Закот ва фитр садақаси ҳукмлари

Рукн: Долзарб мавзу Чоп этилган: 11.07.2013

«Закот» сўзи луғатда покланиш, ортиш, ривожланиш маъноларини ифодалайди. Истилоҳда эса, белгиланган миқдордаги молнинг маълум қисмини, шартларга биноан, уни олишга ҳақдор бўлган кишига беришдир.
Закот динимизнинг беш асосий рукнидан биридир. Закот ҳижратнинг иккинчи йили фарз қилинди. Унинг юксак ва беқиёс ҳикматларидан асосийлари қуйидагилардир:
1. Бойларни охират азобидан нажот топишлари, бахиллик касалидан покланишларига сабаб бўлади. Ҳашр сурасининг тўққизинчи ояти мазмуни бундай: “Кимки ўз нафсининг бахиллигидан сақланса, бас, ана ўшалар нажот топгувчилардир”.
2. Фақир ва ожиз кишиларга ёрдам бериш, муҳтож кишиларнинг дардларига дармон бўлиш, уларнинг ғам ва қайғуларини енгиллатиш ҳиссини тарбиялайди. Закот туфайли бойлар билан камбағаллар орасида ҳурмат, муҳаббат ва меҳр-шафқат пайдо бўлади ва яхшилик кучаяди.
3. Тиланчилар, ишсизлар сонини камайтиради, у туфайли жамиятдаги жиноятлар, қабиҳпиклар ва тартибсизликлар йўқолади.
4. Закот бойларнинг жуда катта маблағлар йиғиб, камбағалларнинг иқтисодий маҳрум бўлишлари натижасида юзага келадиган тўнтариш каби тартибсизликлардан жамиятни ҳимоя қилади.
5. Закот неъматнинг шукронасидир. Чунки Аллоҳ таоло бандаларига баданий, молиявий неъматлар берган. Бадан билан қилинадиган ибодатлар баданий, мол билан қилинадиган ибодатлар молиявий неъматларнинг шукридир. Шундай экан, бой-бадавлат киши камбағаллиги ва даромади озлиги туфайли бошқаларга муҳтож одамларга қараб, ўзини тиланчиликдан, бошқаларга муҳтож бўлишдан қутқарган Аллоҳ таолога шукр этмаса, мулкидан жуда ҳам оз қисмини фақирларга бермаса, у нақадар хасисдир.
Закотнинг рукни унга ҳақдорни закот молига эга қилишдир. Закот берувчи киши закот ниятида бир фақир ёки етимнинг қорнини тўйдирса, бу харажати закот ўрнига ўтмайди.
Закот балоғатга етган, ақлли, эҳтиёж ва қарзларидан ташқари бир қамарий йил тўлган нисоб миқдоридаги, ҳукман бўлса ҳам, кўпаювчи мулкка эга мусулмонга фарздир.
Закотни адо этиш фарз бўлиши учун нисобнинг йил бошида ва охирида мавжуд бўлиши кифоядир. Йил ўртасида нисоб миқдори камайса ҳам закот берилади.
Закотни бераётганида, ёки мулкидан ажратаётганида унинг закот эканини ният қилиш лозим. Фақир олаётган моли закот эканини билиши шарт эмас.
Молидан закотини ажратмасдан закот берувчи киши вақти-вақти билан камбағалларга мулкидан эҳсонлар улашиб турса, ҳар сафар бераётганида закот деб ният қилмаса, булар закот ўрнига ўтмайди. Кейинчалик: “Мана шу муддат ичида берган садақаларим закот ўрнига ўтсин”, деб ният қилса ҳам, закот ўрнига ўтмайди.
Йилнинг аксарият қисмини далаларда ўтлаб ўтказадиган қўй, сигир ва туяга ўхшаш тўрт оёқли ҳайвонлардан, олтин ва кумушдан, тижорат молларидан закот, деҳқончилик маҳсулотлари ва мевалардан ушр бериш фарздир.
Тижорат мақсадидаги отлардан ҳам закот берилади. Юк ташиш ва миниш мақсадида қўлланилган отлардан, ем бериб боқиладиган отлардан закот берилмайди. Ўтлайдитан отлар сути учун ёки кўпайтириш учун боқилаётган бўлса, агар улар соф араб отларидан бўлса, эгаси хоҳласа, от бошига бир динор, хоҳласа, отларнинг жами қийматини ҳисоблаб, икки юз дирҳами учун беш дирҳам (2,5 фоиз миқдорида) закот берилади.
Агарда сути учун ёки кўпайтириш мақсадида боқилаётган отлар араб отларидан бўлмаса, фақатгина қиймати ҳисобланиб, ҳар икки юз дирҳамидан беш дирҳам закот берилади.
Ўттиз бошдан кам бўлган сигирлардан закот берилмайди. Сигирлар сони ўттизтага етгач, улардан икки ёшга ўтган бир дона урғочи ё эркак бузоқ закотга берилади. Сигирлар сони қирқтага етгач, улардан уч ёшга ўтган битта урғочи ёки эркак бузоқ закот берилади. Олтмишта сигир учун икки ёшга ўтган иккита эркак ёки урғочи бузоқ закотга берилади. Етмишта сигир учун бир дона икки ёшга ўтган эркак бузоқ билан уч ёшга ўтган урғочи бузоқ закотга берилади.
Бундан ошган ҳар ўн бош сигир учун умумий сонларига кўра, битта икки ёшга ўтган эркак бузоқ ё уч ёшга ўтган урғочи бузоқ қўшиб закот берилади. Қўтослардан закот бериш сигирлардан закот бериш кабидир.
Қирқтадан оз бўлган қўйлардан закот берилмайди. Қирқтадан бир юз йигирматагача бўлган қўйлардан битта қўй закот берилади. Бир юз йигирма биттадан икки юзтагача қўйлардан иккита қўй закотга берилади. 201 тадан 400 тагача қўйлардан 3 та қўй закотга берилади. 400 бош қўйдан эса 4 та қўй закотга берилади. 400 бошдан ошган, ҳар юз бош қуйдан яна 1 та қуй закотга берилади.

