Жалолиддин Румий. Уч балиқ ҳикояси

Рукн: Ибрат Чоп этилган: 10.12.2014

Кичик кўлда уч балиқ яшарди. Бир куни бу ерга одамлар келишди. Балиқларни кўриб:
- Бориб тўрларни олиб келайлик, бу балиқларни тутайлик, деб қайтиб кетишди.
Буни сезган балиқлардан энг ақллиси вақт ўтказмай, денгизга томон йўл олди. Қолган икки балиқ эса уни масхара қилди.
- Ҳой ақлсиз, сен йўлнинг ярмига бормасдан ўлиб кетасан. Яхшиси, бу ниятингдан воз кеч, дейишди.
Бироқ балиқ уларга қулоқ солмади, минг бир машаққат билан денгизга етиб, қутулди.
Кўп ўтмай, тўрларини олиб балиқчилар келишди ва қолган икки балиқнинг ортига тушишди. Иккинчи балиқ: «Агар ўзимни ўлганга солсам, қутуламан», деди ўзига ўзи. Қорнини юқорига қилиб тек ётди, ҳеч қимирламади. Балиқчилар уни кўришиб: «Нақадар чиройли балиқ экан, афсус, ўлибди», дея олиб, четга отиб юборишди. Балиқ эса аста-секин сувга етди, овлоқ бир жойга яширинди.
Балиқчилар учинчи балиқни қувлашга тушишди. Ниҳоят, уни тутишди. У ақлли балиққа эргашмагани учун пушаймон бўлди. Бироқ энди вақт ўтган, ғишт қолипдан кўчган эди. Балиқчилар унинг қорнини ёриб, товада қовуришди («Маснавийи маънавий» 4-жилд, 2202-байт).

Ҳар тарафга жони талпингай, холос, 
Талпинур беҳуда, топмайдир халос. 

Шарҳи 

Мавлоно Жалолиддин Румийнинг икки шоҳ асари бор. Бири «Маснавийи маънавий», яна бири «Девони Кабир». «Девони Кабир» ҳис-туйғу, завқ-шавққа тўла шеърлардан иборат. «Маснавий» эса насиҳатларга бой маърифий китобдир. Бу асарда қадар ва таваккулга доир янглиш тушунчалар бир неча бор кескин танқид қилинади.
«Маснавий»да баркамоллик, камолга эришув йўллари ёрқин мисоллар билан баён этилади. Юқорида келтирилган ҳикояда ҳам икки мақсадга эътибор қаратилган. Биринчиси — ҳушёр ва ақлли, меҳнатсевар, ғайрат-шижоатли бўлишга чақириш. Иккинчиси — «ўлмасдан олдин нафснинг салбий истакларини ўлдир» мазмунида насиҳат қилиш. Дунё ва охират ҳаётида нажотга эришиб, бахт-саодатли бўлиш шу икки хусусиятга боғлиқ.
Мавлоно бу ҳикояни «Калила ва Димна» номли ҳинд масал китобидан олганини айтади ва дарҳол қўшимча қилади: «У ерда айтилгани қобиқдан иборат, биз тушунтирмоқчи бўлганимиз эса жоннинг нақд мағзидир».
Бу ўлчов «Маснавий»даги ҳамма ҳикояларга тегишлидир.
Мақсад ҳикоя айтиб бериш эмас, ҳикоялар орқали ўқувчи диққат-эътиборини асл мавзуга, гўзал ҳикматларга тортишдир.
Мавлоно Румий ҳикоя давомида кўлда яшаган балиқларнинг ўша атрофни ўз ватанлари билиб, ўрганиб қолишгани боис тарк этишни хоҳлашмаганини қайд қилиб ўтади. Бу тушунча ҳаммага маълум бўлган қулайлик ва осонликка талпиниш тушунчасидир. Кўпинча ўзимиз одатланиб қолган шарт-шароитни ташлагимиз келмайди. Мавлоно бу хил фикр-қарашлар тўғрисида: «Ватан севгисидан лоф урма. ...Дарёнинг нариги томонига ўт. “Ватан севгиси имондандир”, ҳикматини янглиш англама», дейди.
Жалолиддин Румий оиласи ҳам мўғул истилоси хавфи бош кўрсатгач, мамлакатларида мол ва жон хотиржамлиги қолмаслигини ўйлаб, кўчишга мажбур бўлди.
Ҳикоядаги кўлдан — балиқчилар хавфидан қочиб, узоқ ва машаққатли сафар сўнггида жон сақлаган — нажотга эришган балиқ, эҳтимол, Румийнинг ўзларини тамсил этар. Зеро, бу муборак сафар бошланиши билан абадий сафар орасида бутун дунёга маърифат ёғдуларини таратаётган, жумладан, ҳозир бизу сиз ҳам баҳраманд бўлаётган «Маснавийи маънавий», «Девони Кабир», «Фиҳи мо фиҳи» дунё юзини кўрди. «Икки уммон учрашуви» (Шамс Табризий ва Жалолиддин Румий ҳазратларининг учрашуви — А.Т.) содир бўлди.

