Ҳурмати баланд ой

Рукн: Ислом ва иймон Чоп этилган: 14.10.2015

Аллоҳ таборака ва таолонинг марҳамати ила янги 1437 - ҳижрий санага ҳам соғ-саломат ва тинчлик-омонликда етиб келдик. Барчаларимизга янги ҳижрий сана муборак бўлсин! Аллоҳ таоло янги йилда барчаларимизга саодатли ва баракали умр берсин ва ҳар доим савобли ва эзгу амалларда бардавом бщлишимизни насиб айласин!
Аллоҳ таолонинг ойлари ва кунлари ичида шундайлари борки, унда қилинган ибодат ва солиҳ амаллар эвазига бошқа ой-кунлардагига нисбатан бир неча баробар ортиқ савоблар берилади. Ой ва кунларнинг қайта айланиши билан бандаларига ажр мукофотларни тўлиқ қилиб бериш ва фазлу карамини янада зиёда бўлиши учун, яхшилик мавсумларини давомли қилиб қўйгани барчамизга катта бир неъматдир. Муборак ҳаж мавсуми тугаши билан, унинг ортидан яхшиликлар билан тўла, ҳурмати баланд Муҳаррам ойи кириб келди. Муҳаррам ойи ҳам уруш ҳаром қилинган тўрт ойлардан биридир. Аллоҳ таоло Қуръони каримда марҳамат қиладики: “Албатта, Аллоҳнинг наздида ойларнинг адади – Аллоҳнинг осмонлар ва Ерни яратган кунидаги битигига мувофиқ – ўн икки ойдир. Улардан тўрттаси (уруш) тақиқланган ойлардир*. Ана шу тўғри диндир. Бас, ўша (ой)ларда (жанг қилиб) ўзингизга зулм қилмангиз!" 
    Ояти каримада уруш ҳаром қилинган тўрт ой – Зулқаъда, Зилҳижжа, Муҳаррам ва Ражаб ойларидир. Маълумки, ислом дини таълимоти бўйича Муҳаррам ойи ҳурматли ойдир. Бу ой Аллоҳ таоло урушни ҳаром қилган тўрт ойдан бири бўлиб, “Аллоҳнинг ойи”, деб ҳам номланади. Бу ҳам бўлса, унинг нечоғли ҳурмати баланд ва улуғлигига далолат қилади.
     Муҳаррам ойининг ошуро, яъни ўнинчи кунида барча самовий динлар тарихида муҳим воқеалар бўлиб ўтганлиги сабабли, бу ойнинг ўнинчи кунига нисбатан “Ошуро” ойи дейиш урфга айланган.
Муҳаррам ойи Аллоҳ таоло томонидан қон тўкиш ҳаром қилинган дея эълон қилинган тўрт ойнинг бири бўлиб, Умар разияллоҳу анҳу томонларидан исломий йилноманинг биринчи ойи қилиб белгиланган.
   «Ҳаром» сўзи араб тилида «таъқиқланган» ва «муқаддас қилинган» деган маъноларни англатади. Ҳаром қилинган ойлар – зулқаъда, зулҳижжа, муҳаррам ва ражаб ойлари бўлиб, уларнинг аввалги учтаси кетма-кет, ражаб ойи эса орадан беш ой ўтгандан кейин келади.
    Бухорий ва Муслим Абу Бакра разияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисларида Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қилдилар: «Албатта замон Аллоҳ таоло осмонлар ва Ерни яратган кундаги ҳолатидек айланиб чиқди. Бир йил ўн икки ойдир. Улардан тўрттаси ҳаром ойлардир. Учтаси пайдар-пай келувчи зулқаъда, зулҳижжа ва муҳаррамдир ҳамда (қолган бири эса) жумодо ва шаъбоннинг орасидаги Музарнинг ражабидир» (Бухорий ривоятлари, 3167-ҳадис; Муслим ривоятлари, 1679-ҳадис).
    Маълумки, Аллоҳ таоло маълум кунларни тоат мавсумлари этиб тайинлар экан, бу мавсумларнинг фазилати, ҳурмати ва муқаддаслигини бошқа вақтлардан зиёда қилиб қўйган. Бундай мавсумларда солиҳ амалларга бел боғлайдиган олийҳиммат бандаларнинг даражалари оширилади, ҳасанотлари зиёда қилинади ва иншааллоҳ улар дунёю охиратда бахту саодатга эришадилар.
    Тоату ибодат учун бебаҳо бўлган ана шундай мавсумлардан бири эшикларимизни қоқиб турибди. У ҳам бўлса, Аллоҳнинг муҳаррам ойидир. Келинг, унинг ҳурматини жойига қўйишга ҳаракат қилайлик, унда нафл рўза, нафл ибодат ва солиҳ амалларни кўпайтиришга енг шимарайлик, унинг қатларида жойлашган садаф ичра дурдек қимматли ва улуғ кун – Ошуро кунини ғанимат билайлик.
   Ушбу ойлар Аллоҳ таоло томонидан танлаб олинган сара ойлар сирасига киради. Уларда қон тўкиш, уруш-юришлар қилиш Иброҳим алайҳиссалом даврларидан бери ҳаромдир. Имом Табарий юқорида келтирилган ояти кариманинг тафсирида Қатода раҳимаҳуллоҳдан қуйидаги сўзларни нақл қиладилар: «Дарҳақиқат Аллоҳ таоло Ўзининг махлуқотларидан энг сара ва мумтозларини танлаб олди. Малоикалардан ҳам одамийлардан ҳам энг афзалларини элчиликка саралаб олди. Каломдан Ўзининг зикрини олий қилиб сайлади. Замин юзидан масжидларни ортиқ қилди. Ойлардан рамазонни ва уруш ҳаром қилинган ойларни танлаб олди. Кунлар ичидан жумъа кунини муфаззал қилди. Барча тунлардан Қадр тунини афзал этди. Бас, Аллоҳ улуғлаган нарсаларни сиз ҳам улуғланг! Зеро, ақл ва идрок соҳиблари қошида нарсаларнинг улуғлиги уларнинг Аллоҳ томонидан улуғланишига кўрадир» (Табарий тафсири, Тавба сураси, 36-оят).
   Бир йилда тўрт ойни урушсиз ой деб эълон қилиш бутун дунё тинчлигини кўзлаб қўйилган ажойиб илоҳий асос эди. Ҳарамайни шарифайн макон жиҳатидан тинчлик-омонлик минтақаси бўлса, уруш ҳаром қилинган тўрт ой замон жиҳатидан тинчлик-омонлик давридир.
    Бу ойларда жоҳилият вақтида ҳам урушлар таққа-тақ тўхтаган. Арзимаган нарса учун ўн йиллаб уруш қиладиган баджаҳл араб қабилалари ҳам бу ойлар кириши билан ўзларини тия олар эдилар. Ўғил отасининг қотилини кўриб қолса ҳам, унга бу ойларда бир оғиз сўз айтмас эди.