Олтин ва кумушнинг закоти


Нисоб миқдорига етганидан сўнг орадан бир қамарий йил ўтгач, танга ҳолига келтирилмаган бўлса ҳам, олтин ва кумуш учун закот бериш фарздир.

Кумушнинг нисоби


Кумушнинг нисоби 200 дирҳамдир.
Бу 140 мисқол оғирликдаги кумушдир. 1 мисқол 4 гр.га тенг.
140 м * 4 = 560 гр. бўлади.
Ҳар 10 дирҳам 7 мисқолга, 1 дирҳам 2,8 гр.га тенгдир.

Олтиннинг нисоби


Олтиннинг нисоби 20 мисқолдир.
Нисоб миқдорига етган кумуш, олтин қийматига тенг пулга эга бўлган киши, бу пулнинг қирқдан бирини закот қилиб бериши лозим.

Қарзнинг закоти


Қарзлар уч турлидир: 1. Кучли қарз. 2. Ўртача қарз. 3. Заиф қарз.
Қарздорлигини ё молни олиб, пулини тўламагани ҳақидаги ҳужжатни инкор этмаган кишилардаги қарз кучли қарздир. Буларнинг миқдори нисобга етган бўлса, бир йил ўтгач, закоти берилади. Агар нисоб миқдорида бўлмаса, қўлидаги маблағга қўшилади, жами нисоб миқдорига етса, закоти чиқарилади.
Тижорат мақсадида бўлмаган моллар эҳтиёж учун сотилганида олиниши лозим бўлган, аммо ҳали олинмаган маблағ ўртача қарз ҳисобланади. Бу тур қарздан у олинмагунча закот берилмайди. Аммо олингач, миқдори нисобга етса сотилган кундан эътиборан ҳисобланиб закоти берилади. Нисоб миқдорида бўлмаса, қўлидаги маблағга қўшиб ҳисобланади.
Маҳр, васият қилинган пул ва олинмаган тавон пуллари заиф қарз бўлади. Бундай пуллар нисоб миқдорида бўлса, олинганидан эътиборан бир йил ўтгач, закоти чиқарилади. Агар нисоб миқдорида бўлмаса, қўлидаги маблағга қўшиб ҳисоб қилинади.

