Ота-она ва аҳли аёл ҳақлари

Рукн: Ислом ва иймон Чоп этилган: 31.07.2013

Ота-онага оқ бўлиш деган тушунчани кўпчилигимиз янглиш тасаввур қиламиз. Мазкур тасаввурга кўра бу ҳолат ота-онанинг ўз фарзандидан у содир қилган ўта қабиҳ ва кечириб бўлмайдиган даражадаги мудҳиш бир қилмиши туфайли узил-кесил норози бўлиб, ундан воз кечиши ва буни ошкора эълон қилишида намоён бўлади. Унгача оқ бўлган ҳисобланмайди. Аслида ҳам шундайми?.. Ота-онага оқ бўлиш тушунчаси фақат шундан иборатми?.. Кишининг ота-онасига оқлик содир қилиб-қилмаётганини фақат юқорида келтирилган мисолдагидек ҳолат белгилаб берадими?..

Бу саволларга батафсил жавоб топиш учун мазкур тушунчанинг келиб чиқиши, маъноси ва шариатимиздаги таърифи билан танишиб чиқишимиз лозим бўлади. Зеро, айнан динимиз фарзанднинг ота-онасига қиладиган муомаласидаги муайян ҳолатни “ота-онага оқ бўлиш” дея баҳолаган экан, мазкур тушунчанинг асл талқинини ҳам шаръий манбалардан излашимиз тўгри бўлади.

Ота-онага оқ бўлиш тушунчаси араб тилида “ъуқуқу-л-волидайн” деб аталиб, юқорида зикр қилинган ҳолатдан бирмунча кенгроқ маъноларни қамраб олади. Бу ердаги “оқ” (ﻋﺎﻖ) сўзини ранг турини билдирувчи ўзбекча сўз билан чалкаштирмаслик лозим. Зеро, “оқ бўлиш”даги “оқ” сўзи аслиятда “кесмоқ” маъносини англатувчи арабча: “ﻋﻖ” (аққа), “ﻴﻌﻖ” (яъуққу), “ﻋﻗﻮﻖ” “уқуқ(ун)” (узмоқ, кесмоқ) феълидан олинган исми фоил (яъни, яъни аниқ даражадаги сифатдош) бўлиб, луғавий жиҳатдан “ота-онасига чиройли муомалани узувчи, итоатсизлик қилувчи, уларни хафа қилувчи киши” деган маъноларни англатади. “Уқуқу-л-волидайн” нинг зидди эса “бирру-л-волидайн” (ота-онага яхшилик қилиш) деб аталади.

Машҳур тилшунос аллома Ибн Манзур “уқуқ (оқ бўлиш)” сўзининг луғат жиҳатидан далолат қиладиган маънолари ҳақида сўз юритар экан, шундай дейди: “ﻋﻖ ﻮﺍﻠﺪﻩ” (ақ-қа валидаҳу) "отасига оқ бўлди” деган ибора “отасига итоат қилишдан бўйин товлади” маъносини англатади, “ﻋﻖ ﻮﺍﻠﺪﻳﻪ” (ақ-қа валидайҳи) “ота-онасига оқ бўлди” сўзи эса “ота-онани ташлаб қўйиб, улар билан алоқани узиш ҳамда улар орқали боғланган қариндошлари билан алоқани узиш” маъноларига далолат қилади”.

Ибн Манзур давом этади: “Ҳадиси шарифларда «Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам оналарга оқ бўлишдан қайтарганлар»и ворид бўлган. Шунингдек, мазкур сўз (яъни уқуқ) “бирр” “(ота-онага) яхшилик қилиш” сўзининг зидди (антоними) ҳисобланади. Аслиятда эса бу сўз “кесиш” маъносини билдирувчи “ақ-қун” сўзидан олинган ” (“Лисону-л-араб”).

Шаръан эса уқуқул-волидайн яъни “ота-онага оқ бўлиш” деганда фарзанддан ота-онага озор етказадиган ҳар қандай сўз ва амаллар содир бўлиши назарда тутилади. Аллома Ибн Ҳажар айтади: “Уқуқу-л-волидайн бу - ота-онага ёхуд улардан бирига урф жиҳатидан арзимас саналмайдиган даражада азият етказмоқдир.

Юқоридагилардан келиб чиқиб, умумий маънода тушунадиган бўлсак, “ота- онага оқ бўлиш” деганда фарзанд томонидан ота-онага жиддийроқ бир озор етказиш, қаттиқроқ хафа қилиш ирода қилинар экан.