Муҳаррам ойининг фазилати

    Муҳаррам ойи ҳижрий-қамарий ойларнинг аввалгиси ва уруш ҳаром қилинган муқаддас тўрт ойнинг биридир. Рамазондан кейин тутиладиган рўзаларнинг энг афзали ҳам муҳаррам ойида тутилган рўза эканлиги Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан собит бўлган.
   Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилдилар: «Рамазондан кейин рўзаларнинг энг афзали Аллоҳнинг муҳаррам ойи(да тутилган рўза)дир, фарз намозидан кейинги энг афзал намоз эса тунги намоз – таҳажжуд намозидир» (Саҳиҳи Муслим, 1163-ҳадис).
    Мулло Али Қори айтадилар: «Ҳадис зоҳиридан муҳаррам ойининг барча кунида рўза тутиш мурод қилингани тушунилади» (Мирқотул-мафотиҳ шарҳу мишкотил-масобиҳ). Бироқ, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам рамазондан бошқа бирон-бир ойнинг мукаммал рўзасини тутмаганликлари собит бўлганлиги туфайли юқоридаги сўзлардан муҳаррам ойида тўлиқ эмас, балки кўп рўза тутишга тарғиб қилиш назарда тутилганлиги ойдинлашади. Демак, муҳаррам ойида нафл рўзани кўпайтириш ҳадисда баён қилинган фазилатга биноан мустаҳаб саналган амаллардан экан. Ҳадисда бу ойнинг «Аллоҳнинг муҳаррам ойи» дея Аллоҳ номига қўшиб зикр қилиниши ҳам унинг нечоғли улуғлиги ва шарафига далолат қилади.