Тижорат молларининг закоти


Тижорат моллари савдо-сотиқ учун тайёрланган ёки савдо учун ишлаб чиқарилган моллардир. Буларнинг тужжор қўлида бўлган жами қисмининг қиймати олтин ё кумушнинг нисоб миқдорига етса, закот бериш фарз бўлади. Мазкур моллар ҳар хил бўлса, қиймати бир-бирига қўшиб ҳисобланади. Тижорат молларининг закотини бериш учун икки нарса шарт бўлади:
1. Бир йил давомида (мазкур молларининг) тижорати билан шуғулланишга ният қилиш.
2. Тижорат молларида закот беришга тўсиқ бўлмаслиги. Яъни: биринчидан, тижорат нияти мол қўлга кирган вақгида бўлиши керак, иккинчидан, бир нарсадан икки бор закот беришга олиб келмасин.
Бир ерни тижорат учун сотиб олиб, унга экин экса, чиққан ҳосилнинг ушри берилади. Ернинг қийматидан закот берилмайди.
Тижорат моллари фақирларнинг манфаатларига энг мос бўлган нарсанинг қиймати билан нархланади. Яъни, уларнинг нархи олтин ёки кумушдан бирининг нисоб миқдорига етса, кифоя — шунга қараб нархланади ва закоти берилади, иккинчисига эътибор қилинмайди.

Деҳқончилик маҳсулотлари ва меваларнинг закоти


Ерлар иккига ажратилади:
1. Ушр берилиши лозим бўлган ерлар. Халқи ўз хоҳиши билан мусулмон бўлган ёки давлат раҳбари томонидан ерни фатҳ қилган аскарларга бўлиб берилган ёки ушр бериши ҳадис билан (Ҳижоз каби) ва саҳобаларнинг ижмоси билан (Басра каби) собит бўлган жойлар.
2. Ҳирож бериши лозим бўлган жойлар. Мусулмонлар томонидан фатҳ қилинган ёки сулҳ билан қўлга киритилган ва маҳаллий халқнинг ихтиёрида қолдирилган ерлар.
Йилнинг аксар қисмида ёмғир ва шунга ўхшаш сувлар билан суғорилган ерлар маҳсулотидан ушр берилади. Пақир ва шунга ўхшаш нарсалар воситасида суғорилган ерлар ҳосилидан йигирмадан бири закот қилиб берилади.
Ушр беришда ернинг харажатлари чиқариб ташланмайди. Шунингдек, маҳсулотлар олинганидан сўнг, бир йил ўтиши, нисоб миқдори шарт эмас. Ердан олинган ҳосил қанча бўлишидан қатъи назар, ундан ушр берилади.

