Ҳақман дейишдан олдин...

Рукн: Ибрат Чоп этилган: 23.10.2015

Имом Шофиъий шогирдлари билан Бағдод кўчаларида юрардилар. Бир жойда икки кишининг диний мавзуда тортишаётганини кўришди. Улардан бири ўзининг ҳақ эканлигини исботлаш мақсадида иккинчисига “Бу мавзуда Имом Шофиъий ҳам худди мен айтган нарсани айтганлар”, дер эди. Ваҳоланки, у ҳазратни кўрмаган, эшитганди. Шогирдлардан бири уларга яқинлашиб, нима масалада баҳслашаётганларини сўради. Гап нимадалигини билгач, “Астағфируллоҳ, Имом Шофиъий ҳеч қачон бундай гап айтмаганлар, сиз ўзингизни ҳақдек кўрсатиш учун уйдирма қиляпсиз. Ҳазратнинг мазкур масалада бундай дейишлари ақлга сиғмайди”, деб қанча танбеҳ бермасин, бояги киши ўз билганидан қайтмади.

Шогирднинг бўлган гапларни Имом Шофиъийга етказишдан бошқа чораси қолмади. Ҳазрат ўзларини танитмай баҳсга қулоқ тутишни лозим топдилар. Гап нимадалигини анг­лагандан сўнг, у киши ҳам “Шофиъий бундай гап айтмаган”, дедилар.­ Бироқ фойдаси бўлмади. Ниҳоят ҳазрат: “Эй биродари азиз, мен Шофиъийман ва бу гапни умуман гапирмаганман”, деб айтдилар. Аммо бояги киши шунда ҳам ишонмади ва гапидан қайтмади: “Мени алдашга уринманг­лар, Шофиъий­ эмаслигингизни жуда яхши биламан!”

Бу ривоятда катта ибрат бор. Баъзан бир нарсани исботлаш учун келтираётган мисолларини динга, шариатга боғлайдиган, ҳатто Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг номлари билан ҳам билиб-билмай гапириб юбораверадиганлар йўқ эмас. Одамлар орасида урчиётган, неча йиллардан бери яшаётган зарарли бидъатлар, ирим-сиримлар ҳам айнан шундай жоҳиллик, илмсизликнинг натижаси.

Юқоридаги ривоят нотўғри далил ва тушунчаларга таяниб, турли фикрларни атрофдагиларга етказаётган, ўзи қолиб бошқаларни ҳам адаштираётганлар учун ўрнак бўлишидан умидвормиз.

Ирода Тўрахонова

“Ирфон” тақвимининг 2013 йил 3-сонидан олинди.

* * *

Imom Shofi’iy shogirdlari bilan Bag‘dod ko‘chalarida yurardilar. Bir joyda ikki kishining diniy mavzuda tortishayotganini ko‘rishdi. Ulardan biri o‘zining haq ekanligini isbotlash maqsadida ikkinchisiga “Bu mavzuda Imom Shofi’iy ham xuddi men aytgan narsani aytganlar”, der edi. Vaholanki, u hazratni ko‘rmagan, eshitgandi. Shogirdlardan biri ularga yaqinlashib, nima masalada bahslashayotganlarini so‘radi. Gap nimadaligini bilgach, “Astag‘firulloh, Imom Shofi’iy hech qachon bunday gap aytmaganlar, siz o‘zingizni haqdek ko‘rsatish uchun uydirma qilyapsiz. Hazratning mazkur masalada bunday deyishlari aqlga sig‘maydi”, deb qancha tanbeh bermasin, boyagi kishi o‘z bilganidan qaytmadi.

Shogirdning bo‘lgan gaplarni Imom Shofi’iyga yetkazishdan boshqa chorasi qolmadi. Hazrat o‘zlarini tanitmay bahsga quloq tutishni lozim topdilar. Gap nimadaligini ang­lagandan so‘ng, u kishi ham “Shofi’iy bunday gap aytmagan”, dedilar.­ Biroq foydasi bo‘lmadi. Nihoyat hazrat: “Ey birodari aziz, men Shofi’iyman va bu gapni umuman gapirmaganman”, deb aytdilar. Ammo boyagi kishi shunda ham ishonmadi va gapidan qaytmadi: “Meni aldashga urinmang­lar, Shofi’iy­ emasligingizni juda yaxshi bilaman!”

Bu rivoyatda katta ibrat bor. Ba’zan bir narsani isbotlash uchun keltirayotgan misollarini dinga, shariatga bog‘laydigan, hatto Rasululloh (s.a.v.)ning nomlari bilan ham bilib-bilmay gapirib yuboraveradiganlar yo‘q emas. Odamlar orasida urchiyotgan, necha yillardan beri yashayotgan zararli bid’atlar, irim-sirimlar ham aynan shunday johillik, ilmsizlikning natijasi.

Yuqoridagi rivoyat noto‘g‘ri dalil va tushunchalarga tayanib, turli fikrlarni atrofdagilarga yetkazayotgan, o‘zi qolib boshqalarni ham adashtirayotganlar uchun o‘rnak bo‘lishidan umidvormiz.

Iroda To‘raxonova

“Irfon” taqvimining 2013 yil 3-sonidan olindi.