Ашуро куни ва унда рўза тутишнинг фазилати

    Ашуро куни муҳаррам ойининг ўнинчи кунидир. У кунда рўза тутиш бир йил олдинги гуноҳларга каффорат бўлади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қиладилар: “Ашуро кунининг рўзаси – Аллоҳдан умид қиламанки – бир йил олдинги гуноҳларга каффорат бўлажак” (Муслим ривоятлари, 1162- ҳадис).
   Биргина куннинг рўзаси билан йил бўйи қилинган гуноҳларнинг ўчириб юборилиши Парвардигоримизнинг бизларга нисбатан нечоғли марҳаматли Зот эканлигидан даракдир. Бироқ, Ошуро кунининг рўзаси туфайли ҳосил бўладиган каффорат фақат йил давомида қилинган кичик гуноҳларни ўз ичига олади. Кабира, яъни катта гуноҳларнинг кечирилиши учун эса алоҳида тавба қилиш зарур.
   Ашуро куни шу қадар юксак даража ва аҳамиятга эга эканлигидан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уни ўтказиб юбормаслик учун қаттиқ тиришардилар, унинг савобини ҳосил қилиш учун у кунни жиддият билан излаб, ҳисоб-китобини қилиб пойлардилар. Ибн Аббос разияллоҳу анҳумодан ривоят қилинган мана бу ҳадис ҳам шунга далолат қилади: “Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг рўза тутиш бошқа пайтлардан муфаззал қилинган кунларнинг ҳеч бирини Ашуро кунидагидек ва мана шу ой, яъни рамазон ойидагидек астойдил излаганларини кўрмадим» (Саҳиҳи Бухорий, 2006-ҳадис).
   Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Ашуро кунининг рўзасини фақат ўзлари тутибгина қолмай, балки бошқаларни ҳам шунга тарғиб қилардилар. Ибн Аббос разияллоҳу анҳумодан ривоят қилинган ҳадисда шундай дейилади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Ашуро кунида, яъни (муҳаррамнинг) ўнинчи кунида рўза тутишга амр қилдилар» (Термизий ривоятлари).
   Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Ошуро кунида рўза тутиб, саҳобаларни ҳам бу кунда рўзадор бўлишга буюришларининг сабаби Имом Бухорий томонидан ривоят қилинган қуйидаги ҳадисда баён қилинади.
   Ибн Аббос разияллоҳу анҳумо айтадилар: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинага келиб, яҳудийларнинг Ошуро кунида рўза тутаётганларини кўрганларида, улардан: «Бу қандай кун?» деб сўрадилар. Улар жавоб беришди: «Бу шундай яхши кундирки, бу кунда Аллоҳ Бани Исроилни душманларидан қутқарган. Бас, шу боис Мусо бу кунда рўза тутган». Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бас, ундай бўлса, сизлардан кўра кўпроқ мен Мусога (яқин бўлишга) ҳақлироқман», – дедилар ва у кунда рўза тутиб, одамларни ҳам унинг рўзасини тутишга буюрдилар» (Бухорий ривоятлари, 1865-ҳадис).
   Муслим ривоятларида «Бу шундай яхши кундирки…» деган жумла ўрнида: «Бу шундай улуғ кундирки, унда Аллоҳ Мусо ва унинг қавмига нажот бериб, Фиръавн билан унинг қавмини сувга чўктирган», дейилади.
   «Бас, шу боис Мусо бу кунда рўза тутган», деган сўзга Муслим ривоятларида: «Бас, шу боис Мусо Аллоҳ таолога шукрона тарзида бу кунда рўза тутган. Шул сабаб, бизлар ҳам бу кунда рўза тутамиз», – деган қўшимча илова қилинган.
   Бухорийнинг бошқа бир ривоятларида ҳадисдаги «одамларни ҳам унинг рўзасини тутишга буюрдилар», деган лафз бошқачароқ ифода қилинади: «Шунда (Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам) асҳобларига шундай хитоб қилдилар: «Сизлар Мусога улардан (яҳудийлардан) кўра ҳақлироқсизлар, бас, бу кунда рўза тутинг!»»

