Муҳаммад Юсуф Ҳазин Марғиноний

Рукн: Тарих Чоп этилган: 13.12.2014

Маълумки, жаҳон маънавий ва маданий тараққиётида ўзининг буюк фарзандлари, олиму алломалари билан беқиёс ҳисса қўшган Мовароуннаҳр шаҳарлари орасида Марғилон шаҳрининг ҳам алоҳида ўрни бор. Зеро, бу кўҳна шаҳар ўзида юзлаб алломаларни тарбия қилиб, уларни «Марғинонийлар сулоласи» номи билан бутун жаҳонга машҳур этган ва шу туфайли дунёнинг улкан тарихий шаҳарлари қаторидан муносиб жой олган. Ҳатто «Сундуқ ул-орифин» («Орифлар сандиғи») деган юксак баҳога ҳам сазовор бўлган. Чунки қадимдан тарихий шаҳар ва жойлар ҳақида сўз айтган тарих аҳли улар фазилатини ўша ердан етишиб чиққан машҳур шахслар адади билан баҳолаганлар. Марғилон тарихида бу каби зотлар сони оз эмас, албатта.

Айниқса, Мовароуннаҳр фиқҳ мактабининг тадрижий ривожи ва унинг кейинги босқичида марғилонлик фақиҳларнинг ўрни беқиёс. Чунки айнан, шу ерда туғилиб фаолият олиб борган ва тарихга «Марғинонийлар сулоласи» номи билан кирган фақиҳларнинг салмоғи ва уларнинг ислом ҳуқуқшунослиги ривожига қўшган ҳиссаси барча тарихчилар томонидан эътироф этилган.

Имом Абдулазиз ибн Абдураззоқ Марғиноний (ваф.1055 йил.), Имом Бурҳониддин Али ибн Абу Бакр Марғиноний (ваф.1197 йил.), Имом Абу Ҳафс Низомуддин Умар Марғиноний (ваф.1203 йил.), Имом Абул Маҳосин Заҳириддин Марғиноний (ваф.1233 йил.) каби зотлар ушбу диёр фақиҳларининг дунё эътироф этган машҳур вакилларидир.

Улар тасниф қилган асарлар, жумладан, «Ҳидоя», «Фатовойи Заҳирия» ва бошқалар ҳозиргача кўплаб ислом дунёси дорулфунунларида ҳанафий фиқҳи бўйича дарслик сифатида қўлланади ва бутун ислом олами уларни ўзига устоз деб билиб, табаррук номларини ҳурмат билан тилга олади.

Тарихий ҳақиқатлар шуни маълум қиладики, «Марғинонийлар сулоласи» номи билан танилган бу улкан силсила тарихнинг барча даврларида дунёнинг турли мусулмон мамлакатларида изчил давом этган ва унинг машъали авлодлар қўлида қўлма-қўл бўлиб келган.

Юқорида номлари келтирилган алломалар томонидан бошлаб берилган мазкур силсиланинг сўнгги бўғин вакиллари сифатида XIX асрнинг иккинчи ярми ва XX аср бошларида Марғилонда яшаб, илм-фаннинг турли соҳалари бўйича самарали ижод қилган бир қатор алломалар ва тасаввуф шайхлари номини келтириш мумкин. Чунки бу даврда Марғилонда кўплаб шариат олимлари ва етук мутасаввифлар истиқомат қилиб, илм-фаннинг турли соҳаларига доир, жумладан, фиқҳ, сийра, тарих, адабиётга оид турли мазмун ва шаклда кўплаб нодир асарлар яратганлар. Шундай зотлардан бири бу буюк аллома, тасаввуф шайхи Муҳаммад Юсуф Хонақоҳий Ҳазрат Ҳазин Марғинонийдир.

Муҳаммад Юсуф Хонақоҳий Ҳазрат Марғиноний ўз даврининг йирик шариат олими, етук тасаввуф шайхи, кўплаб муридлар тарбиялаган муршид, дин-миллат манфаати йўлида жасорат кўрсатган фидойи зот сифатида фаолият олиб борган. Тарихий манбалар бизга у зотни шайх, муршид, аллома, фақиҳ, муфассир, мударрис, шориҳ, адиб ва шоир сифатида танитади.

