Зайнаб бинти Жаҳш

Рукн: Мўминларнинг оналари Чоп этилган: 02.06.2019

Зайнаб бинти Жаҳш ибн Риёб ибн Хузайма. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг аёллари, аммаларининг қизи, мўминларнинг онаси. Мусулмон бўлмасидан олдин исми “Барра” эди, деб ривоят қилинади. “Зайнаб” исмини унга Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) берганлар. Куняси Уммул ҳакам.

Манбаларда Зайнаб (розияллоҳу анҳо) ҳижратдан 33 йил олдин, яъни милодий 590 йили Бану Асад уруғида дунёга келгани қайд этилади. Отаси Жаҳш ибн Риёб ибн Яъмар, Қурайш саййиди Абдулмутталибнинг куёви. Ибн Хузаймада насаби Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг насаблари билан туташади. Онаси саҳобия Умайма бинти Абдулмутталиб, Расулуллоҳ (алайҳиссалом)нинг аммалари.

Зайнаб бинти Жаҳш (розияллоҳу анҳо) Исломни қабул қилган илк аёллардан биридир.

Мадинага кўчилганидан сўнг Зайнаб бинти Жаҳш (розияллоҳу анҳо), Расулуллоҳ (алайҳиссалом)нинг тавсиялари билан, дастлаб буюк саҳобий Зайд ибн Ҳориса (розияллоҳу анҳо)га турмушга чиқади.

Ривоятларда келтирилишича, Қурайш зодагонларидан чиққан гўзал Зайнаб бинти Жаҳш қуллардан чиққан Зайд билан турмуш қуришни истамайди ва Пайғамбар (алайҳиссалом)га эътироз билдиради. Муфассирлар Аҳзоб сурасининг 36-ояти мазкур муносабат билан нозил бўлганига иттифоқ қилганлар: «Аллоҳ ва Унинг пайғамбари бир ишни ҳукм қилганда – ҳеч бир мўмин ва мўминага (уни бажариш ёкибажармаслик) ишларида ихтиёр бўлиши мумкин эмасдир. Кимки Аллоҳ ва Унинг пайғамбарига итоатсизлик қилса, бас, у аниқ залолат билан йўлдан озибди».

Шундан сўнг Зайнаб (розияллоҳу анҳо) бу никоҳга розилик берди. Бироқ мазкур никоҳ узоқ давом этмайди. Кўп ўтмай, Зайд ибн Ҳориса Зайнаб (розияллоҳуанҳо)гаталоқберади. Иддавақтиўтгач,ҳижратнингбешинчийилиАллоҳтаолонингамригакўра, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)ЗайнаббинтиЖаҳшгауйландилар.

Исломдан олдин араблар асранди фарзандларига ўз насабларини беришар, шу сабаб уларнинг талоқ қилган хотинларига уйланишни ҳаром санашар эди. Ўша одатга кўра, Пайғамбар (алайҳиссалом) Зайд ибн Ҳорис (розияллоҳу анҳу)ни озод қилган ва ўзларига ўғил қилиб олган эдилар. Ҳаттоки, одамлар уни “Зайд ибн Муҳаммад” деб ҳам аташарди. Аммо Аллоҳ таоло асраб олинган бола ҳеч қачон насабда кишининг ўз фарзанди каби бўлмаслигини таъкидлайди ва уни ўз отасининг исми билан чақиришга буюради: «Уларни (асранди фарзандларни) ўз оталари (исми) билан чақирингиз. Шу Аллоҳ наздида адолатлироқдир. Бас, агар уларнинг оталарини билмасангиз, у ҳолда (улар) сизларнинг диний биродарларингиз ва дўстларингиздир» (Аҳзоб, 5).

