Уқба ибн Омир ал-Жуҳаний

Рукн: Саҳобалар Чоп этилган: 12.12.2014
Узоқ вақт орзиқиб кутилган интизорликдан сўнг ниҳоят Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Ясриб тепаликларига яқинлашиб келяптилар... Мана, Мадинаи Мунавваранинг аҳолиси, кўча-кўйларда, уйларнинг томлари устида Раҳмат Пайғамбари ва биродари Сиддиқнинг ташрифидан бошлари осмонда, тинмай “Ла илаҳа иллаллоҳ", “Аллоҳу акбар” деб қичқиряптилар. Қизалоқлар қўлларида доира, кўзларида битмас-туганмас завқу шавқ билан куйлаяптилар:
 
Расулуллоҳ тўлин ойдек нур сочиб,
Чиқиб келди Санийятул-Вадодан.
Шукр айтмоқ лозим бизга ҳар лаҳза,
Бирон кимса қўл узмасин дуодан.
(Э. Усмон таржимаси)
 
Мана, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг уловлари аста-секин издиҳомни ёриб бормоқда. Дийдор кўриш насиб этган кўзларда севинч порлайди. Қалблар қувонч ва сурурга тўла.
 
Уқба ибн Омир ал-Жуҳаний Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Мадинага кириб келишларини кўриш, у кишини кутиб олувчилар сафида бўлиш бахтига эришолмади. Тўғри, у ҳам Аллоҳнинг элчисини узоқ вақт шаҳарда туриб кутган эди, бироқ бу муддатда қўй-қўзилари оч қолиб, озиб-тўзиб кетган, шунда чорванинг ёппасига нобуд бўлишидан чўчиб, подани водийдаги яйловга ҳайдаб кетганди. Мадинани қамраб олган қувонч шаҳар ичига сиғмай тез фурсатда атроф-жавонибдаги қишлоқларга ҳам тарқалди. Хабар Уқбанинг қулоғига етиб борганда, у йироқ даштда қўй боқиб юрарди.
Сўзни Уқба ибн Омирга берайлик, Сарвари олам билан учрашувини ўзи гапириб бера қолсин.
Уқба айтади:
- Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинага келган пайтларида мен узоқ яйловда қўй боқиб юрардим. Бу хабар қулоғимга чалинган заҳоти, ҳамма нарсани ташладим-да, у кишининг зиёратларига шошилдим. Борибоқ:
- Ё Расулуллоҳ, мен сизга байъат берайми? - дедим.
Жанобимиз:
- Сиз кимсиз? - деб сўрадилар.
- Уқба ибн Омир ал-Жуҳанийман, - жавоб бердим мен.
- Сиз ҳижрат байъатини танлайсизми, аъробийларникиними? - дедилар у киши.
- Ҳижрат байъатини, - дедим ва муҳожирлар қайси амалларни қилишга, қайсиларидан қайтишга сўз берган бўлсалар, мен ҳам ўшаларга ваъда бердим. Шу тунни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ёнларида ўтказиб эрталаб яйловга қайтдим.
 
Биз йироқ дала-даштларда қўй боқиб юрган ўн иккита мусулмон қўйчивон эдик. Бир куни биттамиз:
- Агар биз шу аҳволда, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига бормасдан юравеврсак, ҳолимизга вой. Келинг, ҳар куни галма-галдан Ясрибга қатнайлик. Ахир биз ҳам динимизни чуқурроқ ўрганайлик, самодан нима ваҳий тушяпти, хабардор бўлайлик. Кетган одамнинг қўйини биронтамиз боқиб турамиз, - деб таклиф киритди.
Ҳамма якдиллик билан рози бўлди.
- Майли, сиз навбатма-навбат Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига бориб келаверинг. Қўйингизга мен қараб тураман, - деб даштда қолишни бўйнимга олдим, чунки қўйларимни бировга ташлаб кетишга сира кўзим қиймасди.
 
Шундай қилиб чўпон биродарларим қўйларини менга қолдириб, бирма-бир Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ёнларига қатнай бошлашди. Ким қайтиб келса, дарров олдига борар, кўрган-эшитганларини сўраб-суриштирар, шариатнинг янги аҳкомларини ўрганардим. Ажабки, хабарларни эшитганим сайин қалбимда Мадинага жўнаш истаги кучаярди. Бир куни ўзимга дедим:
- Шўринг қурсин, мана шу на эт битадиган, на жир битадиган қоқ суяк қўйларингни деб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суҳбатларидан, бевосита ўзларининг оғизларидан дин ўрганиш бахтидан маҳрум бўляпсан.
Кейин дарҳол нарсаларимни йиғиштириб, бундан буён Аллоҳнинг элчисидан асло ажралмасликка аҳд қилиб, Мадинага йўл олдим.
 
