Ҳубайб ибн Адий

Рукн: Саҳобалар Чоп этилган: 26.09.2016

Ҳубайб ибн Адий Мадинанинг Авс қабиласидан эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларнинг юртига ҳижрат қилган кундан бошлаб ёнларига келиб-кетиб юрди ва кўп ўтмай оламларнинг Робби Аллоҳ таолога иймон келтирди.

У Ислом шоири Ҳассон ибн Собит таърифлаганидек: «Ансорлар ичра бир бургут эди, яхши хулқли, пок насабли йигит эди…» Бадр жангида юзма-юз келган мушриклардан бири Ҳорис ибн Амр ибн Навфални енгди. Жанг тугаб, Қурайш қўшини Маккага қочганида Хориснинг ўғиллари оталари ўлимидан хабар топиб, уни ўлдирган мусулмоннинг исмини эслаб қолишди: Ҳубайб ибн Адий!

* * *

Мусулмонлар Бадр ғазотидан Мадинага қайтишди.

Ҳубайб обид ва зоҳид инсон эди. Қалбида зоҳидлар табиати ва обидлар нияти мужассам эди. У Мадинада чин дилдан ибодатга берилди. Тунлари намоз ўқир, кундузлари рўза тутар ва Аллоҳдан мағфират сўрар эди.

Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Қурайшнинг сирларидан, тайёргарликларидан хабар топиш, яна урушиш ниятлари бор-йуқлигини билиб келиш учун саҳобаларидан ўн кишини танладилар. Осим ибн Собит бошчилигидаги бу саҳобалар орасида Ҳубайб ҳам бор эди.

Гуруҳ йўлга чиқди. Макка билан Афсон ўртасидаги бир жойга етганларида Ҳузайл қабиласининг Бани Ҳайён деган уруғига уларнинг йўлга чиққани ҳақида хабар етиб келди. Мушриклар энг мерганларидан юз кишини олиб, гуруҳ изидан тушишди.

Агар душманлардан бири қумда ётган хурмо данагини кўрмаганида, балки, уларни топа олмаган бўлишарди. Ўша одам данаклардан бирини олиб, арабларга хос синчковлик билан тикилиб қаради. Кейин эса атрофдагиларга бундай деди: «Бу Ясриб (Мадина) данаги. Уларни топишимиз учун мана шу тўкилган данаклардан кўз узмай боришимиз керак».

Ердаги хурмо данакларидан из олиб, юра бошлашди. Сўнг узоқда мусулмонларни кўришди.

Осим ибн Собит изларидан мушриклар тушганини билгач, дўстларига тоғ чўққисига чиқишни буюрди.

Душманнинг юзта мергани тоғ атрофини ўраб олди. Мусулмонларга асло зарар етказмасликларини айтиб, таслим бўлишга ундашди. Мусулмонлар Осим ибн Собит ёнига тўпланиб, унинг амрини кутишарди.

Осим бундай деди: «Аллоҳга қасам, мушрикларнинг қўлида асир бўлишни истамайман. Аллоҳим, бизнинг аҳволимизни Пайғамбарингга билдир». Шу пайт душманлар уларни ўққа тута бошлашди. Осим ва етти нафар шериги шаҳид булди. Душманлар бошқалар таслим бўлишса, жонлари омонда қолишини айтиб, пастга тушишга даъват этищди.

Уч киши: Ҳубайб ибн Адий ва унинг икки дўсти тоғдан тушди. Ўқчилар Ҳубайб ва дусти Зайд ибн Дасинани боғлашди.

Учинчи мусулмон ваъдага хиёнатни сезиб, аввалги дўстлари каби фидойилик йулини танлади.

Ҳубайб билан Зайд қанчалик уринишмасин, арқонларни еча олишмади. Хоин ўқчилар иккала мусулмонни Маккага олиб бориб, мушрикларга сотишди.

Мушриклар тилида «Ҳубайб» исми жаранглади.

