Жулайбиб ас-Саҳобий

Рукн: Саҳобалар Чоп этилган: 03.10.2016

Жулайбиб Бани Саълаба қабиласидан, ансорларнинг амирларидан. Кунлардан бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ансорийларидан бир кишига: «Эй фалончи, қизингни менга турмушга бер», дедилар. У киши: «Бош устига», деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам : «Ўзимга эмас, Жулайбиб учун сўрадим», деган эдилар, у: «Ундай булса, хотиним билан маслаҳатлашиб олай», деди. У хотинининг олдига бориб: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қизингнинг қўлини сўраяптилар», деган эди, хотини: «Бош устига», деди. Эри: «Ўзларига эмас, Жулайбиб учун сўраяптилар», деди. Шунда хотини: «Аллоҳ номига қасам, Жулайбибга қизимни узатмайман», деди. Отаси қизини узата олмаслигини айтгани Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига кетаётганида, қизи парда ортидан: «Менга ким совчилик қилди?» деб сўраб қолди. Отаси: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бировга сўрадилар», деди. Қизи: «Сизлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг илтимосларини рад этмоқчимисизлар? Мени Расулуллоҳ талаб этган жойларига узатинглар, чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менга хайрли ишни раво кўрадилар», деди. Отаси Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига бориб: «Эй Аллоҳнинг Расули, қизимни Жулайбибга никоҳлаб қўяверинг», деди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ғазотлардан бирида: «Ичингиздан бирор кишини йўқотиб қўймадиларингми?» деб сўраган эдилар, саҳобалар: «Йуқ», дейишди. Мана шу савол-жавоб бир неча бор такрорлангач, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мен Жулайбибни йўқотиб қўйдим, уни ўликлар орасидан қидиринглар», дедилар. Улар қидириб, Жулайбибнинг жасадини топишди. У мушриклардан етти кишини ер тишлатгач, унинг ўзини ҳам ўлдиришган эди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Жулайбиб етти мушрикни ўлдирди, кейин уни ўлдиришди», дедилар. Сўнг унинг жасадини муборак елкаларига ортмоқлаб олиб кетдилар-да, нарироқда қабр кавлаб, кўмдилар. Жулайбибнинг мурдаси тобут кўрмай, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг елкалариданоқ қабрга тушди.

Сийрат.уз

* * *

Julaybib Bani Sa’laba qabilasidan, ansorlarning amirlaridan. Kunlardan bir kuni Rasululloh sollallohu alayhi vasallam ansoriylaridan bir kishiga: «Ey falonchi, qizingni menga turmushga ber», dedilar. U kishi: «Bosh ustiga», dedi. Rasululloh sollallohu alayhi vasallam : «O‘zimga emas, Julaybib uchun so‘radim», degan edilar, u: «Unday bulsa, xotinim bilan maslahatlashib olay», dedi. U xotinining oldiga borib: «Rasululloh sollallohu alayhi vasallam qizingning qo‘lini so‘rayaptilar», degan edi, xotini: «Bosh ustiga», dedi. Eri: «O‘zlariga emas, Julaybib uchun so‘rayaptilar», dedi. Shunda xotini: «Alloh nomiga qasam, Julaybibga qizimni uzatmayman», dedi. Otasi qizini uzata olmasligini aytgani Rasululloh sollallohu alayhi vasallam huzurlariga ketayotganida, qizi parda ortidan: «Menga kim sovchilik qildi?» deb so‘rab qoldi. Otasi: «Rasululloh sollallohu alayhi vasallam birovga so‘radilar», dedi. Qizi: «Sizlar Rasululloh sollallohu alayhi vasallamning iltimoslarini rad etmoqchimisizlar? Meni Rasululloh talab etgan joylariga uzatinglar, chunki Rasululloh sollallohu alayhi vasallam menga xayrli ishni ravo ko‘radilar», dedi. Otasi Rasululloh sollallohu alayhi vasallam huzurlariga borib: «Ey Allohning Rasuli, qizimni Julaybibga nikohlab qo‘yavering», dedi.

Rasululloh sollallohu alayhi vasallam g‘azotlardan birida: «Ichingizdan biror kishini yo‘qotib qo‘ymadilaringmi?» deb so‘ragan edilar, sahobalar: «Yuq», deyishdi. Mana shu savol-javob bir necha bor takrorlangach, Rasululloh sollallohu alayhi vasallam: «Men Julaybibni yo‘qotib qo‘ydim, uni o‘liklar orasidan qidiringlar», dedilar. Ular qidirib, Julaybibning jasadini topishdi. U mushriklardan yetti kishini yer tishlatgach, uning o‘zini ham o‘ldirishgan edi.

Rasululloh sollallohu alayhi vasallam: «Julaybib yetti mushrikni o‘ldirdi, keyin uni o‘ldirishdi», dedilar. So‘ng uning jasadini muborak yelkalariga ortmoqlab olib ketdilar-da, nariroqda qabr kavlab, ko‘mdilar. Julaybibning murdasi tobut ko‘rmay, Rasululloh sollallohu alayhi vasallamning yelkalaridanoq qabrga tushdi.

Siyrat.uz