Мазкур азият феълий, қавлий ва имо-ишора билан амалга ошириладиган хатти-ҳаракатларни ўз ичига олиши мумкин. Яъни бу азият сўз билан, хатти-ҳаракат орқали ёки имо-ишора билан ҳам етказилиши мумкин.

Ҳасан Басрий раҳматуллоҳи алайхдан “уқуқу-л-водидайн нима?” деб сўрашганда: “У - фарзанднинг ўз ота-онасига яхшилик ва эҳсонни тўхтатиб қўйиши, уларни ташлаб қўйиши ва юзларига тик боқишидир”, деб жавоб берадилар. Тобеинлар улуғининг мазкур сўзларидан фарзанд ота-онасини ўз яхшиликларидан маҳрум қилиши ҳам ота-онага оқ бўлиш жумласидан ҳисобланувчи ишлардан эканлиги маълум бўлади. Модомки шундай экан, ота-онасини ўз яхшиликларидан, меҳр-мурувватидан маҳрум қилиш тугул, уларга турфа хил озор ва азиятлар етказиш орқали доимий равишда дилларини ранжитиб, хафа қилувчи фарзандлар ҳақида нима ҳам дейиш мумкин?!

Ато айтади: “Зинҳор ота-онангга қўл кўтарма! ”

Урва ибн Зубайр (разияллоҳу анҳу эса): “ота-онангга улар яхши кўрадиган нарсаларни дариғ тутма!”, деганлар.

Салафи солиҳларимиз ота-онага яхшилик қилиш борасида ғоятда пешқадам ва барчага ўрнак ва намуна бўлганлар. Ривоят қилинишича, Зар ибн Умар исмли ота-онасига ўта меҳрибон ва мушфиқ кишининг отасидан фарзанди ҳақида сўрашди. Отаси фарзандининг ўзига нисбатан эҳтироми нечоғли эканини кўрсатиб берадиган айрим ишларидан гапириб, шундай дейди: “Кундуз куни юрганимда ўғлим мен билан бўлса, орқамда юради. Тунда эса фақат олдимга тушиб юради. Бирор уй ва ҳоказо ичида бўлсам, асло унинг томига чиқмайди” (“Вафаёту-л-аъён”, 3/443).

Ривоятда тилга олинмиш инсоннинг ота-онани ҳурмат қилиш борасида ўз отаси томонидан васфланмиш айрим одатлари ҳақидаги мазкур сўзларга бироз изоҳ берсак. Зеро, бу сўзлар қисқа бўлишига қармасдан олам-олам маънога эгадир. “Кундуз куни юрганимда ўғлим мен билан бўлса, албатта орқамда юради ”. Чунки, кундузи кўчалар гавжум бўлгани боис, атроф хавф-хатардан деярли холи бўлади. Бу вақтда ҳар-турли безорилар, ёмон ниятли кишилар ҳам қаршисида пайдо бўлган одамга ошкора зарар етказишдан тийиладилар. Шунинг учун Зар отасига ҳурмат юзасидан унинг кетидан юради, ундан олдинлаб кетмайди. Чунки, одатда ҳурмат юзасидан ота-онани ўзидан муқаддам қўйилади. Кечқурун эса аҳвол бироз бошқачароқ. Тунда олдингдан чиққан киши ўғри, қароқчи ёки йўлтўсар бўлиши мумкин. Ҳар ҳолда бу вақтда атроф хавф-хатардан холи бўлмайди. Шу сабабдан Зар тунда отасини ҳимоя қилиш ва мабодо қарши тарафдан бирор хавф пайдо бўлса ҳам, биринчи бўлиб унга ўзи рўбарў бўлиши учун ҳам отасининг ортида эмас, олдида юради. “Бирор уй ва ҳоказо ичида бўлсам, ҳаргиз унинг томига чиқмайди”. Бу сўзга изоҳ шарт бўлмаса керак. Ўзини отасидан юқори қўймаслик учун ҳам Зар отаси ичида бўлган бирор хонанинг устига чиқмайди.

Биз ота-оналаримизга нисбатан мана шу одобларнинг бирортасига амал қила оляпмизми?.. Оталаримиз билан маросим, зиёфат ва ҳоказога борсак, уларнинг ортидан эргашиб юраяпмизми, ёки тескариси бўляптми?.. Мана шулар ҳақида ўзимизга тез-тез савол бериб туришимиз фойдадан холи эмас.