Ўнинчи кунга қўшиб тўққизинчи кунда ҳам рўза тутишнинг мустаҳаблиги ҳақида

    Абдуллоҳ ибн Аббос разияллоҳу анҳумодан ривоят: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Ошуро кунида рўза тутиб, бошқаларни ҳам шунга буюрганларида, у кишига: «Ё Расулаллоҳ, бу кун яҳудий ва насронийлар улуғлайдиган кун», – дейишди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Келгуси йил келса, иншааллоҳ, тўққизинчи кунни (ҳам) тутамиз», – дедилар. Бироқ, келаси йил келгунча Ул зот соллаллоҳу алайҳи васаллам вафот қилдилар» (Муслим ривоятлари, 1916-ҳадис).

Ашуро кунида оилага кенгчилик кўрсатиш ҳақида

    Ашуро кунида қилинган солиҳ амалларга Аллоҳ таоло улуғ ажру мукофотлар беради. Бу кунларда мўмин-мусулмонлар янада саховатли бўлиб, хайру эҳсонни кўпайтирмоқликлари лозим. Чунки, хайру эҳсон ибодатларнинг энг улуғларидан бўлиб, унинг эвазига бериладиган савоб ҳам беқиёсдир. Албатта, эҳсонни авваламбор оила аҳлларидан, энг яқин қариндошлардан бошламоқлик шарт. Ундан кейин имкон бўлса, қўни-қўшни ва эхтиёжмандларга мурувват кўрсатиш керак бўлади. Бу хусусда Пайғамбаримиз (сав) шундай марҳамат қиладилар: “Кимки Ашуро кунида ўз аҳли оиласига кўпроқ нафақа қилса, яъни рўзғорини бут қилиб берса, Аллоҳ таоло йил давомида унинг ризқига кенгчилик беради”.
     Имом Суфён ас-Саврий ҳазратлари: “Биз ушбу ҳадисни амалда қўллаб кўрдик ва унинг айтилганидек эканлигига гувоҳ бўлдик” – деганлар. Дарҳақиқат, эҳтиёжмандларга хайр-саховат қилиш инсонлар ўртасида меҳр-оқибат ришталарини боғлашга, ўзаро ҳурмат ва тотувлик ҳисларини ортишига хизмат қилиш билан бирга дунёвий ишларнинг ривож топишига, оилаларимизга барака киришига ҳам сабаб бўлади.
     Аллоҳ таоло барчаларимизни хайру саховатли, яхшилик қилувчи бандаларидан қилсин. Юртимизни тинч, осмонимизни мусаффо айлаб, барчаларимизни бу кунларнинг файзу футуҳларидан баҳраманд бўлиб, солиҳ амалларни давомли ҳолатда қилиб боришимизни насибу айласин! Янги ҳижрий 1437 сана барчамизга қутлуғ ва муборак бўлсин.

