек кўрмаган, балки унга бошқачароқ қараган, бинобарин, амалларимиз-да бошқача яхшироқ ва покизароқ бўлган бўлар эди...
Шайхнинг бисотида "дунёдан лаззат олиш" деган ибора йўқ эди, келиб бошлаши билан қувар, натижада, унинг маънодошлари ҳам у кишига йўл топа олмас эди, шунинг учун нафслари маҳзи яхшиликка, фақат яхшилик маънодошларига ўрганиб олган эди...
Икки кулчани олиб кетар эканман, ичимда дунёни лаънатлар эдим. Лекин шу билан бирга бу икки кулча мени шайхга боғлаб турар, уларни қўлимда гўё нажот тимсолидек кўрар эдим.
"Баракали бўлсин". Шу сўзимни овоз чиқариб айтдимда, уй томон йўлимда давом этдим. Ўтиб борар эканман, йўл четида бир аёл ўтирар, ёнида ёш гўдак бор эди. Қўлимдаги тугунчани кўриб, "Эй саййидим, мана бу гўдак етим бола, очликдан ҳоли қуриган, чидай олмаяпти.. Бирор егулик ташлаб кетинг.. Аллоҳ сизга раҳм қилсин" деди. Шунда бола ҳам менга шундай нигоҳ ташладики, бу қарашни унутолмайман. Унда дунёни ташлаб, ибодатга машғул бўлган минг зоҳиднинг хушуъини, синиқлигини кўрдим.. Йўқ, минг зоҳид ҳам одамларга раҳм қилишларини сўраб қараб турган оч етимнинг биттагина қарашини қилиб беришолмаса керак.. Қаттиқ ночорлик гўдак юзини шу даражада муқаддас этган эдики, ундан болаларча маъсумлик, одамларга умуман ёмонлик соғинмаслик ёғилиб турар, ҳатто "Раббим! Ана шу меҳрибон банданг менга ёрдам беради" деб гапириб тургандек эди! Одамлар бу ҳолдан бехабар, у ёқдан бу ёққа ўтиб туришар, Жаннат ўзини шу маъсум нигоҳи ила кўз-кўз қилиб турса-да, кишилар бепарво ўтаётган эдилар.
Кечадан бери туз тотмай ўтирган аёлим ва ўғлим кўзим олдидан ўтди. Лекин қалбимда уларнинг бири аёлим, бири ўғлим эканини унутгандек қўлимдагини аёлга бердим ва "Манг, ўғлингизга едиринг" дедим. "Валлоҳи, бир тийин пулим йўқ, уйимда болаларим оч ўтиришибди, бўлмаса сизларнинг аҳволингизни яхшилаган, бир уй олиб бериб жойлаб ҳам қўйган бўлар эдим" деб қўшиб қўйдим. Бола таомни кўриб юзи ёниб хурсанд бўлди, аёлнинг кўзи ёшга тўлди.. Лекин мен ҳозир бундай ҳолга қарайдиган вақтда эмас эдим.. Яна аёлим ва ўғлимни ўйладим, менку бир-икки кун оч юрарман, мана ҳазрат Абу Бакр, ҳазрат Умарлар неча кунлаб оч юришар эди. Лекин аёлим ва боламни нима қилсам экан...
Бошимни хам қилганча, юрагим сиқилиб юриб кетдим.. Ўша онда шайхнинг "Нафсимизга едирганимизда балиқ чиқмаган бўларди" деган сўзлари хаёлдан кўтарилган экан, тағин эслаб, яна ўзимни овута бошладим. Ўзимга ўзим "Уйингга келиб уларни тўйдирганингда бу фазилатдан қуруқ қолар эдинг, бундай фазилатни олиш учун шундай амал ҳам керак-да, буни эса сенинг ҳолингдаги одам қилиши керак, шундагина фазилат фазилат бўлади"..
Кун тиккага келай деб қолган эди. Ҳолдан тойиб, бир четга ўтиб ўтирдим, ўша ердаги деворга суяндим, уйни қандай сотишни, кимга сотишни ўйлай бошладим. Шу ҳолда ўтирар эканман, Абу Наср ўзида йўқ хурсанд ҳолда ўтиб қолди.
