Ҳалол...

Рукн: Жамият Чоп этилган: 09.12.2014

Барча эзгуликларнинг, хайр­ли ишларнинг боши ҳалолликдир, десак, янглишмасак керак. Ҳалолликнинг ўзи каби дўстлари кўп: яхшилик, барака, хотиржамлик, осойишталик... Эҳтимол, дунёни гўзалликдан ҳам олдин ҳалоллик қутқарар... Ибрат кўзи билан боқсангиз, ҳалол инсоннинг дили, йўли тўғри, даражаси улуғ. «Ҳалол бўлсанг, яшай олмайсан» эса оғзига кучи етмаган, бўйни меҳнатга ёр бермайдиган маҳмадоналарнинг чала хулосаси эканини ҳаётнинг ўзи кўрсатиб турибди. Ҳалол луқма томоғингизга тиқилмайди, жиғилдонни қайнатмайди, уйқунгизни қочирмайди. Ҳар нарсанинг ҳалоли бўлсин, деб бежизга айтишмайди-да.

«Туришингни қара, чўпга ўхшаб қолибсан-ку. Катта-катта есанг-чи. Оғзингга келганини қайтарма. Даврингни суриб қолмайсанми?»

Танишимга шундай деб маслаҳат бераётган бу «акахон» ҳақида ён-атрофдагилардан эшитдим-у негадир унинг болаларига ачиндим. Қинғир иши кўп экан. Фарзандларига ҳам шундай «насиҳат» қилса керак. Унинг олдида мунғайиб­гина турган бояги «чўпдай» танишим ўша пайтда кўзимга жуда чиройли кўриниб кетди...

Тан олиш керак, кўпчиликда ҳалол бўлиш жуда қийин, деган тушунча бор. Шунинг учунми, яшашнинг осон йўлларини қидирамиз. Яйраб қолгимиз келади.   «Бошқалар ҳам шундай яшаяпти-ку» дея ўзимизни овутгандай бўламиз. Нега ҳалолликдан бу қадар қўрқамиз? Наҳотки, ҳалол яшаш шунча қийин бўлса?

Неча марта ғалаба қозонгансиз?


«Ҳалол!» Курашда рақибининг икки елкасини ҳеч қандай ғирром ишлатмасдан ерга текказган полвонлар учун, аслида, энг олий мукофот шу биргина сўз. «Ҳалол» - беллашаётган марднинг ори, номуси, ғурури. Ҳамма полвонлар шу каломни эшитиш орзусида майдонга тушадилар. «Ҳалол» учун курашадилар. Аслида, ҳаётнинг ўзи кураш майдони. Унда фақат мардлар бўлмаслиги аниқ. Лекин ғирром билан ютганлар эл олдида қандай обрўга эга бўлиши мумкин?

Шунингдек, ушбу майдонда «ҳалол лафз», «ҳалол луқма» деган тушунчалар ҳам бор. Лафзи, луқмаси ҳалол бўлганлар  ютқазмайдилар. «Ҳалол» соф ғалабани билдиради. Ҳақиқий ғолибларгина мана шу сўзни эшитадилар. Ўйлаб кўринг-чи, сиз неча марта  ғалаба қозонгансиз?

«Ҳаром»нинг «салмоғи»


Назаримизда, «ҳаром» сўзига нисбатан муносабат ўзгарди. Одамлар гўё уни «оддийлаштириб» юбордилар. «Ушлама, ҳаром!», «Ҳаром қилибсан», «Ҳаром бўлади» каби гаплар билан болаларга танбеҳ беришади. Баъзи жойларда ҳатто ўз боласини «Ҳароми» (!) деб уришадиганлар бор экан.

Ёш бола назарида бу гаплар фақат ташқи жиҳатдан «нотоза» бўлган нарсаларга нисбатан айтилади. Тўғри, болага бу ҳақда тушунча бериб, «ҳаром»­га яқинлашмасликка ўргатиб борган яхши. Аммо «ҳаром» фақат моддий нарсаларга нисбатангина ишлатилиши керакмикан?  Маънавий ҳалоллик-чи?

