Аллоҳ рийодан асрасин!

Рукн: Ибрат Чоп этилган: 10.12.2014

Валид ибн Абу Валид, Абу Усмон ал-Маданийдан Уқба ибн Муслим ривоят қилади:
Бир сафар Мадинага борганимда халқнинг бир одам атрофида тўпланганини кўриб:
— У одам ким? — деб сўрадим.
— Абу Ҳурайра, — дейишди. Шундан сўнг унинг ёнига бориб ўтирдим. Абу Ҳурайра йиғилганларга ваъз айтарди. Сўзларини тугатганидан сўнг, жамоат тарқалгач, унга:
— Аллоҳ розилиги учун, агар жаноби Пайғамбаримиздан эшитиб,хотирангда яхши сақланган ҳадис бўлса менга айтиб бер, — дедим.
Абу Ҳурайра:
— Майли, Расули Акрамдан эшитган ва яхши эслайдиганим бир ҳадисни айтақолай, — дедию ҳушидан кетиб, ерга йиқилди. Анчадан кейин ўзига келиб яна:
— Жаноби Расулуллоҳдан эшитган ва яхшигина эслайдиганим бир ҳадисни сенга айтиб берай, деди-ю такрор беҳуш ҳолда йиқилди.
Тағин ўзига келгач:
— Ҳа, ҳа, сенга Пайғамбаримизнинг ўзлари билан мендан бўлак бирор кимса йўқлигида айтган ҳадисларини сўзлайин, — деди ва бу сафар янада қаттиқроқ беҳуш бўлиб юзи билан ерга йиқилди.
Уни елкаларидан ушлаб, кўкрагим билай суядим. Ниҳоят ҳушёр тортиб, юз-кўзини ишқалагандан сўнг, қуйидагиларни айтди:
— Пайғамбар, соллаллоҳу алайҳи ва саллам, марҳамат қилдиларки, Аллоҳ таоло қиёмат куни ҳаммани ҳисоб-китоб қилади. Тўпланганлар тиз чўккан кўйи, навбатини кутади. Энг аввал уч тоифа одамлар чақирилади: Қуръонни кўкрагида жамлаган киши, мол-дунёси кўп бўлган киши, Аллоҳ учун шаҳид бўлган киши.
Аллоҳ таоло Қуръонни ёд олган кишидан:
— Пайғамбарга нозил этилганларни сенга ўргатмадимми? — деб сўрайди.
— Менга билдирдинг, ё Раб?
— Сенга ўргатилганларга мувофиқ ҳаракат қилдингми?
— Ҳа, ё Раббий! Мен кеча-кундуз Сенга ибодат қилардим.
Аллоҳ таоло:
— Ёлғон гапиряпсан, дейди.
— Сен ёлғон гапиряпсан,— дейишади фаришталар ҳам.
Аллоҳ таоло:
— Одамлар: «Фалончи ўқиган, илмли», деб мақташлари учун ўқиган эдинг. Сени шундай дейишди ҳам, — дейди.
Ундан кейин мол-дунёси кўп бўлган киши ўртага олиб чиқилади. Аллоҳ таоло ундан:
— Мен сенга етарлича мол-дунё бермадимми, ҳатто ҳеч кимга муҳтож бўлмайдиган даражада сени бой қилиб қўймадимми? — деб сўрайди.
— Ҳа, ё Раббий, — дея жавоб беради у одам.
Аллоҳ таоло:
— Сенга берилган молни нима қилдинг, қандай сарфладинг? — деб сўрайди. 
— Қариндошлик ҳақларига риоя этдим, садақа қилдим, муҳтожларга ёрдам бердим.
Атлоҳ таоло:
— Ёлғон гапиряисан,— дейди.
Фаришталар ҳам:
— Ёлғон гапиряпсан, - дейишади.
Аллоҳ таоло:
— Сен «одамлар мени сахий деб мақтасин» дея шундай қилардинг. Сени шундай дейишди ҳам.
Шундан сўнг Аллоҳ йўлида ўлдирилган киши олиб келинади. Жаноби Ҳақ ундан:
— Сен нима учун ўлдирилдинг? — деб сўрайди. 
— Ё Раббий, сенинг йўлингда қурбон бўлдим.
Аллоҳ таоло унга:
— Ёлғон айтяпсан, —дейди.
— Ёлғон сўзлаяпсан, — дейишади фаришталар ҳам.
Аллоҳ таоло унга дейди:
— Менинг амримни адо этиш учун эмас, одамларнинг: «Фалончи жасур экан» дейишлари учун курашдинг. Мана, сени шундай дейишди».
Абу Ҳурайра, розийаллоҳу анҳу давом этиб, айтдики: «Жаноби Пайғамбаримиз, соллаллоҳу алайҳи ва саллам, шундан кейин, менинг тиззамга уриб:
— Эй Абу Ҳурайра, қиёмат куни Аллоҳнинг махлуқларидан жаҳаннам оловида биринчи ёнадиганлари ана шу уч одамдир, дедилар».