Уқба ибн Омир энг тўғри ва қатъий қарорни қабул қилаётиб, бир неча йиллардан сўнг асҳоби киром уламоларининг акобирларидан, қорию қурроларнинг шайхларидан, муҳим ғалабаларга эришадиган лашкарбошилардан, исломнинг адолатпарвар волийларидан бўлиб етишишини мутлақо ўйламаганди. Ҳамма қўйларини ташлаб, Аллоҳ ва Расул сари кетаётиб, бир кун келиб “Уммуд дунё" - "Дунёнинг онаси" деб аталадиган Дамашқ фатҳида илғор қўшин сафида қатнашишини, янги забт этилган шаҳарнинг Тумо номли дарвозаси ёнидаги гўзал боғдан уй-жой учун ерга эга бўлишини хаёлига ҳам келтирмаганди. Вақт ўтиши билан яшил олам зумурради ҳисобланмиш Миср ғалабасида саркардалардан бири сифатида иштирок этишини ва у ерда волий бўлиб қолишини, Муқаттам тоғи этагидаги одмигина ҳовлида жойлашишини тасаввур ҳам қилмаганди. Буларнииг бари ғайб ишларидан бўлиб, уларни Аллоҳ таолодан бошқа ҳеч ким билан олмайди.
 
Уқба ибн Омир Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан худди сояларидек сираям ажралмас, уловга минсалар, қаерга боришларидан қатъи назар, жиловдорлик қилар, яёв юрсалар, кетларидан эргашарди. Кўпинча Пайғамбар алайҳиссалом уни орқаларига мингаштириб олганликлари учун "Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг радифи" дея лақабланарди. Баъзан Сарвари олам яёв, жиловни етаклар, Уқба эса маркабда қоларди.
Уқбанинг ҳадиси:
- "Мадинадаги қалин дарахтзорлар орасидан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг хачирларини етаклаб борардим. Бир пайт "Эй Уқба, кел, сен минақол", деб чақирдилар. Мен аввалига "йўқ" демоқчи бўлдим, лекин эътироз қилишим Аллоҳнинг элчисига нисбатан осийликдай туюлиб, "майли", дедим. Биз ўрин алмашдик. Мен бироз юргач, ерга тушдим, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам "Эй Уқба, мен сенга мисли кўрилмаган иккита сурани ўргатайми?" дедилар. Мен "Ҳа, албатта, ё Расулуллоҳ", дедим. У киши менга "қул аъузу бироббил фалақ" ва "қул аъзу бироббин нос" сураларини ўқитдилар. Анчадан кейин намоз ўқидик. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам имомликка ўтиб, бояги сураларни зам қилдилар. Намоздан сўнг менга:
- Бу сураларни ҳар сафар уйқуга ётишингдан олдин ҳам, уйғонганингдан кейин ҳам, албатта, ўқигин, - деб тайинладидар.
“Мен умримнинг охиригача шундоқ қилдим", - деб сўзини якунлайди Уқба.
 