«Ҳаром»ни «оддийлаштириб» бориш натижасида борган сари ундан қўрқмайдиган киши «тарбияланади». Унинг назарида бу арзимасдек бўлиб туюлади. Ва...

Ҳалоллик фақат бозордаги тарози билан ўлчанмаслиги рост. Амалларингизни қалб тарозисига солиб кўринг, қайси палла кўпроқ тош босар экан?

Бемор табиб


Ҳалоллик устозларга ҳам шу даражада ярашадики...

- Таълим-тарбия жараёнида ҳалолликнинг ўрни жуда муҳим, - деб гап бошлади бир ўқитувчи. - Ёшларга бу гўзал фазилатнинг қадри, аҳамиятини тушунтириш учун бор куч ва имкониятимиз билан ҳаракат қиламиз. Бир ривоят эшитгандим. Боласининг кўп асал ейишидан ташвишга тушган ота  уни табибга олиб боради. Кичкинтойнинг бу одати ҳақида эшитган ҳаким отага уни даволатиш учун қирқ кундан кейин келишини тайинлайди. Ниҳоят, белгиланган кун келиб, ота яна ўғли билан табибнинг ҳузурига шошади. У эса кичкинтойнинг бошини силаб: «Ўғлим, бундан кейин­ асал еманг», - дейди ва отасига кетиши мумкинлигини, энди бола бундай қилмаслигини айтади. Ҳайрон бўлганини яшира олмаган ота сўрайди: «Шу гапни ўша биз келган биринчи куннинг ўзидаёқ айтиб қўйсангиз бўларди-ку?».  Донишманд ҳаким эса жилмайиб: «Тўғри. Лекин ўша куни ўзим ҳам асал еган эдим. Шунинг учун болага айтган насиҳатим кор қилмасди. Қирқ кун асал емадим. Энди болангиз ҳам кўп асал ейишини бас қилади», дейди.
Донишманд болани даволашнинг бундай усулини айтиб, отани ҳам лол қолдирган эди.

Бу билан нима демоқчиман? Демак, биз ўқитувчилар ҳам, аввало, ўзимизни тарбиялаб, кейин бу ҳақда ўқувчиларга гапирганимиз маъқул. Нега гапларимиз болаларга таъсир қилмаяпти? Нима учун фарзанд­ларимизга ҳалоллик, олижаноблик ҳақида айтганларимиз эртакдай туюлаяпти? Чунки ўзимиз ҳозир ана шу асал еб қўйган табиб аҳволидамиз. Болаларимиз фақат кўп асал ейиш «касал»игагина чалинган бўлсалар, қанийди. Биз ҳам қирқ кун асал емай туриб насиҳат қилсак бўларди. Аммо ўқувчиларга ҳалоллик ҳақида гапиришимиз учун ўзимиз ҳам маънавий тайёргарлик кўришимиз шарт.

Ҳалол орзулар


Эндигина мактаб ёшига етган ўғил-қизлар ота-онасини жуда яхши кўриб кетгани сабабми, баъзан «Катта бўлсам, сизга машина совға қиламан», «Пулим кўпайса, ойимга фалон нарса олиб бераман» деб айтадилар. Фарзанднинг ёшликданоқ ота-онасига бу қадар меҳр қўйиши, уларга ёрдам беришни хоҳлаётгани яхши, албатта. Лекин бу қимматбаҳо нарсаларни фақатгина ҳалол йўл билан пул топиб олиш кераклигини айтишни унутиб қўймаяпсизми? Аслини олганда, бу ҳам болани ҳалолликка ўргатиб боришнинг бир йўли.

Ҳалоллик фақат олди-сотдида эмас, биз жуда оддий, арзимас деб ўйлаган ишларда ҳам бўй кўрсатиши мумкин. Биргина баҳо олиш ва қўйиш тартибини олайлик. Бунда ўқитувчи ва ўқувчига ҳам катта масъулият юкланади. Осонгина олган «5» сизга татирмикан? Кечаю кундуз демай ўқиб-ўрганиб, дарсга имтиҳондагидан ҳам кўпроқ тайёрланган тенгдошингиз зўрға «аъло» баҳо оладию, сизга ҳам «5». Баҳони ҳам ҳалоллаб олиш керак эмасми?