Аллома XIХ аср иккинчи ярми ва ХХ асрнинг бошларида Чор Россияси бошқаруви остида мамлакатда юзага келган мураккаб сиёсий жараёнларда ўзига хос салмоқли мавқени эгаллаган. Зеро, у зот фаолиятлари ўша даврда Марғилонда вужудга келган ижтимоий-диний вазиятнинг барқарорлашувида катта аҳамият касб этган. Мавжуд жамиятда маънавиятни ривожлантиришда, хусусан, тасаввуф таълимотининг умуминсоний ғояларини маҳаллий халқ орасида янада чуқурроқ кириб келишида Хонақоҳий Ҳазрат Домла ва издошларининг хизматлари катта бўлган. Маҳаллий халқ орасидан чиққан юзлаб кишиларни илм-маърифатли бўлишига ҳаракат қилиб, уларни кейинчалик ўз даврида шариат олими ва тариқат пири сифатида маънавият ва ирфон ходимлари бўлишига беқиёс ҳисса қўшганлар.

 Ҳазин Марғиноний ҳаёти ва фаолиятларини илмий-назарий жиҳатдан атрофлича ўрганиш Қўқон хонлиги таркибидан мустаҳкам ўрин эгаллаган Марғилон шаҳрининг ўша даврга хос бўлган маданий тарихини ёритишда жиддий аҳамият касб этади. Ҳазин Марғинонийнинг асарларини ўрганиш эса нақшбандийа тариқатига оид ҳанузгача номаълум бўлган қатор ахлоқий, маънавий ва назарий масалаларни ёритишга ёрдам беради.

Зеро, бу сулукнинг мазкур ҳудудда етакчи тариқатга айланиши бевосита Хонақоҳий Ҳазрат Марғиноний номи билан боғлиқ. Зотан, у зот ўз фаолиятида мазкур минтақада ўзига хос услуб – шариат таълимини тариқат вазифалари билан уйғунлашган ҳолда олиб борган ва бу соҳа ривожига катта ҳисса қўшган буюк тарихий шахсдир. У зотнинг беқиёс хизматлари туфайли Марғилон ва унга қўшни шаҳар ва қишлоқлар ижтимоий-маънавий, диний-маданий ҳаётида ўзига хос нуфузга эга бўлган алоҳида сулола – хонақоҳийлар – Хонақоҳ мадрасасида таълим олган алломалар ва тариқат соликлари фаолияти юз йилдан ортиқ давр мобайнида изчил давом этиши таъминланди. Айниқса, у зотни диёримизда амал қилиб келинган суннийликдаги ҳанафийлик мазҳаби софлигини сақлаш йўлидаги хизматлари диққатга сазовор.

Аллома 1840 йилда Марғилонда таваллуд топганлар. Бошланғич таълимни Марғилоннинг Гўри Аввал маҳалласидаги мактабда олганлар. Кейин эса Бухорога бориб у ердаги Мир Араб мадрасасида узоқ вақт таълим оладилар.

Хонақоҳий Ҳазрат мадрасадан қайтганларидан сўнг шаҳардаги Хонақоҳ мадрасасига келиб фаолият бошлайдилар. Тез орада довруғлари атофларга ҳам етиб боради. Маълумотларда бу ерга бутун Мовароуннаҳр шаҳар ва қишлоқларидан Озарбайжон, Шарқий Туркистоннинг Қошғар вилояти, Татаристон ўлкасининг Қозон, Уфа шаҳарларидан ҳам мурид ва талабалар келиб таълим олгани айтилган.

Изланиш ва тадқиқотлар шуни маълум қиладики, Хонақоҳий Ҳазрат фаолият олиб борган давр Хонақоҳ мадрасаси тарихида олтин давр бўлган. Чунки бу ер айтилганидек, нафақат тасаввуф, балки шариат илмлари ҳам ўргатиладиган масканга айланган эди.