Ота-онага оқ бўлиш Китобу Суннат далолатига кўра ҳаром ва гуноҳи кабиралардан ҳисобланади. Аллоҳ таоло марҳамат қилиб айтади:

“Раббинг, ёлғиз Унинг Ўзига ибодат қилишларингизни ҳамда ота-онага яхшилик қилишларингизни амр этди. Агар уларнинг (ота-онангизнинг) бириси ёки ҳар иккиси сенинг қўл остингда кексалик ёшига етсалар, уларга қараб “уф” тортма, уларни жеркма. Уларга (доимо) яхши сўз айт! Улар учун меҳрибонлик билан, хорлик қанотни паст тут - хокисор бўл ва: - “Парвардигорим, мени гўдаклик чоғимдан тарбиялаб-ўстирганларидек, сен ҳам уларга раҳм-шафқат қилгин!”, деб (ҳақларига дуо қил)!”. (Исро сураси, 23-24-оятлар)

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Сизларга кабира гуноҳларнинг энг каттаси нималар эканлигини айтайми?” - дедилар, - “(Кабираларнинг энг каттаси) Аллоҳга ширк келтириш кейин ота-онага оқ бўлиш ва ёлгон гувоҳлик беришдир”.

Ислом умматининг барча уламолари ота-онага оқ бўлиш ҳаром ва унинг гуноҳи кабиралардан эканлиги борасида якдилдирлар. Ота-онасига оқ бўлган яъни ота-онасига ўзининг итоатсизлиги, ёмон хулқи ва қўпол муомаласи билан озор етказувчи, улардан яхшилигини дариғ тутувчи фарзанд Аллоҳ таоло томонидан дунёю охиратда турли уқубатлар билан жазоланади:

1. Унинг ризқи тор қилиб қўйилади, мабодо кенг бўлса ҳам бу истидрож бобидан бўлади. Яъни агар ундай инсоннинг ризқи торайиш ўрнига кенгаяётган бўлса, аслида, бу унинг фойдасига эмас зарарига бўлаётган, унинг янада туғёнга кетиб, гуноҳлар жарлигига чуқурроқ қулаши учун амалга оширилаётган бир тузоқ бўлади.

2. Ота-онасига ёмонлик қилувчи кишининг умри ота-онасига яхшилик қилувчи, қариндошлари билан борди-келди қилувчи кишининг умридек узайтириб қўйилмайди.

3. Пайшанба куни-жума оқшомида унинг солиҳ амаллари Аллоҳ ҳузурига кўтарилмайди.

4. Ундай кимсани Аллоҳ таоло ёмон кўради.

5. Уни ўз аҳли оиласи ва қўни-қўшнилари ҳам севишмайди.

6. Ундай инсоннинг ёмон хотима топиш эҳтимоли бор.

7. Ота-онасига оқ бўлган инсонни Аллоҳ, фаришталар ҳам мўминлар лаънатлайдилар.

8. Дуоси ижобат бўлмайди.

9. У ота-онасига қандай ёмон муомала қилган бўлса, худди шундай муомалани ўз фарзандлари ва набираларидан кўради.

10. Ота-онасига оқ бўлган инсон агар тавҳид аҳлидан бўлса, жаннатга биринчилар қаторида киролмайди.

11. Гарчи жаннатга кирса ҳам Аллоҳ унга назар қилмайди.

Аллоҳ таолонинг бир бандасига назар қилмай, “юз буриши” аслида мўмин киши учун энг катта жазодир. Набий (алайҳиссалом) дедилар: “Уч тоифа инсон борки, Аллоҳ азза ва жалла Қиёмат куни уларга боқмайди. Улар: ота-онасига оқ фарзанд, ўзини эркакча тутадиган аёл ҳамда даюс кишидир”. Бошқа бир ҳадиси шарифда эса: “Миннатчи, ота-онасига оқ фарзанд ва хамрга муккасидан кетган киши жаннатга кирмайди, дейилади.

Абу Ҳурайра (разияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинишича, бир куни Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Хор бўлсин!.. Яна хор бўлсин!.. Яна хор бўлсин!..”, - дедилар. Саҳобийлар “ким (хор бўлсин), Ё Расулаллоҳ!”, - дейишди. Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ота-онасининг ҳар иккиси ёки бирига - уларнинг қарилик чоғида - етишгану, лекин (уларни рози қилиб) жаннатга кирмаган киши!”, - дедилар.

