Тақвонинг фазилатлари ва самаралари

Рукн: Ислом ва иймон Чоп этилган: 26.09.2016

Исломда олижаноб ахлоқнинг энг муҳим тушунчалари таърифланиб, инсониятни уларга амал қилиш сари ундалади. Булар: эҳсон, кечиримли бўлиш, сабр-тоқат, ростгўйлик, ширинсўзлик, ота-онани, ўзидан катта ёшдагиларни ҳурмат қилиш, ор-номус, садоқат ва бошқалардир. Мусулмонлар бир-бирларини яхшилик ва олижаноб ахлоққа чақиришлари, ножўя ишлардан қайтаришлари Аллоҳ тарафидан фарз қилинган. Ислом ахлоқининг асосида ҳалоллик ва тақво ётади. Кимки жисмоний ва маънавий пок бўлса, ундай кимса ахлоқсизлик йўлига кирмайди.

“Тақво” сўзи араб тилида “сақланмоқ”, “эҳтиёт бўлмоқ” маъноларини англатади. У “виқоя” сўзидан олинган бўлиб, озор ва зарар берадиган нарсадан тўсишни англатади. Аллоҳдан тақво қилиш деганда, инсон Аллоҳнинг жазосидан қўрққан нарсасида гуноҳдан сақланиши, эҳтиёт бўлиши тушунилади. Али ибн Абу Толиб (розияллоҳу анҳу): “Тақво – Аллоҳдан қўрқиш, Қуръон кўрсатмасида яшаш, озига рози бўлиш ва охиратига тайёргарлик кўриш”[1], – деган экан.

Тақво бу Аллоҳга итоатда бўлиб, осий бўлмаслик, доим Унинг зикрида бўлиб, унутмаслик ва Унга шукр қилиб, ношукрлик қилмасликдир. Амалларини ҳар бир вақтда махфий ва очиқчасига бажариш, чақириғига “лаббай” деб жавоб бериш билан тақво қилинади. Зеро, Аллоҳ таоло бундай дейди: “Эй имон келтирганлар! Аллоҳга ҳақиқий тақво ила тақво қилинг. Ва фақат мусулмон ҳолингиздагина бу дунёдан ўтинг[2]. Яъни, ҳар доим мусулмон ҳолида имон билан, тақводор бўлиб, умр ўтказиш лозим экан. Абу Зарр (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “...Ишингни махфий ва очиқчасига қилишингда Аллоҳдан тақво қилгин”, – дедилар”[3].

Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан ривоят: Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Бир-бирингизга ҳасад қилмангиз, сунъий равишда молнинг нархини оширмангиз, ўзаро нафрат-адоватда бўлмангиз, бир-бирларингизга терс ўгирилиб кетмангиз. Ҳеч бирингиз бошқа бировнинг савдоси устидан савдо қилмангиз. Эй Аллоҳнинг қуллари, ўзаро биродар бўлингиз. Мусулмон-мусулмоннинг биродаридир: У биродарига зулм қилмайди, уни алдамайди ва пастга урмайди. Тақво мана бу ерда! – Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) шундай деб уч марта кўкракларига ишора қилдилар. – Кишининг ёмонлигига унинг мусулмон биродарини пастга уриши кифоядир. Мусулмоннинг қони, моли ва обрў-номуси бошқа бир мусулмон учун ҳаромдир”, – дедилар”[4].

Инсонлар фақат тақво билан бир-бирларидан ортиқдирлар. Инсон Парвардигори наздида шахси ёки мол-давлати, ҳусн-чирой, насл-насаб, шакл-шамойил, ёки териларининг ранги билан эмас, фақат тақвоси ва тоат-ибодати билангина ҳурматли бўлади. “Албатта, сизларнинг Аллоҳ наздидаги энг ҳурматлиларингиз  тақводорроғингиздир. Албатта, Аллоҳ Билгувчи ва Огоҳдир”[5].

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)дан сўрадилар:

Энг мукаррам инсон ким?

– Аллоҳ таолодан энг кўп тақво қиладиган банда! – деб жавоб бердилар.