–  Ие, Абу Муҳаммад, бу ерда нима қилиб ўтирибсиз, уйингиз молу бойликка тўлдику, – деди у ёниб.
–  Субҳаналлоҳ! Қаердан балиқ чиқақолди? –  дедим.
–  Қўлимга у-бу олиб уйингиз томон кетарканман, –  деди у, – сизнинг отангизни ёки унинг яқинларидан бирини излаб юрган одамни кўриб қолдим. У ўзи билан анча юк олиб келибди. Мен унга "мана мен бошлаб бораман" деб, уни олиб йўлга тушдим ва йўлда унинг кимлигию отангиз билан алоқасини сўрадим. У бир тижоратчи экан, бундан ўттиз йил илгари отангиз уникига мол омонатга қўйган экан. У ўша вақтларда тижорати синиб, моли касодга учраб, Басрани ташлаб Хуросон кетибди. Ўша ерда неча йил ишлагач, иши юриб, анча пул ишлаб, бой бўлиб кетибди. Охири Басрага қайтиб, бўйнидаги қарзу омонатларни узиб юрган экан. Отангизнинг омонатию бошқа совға саломлар билан кепти.
Уйга шошиб бордим. Қарасам, уй тўла мол. "Ҳақ гапни айтганлар, ўзимизга едирганимизда балиқ чиқмаган бўларди" деб юбордим. Бу одам Абу Насрга шу кун, шу соатда учраб қолмаганида мени умуман тополмаган, қайтиб кетган бўларди, чунки отам тириклик вақтида ҳамма ҳам танимайдиган бир одмигина одам эдилар, ўлганидан йигирма йил ўтиб эса уни ким ҳам танир эди..
Ўша кунданоқ қасам ичдим: Аллоҳ таолога бу неъматлар шукронасига барча садақаю эҳсон билан яқинлик қиламан. Биринчи қиладиган ишим ўша муҳтож аёл ва унинг етим ўғлини топиб, уларни кийинтириб, едириб, бир жойга жойлаб, ойлик тайинлаб қўйиш бўлди.
Кейин молни айлантириб, орада эҳсону садақалар билан тижорат қила бошладим, молларим кўпайгандан кўпайиб, катта бойга айландим.
Ҳар куни кўплаб эҳсону ҳадялар, садақалар қиладиган бўлдим.
Бу келган молу дунёдан бироз ғурурланиб, қилаётган садақаю эҳсонларим билан фаришталар китобини тўлдираётганимдан анча хурсанд эдим. Аллоҳ таолонинг солиҳ бандаларидан бўлишимни умид қилдим...
Кунлардан бир кун ғаройиб бир туш кўрдим. Тушимда Қиёмат қўпган экан. Халқларнинг сони, одамларнинг адоғи йўқ. Биров бировга қарамайди, биров бировни танимайди. Ҳамма ўзи билан машғул, дунёда қилиб ўтган амалларини чўтлаб капалаги учган.
Бир ҳайқириқ келиб, жар солган овоз эшитилди: Эй одамлар жамоаси! Бугун баҳойимлар одам бўлиб яратилмаганига шукр қилмоқда!
Қарасам, одамларнинг келбати баҳайбат бўлиб кетган, гуноҳлар кўзга кўринарли залворли жисм шаклига келтирилиб, одамлар уларни елкаларига орқалаб олибди. Баъзи бир фосиқлар елкаларида бутун бошли шаҳарчалик шармандаликларни орқалаб кетмоқдалар.
Амаллар тарозига қўйилиб, амалларимни ўлчаш учун мени келтирдилар. Гуноҳларим бир паллага, яхши, эзгуликларим яна бир паллага қўйила бошланди. Эзгуликларим ёзилган беҳисоб дафтарлар гуноҳларим олдида ҳеч нарса бўлмай, гуноҳ томон гўё улкан қоғозга ўраб қўйилган тоғдек бўлиб шувв этиб босиб кетди.
Яхшилик томонга эзгулик кетидан эзгулик қўйилар, лекин улар ҳеч тарози босмасди, "буниси риё билан қилинган", "буниси ғурур билан", "одамлар мақтасин деб",  ва ҳоказо. Бирор яхшилигим покиза, нафс истаги аралашмасдан чиқмасди.