Закотга доир турли масалалар


1. Соғлом ва маълум миқдор даромади бўлса ҳам, нисоб миқдоридан оз пули бор кишининг закот бериши жоиздир. Бу садақа ҳисобланади.
2. Банкнот пуллар мулк ҳисобланади. Қийматларига қараб, закоти берилади.
3. Киши шахсий қаноати билан ояти каримада баён қилинган кишилардан деб ўйлаган кишига закотини берса-ю, кейинчалик у кишининг бундай тоифадан эмаслиги маълум бўлса, закоти мақбулдир.
4. Нисоб миқдорича бойликка эга бўлган кишининг вақти келмай туриб, бир неча йилнинг ёки бир неча нисобнинг закотини аввалдан бериши жоиздир.
5. Закоти бериладиган молнинг закотини бериш онидаги (йил тўлгандаги) қиймати эътиборга олинади.
6. Ўлган одам қолдирган молдан, закотим берилсин, дея васият қилмаган бўлса, закот олинмайди. Агар васияти бўлса, қолдирган молининг учдан биридан закот чиқарилади.
7. Олтин, кумуш ва бошқа пулларнинг закоти қийматини тижорат молидан, (буғдойга ўхшаш) ўлчанадиган ва тортиладиган нарсалардан бериш дурустдир.
8. Нисоб миқдорини тўлдириш учун тижорат молларининг, олтин ва кумушнинг қийматлари ва бошқа пуллар ҳам бир-бирига қўшиб ҳисобланади.
9. Олтин ва кумуш таркибидаги бошқа моддалардан кўп бўлса соф ҳисобланади. Агар бундай ҳолда бошқа моддалар олтин ва кумушдан кўп бўлса, ҳамда танга ҳолида ва муомаладаги пул ҳисобланса (закот беришда) унинг қиймати эътиборга олинади. Агар бу пулларнинг қиймати нисоб миқдорида бўлса, закоти берилади. Акс ҳолда берилмайди. Мазкур соф бўлмаган олтин ёки кумуш пуллар муомалада ўтмайдиган бўлса ҳамда киши уларнинг тижорати билан шуғулланишни ният қилса, ҳукми тижорат моллари каби бўлади.
10. Кишининг ўз мулки бўлишига қарамай, қўлида мавжуд бўлмаган ва қайтиб олишга кўзи етмаган молини (кейинчалик) қўлига киритса, ўтиб кетган даври учун закот бериши лозим эмас.
11. Нисоб миқдорида пули бўлган кишининг йил ўртасида қарздор бўлиб қолиши. Имом Муҳаммадга кўра, молнинг талофатга учраб йўқолиб кетиши кабидир. Имом Абу Юсуфга кўра эса, бу ҳолат йил давомида нисоб миқдоридан бир оз камайиши ҳисобланади. Йил охирида закот бериш мажбурияти йўқолмайди.
12. Закот бериладиган пайтда олтин ва кумушни тортиб, закотини бериш тўғри бўлади.
13. Ҳар қандай молдан нисобга эришган киши айни йилда тижорат, мерос ва бошқа йўл билан қўлга киритган даромадини қўшиб закот беради.
14. Закот берилиши лозим бўлган мулк закоти берилмай туриб батамом зое бўлса, у мулкнинг закоти бекор бўлади. Бир қисми зое бўлса, қолган қисми нисоб миқдорида бўлса, закоти берилади.
15. Фақирларда қарзи бўлган киши, уни олмай закот ниятида қарзидан кечса, бу закот ўрнига ўтмайди. Закот ўрнига ўтиши учун, фақирдан қарзини олиб, сўнгра такрор закот ниятида бериши зарур.

Закот бериладиган кишилар


Закот қуйидагиларга берилади: «Албатта, садақалар (яъни, закотлар) Аллоҳ томонидан фарз бўлган ҳолда, фақат фақирларга, мискинларга, садақа йиғувчиларга, кўнгиллари (Исломга) ошно қилинувчи кишиларга, бўйинларни (қулларни) озод қилишга, қарздор кишиларга ва Аллоҳ йўлида (яъни, жиҳодга ёки ҳажга кетаётганларга) ҳамда йўловчи мусофирларга берилур. Аллоҳ билим ва ҳикмат соҳибидир» (Тавба, 60, мазмуни).
1. Фақирлар. Нисоб миқдорича маблағи бор ё нисоб миқдорича маблағи зарурий эҳтиёжларига сарфланган кишилар.
2. Камбағаллар. Ҳеч нарсаси йўқ, фақирдан ҳам муҳтож кишилар.
3. Садақа тўпловчи кишилар. Улар давлат раҳбари томонидан закот ва садақаларни (халқдан) йиғиш топшириғи берилган кишилардир. Бадавлат бўлсалар ҳам, вазифалари сабабли уларга закот молларидан бир миқдор берилади.
4. Қалблари (Исломга) оғдирилиши зарур бўлганлар. Булар Пайғамбаримизнинг, соллаллоҳу алайҳи ва саллам:
а) мусулмонликни танлаб, Аллоҳга имон келтиришларини;
б) динга зарар беришларининг олдини олишни;
в) имонларини кучайтириб, ҳақиқий мусулмон бўлишларини хоҳлаган кишилардир.
5. Мукотаблар, яъни, маълум миқдорда мол эвазига озод бўлишлари хусусида хўжайинлари билан шартнома тузган қўллар.
6. Қарздорлар, яъни, қарзини тўлашдан ожиз бўлган кишилар.
7. Аллоҳ йўлидагилар. Булар ҳаётларини Аллоҳ йўлида курашга бағишлаб, Ислом дини шуҳрати юксалиши учун хизмат қилган фақир аскарлар.
8. Ўз диёридан (ва у ердаги) мулкидан узоққа кетиб, (уларни келтиришдан ожиз бўлган) мусофирлар.
Бадавлат кишининг фақир катта ўғлига, бадавлат кишининг фақир хотинига, фарзанди бой бўлса-да, унинг фақир отасига закот бериш жоиз.
Ўз қишлоғи ва шаҳрида фақир кишилар бўлатуриб, закотни бошқа қишлоқ-шаҳардаги муҳтож кишиларга юбориш макрухдир. Аммо бошқа қишлоқ-шаҳардаги фақирлар закот берувчининг яқинлари ёки ўз қишлоқ-шаҳридаги фақирлардан қашшоқ кишилар бўлса, макруҳ эмас. Агар киши закотини муддатидан аввал берадиган бўлса, бошқа қишлоқ-шаҳардаги фақирларга юборишининг зарари йўқ.
Закот ниятида фақир қариндошларнинг болаларига совға бериш ҳам закот ўрнига ўтади.
Шунингдек, закот нияти билан байрамларда, бошқа шодиёналарда аёл ва эркак фақирларга берилган совғалар ҳам закот ўрнига ўтади.