Банданинг қай даражада тақводорлиги ҳам ёлғиз Аллоҳга аён. Аллоҳнинг кузатувчанлигини ҳис қилиш зоҳирий амаллар таъсирида эмас, қалбдаги Аллоҳдан қўрқув ҳисси билан ҳосил бўлади. Аллоҳ таоло инсоннинг қалбига назар солади, яъни, бандасига қалбидаги яхшилик ёки ёмонликка яраша жазо-мукофот беради. Қанча-қанча бадавлат, бообрў, келишган одамлар борки, қалблари ҳувиллаб ётибди. Ҳеч нарсаси йўқ, хокисор инсонлар борки, қалблари тақвога тўла. Шунинг учун ҳам бировни камситиш улкан гуноҳ саналади.

Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) марҳамат қиладилар: “...Одамларни жаннатга энг кўп киритадиган нарса нима? Аллоҳдан тақво қилиш ва ҳусни хулқликдир”[6].

Тақвонинг самаралари сифатида қуйидагиларни кўрсатиш мумкин:

Аллоҳ таоло тақводор банда билан бирга бўлади

Албатта, Аллоҳ тақво қилганлар ва гўзал ишлар қилганлар биландир[7].  Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ва Абу Бакр (розияллоҳу анҳу) Мадинага ҳижрат қилаётганларида Жабали Сур ғорига бекинишганларида мушриклар уларни қидириб шу ғор ёнигача келишди. Лекин ғорнинг оғзига қарагани эринишди. Шунда Абу Бакр (розияллоҳу анҳу) йиғлади. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Нимага йиғлаяпсиз”, деганларида, Абу Бакр: “Агар оёқларини остига қарашганларида бизни кўрардилар-а!?” деди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Эй, Абу Бакр! Учинчи шериги Аллоҳ бўлган икки киши ҳақида нима дейсиз!” дедилар. Яъни, учинчи шеригимиз Аллоҳ бўлса, агар улар қарашганда ҳам кўришмасди. Чунки ўртада тақво бор эди.

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Икки одам Аллоҳ йўлида шерик бўлиб бирор иш қилса, бир-бирига хиёнат қилмаса, Аллоҳдан тақво қилишса, учинчи шериги Аллоҳ бўлади. Агар бири иккинчисига хиёнат қилишни бошласа, учинчи шериги бўлган Аллоҳ чиқиб кетади”, – дедилар.

Аллоҳ тақводорларни яхши кўради

Йўқ! Балки ким аҳдига вафо қилса ва тақводор бўлса. Бас, Аллоҳ тақводорларни хуш кўради[8]. Агар Аллоҳ бандасини яхши кўрса, ҳеч нарсага зориқтириб қўймайди. Аллоҳнинг бандасига бўлган меҳричалик бошқа меҳр берувчи йўқ. Аллоҳ яхши кўрганини хор қилиб қўймайди. Бунга биздан тақволи бўлишимиз кифоя экан.

Аллоҳ – тақводорларнинг дўсти 

... Аллоҳ мўминларнинг валийсидир[9]. Дўстингиз Аллоҳ бўлса, қандай яхши бўлади. Нима сўрасангиз, беради. Нима қилсангиз, бирга бўлади.

Аллоҳ тақводорларнинг ишларини енгил қилиб қўяди

... Ким Аллоҳга тақво қилса, У Зот унинг ишида осонлик қилиб беради[10].

Аллоҳ тақводорларнинг гуноҳларини кечиради ва савоб ишларинининг ажрини зиёда қилади.

Ким Аллоҳга тақво қилса, унинг гуноҳларини кечирур ва ажрини кўпайтириб берур[11]. Гуноҳларни кечирар деб ташлаб қўйиш бўлмайди, албатта, тақво бўлиши керак экан. Агар мўмин киши катта гуноҳларни қилишдан тақво қилса, Аллоҳ таоло кичик гуноҳларни кечирар экан.

Аллоҳ таоло тақводор бандани ғам-қайғу ва қўрқувдан саломат сақлайди

“Эй Одам болалари, агар сизларга ўзингиздан бўлган Пайғамбарлар келиб, оятларимни сўзлаганда, бас, ким тақво қилса ва яхши амал қилса, уларга хавф йўқдир ва улар хафа ҳам бўлмаслар”[12]. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг ҳадисларида келади: “Ким барча ғамини Аллоҳни рози қилиш ғамига алмаштириб олса, қолган ғамларининг ҳаммасини Аллоҳ Ўзининг зиммасига олишини ваъда берган”.