Уқба ибн Омир асосан илм ва жиҳодга катта аҳамият берарди. Бу йўлда бор куч-ғайратини, молу дунёсини аямай сарфларди. У илм соҳасида юксак чўққиларни забт этганди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг илм чашмаларидан беқиёс баҳра олган, бунинг баракотидан қори, муҳаддис, фақиҳ, фаразий (мерос илми олими), адиб, шоир ва нотиқ бўлиб етишганди. Қолаверса, Қуръони Каримни энг гўзал тиловат қилувчи зотлардан эди. Тун қоронғуси кириб, атроф-муҳит сукутга чўмгач, Аллоҳ таолонинг китоби узра мук тушиб, қироат қиларди. Теварагига саҳобаи киромлар жамланиб, жон қулоқлари билан оятлар тиловатини тинглашар, қалблари ҳузурланиб, кўзларидан дув-дув ёш томарди.
Бир-куни Умар ибн Хаттоб Уқбани чақириб, Аллоҳнинг китобидан ўқиб беришни сўради. "Бош устига, эй амирул мўминин", деди у ва Роб таолонинг барчани баробар лол қолдирган мўъжизакор китобидаги оятларни майин овоз билан тиловат қила бошлади. Хассос қалб соҳиби халифа Умар оятлар таъсиридан узоқ вақт йиғлади. Азбаройи кўз ёшларидан соқоли ҳўл бўлиб кетди.
Уқба кейинги авлодга ўз қўли билан кўчирган мусҳафни мерос қолдирган эди. Бу мусҳаф яқин-яқингача Уқба ибн Омир номи билан аталадиган жомеъда сақланиб келарди. Унинг охирида "Уқба ибн Омир китобат этди" деган ёзув бор эди. Бахтга қарши биз ғофиллар уни кўпгина меросларимиз қатори йўқотиб қўйдик, қўлдан бой бердик.
Энди жиҳод ҳақида гапирадиган бўлсак, Уқба ибн Омир Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга Уҳуд ва ундан кейинги барча ғазотларда иштирок этди. Ёлғиз шу хабарнинг ўзи унинг жиҳод соҳасида нечоғлик улкан насиба соҳиби эканини тушуниб олишга кифоя қилади. У ислом лашкарининг энг жасур ва қўрқмас жангчиларидан эди. Дамашқ фатҳида мислсиз қаҳрамонликлар кўрсатган, бунинг мукофотига лашкарбоши Абу Убайда ибн Жарроҳ уни Умар ибн Хаттобга ғалаба хушхабарини етказиш учун Мадинага юборганди. Уқба бу жумадан кейинги жумагача, саккиз кеча-кундуз тинмай йўл босиб, халифага буюк фатҳ башоратини келтирганди.
Бундан ташқари, Уқба Миср диёрини фатҳ этган қўшиннинг саркардаларидан бири эди. Ўша хизматлари учун амирул мўминин Муовия ибн Абу Суфён уни Мисрга волий этиб тайинлаган, уч йилдан сўнг Ўртаер денгизи соҳилидаги Рудус жазирасига жиҳодга жўнатганди. Уқба ибн Омир Аллоҳ йўлида жиҳод қилишни жон-дилидан севар, шунинг учун жиҳод ҳақидаги ҳадисларни ҳаммасини ёд олганди ва бу мавзудаги хабарларни ривоят этишда тенги йўқ эди. У камондан ўқ узиш санъатини бекаму кўст эгаллаган, мабодо дам олмоқчи бўлса, камон отиш билан ҳордиқ чиқарарди.
 
Уқба ибн Омир Мисрдага уйида ўлим тўшагида ётганида ўғилларини тўплаб, васият қилди:
- Болаларим, мен сизларни уч нарсадан қайтараман, яхшилаб қулоғингизга қуйиб олинг. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларини ишончли бўлмаган кишидан қабул қилманг. Эгнингизда биргина юпун яктак қолган тақдирда ҳам асло бировдан қарз сўрай кўрманг. Шеър ёзишга берилиб кетманг, Қуръони Карим тадаббуридан ғофил қоласиз.
Вафот этган мужоҳидни Муқаттам этагига дафн қилдилар. Унинг қолдирган буюмларини текшириб кўрганларида етмишдан ортиқ камон топдилар. Ҳар бирининг ёнига садоқ тўла ўқ қўйилган ва улардан Аллоҳ йўлида фойдаланиш васият қилинган эди.
Аллоҳ азза ва жалла олим, ғозий, қори Уқба ибн Омир ал-Жуҳанийнинг юзини мунаввар айласин, унга ислом ва мусулмонлар номидан ажри азимлар ато этсин.
 
Доктор Абдураҳмон Раъфат ал-Бошонинг «Содиқ саҳобалар қиссаси» китобидан Дониёр Анорбоeв таржимаси
 
* * *
 
Uzoq vaqt orziqib kutilgan intizorlikdan so‘ng nihoyat Rasululloh sollallohu alayhi vasallam Yasrib tepaliklariga yaqinlashib kelyaptilar... Mana, Madinai Munavvaraning aholisi, ko‘cha-ko‘ylarda, uylarning tomlari ustida Rahmat Payg‘ambari va birodari Siddiqning tashrifidan boshlari osmonda, tinmay “La ilaha illalloh", “Allohu akbar” deb qichqiryaptilar. Qizaloqlar qo‘llarida doira, ko‘zlarida bitmas-tuganmas zavqu shavq bilan kuylayaptilar:
 
