Муҳтожнинг эҳтиёжи

Рукн: Ибрат Чоп этилган: 24.11.2015

Холид ибн Миъдоддан, розияллоҳу анҳу:

“Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу Саид ибн Омир ибн Ҳузайм ал-Жумаҳийни Ҳумайсга волий этиб тайинладилар. Бир куни  Ҳумайсга келганларида халқдан:

— Волийингиз қандай? — деб сўрадилар.

— Ундан мамнун эмасмиз, — дейишди.

— Нега?

— Тўрт сабаби бор. Биринчидан, қуёш кўтарилмай ишга келмайди, иккинчидан, ойда бир кун ҳеч ташқарига чиқмайди, учинчидан, баъзан у шундай хафаҳол бўлиб қоладики, худди телбага ўхшаб кўринади ва ҳеч иш қилолмайди, тўртинчидан, кечқурунлари ҳеч кимни қабул қилмайди.

— Булар катта нуқсонлардир, — деди Умар ва Саидга хабар юборди.

Халифа Саидга ишончи туфайли хабар жўнатаётганида: «Аллоҳим, у ҳақдаги фикримни ўзгартирмагин”, деб дуо қилди.

Саид келганида Ҳазрати Умар Ҳумайс халқига:

— Волий устидан шикоятингизни яна бир бор айтинг, — деди.

— Қуёш кўтарилмай ишга келмайди, — дейишди.

— Валлоҳи, эй мўминлар амири. Мен аслида  ҳеч кимга айтмоқчи эмасдим. Уйимда хизматкор бўлмагани учун эрта туриб, нон пишириб олгач, таҳоратимни янгилаб, кейин ишга чиқаман, — деди Саид.

— Яна қандай шикоятингиз бор?  — сўради Ҳазрати Умар.

— Кечқурун бўлиши билан ҳеч кимнинг ишига қарамайди.

— Бунга нима дейсан, Саид?

— Аслида бу ҳақда ҳам гапирмоқчи эмасдим. Мен кундузни одамларга, кечани эса Аллоҳга ажратганман.

— Яна бир шикоятингиз бормиди?  — сўради халифа.

— Ойда  бир марта  ҳеч ташқарига чиқмайди, — дейишди.

— Хўш, бунга нима сабаб?

— Ҳали айтганимдек, хизматкор тутмаганим учун кирларимни ўзим юваман ва қуришини пойлайман. Сабаби, менда қўшимча бошқа уст-бош йўқ. Шунинг учун ўша куни шомга яқин чиқа оламан.

— Яна қандай шикоятингиз бор? — сўради Умар, розияллоҳу анҳу.

— Орада бир телбага айланади-қолади ва бирор иш қилолмайди.

Саид буни шундай изоҳлади:

— Ҳубайб ал-Ансорий Маккада ўлдирилганида мен ўша ерда эдим. Мушриклар уни ушлаб, бир неча жойидан гўшт парчаларини кесиб олишганидан сўнг, бир дарахтга осиб михладилар ва ундан: «Ҳозир сенинг  ўрнингда Муҳаммад бўлишини хоҳлармидинг?” деб сўрашди. У эса: «Валлоҳи, ҳозир мен ул зотнинг оёқларига бир тикан киришини ҳам истамайман” деди ва “Ё Муҳаммад” дея бақира-бақира жон берди.

Мен ўша пайт буюк Аллоҳнинг борлигига имон келтирмаган бир мушрик бўлганим учун унга ҳеч қандай ёрдам беролмаган эдим. Ҳатто унга ачинмадим ва виждоним ҳам қийналмади. Шуни эсласам, Аллоҳ таоло мени  кечирармикан, деб ўйлаб ҳушимдан кетиб қоламан.

Иттифоқо, Ҳазрати Умар, розияллоҳу анҳу:

— Аллоҳга шукрлар бўлсинким, менинг ожиз фаросатим нотўғри бўлиб  чиқмади, — деди ва  Саидга минг динор берилишини буюриб:

— Буни эҳтиёжларинг учун сарфла, — деди.

Саиднинг аёли буни эшитиб ниҳоятда  хурсанд бўлди ва эрига:

— Бизни сизнинг хизматингизга муҳтож бўлмоқдан халос этган Аллоҳга ҳамд бўлсин, — деди.

Саид аёлига қараб:

— Бу пулларни ўз эҳтиёжларимизга  ишлатмай, сен учун янада фойдалироқ бўлган бир иш қилсам нима дейсан? Уларни биздан ҳам муҳтожларга тарқатсак, биз учун янада фойдалидир, — деди. Аёли ҳам:

— Майли, — дегач, хонадон аҳлидан энг ишончли деб билган бир кишини чақирди.

Пул солинган халтачанинг оғзини боғлагач, унга:

— Ол, шу пулларни, фалон маҳаллада фалончи аёл бева, фалон бола етим, фалон жойда бир фақир бор, фалон маҳаллада  бир бемор ётибди, фалон жойда мусибатга учраган бир одам бор, ўшаларга тарқат, — деди.

Ҳалиги одам пулни айтилган одамларга тарқатиб чиқди. Қайтганида қўлида бир динор қолган эди.

Аёли Саидга:

— Худо хайрингизни берсин. Пулларни  тарқатдингиз, яхши. Лекин ҳеч бўлмаса, бизга бир хизматкор олсангиз  бўлар эди. Шунча пулда бизнинг ҳеч бир улушимиз йўқмиди? — деди.

Саид шундай деди:

— Хоним, шундай бир кун келадики, сен бу пулга бугунгидан кўра кўпроқ муҳтож бўласан...