Тақводорларнинг солиҳ амалларини қабул қилади

Уларга Одамнинг икки ўғли хабарини ҳақ ила тиловат қилиб бер. Икковлари қурбонлик қилганларида, бирларидан қабул қилинди, бошқасидан қабул қилинмади. У: “Албатта, мен сени ўлдиражакман”, деди. Бириси: “Албатта, Аллоҳ тақводорлардангина қабул қиладир[13]. Қобил ва Ҳобил садақа қилишди, Аллоҳ Ҳобилнинг садақасини қабул қилди, Қобилникини қабул қилмади. Чунки Ҳобил Аллоҳдан тақво қилиб энг яхши кўрган молини садақа қилган эди.

Тақводорларга барака ёғилади ва ризқи кенг бўлади

Агар қишлоқлар аҳллари имон келтирганларида ва тақво қилганларида эди, Биз, албатта, уларга осмону ердан баракотларни очиб қўяр эдик. Лекин улар ёлғонга чиқардилар, бас, уларни қилган касблари туфайли тутдик[14]. Инсон учун осмон ва заминдан баракот эшиклари очилиши учун биргина шарт кифоя, яъни, у имонли ва тақволи бўлиши лозим экан. Ана ўшанда инсонга осмону заминдан баракотлар эшиги очиб қўйилади. Чунки имон инсонни баракотли ҳаёт йўлига бошлайди. Тақво эса,  инсонни фаровон ҳаёт йўлига солади. Имон билан тақво бир-бирига чамбарчас боғлиқ бўлганидек, баракот ҳам уларга боғлиқдир. Бу ҳақиқатга каттаю кичик ҳар бир соҳада гувоҳ бўлиши мумкин. “...Ким Аллоҳга тақво қилса, У Зот унинг йўлини очиб қўюр. Ва унга ўзи ўйламаган тарафдан ризқ берур...[15]

Аллоҳ тақводор бандани душманларининг макр-ҳийлаларидан сақлайди

Сизга яхшилик етса, уларга ёмон бўлар. Сизларга мусибат етса, улар хурсанд бўларлар. Агар сабр ва тақво қилсангиз, уларнинг макри сизга ҳеч зарар қилмас. Албатта, Аллоҳ қилаётган ишларини иҳота қилгувчидир[16]. Оғир кунларда “ҳамма нарса Аллоҳдан” деб сабр билан тақво қилинса, ҳеч бир душманнинг макри зиён етказмас экан.

Аллоҳ тақводорларга илм беради, яъни ўргатади

Аллоҳга тақво қилинг. Ва Аллоҳ сизга илм беради. Аллоҳ ҳар бир нарсани билувчи Зотдир[17]. Тақво қилсак, Аллоҳ бизга ҳамма йўлни ўргатар экан.

Жаҳаннамдан нажотга чиқаради

Сиздан унга яқинлашувчи бўлмаган ҳеч ким йўқ. Бу Раббинг ҳузуридаги кескин ҳукмдир. Сўнгра тақво қилганларга нажот берамиз ва золимларни унда тиз чўккан ҳолларида қолдирамиз[18]. Мўминлар жаҳаннамга, хусусан, сиротдан ўтаётганларида яқинлашадилар, бироқ, тушмай ўтиб кетадилар. Кофирлар эса, яқинлашиб, жаҳаннам атрофида тиз чўкиб ўтирадилар ва гуноҳларига мос равишда кетма-кет дўзахга ташланадилар.

Жаннат берилади

Албатта, тақводорларга ютуқ бордир: боғ-роғлар, узумзорлар бордир. Ва янги бўйи етган бир хил ёшдаги қизлар бордир. Ва тўлдирилган қадаҳлар бордир. У ерда бекорчи гапларни ҳам, ёлғон гапларни ҳам эшитмаслар. Раббингдан мукофот, совға ҳисобидандир[19].

Ўша охират диёрини Биз ер юзида такаббурлик ва бузғунчиликни истамайдиганлар учун қилурмиз. Оқибат тақводорларникидир[20]. Охират диёри ер юзида такаббурлик ва бузғунчилик қилмаганлар, уларни ер юзида бўлишини истамайдиганларга берилар экан. Тақводор бўлган кишининг оқибати яхши бўлар экан.