* * *

Бирор ишни уддалаш учун азму шижоатли, иродали ва қатъиятли бўлиш керак. Айш-ишратга берилган ўткинчи ҳой-ҳавасларга учган кимсалар мақсадга етишолмас. Ҳикоядаги ақлли балиқ азм этди ва қутулди. «Маснавий» тили билан айтганда: «Кўксини оёқ қилди ва йўлга тушди, у таҳликали жойдан нур денгизига қадар юрди, денгизга етди».
Мавлоно бошқа бир мисол келтиради ва бундай вазиятларда қандай ғайрат кўрсатиш кераклигини айтади: «Орқасидан бўри қувлаётган жайрон ҳаётидан бир томир қолса-да, югуради-ку! У балиқ ҳам шундай шиддат-ла сузмоқда эди. Орқадан кўппак қуваркан, қуён уйқусига чўмиш катта хатодир. Ғайратли балиқ узоқ йўл босиб, поёнсиз денгизга етди ва қутулди».
Ғайратли, азм-шижоатли ва қатъиятли бўлиш комил мусулмонлик белгисидир. Қуръони каримда «Инсон учун факат ўзи қилган ҳаракатигина бўлур. Унинг қилган саъй-ҳаракати эса яқинда кўринур», дея марҳамат қилинади (Нажм, 39-40). Пайғамбаримизнинг (с.а.в.) ҳаётлари бошдан охиригача мужодала ва ҳаракат билан ўтди. У зот доимо ҳалол меҳнат, яхшиликка интилиш билан кун кечиришни тавсия қилдилар. Бу дунёдан комилликка интилмай, нуқсонларни тузатмай, илм, ҳунар эгалламай, эл-юртга, маърифатга хизмат қилмай ўтиш ҳаммомдан нопок — ювинмай чиқмоққа менгзалади:

Камол эт касбким, олам уйидин 
Сенга фарз ўлмағай ғамнок чиқмоқ. 
Жаҳондан нотамом ўтмак биайни 
Эрур ҳаммомдин нопок чиқмоқ.
Алишер Навоий

Яратган бизга комиллик учун ақл, кўз, қулоқ, қўл ва неча яна тенгсиз неъматлар, воситалар бермадими. Биз эса баъзан ҳаракат у ёқда турсин, сўрашга ҳам эринамиз, эплаёлмаймиз. Бизни ҳаракатга, нажотга чиқарувчилар устидан эса Румий ҳикоясидаги эринчоқ балиқ каби куламиз, уни масхара қиламиз...