Ота-онага оқ бўлиш ҳолатлари кўп бўлиб, улар турли-туман кўринишларда намоён бўлади. Жумладан, ота-онага бақириш, жеркиб бериш, дилларини оғритиш, улар бирор сўз айтганларида ёхуд иш буюрганларида малолланиб “уфф” дейиш, улар ҳузурида қовоғи солиқ, пешонаси тиришган ҳолда юриш, уларга таҳқир ёки ғазаб назари билан боқиш, ўзи дам олиб, уларга иш буюриш ёки ишлатиш, улар тайёрлаган таомни ёмонлаш, ота-она гапираётганда улардан юз буриш ёки сўзларини бўлиш, ўзининг ёмон хулқи билан уйдан ташқарида бировларга азият етказиш орқали отаонасига лаънат келтириш, обрўларини тушириш ҳам ота-онага оқ бўлишнинг айни ўзидир. Бу қотиллик, безорилик каби оғир жиноятлар содир қилиш, шунингдек, ўғирлик, товламачилик, порахўрлик каби оила шаънини ерга уриб, кишининг обрўсини туширадиган тубан ишлар билан шуғулланиш каби ишларда кўринади. Кўпинча бундай ишлар билан шуғулланувчи кимсаларнинг оқибати қамоқ ёки шармандалик билан якун топади. Бу эса кишини ота-онасига оқ қилишида заррача ҳам шубҳа йўқ. Зеро, бундай ҳолатлар ота-онага эл-юрт ичида ору номус келтириб, уларнинг покиза номларига ювиб-кетказиб бўлмайдиган доғ туширади. Ноқобил фарзандлари туфайли мислсиз ғам қайғу ва шармандалик ичида қолишга, тик бошлари умрбод эгик бўлишга маҳкум қилади.

Шунингдек, узоқ вақт кўчада юриб, ота-онани хавотирга солиш, ҳар-хил талаблар билан уларни машаққатга қўйиш, ёки аҳли аёлини ота-онадан устун қўйиш ҳам ота-онага оқ бўлишнинг кўринишларидан ҳисобланади.

Инсон халқимиз ибораси билан айтганда бир қўлида ота-онасини яна бир қўлида эса аёлини тутиб туриши керак. Ота-онани аёлдан устунроқ кўриш динимиз кўрсатмасидир. Бу дегани аёлларга зулм қилиш керак дегани эмас, албатта. Балки, эр киши ота-онасига яхши муомала қилиши билан бир қаторда аёлининг ҳам ҳақларини поймол қилмасликка ва ота-онаси билан хотини ўртасида кўприк вазифасини ўташга масъулдир. Мабодо ота-онаси унинг аёлига адолатли муносабатда бўлмаётган бўлса ҳам муросаю мадора санъатини ишга солиб, вазиятни секин-секинлик билан юмшатиш талаб этилади. Ота-онам аёлимдан нотўғри талаб қиляпти, нотўғри уришяпти дея дарров уларни четга чиқариб қўймасдан аёлини сабрга чақириши, нима бўлганда ҳам улар унинг ота-онаси эканликлари, фарзанд сифатида уларга қўпол муомала қилишга ҳаққи йўқлиги, унинг ўрнига аёли ота-онасига манзур бўлишга ҳаракат қилиши лозимлигини ётиғи билан уқтириб бориши мақсадга мувофиқ саналади. Ана шунда оилаларимизда қайнона ва келин муносабатлари ҳам ўз-ўзидан изига тушиб кетади, иншоаллоҳ.

Аллоҳ таоло барчаларимизни ота-онасига яхшилик қиладиган, уларнинг дуосини олиб, дунёю охиратда бахту саодатга эришадиган инсонлар қаторидан қилган бўлсин, обод турмуш йилида оилаларимиз обод бўлсин, юртимиз тинч, халқимиз фаровон бўлсин!

Раҳматуллоҳ Сайфуддинов,
Тошкент шаҳридаги “Хўжа Аламбардор” жомеъ масжиди имом-хатиби

* * *

Ota-onaga oq bo‘lish degan tushunchani ko‘pchiligimiz yanglish tasavvur qilamiz. Mazkur tasavvurga ko‘ra bu holat ota-onaning o‘z farzandidan u sodir qilgan o‘ta qabih va kechirib bo‘lmaydigan darajadagi mudhish bir qilmishi tufayli uzil-kesil norozi bo‘lib, undan voz kechishi va buni oshkora e’lon qilishida namoyon bo‘ladi. Ungacha oq bo‘lgan hisoblanmaydi. Aslida ham shundaymi?.. Ota-onaga oq bo‘lish tushunchasi faqat shundan iboratmi?.. Kishining ota-onasiga oqlik sodir qilib-qilmayotganini faqat yuqorida keltirilgan misoldagidek holat belgilab beradimi?..

