Абдуллоҳ ибн Аббос

Рукн: Саҳобалар Чоп этилган: 12.08.2016

У киши ким бўлган?

Умматнинг олими ва Қуръоннинг таржимони. У киши Аббос ибн Абдулмутталиб ибн Ҳошимнинг ўғли. Оталари Аббос Пайғамбаримизнинг амакилари ҳисобланади.

Оталари: Аббос Исломни биринчилардан бўлиб қабул қилган, лекин мусулмонлигини яшириб юрган. Бадр жангида мусулмонларга қарши кофирлар томонидан мажбуран чиққанларида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Кимки Аббосга дуч келса, уни ўлдирмасин. Чунки у ўзи истамасдан чиққан», деганлар. Мусулмонлардан Абул Юср Каъб ибн Амр розияллоҳу анҳунинг қўлларига асирга тушганларида Абул Юср ўзи фидя бериб Аббосни Маккага жўнатган.

Оналари: Умму Фазл Либоба бинти Ҳорис розияллоҳу анҳо. Эрлари Аббос розияллоҳу анҳудан ва Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг завжалари Ҳадича онамиздан кейин Исломга кирганлар. Исломга кирганларида ер юзида иккита муслима аёл бор эди. У киши ўша муслималарнинг бири эдилар. Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан ўттизта ҳадис ривоят қилганлар. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам пешин вақтида ўша кишиникида қайлула қилиб ухлаб олар эдилар. Усмон розияллоҳу анҳунинг халифалик даврларида эри Аббос розияллоҳу анҳудан олдин вафот этганлар.

Холалари: Мўминларнинг онаси Маймуна бинти Ҳорис розияллоҳу анҳо фозила аёл эдилар. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳижрий еттинчи санада ўз никоҳларига олган охирги аёл ҳисобланадилар.

Айтилишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига келиб, ўзини ҳиба қилган (бағишлаган) аёл ҳисобланадилар. Ҳатто бу кишининг шаънларига Аҳзоб сурасининг 50-ояти нозил бўлди. «…Яна мўмина аёлни – агар у ўзини Пайғамбарга тортиқ этса-ю…».

Таваллудлари

Кофирларнинг мусулмонларга бераётган азиятлари кучайиб, иш тарихда «зулмкор аҳдномаси» номи билан машҳур бўлган саҳифани ёзишгача олиб борди. Кофирлар аҳдномада мусулмон ва уларнинг динини қўллаб-қувватлаётган ёки уларга яхши муомалада бўлаётганлар билан алоқани узишга, уларга ҳеч нарса сотмаслик ва улардан ҳеч нарса сотиб олмасликка, уларга қиз бермаслик ва улардан қиз ҳам олмасликка иттифоқ қилишди.

Ҳали ширкнинг намояндалари ўйлаб топган саҳифа қораланмай туриб, Қурайш мусулмонларни «Бани Ҳошим» номи билан машҳур бўлган дарага қамаб қўйди. Дарадагиларни ташқарига чиққани ҳам қўймасди. Бошқалар учун унга кириши ва у ердагилар билан суҳбатлаши ҳам таъқиқлаб қўйилди.

Умму Фазл ҳам ўз эри Аббос билан Бани Ҳошимдан бўлгани учун бу душманчилик қурбони бўлди ва дарага кирди. Ўша пайт Умму Фазл ҳомиладор эди. У кишининг ҳомиладорлиги кўплаб қийинчиликларни бошларидан кечиришга сабаб бўлди. Ҳомиладорлик оғриғи ва емишнинг йўқлиги Умму Фазлни машаққатга солиб қўйди. У кишининг Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам олиб келган нарсага иймон келтирганлари барча қийинчиликларни енгиб ўтишга кўмаклашар эди.

Бундан ташқари, Хадижа онамиз билан бирга бўлишлари Умму Фазлга бу машаққатларни енгиб ўтишда энг катта далда эди. Хадижа онамиз ўзларига яширинча келадиган озиқ-овқатлардан Умму Фазлга бериб турар эдилар.

Умму Фазлнинг ҳомиладорлиги сезила бошлаганда Аббос розияллоҳу анҳу Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига келиб: «Эй Муҳаммад, менимча, Умму Фазл ҳомиладор бўлган, шекилли», деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мана шу бола сабабли Аллоҳ юзимизни ёритишини Аллоҳдан умид қиламан», дедилар.

Умму Фазлнинг кўзи ёришига оз қолган, ҳомиладорлик қийинчилигини бошларидан кечираётган бир пайтда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Эй Умму Фазл», дедилар. Умму Фазл : «Лаббай, ё Расулуллоҳ», деди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Сизнинг ҳомилангиз ўғил бола», дедилар. Умму Фазл: «Ахир қандай бўлади, энди нима қиламан? Қурайш қабиласи (яъни кофирлари) аёллар туғмаслигига битим тузган эди-ку», деди.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳомилангиз мен айтгандай ўғил. У туғилганда менинг олдимга уни олиб келинг», дедилар. Туғиш вақти келиб, Умму Фазл енгил бўлди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтганларидек ўғил бола туғилди. Уни бир матога ўраб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига олиб келишди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам унга Абдулоҳ, деб исм қўйдилар ва муборак сўлаклари билан танглайини кўтариб қўйдилар. Сўнг: «Болани олиб кетаверинг. Ҳали кўрасиз, бу бола жуда ақлли ва доно инсон бўлиб етишади», дедилар. Умму Фазл ёш Абдуллоҳни эмизиш ва унинг тарбияси билан банд бўлиб қолдилар. Лекин ишлари кўпайиб кетганига қарамай, доимо мусулмонлар ва Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг аҳволларидан бохабар эдилар. Хусусан, Хадижа онамиз ва Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг амакилари Абу Толиб вафот этгандан кейин Қурайш мушрикларининг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга азиятлари кучайганда Умму Фазл эри Аббосни Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга бўлиш ва у кишини ҳимоя қилишга тарғиб қилдилар.

Лекин Аббос розияллоҳу анҳу агар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга эргашганларини Қурайш мушрикларига билдириб, у Зотни ҳимоя қилсалар, Макка бошлиқларига бериб қўйган мол-мулклари ва бойликларидан маҳрум бўлиб қолишдан қўрқдилар. Чунки улар Аббосни мусулмон бўлганини билиб қолса, унга бирор нарсасини қайтариб бермасликлари ва у ҳеч вақосиз қолишини билардилар.

Ҳижратлари

Умму Фазл эри Аббосдан ўғли Абдуллоҳ билан бирга Мадинага ҳижрат қилиш учун изн сўради. Аббос Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга ўз оилалари билан биргаликда Мадинага ҳижрат қилишга изн сўраб хат ёздилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Эй амаки, менинг Пайғамбарлигим энг сўнги пайғамбарлик бўлганидек, сизнинг ҳижратингиз ҳижратнинг энг охиргиси бўлади», дедилар.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан бу хабарни эшитгандан кейин Аббос розияллоҳу анҳу сафар тадоригини кўриб, сафар учун керакли барча нарсаларни тайёрлаб қўйди. Умму Фазл ва болалар ҳам сафарга тайёр бўлишди. Болаларнинг энг олдинги сафида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламни кўриш ва у киши билан бирга туришга муштоқ бўлган Абдуллоҳ ибн Аббос турарди.

Аббос розияллоҳу анҳу айтилган вақт келгач, бола-чақаларини олиб йўлга чиқди. Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу Маккадан Мадинага ҳижрат қилганда ёш бола эдилар. Макка билан Мадина орасидаги Жуҳфа деган жойга етиб келганда, Аббос Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни учратади.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам катта қўшин билан Маккани фатҳ қилиш учун кетаётган эдилар. Аббос розияллоҳу анҳу Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга қўшилиб, Макка фатҳи учун ортга қайтди. Умму Фазл розияллоҳу анҳо болалари билан сафарини давом эттириб, Мадинага кетдилар. Кейинчалик Умму Фазл ҳаётларининг охиригача Мадинада яшадилар.

Абдуллоҳ ибн Аббос нубувват хонадонида

Абдуллоҳ ибн Аббос онаси Умму Фазл билан Мадинага ҳижрат қилганда ҳали балоғат ёшига етмаган эди. Мадинага ҳижрат қилганидан жуда хурсанд. Негаки, тез кунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга бўлади. Нажот ва саодат ваҳийи нозил бўладиган жойда бўлишини ёш Абдуллоҳ жуда ўткир зеҳни ва фаросати билан англаган эди.

Абдуллоҳ Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг илм булоқларидан баҳраманд бўлиш учун Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам қаерга борсалар, У Зотнинг орқасидан қолмас, худди Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламни тарк қилмайдиган сояларидай у киши билан бирга юрар эди.

Абдуллоҳ Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам билан масжид ёки саҳобалар мажлисида бирга бўлиш билан чекланиб қолмас, доимо у Зотнинг уйларида ҳозиру нозир эдилар. Одатда вақтининг кўп қисми холаси, яъни Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг завжалари Маймуна розияллоҳу анҳонинг уйида ўтарди. Кўпинча Абдуллоҳ шу хонадонда еб- ичиб, ўша ерда тунаб қоларди.

Бир куни кечқурун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Маймуна онамизнинг уйларига кириб келдилар. Қарасалар, Абдуллоҳ ухлаб қолган экан. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Болакай намозни ўқидими?», деб сўрадилар. Маймуна онамиз: «Ҳа, Абдуллоҳ Хуфтондан кейин ўқиладиган намозни ўқиб ётди», дедилар.

Бу ҳақда Абдуллоҳнинг ўзи қуйидагича айтади: «Ўша пайт Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам холамга нима деяётганларини эшитаётган эдим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уйқуга кирдилар. Тун яримлаб қолганда, у Зот туриб таҳорат олдилар. Сўнг намозга киришдилар. Мен ҳам дарҳол ўрнимдан туриб, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан қолган сув билан таҳорат олиб, иштонимни яхшилаб боғладим-да, у Зотнинг чап томонларига туриб, иқтидо қилдим. У киши оҳисталик билан, қулоғимдан ушлаб, мени ўнг томонларига ўтказдилар. Сўнг беш ёки етти раъкат Витр намозини ўқидилар. Намознинг фақатгина охирги раъкатида салом бердилар».

Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳунинг Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ёнларида юриши шунчаки вақт ўтқазиш учун эмас, балки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бажарган амаллари ва дин ҳукмларини ўрганиш учун эди. Чунки Абдуллоҳ ибн Аббос Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг баъзи амалларини бизга ривоят қилиб қолдирганларки, у хабарни фақатгина ёш Абдуллоҳдек ярим кечаси ҳам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламни қиладиган амалларини кузата олиш каби имкониятга эга бўлган кишигина ривоят қила олади.

Мана, Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳунинг ўзлари бир куни холалариникида тунаб, ярим кечаси Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам қилган ишларини кўриб, уни қуйидагича ривоят қилади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ярим тунда ўрниларидан туриб енгил таҳорат олдилар. Мен ҳам туриб, худди у кишидай таҳорат олдим. У Зот Аллоҳ қодир қилганча намоз ўқидилар. Мен ҳам у кишига иқтидо қилиб намоз ўқидим. Сўнг ухладилар. Уйқу овозини эшитдим. Сўнг у Зотнинг олдиларига муаззин келди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам таҳорат олмасдан намоз ўқиш учун масжидга чиқдилар».

Ибн Аббос розияллоҳу анҳу яна бизга нубувват хонадонида бўлган муҳим воқеани тасвирлаб беради: «Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларида эдим. У Зот чанқоқликларини босмоқчи бўлиб турдилар, таҳорат олдилар, сўнг тик туриб сув ичдилар».

Бир куни Ибн Аббос розияллоҳу анҳу ўзига ўзи: «Аллоҳга қасамки, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам қилганларидек қиламан», деб туриб, таҳорат олди ва тик туриб сув ичди. Сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ортидаги сафга туриб, у Зотга иқтидо қилди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларининг томонларидан баробарларига ўтиб сафни олишини ишора қилдилар. Ибн Аббос розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга яқинроқ туришни истамасдан орқа сафда тураверди.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам намозни тугатиб бўлгач: «Намозда менинг баробаримда туриб сафда туришингдан нима сени тўсиб қўйди?»−дедилар. Ибн Аббос розияллоҳу анҳу: «Эй Аллоҳнинг Расули, сиз мен учун буюк ва азиз инсонсиз. Ахир мен қандай қилиб сизнинг баробарингизда бўлиб қолишим мумкин?» деди. Ибн Аббоснинг бу жавобидан сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унинг ҳаққига: «Эй Аллоҳим, унга ҳикматни ато қил», деб дуо қилдилар.

Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ибн Аббос ҳаққига қилган дуолари

Абдуллоҳ ибн Аббос ҳали дунёга келмасидан онасининг қорнидалигидаёқ унга Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг назар-эътиборлари тушган эди. У ёш ўспирин бўлиб, улғайганда ҳам бу эътибор сусаймади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унинг бошини силаб: «Эй Аллоҳим, уни динда фақиҳ қилиб қўйгин ва таъвилни (Қуръон маъноларини яхши англашни) ато қилгин», деб дуо қилар эдилар.

Гоҳида уни дуо қилиб: «Аллоҳим, унга ҳикмат ва Қуръон маъноларини яхши англашни ато қил», дер эдилар. Ва баъзан эса: «Аллоҳим, унга барака ато қил ва уни солиҳ бандаларингдан қил», деб дуо қилар эдилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Абдуллоҳнинг ҳаққига фақатгина дуо қилиш билан чегараланибгина қолмай, унинг таълим-тарбиясига эътибор кўрсатар, хайрли ишларни қилишга йўналтириб турар эдилар. Чунки у Зот бу бола келажакда илмли бир шахс бўлиб етишини пайғамбарлик нури билан кўрар эдилар.

Мана, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Ибн Аббосни ўзлари минган уловнинг орқасига мингаштириб, унга Ислом асослари ва иймон қоидаларини ўргатмоқдалар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Ибн Аббос билан битта уловда кетар эдилар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Эй болакай, Аллоҳ сенга манфаат берадиган баъзи сўзларни ўргатайми?», дедилар. Ибн Аббос интиқлик, завқу шавқ билан: «Ҳа, ё Расулуллоҳ», деди.

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳнинг айтганларини муҳофаза қилсанг, Аллоҳ ҳам сени муҳофаза қилади. Аллоҳнинг айтганларини қилсанг, Уни олдингда топасан. Кенгчилик, хурсандчилик пайтида Аллоҳни ёд олгин. Аллоҳ сени қийинчилик ва машаққатга тушиб қолганингда эслайди. Агар сўрайдиган бўлсанг, фақат Аллоҳдан сўра. Кўмак ва мадад сўрайдиган бўлсанг ҳам, фақат Аллоҳдан сўра. Шуни билиб қўйки, агар бутун уммат йиғилиб, сенга бир фойда келтирмоқчи бўлса, Аллоҳ ёзиб қўйган нарсадан ортиғини қилиша олмайди. Агар улар сенга зарар етказиш мақсадида йиғилишса, Аллоҳ битиб қўйган нарсадан ошиғини қила олишмайди. Қаламлар (ёзишдан) тўхтаган. Саҳифалардаги (сиёҳ билан ёзилган) нарсалар қуриган», дедилар.

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Ибн Аббос билан мулойимлик ва меҳрибонлик ила муомалада бўлар эдилар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан ўзининг заковатли инсон эканига далолат қилувчи саволларни сўраганида, у Зот Ибн Аббоснинг заковатидан хурсанд бўлар эдилар. У билан суҳбатлашишни ёқтирар , уни бағирларига босар эдилар.

Жаброил алайҳиссаломни кўришлари

Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу ёшлик чоғиданоқ Аллоҳ таоло унга бир неча кароматларини берган эди. Инъом этилган кароматлардан бири бу — Жаброил алайҳиссаломни кўзлари билан кўришлари бўлган. Ибн Аббоснинг ўзи Жаброил алайҳиссаломни икки марта кўрганлигини айтган.

Келинг, ўша воқеани у кишининг ўзидан эшитайлик:
«Отам Аббос билан Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида эдик. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларини худди отамдан хафа бўлгандек тутдилар. У кишининг ҳузурларидан чиққач отам: «Амакингнинг ўғли мендан хафа бўлган кўринади», дедилар. Мен: «Йўқ, у бир киши билан гаплашиб турган эдилар. Шунинг учун сизга шундай туюлган бўлса керак», дедим. Отам ажабланиб: «Нима, у кишининг олдиларида одам бор эдими ?», дедилар. Мен: «Ҳа, одам бор эди», дедим.

Отам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига қайтиб: «Ё Расулуллоҳ, боя олдингизда бирор киши бор эдими,  Абдуллоҳ, У кишининг олдиларида бир одам бор эди. У билан гаплашаётган эдилар», деди, деб сўрадилар. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам менга: «Эй Абдуллоҳ, сен уни кўрдингми?», дедилар. Мен: «Ҳа», дедим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «У Жаброил алайҳиссалом эди», дедилар».

Иккинчи марта кўришлари эса Аббос розияллоҳу анҳу ўғли Абдуллоҳни Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан бир нарсани сўраб келиш учун жўнатганларида содир бўлди. Ёш Абдуллоҳ Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига келганида, У зотнинг ҳузурида бир киши турганини кўриб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга ҳеч нима демасдан қайтиб кетди. Отасининг олдига келиб, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурида одам борлиги учун ҳеч нима демасдан қайтиб келганини айтади.

Аббос розияллоҳу анҳу Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга учраб: «Эй Аллоҳнинг расули, сизнинг олдингизга ўғлим Абдуллоҳни жўнатган эдим, олдингизда одам борлиги учун бирон оғиз гапирмасдан қайтиб келибди», деди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Эй амаки, ўша одам кимлигини биласизми?», дедилар. Аббос: «Йўқ», деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «У Жаброил алайҳиссалом эди. Ўғлингиз Абдуллоҳ, ҳатто олим бўлмагунча ва кўзи ожиз бўлиб қолмагунча бу дунёдан ўтмайди», дедилар.

Ҳақиқатдан ҳам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг айтганлари бўлиб, Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу катта олим бўлдилар ва кўзлари ожиз бўлгач, бу дунёдан ўтдилар.

Эрта уйғонган заковат

Ибн Аббос розияллоҳу анҳунинг ақл ва заковатлари бошқа болалардан фарқли ўлароқ ёшлик чоғларидаёқ шаклланиб бўлган эди. Ўзи, аслида, шундай ҳам бўлиши керак эди. Чунки Абдуллоҳ ёшлигидан Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга бўлиб, у Зотнинг илм булоқларидан баҳраманд бўлишлик шарафига муяссар бўлган эди. Ахир қандай қилиб заковатли бўлмасин, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам унинг ҳаққига «Динда заковатли бўлсин», деб дуо қилганлар-ку. Бундан ташқари, туғилганидан кейин ошқозонига кирган биринчи нарса бу Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак тупуклари ҳисобланади.
Абдуллоҳ ибн Аббос ўспиринлик давридан бошлаб салла кия бошлади. Унинг устига илмий нурлар ёғила бошлади.
Абдуллоҳдаги мана шу нурни сезган шахслардан бири, бу − Умар розияллоҳу анҳу эдилар. У киши ўз халифалик даврларида ёш Абдуллоҳни катта саҳобалар билан бўладиган илмий мажлисларга олиб кирар эдилар. Саҳобалар Умарнинг ўзи билан ёш болани олиб юришидан ажабланиб, ҳайратда қолишар эди. Ҳатто бир куни саҳобалар Умар розияллоҳу анҳуга эътироз билдириб: «Нима учун бу ёш болани бизнинг мажлисимизга олиб кирасиз, ахир бизнинг ҳам ёш болаларимиз бор, уларни олиб кирмаяпмиз-ку?!» дейишди. Умар: «Бу кимлигини, илм ва фазл эгаси эканлигини жуда яхши биласизлар-ку», дедилар. Сўнг олим ва фақиҳ саҳобаларни чақириб, уларга Аллоҳ Қуръонда: «Қачонки, Аллоҳнинг нусрати (мадади) ва ғалаба келганида, одамлар тўп-тўп бўлиб, Аллоҳнинг дини (Ислом)га кираётганларини кўрганингизда, дарҳол Роббингизга ҳамд билан тасбеҳ айтинг ва Ундан мағфират сўранг! Зеро, У тавбаларни қабул этувчиЗотдир», деб марҳамат қилди.

«Сизлар ушбу оятлар ҳақида нима дейсизлар?», деб сўрадилар. Уларнинг баъзилари: «Аллоҳ бизни агар нусратга эришиб фатҳ қилсак, Унга ҳамд ва истиғфор айтишга буюрмоқда», дейишди. Баъзилари эса ҳеч нима демасдан, сукут сақлашди. Умар розияллоҳу анҳу Абдуллоҳга қараб: «Сен ҳам шундай фикрдамисан, эй Ибн Аббос?», деди. Абдуллоҳ: «Йўқ, мен ундай демайман», деди. Умар: «Унда сен нима дейсан?», дедилар. Абдуллоҳ: «Бу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ажаллари яқинлашганини билдирувчи оятлар бўлиб, Аллоҳ ушбу оятлар билан Набийига ўлим соатлари яқинлашганини билдирган», деди. Умар: «Аллоҳга қасамки, мен ҳам ушбу оятлардан мана шу сен айтган нарсани тушунганман», дедилар.

Абдуллоҳ ибн Аббоснинг ўзи: «Умар розияллоҳу анҳунинг мени катта саҳобаларни олдига олиб киришларидан асосий мақсадлари, бу мени уларга заковатимни кўрсатиб қўйиш учун эди», деган.

Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу ёшлари кичик бўлгани сабабли катта саҳоблар олдида сукут сақлаб турар эдилар. Умар розияллоҳу анҳу ёши кичик, аммо ақл ва илмда баркамол бўлган бу ёш болани қўлидан ушлаб, қаерга борса, ўзи билан бирга олиб юрар эди.

Бир куни Умар розияллоҳу анҳу илмий мажлис қуриб, «Лайлатул қадр» кечаси ҳақида баҳс ва мунозара қилаётган саҳобалар мажлисига келиб қўшилдилар. Мажлисда бир саҳобий ўрнидан туриб, Қадр кечаси ҳақида билганини гапирди. Абдуллоҳ ибн Аббос эса одоб билан жим ўтирар эди. Умар розияллоҳу анҳу Абдуллоҳнинг индамай турганини кўриб, «Эй Аббоснинг ўғли, нега жим турибсан, уялмагин, ёшинг кичиклиги сени гапиришдан тўсиб қўймасин», дедилар. Абдуллоҳ ибн Аббос: «Эй мўминларнинг амири, Аллоҳ тоқ Зотдир, тоқликни яхши кўради. Дунё кунларини етти кун қилиб қўйди (яъни кунларни ҳафтадан иборат қилиб қўйди). Ризқларимизни етти (кун ёки соат ёки лаҳза)да яратиб қўйди. Устимиздаги осмонни етти қават қилиб қўйди. Остимиздаги ерни ҳам етти қават қилиб яратди. Етти оятдан иборат бўлган Фотиҳа сурасини нозил қилди. Қуръонда никоҳланиш мумкин бўлмаган қариндошларни етти тоифага бўлиб қўйди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Каъбатуллоҳни етти марта тавоф қилиб, Сафо ва Марва орасида ҳам етти марта саъй қилиб, Муздалифада шайтонга еттита тош отиб, умматларига кўрсатиб бердилар. Менимча, «Лайлатул қадр» кечаси Рамазоннинг охирги етти кунидан бирида бўлса керак, деб ўйлайман», деди.

Умар розияллоҳу анҳу Ибн Аббоснинг бу жавобидан ҳайратланиб: «Қадр кечаси борасида фақат мана шу боланинг фикригина менинг фикримга тўғри келди», дедилар.

Илмга муҳаббат

Абдуллоҳ ибн Аббоснинг илми тўлиқ бўлмасдан туриб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам оламдан кўз юмдилар. Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг вафотларига Ибн Аббос маҳзун бўлиб қаттиқ йиғлади.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан илмни олиб, илмга бўлган муҳаббати чексиз бўлган бу ёш болакай Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг вафотларидан кейин нима қилади, илмдан воз кечиб, уни тарк этадими ёки илм олишга жиддий киришиб, уни мукаммал ўрганадими?!