Одамларни қийнайдиган бир мавзу бор, яъни, ортида қолаётган фарзандларининг келажаги ҳақида. Бунинг ҳам давоси тақво қилиб яшаш экан. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Фарзандларининг келажагини ўйлаган ота бўлса, тақво қилсин!”, – дедилар. Хизр ва Мусо (алайҳиссалом) ўртасидаги сафарларини эсласак, Аллоҳ таоло бундай дейди: “Бас, юриб кетдилар. То бир шаҳар аҳолисига келганларида, унинг аҳлидан таом сўрадилар. Улар икковларини зиёфат қилишдан бош тортдилар. Икковлари у ерда йиқилиб кетай деб турган бир деворни кўришди. Бас, уни турғизиб қўйди. У (Мусо): “Агар хоҳласанг, бунинг учун ҳақ олар эдинг”, деди[21] яъни, уларга таом бериб меҳмон қилишни хоҳламаган қавмнинг йиқилишга яқин бўлган бир деворини тикка қилиб қўйишади. Сабри етмаган Мусо (алайҳиссалом) бу тиккалаб қўйган деворнинг ҳақини талаб қилайлик, деди. Хизрнинг тили билан Аллоҳ таоло Қуръони каримда бундай марҳамат қилди: “Деворга келсак, у шаҳардаги икки етим боланики бўлиб, унинг остида икковларининг хазинаси бор эди. Уларнинг оталари солиҳ одам эди. Бас, Раббинг икковларининг вояга етишини ва хазиналарини чиқариб олишини ирода қилди. Бу Аллоҳнинг раҳмати ила бўлди...”[22].  Ота-онаси яхши, тақводор одам бўлганлари учун Аллоҳ таоло буюрди, деворни тикка қилиб қўйишди. Бу дунёдан ўтиб кетишини билиб турган ота-она фарзандларининг келажагини ғам қиладиган бўлса, фақат тақво қилса, улардан кейин нима бўлишига ташвиш қилишмаса ҳам бўлар экан.

Хулоса қиладиган бўлсак, яхши умр кечиришни, ризқимиз сероб, кўнглимиз хотиржам ва охиратимиз обод бўлишини истасак, Аллоҳдан тақво қилиб яшашимиз зарур экан.

Қ. Маҳмудов

Манбашунослик бўлими мутахассиси



[1] Муҳаммад Салобий. Сийрати амири-л-муъминийн. Али ибн Абу Толиб (розияллоҳу анҳу). 2005 – Б.396.

[2] Оли Имрон сураси, 102-оят мазмуни.

[3] Муснад Аҳмад ибн Ҳанбал. Аҳмад ибн Ҳанбал. – Ж.5. Оламу-л-кутуб.  Байрут, 1998. – Б. 181.

[4] Муслим ибн Ҳажжож. Саҳиҳи Муслим. – Ж.8. – Байрут. Дору-л-офоқи-л-жадида. – Б.10.

[5] Ҳужурот сураси, 13-оят мазмуни.

[6] Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Исмоил. Ал-адабу-л-муфрад. Байрут. Дору-л-башоири-л-исломия, 1989. – Б.108.

[7] Наҳл сураси, 128-оят мазмуни.

[8] Оли Имрон сураси, 76-оят мазмуни.

[9] Оли Имрон сураси, 68-оят мазмуни.

[10] Талоқ сураси, 4-оят мазмуни.

[11] Талоқ сураси, 5-оят мазмуни.

[12] Аъроф сураси, 35-оят мазмуни.

[13] Моида сураси, 27-оят мазмуни.

[14] Аъроф сураси, 96-оят мазмуни.

[15] Талоқ сураси, 2–3-оятлар мазмуни.

[16] Оли Имрон сураси, 120-оят мазмуни.

[17] Бақара сураси, 282-оят мазмуни.

[18] Марям сураси, 71–72-оятлар мазмуни.

[19] Наба сураси, 31–35-оятлар мазмуни.

[20] Қасос сураси, 83-оят мазмуни.

[21] Каҳф сураси, 77-оят мазмуни.

[22] Каҳф сураси, 82-оят мазмуни.

Islomda olijanob axloqning eng muhim tushunchalari ta’riflanib, insoniyatni ularga amal qilish sari undaladi. Bular: ehson, kechirimli bo‘lish, sabr-toqat, rostgo‘ylik, shirinso‘zlik, ota-onani, o‘zidan katta yoshdagilarni hurmat qilish, or-nomus, sadoqat va boshqalardir. Musulmonlar bir-birlarini yaxshilik va olijanob axloqqa chaqirishlari, nojo‘ya ishlardan qaytarishlari Alloh tarafidan farz qilingan. Islom axloqining asosida halollik va taqvo yotadi. Kimki jismoniy va ma’naviy pok bo‘lsa, unday kimsa axloqsizlik yo‘liga kirmaydi.