Бу даврга келиб Хонақоҳда катта илмий-ижодий жараён вужудга келади. Айни чоқда Марғилоннинг етук шариат олимлари, тариқат арбоблари – шайх ва сўфийлар, тарихчилар, шоир ва адиблардан иборат катта жамоа Ҳазрат теграсида жам бўлиб, биргаликда фаолият олиб боришган. Хонақоҳий Ҳазрат Домла уларнинг барчасига «маржеъу аҳли замон» («замон аҳлининг пешвоси») бўлиб турганлар.

 “Баёз Маҳбуб ал-маҳбуб”да Ҳазрат Домла ва Хонақоҳ илмий жараёни вакилларидан Хўжажон Қози домла Рожий, Мирҳайдар домла Толий, Мирхалил домла Бухорий, Амониддин Арабоний, Муҳаммад Мусо Бекий ва бошқаларнинг асарлари Муқимий, Фурқат, Муҳйи, Ҳазиний, Камий Тошкандий, Хислат, Шавкат Афанди ва бошқа шоирлар асарлари қаторида келтирилган.

Баёзда Хонақоҳий Ҳазрат асарларидан намуналар берилиб, улар Шарқнинг буюк даҳолари Жомий, Хўжа Ҳофиз, Бедил асарлари қаторида келтирилгани ҳам эътиборлидир.

Архив ҳужжатлари ва бошқа қўлёзмаларда Зокиржон Холмуҳаммад ўғли Фурқатнинг Хонақоҳ адабий муҳити вакиллари билан алоқаларига доир маълумотлар бор.

Машҳур шоир Насимий ҳам Марғилонга келиб Хонақоҳ мадрасасида бир муддат истиқомат қилиб, бу ерда ижод қилган. Қирғизистоннинг Аравон қишлоғидан Амоний Арабоний эса Марғилонга келганида, бу қутлуғ даргоҳ зиёратидан файзёб бўлиб, шу ерда – Ҳазрат қўлларида талаба бўлиб қолганини кейинчалик шундай таърифлаган эди:

 Бешак эрур бул мадраса нурнинг кони ,
 Толибман деб, файз олмаса йўқдур жони,
 Хонақоҳда яхшиларнинг кўпдур сони,
 Бул сабабдан Марғинонга келдим, дўстлар,
 Файзи зоҳир Хонақоҳда қолдим, дўстлар.[1]

Ёзма маълумотларда бу муборак масканга кўпдан-кўп таърифлар берилгани ҳам унинг ўз даврида қанчалик равнақ топганидан далолат беради.

Бундан ташқари, мазкур жараён вакиллари ўша давр вақтли матбуот нашрларида, жумладан, «Ал-Ислоҳ» журналида ҳам ўз мақолалари билан фаол иштирок этганлар. Маълум бўлмоқдаки, Хонақоҳ ўз даврида водий шаҳарлари ижтимоий-маънавий ҳаётида ўзига хос ўрин эгаллаган.

Хонақоҳ ва унда истиқомат қилган уламолар фаолияти ўша даврда Марғилонда вужудга келган ижтимоий-диний вазиятнинг барқарорлашувида катта аҳамият касб этган. Уларнинг маҳаллий халқ орасида илм-маърифатни шаклланиши ва тасаввуф таълимотининг умуминсоний ғояларини янада чуқурроқ кириб келишида хизматлари катта бўлган.

Мадрасада талабалар сонининг кўплиги кейинчалик Марғилон ва унга қўшни шаҳар ва қишлоқлар ижтимоий-маънавий, диний-маданий ҳаётида ўзига хос нуфузга эга бўлган хонақоҳийлар сулоласини узоқ вақт давом этишига сабаб бўлди. Ўрганиб чиқилса, бугунги кунда водий шаҳар ва қишлоқларида фаолият олиб бораётган кўплаб диний ва маърифий жараён вакилларининг силсиласи Хонақоҳ мадрасасига бориб уланишини кўриш мумкин.

Ҳазин Марғинонийнинг буюк хизматларидан бири, диёримизда узоқ даврлардан бери келаётган суннийликдаги ҳанафий мазҳаби софлигини сақлаш, уни турли бузғунчи оқимлар ва бидъатлардан ҳимоя қилишлари эди. Маълумотларда Ҳазрат Домлани шаръий қоидага зид ҳар қандай янгилик ва бидъатга қарши муросасиз бўлганлари айтилган.