Bu savollarga batafsil javob topish uchun mazkur tushunchaning kelib chiqishi, ma’nosi va shariatimizdagi ta’rifi bilan tanishib chiqishimiz lozim bo‘ladi. Zero, aynan dinimiz farzandning ota-onasiga qiladigan muomalasidagi muayyan holatni “ota-onaga oq bo‘lish” deya baholagan ekan, mazkur tushunchaning asl talqinini ham shar’iy manbalardan izlashimiz to‘gri bo‘ladi.

Ota-onaga oq bo‘lish tushunchasi arab tilida “‘uququ-l-volidayn” deb atalib, yuqorida zikr qilingan holatdan birmuncha kengroq ma’nolarni qamrab oladi. Bu yerdagi “oq” (ﻋﺎﻖ) so‘zini rang turini bildiruvchi o‘zbekcha so‘z bilan chalkashtirmaslik lozim. Zero, “oq bo‘lish”dagi “oq” so‘zi asliyatda “kesmoq” ma’nosini anglatuvchi arabcha: “ﻋﻖ” (aqqa), “ﻴﻌﻖ” (ya’uqqu), “ﻋﻗﻮﻖ” “uquq(un)” (uzmoq, kesmoq) fe’lidan olingan ismi foil (ya’ni, ya’ni aniq darajadagi sifatdosh) bo‘lib, lug‘aviy jihatdan “ota-onasiga chiroyli muomalani uzuvchi, itoatsizlik qiluvchi, ularni xafa qiluvchi kishi” degan ma’nolarni anglatadi. “Uququ-l-volidayn” ning ziddi esa “birru-l-volidayn” (ota-onaga yaxshilik qilish) deb ataladi.

Mashhur tilshunos alloma Ibn Manzur “uquq (oq bo‘lish)” so‘zining lug‘at jihatidan dalolat qiladigan ma’nolari haqida so‘z yuritar ekan, shunday deydi: “ﻋﻖ ﻮﺍﻠﺪﻩ” (aq-qa validahu) "otasiga oq bo‘ldi” degan ibora “otasiga itoat qilishdan bo‘yin tovladi” ma’nosini anglatadi, “ﻋﻖ ﻮﺍﻠﺪﻳﻪ” (aq-qa validayhi) “ota-onasiga oq bo‘ldi” so‘zi esa “ota-onani tashlab qo‘yib, ular bilan aloqani uzish hamda ular orqali bog‘langan qarindoshlari bilan aloqani uzish” ma’nolariga dalolat qiladi”.

Ibn Manzur davom etadi: “Hadisi shariflarda «Nabiy sollallohu alayhi va sallam onalarga oq bo‘lishdan qaytarganlar»i vorid bo‘lgan. Shuningdek, mazkur so‘z (ya’ni uquq) “birr” “(ota-onaga) yaxshilik qilish” so‘zining ziddi (antonimi) hisoblanadi. Asliyatda esa bu so‘z “kesish” ma’nosini bildiruvchi “aq-qun” so‘zidan olingan ” (“Lisonu-l-arab”).

Shar’an esa uququl-volidayn ya’ni “ota-onaga oq bo‘lish” deganda farzanddan ota-onaga ozor yetkazadigan har qanday so‘z va amallar sodir bo‘lishi nazarda tutiladi. Alloma Ibn Hajar aytadi: “Uququ-l-volidayn bu - ota-onaga yoxud ulardan biriga urf jihatidan arzimas sanalmaydigan darajada aziyat yetkazmoqdir.

Yuqoridagilardan kelib chiqib, umumiy ma’noda tushunadigan bo‘lsak, “ota- onaga oq bo‘lish” deganda farzand tomonidan ota-onaga jiddiyroq bir ozor yetkazish, qattiqroq xafa qilish iroda qilinar ekan.

Mazkur aziyat fe’liy, qavliy va imo-ishora bilan amalga oshiriladigan xatti-harakatlarni o‘z ichiga olishi mumkin. Ya’ni bu aziyat so‘z bilan, xatti-harakat orqali yoki imo-ishora bilan ham yetkazilishi mumkin.