“Taqvo” so‘zi arab tilida “saqlanmoq”, “ehtiyot bo‘lmoq” ma’nolarini anglatadi. U “viqoya” so‘zidan olingan bo‘lib, ozor va zarar beradigan narsadan to‘sishni anglatadi. Allohdan taqvo qilish deganda, inson Allohning jazosidan qo‘rqqan narsasida gunohdan saqlanishi, ehtiyot bo‘lishi tushuniladi. Ali ibn Abu Tolib (roziyallohu anhu): “Taqvo – Allohdan qo‘rqish, Qur’on ko‘rsatmasida yashash, oziga rozi bo‘lish va oxiratiga tayyorgarlik ko‘rish”[1], – degan ekan.

Taqvo bu Allohga itoatda bo‘lib, osiy bo‘lmaslik, doim Uning zikrida bo‘lib, unutmaslik va Unga shukr qilib, noshukrlik qilmaslikdir. Amallarini har bir vaqtda maxfiy va ochiqchasiga bajarish, chaqirig‘iga “labbay” deb javob berish bilan taqvo qilinadi. Zero, Alloh taolo bunday deydi: “Ey imon keltirganlar! Allohga haqiqiy taqvo ila taqvo qiling. Va faqat musulmon holingizdagina bu dunyodan o‘ting[2]. Ya’ni, har doim musulmon holida imon bilan, taqvodor bo‘lib, umr o‘tkazish lozim ekan. Abu Zarr (roziyallohu anhu)dan rivoyat qilinadi: “Rasululloh (sollallohu alayhi va sallam): “...Ishingni maxfiy va ochiqchasiga qilishingda Allohdan taqvo qilgin”, – dedilar”[3].

Abu Hurayra (roziyallohu anhu)dan rivoyat: Rasululloh (sollallohu alayhi va sallam): “Bir-biringizga hasad qilmangiz, sun’iy ravishda molning narxini oshirmangiz, o‘zaro nafrat-adovatda bo‘lmangiz, bir-birlaringizga ters o‘girilib ketmangiz. Hech biringiz boshqa birovning savdosi ustidan savdo qilmangiz. Ey Allohning qullari, o‘zaro birodar bo‘lingiz. Musulmon-musulmonning birodaridir: U birodariga zulm qilmaydi, uni aldamaydi va pastga urmaydi. Taqvo mana bu yerda! – Rasululloh (sollallohu alayhi va sallam) shunday deb uch marta ko‘kraklariga ishora qildilar. – Kishining yomonligiga uning musulmon birodarini pastga urishi kifoyadir. Musulmonning qoni, moli va obro‘-nomusi boshqa bir musulmon uchun haromdir”, – dedilar”[4].

Insonlar faqat taqvo bilan bir-birlaridan ortiqdirlar. Inson Parvardigori nazdida shaxsi yoki mol-davlati, husn-chiroy, nasl-nasab, shakl-shamoyil, yoki terilarining rangi bilan emas, faqat taqvosi va toat-ibodati bilangina hurmatli bo‘ladi. “Albatta, sizlarning Alloh nazdidagi eng hurmatlilaringiz  taqvodorrog‘ingizdir. Albatta, Alloh Bilguvchi va Ogohdir”[5].

Rasululloh (sollallohu alayhi va sallam)dan so‘radilar:

Eng mukarram inson kim?

– Alloh taolodan eng ko‘p taqvo qiladigan banda! – deb javob berdilar.

Bandaning qay darajada taqvodorligi ham yolg‘iz Allohga ayon. Allohning kuzatuvchanligini his qilish zohiriy amallar ta’sirida emas, qalbdagi Allohdan qo‘rquv hissi bilan hosil bo‘ladi. Alloh taolo insonning qalbiga nazar soladi, ya’ni, bandasiga qalbidagi yaxshilik yoki yomonlikka yarasha jazo-mukofot beradi. Qancha-qancha badavlat, boobro‘, kelishgan odamlar borki, qalblari huvillab yotibdi. Hech narsasi yo‘q, xokisor insonlar borki, qalblari taqvoga to‘la. Shuning uchun ham birovni kamsitish ulkan gunoh sanaladi.