Rasululloh to‘lin oydek nur sochib,
Chiqib keldi Saniyyatul-Vadodan.
Shukr aytmoq lozim bizga har lahza,
Biron kimsa qo‘l uzmasin duodan.
(E. Usmon tarjimasi)
 
Mana, Rasululloh sollallohu alayhi vasallamning ulovlari asta-sekin izdihomni yorib bormoqda. Diydor ko‘rish nasib etgan ko‘zlarda sevinch porlaydi. Qalblar quvonch va sururga to‘la.
 
Uqba ibn Omir al-Juhaniy Rasululloh sollallohu alayhi vasallamning Madinaga kirib kelishlarini ko‘rish, u kishini kutib oluvchilar safida bo‘lish baxtiga erisholmadi. To‘g‘ri, u ham Allohning elchisini uzoq vaqt shaharda turib kutgan edi, biroq bu muddatda qo‘y-qo‘zilari och qolib, ozib-to‘zib ketgan, shunda chorvaning yoppasiga nobud bo‘lishidan cho‘chib, podani vodiydagi yaylovga haydab ketgandi. Madinani qamrab olgan quvonch shahar ichiga sig‘may tez fursatda atrof-javonibdagi qishloqlarga ham tarqaldi. Xabar Uqbaning qulog‘iga yetib borganda, u yiroq dashtda qo‘y boqib yurardi.
So‘zni Uqba ibn Omirga beraylik, Sarvari olam bilan uchrashuvini o‘zi gapirib bera qolsin.
Uqba aytadi:
- Rasululloh sollallohu alayhi vasallam Madinaga kelgan paytlarida men uzoq yaylovda qo‘y boqib yurardim. Bu xabar qulog‘imga chalingan zahoti, hamma narsani tashladim-da, u kishining ziyoratlariga shoshildim. Boriboq:
- Yo Rasululloh, men sizga bay’at beraymi? - dedim.
Janobimiz:
- Siz kimsiz? - deb so‘radilar.
- Uqba ibn Omir al-Juhaniyman, - javob berdim men.
- Siz hijrat bay’atini tanlaysizmi, a’robiylarnikinimi? - dedilar u kishi.
- Hijrat bay’atini, - dedim va muhojirlar qaysi amallarni qilishga, qaysilaridan qaytishga so‘z bergan bo‘lsalar, men ham o‘shalarga va’da berdim. Shu tunni Rasululloh sollallohu alayhi vasallamning yonlarida o‘tkazib ertalab yaylovga qaytdim.
 
Biz yiroq dala-dashtlarda qo‘y boqib yurgan o‘n ikkita musulmon qo‘ychivon edik. Bir kuni bittamiz:
- Agar biz shu ahvolda, Rasululloh sollallohu alayhi vasallamning oldilariga bormasdan yuravevrsak, holimizga voy. Keling, har kuni galma-galdan Yasribga qatnaylik. Axir biz ham dinimizni chuqurroq o‘rganaylik, samodan nima vahiy tushyapti, xabardor bo‘laylik. Ketgan odamning qo‘yini birontamiz boqib turamiz, - deb taklif kiritdi.
Hamma yakdillik bilan rozi bo‘ldi.
- Mayli, siz navbatma-navbat Rasululloh sollallohu alayhi vasallamning huzurlariga borib kelavering. Qo‘yingizga men qarab turaman, - deb dashtda qolishni bo‘ynimga oldim, chunki qo‘ylarimni birovga tashlab ketishga sira ko‘zim qiymasdi.
 
Shunday qilib cho‘pon birodarlarim qo‘ylarini menga qoldirib, birma-bir Rasululloh sollallohu alayhi vasallamning yonlariga qatnay boshlashdi. Kim qaytib kelsa, darrov oldiga borar, ko‘rgan-eshitganlarini so‘rab-surishtirar, shariatning yangi ahkomlarini o‘rganardim. Ajabki, xabarlarni eshitganim sayin qalbimda Madinaga jo‘nash istagi kuchayardi. Bir kuni o‘zimga dedim:
- Sho‘ring qursin, mana shu na et bitadigan, na jir bitadigan qoq suyak qo‘ylaringni deb Rasululloh sollallohu alayhi vasallamning suhbatlaridan, bevosita o‘zlarining og‘izlaridan din o‘rganish baxtidan mahrum bo‘lyapsan.
Keyin darhol narsalarimni yig‘ishtirib, bundan buyon Allohning elchisidan aslo ajralmaslikka ahd qilib, Madinaga yo‘l oldim.
 
