Шайх Муҳаммад Содиқ раҳимаҳуллоҳнинг қайта нашр этилган китоблари тақдимоти бўлиб ўтди

Рукн: Янгиликлар Чоп этилган: 25.10.2015

“Ҳилол-нашр” матбаасида Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳимаҳуллоҳ қаламига мансуб “Ақийдатут-таҳовия шарҳининг талхийси” таржимаси, “Ҳадис ва ҳаёт” силсиласининг 19-жузи — “Оламларга раҳмат Пайғамбар” ва “Исроф” китоблари қайта нашри тақдимоти бўлиб ўтди. Унда Тошкент шаҳри ва вилоятидаги масжид имомлари, толиби илмлар иштирок этди.

  Муҳаммад Анвар Бадаҳшоний таълиф этган “Ақийдатут-таҳовия шарҳининг талхийси” китобининг Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳимаҳуллоҳ таржимаси ҳақида Тошкент шаҳридаги “Тўхтабой” жомеъ масжиди имом-хатиби Исоқжон домла Бегматов батафсил маълумот бериб, нашрнинг юртимиз мусулмонлари учун фойдалари беқиёс эканлигини таъкидлади. Шайх ҳазратларининг ушбу таржимаси  1996 йили амалга оширилган. Ушбу китоб ҳазратнинг “Сунний ақийдалар”, “Ҳадис ва ҳаёт. Иймон китоби” китобларининг узвий давомидир.

Пайғамбаримиз Муҳаммад с.а.в. таваллуд топган рабиул-аввал ойи арафасида Шайх ҳазратларининг сийрат борасидаги  “Оламларга раҳмат Пайғамбар” китоби ҳам қайта чоп этилди. Ушбу нашр ҳақида Абдул Азим Зиёвуддин домла маълумот бериб ўтди. Расулуллоҳ с.а.в. сийратларини баён қилувчи ушбу китоб 8 фаслдан иборат бўлиб, ул зотнинг ҳаётлари ишончли ҳадислар асосида баён қилинган.

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфнинг “Исроф” китобида жамиятимиздаги ижтимоий иллатларидан бири бўлган исроф ҳақидадир. Китобни Тошкент шаҳридаги “Чимир ота” жомеъ масжиди ноиб имоми Абдулбосит қори тақдим этди. Ушбу рисолада исрофнинг сабаблари, зарарлари, турлари ҳақида маълумот берилиб, инфоқ-харажат, сув, таом, эҳсон, никоҳ тўйи, маросимлар, кийимдаги ва турли маиший исрофлар ҳақида фикр юритилган.

Анжуманда, шунингдек, марҳум ёзувчи Мурод Мансурнинг “Ҳамманинг яшагиси келади” қиссалар тўплами, Тошкент шаҳридаги “Ҳазрати Али” масжиди имом-хатиби Салоҳиддин домла Абдуғаффор ўғлининг “Оламларга раҳмат пайғамбар”, “Рамазон ва хотиржамлик” аудиомаърузалар диски ҳам тақдим этилди.

“Ҳилол-нашр” матбаасида чоп этилаётган диний-маърифий китоблар Россия, Қозоғистон давлатларига ҳам экспорт қилинмоқда. Матбаа ижодкорлари Шайх ҳазратларининг меросини бошқа мамлкатларга ҳам ёйишда ҳамкорлик қилишга тайёр эканликларини билдиришди.

* * *

“Hilol-nashr” matbaasida Shayx Muhammad Sodiq Muhammad Yusuf rahimahulloh qalamiga mansub “Aqiydatut-tahoviya sharhining talxiysi” tarjimasi, “Hadis va hayot” silsilasining 19-juzi — “Olamlarga rahmat Payg‘ambar” va “Isrof” kitoblari qayta nashri taqdimoti bo‘lib o‘tdi. Unda Toshkent shahri va viloyatidagi masjid imomlari, tolibi ilmlar ishtirok etdi.

  Muhammad Anvar Badahshoniy ta’lif etgan “Aqiydatut-tahoviya sharhining talxiysi” kitobining Shayx Muhammad Sodiq Muhammad Yusuf rahimahulloh tarjimasi haqida Toshkent shahridagi “To‘xtaboy” jome’ masjidi imom-xatibi Isoqjon domla Begmatov batafsil ma’lumot berib, nashrning yurtimiz musulmonlari uchun foydalari beqiyos ekanligini ta’kidladi. Shayx hazratlarining ushbu tarjimasi  1996 yili amalga oshirilgan. Ushbu kitob hazratning “Sunniy aqiydalar”, “Hadis va hayot. Iymon kitobi” kitoblarining uzviy davomidir.

Payg‘ambarimiz Muhammad s.a.v. tavallud topgan rabiul-avval oyi arafasida Shayx hazratlarining siyrat borasidagi  “Olamlarga rahmat Payg‘ambar” kitobi ham qayta chop etildi. Ushbu nashr haqida Abdul Azim Ziyovuddin domla ma’lumot berib o‘tdi. Rasululloh s.a.v. siyratlarini bayon qiluvchi ushbu kitob 8 fasldan iborat bo‘lib, ul zotning hayotlari ishonchli hadislar asosida bayon qilingan.

Shayx Muhammad Sodiq Muhammad Yusufning “Isrof” kitobida jamiyatimizdagi ijtimoiy illatlaridan biri bo‘lgan isrof haqidadir. Kitobni Toshkent shahridagi “Chimir ota” jome’ masjidi noib imomi Abdulbosit qori taqdim etdi. Ushbu risolada isrofning sabablari, zararlari, turlari haqida ma’lumot berilib, infoq-xarajat, suv, taom, ehson, nikoh to‘yi, marosimlar, kiyimdagi va turli maishiy isroflar haqida fikr yuritilgan.

Anjumanda, shuningdek, marhum yozuvchi Murod Mansurning “Hammaning yashagisi keladi” qissalar to‘plami, Toshkent shahridagi “Hazrati Ali” masjidi imom-xatibi Salohiddin domla Abdug‘affor o‘g‘lining “Olamlarga rahmat payg‘ambar”, “Ramazon va xotirjamlik” audioma’ruzalar diski ham taqdim etildi.

“Hilol-nashr” matbaasida chop etilayotgan diniy-ma’rifiy kitoblar Rossiya, Qozog‘iston davlatlariga ham eksport qilinmoqda. Matbaa ijodkorlari Shayx hazratlarining merosini boshqa mamlkatlarga ham yoyishda hamkorlik qilishga tayyor ekanliklarini bildirishdi.