Тамом бўлдим. Зотан, тарози нима деса, шу эди, тарози эса, менинг ҳеч ким эканимдан дарак бериб турар эди.
Шу пайт бир овоз келди: Бирор нарсаси қолмадими?
"Манави қолди" дейилди.
Қарасам, аёл ва ўғлига қилинган ўша икки кулча экан... Кўнглим чўкди, тамом бўлдим, деб ўйладим. Минглаб қилинган садақалар ҳеч нарса бўлмадию, бу нима бўпти...
Тарозига қўйилаётганда "Савобининг ярмини Абу Наср Сайёдга ёзинглар" деган овозни эшитдим. Тамоман бўшашиб, шалвираб қолдим. Лекин қарасам, яхшиликлар томон анчагина тарози босиб қопти, лекин барибир ёмонлик томон оғирроқ эди ҳалиям.
"Мана бу қопти" дейилди. Қарасам, аёлим ва боламнинг ўша кунги очлиги экан, бу қўйилиши билан тарози палласи қимирлаб, паллалари бир-бирига тенг бўлиб келди. Энди ҳалокат ва нажот орасида эдим, тарози боса бошлаганини кўриб, ичимда умид чироғи ёриша бошлади.
"Бўлдими?" деган овоз келди. "Мана бу қолди"..
Қарасам, ўша бечора аёлнинг ўша кунги йиғиси экан, кўз-ёшлари экан. Тарозига қўйилиши билан шундай қалқдики, гўё денгиз мавжи деб ўйладим. Мавж катталаша бориб, ичидан бир улкан балиқ чиқиб кела бошлади. У балиқ катталашаверди, каттараверди, охири яхшилик томон тарози палласи оғир бўлиб пастга оғиб кетди..
"Қутилди!" деган овоз янгради...
Ўша вақтда жон ҳолатда бақириб юбордим.. Уйғониб кетдим, қарасам ўнгимда ҳам кўз-ёшим дув оққанича "Нафсимизга едирганимизда балиқ чиқмас эди!" деб бақираётган эканман!

Арабчадан Сайфуллоҳ Носир таржимаси

* * *

Bag‘dod faqihlaridan biri Ahmad ibn Miskin shunday hikoya qiladi:
Hijriy 219-yilda qattiq qashshoq bo‘lib qoldim, qo‘limdan pul ketib, manzilim qup-quruq bo‘lib qoldi. Bag‘dodning Basra darvozasi mahallasidagi hovlim shahar ichida go‘yo hech vaqosi yo‘q sahroning bir bo‘lagi kesib keltirib qo‘ygandek shaharga yetti yot alfozda bo‘lib qolgan edi.
Yangi bir jazirama kun boshlandi, quyosh bulutlar ortidagi olis osmondan emas, qumlar orasidan chiqib kelgandek atrofga olov purkar edi. Ko‘m-ko‘k daraxt ichida osilib qovjirab yotgan bir yaproqdek bo‘lib turgan uyim ustidan ham o‘tdi. Inson zoti halqumidan o‘tgulik biror narsa uyda qolmagan, uyning devoru toshlari, taxtayu ustunlarigina shumshayib turar edi. Uyimda ayolim bilan yosh farzandim o‘tirar, ochlik barchamizning sillamizni tamoman quritgan edi. Bola va onasiga qarab ochlik ustiga alamu og‘riq yurak-bag‘rimni ezar, ular holiga chiday olmasdim.
O‘zimga o‘zim: toshu taxtalarni yeyish imkoni yo‘q ekan, sotib pulini yeylik, dedimda hovlini sotib, boshqa chog‘roq yerga o‘tish haqida o‘yladim. Lekin otamdan qolgan uydan chiqish go‘yo men uchun o‘lim, terimni shilib, teridan tanani ajratishdek ish edi. O‘sha kechasi ochligu alam zo‘ridan xuddi cho‘g‘ ustiga ag‘anaganday, a’zoi badani momataloq bo‘lib ketgan odamday uxlayolmay, u yoqdan bu yoqqa ag‘darilib chiqdim.