Шу тариқа асранди ўғил ажрашган аёлга уйланиш ҳам мумкинлиги баён қилинади: «(Эй Муҳаммад!) Эсланг, Аллоҳва Сиз (неъматларни) инъом этган кишига (Зайд ибн Ҳорисга): «Жуфтингни ўзингда сақла (талоқ қилишга шошма)! Аллоҳдан қўрққин!», деб, Аллоҳ ошкор қилувчи бўлган нарсани ичингизда яширган эдингиз ва Аллоҳдан қўрқишга ҳақлироқ бўлган ҳолингизда, Сиз одамлардан (таъналаридан) қўрққан эдингиз. Бас, Зайд ундан (Зайнабдан) ҳожатини адо этгач (уни талоқ қилгач), Биз Сизни унга уйлантирдик. Токи мўминларга асранди болалари ўз хотинларидан ҳожатларини адо этишгач (талоқ қилишгач), уларга (уйланишларида) қийинчилик бўлмаслиги учун (шундай қилдик). Аллоҳнинг амри эса бажарилувчидир». (Аҳзоб, 37).

Мазкур оят орқали Зайнаб бинти Жаҳшни Пайғамбар (алайҳиссалом)га Аллоҳ таоло никоҳлаб қўйгани маълум бўлади. Уламолар ушбу турмушнинг ҳикмати ва баракотидан яна бири сифатида “тўсилиш ояти”нинг нозил бўлганини эътироф этишади: «Эй имон келтирганлар! Пайғамбарнинг уйларига фақат сизларни бирор таомга чақирилсагина, кирингиз! (Ўшанда ҳам) унга эришишга кўз тутиб турмангиз, балки чақирилганингизда кирингиз ва таомдан сўнг гапга берилиб кетмай, тарқалингиз! Зеро, бу Пайғамбарга озор берур, у эса сизлардан ийманар. Аллоҳ ҳақ(гап)дан тортинмас. Қачонки, сизлар улардан (пайғамбар аёлларидан) бирор нарса сўрасангиз, парда ортидан сўрангиз! Мана шу сизларнинг дилларингиз ва уларнинг дилларига нисбатан ҳам тозароқ (иш)дир. Сизлар учун Аллоҳнинг пайғамбарига озор бериш ва ундан кейин аёлларига уйланишингиз асло мумкин эмасдир. Чунки бу Аллоҳ наздида улкан (гуноҳ)дир» (Аҳзоб, 53).

Мадинага ҳижрат бошланганида Зайнаб бинти Жаҳш (розияллоҳу анҳо) биринчилар қаторида йўлга чиқди. Тоиф, Хайбар ғазотларида ва Видо ҳажида эса, Расулуллоҳ билан бирга эди.

Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) Зайнаб (розияллоҳу анҳо)нинг кўп намоз ўқиши, рўза тутиши, тасбеҳ ва салавот айтишини эътироф этганлар. Бу ҳақда Имом Муслим ҳадис ривоят қилган: «Расулуллоҳ Умар ибн Хаттобга: “Зайнаб бинти Жаҳш “аввоҳа”дир”, дедилар. Бир киши: “Ё Расулуллоҳ! Аввоҳа нима дегани?”, деб сўради. У Зот: “хушуъ ва тазарру қилувчидир”. Аллоҳ таоло: “Албатта, Иброҳим ҳалим, серқайғу ва сертавбадир” (Ҳуд, 75), деган», дедилар.

Манбаларда Пайғамбар (алайҳиссалом) Зайнаб (розияллоҳу анҳо)ни яхши кўрганлари, Зайнаб (розияллоҳу анҳо) ҳам У зотни икром қилиб, ҳар келишларига ичишлари учун асал шарбати тайёрлаб қўйиши қайд этилади. Мазкур ҳол Ойша ва Ҳафса (розияллоҳу анҳо)ларнинг рашкини келтирар эди. Бир куни икковлари Расулуллоҳ Зайнабнинг уйидан келишлари билан «Оғзингиздан нохуш ҳид келмоқда, нима едингиз?» дейишга келишиб оладилар. Шу орқали Пайғамбар (алайҳиссалом)ни Зайнабдан ва у берадиган асал шарбатидан совутмоқчи бўлишади. Нохуш ҳидни ёқтирмайдиган Пайғамбар (алайҳиссалом) бироз тараддудланиб: «Асал егандим», дейдилар ва бундан кейин асал емасликка қасам ичадилар. Шунда Қуръони каримдаги «Таҳрим» сурасининг аввалги оятлари нозил бўлган. «Эй Пайғамбар! Нега хотинларингизнинг розилигини истаб, Аллоҳ Сиз учун ҳалол қилган нарсани (асални) ҳаром қилиб олурсиз! Аллоҳ мағфиратли ва раҳмлидир» (Таҳрим, 1).