Хонақоҳий Ҳазрат Домланинг назм майдонидаги маҳоратлари ҳам салмоқли бўлган. Аллома «Ҳазин» («Ғамгин») тахаллуси билан ижод қилганлар. Ҳозиргача кўплаб ғазал, мухаммас, рубоий ва тарихларини топишга эришдик. Асарларининг ғоявий-бадиий мазмуни қадимдан тасаввуф намоёндалари учун хос мавзу – комил инсон ғоясидир.

Аллома ўз ижодида Шарқнинг буюк шоирлари Жомий, Ҳофиз, Хисрав Деҳлавий, Бедил, Нодира ғазалларига мухаммаслар боғлаганлар. Ёзма маълумотларда: «фасоҳатда беназир», «балоғатда бемисл», «маърифатда беҳамто» дея, келтирилган таърифлар мазкур фаолиятларига берилган баҳодир.

 Ҳазрат Домланинг насрдаги ижодлари ҳам ўзига хос бўлиб, бу соҳада мударрислик фаолиятлари тақозосича, кўпроқ дарсликлар таснифига эътибор қаратганларини кўрамиз.

Хонақоҳий Ҳазрат Домла 1918 йил рамазон ойининг ўнинчи куни Марғилон шаҳрида 78 ёшда вафот этганлар.

Ҳазратни Хонақоҳ ёнгинасидаги қадимий қабристонга икки устозлари ёнига дафн қилинган. 1928 йилда янги йўл қурилиши муносабати билан қабрлари кўчирилиб, Сармозор қабристонига олиб борилган.

 Раҳматуллоҳ Файзуллаев,

 Марғилон шаҳар “Робия ҳожи она” масжид имом-хатиби.



[1] Баёз «Маҳбуб ул-маҳбуб»...139-144- б.

* * *

Ma’lumki, jahon ma’naviy va madaniy taraqqiyotida o‘zining buyuk farzandlari, olimu allomalari bilan beqiyos hissa qo‘shgan Movarounnahr shaharlari orasida Marg‘ilon shahrining ham alohida o‘rni bor. Zero, bu ko‘hna shahar o‘zida yuzlab allomalarni tarbiya qilib, ularni «Marg‘inoniylar sulolasi» nomi bilan butun jahonga mashhur etgan va shu tufayli dunyoning ulkan tarixiy shaharlari qatoridan munosib joy olgan. Hatto «Sunduq ul-orifin» («Oriflar sandig‘i») degan yuksak bahoga ham sazovor bo‘lgan. Chunki qadimdan tarixiy shahar va joylar haqida so‘z aytgan tarix ahli ular fazilatini o‘sha yerdan yetishib chiqqan mashhur shaxslar adadi bilan baholaganlar. Marg‘ilon tarixida bu kabi zotlar soni oz emas, albatta.

Ayniqsa, Movarounnahr fiqh maktabining tadrijiy rivoji va uning keyingi bosqichida marg‘ilonlik faqihlarning o‘rni beqiyos. Chunki aynan, shu yerda tug‘ilib faoliyat olib borgan va tarixga «Marg‘inoniylar sulolasi» nomi bilan kirgan faqihlarning salmog‘i va ularning islom huquqshunosligi rivojiga qo‘shgan hissasi barcha tarixchilar tomonidan e’tirof etilgan.

Imom Abdulaziz ibn Abdurazzoq Marg‘inoniy (vaf.1055 yil.), Imom Burhoniddin Ali ibn Abu Bakr Marg‘inoniy (vaf.1197 yil.), Imom Abu Hafs Nizomuddin Umar Marg‘inoniy (vaf.1203 yil.), Imom Abul Mahosin Zahiriddin Marg‘inoniy (vaf.1233 yil.) kabi zotlar ushbu diyor faqihlarining dunyo e’tirof etgan mashhur vakillaridir.

Ular tasnif qilgan asarlar, jumladan, «Hidoya», «Fatovoyi Zahiriya» va boshqalar hozirgacha ko‘plab islom dunyosi dorulfununlarida hanafiy fiqhi bo‘yicha darslik sifatida qo‘llanadi va butun islom olami ularni o‘ziga ustoz deb bilib, tabarruk nomlarini hurmat bilan tilga oladi.