G‘ira-shirada bomdodga chiqdim. Masjid yerda bo‘lsa-da, go‘yo osmonning bir bo‘lagidek ko‘rinar edi. Shunda o‘zimni yerdan bir zumga bo‘lsa-da uzilgandek his etdim. Namoz tugagach, odamlar Alloh taologa duoyu iltijo qila boshlashdi. Ular orasida o‘tirar ekanman, tilimdan shu so‘zlar chiqayotganini sezdim: "Ey Allohim! Dinu diyonatda qashshoq bo‘lib qolishdan O‘zingdan panoh tilayman... Toatingga yo‘g‘rilgan, o‘zimni isloh etuvchi atoyingni darig‘ tutmagin... Qazoyingga rozilik barakasini ber, toatu rizolik uzra barqaror qil. Ey eng rahmli Zot...".
Keyin bu ayanchli ahvolim haqida o‘ylab masjidda uzoq o‘tirib qolibman... Bir vaqt qarasam, choshgoh vaqti bo‘lib, quyosh ham oqarib, dunyoni yoritib yuborgan ekan. Hovlini sotishim kerakligini xotirlab tashqari chiqdim, qaerga borishimni, kimga aytishni bilmas edim.
Uzoq yurmay baliqchi Abu Nasr Sayyodga ro‘para keldim. Uni tanir edim.
–  Abu Nasr, – dedim. – Uyni sotmoqchi edim, ahvolim tang, yo‘qchilik... Hovli sotilguncha bugunga biror qarz berib tursangiz..
- Uh, taqsir, – dedi u. – Mana shu tugunchani olib turing, men ortingizdan uyingizga o‘taman unda.
Tugunchada ikki kulcha bo‘lib, orasiga holva solingan edi. Tugunchaga hayron qarab turganimni ko‘rib:
–  Haa, bu shayxning barakasi, – dedi u.
–  Qaysi shayx, qanday baraka? – dedim.
–  Kecha shu masjid eshigiga baqamti turar edim, odamlar juma namozini o‘qib tarqagan. Abu Nasr Bishr Hofiy o‘tib qoldilar. "Bu vaqtda nima qilib turibsiz?" dedilar. Men "Uyda na non, na pul bor, sotadigan narsam ham yo‘q" dedim. "Allohul mustaon. To‘ringizni olib daryoga yuringchi.." dedilar. Birga ketdik. Daryoga yetganimizda "Tahorat olib, ikki rakaat namoz o‘qing" dedilar. O‘qidim. "Bismilloh deb to‘rni oting" dedilar. Aytganlaridek to‘rni otdim. To‘rga bir og‘ir narsa ilindi. Shoshib torta boshladim, kuchim yetmay, shayxni yordamga chaqirdim, birgalashib tortib oldik. Ne ko‘z bilan ko‘rayki, to‘r ichida semizligu kattalikda ilgari menga uchramagan bir baliq yotardi. "Endi borib soting, puliga o‘zingiz, oilangiz ahvolini yaxshilang", dedilar. Baliqni sotib, puliga uyga ancha narsa xarid qildim, yana pul oshib qoldi. Uyga kelib oila ichida ovqatlanib shayxni esladim. "U kishiga bir hadya olib boray" dedim. Shu qo‘lingizdagi tugunchani olib, ichiga ikki kulcha solib, orasiga holva qo‘yib, borib eshiklarini taqillatdim. "Kim?" dedilar. "Abu Nasr" dedim. "Qo‘lingizdagini dahlizga qo‘yib o‘zingiz kiring" dedilar. Kirib, u kishiga baliqni sotganimni, puliga ancha narsa olganimni, yana pul ortib qolganini aytdim. "Uyga kelib, ovqat qilib hammamiz ovqatlandik, shunda sizga ham ilinib, hadya olib kelgan joyim edi" dedim. "Ey Abu Nasr! Agar o‘zimiz (nafsimiz)ga yedirganimizda baliq chiqmagan bo‘lardi. Boring, o‘zingiz va oilangiz bilan yeng" dedilar, deb hikoyasini tugatdi Abu Nasr.