Фитр садақаси


Фитр садақаси Рамазон ойида берилади. Пайғамбаримиз, соллаллоҳу алайҳи ва салам, ҳижратнинг иккинчи йили фитр садақаси беришни буюрганлар. Бунинг қатор ҳикматлари бор:
1. Рамазон ҳайитидек улуғ кунда фақирларни тиланчилик қилиш изтиробидан қутқариш;
2. Барча мусулмонлар шод-хуррам бўлган байрам куни фақирларни ҳам хурсандлик ва фароғатга эриштириш;
3. Рўза тутиб вужудини поклаган кишининг молини ҳам поклаши;
4. Рўза давомида эҳтимол йўл қўйилган баъзи хатоларнинг тўғриланиши.

Вожиб бўлишининг шартлари


Фитр садақаси зарурий эҳтиёжтаридан ортиқча нисоб миқдоридаги мулкка эга бўлган мусулмонга вожибдир. Мазкур нисоб миқдоридаги мулкнинг кўпаювчи бўлиши ёки орадан бир йил ўтган бўлиши шарт эмас.

Вожиб бўлиш вақти


Рамазон ҳайитининг биринчи куни тонг отиши билан фитр садақасини бериш вожиб бўлади. Бу вақтдан аввал вафот этган ёки фақир бўлиб қолган, (тонг отганидан) сўнг мусулмон бўлган, туғилган ёки бадавлат бўлган кишига фитр садақаси вожиб эмас.
Фитр садақасини ҳайит кунидан аввал ёки кейин бериш жоиздир. Ҳайит намозига чиқмасдан аввал бериш мустаҳабдир. Фитр садақасининг берилиши вожиб бўлгач, мулкнинг йўқолиши фитр садақаси бериш мажбуриятини бекор қилмайди.
Тўрт (хил) нарсани фитр садақаси қилиб бериш мумкин: буғдой, арпа, хурмо, майиз.

Вожиб бўлган миқдори


Буғдойдан, буғдой унидан ёки қовурилган буғдой унидан ярим соъ 1,664 кг, арпа, хурмо ва майиздан бир соъ ёки 3,328 кг. берилиши лозим.

Муҳаммад Шариф Жуман тайёрлади.
«Ҳидоят» журналининг 2003 йил 10-сонидан олинди.

 