* * *

Ҳикояда қочиб қутулган биринчи балиқ тутган йўл энг оқилона йўлдир. Иккинчи балиқ мисолида Мавлоно бошқа бир мавзуга эътиборни тортади — бу ўлмасдан олдин ўлишдир. Иккинчи балиқ ҳам ўзини ўлганга солиб, ҳаётини қутқарди.
Такрор эслатамиз, ўлмасдан олдин ўлиш жисмоний ўлим эмас, мажозий бир ўлимдир. Уни «иродий ўлим» ҳам дейишади. Бу ҳикоя назарда тутган нарса бундайдир: нафсоний орзу-истакларни шундай назорат остига олиш керакки, улар гўё ўлган, йўқ ҳолга келган каби бўлсин. Масалан, кибр, ғурур, қизғанчиқлик, ҳасад, ёлғон, ғийбат каби ёмон иллатларни батамом йўқотиш керак. Бу эса нафсни тарбиялаш билан амалга ошади.
Нафс тарбияланмас, ислоҳ қилинмас экан, қалб қораяди, қаттиқлашади, эгасини ҳалокатга етаклайди. Нафс тинимсиз айш-ишратни хоҳлайди. Ўзини шодлантиради, сени гуноҳ-аламга етаклайди.
Киши нафсоний ҳис-туйғуларини жиловлаб, нафс васвасаларидан қутулиши керак. Шунда у жўмард, бошқаларга ёрдам қилувчи, ҳар кимга яхшилик тилайдиган одам бўлади.
У ҳеч кимнинг дилини оғритмайди, ҳаммага севги ва шафқат билан, очиқ юз ва ширин сўз билан муомала қилади. Чунки у билади:

Калиди ганжи маъноким забондур, 
Анга бир нуқта кўп бўлса, зиёндир... 
Ёмон тил икки оламда зарардир, 
Гоҳи исён, гоҳи хавфу хатардир.
Ёмон тил шумлиғи гоҳ жонга урғай, 
Гоҳи жондин ўтиб, имонға урғай.
Сўфи Оллоёр

Бу хислатга бир ички покланиш ва маънавий тарбия билан эришилади. Бу тарбиянинг номи мужоҳададир. Яъни, ўзининг қусур ва заифликларига қарши курашиб, уларни енгиш кўп улуғ ишдир. Нафсига қарши курашда ғолиб киши ҳам маънавий ҳурликка эришади.

Абдуллоҳ Мурод тайёрлади.
“Ҳидоят” журналининг 2010 йил, 7-сонидан олинди.

 

* * *

Kichik ko‘lda uch baliq yashardi. Bir kuni bu yerga odamlar kelishdi. Baliqlarni ko‘rib:
- Borib to‘rlarni olib kelaylik, bu baliqlarni tutaylik, deb qaytib ketishdi.
Buni sezgan baliqlardan eng aqllisi vaqt o‘tkazmay, dengizga tomon yo‘l oldi. Qolgan ikki baliq esa uni masxara qildi.
- Hoy aqlsiz, sen yo‘lning yarmiga bormasdan o‘lib ketasan. Yaxshisi, bu niyatingdan voz kech, deyishdi.
Biroq baliq ularga quloq solmadi, ming bir mashaqqat bilan dengizga yetib, qutuldi.
Ko‘p o‘tmay, to‘rlarini olib baliqchilar kelishdi va qolgan ikki baliqning ortiga tushishdi. Ikkinchi baliq: «Agar o‘zimni o‘lganga solsam, qutulaman», dedi o‘ziga o‘zi. Qornini yuqoriga qilib tek yotdi, hech qimirlamadi. Baliqchilar uni ko‘rishib: «Naqadar chiroyli baliq ekan, afsus, o‘libdi», deya olib, chetga otib yuborishdi. Baliq esa asta-sekin suvga yetdi, ovloq bir joyga yashirindi.
Baliqchilar uchinchi baliqni quvlashga tushishdi. Nihoyat, uni tutishdi. U aqlli baliqqa ergashmagani uchun pushaymon bo‘ldi. Biroq endi vaqt o‘tgan, g‘isht qolipdan ko‘chgan edi. Baliqchilar uning qornini yorib, tovada qovurishdi («Masnaviyi ma’naviy» 4-jild, 2202-bayt).

Har tarafga joni talpingay, xolos, 
Talpinur behuda, topmaydir xalos. 