Ҳорис ибн Амрнинг ўғиллари Бадрда ўлдирилган оталарини ёдга олиб, бу исмни эслашлари биланоқ юракларидаги адоват жунбушга келди. Уни сотиб олишга югуришди…

Мушриклар икки гуруҳга бўлинди. Уларнинг бир гуруҳи Ҳубайбнинг дўсти Зайд ибн Дасинани олиб кетишди.

*  * *

Ҳубайб қўрқувни қувиб, қояларни эритувчи сокинлик, мардлик ва ишонч билан дуо ўқий бошлади. Аллоҳ у билан бирга эди.

Ҳубайбни асирликда сақлаётган уй соҳиби Ҳориснинг қизларидан бири кунларнинг бирида асир ёнига кирганида кўрган манзарани одамларга айтиш учун югурди:

«Ҳубайбнинг бир бош узум еяётганини курдим. У занжирбанд. Маккада эса ҳозир, умуман, узум топилмайди. Мен бу узум Ҳубайбга Аллоҳнинг берган ризқи, дейищдан бошқа бир сўзни айтолмайман».

Ҳақиқатан ҳам бу Аллоҳнинг солиҳ бандасига берган ризқи эди. Худди авваллари Марям бинти Имронга берган ризқи каби:

«Закариё ҳар гал (Марямнинг) олдига — масжидга кирганида, олдида ризқ (муҳайё) турганини кўрар эди. У: «Эй Марям, бу нарсалар сенга қаёқдан келди?» — деб сўраса, (Марям): «Булар Аллоҳ ҳузуридан. Албатта, Аллоҳ Ўзи хоҳлаган кишиларга беҳисоб ризқ берур», — деб жавоб берар эди» (Оли Имрон, 37).

*  * *

Мушриклар Ҳубайбга биродари Зайд ибн Дасинанинг ўлими хабарини айтдилар. Бу хабардан унинг талвасага тушиб, ўлимнинг даҳшатидан қўрқишини истардилар… Ҳолбуки, Аллоҳнинг марҳамати кенглигини улар билишмасди.

Мушриклар Ҳубайбга иймон келтирган Робби ва Муҳаммаддан воз кечса, озод қилишларини айтишди. Бироқ уларнинг бу гаплари бир ўқ билан қуёшни уриб тушириш каби бесамар ҳаракат эди.

Албатта, Ҳубайбнинг иймони қувватда, оташ ва иссиқликда бамисоли қуёш эди.

Ўзидан зиё таратиб, қоронғу дилларни ёритар, яхшилик истаган қалбларни иситар эди. Аммо унга ёмонлик истаб яқинлашганни куйдириб ташларди.

Ўз йўриқларига сола олмасликларига ишонч ҳосил қилгач, Ҳубайбни Танъим деган жойга олиб кетишди. Манзилга етгач, Ҳубайб икки ракат намоз ўқиш учун изн сўради. Бу намоз Аллоҳ Расули билан, дини билан видолашиш, инкор этишга ички тайёргарлик, деб уйлаган мушриклар рухсат беришди.

Ҳубайб икки ракат намоз ўқиди. Дилида иймоннинг лаззатини ҳис қилди. Намозини тўхтовсиз давом эттиришни хоҳларди. Қатл қилмоқчи бўлганларга ўгирилиб, бундай деди: «Аллоҳ ҳаққи, агар ўлимдан қўрқяпти, деб ўйламасангиз эди, яна намоз ўқишда давом этаверардим».

Сўнг қўлларини кўкка кўтариб, дуо қилди.

Араб тарихида биринчи маротаба уни чормих (хочга ўхшатиб ясалган дор)га тортиб ўлдиришди.

Хурмо дарахтидан катта чормих ясаб, Ҳубайбни унга боғлашди. Мушриклар йиғилиб, хурсандчилик қилишар, ўқчилар найзаларини чархлашар эди. Бу ваҳшийликлар чормихга боғланган қаҳрамонга атайлаб кўз-кўз қилинди. У эса ҳатто кўзини пирпиратмади, юзидан хотиржамлик йуқолмади.