* * *


«Zakot» so‘zi lug‘atda poklanish, ortish, rivojlanish ma’nolarini ifodalaydi. Istilohda esa, belgilangan miqdordagi molning ma’lum qismini, shartlarga binoan, uni olishga haqdor bo‘lgan kishiga berishdir.
Zakot dinimizning besh asosiy ruknidan biridir. Zakot hijratning ikkinchi yili farz qilindi. Uning yuksak va beqiyos hikmatlaridan asosiylari quyidagilardir:
1. Boylarni oxirat azobidan najot topishlari, baxillik kasalidan poklanishlariga sabab bo‘ladi. Hashr surasining to‘qqizinchi oyati mazmuni bunday: “Kimki o‘z nafsining baxilligidan saqlansa, bas, ana o‘shalar najot topguvchilardir”.
2. Faqir va ojiz kishilarga yordam berish, muhtoj kishilarning dardlariga darmon bo‘lish, ularning g‘am va qayg‘ularini yengillatish hissini tarbiyalaydi. Zakot tufayli boylar bilan kambag‘allar orasida hurmat, muhabbat va mehr-shafqat paydo bo‘ladi va yaxshilik kuchayadi.
3. Tilanchilar, ishsizlar sonini kamaytiradi, u tufayli jamiyatdagi jinoyatlar, qabihpiklar va tartibsizliklar yo‘qoladi.
4. Zakot boylarning juda katta mablag‘lar yig‘ib, kambag‘allarning iqtisodiy mahrum bo‘lishlari natijasida yuzaga keladigan to‘ntarish kabi tartibsizliklardan jamiyatni himoya qiladi.
5. Zakot ne’matning shukronasidir. Chunki Alloh taolo bandalariga badaniy, moliyaviy ne’matlar bergan. Badan bilan qilinadigan ibodatlar badaniy, mol bilan qilinadigan ibodatlar moliyaviy ne’matlarning shukridir. Shunday ekan, boy-badavlat kishi kambag‘alligi va daromadi ozligi tufayli boshqalarga muhtoj odamlarga qarab, o‘zini tilanchilikdan, boshqalarga muhtoj bo‘lishdan qutqargan Alloh taologa shukr etmasa, mulkidan juda ham oz qismini faqirlarga bermasa, u naqadar xasisdir.
Zakotning rukni unga haqdorni zakot moliga ega qilishdir. Zakot beruvchi kishi zakot niyatida bir faqir yoki yetimning qornini to‘ydirsa, bu xarajati zakot o‘rniga o‘tmaydi.
Zakot balog‘atga yetgan, aqlli, ehtiyoj va qarzlaridan tashqari bir qamariy yil to‘lgan nisob miqdoridagi, hukman bo‘lsa ham, ko‘payuvchi mulkka ega musulmonga farzdir.
Zakotni ado etish farz bo‘lishi uchun nisobning yil boshida va oxirida mavjud bo‘lishi kifoyadir. Yil o‘rtasida nisob miqdori kamaysa ham zakot beriladi.
Zakotni berayotganida, yoki mulkidan ajratayotganida uning zakot ekanini niyat qilish lozim. Faqir olayotgan moli zakot ekanini bilishi shart emas.
Molidan zakotini ajratmasdan zakot beruvchi kishi vaqti-vaqti bilan kambag‘allarga mulkidan ehsonlar ulashib tursa, har safar berayotganida zakot deb niyat qilmasa, bular zakot o‘rniga o‘tmaydi. Keyinchalik: “Mana shu muddat ichida bergan sadaqalarim zakot o‘rniga o‘tsin”, deb niyat qilsa ham, zakot o‘rniga o‘tmaydi.
Yilning aksariyat qismini dalalarda o‘tlab o‘tkazadigan qo‘y, sigir va tuyaga o‘xshash to‘rt oyoqli hayvonlardan, oltin va kumushdan, tijorat mollaridan zakot, dehqonchilik mahsulotlari va mevalardan ushr berish farzdir.
Tijorat maqsadidagi otlardan ham zakot beriladi. Yuk tashish va minish maqsadida qo‘llanilgan otlardan, yem berib boqiladigan otlardan zakot berilmaydi. O‘tlayditan otlar suti uchun yoki ko‘paytirish uchun boqilayotgan bo‘lsa, agar ular sof arab otlaridan bo‘lsa, egasi xohlasa, ot boshiga bir dinor, xohlasa, otlarning jami qiymatini hisoblab, ikki yuz dirhami uchun besh dirham (2,5 foiz miqdorida) zakot beriladi.
Agarda suti uchun yoki ko‘paytirish maqsadida boqilayotgan otlar arab otlaridan bo‘lmasa, faqatgina qiymati hisoblanib, har ikki yuz dirhamidan besh dirham zakot beriladi.
O‘ttiz boshdan kam bo‘lgan sigirlardan zakot berilmaydi. Sigirlar soni o‘ttiztaga yetgach, ulardan ikki yoshga o‘tgan bir dona urg‘ochi yo erkak buzoq zakotga beriladi. Sigirlar soni qirqtaga yetgach, ulardan uch yoshga o‘tgan bitta urg‘ochi yoki erkak buzoq zakot beriladi. Oltmishta sigir uchun ikki yoshga o‘tgan ikkita erkak yoki urg‘ochi buzoq zakotga beriladi. Yetmishta sigir uchun bir dona ikki yoshga o‘tgan erkak buzoq bilan uch yoshga o‘tgan urg‘ochi buzoq zakotga beriladi.
Bundan oshgan har o‘n bosh sigir uchun umumiy sonlariga ko‘ra, bitta ikki yoshga o‘tgan erkak buzoq yo uch yoshga o‘tgan urg‘ochi buzoq qo‘shib zakot beriladi. Qo‘toslardan zakot berish sigirlardan zakot berish kabidir.
Qirqtadan oz bo‘lgan qo‘ylardan zakot berilmaydi. Qirqtadan bir yuz yigirmatagacha bo‘lgan qo‘ylardan bitta qo‘y zakot beriladi. Bir yuz yigirma bittadan ikki yuztagacha qo‘ylardan ikkita qo‘y zakotga beriladi. 201 tadan 400 tagacha qo‘ylardan 3 ta qo‘y zakotga beriladi. 400 bosh qo‘ydan esa 4 ta qo‘y zakotga beriladi. 400 boshdan oshgan, har yuz bosh quydan yana 1 ta quy zakotga beriladi.