Ойша (розияллоҳуанҳо) айтади: «Расулуллоҳнинг аёллари орасида менга тенглашмоқчи бўладиган Зайнабдан кўра дини яхши, Аллоҳга тақво қилувчи, тўғрисўз, силаи раҳм қилувчи, кўп садақа берувчи ва Аллоҳга яқин этадиган амалларга ўзини бағишлайдиган аёлни кўрмадим».

Зайнаб бинти Жаҳш (розияллоҳу анҳо) хулафои рошидинлардан ҳазрат Абу Бакр ва ҳазрат Умар (розияллоҳу анҳум) даврларини кўрди. Ҳазрат Умар унга йилига ўн икки минг дирҳам нафақа тайинлади. Сийрат китобларида Зайнаб бинти Жаҳш ўша нафақанинг барчасини садақа қилиб юбориши ривоят қилинган.

Ойша (розияллоҳу анҳо)дан ривоят қилинади: «Набий (алайҳиссалом): “Менга қўли энг узунингиз биринчи етишади” (яъни, мендан сўнг биринчи бўлиб вафот этади), деб айтардилар. У зотнинг вафотларидан сўнг бирортамиз уйида йиғилиб қолсак, қўлларимиз узунлигини ўлчаб кўрардик. Зайнаб бинтиЖаҳш вафот этгунига қадар шундай қилдик. У кичкинагина аёл бўлиб, энг узунимиз эмасди. Аллоҳ уни раҳматига олсин. Шундагина биз Набий (алайҳиссалом) “қўли узун” деб, кўп садақа қилишни назарда тутганларини тушундик.

Ҳадис китобларида Зайнаб онамиздан 11 та ҳадис ривоят қилинган. Зайнаб бинти Жаҳш (розияллоҳу анҳо) Умар ибн Хаттоб (розияллоҳу анҳу) халифалик даврида, ҳижрий 20 йили Мадина шаҳрида вафот этди. Жанозасини Умар ибн Хаттоб (розияллоҳу анҳу) ўқиб, Бақиъ қабристонига дафн этилди.

Салоҳиддин Сиддиқов | Hidoyat.uz

Zaynab binti Jahsh ibn Riyob ibn Xuzayma. Rasululloh (sollallohu alayhi va sallam)ning ayollari, ammalarining qizi, mo‘minlarning onasi. Musulmon bo‘lmasidan oldin ismi “Barra” edi, deb rivoyat qilinadi. “Zaynab” ismini unga Payg‘ambarimiz (alayhissalom) berganlar. Kunyasi Ummul hakam.

Manbalarda Zaynab (roziyallohu anho) hijratdan 33 yil oldin, ya’ni milodiy 590 yili Banu Asad urug‘ida dunyoga kelgani qayd etiladi. Otasi Jahsh ibn Riyob ibn Ya’mar, Quraysh sayyidi Abdulmuttalibning kuyovi. Ibn Xuzaymada nasabi Rasululloh (sollallohu alayhi va sallam)ning nasablari bilan tutashadi. Onasi sahobiya Umayma binti Abdulmuttalib, Rasululloh (alayhissalom)ning ammalari.

Zaynab binti Jahsh (roziyallohu anho) Islomni qabul qilgan ilk ayollardan biridir.

Madinaga ko‘chilganidan so‘ng Zaynab binti Jahsh (roziyallohu anho), Rasululloh (alayhissalom)ning tavsiyalari bilan, dastlab buyuk sahobiy Zayd ibn Horisa (roziyallohu anho)ga turmushga chiqadi.

Rivoyatlarda keltirilishicha, Quraysh zodagonlaridan chiqqan go‘zal Zaynab binti Jahsh qullardan chiqqan Zayd bilan turmush qurishni istamaydi va Payg‘ambar (alayhissalom)ga e’tiroz bildiradi. Mufassirlar Ahzob surasining 36-oyati mazkur munosabat bilan nozil bo‘lganiga ittifoq qilganlar: «Alloh va Uning payg‘ambari bir ishni hukm qilganda – hech bir mo‘min va mo‘minaga (uni bajarish yokibajarmaslik) ishlarida ixtiyor bo‘lishi mumkin emasdir. Kimki Alloh va Uning payg‘ambariga itoatsizlik qilsa, bas, u aniq zalolat bilan yo‘ldan ozibdi».