Tarixiy haqiqatlar shuni ma’lum qiladiki, «Marg‘inoniylar sulolasi» nomi bilan tanilgan bu ulkan silsila tarixning barcha davrlarida dunyoning turli musulmon mamlakatlarida izchil davom etgan va uning mash’ali avlodlar qo‘lida qo‘lma-qo‘l bo‘lib kelgan.

Yuqorida nomlari keltirilgan allomalar tomonidan boshlab berilgan mazkur silsilaning so‘nggi bo‘g‘in vakillari sifatida XIX asrning ikkinchi yarmi va XX asr boshlarida Marg‘ilonda yashab, ilm-fanning turli sohalari bo‘yicha samarali ijod qilgan bir qator allomalar va tasavvuf shayxlari nomini keltirish mumkin. Chunki bu davrda Marg‘ilonda ko‘plab shariat olimlari va yetuk mutasavviflar istiqomat qilib, ilm-fanning turli sohalariga doir, jumladan, fiqh, siyra, tarix, adabiyotga oid turli mazmun va shaklda ko‘plab nodir asarlar yaratganlar. Shunday zotlardan biri bu buyuk alloma, tasavvuf shayxi Muhammad Yusuf Xonaqohiy Hazrat Hazin Marg‘inoniydir.

Muhammad Yusuf Xonaqohiy Hazrat Marg‘inoniy o‘z davrining yirik shariat olimi, yetuk tasavvuf shayxi, ko‘plab muridlar tarbiyalagan murshid, din-millat manfaati yo‘lida jasorat ko‘rsatgan fidoyi zot sifatida faoliyat olib borgan. Tarixiy manbalar bizga u zotni shayx, murshid, alloma, faqih, mufassir, mudarris, shorih, adib va shoir sifatida tanitadi.

Alloma XIX asr ikkinchi yarmi va XX asrning boshlarida Chor Rossiyasi boshqaruvi ostida mamlakatda yuzaga kelgan murakkab siyosiy jarayonlarda o‘ziga xos salmoqli mavqeni egallagan. Zero, u zot faoliyatlari o‘sha davrda Marg‘ilonda vujudga kelgan ijtimoiy-diniy vaziyatning barqarorlashuvida katta ahamiyat kasb etgan. Mavjud jamiyatda ma’naviyatni rivojlantirishda, xususan, tasavvuf ta’limotining umuminsoniy g‘oyalarini mahalliy xalq orasida yanada chuqurroq kirib kelishida Xonaqohiy Hazrat Domla va izdoshlarining xizmatlari katta bo‘lgan. Mahalliy xalq orasidan chiqqan yuzlab kishilarni ilm-ma’rifatli bo‘lishiga harakat qilib, ularni keyinchalik o‘z davrida shariat olimi va tariqat piri sifatida ma’naviyat va irfon xodimlari bo‘lishiga beqiyos hissa qo‘shganlar.

 Hazin Marg‘inoniy hayoti va faoliyatlarini ilmiy-nazariy jihatdan atroflicha o‘rganish Qo‘qon xonligi tarkibidan mustahkam o‘rin egallagan Marg‘ilon shahrining o‘sha davrga xos bo‘lgan madaniy tarixini yoritishda jiddiy ahamiyat kasb etadi. Hazin Marg‘inoniyning asarlarini o‘rganish esa naqshbandiya tariqatiga oid hanuzgacha noma’lum bo‘lgan qator axloqiy, ma’naviy va nazariy masalalarni yoritishga yordam beradi.