Hasan Basriy rahmatullohi alayxdan “uququ-l-vodidayn nima?” deb so‘rashganda: “U - farzandning o‘z ota-onasiga yaxshilik va ehsonni to‘xtatib qo‘yishi, ularni tashlab qo‘yishi va yuzlariga tik boqishidir”, deb javob beradilar. Tobeinlar ulug‘ining mazkur so‘zlaridan farzand ota-onasini o‘z yaxshiliklaridan mahrum qilishi ham ota-onaga oq bo‘lish jumlasidan hisoblanuvchi ishlardan ekanligi ma’lum bo‘ladi. Modomki shunday ekan, ota-onasini o‘z yaxshiliklaridan, mehr-muruvvatidan mahrum qilish tugul, ularga turfa xil ozor va aziyatlar yetkazish orqali doimiy ravishda dillarini ranjitib, xafa qiluvchi farzandlar haqida nima ham deyish mumkin?!

Ato aytadi: “Zinhor ota-onangga qo‘l ko‘tarma! ”

Urva ibn Zubayr (raziyallohu anhu esa): “ota-onangga ular yaxshi ko‘radigan narsalarni darig‘ tutma!”, deganlar.

Salafi solihlarimiz ota-onaga yaxshilik qilish borasida g‘oyatda peshqadam va barchaga o‘rnak va namuna bo‘lganlar. Rivoyat qilinishicha, Zar ibn Umar ismli ota-onasiga o‘ta mehribon va mushfiq kishining otasidan farzandi haqida so‘rashdi. Otasi farzandining o‘ziga nisbatan ehtiromi nechog‘li ekanini ko‘rsatib beradigan ayrim ishlaridan gapirib, shunday deydi: “Kunduz kuni yurganimda o‘g‘lim men bilan bo‘lsa, orqamda yuradi. Tunda esa faqat oldimga tushib yuradi. Biror uy va hokazo ichida bo‘lsam, aslo uning tomiga chiqmaydi” (“Vafayotu-l-a’yon”, 3/443).

Rivoyatda tilga olinmish insonning ota-onani hurmat qilish borasida o‘z otasi tomonidan vasflanmish ayrim odatlari haqidagi mazkur so‘zlarga biroz izoh bersak. Zero, bu so‘zlar qisqa bo‘lishiga qarmasdan olam-olam ma’noga egadir. “Kunduz kuni yurganimda o‘g‘lim men bilan bo‘lsa, albatta orqamda yuradi ”. Chunki, kunduzi ko‘chalar gavjum bo‘lgani bois, atrof xavf-xatardan deyarli xoli bo‘ladi. Bu vaqtda har-turli bezorilar, yomon niyatli kishilar ham qarshisida paydo bo‘lgan odamga oshkora zarar yetkazishdan tiyiladilar. Shuning uchun Zar otasiga hurmat yuzasidan uning ketidan yuradi, undan oldinlab ketmaydi. Chunki, odatda hurmat yuzasidan ota-onani o‘zidan muqaddam qo‘yiladi. Kechqurun esa ahvol biroz boshqacharoq. Tunda oldingdan chiqqan kishi o‘g‘ri, qaroqchi yoki yo‘lto‘sar bo‘lishi mumkin. Har holda bu vaqtda atrof xavf-xatardan xoli bo‘lmaydi. Shu sababdan Zar tunda otasini himoya qilish va mabodo qarshi tarafdan biror xavf paydo bo‘lsa ham, birinchi bo‘lib unga o‘zi ro‘baro‘ bo‘lishi uchun ham otasining ortida emas, oldida yuradi. “Biror uy va hokazo ichida bo‘lsam, hargiz uning tomiga chiqmaydi”. Bu so‘zga izoh shart bo‘lmasa kerak. O‘zini otasidan yuqori qo‘ymaslik uchun ham Zar otasi ichida bo‘lgan biror xonaning ustiga chiqmaydi.

Biz ota-onalarimizga nisbatan mana shu odoblarning birortasiga amal qila olyapmizmi?.. Otalarimiz bilan marosim, ziyofat va hokazoga borsak, ularning ortidan ergashib yurayapmizmi, yoki teskarisi bo‘lyaptmi?.. Mana shular haqida o‘zimizga tez-tez savol berib turishimiz foydadan xoli emas.