Ибн Аббос Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан ўрганиб, ўзи танлаган илм йўлини ихтиёр қилди. Энди у илмни мукаммал ўрганишга бел боғлади.

Ибн Аббос биринчи ўринда ўқиш ва ёзишни ўрганишга киришди. Чунки улуғ саҳобалардан нақл қилинган илмларни ёзиб қўйиши керак эди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг вафотларидан кейин Ибн Аббос ансорлардан бўлган ўртоғига: «Юр, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобалари жуда кўп, улардан бориб илм ўрганамиз», деди. Ҳалиги ансорий бола: «Аллоҳга қасамки, сенинг бу гапингдан мен ҳайрон қоламан. Одамларни орасида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобаларидек инсонлар турганда, одамлар диний масалаларни сендан келиб сўрашармиди», деди. Ибн Аббос розияллоҳу анҳу у болани тарк қилди ва ўзи саҳобалардан илм олишга киришди. Кўплаб саҳобаларни кетидан илм излаб юрди. Бу ҳақда Ибн Аббос розияллоҳу анҳунинг ўзи қуйидагича дейди:«Фалончи Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан ҳадис эшитган экан, деган хабар менга етиб келса, ўша ҳадис эшитган одамнинг уйига борар эдим. Борсам, у ухлаб ётган бўларди. Мен унинг эшиги олдида ридомни ёстиқ қилиб, чиқишини кутиб ёнбошлаб ўтирар эдим. Шамол эсиб юзим тупроқ бўлиб кетар эди. Ҳалиги одам уйғониб эшикка чиқар ва мени кўриб, «Эй Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг амакиларининг ўғли, тинчликми?!», дер эди. Мен: «Мен, билишимча, сиз Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан ҳадис эшитган экансиз. Ўша ҳадисни сиздан эшитгим келди», дер эдим. У: «Одам жўнатсангиз, ўзим олдингизга борар эдим», дер эди. Мен: «Бу борада мен сизнинг олдингизга келишим шарт», дер эдим. Унинг бу гапни айтишига сабаб, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам тириклик чоғларида, у Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига келар эди ва у Зотнинг олдиларида мени кўрар эди ва менинг Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қариндошлари эканлигимни яхши биларди».

Илм олиш борасида Ибн Аббос кибр қилмадилар. Кимда илм бўлса, унинг ёши катта бўладими ёки кичик бўладими, ёки бўлмаса ҳур бўладими, ёки қул бўладими − буни фарқи йўқ, ўшандан бориб илм ўрганар эди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Абу Рофиъ исмли ходимлари бор эди. Абу Рофиънинг Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг айтган сўзлари ва қилган амалларини қайд этиб бориш учун ўзлари билан олиб юрадиган ёзма тахталари бор эди. Шу боис Абдуллоҳ ибн Аббос розийаллоҳу анҳу ҳеч бир кибр қилмасдан, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ходимлари Абу Рофиъдан илм ўрганар эдилар.

Буюк саҳоба Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу Ибн Аббоснинг илмга бўлган муҳаббати ва илм олиш йўлидаги жидду жаҳтидан ҳайратланиб, «Агар бу болакай биз топган нарсани топганида эди (яъни Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам билан кўп йиллар мобайнида бирга бўлиш шарафига эришганда эди) бирортамиз унга яқинлаша олмасдик», дедилар.

Оламни ёритиб турган қуёшдан нур чиққанидек, ёмғир суви билан суғорилган ердан ўт-ўланлар ўсиб чиққанидек, илм билан тўлган қалб эгасидан ҳалимлик чиқиши керак.

Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳуда ҳам худди шу хислат бор эди. У кишидаги ҳалимлик оғзидан чиқадиган сўзлари ва ҳатти-ҳаракатларидан билиниб турарди. У ҳеч қачон дағал сўзламас эди. Бировга қўполлик билан муомала ҳам қилмаган. Оғир-вазмин, жуда ҳалим ва хушмуомала инсон эди.

Қанақасига ҳалим инсон бўлмас экан, ахир у киши нубувват хонадонида тарбия топдилар-ку!

Ибн Бурайда розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Бир киши Ибн Аббосни сўкди. Ибн Аббос: «Менда ўзим билган нарсани ҳамма билишини хоҳлаш, мен учун бегона бўлган бир кишининг ишини ҳоким адолат билан ечиб берганда хурсанд бўлиш ва мен яшаб турган жойда эмас, бошқа мусулмон ўлкаларда ёмғир ёғса, гарчи менинг юртимга ундан фойда бўлмаса-да, ўша ўлкага ёмғир ёққани учун хурсанд бўлиш каби баъзи хислатларим бор. Сен бўлсанг мени сўкяпсан», деди».

Мана шу Ибн Аббоснинг хулқи ва ҳалимлик фазилати эди. У киши ўзини сўккан одамга мулойимлик билан, нодон кишига эса илму маърифат билан жавоб қайтарар эди. У кишига нисбаттан ёмон муомала қилган одам хоҳ ёнида бўлсин, хоҳ у кишидан йироқда бўлсин − ҳар икки ҳолатда ҳам ўша инсонга нисбаттан мулойимлик билан муносабатда бўлар эди. Унинг ортидан ёмонлаб, ғийбат қилмас эди.

Маймун ибн Меҳрон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:«Мен Ибн Аббоснинг: «Менга фалончи сизни ёмонлади, деган хабар етиб келганда, уни уч даражанинг бирида деб билдим. Агар у мендан юқори инсон бўлса, бу − қадрли инсон, деб қадр-қимматини ўз ўрнига қўйдим. Агар у инсон мендек бўлса, унга фазилат кўрсатиб, уни ёмонламадим. Агар мендан пастда бўлса, унга ғамхўрлик қилдим (яъни уни ҳам ёмонламадим). Мана шу менинг феъл-атворим. Кимга бу феълим ёқмаса, марҳамат, Аллоҳнинг ери кенг, кетавериши мумкин», деганини эшитганман», деди».

Ибодат ва зуҳдлари

Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу олимларнинг султонигина бўлиб қолмасдан, ёшликлариданоқ обид ва зоҳидларнинг энг пешқадами эди. Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг уйлари у кишига ибодат ва зуҳд фиқҳини ўргатган биринчи мадраса ҳисобланади. Қандай қилиб у кишини зоҳид ва обидларнинг пешқадами демаслик мумкин, ахир у киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида дунёга келиб, уларнинг тарбияларида ўсди-ку!

Ибн Мулайкаҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Мен Ибн Аббос билан Маккадан Мадинагача бирга борганман. Йўлда тунайдиган бўлсак, ярим кечаси туриб, Қуръон тиловат қилар ва кўп зикр қилар эди».

Ибн Аббос розиzллоҳу анҳу тоат-ибодат йўлида ўзи учун жуда ҳам қадрли бўлган нарсаларидан воз кечишга тайёр эди. Ҳатто ўша қадрли нарса инсон учун энг керакли аъзо ҳисобланган кўз бўлса ҳам.

Кўзларига сув кириб қолганда, табиблар келиб, «Бизга қўйиб беринг. Кўзингизни ичидаги сувларни чиқарамиз ва тузалиб қоласиз. Лекин беш кунча намоз ўқий олмайсиз», дейишди. Ибн Аббос розияллоҳу анҳу: «Йўқ. Ундай бўлса керак эмас. Аллоҳга қасамки, мен Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: «Кимки бир вақт намозни қасддан тарк қилса, эрта қиёмат кунида Аллоҳ таоло ундан ғазаб қилган ҳолда у Аллоҳга йўлиқади», деган сўзларини эшитганман», деб жавоб берди.

Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу Аллоҳдан қўрқиб жуда кўп йиғлар эди. Ҳатто кўп йиғлаганидан кўзлари остида чизиқлар пайдо бўлиб қолган экан.

Товус ибн Кайсон раҳматуллоҳи алайҳдан ривоят қилинади: «Ибн Аббос розияллоҳу анҳучалик Аллоҳнинг буйруқ ва қайтариқларига қаттиқ амал қиладиган кишини кўрмадим. Аллоҳга қасамки, ҳозир у кишини эсласам, кўз ёшимни тўхтатолмайман».

Абу Ражо раҳматуллоҳи алайҳдан ривоят қилинади: «Ибн Аббос розияллоҳу анҳунинг мана бу жойи кўз ёши оқадиган йўлакча эди. Ундаги йўлакча худди шиппакнинг эски ипига ўхшарди».

Рум подшоҳининг саволига берган жавоблари

Ибн Аббос розияллоҳу анҳудаги илмнинг фазилатидан Муовия розияллоҳу анҳу у кишини алоҳида бир мартабага кўтариб ҳурмат ва эҳтиром кўрсатар эди. Ечими мураккаб бўлган масалаларни Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан сўраб олар эдилар.

Рум подшоҳи мусулмонларни ожиз қолдириш ва мусулмонларнинг савияси пастлигини кўрсатиб қўйиш мақсадида Муовия розияллоҳу анҳуга баъзи саволларни мактуб тарзида ёзиб юборди.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳунинг маърифат нурлари подшоҳ жўнатган зулумот булутларини тарқатиб ҳамма жойни нурафшон қилди.

Рум подшоҳи Муовия розияллоҳу анҳуга еттита саволни ёзиб жўнатди.

1. Аллоҳга энг суюкли калом?

2. Аллоҳ наздида энг эҳтиромли эркак ва аёл?

3. Бачадонга кирмаган, лекин руҳи бор бўлган тўртта нарса?

4. Ичидаги маййит билан бирга юрган қабр?

5. Фақатгина бир марта қуёшнинг нури теккан ердаги макон?

6. Қовсу қазаҳ (яъни камалак) нима?

7. Осмондаги Мужирра (сомон йўли) нима?

Бу мактуб Муовия розияллоҳу анҳуга етиб келгач, саволларни ўқиб чиқдилар. Саволнинг ечими қийинлигини кўриб, Ҳибрул умма (бу умматнинг олими)га, яъни Ибн Аббосга одам жўнатиб, саволларга жавоб ёзиб юборишини сўради. Чунки илм қалъаси ва бутун дунё имоми бўлган Абдуллоҳ ибн Аббосгина бундай қийин масалага ечим топа биларди.

Ибн Аббос Рум подшоҳи йўллаган саволларга қуйидаги жавобларни ёзиб, Муовия розияллоҳу анҳуга жўнатдилар:

- Аллоҳга энг суюкли калом, бу − «Субҳаналлоҳи валҳамду лиллаҳи ва ла илаҳа иллаллоҳу валлоҳу акбар, вала ҳавла вала қуввата илла биллаҳ», деган зикрдир.

- Аллоҳга энг суюкли киши Одам алайҳиссалом. Чунки Аллоҳ қўли билан яратди уни, руҳидан пуфлади, унга фаришталарни сажда қилдирди ва барча нарсаларнинг номини ўргатди.

- Аллоҳ наздида энг эҳтиромли аёл, бу − Марям бинти Имрон.

- Бачадонга кирмасдан жон киргизилган нарсалар: Одам алайҳиссалом, Ҳаво онамиз, Мусо алайҳиссаломнинг ҳассалари ва Исмоил алайҳиссаломнинг ўрниларига қурбонлик қилинган қўчқор.

- Ичидаги маййит билан бирга юрган қабр, бу − Юнус алайҳиссаломни ўз ичида олиб юрган балиқ.

- Фақатгина бир марта қуёшнинг нури теккан ердаги макон, бу − Аллоҳ таолонинг қудрати билан ўртасидан тенг иккига ажратилган денгиз. Бунда Аллоҳ Фиръавн ва унинг лашкарларидан Мусо алайҳиссаломни халос этиш учун денгизни бўлганда, денгизнинг тубидаги ер кўринади ва ўша пайт қуёшнинг нури ўша жойга тушади. Мусо алайҳиссалом ва унга эргашганлар денгизнинг нариги соҳилига ўтиб олганларидан сўнг, денгиз яна аввалги ҳолига қайтади.

- «Қовсу қазаҳ (камалак) нима? », деган саволга келадиган бўлсак, бу ер аҳлининг сувда чўкиб кетишидан омонда қолганлигининг белгиси. Чунки Нуҳ алайҳиссалом даврларида мана шу камалак кўрингач, осмондан ёғаётган ёмғир ва ердан чиқаётган булоқлар тўхтаган ва бу ер аҳлига омон қолганининг белгиси бўлган.