Men shunday qattiq och qolgan edimki, bittagina kulchaning o‘zi men uchun osmondan tushgan to‘kin dasturxon bilan teng edi, lekin shayxning baliq haqidagi oxirgi gaplari menga shunday oziq bo‘ldiki, go‘yo dunyodan emas, jannat mevalari ila to‘ygandek his etdim o‘zimni. O‘zimcha ichimda qaytarib, bu havoyi nafslar, hayvoniy shahvatu ishtahalar odamlarni nechog‘li yorib yuborishini taammul qila boshladim. Aniq bilib yetdimki, biz baloni o‘zimizga o‘zimiz chaqirar ekanmiz: o‘zimizcha molu dunyoni sharhu bayon qilib, o‘z havoyi nafslarimizga mos tafsir qilar ekanmiz-da, o‘sha lafzlardan bir bo‘lagi nafsimiz to‘riga joylashib olgach, inson qa’rida yotib olib o‘zining ma’nodoshlarini, turli ma’siyatu gunohlarni o‘ziga chorlay boshlar ekan... Bu chirkin ma’nolar atrofida esa ma’no shaytonlari go‘yo go‘ng atrofidagi pashshalardek aylanar, tana sohibi bo‘lgan biz esa shaytonlar amriga bo‘ysunishga, ular bilan, ular uchun xizmat qilishga tayyorlanib boraverar ekanmiz... Musibat ketidan musibat kelib, axiyri bandasini yiqar ekan...
Bul pashshayu hasharotlardek bo‘lgan shaytonlar o‘sha aylanadigan yerni, aylanadigan qo‘lansa narsani topmaganida, kelib ham, to‘planib ham o‘tirmagan bo‘lardi. Bu narsalar biri ketidan boshqasi ketib to‘planmay, vaqtida yuvib turilganida, dunyoning chirkin yaralgan ekanini ko‘rsatib, uni bezab ko‘rsatuvchi so‘zlarni, ma’nolarni vaqtida haydab turganimizda xayolimizda, tasavvurimizda dunyoni hozirgidek ko‘rmagan, balki unga boshqacharoq qaragan, binobarin, amallarimiz-da boshqacha yaxshiroq va pokizaroq bo‘lgan bo‘lar edi...
Shayxning bisotida "dunyodan lazzat olish" degan ibora yo‘q edi, kelib boshlashi bilan quvar, natijada, uning ma’nodoshlari ham u kishiga yo‘l topa olmas edi, shuning uchun nafslari mahzi yaxshilikka, faqat yaxshilik ma’nodoshlariga o‘rganib olgan edi...
Ikki kulchani olib ketar ekanman, ichimda dunyoni la’natlar edim. Lekin shu bilan birga bu ikki kulcha meni shayxga bog‘lab turar, ularni qo‘limda go‘yo najot timsolidek ko‘rar edim.
"Barakali bo‘lsin". Shu so‘zimni ovoz chiqarib aytdimda, uy tomon yo‘limda davom etdim. O‘tib borar ekanman, yo‘l chetida bir ayol o‘tirar, yonida yosh go‘dak bor edi. Qo‘limdagi tugunchani ko‘rib, "Ey sayyidim, mana bu go‘dak yetim bola, ochlikdan holi qurigan, chiday olmayapti.. Biror yegulik tashlab keting.. Alloh sizga rahm qilsin" dedi. Shunda bola ham menga shunday nigoh tashladiki, bu qarashni unutolmayman. Unda dunyoni tashlab, ibodatga mashg‘ul bo‘lgan ming zohidning xushu’ini, siniqligini ko‘rdim.. Yo‘q, ming zohid ham odamlarga rahm qilishlarini so‘rab qarab turgan och yetimning bittagina qarashini qilib berisholmasa kerak.. Qattiq nochorlik go‘dak yuzini shu darajada muqaddas etgan ediki, undan bolalarcha ma’sumlik, odamlarga umuman yomonlik sog‘inmaslik yog‘ilib turar, hatto "Rabbim! Ana shu mehribon bandang menga yordam beradi" deb gapirib turgandek edi! Odamlar bu holdan bexabar, u yoqdan bu yoqqa o‘tib turishar, Jannat o‘zini shu ma’sum nigohi ila ko‘z-ko‘z qilib tursa-da, kishilar beparvo o‘tayotgan edilar.