Ota-onaga oq bo‘lish Kitobu Sunnat dalolatiga ko‘ra harom va gunohi kabiralardan hisoblanadi. Alloh taolo marhamat qilib aytadi:

“Rabbing, yolg‘iz Uning O‘ziga ibodat qilishlaringizni hamda ota-onaga yaxshilik qilishlaringizni amr etdi. Agar ularning (ota-onangizning) birisi yoki har ikkisi sening qo‘l ostingda keksalik yoshiga yetsalar, ularga qarab “uf” tortma, ularni jerkma. Ularga (doimo) yaxshi so‘z ayt! Ular uchun mehribonlik bilan, xorlik qanotni past tut - xokisor bo‘l va:      - “Parvardigorim, meni go‘daklik chog‘imdan tarbiyalab-o‘stirganlaridek, sen ham ularga rahm-shafqat qilgin!”, deb (haqlariga duo qil)!”. (Isro surasi, 23-24-oyatlar)

Rasululloh (sollallohu alayhi va sallam): “Sizlarga kabira gunohlarning eng kattasi nimalar ekanligini aytaymi?” - dedilar, - “(Kabiralarning eng kattasi) Allohga shirk keltirish keyin ota-onaga oq bo‘lish va yolgon guvohlik berishdir”.

Islom ummatining barcha ulamolari ota-onaga oq bo‘lish harom va uning gunohi kabiralardan ekanligi borasida yakdildirlar. Ota-onasiga oq bo‘lgan ya’ni ota-onasiga o‘zining itoatsizligi, yomon xulqi va qo‘pol muomalasi bilan ozor yetkazuvchi, ulardan yaxshiligini darig‘ tutuvchi farzand Alloh taolo tomonidan dunyoyu oxiratda turli uqubatlar bilan jazolanadi:

1. Uning rizqi tor qilib qo‘yiladi, mabodo keng bo‘lsa ham bu istidroj bobidan bo‘ladi. Ya’ni agar unday insonning rizqi torayish o‘rniga kengayayotgan bo‘lsa, aslida, bu uning foydasiga emas zarariga bo‘layotgan, uning yanada tug‘yonga ketib, gunohlar jarligiga chuqurroq qulashi uchun amalga oshirilayotgan bir tuzoq bo‘ladi.

2. Ota-onasiga yomonlik qiluvchi kishining umri ota-onasiga yaxshilik qiluvchi, qarindoshlari bilan bordi-keldi qiluvchi kishining umridek uzaytirib qo‘yilmaydi.

3. Payshanba kuni-juma oqshomida uning solih amallari Alloh huzuriga ko‘tarilmaydi.

4. Unday kimsani Alloh taolo yomon ko‘radi.

5. Uni o‘z ahli oilasi va qo‘ni-qo‘shnilari ham sevishmaydi.

6. Unday insonning yomon xotima topish ehtimoli bor.

7. Ota-onasiga oq bo‘lgan insonni Alloh, farishtalar ham mo‘minlar la’natlaydilar.

8. Duosi ijobat bo‘lmaydi.

9. U ota-onasiga qanday yomon muomala qilgan bo‘lsa, xuddi shunday muomalani o‘z farzandlari va nabiralaridan ko‘radi.

10. Ota-onasiga oq bo‘lgan inson agar tavhid ahlidan bo‘lsa, jannatga birinchilar qatorida kirolmaydi.

11. Garchi jannatga kirsa ham Alloh unga nazar qilmaydi.

Alloh taoloning bir bandasiga nazar qilmay, “yuz burishi” aslida mo‘min kishi uchun eng katta jazodir. Nabiy (alayhissalom) dedilar: “Uch toifa inson borki, Alloh azza va jalla Qiyomat kuni ularga boqmaydi. Ular: ota-onasiga oq farzand, o‘zini erkakcha tutadigan ayol hamda dayus kishidir”. Boshqa bir hadisi sharifda esa: “Minnatchi, ota-onasiga oq farzand va xamrga mukkasidan ketgan kishi jannatga kirmaydi, deyiladi.

Abu Hurayra (raziyallohu anhu)dan rivoyat qilinishicha, bir kuni Nabiy (sollallohu alayhi va sallam): “Xor bo‘lsin!.. Yana xor bo‘lsin!.. Yana xor bo‘lsin!..”, - dedilar. Sahobiylar “kim (xor bo‘lsin), Yo Rasulalloh!”, - deyishdi. Shunda Nabiy sollallohu alayhi va sallam: “Ota-onasining har ikkisi yoki biriga - ularning qarilik chog‘ida - yetishganu, lekin (ularni rozi qilib) jannatga kirmagan kishi!”, - dedilar.