Shundan so‘ng Zaynab (roziyallohu anho) bu nikohga rozilik berdi. Biroq mazkur nikoh uzoq davom etmaydi. Ko‘p o‘tmay, Zayd ibn Horisa Zaynab (roziyallohu anho)ga taloq beradi. Idda vaqti o‘tgach, hijratning beshinchi yili Alloh taoloning amriga ko‘ra, Rasululloh (sollallohu alayhi va sallam) Zaynab binti Jahshga uylandilar.

Islomdan oldin arablar asrandi farzandlariga o‘z nasablarini berishar, shu sabab ularning taloq qilgan xotinlariga uylanishni harom sanashar edi. O‘sha odatga ko‘ra, Payg‘ambar (alayhissalom) Zayd ibn Horis (roziyallohu anhu)ni ozod qilgan va o‘zlariga o‘g‘il qilib olgan edilar. Hattoki, odamlar uni “Zayd ibn Muhammad” deb ham atashardi. Ammo Alloh taolo asrab olingan bola hech qachon nasabda kishining o‘z farzandi kabi bo‘lmasligini ta’kidlaydi va uni o‘z otasining ismi bilan chaqirishga buyuradi: «Ularni (asrandi farzandlarni) o‘z otalari (ismi) bilan chaqiringiz. Shu Alloh nazdida adolatliroqdir. Bas, agar ularning otalarini bilmasangiz, u holda (ular) sizlarning diniy birodarlaringiz va do‘stlaringizdir» (Ahzob, 5).

Shu tariqa asrandi o‘g‘il ajrashgan ayolga uylanish ham mumkinligi bayon qilinadi: «(Ey Muhammad!) Eslang, Allohva Siz (ne’matlarni) in’om etgan kishiga (Zayd ibn Horisga): «Juftingni o‘zingda saqla (taloq qilishga shoshma)! Allohdan qo‘rqqin!», deb, Alloh oshkor qiluvchi bo‘lgan narsani ichingizda yashirgan edingiz va Allohdan qo‘rqishga haqliroq bo‘lgan holingizda, Siz odamlardan (ta’nalaridan) qo‘rqqan edingiz. Bas, Zayd undan (Zaynabdan) hojatini ado etgach (uni taloq qilgach), Biz Sizni unga uylantirdik. Toki mo‘minlarga asrandi bolalari o‘z xotinlaridan hojatlarini ado etishgach (taloq qilishgach), ularga (uylanishlarida) qiyinchilik bo‘lmasligi uchun (shunday qildik). Allohning amri esa bajariluvchidir». (Ahzob, 37).

Mazkur oyat orqali Zaynab binti Jahshni Payg‘ambar (alayhissalom)ga Alloh taolo nikohlab qo‘ygani ma’lum bo‘ladi. Ulamolar ushbu turmushning hikmati va barakotidan yana biri sifatida “to‘silish oyati”ning nozil bo‘lganini e’tirof etishadi: «Ey imon keltirganlar! Payg‘ambarning uylariga faqat sizlarni biror taomga chaqirilsagina, kiringiz! (O‘shanda ham) unga erishishga ko‘z tutib turmangiz, balki chaqirilganingizda kiringiz va taomdan so‘ng gapga berilib ketmay, tarqalingiz! Zero, bu Payg‘ambarga ozor berur, u esa sizlardan iymanar. Alloh haq(gap)dan tortinmas. Qachonki, sizlar ulardan (payg‘ambar ayollaridan) biror narsa so‘rasangiz, parda ortidan so‘rangiz! Mana shu sizlarning dillaringiz va ularning dillariga nisbatan ham tozaroq (ish)dir. Sizlar uchun Allohning payg‘ambariga ozor berish va undan keyin ayollariga uylanishingiz aslo mumkin emasdir. Chunki bu Alloh nazdida ulkan (gunoh)dir» (Ahzob, 53).

Madinaga hijrat boshlanganida Zaynab binti Jahsh (roziyallohu anho) birinchilar qatorida yo‘lga chiqdi. Toif, Xaybar g‘azotlarida va Vido hajida esa, Rasululloh bilan birga edi.