- Осмондаги Мужирра (сомон йўли)га келадиган бўлсак, у осмондаги эшикдир.

Бу жавоб ёзилган мактубни Муовия розияллоҳу анҳу Рум подшоҳига жўнатдилар. Рум подшоҳи жавобларни ўқиб, «Аллоҳга қасамки, буни Муовия ёзмаган. Бу Пайғамбар қариндошларидан бирининг ёзган жавоби бўлиши керак», деди.

Камтарликлари

Ким илм йўлини танлаб, илм одобларини ўрганса ва илм аҳли билан бирга бўлса, ундай инсон, албатта, олимларни эҳтиром қилиши, қадрлаши ва улар билан ўзини камтарин тутган ҳолда, уларнинг суҳбатларидан баҳраманд бўлиши лозим.

Насабли, шарафли ва илмлари кучлилигига қарамасдан, Ибн Аббос розияллоҳу анҳу олимларни ҳурмат қилиш ва улар билан бўладиган муомала-муносабатда ўзини камтарин тутиш борасида бошқаларга намуна бўлдилар.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳу Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳунинг олдидан силжимасди. Зайд ибн Собит қаерга борса, Ибн Аббос унинг ортидан қолмас эди. Зайд ибн Собит бирор жойга кетаётганда, Ибн Аббос у кишининг уловининг юганидан ушлаб борарди. Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳу хижолат бўлиб, Ибн Аббосдан бундай қилмаслигини илтимос қилар, Ибн Аббос розияллоҳу анҳу эса: «Олимларимизга мана шундай ҳурмат кўрсатишга буюрилганмиз», дер эди. Бу сўзни эшитган Зайд розияллоҳу анҳу: «Менга қўлингизни кўрсатинг», деди, Ибн Аббос қўлини кўрсатганда уни ўпиб қўйиб: «Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг аҳли байтларига нисбаттан мана шундай қилишга буюрилганмиз», деди.

Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳунинг уйига келиб илм ўрганар ва «Илм олишга борилади, илм келмайди», дер эдилар.

Ибн Аббос ўз устозлари Зайд розияллоҳу анҳуни илмда энг кучли олим деб билар ва у киши ҳақида: «Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг улуғ саҳобалари Зайд ибн Собитнинг илм борасида энг кучли олим эканликларини билишарди», дер эдилар.

Зайд ибн Собит вафот этганда Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу қаттиқ қайғуга ботдилар. У киши дафн қилингандан сўнг қабрлари устида туриб ҳаётлик чоғларида қилган яхши амалларини санаб чиқдилар ва «Одамлар орасидан илм қандай кўтарилишини кўрмоқчи бўлганлар, мана, кўриб қўйсин — илм мана шундай одамлар орасидан кўтарилади», деб Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳунинг вафотларига ишора қилдилар.

Саҳоба ва тобеинларнинг мақтови

Аллоҳ таоло Ибн Аббос розияллоҳу анҳуга ноёб истеъдод, ўткир фикр, битмас илм ва ҳозиржавоблик каби ажойиб неъматларини ато қилган эди. Ибн Аббос ҳақларида «У ширин ва мазали асал йиғиш учун гулдан гулга қўниб юрадиган асаларига ўхшар эди», дейилган.

Дарҳақиқат, Ибн Аббос розияллоҳу анҳу мақташга арзийдиган инсон эди. У киши барча нарсада пешқадам, илм борасида денгиз, Қуръон таржимони, илм талаб қилишдан тўхтамайдиган фазилат соҳиби эди.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам у киши ҳақида «Келажакда етук олим бўлади», деб хушхабар берган эдилар.

Келинг, у киши ҳақида саҳоба ва тобеинлар айтган сўзлар билан танишиб чиқайлик:

Саъд ибн Аби Ваққос розияллоҳу анҳу Абдуллоҳ ибн Аббос ҳақларида: «Ўткир фаҳм, ақлу идрок, илм ва ҳалимлик борасида Ибн Аббосдан кўра кучлироқ инсонни кўрмадим», дедилар.

Убайдуллоҳ ибн Утба розияллоҳу анҳу: «Ибн Аббос бир неча хислатларда бошқалардан ўзиб кетган эдилар. Ибн Аббосда ҳеч ким эришолмаган илм, ҳамма унинг фикрига муҳтож бўладиган фиқҳ, ҳалимлик, олийнасаб ва топағонлик каби хислатлар бор эди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадислари, Абу Бакр, Умар ва Усмон розияллоҳу анҳумнинг фатволарини у кишидан кўра кучлироқ биладиган одам йўқ эди. Қийин масалани ечишда у кишидан кўра ўткир фикрли инсон йўқ эди. Биз у кишининг илмий суҳбатларида бўлардик. Бир кеча тўлиқ ғазавотлар ҳақида, яна бир кеча тўлиқ араб насаблари ҳақида ва яна бир кеча тўлиқ шеър ҳақида гапириб берар эдилар», деди.

Абу Воил розияллоҳу анҳу айтади: «Ибн Аббос бизга маъруза қилиб бердилар. У киши ўша йили мавсумнинг амири эдилар. Маърузани «Нур» сурасидан бошладилар. Сурани ўқиб тафсир қилар эдилар. У кишининг маърузаларини эшитиб, «Бунақа маъруза қиладиган одамни кўрмаганман, ҳатто эшитмаганман. Агар форс ва турклар мана шу маърузани эшитганида эди, аниқ Исломга кирган бўларди», дедим».

Масруқ розияллоҳу анҳу айтади: «Ибн Аббосга қараганимда, «Бу инсонларнинг энг кўрками», дердим. Агар у киши гапирса, «Инсонларнинг энг ўткир нотиқи», дердим. Агар у киши ҳадис айтса, «Инсонларнинг энг кучли олими», дердим. Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан уч марта Қуръонни ўтказиб олдим. Ҳар бир сурада тўхтаб, бу ким ҳақида нозил бўлган ва ўша воқеа қандай бўлган», деб сўрар эдим».

Қосим ибн Муҳаммад розияллоҳу анҳу айтади: «Ибн Аббос розияллоҳу анҳунинг мажлисларида бирор марта ботил (бўлмағур) нарсани кўрмадим».

Товус ибн Кайсон розияллоҳу анҳу айтади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг беш юзга яқин саҳобаларини кўрганман. Улар бир масалада тортишиб қолишса, Ибн Аббос розияллоҳу анҳунинг сўзини қабул қилишарди».

Абу Мулайка розияллоҳу анҳу айтади: «Мужоҳиднинг қўлида бир неча лавҳлар бор эди. Уни Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан Қуръон оятларининг тафсирини сўраётганини кўрдим. Ибн Аббос розияллоҳу анҳу унга: «Бу оят ҳақида мана бундай ёз», дер эдилар. Мужоҳид у кишидан Қуръон оятларини ҳаммасининг тафсирини сўраб олди».

Урва ибн Зубайр розияллоҳу анҳу: «Ибн Аббосдек (илмли) бирор кишини кўрмадим», деди.

Саид ибн Мусаййиб розияллоҳу анҳу: «Ибн Аббос розияллоҳу анҳу инсонларнинг энг кучли олимидир», деди.

Саид ибн Жубайр розияллоҳу анҳу: «Ибн Аббос розияллоҳу анҳу менга ҳадис айтар эдилар. Агар менга изн берганларида эди, пешоналаридан, албатта, ўпиб олган бўлардим», дедилар.

Мужоҳид розияллоҳу анҳу айтади: «Ибн Аббос розияллоҳу анҳу илмлари кўплигидан«денгиз» деган номни олганлар».

Вафотлари

Ибн Аббоснинг ёшлари ўтиб, қариб қолганларида, мусулмонлар орасида охирги кунларда аланга олаётган келишмовчилик ва зиддиятлардан узоқлашгилари келиб қолди. Бунинг учун ҳавоси тоза бўлган Тоиф шаҳрини танладилар.Тоифдаликларида одамлар турли юртлардан келиб, у кишидан илм олишарди. Кўзлари ожиз бўлгунча бу ҳолат давом этди. Кўзлари ожиз бўлганда ёшлари етмишдан ошган эди. Кўп ўтмай у киши бу оламдан кўз юмдилар. У зотни билган  инсонларнинг ҳаммаси маҳзун бўлишди.

Маймун ибн Меҳрон розияллоҳу анҳу айтади: «Тоифда Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳунинг жанозаларида иштирок этдим. У кишига жаноза ўқиш мақсадида тобутлари ерга қўйилганда, кафанлари устига оппоқ бир қуш келиб қўнди. Кейинчалик шунақа қуш бормикин деб, қидириб кўрдик, аммо унақа қушни топа олмадик. Қабрга қўйилгач, «Эй хотиржам (сокин) жон! (Ато этилган неъматлардан) рози бўлган (ва Аллоҳ томонидан) ҳам рози бўлинган ҳолингда, Роббинг (ҳузури)га қайтгин! Бас, (солиҳ) бандаларим (сафи)га қўшилгин ва жаннатимга киргин!», деган товушни эшитдик».

Сийрат.уз

* * *

U kishi kim bo‘lgan?

Ummatning olimi va Qur’onning tarjimoni. U kishi Abbos ibn Abdulmuttalib ibn Hoshimning o‘g‘li. Otalari Abbos Payg‘ambarimizning amakilari hisoblanadi.

Otalari: Abbos Islomni birinchilardan bo‘lib qabul qilgan, lekin musulmonligini yashirib yurgan. Badr jangida musulmonlarga qarshi kofirlar tomonidan majburan chiqqanlarida Payg‘ambarimiz sollallohu alayhi vasallam: «Kimki Abbosga duch kelsa, uni o‘ldirmasin. Chunki u o‘zi istamasdan chiqqan», deganlar. Musulmonlardan Abul Yusr Ka’b ibn Amr roziyallohu anhuning qo‘llariga asirga tushganlarida Abul Yusr o‘zi fidya berib Abbosni Makkaga jo‘natgan.

Onalari: Ummu Fazl Liboba binti Horis roziyallohu anho. Erlari Abbos roziyallohu anhudan va Payg‘ambarimiz sollallohu alayhi vasallamning zavjalari Hadicha onamizdan keyin Islomga kirganlar. Islomga kirganlarida yer yuzida ikkita muslima ayol bor edi. U kishi o‘sha muslimalarning biri edilar. Nabiy sollallohu alayhi vasallamdan o‘ttizta hadis rivoyat qilganlar. Nabiy sollallohu alayhi vasallam peshin vaqtida o‘sha kishinikida qaylula qilib uxlab olar edilar. Usmon roziyallohu anhuning xalifalik davrlarida eri Abbos roziyallohu anhudan oldin vafot etganlar.

Xolalari: Mo‘minlarning onasi Maymuna binti Horis roziyallohu anho fozila ayol edilar. Nabiy sollallohu alayhi vasallam hijriy yettinchi sanada o‘z nikohlariga olgan oxirgi ayol hisoblanadilar.

Aytilishicha, Rasululloh sollallohu alayhi vasallamning oldilariga kelib, o‘zini hiba qilgan (bag‘ishlagan) ayol hisoblanadilar. Hatto bu kishining sha’nlariga Ahzob surasining 50-oyati nozil bo‘ldi. «…Yana mo‘mina ayolni – agar u o‘zini Payg‘ambarga tortiq etsa-yu…».

Tavalludlari

Kofirlarning musulmonlarga berayotgan aziyatlari kuchayib, ish tarixda «zulmkor ahdnomasi» nomi bilan mashhur bo‘lgan sahifani yozishgacha olib bordi. Kofirlar ahdnomada musulmon va ularning dinini qo‘llab-quvvatlayotgan yoki ularga yaxshi muomalada bo‘layotganlar bilan aloqani uzishga, ularga hech narsa sotmaslik va ulardan hech narsa sotib olmaslikka, ularga qiz bermaslik va ulardan qiz ham olmaslikka ittifoq qilishdi.

Hali shirkning namoyandalari o‘ylab topgan sahifa qoralanmay turib, Quraysh musulmonlarni «Bani Hoshim» nomi bilan mashhur bo‘lgan daraga qamab qo‘ydi. Daradagilarni tashqariga chiqqani ham qo‘ymasdi. Boshqalar uchun unga kirishi va u yerdagilar bilan suhbatlashi ham ta’qiqlab qo‘yildi.