Zero, bu sulukning mazkur hududda yetakchi tariqatga aylanishi bevosita Xonaqohiy Hazrat Marg‘inoniy nomi bilan bog‘liq. Zotan, u zot o‘z faoliyatida mazkur mintaqada o‘ziga xos uslub – shariat ta’limini tariqat vazifalari bilan uyg‘unlashgan holda olib borgan va bu soha rivojiga katta hissa qo‘shgan buyuk tarixiy shaxsdir. U zotning beqiyos xizmatlari tufayli Marg‘ilon va unga qo‘shni shahar va qishloqlar ijtimoiy-ma’naviy, diniy-madaniy hayotida o‘ziga xos nufuzga ega bo‘lgan alohida sulola – xonaqohiylar – Xonaqoh madrasasida ta’lim olgan allomalar va tariqat soliklari faoliyati yuz yildan ortiq davr mobaynida izchil davom etishi ta’minlandi. Ayniqsa, u zotni diyorimizda amal qilib kelingan sunniylikdagi hanafiylik mazhabi sofligini saqlash yo‘lidagi xizmatlari diqqatga sazovor.

Alloma 1840 yilda Marg‘ilonda tavallud topganlar. Boshlang‘ich ta’limni Marg‘ilonning Go‘ri Avval mahallasidagi maktabda olganlar. Keyin esa Buxoroga borib u yerdagi Mir Arab madrasasida uzoq vaqt ta’lim oladilar.

Xonaqohiy Hazrat madrasadan qaytganlaridan so‘ng shahardagi Xonaqoh madrasasiga kelib faoliyat boshlaydilar. Tez orada dovrug‘lari atoflarga ham yetib boradi. Ma’lumotlarda bu yerga butun Movarounnahr shahar va qishloqlaridan Ozarbayjon, Sharqiy Turkistonning Qoshg‘ar viloyati, Tatariston o‘lkasining Qozon, Ufa shaharlaridan ham murid va talabalar kelib ta’lim olgani aytilgan.

Izlanish va tadqiqotlar shuni ma’lum qiladiki, Xonaqohiy Hazrat faoliyat olib borgan davr Xonaqoh madrasasi tarixida oltin davr bo‘lgan. Chunki bu yer aytilganidek, nafaqat tasavvuf, balki shariat ilmlari ham o‘rgatiladigan maskanga aylangan edi.

Bu davrga kelib Xonaqohda katta ilmiy-ijodiy jarayon vujudga keladi. Ayni choqda Marg‘ilonning yetuk shariat olimlari, tariqat arboblari – shayx va so‘fiylar, tarixchilar, shoir va adiblardan iborat katta jamoa Hazrat tegrasida jam bo‘lib, birgalikda faoliyat olib borishgan. Xonaqohiy Hazrat Domla ularning barchasiga «marje’u ahli zamon» («zamon ahlining peshvosi») bo‘lib turganlar.

 “Bayoz Mahbub al-mahbub”da Hazrat Domla va Xonaqoh ilmiy jarayoni vakillaridan Xo‘jajon Qozi domla Rojiy, Mirhaydar domla Toliy, Mirxalil domla Buxoriy, Amoniddin Araboniy, Muhammad Muso Bekiy va boshqalarning asarlari Muqimiy, Furqat, Muhyi, Haziniy, Kamiy Toshkandiy, Xislat, Shavkat Afandi va boshqa shoirlar asarlari qatorida keltirilgan.

Bayozda Xonaqohiy Hazrat asarlaridan namunalar berilib, ular Sharqning buyuk daholari Jomiy, Xo‘ja Hofiz, Bedil asarlari qatorida keltirilgani ham e’tiborlidir.

Arxiv hujjatlari va boshqa qo‘lyozmalarda Zokirjon Xolmuhammad o‘g‘li Furqatning Xonaqoh adabiy muhiti vakillari bilan aloqalariga doir ma’lumotlar bor.

Mashhur shoir Nasimiy ham Marg‘ilonga kelib Xonaqoh madrasasida bir muddat istiqomat qilib, bu yerda ijod qilgan. Qirg‘izistonning Aravon qishlog‘idan Amoniy Araboniy esa Marg‘ilonga kelganida, bu qutlug‘ dargoh ziyoratidan fayzyob bo‘lib, shu yerda – Hazrat qo‘llarida talaba bo‘lib qolganini keyinchalik shunday ta’riflagan edi:

 Beshak erur bul madrasa nurning koni ,
 Tolibman deb, fayz olmasa yo‘qdur joni,
 Xonaqohda yaxshilarning ko‘pdur soni,
 Bul sababdan Marg‘inonga keldim, do‘stlar,
 Fayzi zohir Xonaqohda qoldim, do‘stlar.[1]

Yozma ma’lumotlarda bu muborak maskanga ko‘pdan-ko‘p ta’riflar berilgani ham uning o‘z davrida qanchalik ravnaq topganidan dalolat beradi.