Payg‘ambarimiz (alayhissalom) Zaynab (roziyallohu anho)ning ko‘p namoz o‘qishi, ro‘za tutishi, tasbeh va salavot aytishini e’tirof etganlar. Bu haqda Imom Muslim hadis rivoyat qilgan: «Rasululloh Umar ibn Xattobga: “Zaynab binti Jahsh “avvoha”dir”, dedilar. Bir kishi: “Yo Rasululloh! Avvoha nima degani?”, deb so‘radi. U Zot: “xushu’ va tazarru qiluvchidir”. Alloh taolo: “Albatta, Ibrohim halim, serqayg‘u va sertavbadir”(Hud, 75), degan», dedilar.

Manbalarda Payg‘ambar (alayhissalom) Zaynab (roziyallohu anho)ni yaxshi ko‘rganlari, Zaynab (roziyallohu anho) ham U zotni ikrom qilib, har kelishlariga ichishlari uchun asal sharbati tayyorlab qo‘yishi qayd etiladi. Mazkur hol Oysha va Hafsa (roziyallohu anho)larning rashkini keltirar edi. Bir kuni ikkovlari Rasululloh Zaynabning uyidan kelishlari bilan «Og‘zingizdan noxush hid kelmoqda, nima yedingiz?» deyishga kelishib oladilar. Shu orqali Payg‘ambar (alayhissalom)ni Zaynabdan va u beradigan asal sharbatidan sovutmoqchi bo‘lishadi. Noxush hidni yoqtirmaydigan Payg‘ambar (alayhissalom) biroz taraddudlanib: «Asal yegandim», deydilar va bundan keyin asal yemaslikka qasam ichadilar. Shunda Qur’oni karimdagi «Tahrim» surasining avvalgi oyatlari nozil bo‘lgan. «Ey Payg‘ambar! Nega xotinlaringizning roziligini istab, Alloh Siz uchun halol qilgan narsani (asalni) harom qilib olursiz! Alloh mag‘firatli va rahmlidir» (Tahrim, 1).

Oysha (roziyallohuanho) aytadi: «Rasulullohning ayollari orasida menga tenglashmoqchi bo‘ladigan Zaynabdan ko‘ra dini yaxshi, Allohga taqvo qiluvchi, to‘g‘riso‘z, silai rahm qiluvchi, ko‘p sadaqa beruvchi va Allohga yaqin etadigan amallarga o‘zini bag‘ishlaydigan ayolni ko‘rmadim».

Zaynab binti Jahsh (roziyallohu anho) xulafoi roshidinlardan hazrat Abu Bakr va hazrat Umar (roziyallohu anhum) davrlarini ko‘rdi. Hazrat Umar unga yiliga o‘n ikki ming dirham nafaqa tayinladi. Siyrat kitoblarida Zaynab binti Jahsh o‘sha nafaqaning barchasini sadaqa qilib yuborishi rivoyat qilingan.

Oysha (roziyallohu anho)dan rivoyat qilinadi: «Nabiy (alayhissalom): “Menga qo‘li eng uzuningiz birinchi yetishadi” (ya’ni, mendan so‘ng birinchi bo‘lib vafot etadi), deb aytardilar. U zotning vafotlaridan so‘ng birortamiz uyida yig‘ilib qolsak, qo‘llarimiz uzunligini o‘lchab ko‘rardik. Zaynab bintiJahsh vafot etguniga qadar shunday qildik. U kichkinagina ayol bo‘lib, eng uzunimiz emasdi. Alloh uni rahmatiga olsin. Shundagina biz Nabiy (alayhissalom) “qo‘li uzun” deb, ko‘p sadaqa qilishni nazarda tutganlarini tushundik.

Hadis kitoblarida Zaynab onamizdan 11 ta hadis rivoyat qilingan. Zaynab binti Jahsh (roziyallohu anho) Umar ibn Xattob (roziyallohu anhu) xalifalik davrida, hijriy 20 yili Madina shahrida vafot etdi. Janozasini Umar ibn Xattob (roziyallohu anhu) o‘qib, Baqi’ qabristoniga dafn etildi.

Salohiddin Siddiqov | Hidoyat.uz