Аёллар қабристонга борса бўладими?

Рукн: Савол беринг Чоп этилган: 10.05.2016

Савол: Аёлларнинг қабристонга бориб, қабр оралаб юришларига Исломда рухсат берилганми? (Шукруллоҳ)

Жавоб: Кўпгина олимлар аёлларга, зиёрат қилиш одоб­ларини бузмаслик шарти билан қабрларни зиёрат қилишлари жоиз дейишган. Уларнинг далили қуйидагича: Ҳазрат Ойша (розияллоҳу анҳо) Расулуллоҳдан (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) сўради: “Қабрларни зиёрат қилишда нима дейин, ё Расулуллоҳ?” У зот жавоб бердилар: «Бундай дегин: “Бу ерда қўним топган мўминларга салом бўлсин! Биз ҳам, иншаалоҳ, сизларга етишамиз. Сизларга ҳам, бизларга ҳам Аллоҳ таолодан афву мағфират тилайман!”» (Бухорий ва Муслим ривояти).

Ҳазрат Фотима ҳар жума куни амакиси ҳазрат Ҳамзанинг қабри зиёратига борар, у ерда амакиси учун дуолар қиларди (Ҳоким ривояти).

Фуқаҳолар айтишича, аёллар ҳам эркаклар каби ўгит ва ибрат олишга муҳтождир. Динимизнинг қабрларни зиёрат қилишга берган рухсати аёлларга ҳам тегишлидир. Албатта, аёл киши зиёрат пайтида бақириб-чақириб йиғлаш, ёқа йиртиш, ўликлардан мадад сўраш каби зиёрат одоби, Ислом ахлоқига терс ишлардан сақланиши керак.

Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деб марҳамат қиладилар: "Сизларнинг бирортангиз қабр устига ўтирганингиздан кўра бир чўғнинг устига ўтириб, кийимингизни куйдирганингиз ва ўша кийим куйиб терингизга ёпишиб қолгани яхшироқдир". (Имом Муслим ривояти).

Шундай экан қабрларнинг устига ўтириш гуноҳ ҳисобланади. Иложи борича бундай ишлардан эҳтиёт бўлмоқ лозим. (Муфтий Усмонхон Алимов. “Сўраган эдингиз”).

* * *

Savol: Ayollarning qabristonga borib, qabr oralab yurishlariga Islomda ruxsat berilganmi? (Shukrulloh)

Javob: Ko‘pgina olimlar ayollarga, ziyorat qilish odob­larini buzmaslik sharti bilan qabrlarni ziyorat qilishlari joiz deyishgan. Ularning dalili quyidagicha: Hazrat Oysha (roziyallohu anho) Rasulullohdan (sollallohu alayhi va sallam) so‘radi: “Qabrlarni ziyorat qilishda nima deyin, yo Rasululloh?” U zot javob berdilar: «Bunday degin: “Bu yerda qo‘nim topgan mo‘minlarga salom bo‘lsin! Biz ham, inshaaloh, sizlarga yetishamiz. Sizlarga ham, bizlarga ham Alloh taolodan afvu mag‘firat tilayman!”» (Buxoriy va Muslim rivoyati).

Hazrat Fotima har juma kuni amakisi hazrat Hamzaning qabri ziyoratiga borar, u yerda amakisi uchun duolar qilardi (Hokim rivoyati).

Fuqaholar aytishicha, ayollar ham erkaklar kabi o‘git va ibrat olishga muhtojdir. Dinimizning qabrlarni ziyorat qilishga bergan ruxsati ayollarga ham tegishlidir. Albatta, ayol kishi ziyorat paytida baqirib-chaqirib yig‘lash, yoqa yirtish, o‘liklardan madad so‘rash kabi ziyorat odobi, Islom axloqiga ters ishlardan saqlanishi kerak.

Abu Hurayra raziyallohu anhu rivoyat qilgan hadisda Payg‘ambarimiz sallallohu alayhi vasallam shunday deb marhamat qiladilar: "Sizlarning birortangiz qabr ustiga o‘tirganingizdan ko‘ra bir cho‘g‘ning ustiga o‘tirib, kiyimingizni kuydirganingiz va o‘sha kiyim kuyib teringizga yopishib qolgani yaxshiroqdir". (Imom Muslim rivoyati).

Shunday ekan qabrlarning ustiga o‘tirish gunoh hisoblanadi. Iloji boricha bunday ishlardan ehtiyot bo‘lmoq lozim. (Muftiy Usmonxon Alimov. “So‘ragan edingiz”).