Kechadan beri tuz totmay o‘tirgan ayolim va o‘g‘lim ko‘zim oldidan o‘tdi. Lekin qalbimda ularning biri ayolim, biri o‘g‘lim ekanini unutgandek qo‘limdagini ayolga berdim va "Mang, o‘g‘lingizga yediring" dedim. "Vallohi, bir tiyin pulim yo‘q, uyimda bolalarim och o‘tirishibdi, bo‘lmasa sizlarning ahvolingizni yaxshilagan, bir uy olib berib joylab ham qo‘ygan bo‘lar edim" deb qo‘shib qo‘ydim. Bola taomni ko‘rib yuzi yonib xursand bo‘ldi, ayolning ko‘zi yoshga to‘ldi.. Lekin men hozir bunday holga qaraydigan vaqtda emas edim.. Yana ayolim va o‘g‘limni o‘yladim, menku bir-ikki kun och yurarman, mana hazrat Abu Bakr, hazrat Umarlar necha kunlab och yurishar edi. Lekin ayolim va bolamni nima qilsam ekan...
Boshimni xam qilgancha, yuragim siqilib yurib ketdim.. O‘sha onda shayxning "Nafsimizga yedirganimizda baliq chiqmagan bo‘lardi" degan so‘zlari xayoldan ko‘tarilgan ekan, tag‘in eslab, yana o‘zimni ovuta boshladim. O‘zimga o‘zim "Uyingga kelib ularni to‘ydirganingda bu fazilatdan quruq qolar eding, bunday fazilatni olish uchun shunday amal ham kerak-da, buni esa sening holingdagi odam qilishi kerak, shundagina fazilat fazilat bo‘ladi"..
Kun tikkaga kelay deb qolgan edi. Holdan toyib, bir chetga o‘tib o‘tirdim, o‘sha yerdagi devorga suyandim, uyni qanday sotishni, kimga sotishni o‘ylay boshladim. Shu holda o‘tirar ekanman, Abu Nasr o‘zida yo‘q xursand holda o‘tib qoldi.
–  Ie, Abu Muhammad, bu yerda nima qilib o‘tiribsiz, uyingiz molu boylikka to‘ldiku, – dedi u yonib.
–  Subhanalloh! Qaerdan baliq chiqaqoldi? –  dedim.
–  Qo‘limga u-bu olib uyingiz tomon ketarkanman, –  dedi u, – sizning otangizni yoki uning yaqinlaridan birini izlab yurgan odamni ko‘rib qoldim. U o‘zi bilan ancha yuk olib kelibdi. Men unga "mana men boshlab boraman" deb, uni olib yo‘lga tushdim va yo‘lda uning kimligiyu otangiz bilan aloqasini so‘radim. U bir tijoratchi ekan, bundan o‘ttiz yil ilgari otangiz unikiga mol omonatga qo‘ygan ekan. U o‘sha vaqtlarda tijorati sinib, moli kasodga uchrab, Basrani tashlab Xuroson ketibdi. O‘sha yerda necha yil ishlagach, ishi yurib, ancha pul ishlab, boy bo‘lib ketibdi. Oxiri Basraga qaytib, bo‘ynidagi qarzu omonatlarni uzib yurgan ekan. Otangizning omonatiyu boshqa sovg‘a salomlar bilan kepti.
Uyga shoshib bordim. Qarasam, uy to‘la mol. "Haq gapni aytganlar, o‘zimizga yedirganimizda baliq chiqmagan bo‘lardi" deb yubordim. Bu odam Abu Nasrga shu kun, shu soatda uchrab qolmaganida meni umuman topolmagan, qaytib ketgan bo‘lardi, chunki otam tiriklik vaqtida hamma ham tanimaydigan bir odmigina odam edilar, o‘lganidan yigirma yil o‘tib esa uni kim ham tanir edi..
O‘sha kundanoq qasam ichdim: Alloh taologa bu ne’matlar shukronasiga barcha sadaqayu ehson bilan yaqinlik qilaman. Birinchi qiladigan ishim o‘sha muhtoj ayol va uning yetim o‘g‘lini topib, ularni kiyintirib, yedirib, bir joyga joylab, oylik tayinlab qo‘yish bo‘ldi.
Keyin molni aylantirib, orada ehsonu sadaqalar bilan tijorat qila boshladim, mollarim ko‘paygandan ko‘payib, katta boyga aylandim.
Har kuni ko‘plab ehsonu hadyalar, sadaqalar qiladigan bo‘ldim.