Ummu Fazl ham o‘z eri Abbos bilan Bani Hoshimdan bo‘lgani uchun bu dushmanchilik qurboni bo‘ldi va daraga kirdi. O‘sha payt Ummu Fazl homilador edi. U kishining homiladorligi ko‘plab qiyinchiliklarni boshlaridan kechirishga sabab bo‘ldi. Homiladorlik og‘rig‘i va yemishning yo‘qligi Ummu Fazlni mashaqqatga solib qo‘ydi. U kishining Payg‘ambarimiz sollallohu alayhi vasallam olib kelgan narsaga iymon keltirganlari barcha qiyinchiliklarni yengib o‘tishga ko‘maklashar edi.

Bundan tashqari, Xadija onamiz bilan birga bo‘lishlari Ummu Fazlga bu mashaqqatlarni yengib o‘tishda eng katta dalda edi. Xadija onamiz o‘zlariga yashirincha keladigan oziq-ovqatlardan Ummu Fazlga berib turar edilar.

Ummu Fazlning homiladorligi sezila boshlaganda Abbos roziyallohu anhu Payg‘ambarimiz sollallohu alayhi vasallamning oldilariga kelib: «Ey Muhammad, menimcha, Ummu Fazl homilador bo‘lgan, shekilli», dedi. Rasululloh sollallohu alayhi vasallam: «Mana shu bola sababli Alloh yuzimizni yoritishini Allohdan umid qilaman», dedilar.

Ummu Fazlning ko‘zi yorishiga oz qolgan, homiladorlik qiyinchiligini boshlaridan kechirayotgan bir paytda Rasululloh sollallohu alayhi vasallam: «Ey Ummu Fazl», dedilar. Ummu Fazl : «Labbay, yo Rasululloh», dedi. Payg‘ambarimiz sollallohu alayhi vasallam: «Sizning homilangiz o‘g‘il bola», dedilar. Ummu Fazl: «Axir qanday bo‘ladi, endi nima qilaman? Quraysh qabilasi (ya’ni kofirlari) ayollar tug‘masligiga bitim tuzgan edi-ku», dedi.Rasululloh sollallohu alayhi vasallam: «Homilangiz men aytganday o‘g‘il. U tug‘ilganda mening oldimga uni olib keling», dedilar. Tug‘ish vaqti kelib, Ummu Fazl yengil bo‘ldi. Payg‘ambarimiz sollallohu alayhi vasallam aytganlaridek o‘g‘il bola tug‘ildi. Uni bir matoga o‘rab Rasululloh sollallohu alayhi vasallamning oldilariga olib kelishdi. Payg‘ambarimiz sollallohu alayhi vasallam unga Abduloh, deb ism qo‘ydilar va muborak so‘laklari bilan tanglayini ko‘tarib qo‘ydilar. So‘ng: «Bolani olib ketavering. Hali ko‘rasiz, bu bola juda aqlli va dono inson bo‘lib yetishadi», dedilar. Ummu Fazl yosh Abdullohni emizish va uning tarbiyasi bilan band bo‘lib qoldilar. Lekin ishlari ko‘payib ketganiga qaramay, doimo musulmonlar va Payg‘ambarimiz sollallohu alayhi vasallamning ahvollaridan boxabar edilar. Xususan, Xadija onamiz va Payg‘ambarimiz sollallohu alayhi vasallamning amakilari Abu Tolib vafot etgandan keyin Quraysh mushriklarining Rasululloh sollallohu alayhi vasallamga aziyatlari kuchayganda Ummu Fazl eri Abbosni Payg‘ambarimiz sollallohu alayhi vasallam bilan birga bo‘lish va u kishini himoya qilishga targ‘ib qildilar.

Lekin Abbos roziyallohu anhu agar Payg‘ambarimiz sollallohu alayhi vasallamga ergashganlarini Quraysh mushriklariga bildirib, u Zotni himoya qilsalar, Makka boshliqlariga berib qo‘ygan mol-mulklari va boyliklaridan mahrum bo‘lib qolishdan qo‘rqdilar. Chunki ular Abbosni musulmon bo‘lganini bilib qolsa, unga biror narsasini qaytarib bermasliklari va u hech vaqosiz qolishini bilardilar.

Hijratlari

Ummu Fazl eri Abbosdan o‘g‘li Abdulloh bilan birga Madinaga hijrat qilish uchun izn so‘radi. Abbos Payg‘ambarimiz sollallohu alayhi vasallamga o‘z oilalari bilan birgalikda Madinaga hijrat qilishga izn so‘rab xat yozdilar. Rasululloh sollallohu alayhi vasallam: «Ey amaki, mening Payg‘ambarligim eng so‘ngi payg‘ambarlik bo‘lganidek, sizning hijratingiz hijratning eng oxirgisi bo‘ladi», dedilar.

Payg‘ambarimiz sollallohu alayhi vasallamdan bu xabarni eshitgandan keyin Abbos roziyallohu anhu safar tadorigini ko‘rib, safar uchun kerakli barcha narsalarni tayyorlab qo‘ydi. Ummu Fazl va bolalar ham safarga tayyor bo‘lishdi. Bolalarning eng oldingi safida Payg‘ambarimiz sollallohu alayhi vasallamni ko‘rish va u kishi bilan birga turishga mushtoq bo‘lgan Abdulloh ibn Abbos turardi.

Abbos roziyallohu anhu aytilgan vaqt kelgach, bola-chaqalarini olib yo‘lga chiqdi. Abdulloh ibn Abbos roziyallohu anhu Makkadan Madinaga hijrat qilganda yosh bola edilar. Makka bilan Madina orasidagi Juhfa degan joyga yetib kelganda, Abbos Rasululloh sollallohu alayhi vasallamni uchratadi.

Payg‘ambarimiz sollallohu alayhi vasallam katta qo‘shin bilan Makkani fath qilish uchun ketayotgan edilar. Abbos roziyallohu anhu Nabiy sollallohu alayhi vasallamga qo‘shilib, Makka fathi uchun ortga qaytdi. Ummu Fazl roziyallohu anho bolalari bilan safarini davom ettirib, Madinaga ketdilar. Keyinchalik Ummu Fazl hayotlarining oxirigacha Madinada yashadilar.

Abdulloh ibn Abbos nubuvvat xonadonida

Abdulloh ibn Abbos onasi Ummu Fazl bilan Madinaga hijrat qilganda hali balog‘at yoshiga yetmagan edi. Madinaga hijrat qilganidan juda xursand. Negaki, tez kunda Rasululloh sollallohu alayhi vasallam bilan birga bo‘ladi. Najot va saodat vahiyi nozil bo‘ladigan joyda bo‘lishini yosh Abdulloh juda o‘tkir zehni va farosati bilan anglagan edi.

Abdulloh Rasululloh sollallohu alayhi vasallamning ilm buloqlaridan bahramand bo‘lish uchun Payg‘ambarimiz sollallohu alayhi vasallam qaerga borsalar, U Zotning orqasidan qolmas, xuddi Payg‘ambarimiz sollallohu alayhi vasallamni tark qilmaydigan soyalariday u kishi bilan birga yurar edi.

Abdulloh Payg‘ambarimiz sollallohu alayhi vasallam bilan masjid yoki sahobalar majlisida birga bo‘lish bilan cheklanib qolmas, doimo u Zotning uylarida hoziru nozir edilar. Odatda vaqtining ko‘p qismi xolasi, ya’ni Payg‘ambarimiz sollallohu alayhi vasallamning zavjalari Maymuna roziyallohu anhoning uyida o‘tardi. Ko‘pincha Abdulloh shu xonadonda yeb- ichib, o‘sha yerda tunab qolardi.

Bir kuni kechqurun Rasululloh sollallohu alayhi vasallam Maymuna onamizning uylariga kirib keldilar. Qarasalar, Abdulloh uxlab qolgan ekan. Payg‘ambarimiz sollallohu alayhi vasallam: «Bolakay namozni o‘qidimi?», deb so‘radilar. Maymuna onamiz: «Ha, Abdulloh Xuftondan keyin o‘qiladigan namozni o‘qib yotdi», dedilar.

Bu haqda Abdullohning o‘zi quyidagicha aytadi: «O‘sha payt Rasululloh sollallohu alayhi vasallam xolamga nima deyayotganlarini eshitayotgan edim. Rasululloh sollallohu alayhi vasallam uyquga kirdilar. Tun yarimlab qolganda, u Zot turib tahorat oldilar. So‘ng namozga kirishdilar. Men ham darhol o‘rnimdan turib, Payg‘ambarimiz sollallohu alayhi vasallamdan qolgan suv bilan tahorat olib, ishtonimni yaxshilab bog‘ladim-da, u Zotning chap tomonlariga turib, iqtido qildim. U kishi ohistalik bilan, qulog‘imdan ushlab, meni o‘ng tomonlariga o‘tkazdilar. So‘ng besh yoki yetti ra’kat Vitr namozini o‘qidilar. Namozning faqatgina oxirgi ra’katida salom berdilar».

Abdulloh ibn Abbos roziyallohu anhuning Payg‘ambarimiz sollallohu alayhi vasallamning yonlarida yurishi shunchaki vaqt o‘tqazish uchun emas, balki Rasululloh sollallohu alayhi vasallamning bajargan amallari va din hukmlarini o‘rganish uchun edi. Chunki Abdulloh ibn Abbos Rasululloh sollallohu alayhi vasallamning ba’zi amallarini bizga rivoyat qilib qoldirganlarki, u xabarni faqatgina yosh Abdullohdek yarim kechasi ham Payg‘ambarimiz sollallohu alayhi vasallamni qiladigan amallarini kuzata olish kabi imkoniyatga ega bo‘lgan kishigina rivoyat qila oladi.

Mana, Abdulloh ibn Abbos roziyallohu anhuning o‘zlari bir kuni xolalarinikida tunab, yarim kechasi Payg‘ambarimiz sollallohu alayhi vasallam qilgan ishlarini ko‘rib, uni quyidagicha rivoyat qiladi:

«Rasululloh sollallohu alayhi vasallam yarim tunda o‘rnilaridan turib yengil tahorat oldilar. Men ham turib, xuddi u kishiday tahorat oldim. U Zot Alloh qodir qilgancha namoz o‘qidilar. Men ham u kishiga iqtido qilib namoz o‘qidim. So‘ng uxladilar. Uyqu ovozini eshitdim. So‘ng u Zotning oldilariga muazzin keldi. Rasululloh sollallohu alayhi vasallam tahorat olmasdan namoz o‘qish uchun masjidga chiqdilar».

Ibn Abbos roziyallohu anhu yana bizga nubuvvat xonadonida bo‘lgan muhim voqeani tasvirlab beradi: «Men Rasululloh sollallohu alayhi vasallamning oldilarida edim. U Zot chanqoqliklarini bosmoqchi bo‘lib turdilar, tahorat oldilar, so‘ng tik turib suv ichdilar».

Bir kuni Ibn Abbos roziyallohu anhu o‘ziga o‘zi: «Allohga qasamki, Payg‘ambarimiz sollallohu alayhi vasallam qilganlaridek qilaman», deb turib, tahorat oldi va tik turib suv ichdi. So‘ng Rasululloh sollallohu alayhi vasallamning ortidagi safga turib, u Zotga iqtido qildi. Payg‘ambarimiz sollallohu alayhi vasallam o‘zlarining tomonlaridan barobarlariga o‘tib safni olishini ishora qildilar. Ibn Abbos roziyallohu anhu Rasululloh sollallohu alayhi vasallamga yaqinroq turishni istamasdan orqa safda turaverdi.

Payg‘ambarimiz sollallohu alayhi vasallam namozni tugatib bo‘lgach: «Namozda mening barobarimda turib safda turishingdan nima seni to‘sib qo‘ydi?»−dedilar. Ibn Abbos roziyallohu anhu: «Ey Allohning Rasuli, siz men uchun buyuk va aziz insonsiz. Axir men qanday qilib sizning barobaringizda bo‘lib qolishim mumkin?» dedi. Ibn Abbosning bu javobidan so‘ng Rasululloh sollallohu alayhi vasallam uning haqqiga: «Ey Allohim, unga hikmatni ato qil», deb duo qildilar.