Ota-onaga oq bo‘lish holatlari ko‘p bo‘lib, ular turli-tuman ko‘rinishlarda namoyon bo‘ladi. Jumladan, ota-onaga baqirish, jerkib berish, dillarini og‘ritish, ular biror so‘z aytganlarida yoxud ish buyurganlarida malollanib “uff” deyish, ular huzurida qovog‘i soliq, peshonasi tirishgan holda yurish, ularga tahqir yoki g‘azab nazari bilan boqish, o‘zi dam olib, ularga ish buyurish yoki ishlatish, ular tayyorlagan taomni yomonlash, ota-ona gapirayotganda ulardan yuz burish yoki so‘zlarini bo‘lish, o‘zining yomon xulqi bilan uydan tashqarida birovlarga aziyat yetkazish orqali otaonasiga la’nat keltirish, obro‘larini tushirish ham ota-onaga oq bo‘lishning ayni o‘zidir. Bu qotillik, bezorilik kabi og‘ir jinoyatlar sodir qilish, shuningdek, o‘g‘irlik, tovlamachilik, poraxo‘rlik kabi oila sha’nini yerga urib, kishining obro‘sini tushiradigan tuban ishlar bilan shug‘ullanish kabi ishlarda ko‘rinadi. Ko‘pincha bunday ishlar bilan shug‘ullanuvchi kimsalarning oqibati qamoq yoki sharmandalik bilan yakun topadi. Bu esa kishini ota-onasiga oq qilishida zarracha ham shubha yo‘q. Zero, bunday holatlar ota-onaga el-yurt ichida oru nomus keltirib, ularning pokiza nomlariga yuvib-ketkazib bo‘lmaydigan dog‘ tushiradi. Noqobil farzandlari tufayli mislsiz g‘am qayg‘u va sharmandalik ichida qolishga, tik boshlari umrbod egik bo‘lishga mahkum qiladi.

Shuningdek, uzoq vaqt ko‘chada yurib, ota-onani xavotirga solish, har-xil talablar bilan ularni mashaqqatga qo‘yish, yoki ahli ayolini ota-onadan ustun qo‘yish ham ota-onaga oq bo‘lishning ko‘rinishlaridan hisoblanadi.

Inson xalqimiz iborasi bilan aytganda bir qo‘lida ota-onasini yana bir qo‘lida esa ayolini tutib turishi kerak. Ota-onani ayoldan ustunroq ko‘rish dinimiz ko‘rsatmasidir. Bu degani ayollarga zulm qilish kerak degani emas, albatta. Balki, er kishi ota-onasiga yaxshi muomala qilishi bilan bir qatorda ayolining ham haqlarini poymol qilmaslikka va ota-onasi bilan xotini o‘rtasida ko‘prik vazifasini o‘tashga mas’uldir. Mabodo ota-onasi uning ayoliga adolatli munosabatda bo‘lmayotgan bo‘lsa ham murosayu madora san’atini ishga solib, vaziyatni sekin-sekinlik bilan yumshatish talab etiladi. Ota-onam ayolimdan noto‘g‘ri talab qilyapti, noto‘g‘ri urishyapti deya darrov ularni chetga chiqarib qo‘ymasdan ayolini sabrga chaqirishi, nima bo‘lganda ham ular uning ota-onasi ekanliklari, farzand sifatida ularga qo‘pol muomala qilishga haqqi yo‘qligi, uning o‘rniga ayoli ota-onasiga manzur bo‘lishga harakat qilishi lozimligini yotig‘i bilan uqtirib borishi maqsadga muvofiq sanaladi. Ana shunda oilalarimizda qaynona va kelin munosabatlari ham o‘z-o‘zidan iziga tushib ketadi, inshoalloh.

Alloh taolo barchalarimizni ota-onasiga yaxshilik qiladigan, ularning duosini olib, dunyoyu oxiratda baxtu saodatga erishadigan insonlar qatoridan qilgan bo‘lsin, obod turmush yilida oilalarimiz obod bo‘lsin, yurtimiz tinch, xalqimiz farovon bo‘lsin!

Rahmatulloh Sayfuddinov,
Toshkent shahridagi “Xo‘ja Alambardor” jome’ masjidi imom-xatibi