“Қалбимизнинг нури” китобидан (таржимон Абдуллоҳ Мурод Холмурод ўғли)

* * *

Xolid ibn Mi’doddan, roziyallohu anhu:

“Umar ibn Xattob roziyallohu anhu Said ibn Omir ibn Huzaym al-Jumahiyni Humaysga voliy etib tayinladilar. Bir kuni  Humaysga kelganlarida xalqdan:

— Voliyingiz qanday? — deb so‘radilar.

— Undan mamnun emasmiz, — deyishdi.

— Nega?

— To‘rt sababi bor. Birinchidan, quyosh ko‘tarilmay ishga kelmaydi, ikkinchidan, oyda bir kun hech tashqariga chiqmaydi, uchinchidan, ba’zan u shunday xafahol bo‘lib qoladiki, xuddi telbaga o‘xshab ko‘rinadi va hech ish qilolmaydi, to‘rtinchidan, kechqurunlari hech kimni qabul qilmaydi.

— Bular katta nuqsonlardir, — dedi Umar va Saidga xabar yubordi.

Xalifa Saidga ishonchi tufayli xabar jo‘natayotganida: «Allohim, u haqdagi fikrimni o‘zgartirmagin”, deb duo qildi.

Said kelganida Hazrati Umar Humays xalqiga:

— Voliy ustidan shikoyatingizni yana bir bor ayting, — dedi.

— Quyosh ko‘tarilmay ishga kelmaydi, — deyishdi.

— Vallohi, ey mo‘minlar amiri. Men aslida  hech kimga aytmoqchi emasdim. Uyimda xizmatkor bo‘lmagani uchun erta turib, non pishirib olgach, tahoratimni yangilab, keyin ishga chiqaman, — dedi Said.

— Yana qanday shikoyatingiz bor?  — so‘radi Hazrati Umar.

— Kechqurun bo‘lishi bilan hech kimning ishiga qaramaydi.

— Bunga nima deysan, Said?

— Aslida bu haqda ham gapirmoqchi emasdim. Men kunduzni odamlarga, kechani esa Allohga ajratganman.

— Yana bir shikoyatingiz bormidi?  — so‘radi xalifa.

— Oyda  bir marta  hech tashqariga chiqmaydi, — deyishdi.

— Xo‘sh, bunga nima sabab?

— Hali aytganimdek, xizmatkor tutmaganim uchun kirlarimni o‘zim yuvaman va qurishini poylayman. Sababi, menda qo‘shimcha boshqa ust-bosh yo‘q. Shuning uchun o‘sha kuni shomga yaqin chiqa olaman.

— Yana qanday shikoyatingiz bor? — so‘radi Umar, roziyallohu anhu.

— Orada bir telbaga aylanadi-qoladi va biror ish qilolmaydi.

Said buni shunday izohladi:

— Hubayb al-Ansoriy Makkada o‘ldirilganida men o‘sha yerda edim. Mushriklar uni ushlab, bir necha joyidan go‘sht parchalarini kesib olishganidan so‘ng, bir daraxtga osib mixladilar va undan: «Hozir sening  o‘rningda Muhammad bo‘lishini xohlarmiding?” deb so‘rashdi. U esa: «Vallohi, hozir men ul zotning oyoqlariga bir tikan kirishini ham istamayman” dedi va “Yo Muhammad” deya baqira-baqira jon berdi.

Men o‘sha payt buyuk Allohning borligiga imon keltirmagan bir mushrik bo‘lganim uchun unga hech qanday yordam berolmagan edim. Hatto unga achinmadim va vijdonim ham qiynalmadi. Shuni eslasam, Alloh taolo meni  kechirarmikan, deb o‘ylab hushimdan ketib qolaman.

Ittifoqo, Hazrati Umar, roziyallohu anhu:

— Allohga shukrlar bo‘lsinkim, mening ojiz farosatim noto‘g‘ri bo‘lib  chiqmadi, — dedi va  Saidga ming dinor berilishini buyurib:

— Buni ehtiyojlaring uchun sarfla, — dedi.

Saidning ayoli buni eshitib nihoyatda  xursand bo‘ldi va eriga:

— Bizni sizning xizmatingizga muhtoj bo‘lmoqdan xalos etgan Allohga hamd bo‘lsin, — dedi.

Said ayoliga qarab:

— Bu pullarni o‘z ehtiyojlarimizga  ishlatmay, sen uchun yanada foydaliroq bo‘lgan bir ish qilsam nima deysan? Ularni bizdan ham muhtojlarga tarqatsak, biz uchun yanada foydalidir, — dedi. Ayoli ham:

— Mayli, — degach, xonadon ahlidan eng ishonchli deb bilgan bir kishini chaqirdi.

Pul solingan xaltachaning og‘zini bog‘lagach, unga:

— Ol, shu pullarni, falon mahallada falonchi ayol beva, falon bola yetim, falon joyda bir faqir bor, falon mahallada  bir bemor yotibdi, falon joyda musibatga uchragan bir odam bor, o‘shalarga tarqat, — dedi.

Haligi odam pulni aytilgan odamlarga tarqatib chiqdi. Qaytganida qo‘lida bir dinor qolgan edi.

Ayoli Saidga:

— Xudo xayringizni bersin. Pullarni  tarqatdingiz, yaxshi. Lekin hech bo‘lmasa, bizga bir xizmatkor olsangiz  bo‘lar edi. Shuncha pulda bizning hech bir ulushimiz yo‘qmidi? — dedi.

Said shunday dedi:

— Xonim, shunday bir kun keladiki, sen bu pulga bugungidan ko‘ra ko‘proq muhtoj bo‘lasan...

“Qalbimizning nuri” kitobidan (tarjimon Abdulloh Murod Xolmurod o‘g‘li)