* * *

Абу Усмон ал-Маданий ривоят қилади: «Аъло ибн Абу Ҳаким шундай дейди:
«Мен Муовиянинг қиличбардори эдим. Бир кун бир киши келиб, Абу Ҳурайрадан эшитган бу ҳадисни унга нақл қилди. Шунда Муовия:
— Бу уч кишининг аҳволи шундай бўлса, бошқаларнинг ҳоли қандай бўларкин? — деб йиғлашга тушди. Шунчалар куйиб йиғладики, биз уни ўлиб қоладими деб ўйлаб:
— Бу одам бизга ташвиш келтирди, — дейишгача бордик.
Шунда Муовия кўзларини очиб, юзини силаб:
—Аллоҳнинг Пайғамбари рост сўзлабдилар. Чунки Аллоҳ таоло: «Кимки дунё ҳаёти ва унинг зийнатини истаса, уларга амалларини (савобини) шу (дунёда) мукаммал берурмиз ва улар (дунёда) зиён кўрмайдилар. (Яъни, савоблари учун ажрни ҳам шу дунёда олиб, охиратда бенасиб бўлурлар). Ана ўшаларга охиратда дўзахдан бошқа (нарса) йўқдир. (Уларнинг) савобли ишлари ҳабата (барбод) ва қилиб юрган амаллари ботил бўлур» (Ҳадид, 15-16, мазмуни) дея марҳамат қилган-ку? деди».

Абдуллоҳ Мурод тайёрлади.
«Ҳидоят» журналининг 2002 йил 7-сонидан олинди.

 