Nabiy sollallohu alayhi vasallamning ibn Abbos haqqiga qilgan duolari

Abdulloh ibn Abbos hali dunyoga kelmasidan onasining qornidaligidayoq unga Payg‘ambarimiz sollallohu alayhi vasallamning nazar-e’tiborlari tushgan edi. U yosh o‘spirin bo‘lib, ulg‘ayganda ham bu e’tibor susaymadi. Rasululloh sollallohu alayhi vasallam uning boshini silab: «Ey Allohim, uni dinda faqih qilib qo‘ygin va ta’vilni (Qur’on ma’nolarini yaxshi anglashni) ato qilgin», deb duo qilar edilar.

Gohida uni duo qilib: «Allohim, unga hikmat va Qur’on ma’nolarini yaxshi anglashni ato qil», der edilar. Va ba’zan esa: «Allohim, unga baraka ato qil va uni solih bandalaringdan qil», deb duo qilar edilar.

Rasululloh sollallohu alayhi vasallam Abdullohning haqqiga faqatgina duo qilish bilan chegaralanibgina qolmay, uning ta’lim-tarbiyasiga e’tibor ko‘rsatar, xayrli ishlarni qilishga yo‘naltirib turar edilar. Chunki u Zot bu bola kelajakda ilmli bir shaxs bo‘lib yetishini payg‘ambarlik nuri bilan ko‘rar edilar.

Mana, Payg‘ambarimiz sollallohu alayhi vasallam Ibn Abbosni o‘zlari mingan ulovning orqasiga mingashtirib, unga Islom asoslari va iymon qoidalarini o‘rgatmoqdalar.

Rasululloh sollallohu alayhi vasallam Ibn Abbos bilan bitta ulovda ketar edilar. Payg‘ambarimiz sollallohu alayhi vasallam: «Ey bolakay, Alloh senga manfaat beradigan ba’zi so‘zlarni o‘rgataymi?», dedilar. Ibn Abbos intiqlik, zavqu shavq bilan: «Ha, yo Rasululloh», dedi.

Nabiy sollallohu alayhi vasallam: «Allohning aytganlarini muhofaza qilsang, Alloh ham seni muhofaza qiladi. Allohning aytganlarini qilsang, Uni oldingda topasan. Kengchilik, xursandchilik paytida Allohni yod olgin. Alloh seni qiyinchilik va mashaqqatga tushib qolganingda eslaydi. Agar so‘raydigan bo‘lsang, faqat Allohdan so‘ra. Ko‘mak va madad so‘raydigan bo‘lsang ham, faqat Allohdan so‘ra. Shuni bilib qo‘yki, agar butun ummat yig‘ilib, senga bir foyda keltirmoqchi bo‘lsa, Alloh yozib qo‘ygan narsadan ortig‘ini qilisha olmaydi. Agar ular senga zarar yetkazish maqsadida yig‘ilishsa, Alloh bitib qo‘ygan narsadan oshig‘ini qila olishmaydi. Qalamlar (yozishdan) to‘xtagan. Sahifalardagi (siyoh bilan yozilgan) narsalar qurigan», dedilar.

Nabiy sollallohu alayhi vasallam Ibn Abbos bilan muloyimlik va mehribonlik ila muomalada bo‘lar edilar. Payg‘ambarimiz sollallohu alayhi vasallamdan o‘zining zakovatli inson ekaniga dalolat qiluvchi savollarni so‘raganida, u Zot Ibn Abbosning zakovatidan xursand bo‘lar edilar. U bilan suhbatlashishni yoqtirar , uni bag‘irlariga bosar edilar.

Jabroil alayhissalomni ko‘rishlari

Abdulloh ibn Abbos roziyallohu anhu yoshlik chog‘idanoq Alloh taolo unga bir necha karomatlarini bergan edi. In’om etilgan karomatlardan biri bu — Jabroil alayhissalomni ko‘zlari bilan ko‘rishlari bo‘lgan. Ibn Abbosning o‘zi Jabroil alayhissalomni ikki marta ko‘rganligini aytgan.

Keling, o‘sha voqeani u kishining o‘zidan eshitaylik:
«Otam Abbos bilan Payg‘ambarimiz sollallohu alayhi vasallamning huzurlarida edik. Nabiy sollallohu alayhi vasallam o‘zlarini xuddi otamdan xafa bo‘lgandek tutdilar. U kishining huzurlaridan chiqqach otam: «Amakingning o‘g‘li mendan xafa bo‘lgan ko‘rinadi», dedilar. Men: «Yo‘q, u bir kishi bilan gaplashib turgan edilar. Shuning uchun sizga shunday tuyulgan bo‘lsa kerak», dedim. Otam ajablanib: «Nima, u kishining oldilarida odam bor edimi ?», dedilar. Men: «Ha, odam bor edi», dedim.

Otam Payg‘ambarimiz sollallohu alayhi vasallamning oldilariga qaytib: «Yo Rasululloh, boya oldingizda biror kishi bor edimi,  Abdulloh, U kishining oldilarida bir odam bor edi. U bilan gaplashayotgan edilar», dedi, deb so‘radilar. Nabiy sollallohu alayhi vasallam menga: «Ey Abdulloh, sen uni ko‘rdingmi?», dedilar. Men: «Ha», dedim. Rasululloh sollallohu alayhi vasallam: «U Jabroil alayhissalom edi», dedilar».

Ikkinchi marta ko‘rishlari esa Abbos roziyallohu anhu o‘g‘li Abdullohni Payg‘ambarimiz sollallohu alayhi vasallamdan bir narsani so‘rab kelish uchun jo‘natganlarida sodir bo‘ldi. Yosh Abdulloh Nabiy sollallohu alayhi vasallamning oldilariga kelganida, U zotning huzurida bir kishi turganini ko‘rib, Rasululloh sollallohu alayhi vasallamga hech nima demasdan qaytib ketdi. Otasining oldiga kelib, Nabiy sollallohu alayhi vasallamning huzurida odam borligi uchun hech nima demasdan qaytib kelganini aytadi.

Abbos roziyallohu anhu Payg‘ambarimiz sollallohu alayhi vasallamga uchrab: «Ey Allohning rasuli, sizning oldingizga o‘g‘lim Abdullohni jo‘natgan edim, oldingizda odam borligi uchun biron og‘iz gapirmasdan qaytib kelibdi», dedi. Nabiy sollallohu alayhi vasallam: «Ey amaki, o‘sha odam kimligini bilasizmi?», dedilar. Abbos: «Yo‘q», dedi. Rasululloh sollallohu alayhi vasallam: «U Jabroil alayhissalom edi. O‘g‘lingiz Abdulloh, hatto olim bo‘lmaguncha va ko‘zi ojiz bo‘lib qolmaguncha bu dunyodan o‘tmaydi», dedilar.

Haqiqatdan ham Payg‘ambarimiz sollallohu alayhi vasallamning aytganlari bo‘lib, Abdulloh ibn Abbos roziyallohu anhu katta olim bo‘ldilar va ko‘zlari ojiz bo‘lgach, bu dunyodan o‘tdilar.

Erta uyg‘ongan zakovat

Ibn Abbos roziyallohu anhuning aql va zakovatlari boshqa bolalardan farqli o‘laroq yoshlik chog‘laridayoq shakllanib bo‘lgan edi. O‘zi, aslida, shunday ham bo‘lishi kerak edi. Chunki Abdulloh yoshligidan Nabiy sollallohu alayhi vasallam bilan birga bo‘lib, u Zotning ilm buloqlaridan bahramand bo‘lishlik sharafiga muyassar bo‘lgan edi. Axir qanday qilib zakovatli bo‘lmasin, Payg‘ambarimiz sollallohu alayhi vasallam uning haqqiga «Dinda zakovatli bo‘lsin», deb duo qilganlar-ku. Bundan tashqari, tug‘ilganidan keyin oshqozoniga kirgan birinchi narsa bu Nabiy sollallohu alayhi vasallamning muborak tupuklari hisoblanadi.
Abdulloh ibn Abbos o‘spirinlik davridan boshlab salla kiya boshladi. Uning ustiga ilmiy nurlar yog‘ila boshladi.
Abdullohdagi mana shu nurni sezgan shaxslardan biri, bu − Umar roziyallohu anhu edilar. U kishi o‘z xalifalik davrlarida yosh Abdullohni katta sahobalar bilan bo‘ladigan ilmiy majlislarga olib kirar edilar. Sahobalar Umarning o‘zi bilan yosh bolani olib yurishidan ajablanib, hayratda qolishar edi. Hatto bir kuni sahobalar Umar roziyallohu anhuga e’tiroz bildirib: «Nima uchun bu yosh bolani bizning majlisimizga olib kirasiz, axir bizning ham yosh bolalarimiz bor, ularni olib kirmayapmiz-ku?!» deyishdi. Umar: «Bu kimligini, ilm va fazl egasi ekanligini juda yaxshi bilasizlar-ku», dedilar. So‘ng olim va faqih sahobalarni chaqirib, ularga Alloh Qur’onda: «Qachonki, Allohning nusrati (madadi) va g‘alaba kelganida, odamlar to‘p-to‘p bo‘lib, Allohning dini (Islom)ga kirayotganlarini ko‘rganingizda, darhol Robbingizga hamd bilan tasbeh ayting va Undan mag‘firat so‘rang! Zero, U tavbalarni qabul etuvchiZotdir», deb marhamat qildi.

«Sizlar ushbu oyatlar haqida nima deysizlar?», deb so‘radilar. Ularning ba’zilari: «Alloh bizni agar nusratga erishib fath qilsak, Unga hamd va istig‘for aytishga buyurmoqda», deyishdi. Ba’zilari esa hech nima demasdan, sukut saqlashdi. Umar roziyallohu anhu Abdullohga qarab: «Sen ham shunday fikrdamisan, ey Ibn Abbos?», dedi. Abdulloh: «Yo‘q, men unday demayman», dedi. Umar: «Unda sen nima deysan?», dedilar. Abdulloh: «Bu Rasululloh sollallohu alayhi vasallamning ajallari yaqinlashganini bildiruvchi oyatlar bo‘lib, Alloh ushbu oyatlar bilan Nabiyiga o‘lim soatlari yaqinlashganini bildirgan», dedi. Umar: «Allohga qasamki, men ham ushbu oyatlardan mana shu sen aytgan narsani tushunganman», dedilar.

Abdulloh ibn Abbosning o‘zi: «Umar roziyallohu anhuning meni katta sahobalarni oldiga olib kirishlaridan asosiy maqsadlari, bu meni ularga zakovatimni ko‘rsatib qo‘yish uchun edi», degan.

Abdulloh ibn Abbos roziyallohu anhu yoshlari kichik bo‘lgani sababli katta sahoblar oldida sukut saqlab turar edilar. Umar roziyallohu anhu yoshi kichik, ammo aql va ilmda barkamol bo‘lgan bu yosh bolani qo‘lidan ushlab, qaerga borsa, o‘zi bilan birga olib yurar edi.

Bir kuni Umar roziyallohu anhu ilmiy majlis qurib, «Laylatul qadr» kechasi haqida bahs va munozara qilayotgan sahobalar majlisiga kelib qo‘shildilar. Majlisda bir sahobiy o‘rnidan turib, Qadr kechasi haqida bilganini gapirdi. Abdulloh ibn Abbos esa odob bilan jim o‘tirar edi. Umar roziyallohu anhu Abdullohning indamay turganini ko‘rib, «Ey Abbosning o‘g‘li, nega jim turibsan, uyalmagin, yoshing kichikligi seni gapirishdan to‘sib qo‘ymasin», dedilar. Abdulloh ibn Abbos: «Ey mo‘minlarning amiri, Alloh toq Zotdir, toqlikni yaxshi ko‘radi. Dunyo kunlarini yetti kun qilib qo‘ydi (ya’ni kunlarni haftadan iborat qilib qo‘ydi). Rizqlarimizni yetti (kun yoki soat yoki lahza)da yaratib qo‘ydi. Ustimizdagi osmonni yetti qavat qilib qo‘ydi. Ostimizdagi yerni ham yetti qavat qilib yaratdi. Yetti oyatdan iborat bo‘lgan Fotiha surasini nozil qildi. Qur’onda nikohlanish mumkin bo‘lmagan qarindoshlarni yetti toifaga bo‘lib qo‘ydi. Rasululloh sollallohu alayhi vasallam Ka’batullohni yetti marta tavof qilib, Safo va Marva orasida ham yetti marta sa’y qilib, Muzdalifada shaytonga yettita tosh otib, ummatlariga ko‘rsatib berdilar. Menimcha, «Laylatul qadr» kechasi Ramazonning oxirgi yetti kunidan birida bo‘lsa kerak, deb o‘ylayman», dedi.