Олий ўқув юртига ҳужжат топширган йигит-қизлар кўпинча ўқишга киришнинг осон йўлларини қидирадилар. Қандай қилиб бўлса-да, талаба бўлиш керак. Баъзилар қинғир­ йўллар орқали олий даргоҳга кирмоқчи бўладилар. Эндигина мустақил ҳаётга қадам қўйган ёшлар илк қадамларини бундай эгри йўллар билан бошласа, уларнинг келажагини қандай тасаввур қилиш мумкин?

Хулоса ўрнидаги ҳикоят

Ҳалоллик ҳақидаги мулоҳазаларни бир кичик мақолага сиғдириб бўлмайди. Шу боис ибратли бир ҳикоят билан фикримизга якун ясаймиз-да, хулосани ўзингизга қолдирамиз.

Бир куни Абдураҳмон ибн Авф мўминларнинг халифаси ҳазрат Умар (р.а) нинг зиёратига келди. Салом берди-да, кутиб турди.

Халифа ёниб турган шамни ўчириб, кейин бошқасини ёқди.

Бу аҳвол меҳмон диққатини тортди, у ҳазрат Умарга:

- Эй, Амирал-мўъминин! Олдингизда шам ёниб турарди, уни ўчирдингиз. Яна унга ўхшаш бошқа шамни ёқдингиз. Бунинг бир ҳикмати бордир? - деди. Амирал-мўъминин ҳазрат Умар (р.а) табассум билан деди:

- Ё Абдураҳмон, ўчирганим давлатнинг шами (молидир). Ёққаним эса ўзимнинг шахсий шамим, ўз пулимга олганман. Давлат ишларини қилганимда, давлатнинг шамини ёқаман. Ҳозир сен билан суҳбат қуриб ўтирганимда, давлат шамини ёқишим ҳалоллик бўлмайди, шунинг учун уни ўчирдим. Ўзимникини ёқдим. Шундай қилмасам, Аллоҳга қандай ҳисоб бераман?

Беҳзод Фазлиддин
“Маърифат” газетасидан олинди.

 

* * *

Barcha ezguliklarning, xayr­li ishlarning boshi halollikdir, desak, yanglishmasak kerak. Halollikning o‘zi kabi do‘stlari ko‘p: yaxshilik, baraka, xotirjamlik, osoyishtalik... Ehtimol, dunyoni go‘zallikdan ham oldin halollik qutqarar... Ibrat ko‘zi bilan boqsangiz, halol insonning dili, yo‘li to‘g‘ri, darajasi ulug‘. «Halol bo‘lsang, yashay olmaysan» esa og‘ziga kuchi yetmagan, bo‘yni mehnatga yor bermaydigan mahmadonalarning chala xulosasi ekanini hayotning o‘zi ko‘rsatib turibdi. Halol luqma tomog‘ingizga tiqilmaydi, jig‘ildonni qaynatmaydi, uyqungizni qochirmaydi. Har narsaning haloli bo‘lsin, deb bejizga aytishmaydi-da.

«Turishingni qara, cho‘pga o‘xshab qolibsan-ku. Katta-katta yesang-chi. Og‘zingga kelganini qaytarma. Davringni surib qolmaysanmi?»

Tanishimga shunday deb maslahat berayotgan bu «akaxon» haqida yon-atrofdagilardan eshitdim-u negadir uning bolalariga achindim. Qing‘ir ishi ko‘p ekan. Farzandlariga ham shunday «nasihat» qilsa kerak. Uning oldida mung‘ayib­gina turgan boyagi «cho‘pday» tanishim o‘sha paytda ko‘zimga juda chiroyli ko‘rinib ketdi...

Tan olish kerak, ko‘pchilikda halol bo‘lish juda qiyin, degan tushuncha bor. Shuning uchunmi, yashashning oson yo‘llarini qidiramiz. Yayrab qolgimiz keladi.   «Boshqalar ham shunday yashayapti-ku» deya o‘zimizni ovutganday bo‘lamiz. Nega halollikdan bu qadar qo‘rqamiz? Nahotki, halol yashash shuncha qiyin bo‘lsa?

Necha marta g‘alaba qozongansiz?