Одилхон қори Юнусхон ўғли
"Шайх Зайниддин" жомеъ масжиди имом-хатиби

* * *

Alloh taboraka va taoloning marhamati ila yangi 1437 - hijriy sanaga ham sog‘-salomat va tinchlik-omonlikda yetib keldik. Barchalarimizga yangi hijriy sana muborak bo‘lsin! Alloh taolo yangi yilda barchalarimizga saodatli va barakali umr bersin va har doim savobli va ezgu amallarda bardavom bщlishimizni nasib aylasin!
    Alloh taoloning oylari va kunlari ichida shundaylari borki, unda qilingan ibodat va solih amallar evaziga boshqa oy-kunlardagiga nisbatan bir necha barobar ortiq savoblar beriladi. Oy va kunlarning qayta aylanishi bilan bandalariga ajr mukofotlarni to‘liq qilib berish va fazlu karamini yanada ziyoda bo‘lishi uchun, yaxshilik mavsumlarini davomli qilib qo‘ygani barchamizga katta bir ne’matdir. Muborak haj mavsumi tugashi bilan, uning ortidan yaxshiliklar bilan to‘la, hurmati baland Muharram oyi kirib keldi. Muharram oyi ham urush harom qilingan to‘rt oylardan biridir. Alloh taolo Qur’oni karimda marhamat qiladiki: “Albatta, Allohning nazdida oylarning adadi – Allohning osmonlar va Yerni yaratgan kunidagi bitigiga muvofiq – o‘n ikki oydir. Ulardan to‘rttasi (urush) taqiqlangan oylardir*. Ana shu to‘g‘ri dindir. Bas, o‘sha (oy)larda (jang qilib) o‘zingizga zulm qilmangiz!" 
    Oyati karimada urush harom qilingan to‘rt oy – Zulqa’da, Zilhijja, Muharram va Rajab oylaridir. Ma’lumki, islom dini ta’limoti bo‘yicha Muharram oyi hurmatli oydir. Bu oy Alloh taolo urushni harom qilgan to‘rt oydan biri bo‘lib, “Allohning oyi”, deb ham nomlanadi. Bu ham bo‘lsa, uning nechog‘li hurmati baland va ulug‘ligiga dalolat qiladi.
     Muharram oyining oshuro, ya’ni o‘ninchi kunida barcha samoviy dinlar tarixida muhim voqealar bo‘lib o‘tganligi sababli, bu oyning o‘ninchi kuniga nisbatan “Oshuro” oyi deyish urfga aylangan.
Muharram oyi Alloh taolo tomonidan qon to‘kish harom qilingan deya e’lon qilingan to‘rt oyning biri bo‘lib, Umar raziyallohu anhu tomonlaridan islomiy yilnomaning birinchi oyi qilib belgilangan.
   «Harom» so‘zi arab tilida «ta’qiqlangan» va «muqaddas qilingan» degan ma’nolarni anglatadi. Harom qilingan oylar – zulqa’da, zulhijja, muharram va rajab oylari bo‘lib, ularning avvalgi uchtasi ketma-ket, rajab oyi esa oradan besh oy o‘tgandan keyin keladi.
    Buxoriy va Muslim Abu Bakra raziyallohu anhudan rivoyat qilgan hadislarida Nabiy sollallohu alayhi vasallam shunday marhamat qildilar: «Albatta zamon Alloh taolo osmonlar va Yerni yaratgan kundagi holatidek aylanib chiqdi. Bir yil o‘n ikki oydir. Ulardan to‘rttasi harom oylardir. Uchtasi paydar-pay keluvchi zulqa’da, zulhijja va muharramdir hamda (qolgan biri esa) jumodo va sha’bonning orasidagi Muzarning rajabidir» (Buxoriy rivoyatlari, 3167-hadis; Muslim rivoyatlari, 1679-hadis).
    Ma’lumki, Alloh taolo ma’lum kunlarni toat mavsumlari etib tayinlar ekan, bu mavsumlarning fazilati, hurmati va muqaddasligini boshqa vaqtlardan ziyoda qilib qo‘ygan. Bunday mavsumlarda solih amallarga bel bog‘laydigan oliyhimmat bandalarning darajalari oshiriladi, hasanotlari ziyoda qilinadi va inshaalloh ular dunyoyu oxiratda baxtu saodatga erishadilar.
    Toatu ibodat uchun bebaho bo‘lgan ana shunday mavsumlardan biri eshiklarimizni qoqib turibdi. U ham bo‘lsa, Allohning muharram oyidir. Keling, uning hurmatini joyiga qo‘yishga harakat qilaylik, unda nafl ro‘za, nafl ibodat va solih amallarni ko‘paytirishga yeng shimaraylik, uning qatlarida joylashgan sadaf ichra durdek qimmatli va ulug‘ kun – Oshuro kunini g‘animat bilaylik.
   Ushbu oylar Alloh taolo tomonidan tanlab olingan sara oylar sirasiga kiradi. Ularda qon to‘kish, urush-yurishlar qilish Ibrohim alayhissalom davrlaridan beri haromdir. Imom Tabariy yuqorida keltirilgan oyati karimaning tafsirida Qatoda rahimahullohdan quyidagi so‘zlarni naql qiladilar: «Darhaqiqat Alloh taolo O‘zining maxluqotlaridan eng sara va mumtozlarini tanlab oldi. Maloikalardan ham odamiylardan ham eng afzallarini elchilikka saralab oldi. Kalomdan O‘zining zikrini oliy qilib sayladi. Zamin yuzidan masjidlarni ortiq qildi. Oylardan ramazonni va urush harom qilingan oylarni tanlab oldi. Kunlar ichidan jum’a kunini mufazzal qildi. Barcha tunlardan Qadr tunini afzal etdi. Bas, Alloh ulug‘lagan narsalarni siz ham ulug‘lang! Zero, aql va idrok sohiblari qoshida narsalarning ulug‘ligi ularning Alloh tomonidan ulug‘lanishiga ko‘radir» (Tabariy tafsiri, Tavba surasi, 36-oyat).
   Bir yilda to‘rt oyni urushsiz oy deb e’lon qilish butun dunyo tinchligini ko‘zlab qo‘yilgan ajoyib ilohiy asos edi. Haramayni sharifayn makon jihatidan tinchlik-omonlik mintaqasi bo‘lsa, urush harom qilingan to‘rt oy zamon jihatidan tinchlik-omonlik davridir.
    Bu oylarda johiliyat vaqtida ham urushlar taqqa-taq to‘xtagan. Arzimagan narsa uchun o‘n yillab urush qiladigan badjahl arab qabilalari ham bu oylar kirishi bilan o‘zlarini tiya olar edilar. O‘g‘il otasining qotilini ko‘rib qolsa ham, unga bu oylarda bir og‘iz so‘z aytmas edi.