Nabiy (sollallohu alayhi va sallam) marhamat qiladilar: “...Odamlarni jannatga eng ko‘p kiritadigan narsa nima? Allohdan taqvo qilish va husni xulqlikdir”[6].

Taqvoning samaralari sifatida quyidagilarni ko‘rsatish mumkin:

Alloh taolo taqvodor banda bilan birga bo‘ladi

Albatta, Alloh taqvo qilganlar va go‘zal ishlar qilganlar bilandir[7].  Payg‘ambarimiz (sollallohu alayhi va sallam) va Abu Bakr (roziyallohu anhu) Madinaga hijrat qilayotganlarida Jabali Sur g‘origa bekinishganlarida mushriklar ularni qidirib shu g‘or yonigacha kelishdi. Lekin g‘orning og‘ziga qaragani erinishdi. Shunda Abu Bakr (roziyallohu anhu) yig‘ladi. Rasululloh (sollallohu alayhi va sallam): “Nimaga yig‘layapsiz”, deganlarida, Abu Bakr: “Agar oyoqlarini ostiga qarashganlarida bizni ko‘rardilar-a!?” dedi. Rasululloh (sollallohu alayhi va sallam): “Ey, Abu Bakr! Uchinchi sherigi Alloh bo‘lgan ikki kishi haqida nima deysiz!” dedilar. Ya’ni, uchinchi sherigimiz Alloh bo‘lsa, agar ular qarashganda ham ko‘rishmasdi. Chunki o‘rtada taqvo bor edi.

Rasululloh (sollallohu alayhi va sallam): “Ikki odam Alloh yo‘lida sherik bo‘lib biror ish qilsa, bir-biriga xiyonat qilmasa, Allohdan taqvo qilishsa, uchinchi sherigi Alloh bo‘ladi. Agar biri ikkinchisiga xiyonat qilishni boshlasa, uchinchi sherigi bo‘lgan Alloh chiqib ketadi”, – dedilar.

Alloh taqvodorlarni yaxshi ko‘radi

Yo‘q! Balki kim ahdiga vafo qilsa va taqvodor bo‘lsa. Bas, Alloh taqvodorlarni xush ko‘radi[8]. Agar Alloh bandasini yaxshi ko‘rsa, hech narsaga zoriqtirib qo‘ymaydi. Allohning bandasiga bo‘lgan mehrichalik boshqa mehr beruvchi yo‘q. Alloh yaxshi ko‘rganini xor qilib qo‘ymaydi. Bunga bizdan taqvoli bo‘lishimiz kifoya ekan.

Alloh – taqvodorlarning do‘sti 

... Alloh mo‘minlarning valiysidir[9]. Do‘stingiz Alloh bo‘lsa, qanday yaxshi bo‘ladi. Nima so‘rasangiz, beradi. Nima qilsangiz, birga bo‘ladi.

Alloh taqvodorlarning ishlarini yengil qilib qo‘yadi

... Kim Allohga taqvo qilsa, U Zot uning ishida osonlik qilib beradi[10].

Alloh taqvodorlarning gunohlarini kechiradi va savob ishlarinining ajrini ziyoda qiladi.

Kim Allohga taqvo qilsa, uning gunohlarini kechirur va ajrini ko‘paytirib berur[11]. Gunohlarni kechirar deb tashlab qo‘yish bo‘lmaydi, albatta, taqvo bo‘lishi kerak ekan. Agar mo‘min kishi katta gunohlarni qilishdan taqvo qilsa, Alloh taolo kichik gunohlarni kechirar ekan.

Alloh taolo taqvodor bandani g‘am-qayg‘u va qo‘rquvdan salomat saqlaydi

“Ey Odam bolalari, agar sizlarga o‘zingizdan bo‘lgan Payg‘ambarlar kelib, oyatlarimni so‘zlaganda, bas, kim taqvo qilsa va yaxshi amal qilsa, ularga xavf yo‘qdir va ular xafa ham bo‘lmaslar”[12]. Payg‘ambarimiz (sollallohu alayhi va sallam)ning hadislarida keladi: “Kim barcha g‘amini Allohni rozi qilish g‘amiga almashtirib olsa, qolgan g‘amlarining hammasini Alloh O‘zining zimmasiga olishini va’da bergan”.