«Halol!» Kurashda raqibining ikki yelkasini hech qanday g‘irrom ishlatmasdan yerga tekkazgan polvonlar uchun, aslida, eng oliy mukofot shu birgina so‘z. «Halol» - bellashayotgan mardning ori, nomusi, g‘ururi. Hamma polvonlar shu kalomni eshitish orzusida maydonga tushadilar. «Halol» uchun kurashadilar. Aslida, hayotning o‘zi kurash maydoni. Unda faqat mardlar bo‘lmasligi aniq. Lekin g‘irrom bilan yutganlar el oldida qanday obro‘ga ega bo‘lishi mumkin?

Shuningdek, ushbu maydonda «halol lafz», «halol luqma» degan tushunchalar ham bor. Lafzi, luqmasi halol bo‘lganlar  yutqazmaydilar. «Halol» sof g‘alabani bildiradi. Haqiqiy g‘oliblargina mana shu so‘zni eshitadilar. O‘ylab ko‘ring-chi, siz necha marta  g‘alaba qozongansiz?

«Harom»ning «salmog‘i»

Nazarimizda, «harom» so‘ziga nisbatan munosabat o‘zgardi. Odamlar go‘yo uni «oddiylashtirib» yubordilar. «Ushlama, harom!», «Harom qilibsan», «Harom bo‘ladi» kabi gaplar bilan bolalarga tanbeh berishadi. Ba‘zi joylarda hatto o‘z bolasini «Haromi» (!) deb urishadiganlar bor ekan.

Yosh bola nazarida bu gaplar faqat tashqi jihatdan «notoza» bo‘lgan narsalarga nisbatan aytiladi. To‘g‘ri, bolaga bu haqda tushuncha berib, «harom»­ga yaqinlashmaslikka o‘rgatib borgan yaxshi. Ammo «harom» faqat moddiy narsalarga nisbatangina ishlatilishi kerakmikan?  Ma‘naviy halollik-chi?

«Harom»ni «oddiylashtirib» borish natijasida borgan sari undan qo‘rqmaydigan kishi «tarbiyalanadi». Uning nazarida bu arzimasdek bo‘lib tuyuladi. Va...

Halollik faqat bozordagi tarozi bilan o‘lchanmasligi rost. Amallaringizni qalb tarozisiga solib ko‘ring, qaysi palla ko‘proq tosh bosar ekan?

Bemor tabib

Halollik ustozlarga ham shu darajada yarashadiki...

- Ta‘lim-tarbiya jarayonida halollikning o‘rni juda muhim, - deb gap boshladi bir o‘qituvchi. - Yoshlarga bu go‘zal fazilatning qadri, ahamiyatini tushuntirish uchun bor kuch va imkoniyatimiz bilan harakat qilamiz. Bir rivoyat eshitgandim. Bolasining ko‘p asal yeyishidan tashvishga tushgan ota  uni tabibga olib boradi. Kichkintoyning bu odati haqida eshitgan hakim otaga uni davolatish uchun qirq kundan keyin kelishini tayinlaydi. Nihoyat, belgilangan kun kelib, ota yana o‘g‘li bilan tabibning huzuriga shoshadi. U esa kichkintoyning boshini silab: «O‘g‘lim, bundan keyin­ asal yemang», - deydi va otasiga ketishi mumkinligini, endi bola bunday qilmasligini aytadi. Hayron bo‘lganini yashira olmagan ota so‘raydi: «Shu gapni o‘sha biz kelgan birinchi kunning o‘zidayoq aytib qo‘ysangiz bo‘lardi-ku?».  Donishmand hakim esa jilmayib: «To‘g‘ri. Lekin o‘sha kuni o‘zim ham asal yegan edim. Shuning uchun bolaga aytgan nasihatim kor qilmasdi. Qirq kun asal yemadim. Endi bolangiz ham ko‘p asal yeyishini bas qiladi», deydi. Donishmand bolani davolashning bunday usulini aytib, otani ham lol qoldirgan edi.