* * *

Ҳубайб қатл этилган жой яқинида қуш ва бургутлар айланиб учиб юришарди. Улар гуё қассоблар ўз ишини якунлаб кетгач, тоза жасаддан еб, роҳатланишни кўзлашарди. Бироқ бир оз фурсат ўтиб, кушлар бир жойга тўпланишди. Тортишиб, баҳслашгандай шовқин солишди. Сўнгра осмон бағрини ёриб, узоқларга учиб кетишди.

Гуёки чормихга тортилган жасаддан мўмин ва солиҳ инсон ҳидини олиб, унга яқин келиб зарар етказишдан тортингандек эди улар.

Ҳубайбни хурмо дарахтидан ясалган чормихга боғлаганларида у кўкка боқиб, буюк Роббига бундай илтижо қилган эди: «Аллоҳим, биз Расулинг келтирган динни тарқатдик, Сен уни бизга қилинган ёмонликлардан хабардор эт».

Аллоҳга унинг дуосини ижобат  этди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинада туриб асҳобларининг даҳшатли ўлими хабарини ҳис қилдилар. Улардан бирининг жасади осилиб тургани кўзларига кўринди.

Дарҳол Миқдод ибн Амр ва Зубайр ибн Аввом чақирилди. Улар отларга миниб, шамолдек елдилар. Аллоҳ уларни манзилига етказди. Дўстлари Ҳубайбнинг жасадини тушириб, уни намли бағрига олишга тайёр турган покиза ерга олиб кетдилар.

* * *

Ҳозиргача ҳеч ким Ҳубайбнинг қабри қаердалигини билмайди. Ҳар ҳолда, шундай бўлгани тўғри эди. Токи тарих хотирасида у чормихга тортилган илк қаҳрамон сифатида ёдда қолсин.

Гулсара Соатхонова таржимаси | Сийрат.уз

* * *

Hubayb ibn Adiy Madinaning Avs qabilasidan edi. Rasululloh sollallohu alayhi vasallam ularning yurtiga hijrat qilgan kundan boshlab yonlariga kelib-ketib yurdi va ko‘p o‘tmay olamlarning Robbi Alloh taologa iymon keltirdi.

U Islom shoiri Hasson ibn Sobit ta’riflaganidek: «Ansorlar ichra bir burgut edi, yaxshi xulqli, pok nasabli yigit edi…» Badr jangida yuzma-yuz kelgan mushriklardan biri Horis ibn Amr ibn Navfalni yengdi. Jang tugab, Quraysh qo‘shini Makkaga qochganida Xorisning o‘g‘illari otalari o‘limidan xabar topib, uni o‘ldirgan musulmonning ismini eslab qolishdi: Hubayb ibn Adiy!

* * *

Musulmonlar Badr g‘azotidan Madinaga qaytishdi.

Hubayb obid va zohid inson edi. Qalbida zohidlar tabiati va obidlar niyati mujassam edi. U Madinada chin dildan ibodatga berildi. Tunlari namoz o‘qir, kunduzlari ro‘za tutar va Allohdan mag‘firat so‘rar edi.

Bir kuni Rasululloh sollallohu alayhi vasallam Qurayshning sirlaridan, tayyorgarliklaridan xabar topish, yana urushish niyatlari bor-yuqligini bilib kelish uchun sahobalaridan o‘n kishini tanladilar. Osim ibn Sobit boshchiligidagi bu sahobalar orasida Hubayb ham bor edi.

Guruh yo‘lga chiqdi. Makka bilan Afson o‘rtasidagi bir joyga yetganlarida Huzayl qabilasining Bani Hayyon degan urug‘iga ularning yo‘lga chiqqani haqida xabar yetib keldi. Mushriklar eng merganlaridan yuz kishini olib, guruh izidan tushishdi.