Sharhi 

Mavlono Jaloliddin Rumiyning ikki shoh asari bor. Biri «Masnaviyi ma’naviy», yana biri «Devoni Kabir». «Devoni Kabir» his-tuyg‘u, zavq-shavqqa to‘la she’rlardan iborat. «Masnaviy» esa nasihatlarga boy ma’rifiy kitobdir. Bu asarda qadar va tavakkulga doir yanglish tushunchalar bir necha bor keskin tanqid qilinadi.
«Masnaviy»da barkamollik, kamolga erishuv yo‘llari yorqin misollar bilan bayon etiladi. Yuqorida keltirilgan hikoyada ham ikki maqsadga e’tibor qaratilgan. Birinchisi — hushyor va aqlli, mehnatsevar, g‘ayrat-shijoatli bo‘lishga chaqirish. Ikkinchisi — «o‘lmasdan oldin nafsning salbiy istaklarini o‘ldir» mazmunida nasihat qilish. Dunyo va oxirat hayotida najotga erishib, baxt-saodatli bo‘lish shu ikki xususiyatga bog‘liq.
Mavlono bu hikoyani «Kalila va Dimna» nomli hind masal kitobidan olganini aytadi va darhol qo‘shimcha qiladi: «U yerda aytilgani qobiqdan iborat, biz tushuntirmoqchi bo‘lganimiz esa jonning naqd mag‘zidir».
Bu o‘lchov «Masnaviy»dagi hamma hikoyalarga tegishlidir.
Maqsad hikoya aytib berish emas, hikoyalar orqali o‘quvchi diqqat-e’tiborini asl mavzuga, go‘zal hikmatlarga tortishdir.
Mavlono Rumiy hikoya davomida ko‘lda yashagan baliqlarning o‘sha atrofni o‘z vatanlari bilib, o‘rganib qolishgani bois tark etishni xohlashmaganini qayd qilib o‘tadi. Bu tushuncha hammaga ma’lum bo‘lgan qulaylik va osonlikka talpinish tushunchasidir. Ko‘pincha o‘zimiz odatlanib qolgan shart-sharoitni tashlagimiz kelmaydi. Mavlono bu xil fikr-qarashlar to‘g‘risida: «Vatan sevgisidan lof urma. ...Daryoning narigi tomoniga o‘t. “Vatan sevgisi imondandir”, hikmatini yanglish anglama», deydi.
Jaloliddin Rumiy oilasi ham mo‘g‘ul istilosi xavfi bosh ko‘rsatgach, mamlakatlarida mol va jon xotirjamligi qolmasligini o‘ylab, ko‘chishga majbur bo‘ldi.
Hikoyadagi ko‘ldan — baliqchilar xavfidan qochib, uzoq va mashaqqatli safar so‘nggida jon saqlagan — najotga erishgan baliq, ehtimol, Rumiyning o‘zlarini tamsil etar. Zero, bu muborak safar boshlanishi bilan abadiy safar orasida butun dunyoga ma’rifat yog‘dularini taratayotgan, jumladan, hozir bizu siz ham bahramand bo‘layotgan «Masnaviyi ma’naviy», «Devoni Kabir», «Fihi mo fihi» dunyo yuzini ko‘rdi. «Ikki ummon uchrashuvi» (Shams Tabriziy va Jaloliddin Rumiy hazratlarining uchrashuvi — A.T.) sodir bo‘ldi.

* * *

Biror ishni uddalash uchun azmu shijoatli, irodali va qat’iyatli bo‘lish kerak. Aysh-ishratga berilgan o‘tkinchi hoy-havaslarga uchgan kimsalar maqsadga yetisholmas. Hikoyadagi aqlli baliq azm etdi va qutuldi. «Masnaviy» tili bilan aytganda: «Ko‘ksini oyoq qildi va yo‘lga tushdi, u tahlikali joydan nur dengiziga qadar yurdi, dengizga yetdi».
Mavlono boshqa bir misol keltiradi va bunday vaziyatlarda qanday g‘ayrat ko‘rsatish kerakligini aytadi: «Orqasidan bo‘ri quvlayotgan jayron hayotidan bir tomir qolsa-da, yuguradi-ku! U baliq ham shunday shiddat-la suzmoqda edi. Orqadan ko‘ppak quvarkan, quyon uyqusiga cho‘mish katta xatodir. G‘ayratli baliq uzoq yo‘l bosib, poyonsiz dengizga yetdi va qutuldi».
G‘ayratli, azm-shijoatli va qat’iyatli bo‘lish komil musulmonlik belgisidir. Qur’oni karimda «Inson uchun fakat o‘zi qilgan harakatigina bo‘lur. Uning qilgan sa’y-harakati esa yaqinda ko‘rinur», deya marhamat qilinadi (Najm, 39-40). Payg‘ambarimizning (s.a.v.) hayotlari boshdan oxirigacha mujodala va harakat bilan o‘tdi. U zot doimo halol mehnat, yaxshilikka intilish bilan kun kechirishni tavsiya qildilar. Bu dunyodan komillikka intilmay, nuqsonlarni tuzatmay, ilm, hunar egallamay, el-yurtga, ma’rifatga xizmat qilmay o‘tish hammomdan nopok — yuvinmay chiqmoqqa mengzaladi:

Kamol et kasbkim, olam uyidin 
Senga farz o‘lmag‘ay g‘amnok chiqmoq. 
Jahondan notamom o‘tmak biayni 
Erur hammomdin nopok chiqmoq.
Alisher Navoiy

Yaratgan bizga komillik uchun aql, ko‘z, quloq, qo‘l va necha yana tengsiz ne’matlar, vositalar bermadimi. Biz esa ba’zan harakat u yoqda tursin, so‘rashga ham erinamiz, eplayolmaymiz. Bizni harakatga, najotga chiqaruvchilar ustidan esa Rumiy hikoyasidagi erinchoq baliq kabi kulamiz, uni masxara qilamiz...

* * *

Hikoyada qochib qutulgan birinchi baliq tutgan yo‘l eng oqilona yo‘ldir. Ikkinchi baliq misolida Mavlono boshqa bir mavzuga e’tiborni tortadi — bu o‘lmasdan oldin o‘lishdir. Ikkinchi baliq ham o‘zini o‘lganga solib, hayotini qutqardi.
Takror eslatamiz, o‘lmasdan oldin o‘lish jismoniy o‘lim emas, majoziy bir o‘limdir. Uni «irodiy o‘lim» ham deyishadi. Bu hikoya nazarda tutgan narsa bundaydir: nafsoniy orzu-istaklarni shunday nazorat ostiga olish kerakki, ular go‘yo o‘lgan, yo‘q holga kelgan kabi bo‘lsin. Masalan, kibr, g‘urur, qizg‘anchiqlik, hasad, yolg‘on, g‘iybat kabi yomon illatlarni batamom yo‘qotish kerak. Bu esa nafsni tarbiyalash bilan amalga oshadi.
Nafs tarbiyalanmas, isloh qilinmas ekan, qalb qorayadi, qattiqlashadi, egasini halokatga yetaklaydi. Nafs tinimsiz aysh-ishratni xohlaydi. O‘zini shodlantiradi, seni gunoh-alamga yetaklaydi.
Kishi nafsoniy his-tuyg‘ularini jilovlab, nafs vasvasalaridan qutulishi kerak. Shunda u jo‘mard, boshqalarga yordam qiluvchi, har kimga yaxshilik tilaydigan odam bo‘ladi.
U hech kimning dilini og‘ritmaydi, hammaga sevgi va shafqat bilan, ochiq yuz va shirin so‘z bilan muomala qiladi. Chunki u biladi:

Kalidi ganji ma’nokim zabondur, 
Anga bir nuqta ko‘p bo‘lsa, ziyondir... 
Yomon til ikki olamda zarardir, 
Gohi isyon, gohi xavfu xatardir.
Yomon til shumlig‘i goh jonga urg‘ay, 
Gohi jondin o‘tib, imong‘a urg‘ay.
So‘fi Olloyor

Bu xislatga bir ichki poklanish va ma’naviy tarbiya bilan erishiladi. Bu tarbiyaning nomi mujohadadir. Ya’ni, o‘zining qusur va zaifliklariga qarshi kurashib, ularni yengish ko‘p ulug‘ ishdir. Nafsiga qarshi kurashda g‘olib kishi ham ma’naviy hurlikka erishadi.

Abdulloh Murod tayyorladi.
“Hidoyat” jurnalining 2010 yil, 7-sonidan olindi.