Muharram oyining fazilati

    Muharram oyi hijriy-qamariy oylarning avvalgisi va urush harom qilingan muqaddas to‘rt oyning biridir. Ramazondan keyin tutiladigan ro‘zalarning eng afzali ham muharram oyida tutilgan ro‘za ekanligi Nabiy sollallohu alayhi vasallamdan sobit bo‘lgan.
   Abu Hurayra raziyallohu anhudan rivoyat: Rasululloh sollallohu alayhi vasallam marhamat qildilar: «Ramazondan keyin ro‘zalarning eng afzali Allohning muharram oyi(da tutilgan ro‘za)dir, farz namozidan keyingi eng afzal namoz esa tungi namoz – tahajjud namozidir» (Sahihi Muslim, 1163-hadis).
    Mullo Ali Qori aytadilar: «Hadis zohiridan muharram oyining barcha kunida ro‘za tutish murod qilingani tushuniladi» (Mirqotul-mafotih sharhu mishkotil-masobih). Biroq, Nabiy sollallohu alayhi vasallam ramazondan boshqa biron-bir oyning mukammal ro‘zasini tutmaganliklari sobit bo‘lganligi tufayli yuqoridagi so‘zlardan muharram oyida to‘liq emas, balki ko‘p ro‘za tutishga targ‘ib qilish nazarda tutilganligi oydinlashadi. Demak, muharram oyida nafl ro‘zani ko‘paytirish hadisda bayon qilingan fazilatga binoan mustahab sanalgan amallardan ekan. Hadisda bu oyning «Allohning muharram oyi» deya Alloh nomiga qo‘shib zikr qilinishi ham uning nechog‘li ulug‘ligi va sharafiga dalolat qiladi.