Agar dushmanlardan biri qumda yotgan xurmo danagini ko‘rmaganida, balki, ularni topa olmagan bo‘lishardi. O‘sha odam danaklardan birini olib, arablarga xos sinchkovlik bilan tikilib qaradi. Keyin esa atrofdagilarga bunday dedi: «Bu Yasrib (Madina) danagi. Ularni topishimiz uchun mana shu to‘kilgan danaklardan ko‘z uzmay borishimiz kerak».

Yerdagi xurmo danaklaridan iz olib, yura boshlashdi. So‘ng uzoqda musulmonlarni ko‘rishdi.

Osim ibn Sobit izlaridan mushriklar tushganini bilgach, do‘stlariga tog‘ cho‘qqisiga chiqishni buyurdi.

Dushmanning yuzta mergani tog‘ atrofini o‘rab oldi. Musulmonlarga aslo zarar yetkazmasliklarini aytib, taslim bo‘lishga undashdi. Musulmonlar Osim ibn Sobit yoniga to‘planib, uning amrini kutishardi.

Osim bunday dedi: «Allohga qasam, mushriklarning qo‘lida asir bo‘lishni istamayman. Allohim, bizning ahvolimizni Payg‘ambaringga bildir». Shu payt dushmanlar ularni o‘qqa tuta boshlashdi. Osim va yetti nafar sherigi shahid buldi. Dushmanlar boshqalar taslim bo‘lishsa, jonlari omonda qolishini aytib, pastga tushishga da’vat etiщdi.

Uch kishi: Hubayb ibn Adiy va uning ikki do‘sti tog‘dan tushdi. O‘qchilar Hubayb va dusti Zayd ibn Dasinani bog‘lashdi.

Uchinchi musulmon va’daga xiyonatni sezib, avvalgi do‘stlari kabi fidoyilik yulini tanladi.

Hubayb bilan Zayd qanchalik urinishmasin, arqonlarni yecha olishmadi. Xoin o‘qchilar ikkala musulmonni Makkaga olib borib, mushriklarga sotishdi.

Mushriklar tilida «Hubayb» ismi jarangladi.

Horis ibn Amrning o‘g‘illari Badrda o‘ldirilgan otalarini yodga olib, bu ismni eslashlari bilanoq yuraklaridagi adovat junbushga keldi. Uni sotib olishga yugurishdi…

Mushriklar ikki guruhga bo‘lindi. Ularning bir guruhi Hubaybning do‘sti Zayd ibn Dasinani olib ketishdi.

*  * *

Hubayb qo‘rquvni quvib, qoyalarni erituvchi sokinlik, mardlik va ishonch bilan duo o‘qiy boshladi. Alloh u bilan birga edi.

Hubaybni asirlikda saqlayotgan uy sohibi Horisning qizlaridan biri kunlarning birida asir yoniga kirganida ko‘rgan manzarani odamlarga aytish uchun yugurdi:

«Hubaybning bir bosh uzum yeyayotganini kurdim. U zanjirband. Makkada esa hozir, umuman, uzum topilmaydi. Men bu uzum Hubaybga Allohning bergan rizqi, deyiщdan boshqa bir so‘zni aytolmayman».

Haqiqatan ham bu Allohning solih bandasiga bergan rizqi edi. Xuddi avvallari Maryam binti Imronga bergan rizqi kabi:

«Zakariyo har gal (Maryamning) oldiga — masjidga kirganida, oldida rizq (muhayyo) turganini ko‘rar edi. U: «Ey Maryam, bu narsalar senga qayoqdan keldi?» — deb so‘rasa, (Maryam): «Bular Alloh huzuridan. Albatta, Alloh O‘zi xohlagan kishilarga behisob rizq berur», — deb javob berar edi» (Oli Imron, 37).

*  * *

Mushriklar Hubaybga birodari Zayd ibn Dasinaning o‘limi xabarini aytdilar. Bu xabardan uning talvasaga tushib, o‘limning dahshatidan qo‘rqishini istardilar… Holbuki, Allohning marhamati kengligini ular bilishmasdi.