Taqvodorlarning solih amallarini qabul qiladi

Ularga Odamning ikki o‘g‘li xabarini haq ila tilovat qilib ber. Ikkovlari qurbonlik qilganlarida, birlaridan qabul qilindi, boshqasidan qabul qilinmadi. U: “Albatta, men seni o‘ldirajakman”, dedi. Birisi: “Albatta, Alloh taqvodorlardangina qabul qiladir[13]. Qobil va Hobil sadaqa qilishdi, Alloh Hobilning sadaqasini qabul qildi, Qobilnikini qabul qilmadi. Chunki Hobil Allohdan taqvo qilib eng yaxshi ko‘rgan molini sadaqa qilgan edi.

Taqvodorlarga baraka yog‘iladi va rizqi keng bo‘ladi

Agar qishloqlar ahllari imon keltirganlarida va taqvo qilganlarida edi, Biz, albatta, ularga osmonu yerdan barakotlarni ochib qo‘yar edik. Lekin ular yolg‘onga chiqardilar, bas, ularni qilgan kasblari tufayli tutdik[14]. Inson uchun osmon va zamindan barakot eshiklari ochilishi uchun birgina shart kifoya, ya’ni, u imonli va taqvoli bo‘lishi lozim ekan. Ana o‘shanda insonga osmonu zamindan barakotlar eshigi ochib qo‘yiladi. Chunki imon insonni barakotli hayot yo‘liga boshlaydi. Taqvo esa,  insonni farovon hayot yo‘liga soladi. Imon bilan taqvo bir-biriga chambarchas bog‘liq bo‘lganidek, barakot ham ularga bog‘liqdir. Bu haqiqatga kattayu kichik har bir sohada guvoh bo‘lishi mumkin. “...Kim Allohga taqvo qilsa, U Zot uning yo‘lini ochib qo‘yur. Va unga o‘zi o‘ylamagan tarafdan rizq berur...[15]

Alloh taqvodor bandani dushmanlarining makr-hiylalaridan saqlaydi

Sizga yaxshilik yetsa, ularga yomon bo‘lar. Sizlarga musibat yetsa, ular xursand bo‘larlar. Agar sabr va taqvo qilsangiz, ularning makri sizga hech zarar qilmas. Albatta, Alloh qilayotgan ishlarini ihota qilguvchidir[16]. Og‘ir kunlarda “hamma narsa Allohdan” deb sabr bilan taqvo qilinsa, hech bir dushmanning makri ziyon yetkazmas ekan.

Alloh taqvodorlarga ilm beradi, ya’ni o‘rgatadi

Allohga taqvo qiling. Va Alloh sizga ilm beradi. Alloh har bir narsani biluvchi Zotdir[17]. Taqvo qilsak, Alloh bizga hamma yo‘lni o‘rgatar ekan.

Jahannamdan najotga chiqaradi

Sizdan unga yaqinlashuvchi bo‘lmagan hech kim yo‘q. Bu Rabbing huzuridagi keskin hukmdir. So‘ngra taqvo qilganlarga najot beramiz va zolimlarni unda tiz cho‘kkan hollarida qoldiramiz[18]. Mo‘minlar jahannamga, xususan, sirotdan o‘tayotganlarida yaqinlashadilar, biroq, tushmay o‘tib ketadilar. Kofirlar esa, yaqinlashib, jahannam atrofida tiz cho‘kib o‘tiradilar va gunohlariga mos ravishda ketma-ket do‘zaxga tashlanadilar.

Jannat beriladi

Albatta, taqvodorlarga yutuq bordir: bog‘-rog‘lar, uzumzorlar bordir. Va yangi bo‘yi yetgan bir xil yoshdagi qizlar bordir. Va to‘ldirilgan qadahlar bordir. U yerda bekorchi gaplarni ham, yolg‘on gaplarni ham eshitmaslar. Rabbingdan mukofot, sovg‘a hisobidandir[19].

O‘sha oxirat diyorini Biz yer yuzida takabburlik va buzg‘unchilikni istamaydiganlar uchun qilurmiz. Oqibat taqvodorlarnikidir[20]. Oxirat diyori yer yuzida takabburlik va buzg‘unchilik qilmaganlar, ularni yer yuzida bo‘lishini istamaydiganlarga berilar ekan. Taqvodor bo‘lgan kishining oqibati yaxshi bo‘lar ekan.