Bu kelgan molu dunyodan biroz g‘ururlanib, qilayotgan sadaqayu ehsonlarim bilan farishtalar kitobini to‘ldirayotganimdan ancha xursand edim. Alloh taoloning solih bandalaridan bo‘lishimni umid qildim...
Kunlardan bir kun g‘aroyib bir tush ko‘rdim. Tushimda Qiyomat qo‘pgan ekan. Xalqlarning soni, odamlarning adog‘i yo‘q. Birov birovga qaramaydi, birov birovni tanimaydi. Hamma o‘zi bilan mashg‘ul, dunyoda qilib o‘tgan amallarini cho‘tlab kapalagi uchgan.
Bir hayqiriq kelib, jar solgan ovoz eshitildi: Ey odamlar jamoasi! Bugun bahoyimlar odam bo‘lib yaratilmaganiga shukr qilmoqda!
Qarasam, odamlarning kelbati bahaybat bo‘lib ketgan, gunohlar ko‘zga ko‘rinarli zalvorli jism shakliga keltirilib, odamlar ularni yelkalariga orqalab olibdi. Ba’zi bir fosiqlar yelkalarida butun boshli shaharchalik sharmandaliklarni orqalab ketmoqdalar.
Amallar taroziga qo‘yilib, amallarimni o‘lchash uchun meni keltirdilar. Gunohlarim bir pallaga, yaxshi, ezguliklarim yana bir pallaga qo‘yila boshlandi. Ezguliklarim yozilgan behisob daftarlar gunohlarim oldida hech narsa bo‘lmay, gunoh tomon go‘yo ulkan qog‘ozga o‘rab qo‘yilgan tog‘dek bo‘lib shuvv etib bosib ketdi.
Yaxshilik tomonga ezgulik ketidan ezgulik qo‘yilar, lekin ular hech tarozi bosmasdi, "bunisi riyo bilan qilingan", "bunisi g‘urur bilan", "odamlar maqtasin deb",  va hokazo. Biror yaxshiligim pokiza, nafs istagi aralashmasdan chiqmasdi.
Tamom bo‘ldim. Zotan, tarozi nima desa, shu edi, tarozi esa, mening hech kim ekanimdan darak berib turar edi.
Shu payt bir ovoz keldi: Biror narsasi qolmadimi?
"Manavi qoldi" deyildi.
Qarasam, ayol va o‘g‘liga qilingan o‘sha ikki kulcha ekan... Ko‘nglim cho‘kdi, tamom bo‘ldim, deb o‘yladim. Minglab qilingan sadaqalar hech narsa bo‘lmadiyu, bu nima bo‘pti...
Taroziga qo‘yilayotganda "Savobining yarmini Abu Nasr Sayyodga yozinglar" degan ovozni eshitdim. Tamoman bo‘shashib, shalvirab qoldim. Lekin qarasam, yaxshiliklar tomon anchagina tarozi bosib qopti, lekin baribir yomonlik tomon og‘irroq edi haliyam.
"Mana bu qopti" deyildi. Qarasam, ayolim va bolamning o‘sha kungi ochligi ekan, bu qo‘yilishi bilan tarozi pallasi qimirlab, pallalari bir-biriga teng bo‘lib keldi. Endi halokat va najot orasida edim, tarozi bosa boshlaganini ko‘rib, ichimda umid chirog‘i yorisha boshladi.
"Bo‘ldimi?" degan ovoz keldi. "Mana bu qoldi"..
Qarasam, o‘sha bechora ayolning o‘sha kungi yig‘isi ekan, ko‘z-yoshlari ekan. Taroziga qo‘yilishi bilan shunday qalqdiki, go‘yo dengiz mavji deb o‘yladim. Mavj kattalasha borib, ichidan bir ulkan baliq chiqib kela boshladi. U baliq kattalashaverdi, kattaraverdi, oxiri yaxshilik tomon tarozi pallasi og‘ir bo‘lib pastga og‘ib ketdi..
"Qutildi!" degan ovoz yangradi...
O‘sha vaqtda jon holatda baqirib yubordim.. Uyg‘onib ketdim, qarasam o‘ngimda ham ko‘z-yoshim duv oqqanicha "Nafsimizga yedirganimizda baliq chiqmas edi!" deb baqirayotgan ekanman!

Arabchadan Sayfulloh Nosir tarjimasi