Umar roziyallohu anhu Ibn Abbosning bu javobidan hayratlanib: «Qadr kechasi borasida faqat mana shu bolaning fikrigina mening fikrimga to‘g‘ri keldi», dedilar.

Ilmga muhabbat

Abdulloh ibn Abbosning ilmi to‘liq bo‘lmasdan turib Rasululloh sollallohu alayhi vasallam olamdan ko‘z yumdilar. Nabiy sollallohu alayhi vasallamning vafotlariga Ibn Abbos mahzun bo‘lib qattiq yig‘ladi.

Payg‘ambarimiz sollallohu alayhi vasallamdan ilmni olib, ilmga bo‘lgan muhabbati cheksiz bo‘lgan bu yosh bolakay Nabiy sollallohu alayhi vasallamning vafotlaridan keyin nima qiladi, ilmdan voz kechib, uni tark etadimi yoki ilm olishga jiddiy kirishib, uni mukammal o‘rganadimi?!

Ibn Abbos Nabiy sollallohu alayhi vasallamdan o‘rganib, o‘zi tanlagan ilm yo‘lini ixtiyor qildi. Endi u ilmni mukammal o‘rganishga bel bog‘ladi.

Ibn Abbos birinchi o‘rinda o‘qish va yozishni o‘rganishga kirishdi. Chunki ulug‘ sahobalardan naql qilingan ilmlarni yozib qo‘yishi kerak edi.

Rasululloh sollallohu alayhi vasallamning vafotlaridan keyin Ibn Abbos ansorlardan bo‘lgan o‘rtog‘iga: «Yur, Payg‘ambarimiz sollallohu alayhi vasallamning sahobalari juda ko‘p, ulardan borib ilm o‘rganamiz», dedi. Haligi ansoriy bola: «Allohga qasamki, sening bu gapingdan men hayron qolaman. Odamlarni orasida Rasululloh sollallohu alayhi vasallamning sahobalaridek insonlar turganda, odamlar diniy masalalarni sendan kelib so‘rasharmidi», dedi. Ibn Abbos roziyallohu anhu u bolani tark qildi va o‘zi sahobalardan ilm olishga kirishdi. Ko‘plab sahobalarni ketidan ilm izlab yurdi. Bu haqda Ibn Abbos roziyallohu anhuning o‘zi quyidagicha deydi:«Falonchi Payg‘ambarimiz sollallohu alayhi vasallamdan hadis eshitgan ekan, degan xabar menga yetib kelsa, o‘sha hadis eshitgan odamning uyiga borar edim. Borsam, u uxlab yotgan bo‘lardi. Men uning eshigi oldida ridomni yostiq qilib, chiqishini kutib yonboshlab o‘tirar edim. Shamol esib yuzim tuproq bo‘lib ketar edi. Haligi odam uyg‘onib eshikka chiqar va meni ko‘rib, «Ey Rasululloh sollallohu alayhi vasallamning amakilarining o‘g‘li, tinchlikmi?!», der edi. Men: «Men, bilishimcha, siz Payg‘ambarimiz sollallohu alayhi vasallamdan hadis eshitgan ekansiz. O‘sha hadisni sizdan eshitgim keldi», der edim. U: «Odam jo‘natsangiz, o‘zim oldingizga borar edim», der edi. Men: «Bu borada men sizning oldingizga kelishim shart», der edim. Uning bu gapni aytishiga sabab, Nabiy sollallohu alayhi vasallam tiriklik chog‘larida, u Payg‘ambarimiz sollallohu alayhi vasallamning oldilariga kelar edi va u Zotning oldilarida meni ko‘rar edi va mening Nabiy sollallohu alayhi vasallamning qarindoshlari ekanligimni yaxshi bilardi».

Ilm olish borasida Ibn Abbos kibr qilmadilar. Kimda ilm bo‘lsa, uning yoshi katta bo‘ladimi yoki kichik bo‘ladimi, yoki bo‘lmasa hur bo‘ladimi, yoki qul bo‘ladimi − buni farqi yo‘q, o‘shandan borib ilm o‘rganar edi.

Rasululloh sollallohu alayhi vasallamning Abu Rofi’ ismli xodimlari bor edi. Abu Rofi’ning Payg‘ambarimiz sollallohu alayhi vasallamning aytgan so‘zlari va qilgan amallarini qayd etib borish uchun o‘zlari bilan olib yuradigan yozma taxtalari bor edi. Shu bois Abdulloh ibn Abbos roziyallohu anhu hech bir kibr qilmasdan, Nabiy sollallohu alayhi vasallamning xodimlari Abu Rofi’dan ilm o‘rganar edilar.

Buyuk sahoba Abdulloh ibn Mas’ud roziyallohu anhu Ibn Abbosning ilmga bo‘lgan muhabbati va ilm olish yo‘lidagi jiddu jahtidan hayratlanib, «Agar bu bolakay biz topgan narsani topganida edi (ya’ni Nabiy sollallohu alayhi vasallam bilan ko‘p yillar mobaynida birga bo‘lish sharafiga erishganda edi) birortamiz unga yaqinlasha olmasdik», dedilar.

Olamni yoritib turgan quyoshdan nur chiqqanidek, yomg‘ir suvi bilan sug‘orilgan yerdan o‘t-o‘lanlar o‘sib chiqqanidek, ilm bilan to‘lgan qalb egasidan halimlik chiqishi kerak.

Abdulloh ibn Abbos roziyallohu anhuda ham xuddi shu xislat bor edi. U kishidagi halimlik og‘zidan chiqadigan so‘zlari va hatti-harakatlaridan bilinib turardi. U hech qachon dag‘al so‘zlamas edi. Birovga qo‘pollik bilan muomala ham qilmagan. Og‘ir-vazmin, juda halim va xushmuomala inson edi.

Qanaqasiga halim inson bo‘lmas ekan, axir u kishi nubuvvat xonadonida tarbiya topdilar-ku!

Ibn Burayda roziyallohu anhudan rivoyat qilinadi: «Bir kishi Ibn Abbosni so‘kdi. Ibn Abbos: «Menda o‘zim bilgan narsani hamma bilishini xohlash, men uchun begona bo‘lgan bir kishining ishini hokim adolat bilan yechib berganda xursand bo‘lish va men yashab turgan joyda emas, boshqa musulmon o‘lkalarda yomg‘ir yog‘sa, garchi mening yurtimga undan foyda bo‘lmasa-da, o‘sha o‘lkaga yomg‘ir yoqqani uchun xursand bo‘lish kabi ba’zi xislatlarim bor. Sen bo‘lsang meni so‘kyapsan», dedi».

Mana shu Ibn Abbosning xulqi va halimlik fazilati edi. U kishi o‘zini so‘kkan odamga muloyimlik bilan, nodon kishiga esa ilmu ma’rifat bilan javob qaytarar edi. U kishiga nisbattan yomon muomala qilgan odam xoh yonida bo‘lsin, xoh u kishidan yiroqda bo‘lsin − har ikki holatda ham o‘sha insonga nisbattan muloyimlik bilan munosabatda bo‘lar edi. Uning ortidan yomonlab, g‘iybat qilmas edi.

Maymun ibn Mehron roziyallohu anhudan rivoyat qilinadi:«Men Ibn Abbosning: «Menga falonchi sizni yomonladi, degan xabar yetib kelganda, uni uch darajaning birida deb bildim. Agar u mendan yuqori inson bo‘lsa, bu − qadrli inson, deb qadr-qimmatini o‘z o‘rniga qo‘ydim. Agar u inson mendek bo‘lsa, unga fazilat ko‘rsatib, uni yomonlamadim. Agar mendan pastda bo‘lsa, unga g‘amxo‘rlik qildim (ya’ni uni ham yomonlamadim). Mana shu mening fe’l-atvorim. Kimga bu fe’lim yoqmasa, marhamat, Allohning yeri keng, ketaverishi mumkin», deganini eshitganman», dedi».

Ibodat va zuhdlari

Abdulloh ibn Abbos roziyallohu anhu olimlarning sultonigina bo‘lib qolmasdan, yoshliklaridanoq obid va zohidlarning eng peshqadami edi. Nabiy sollallohu alayhi vasallamning uylari u kishiga ibodat va zuhd fiqhini o‘rgatgan birinchi madrasa hisoblanadi. Qanday qilib u kishini zohid va obidlarning peshqadami demaslik mumkin, axir u kishi Rasululloh sollallohu alayhi vasallamning huzurlarida dunyoga kelib, ularning tarbiyalarida o‘sdi-ku!

Ibn Mulaykah roziyallohu anhudan rivoyat qilinadi: «Men Ibn Abbos bilan Makkadan Madinagacha birga borganman. Yo‘lda tunaydigan bo‘lsak, yarim kechasi turib, Qur’on tilovat qilar va ko‘p zikr qilar edi».

Ibn Abbos rozizllohu anhu toat-ibodat yo‘lida o‘zi uchun juda ham qadrli bo‘lgan narsalaridan voz kechishga tayyor edi. Hatto o‘sha qadrli narsa inson uchun eng kerakli a’zo hisoblangan ko‘z bo‘lsa ham.

Ko‘zlariga suv kirib qolganda, tabiblar kelib, «Bizga qo‘yib bering. Ko‘zingizni ichidagi suvlarni chiqaramiz va tuzalib qolasiz. Lekin besh kuncha namoz o‘qiy olmaysiz», deyishdi. Ibn Abbos roziyallohu anhu: «Yo‘q. Unday bo‘lsa kerak emas. Allohga qasamki, men Nabiy sollallohu alayhi vasallamning: «Kimki bir vaqt namozni qasddan tark qilsa, erta qiyomat kunida Alloh taolo undan g‘azab qilgan holda u Allohga yo‘liqadi», degan so‘zlarini eshitganman», deb javob berdi.

Abdulloh ibn Abbos roziyallohu anhu Allohdan qo‘rqib juda ko‘p yig‘lar edi. Hatto ko‘p yig‘laganidan ko‘zlari ostida chiziqlar paydo bo‘lib qolgan ekan.

Tovus ibn Kayson rahmatullohi alayhdan rivoyat qilinadi: «Ibn Abbos roziyallohu anhuchalik Allohning buyruq va qaytariqlariga qattiq amal qiladigan kishini ko‘rmadim. Allohga qasamki, hozir u kishini eslasam, ko‘z yoshimni to‘xtatolmayman».

Abu Rajo rahmatullohi alayhdan rivoyat qilinadi: «Ibn Abbos roziyallohu anhuning mana bu joyi ko‘z yoshi oqadigan yo‘lakcha edi. Undagi yo‘lakcha xuddi shippakning eski ipiga o‘xshardi».

Rum podshohining savoliga bergan javoblari

Ibn Abbos roziyallohu anhudagi ilmning fazilatidan Muoviya roziyallohu anhu u kishini alohida bir martabaga ko‘tarib hurmat va ehtirom ko‘rsatar edi. Yechimi murakkab bo‘lgan masalalarni Ibn Abbos roziyallohu anhudan so‘rab olar edilar.

Rum podshohi musulmonlarni ojiz qoldirish va musulmonlarning saviyasi pastligini ko‘rsatib qo‘yish maqsadida Muoviya roziyallohu anhuga ba’zi savollarni maktub tarzida yozib yubordi.

Ibn Abbos roziyallohu anhuning ma’rifat nurlari podshoh jo‘natgan zulumot bulutlarini tarqatib hamma joyni nurafshon qildi.

Rum podshohi Muoviya roziyallohu anhuga yettita savolni yozib jo‘natdi.

1. Allohga eng suyukli kalom?

2. Alloh nazdida eng ehtiromli erkak va ayol?

3. Bachadonga kirmagan, lekin ruhi bor bo‘lgan to‘rtta narsa?

4. Ichidagi mayyit bilan birga yurgan qabr?

5. Faqatgina bir marta quyoshning nuri tekkan yerdagi makon?

6. Qovsu qazah (ya’ni kamalak) nima?

7. Osmondagi Mujirra (somon yo‘li) nima?

Bu maktub Muoviya roziyallohu anhuga yetib kelgach, savollarni o‘qib chiqdilar. Savolning yechimi qiyinligini ko‘rib, Hibrul umma (bu ummatning olimi)ga, ya’ni Ibn Abbosga odam jo‘natib, savollarga javob yozib yuborishini so‘radi. Chunki ilm qal’asi va butun dunyo imomi bo‘lgan Abdulloh ibn Abbosgina bunday qiyin masalaga yechim topa bilardi.