Uqba ibn Omir eng to‘g‘ri va qat’iy qarorni qabul qilayotib, bir necha yillardan so‘ng ashobi kirom ulamolarining akobirlaridan, qoriyu qurrolarning shayxlaridan, muhim g‘alabalarga erishadigan lashkarboshilardan, islomning adolatparvar voliylaridan bo‘lib yetishishini mutlaqo o‘ylamagandi. Hamma qo‘ylarini tashlab, Alloh va Rasul sari ketayotib, bir kun kelib “Ummud dunyo" - "Dunyoning onasi" deb ataladigan Damashq fathida ilg‘or qo‘shin safida qatnashishini, yangi zabt etilgan shaharning Tumo nomli darvozasi yonidagi go‘zal bog‘dan uy-joy uchun yerga ega bo‘lishini xayoliga ham keltirmagandi. Vaqt o‘tishi bilan yashil olam zumurradi hisoblanmish Misr g‘alabasida sarkardalardan biri sifatida ishtirok etishini va u yerda voliy bo‘lib qolishini, Muqattam tog‘i etagidagi odmigina hovlida joylashishini tasavvur ham qilmagandi. Bularniig bari g‘ayb ishlaridan bo‘lib, ularni Alloh taolodan boshqa hech kim bilan olmaydi.
 
Uqba ibn Omir Rasululloh sollallohu alayhi vasallamdan xuddi soyalaridek sirayam ajralmas, ulovga minsalar, qaerga borishlaridan qat’i nazar, jilovdorlik qilar, yayov yursalar, ketlaridan ergashardi. Ko‘pincha Payg‘ambar alayhissalom uni orqalariga mingashtirib olganliklari uchun "Rasululloh sollallohu alayhi vasallamning radifi" deya laqablanardi. Ba’zan Sarvari olam yayov, jilovni yetaklar, Uqba esa markabda qolardi.
Uqbaning hadisi:
- "Madinadagi qalin daraxtzorlar orasidan Rasululloh sollallohu alayhi vasallamning xachirlarini yetaklab borardim. Bir payt "Ey Uqba, kel, sen minaqol", deb chaqirdilar. Men avvaliga "yo‘q" demoqchi bo‘ldim, lekin e’tiroz qilishim Allohning elchisiga nisbatan osiylikday tuyulib, "mayli", dedim. Biz o‘rin almashdik. Men biroz yurgach, yerga tushdim, Rasululloh sollallohu alayhi vasallam "Ey Uqba, men senga misli ko‘rilmagan ikkita surani o‘rgataymi?" dedilar. Men "Ha, albatta, yo Rasululloh", dedim. U kishi menga "qul a’uzu birobbil falaq" va "qul a’zu birobbin nos" suralarini o‘qitdilar. Anchadan keyin namoz o‘qidik. Rasululloh sollallohu alayhi vasallam imomlikka o‘tib, boyagi suralarni zam qildilar. Namozdan so‘ng menga:
- Bu suralarni har safar uyquga yotishingdan oldin ham, uyg‘onganingdan keyin ham, albatta, o‘qigin, - deb tayinladidar.
“Men umrimning oxirigacha shundoq qildim", - deb so‘zini yakunlaydi Uqba.
 