Bu bilan nima demoqchiman? Demak, biz o‘qituvchilar ham, avvalo, o‘zimizni tarbiyalab, keyin bu haqda o‘quvchilarga gapirganimiz ma‘qul. Nega gaplarimiz bolalarga ta‘sir qilmayapti? Nima uchun farzand­larimizga halollik, olijanoblik haqida aytganlarimiz ertakday tuyulayapti? Chunki o‘zimiz hozir ana shu asal yeb qo‘ygan tabib ahvolidamiz. Bolalarimiz faqat ko‘p asal yeyish «kasal»igagina chalingan bo‘lsalar, qaniydi. Biz ham qirq kun asal yemay turib nasihat qilsak bo‘lardi. Ammo o‘quvchilarga halollik haqida gapirishimiz uchun o‘zimiz ham ma‘naviy tayyorgarlik ko‘rishimiz shart.

Halol orzular

Endigina maktab yoshiga yetgan o‘g‘il-qizlar ota-onasini juda yaxshi ko‘rib ketgani sababmi, ba‘zan «Katta bo‘lsam, sizga mashina sovg‘a qilaman», «Pulim ko‘paysa, oyimga falon narsa olib beraman» deb aytadilar. Farzandning yoshlikdanoq ota-onasiga bu qadar mehr qo‘yishi, ularga yordam berishni xohlayotgani yaxshi, albatta. Lekin bu qimmatbaho narsalarni faqatgina halol yo‘l bilan pul topib olish kerakligini aytishni unutib qo‘ymayapsizmi? Aslini olganda, bu ham bolani halollikka o‘rgatib borishning bir yo‘li.

Halollik faqat oldi-sotdida emas, biz juda oddiy, arzimas deb o‘ylagan ishlarda ham bo‘y ko‘rsatishi mumkin. Birgina baho olish va qo‘yish tartibini olaylik. Bunda o‘qituvchi va o‘quvchiga ham katta mas‘uliyat yuklanadi. Osongina olgan «5» sizga tatirmikan? Kechayu kunduz demay o‘qib-o‘rganib, darsga imtihondagidan ham ko‘proq tayyorlangan tengdoshingiz zo‘rg‘a «a‘lo» baho oladiyu, sizga ham «5». Bahoni ham halollab olish kerak emasmi?

Oliy o‘quv yurtiga hujjat topshirgan yigit-qizlar ko‘pincha o‘qishga kirishning oson yo‘llarini qidiradilar. Qanday qilib bo‘lsa-da, talaba bo‘lish kerak. Ba‘zilar qing‘ir­ yo‘llar orqali oliy dargohga kirmoqchi bo‘ladilar. Endigina mustaqil hayotga qadam qo‘ygan yoshlar ilk qadamlarini bunday egri yo‘llar bilan boshlasa, ularning kelajagini qanday tasavvur qilish mumkin?

Xulosa o‘rnidagi hikoyat

Halollik haqidagi mulohazalarni bir kichik maqolaga sig‘dirib bo‘lmaydi. Shu bois ibratli bir hikoyat bilan fikrimizga yakun yasaymiz-da, xulosani o‘zingizga qoldiramiz.

Bir kuni Abdurahmon ibn Avf mo‘minlarning xalifasi hazrat Umar (r.a) ning ziyoratiga keldi. Salom berdi-da, kutib turdi.

Xalifa yonib turgan shamni o‘chirib, keyin boshqasini yoqdi.

Bu ahvol mehmon diqqatini tortdi, u hazrat Umarga:

- Ey, Amiral-mo‘‘minin! Oldingizda sham yonib turardi, uni o‘chirdingiz. Yana unga o‘xshash boshqa shamni yoqdingiz. Buning bir hikmati bordir? - dedi. Amiral-mo‘‘minin hazrat Umar (r.a) tabassum bilan dedi:

- Yo Abdurahmon, o‘chirganim davlatning shami (molidir). Yoqqanim esa o‘zimning shaxsiy shamim, o‘z pulimga olganman. Davlat ishlarini qilganimda, davlatning shamini yoqaman. Hozir sen bilan suhbat qurib o‘tirganimda, davlat shamini yoqishim halollik bo‘lmaydi, shuning uchun uni o‘chirdim. O‘zimnikini yoqdim. Shunday qilmasam, Allohga qanday hisob beraman?

Behzod Fazliddin
“Ma‘rifat” gazetasidan olindi.