Bundan tashqari, mazkur jarayon vakillari o‘sha davr vaqtli matbuot nashrlarida, jumladan, «Al-Isloh» jurnalida ham o‘z maqolalari bilan faol ishtirok etganlar. Ma’lum bo‘lmoqdaki, Xonaqoh o‘z davrida vodiy shaharlari ijtimoiy-ma’naviy hayotida o‘ziga xos o‘rin egallagan.

Xonaqoh va unda istiqomat qilgan ulamolar faoliyati o‘sha davrda Marg‘ilonda vujudga kelgan ijtimoiy-diniy vaziyatning barqarorlashuvida katta ahamiyat kasb etgan. Ularning mahalliy xalq orasida ilm-ma’rifatni shakllanishi va tasavvuf ta’limotining umuminsoniy g‘oyalarini yanada chuqurroq kirib kelishida xizmatlari katta bo‘lgan.

Madrasada talabalar sonining ko‘pligi keyinchalik Marg‘ilon va unga qo‘shni shahar va qishloqlar ijtimoiy-ma’naviy, diniy-madaniy hayotida o‘ziga xos nufuzga ega bo‘lgan xonaqohiylar sulolasini uzoq vaqt davom etishiga sabab bo‘ldi. O‘rganib chiqilsa, bugungi kunda vodiy shahar va qishloqlarida faoliyat olib borayotgan ko‘plab diniy va ma’rifiy jarayon vakillarining silsilasi Xonaqoh madrasasiga borib ulanishini ko‘rish mumkin.

Hazin Marg‘inoniyning buyuk xizmatlaridan biri, diyorimizda uzoq davrlardan beri kelayotgan sunniylikdagi hanafiy mazhabi sofligini saqlash, uni turli buzg‘unchi oqimlar va bid’atlardan himoya qilishlari edi. Ma’lumotlarda Hazrat Domlani shar’iy qoidaga zid har qanday yangilik va bid’atga qarshi murosasiz bo‘lganlari aytilgan.

Xonaqohiy Hazrat Domlaning nazm maydonidagi mahoratlari ham salmoqli bo‘lgan. Alloma «Hazin» («G‘amgin») taxallusi bilan ijod qilganlar. Hozirgacha ko‘plab g‘azal, muxammas, ruboiy va tarixlarini topishga erishdik. Asarlarining g‘oyaviy-badiiy mazmuni qadimdan tasavvuf namoyondalari uchun xos mavzu – komil inson g‘oyasidir.

Alloma o‘z ijodida Sharqning buyuk shoirlari Jomiy, Hofiz, Xisrav Dehlaviy, Bedil, Nodira g‘azallariga muxammaslar bog‘laganlar. Yozma ma’lumotlarda: «fasohatda benazir», «balog‘atda bemisl», «ma’rifatda behamto» deya, keltirilgan ta’riflar mazkur faoliyatlariga berilgan bahodir.

 Hazrat Domlaning nasrdagi ijodlari ham o‘ziga xos bo‘lib, bu sohada mudarrislik faoliyatlari taqozosicha, ko‘proq darsliklar tasnifiga e’tibor qaratganlarini ko‘ramiz.

Xonaqohiy Hazrat Domla 1918 yil ramazon oyining o‘ninchi kuni Marg‘ilon shahrida 78 yoshda vafot etganlar.

Hazratni Xonaqoh yonginasidagi qadimiy qabristonga ikki ustozlari yoniga dafn qilingan. 1928 yilda yangi yo‘l qurilishi munosabati bilan qabrlari ko‘chirilib, Sarmozor qabristoniga olib borilgan.

 Rahmatulloh Fayzullayev,

 Marg‘ilon shahar “Robiya hoji ona” masjid imom-xatibi.



[1] Баёз «Маҳбуб ул-маҳбуб»...139-144- б.