Ashuro kuni va unda ro‘za tutishning fazilati

    Ashuro kuni muharram oyining o‘ninchi kunidir. U kunda ro‘za tutish bir yil oldingi gunohlarga kafforat bo‘ladi. Nabiy sollallohu alayhi vasallam marhamat qiladilar: “Ashuro kunining ro‘zasi – Allohdan umid qilamanki – bir yil oldingi gunohlarga kafforat bo‘lajak” (Muslim rivoyatlari, 1162- hadis).
   Birgina kunning ro‘zasi bilan yil bo‘yi qilingan gunohlarning o‘chirib yuborilishi Parvardigorimizning bizlarga nisbatan nechog‘li marhamatli Zot ekanligidan darakdir. Biroq, Oshuro kunining ro‘zasi tufayli hosil bo‘ladigan kafforat faqat yil davomida qilingan kichik gunohlarni o‘z ichiga oladi. Kabira, ya’ni katta gunohlarning kechirilishi uchun esa alohida tavba qilish zarur.
   Ashuro kuni shu qadar yuksak daraja va ahamiyatga ega ekanligidan Rasululloh sollallohu alayhi vasallam uni o‘tkazib yubormaslik uchun qattiq tirishardilar, uning savobini hosil qilish uchun u kunni jiddiyat bilan izlab, hisob-kitobini qilib poylardilar. Ibn Abbos raziyallohu anhumodan rivoyat qilingan mana bu hadis ham shunga dalolat qiladi: “Men Rasululloh sollallohu alayhi vasallamning ro‘za tutish boshqa paytlardan mufazzal qilingan kunlarning hech birini Ashuro kunidagidek va mana shu oy, ya’ni ramazon oyidagidek astoydil izlaganlarini ko‘rmadim» (Sahihi Buxoriy, 2006-hadis).
   Payg‘ambar sollallohu alayhi vasallam Ashuro kunining ro‘zasini faqat o‘zlari tutibgina qolmay, balki boshqalarni ham shunga targ‘ib qilardilar. Ibn Abbos raziyallohu anhumodan rivoyat qilingan hadisda shunday deyiladi: «Rasululloh sollallohu alayhi vasallam Ashuro kunida, ya’ni (muharramning) o‘ninchi kunida ro‘za tutishga amr qildilar» (Termiziy rivoyatlari).
   Payg‘ambarimiz sollallohu alayhi vasallamning Oshuro kunida ro‘za tutib, sahobalarni ham bu kunda ro‘zador bo‘lishga buyurishlarining sababi Imom Buxoriy tomonidan rivoyat qilingan quyidagi hadisda bayon qilinadi.
   Ibn Abbos raziyallohu anhumo aytadilar: «Nabiy sollallohu alayhi vasallam Madinaga kelib, yahudiylarning Oshuro kunida ro‘za tutayotganlarini ko‘rganlarida, ulardan: «Bu qanday kun?» deb so‘radilar. Ular javob berishdi: «Bu shunday yaxshi kundirki, bu kunda Alloh Bani Isroilni dushmanlaridan qutqargan. Bas, shu bois Muso bu kunda ro‘za tutgan». Shunda Nabiy sollallohu alayhi vasallam: «Bas, unday bo‘lsa, sizlardan ko‘ra ko‘proq men Musoga (yaqin bo‘lishga) haqliroqman», – dedilar va u kunda ro‘za tutib, odamlarni ham uning ro‘zasini tutishga buyurdilar» (Buxoriy rivoyatlari, 1865-hadis).
   Muslim rivoyatlarida «Bu shunday yaxshi kundirki…» degan jumla o‘rnida: «Bu shunday ulug‘ kundirki, unda Alloh Muso va uning qavmiga najot berib, Fir’avn bilan uning qavmini suvga cho‘ktirgan», deyiladi.
   «Bas, shu bois Muso bu kunda ro‘za tutgan», degan so‘zga Muslim rivoyatlarida: «Bas, shu bois Muso Alloh taologa shukrona tarzida bu kunda ro‘za tutgan. Shul sabab, bizlar ham bu kunda ro‘za tutamiz», – degan qo‘shimcha ilova qilingan.
   Buxoriyning boshqa bir rivoyatlarida hadisdagi «odamlarni ham uning ro‘zasini tutishga buyurdilar», degan lafz boshqacharoq ifoda qilinadi: «Shunda (Nabiy sollallohu alayhi vasallam) ashoblariga shunday xitob qildilar: «Sizlar Musoga ulardan (yahudiylardan) ko‘ra haqliroqsizlar, bas, bu kunda ro‘za tuting!»