Ibn Abbos Rum podshohi yo‘llagan savollarga quyidagi javoblarni yozib, Muoviya roziyallohu anhuga jo‘natdilar:

- Allohga eng suyukli kalom, bu − «Subhanallohi valhamdu lillahi va la ilaha illallohu vallohu akbar, vala havla vala quvvata illa billah», degan zikrdir.

- Allohga eng suyukli kishi Odam alayhissalom. Chunki Alloh qo‘li bilan yaratdi uni, ruhidan pufladi, unga farishtalarni sajda qildirdi va barcha narsalarning nomini o‘rgatdi.

- Alloh nazdida eng ehtiromli ayol, bu − Maryam binti Imron.

- Bachadonga kirmasdan jon kirgizilgan narsalar: Odam alayhissalom, Havo onamiz, Muso alayhissalomning hassalari va Ismoil alayhissalomning o‘rnilariga qurbonlik qilingan qo‘chqor.

- Ichidagi mayyit bilan birga yurgan qabr, bu − Yunus alayhissalomni o‘z ichida olib yurgan baliq.

- Faqatgina bir marta quyoshning nuri tekkan yerdagi makon, bu − Alloh taoloning qudrati bilan o‘rtasidan teng ikkiga ajratilgan dengiz. Bunda Alloh Fir’avn va uning lashkarlaridan Muso alayhissalomni xalos etish uchun dengizni bo‘lganda, dengizning tubidagi yer ko‘rinadi va o‘sha payt quyoshning nuri o‘sha joyga tushadi. Muso alayhissalom va unga ergashganlar dengizning narigi sohiliga o‘tib olganlaridan so‘ng, dengiz yana avvalgi holiga qaytadi.

- «Qovsu qazah (kamalak) nima? », degan savolga keladigan bo‘lsak, bu yer ahlining suvda cho‘kib ketishidan omonda qolganligining belgisi. Chunki Nuh alayhissalom davrlarida mana shu kamalak ko‘ringach, osmondan yog‘ayotgan yomg‘ir va yerdan chiqayotgan buloqlar to‘xtagan va bu yer ahliga omon qolganining belgisi bo‘lgan.

- Osmondagi Mujirra (somon yo‘li)ga keladigan bo‘lsak, u osmondagi eshikdir.

Bu javob yozilgan maktubni Muoviya roziyallohu anhu Rum podshohiga jo‘natdilar. Rum podshohi javoblarni o‘qib, «Allohga qasamki, buni Muoviya yozmagan. Bu Payg‘ambar qarindoshlaridan birining yozgan javobi bo‘lishi kerak», dedi.

Kamtarliklari

Kim ilm yo‘lini tanlab, ilm odoblarini o‘rgansa va ilm ahli bilan birga bo‘lsa, unday inson, albatta, olimlarni ehtirom qilishi, qadrlashi va ular bilan o‘zini kamtarin tutgan holda, ularning suhbatlaridan bahramand bo‘lishi lozim.

Nasabli, sharafli va ilmlari kuchliligiga qaramasdan, Ibn Abbos roziyallohu anhu olimlarni hurmat qilish va ular bilan bo‘ladigan muomala-munosabatda o‘zini kamtarin tutish borasida boshqalarga namuna bo‘ldilar.

Ibn Abbos roziyallohu anhu Zayd ibn Sobit roziyallohu anhuning oldidan siljimasdi. Zayd ibn Sobit qaerga borsa, Ibn Abbos uning ortidan qolmas edi. Zayd ibn Sobit biror joyga ketayotganda, Ibn Abbos u kishining ulovining yuganidan ushlab borardi. Zayd ibn Sobit roziyallohu anhu xijolat bo‘lib, Ibn Abbosdan bunday qilmasligini iltimos qilar, Ibn Abbos roziyallohu anhu esa: «Olimlarimizga mana shunday hurmat ko‘rsatishga buyurilganmiz», der edi. Bu so‘zni eshitgan Zayd roziyallohu anhu: «Menga qo‘lingizni ko‘rsating», dedi, Ibn Abbos qo‘lini ko‘rsatganda uni o‘pib qo‘yib: «Nabiy sollallohu alayhi vasallamning ahli baytlariga nisbattan mana shunday qilishga buyurilganmiz», dedi.

Abdulloh ibn Abbos roziyallohu anhu Zayd ibn Sobit roziyallohu anhuning uyiga kelib ilm o‘rganar va «Ilm olishga boriladi, ilm kelmaydi», der edilar.

Ibn Abbos o‘z ustozlari Zayd roziyallohu anhuni ilmda eng kuchli olim deb bilar va u kishi haqida: «Payg‘ambarimiz sollallohu alayhi vasallamning ulug‘ sahobalari Zayd ibn Sobitning ilm borasida eng kuchli olim ekanliklarini bilishardi», der edilar.

Zayd ibn Sobit vafot etganda Abdulloh ibn Abbos roziyallohu anhu qattiq qayg‘uga botdilar. U kishi dafn qilingandan so‘ng qabrlari ustida turib hayotlik chog‘larida qilgan yaxshi amallarini sanab chiqdilar va «Odamlar orasidan ilm qanday ko‘tarilishini ko‘rmoqchi bo‘lganlar, mana, ko‘rib qo‘ysin — ilm mana shunday odamlar orasidan ko‘tariladi», deb Zayd ibn Sobit roziyallohu anhuning vafotlariga ishora qildilar.

Sahoba va tobeinlarning maqtovi

Alloh taolo Ibn Abbos roziyallohu anhuga noyob iste’dod, o‘tkir fikr, bitmas ilm va hozirjavoblik kabi ajoyib ne’matlarini ato qilgan edi. Ibn Abbos haqlarida «U shirin va mazali asal yig‘ish uchun guldan gulga qo‘nib yuradigan asalariga o‘xshar edi», deyilgan.

Darhaqiqat, Ibn Abbos roziyallohu anhu maqtashga arziydigan inson edi. U kishi barcha narsada peshqadam, ilm borasida dengiz, Qur’on tarjimoni, ilm talab qilishdan to‘xtamaydigan fazilat sohibi edi.

Payg‘ambarimiz sollallohu alayhi vasallam u kishi haqida «Kelajakda yetuk olim bo‘ladi», deb xushxabar bergan edilar.

Keling, u kishi haqida sahoba va tobeinlar aytgan so‘zlar bilan tanishib chiqaylik:

Sa’d ibn Abi Vaqqos roziyallohu anhu Abdulloh ibn Abbos haqlarida: «O‘tkir fahm, aqlu idrok, ilm va halimlik borasida Ibn Abbosdan ko‘ra kuchliroq insonni ko‘rmadim», dedilar.

Ubaydulloh ibn Utba roziyallohu anhu: «Ibn Abbos bir necha xislatlarda boshqalardan o‘zib ketgan edilar. Ibn Abbosda hech kim erisholmagan ilm, hamma uning fikriga muhtoj bo‘ladigan fiqh, halimlik, oliynasab va topag‘onlik kabi xislatlar bor edi. Nabiy sollallohu alayhi vasallam hadislari, Abu Bakr, Umar va Usmon roziyallohu anhumning fatvolarini u kishidan ko‘ra kuchliroq biladigan odam yo‘q edi. Qiyin masalani yechishda u kishidan ko‘ra o‘tkir fikrli inson yo‘q edi. Biz u kishining ilmiy suhbatlarida bo‘lardik. Bir kecha to‘liq g‘azavotlar haqida, yana bir kecha to‘liq arab nasablari haqida va yana bir kecha to‘liq she’r haqida gapirib berar edilar», dedi.

Abu Voil roziyallohu anhu aytadi: «Ibn Abbos bizga ma’ruza qilib berdilar. U kishi o‘sha yili mavsumning amiri edilar. Ma’ruzani «Nur» surasidan boshladilar. Surani o‘qib tafsir qilar edilar. U kishining ma’ruzalarini eshitib, «Bunaqa ma’ruza qiladigan odamni ko‘rmaganman, hatto eshitmaganman. Agar fors va turklar mana shu ma’ruzani eshitganida edi, aniq Islomga kirgan bo‘lardi», dedim».

Masruq roziyallohu anhu aytadi: «Ibn Abbosga qaraganimda, «Bu insonlarning eng ko‘rkami», derdim. Agar u kishi gapirsa, «Insonlarning eng o‘tkir notiqi», derdim. Agar u kishi hadis aytsa, «Insonlarning eng kuchli olimi», derdim. Ibn Abbos roziyallohu anhudan uch marta Qur’onni o‘tkazib oldim. Har bir surada to‘xtab, bu kim haqida nozil bo‘lgan va o‘sha voqea qanday bo‘lgan», deb so‘rar edim».

Qosim ibn Muhammad roziyallohu anhu aytadi: «Ibn Abbos roziyallohu anhuning majlislarida biror marta botil (bo‘lmag‘ur) narsani ko‘rmadim».

Tovus ibn Kayson roziyallohu anhu aytadi: «Nabiy sollallohu alayhi vasallamning besh yuzga yaqin sahobalarini ko‘rganman. Ular bir masalada tortishib qolishsa, Ibn Abbos roziyallohu anhuning so‘zini qabul qilishardi».

Abu Mulayka roziyallohu anhu aytadi: «Mujohidning qo‘lida bir necha lavhlar bor edi. Uni Ibn Abbos roziyallohu anhudan Qur’on oyatlarining tafsirini so‘rayotganini ko‘rdim. Ibn Abbos roziyallohu anhu unga: «Bu oyat haqida mana bunday yoz», der edilar. Mujohid u kishidan Qur’on oyatlarini hammasining tafsirini so‘rab oldi».

Urva ibn Zubayr roziyallohu anhu: «Ibn Abbosdek (ilmli) biror kishini ko‘rmadim», dedi.

Said ibn Musayyib roziyallohu anhu: «Ibn Abbos roziyallohu anhu insonlarning eng kuchli olimidir», dedi.

Said ibn Jubayr roziyallohu anhu: «Ibn Abbos roziyallohu anhu menga hadis aytar edilar. Agar menga izn berganlarida edi, peshonalaridan, albatta, o‘pib olgan bo‘lardim», dedilar.

Mujohid roziyallohu anhu aytadi: «Ibn Abbos roziyallohu anhu ilmlari ko‘pligidan«dengiz» degan nomni olganlar».

Vafotlari

Ibn Abbosning yoshlari o‘tib, qarib qolganlarida, musulmonlar orasida oxirgi kunlarda alanga olayotgan kelishmovchilik va ziddiyatlardan uzoqlashgilari kelib qoldi. Buning uchun havosi toza bo‘lgan Toif shahrini tanladilar.Toifdaliklarida odamlar turli yurtlardan kelib, u kishidan ilm olishardi. Ko‘zlari ojiz bo‘lguncha bu holat davom etdi. Ko‘zlari ojiz bo‘lganda yoshlari yetmishdan oshgan edi. Ko‘p o‘tmay u kishi bu olamdan ko‘z yumdilar. U zotni bilgan  insonlarning hammasi mahzun bo‘lishdi.

Maymun ibn Mehron roziyallohu anhu aytadi: «Toifda Abdulloh ibn Abbos roziyallohu anhuning janozalarida ishtirok etdim. U kishiga janoza o‘qish maqsadida tobutlari yerga qo‘yilganda, kafanlari ustiga oppoq bir qush kelib qo‘ndi. Keyinchalik shunaqa qush bormikin deb, qidirib ko‘rdik, ammo unaqa qushni topa olmadik. Qabrga qo‘yilgach, «Ey xotirjam (sokin) jon! (Ato etilgan ne’matlardan) rozi bo‘lgan (va Alloh tomonidan) ham rozi bo‘lingan holingda, Robbing (huzuri)ga qaytgin! Bas, (solih) bandalarim (safi)ga qo‘shilgin va jannatimga kirgin!», degan tovushni eshitdik».

Siyrat.uz