* * *

Valid ibn Abu Valid, Abu Usmon al-Madaniydan Uqba ibn Muslim rivoyat qiladi:
Bir safar Madinaga borganimda xalqning bir odam atrofida to‘planganini ko‘rib:
— U odam kim? — deb so‘radim.
— Abu Hurayra, — deyishdi. Shundan so‘ng uning yoniga borib o‘tirdim. Abu Hurayra yig‘ilganlarga va’z aytardi. So‘zlarini tugatganidan so‘ng, jamoat tarqalgach, unga:
— Alloh roziligi uchun, agar janobi Payg‘ambarimizdan eshitib,xotirangda yaxshi saqlangan hadis bo‘lsa menga aytib ber, — dedim.
Abu Hurayra:
— Mayli, Rasuli Akramdan eshitgan va yaxshi eslaydiganim bir hadisni aytaqolay, — dediyu hushidan ketib, yerga yiqildi. Anchadan keyin o‘ziga kelib yana:
— Janobi Rasulullohdan eshitgan va yaxshigina eslaydiganim bir hadisni senga aytib beray, dedi-yu takror behush holda yiqildi.
Tag‘in o‘ziga kelgach:
— Ha, ha, senga Payg‘ambarimizning o‘zlari bilan mendan bo‘lak biror kimsa yo‘qligida aytgan hadislarini so‘zlayin, — dedi va bu safar yanada qattiqroq behush bo‘lib yuzi bilan yerga yiqildi.
Uni yelkalaridan ushlab, ko‘kragim bilay suyadim. Nihoyat hushyor tortib, yuz-ko‘zini ishqalagandan so‘ng, quyidagilarni aytdi:
— Payg‘ambar, sollallohu alayhi va sallam, marhamat qildilarki, Alloh taolo qiyomat kuni hammani hisob-kitob qiladi. To‘planganlar tiz cho‘kkan ko‘yi, navbatini kutadi. Eng avval uch toifa odamlar chaqiriladi: Qur’onni ko‘kragida jamlagan kishi, mol-dunyosi ko‘p bo‘lgan kishi, Alloh uchun shahid bo‘lgan kishi.
Alloh taolo Qur’onni yod olgan kishidan:
— Payg‘ambarga nozil etilganlarni senga o‘rgatmadimmi? — deb so‘raydi.
— Menga bildirding, yo Rab?
— Senga o‘rgatilganlarga muvofiq harakat qildingmi?
— Ha, yo Rabbiy! Men kecha-kunduz Senga ibodat qilardim.
Alloh taolo:
— Yolg‘on gapiryapsan, deydi.
— Sen yolg‘on gapiryapsan,— deyishadi farishtalar ham.
Alloh taolo:
— Odamlar: «Falonchi o‘qigan, ilmli», deb maqtashlari uchun o‘qigan eding. Seni shunday deyishdi ham, — deydi.
Undan keyin mol-dunyosi ko‘p bo‘lgan kishi o‘rtaga olib chiqiladi. Alloh taolo undan:
— Men senga yetarlicha mol-dunyo bermadimmi, hatto hech kimga muhtoj bo‘lmaydigan darajada seni boy qilib qo‘ymadimmi? — deb so‘raydi.
— Ha, yo Rabbiy, — deya javob beradi u odam.
Alloh taolo:
— Senga berilgan molni nima qilding, qanday sarflading? — deb so‘raydi. 
— Qarindoshlik haqlariga rioya etdim, sadaqa qildim, muhtojlarga yordam berdim.
Atloh taolo:
— Yolg‘on gapiryaisan,— deydi.
Farishtalar ham:
— Yolg‘on gapiryapsan, - deyishadi.
Alloh taolo:
— Sen «odamlar meni saxiy deb maqtasin» deya shunday qilarding. Seni shunday deyishdi ham.
Shundan so‘ng Alloh yo‘lida o‘ldirilgan kishi olib kelinadi. Janobi Haq undan:
— Sen nima uchun o‘ldirilding? — deb so‘raydi. 
— Yo Rabbiy, sening yo‘lingda qurbon bo‘ldim.
Alloh taolo unga:
— Yolg‘on aytyapsan, —deydi.
— Yolg‘on so‘zlayapsan, — deyishadi farishtalar ham.
Alloh taolo unga deydi:
— Mening amrimni ado etish uchun emas, odamlarning: «Falonchi jasur ekan» deyishlari uchun kurashding. Mana, seni shunday deyishdi».
Abu Hurayra, roziyallohu anhu davom etib, aytdiki: «Janobi Payg‘ambarimiz, sollallohu alayhi va sallam, shundan keyin, mening tizzamga urib:
— Ey Abu Hurayra, qiyomat kuni Allohning maxluqlaridan jahannam olovida birinchi yonadiganlari ana shu uch odamdir, dedilar».

* * *

Abu Usmon al-Madaniy rivoyat qiladi: «A’lo ibn Abu Hakim shunday deydi:
«Men Muoviyaning qilichbardori edim. Bir kun bir kishi kelib, Abu Hurayradan eshitgan bu hadisni unga naql qildi. Shunda Muoviya:
— Bu uch kishining ahvoli shunday bo‘lsa, boshqalarning holi qanday bo‘larkin? — deb yig‘lashga tushdi. Shunchalar kuyib yig‘ladiki, biz uni o‘lib qoladimi deb o‘ylab:
— Bu odam bizga tashvish keltirdi, — deyishgacha bordik.
Shunda Muoviya ko‘zlarini ochib, yuzini silab:
—Allohning Payg‘ambari rost so‘zlabdilar. Chunki Alloh taolo: «Kimki dunyo hayoti va uning ziynatini istasa, ularga amallarini (savobini) shu (dunyoda) mukammal berurmiz va ular (dunyoda) ziyon ko‘rmaydilar. (Ya’ni, savoblari uchun ajrni ham shu dunyoda olib, oxiratda benasib bo‘lurlar). Ana o‘shalarga oxiratda do‘zaxdan boshqa (narsa) yo‘qdir. (Ularning) savobli ishlari habata (barbod) va qilib yurgan amallari botil bo‘lur» (Hadid, 15-16, mazmuni) deya marhamat qilgan-ku? dedi».

Abdulloh Murod tayyorladi.
«Hidoyat» jurnalining 2002 yil 7-sonidan olindi.