Odamlarni qiynaydigan bir mavzu bor, ya’ni, ortida qolayotgan farzandlarining kelajagi haqida. Buning ham davosi taqvo qilib yashash ekan. Rasululloh (sollallohu alayhi va sallam): “Farzandlarining kelajagini o‘ylagan ota bo‘lsa, taqvo qilsin!”, – dedilar. Xizr va Muso (alayhissalom) o‘rtasidagi safarlarini eslasak, Alloh taolo bunday deydi: “Bas, yurib ketdilar. To bir shahar aholisiga kelganlarida, uning ahlidan taom so‘radilar. Ular ikkovlarini ziyofat qilishdan bosh tortdilar. Ikkovlari u yerda yiqilib ketay deb turgan bir devorni ko‘rishdi. Bas, uni turg‘izib qo‘ydi. U (Muso): “Agar xohlasang, buning uchun haq olar eding”, dedi[21] ya’ni, ularga taom berib mehmon qilishni xohlamagan qavmning yiqilishga yaqin bo‘lgan bir devorini tikka qilib qo‘yishadi. Sabri yetmagan Muso (alayhissalom) bu tikkalab qo‘ygan devorning haqini talab qilaylik, dedi. Xizrning tili bilan Alloh taolo Qur’oni karimda bunday marhamat qildi: “Devorga kelsak, u shahardagi ikki yetim bolaniki bo‘lib, uning ostida ikkovlarining xazinasi bor edi. Ularning otalari solih odam edi. Bas, Rabbing ikkovlarining voyaga yetishini va xazinalarini chiqarib olishini iroda qildi. Bu Allohning rahmati ila bo‘ldi...”[22].  Ota-onasi yaxshi, taqvodor odam bo‘lganlari uchun Alloh taolo buyurdi, devorni tikka qilib qo‘yishdi. Bu dunyodan o‘tib ketishini bilib turgan ota-ona farzandlarining kelajagini g‘am qiladigan bo‘lsa, faqat taqvo qilsa, ulardan keyin nima bo‘lishiga tashvish qilishmasa ham bo‘lar ekan.

Xulosa qiladigan bo‘lsak, yaxshi umr kechirishni, rizqimiz serob, ko‘nglimiz xotirjam va oxiratimiz obod bo‘lishini istasak, Allohdan taqvo qilib yashashimiz zarur ekan.

Q. Mahmudov

Manbashunoslik bo‘limi mutaxassisi


[1] Muhammad Salobiy. Siyrati amiri-l-mu’miniyn. Ali ibn Abu Tolib (roziyallohu anhu). 2005 – B.396.

[2] Oli Imron surasi, 102-oyat mazmuni.

[3] Musnad Ahmad ibn Hanbal. Ahmad ibn Hanbal. – J.5. Olamu-l-kutub.  Bayrut, 1998. – B. 181.

[4] Muslim ibn Hajjoj. Sahihi Muslim. – J.8. – Bayrut. Doru-l-ofoqi-l-jadida. – B.10.

[5] Hujurot surasi, 13-oyat mazmuni.

[6] Abu Abdulloh Muhammad ibn Ismoil. Al-adabu-l-mufrad. Bayrut. Doru-l-bashoiri-l-islomiya, 1989. – B.108.

[7] Nahl surasi, 128-oyat mazmuni.

[8] Oli Imron surasi, 76-oyat mazmuni.

[9] Oli Imron surasi, 68-oyat mazmuni.

[10] Taloq surasi, 4-oyat mazmuni.

[11] Taloq surasi, 5-oyat mazmuni.

[12] A’rof surasi, 35-oyat mazmuni.

[13] Moida surasi, 27-oyat mazmuni.

[14] A’rof surasi, 96-oyat mazmuni.

[15] Taloq surasi, 2–3-oyatlar mazmuni.

[16] Oli Imron surasi, 120-oyat mazmuni.

[17] Baqara surasi, 282-oyat mazmuni.

[18] Maryam surasi, 71–72-oyatlar mazmuni.

[19] Naba surasi, 31–35-oyatlar mazmuni.

[20] Qasos surasi, 83-oyat mazmuni.

[21] Kahf surasi, 77-oyat mazmuni.

[22] Kahf surasi, 82-oyat mazmuni.