Mushriklar Hubaybga iymon keltirgan Robbi va Muhammaddan voz kechsa, ozod qilishlarini aytishdi. Biroq ularning bu gaplari bir o‘q bilan quyoshni urib tushirish kabi besamar harakat edi.

Albatta, Hubaybning iymoni quvvatda, otash va issiqlikda bamisoli quyosh edi.

O‘zidan ziyo taratib, qorong‘u dillarni yoritar, yaxshilik istagan qalblarni isitar edi. Ammo unga yomonlik istab yaqinlashganni kuydirib tashlardi.

O‘z yo‘riqlariga sola olmasliklariga ishonch hosil qilgach, Hubaybni Tan’im degan joyga olib ketishdi. Manzilga yetgach, Hubayb ikki rakat namoz o‘qish uchun izn so‘radi. Bu namoz Alloh Rasuli bilan, dini bilan vidolashish, inkor etishga ichki tayyorgarlik, deb uylagan mushriklar ruxsat berishdi.

Hubayb ikki rakat namoz o‘qidi. Dilida iymonning lazzatini his qildi. Namozini to‘xtovsiz davom ettirishni xohlardi. Qatl qilmoqchi bo‘lganlarga o‘girilib, bunday dedi: «Alloh haqqi, agar o‘limdan qo‘rqyapti, deb o‘ylamasangiz edi, yana namoz o‘qishda davom etaverardim».

So‘ng qo‘llarini ko‘kka ko‘tarib, duo qildi.

Arab tarixida birinchi marotaba uni chormix (xochga o‘xshatib yasalgan dor)ga tortib o‘ldirishdi.

Xurmo daraxtidan katta chormix yasab, Hubaybni unga bog‘lashdi. Mushriklar yig‘ilib, xursandchilik qilishar, o‘qchilar nayzalarini charxlashar edi. Bu vahshiyliklar chormixga bog‘langan qahramonga ataylab ko‘z-ko‘z qilindi. U esa hatto ko‘zini pirpiratmadi, yuzidan xotirjamlik yuqolmadi.

* * *

Hubayb qatl etilgan joy yaqinida qush va burgutlar aylanib uchib yurishardi. Ular guyo qassoblar o‘z ishini yakunlab ketgach, toza jasaddan yeb, rohatlanishni ko‘zlashardi. Biroq bir oz fursat o‘tib, kushlar bir joyga to‘planishdi. Tortishib, bahslashganday shovqin solishdi. So‘ngra osmon bag‘rini yorib, uzoqlarga uchib ketishdi.

Guyoki chormixga tortilgan jasaddan mo‘min va solih inson hidini olib, unga yaqin kelib zarar yetkazishdan tortingandek edi ular.

Hubaybni xurmo daraxtidan yasalgan chormixga bog‘laganlarida u ko‘kka boqib, buyuk Robbiga bunday iltijo qilgan edi: «Allohim, biz Rasuling keltirgan dinni tarqatdik, Sen uni bizga qilingan yomonliklardan xabardor et».

Allohga uning duosini ijobat  etdi.

Rasululloh sollallohu alayhi vasallam Madinada turib ashoblarining dahshatli o‘limi xabarini his qildilar. Ulardan birining jasadi osilib turgani ko‘zlariga ko‘rindi.

Darhol Miqdod ibn Amr va Zubayr ibn Avvom chaqirildi. Ular otlarga minib, shamoldek yeldilar. Alloh ularni manziliga yetkazdi. Do‘stlari Hubaybning jasadini tushirib, uni namli bag‘riga olishga tayyor turgan pokiza yerga olib ketdilar.

* * *

Hozirgacha hech kim Hubaybning qabri qaerdaligini bilmaydi. Har holda, shunday bo‘lgani to‘g‘ri edi. Toki tarix xotirasida u chormixga tortilgan ilk qahramon sifatida yodda qolsin.

Gulsara Soatxonova tarjimasi | Siyrat.uz