O‘ninchi kunga qo‘shib to‘qqizinchi kunda ham ro‘za tutishning mustahabligi haqida

    Abdulloh ibn Abbos raziyallohu anhumodan rivoyat: «Payg‘ambar sollallohu alayhi vasallam Oshuro kunida ro‘za tutib, boshqalarni ham shunga buyurganlarida, u kishiga: «Yo Rasulalloh, bu kun yahudiy va nasroniylar ulug‘laydigan kun», – deyishdi. Shunda Rasululloh sollallohu alayhi vasallam: «Kelgusi yil kelsa, inshaalloh, to‘qqizinchi kunni (ham) tutamiz», – dedilar. Biroq, kelasi yil kelguncha Ul zot sollallohu alayhi vasallam vafot qildilar» (Muslim rivoyatlari, 1916-hadis).

Ashuro kunida oilaga kengchilik ko‘rsatish haqida

    Ashuro kunida qilingan solih amallarga Alloh taolo ulug‘ ajru mukofotlar beradi. Bu kunlarda mo‘min-musulmonlar yanada saxovatli bo‘lib, xayru ehsonni ko‘paytirmoqliklari lozim. Chunki, xayru ehson ibodatlarning eng ulug‘laridan bo‘lib, uning evaziga beriladigan savob ham beqiyosdir. Albatta, ehsonni avvalambor oila ahllaridan, eng yaqin qarindoshlardan boshlamoqlik shart. Undan keyin imkon bo‘lsa, qo‘ni-qo‘shni va extiyojmandlarga muruvvat ko‘rsatish kerak bo‘ladi. Bu xususda Payg‘ambarimiz (sav) shunday marhamat qiladilar: “Kimki Ashuro kunida o‘z ahli oilasiga ko‘proq nafaqa qilsa, ya’ni ro‘zg‘orini but qilib bersa, Alloh taolo yil davomida uning rizqiga kengchilik beradi”.
     Imom Sufyon as-Savriy hazratlari: “Biz ushbu hadisni amalda qo‘llab ko‘rdik va uning aytilganidek ekanligiga guvoh bo‘ldik” – deganlar. Darhaqiqat, ehtiyojmandlarga xayr-saxovat qilish insonlar o‘rtasida mehr-oqibat rishtalarini bog‘lashga, o‘zaro hurmat va totuvlik hislarini ortishiga xizmat qilish bilan birga dunyoviy ishlarning rivoj topishiga, oilalarimizga baraka kirishiga ham sabab bo‘ladi.
     Alloh taolo barchalarimizni xayru saxovatli, yaxshilik qiluvchi bandalaridan qilsin. Yurtimizni tinch, osmonimizni musaffo aylab, barchalarimizni bu kunlarning fayzu futuhlaridan bahramand bo‘lib, solih amallarni davomli holatda qilib borishimizni nasibu aylasin! Yangi hijriy 1437 sana barchamizga qutlug‘ va muborak bo‘lsin.

Odilxon qori Yunusxon o‘g‘li
"Shayx Zayniddin" jome’ masjidi imom-xatibi