Uqba ibn Omir asosan ilm va jihodga katta ahamiyat berardi. Bu yo‘lda bor kuch-g‘ayratini, molu dunyosini ayamay sarflardi. U ilm sohasida yuksak cho‘qqilarni zabt etgandi. Rasululloh sollallohu alayhi vasallamning ilm chashmalaridan beqiyos bahra olgan, buning barakotidan qori, muhaddis, faqih, faraziy (meros ilmi olimi), adib, shoir va notiq bo‘lib yetishgandi. Qolaversa, Qur’oni Karimni eng go‘zal tilovat qiluvchi zotlardan edi. Tun qorong‘usi kirib, atrof-muhit sukutga cho‘mgach, Alloh taoloning kitobi uzra muk tushib, qiroat qilardi. Tevaragiga sahobai kiromlar jamlanib, jon quloqlari bilan oyatlar tilovatini tinglashar, qalblari huzurlanib, ko‘zlaridan duv-duv yosh tomardi.
Bir-kuni Umar ibn Xattob Uqbani chaqirib, Allohning kitobidan o‘qib berishni so‘radi. "Bosh ustiga, ey amirul mo‘minin", dedi u va Rob taoloning barchani barobar lol qoldirgan mo‘‘jizakor kitobidagi oyatlarni mayin ovoz bilan tilovat qila boshladi. Xassos qalb sohibi xalifa Umar oyatlar ta’siridan uzoq vaqt yig‘ladi. Azbaroyi ko‘z yoshlaridan soqoli ho‘l bo‘lib ketdi.
Uqba keyingi avlodga o‘z qo‘li bilan ko‘chirgan mushafni meros qoldirgan edi. Bu mushaf yaqin-yaqingacha Uqba ibn Omir nomi bilan ataladigan jome’da saqlanib kelardi. Uning oxirida "Uqba ibn Omir kitobat etdi" degan yozuv bor edi. Baxtga qarshi biz g‘ofillar uni ko‘pgina meroslarimiz qatori yo‘qotib qo‘ydik, qo‘ldan boy berdik.
Endi jihod haqida gapiradigan bo‘lsak, Uqba ibn Omir Rasululloh sollallohu alayhi vasallam bilan birga Uhud va undan keyingi barcha g‘azotlarda ishtirok etdi. Yolg‘iz shu xabarning o‘zi uning jihod sohasida nechog‘lik ulkan nasiba sohibi ekanini tushunib olishga kifoya qiladi. U islom lashkarining eng jasur va qo‘rqmas jangchilaridan edi. Damashq fathida mislsiz qahramonliklar ko‘rsatgan, buning mukofotiga lashkarboshi Abu Ubayda ibn Jarroh uni Umar ibn Xattobga g‘alaba xushxabarini yetkazish uchun Madinaga yuborgandi. Uqba bu jumadan keyingi jumagacha, sakkiz kecha-kunduz tinmay yo‘l bosib, xalifaga buyuk fath bashoratini keltirgandi.
Bundan tashqari, Uqba Misr diyorini fath etgan qo‘shinning sarkardalaridan biri edi. O‘sha xizmatlari uchun amirul mo‘minin Muoviya ibn Abu Sufyon uni Misrga voliy etib tayinlagan, uch yildan so‘ng O‘rtaer dengizi sohilidagi Rudus jazirasiga jihodga jo‘natgandi. Uqba ibn Omir Alloh yo‘lida jihod qilishni jon-dilidan sevar, shuning uchun jihod haqidagi hadislarni hammasini yod olgandi va bu mavzudagi xabarlarni rivoyat etishda tengi yo‘q edi. U kamondan o‘q uzish san’atini bekamu ko‘st egallagan, mabodo dam olmoqchi bo‘lsa, kamon otish bilan hordiq chiqarardi.
 
Uqba ibn Omir Misrdaga uyida o‘lim to‘shagida yotganida o‘g‘illarini to‘plab, vasiyat qildi:
- Bolalarim, men sizlarni uch narsadan qaytaraman, yaxshilab qulog‘ingizga quyib oling. Rasululloh sollallohu alayhi vasallamning hadislarini ishonchli bo‘lmagan kishidan qabul qilmang. Egningizda birgina yupun yaktak qolgan taqdirda ham aslo birovdan qarz so‘ray ko‘rmang. She’r yozishga berilib ketmang, Qur’oni Karim tadabburidan g‘ofil qolasiz.
Vafot etgan mujohidni Muqattam etagiga dafn qildilar. Uning qoldirgan buyumlarini tekshirib ko‘rganlarida yetmishdan ortiq kamon topdilar. Har birining yoniga sadoq to‘la o‘q qo‘yilgan va ulardan Alloh yo‘lida foydalanish vasiyat qilingan edi.
Alloh azza va jalla olim, g‘oziy, qori Uqba ibn Omir al-Juhaniyning yuzini munavvar aylasin, unga islom va musulmonlar nomidan ajri azimlar ato etsin.
 
Doktor Abdurahmon Ra’fat al-Boshoning «Sodiq sahobalar qissasi» kitobidan Doniyor Anorboyev tarjimasi