Oltin va kumushning zakoti


Nisob miqdoriga yetganidan so‘ng oradan bir qamariy yil o‘tgach, tanga holiga keltirilmagan bo‘lsa ham, oltin va kumush uchun zakot berish farzdir.

Kumushning nisobi


Kumushning nisobi 200 dirhamdir.
Bu 140 misqol og‘irlikdagi kumushdir. 1 misqol 4 gr.ga teng.
140 m * 4 = 560 gr. bo‘ladi.
Har 10 dirham 7 misqolga, 1 dirham 2,8 gr.ga tengdir.

Oltinning nisobi


Oltinning nisobi 20 misqoldir.
Nisob miqdoriga yetgan kumush, oltin qiymatiga teng pulga ega bo‘lgan kishi, bu pulning qirqdan birini zakot qilib berishi lozim.

Qarzning zakoti


Qarzlar uch turlidir: 1. Kuchli qarz. 2. O‘rtacha qarz. 3. Zaif qarz.
Qarzdorligini yo molni olib, pulini to‘lamagani haqidagi hujjatni inkor etmagan kishilardagi qarz kuchli qarzdir. Bularning miqdori nisobga yetgan bo‘lsa, bir yil o‘tgach, zakoti beriladi. Agar nisob miqdorida bo‘lmasa, qo‘lidagi mablag‘ga qo‘shiladi, jami nisob miqdoriga yetsa, zakoti chiqariladi.
Tijorat maqsadida bo‘lmagan mollar ehtiyoj uchun sotilganida olinishi lozim bo‘lgan, ammo hali olinmagan mablag‘ o‘rtacha qarz hisoblanadi. Bu tur qarzdan u olinmaguncha zakot berilmaydi. Ammo olingach, miqdori nisobga yetsa sotilgan kundan e’tiboran hisoblanib zakoti beriladi. Nisob miqdorida bo‘lmasa, qo‘lidagi mablag‘ga qo‘shib hisoblanadi.
Mahr, vasiyat qilingan pul va olinmagan tavon pullari zaif qarz bo‘ladi. Bunday pullar nisob miqdorida bo‘lsa, olinganidan e’tiboran bir yil o‘tgach, zakoti chiqariladi. Agar nisob miqdorida bo‘lmasa, qo‘lidagi mablag‘ga qo‘shib hisob qilinadi.

Tijorat mollarining zakoti


Tijorat mollari savdo-sotiq uchun tayyorlangan yoki savdo uchun ishlab chiqarilgan mollardir. Bularning tujjor qo‘lida bo‘lgan jami qismining qiymati oltin yo kumushning nisob miqdoriga yetsa, zakot berish farz bo‘ladi. Mazkur mollar har xil bo‘lsa, qiymati bir-biriga qo‘shib hisoblanadi. Tijorat mollarining zakotini berish uchun ikki narsa shart bo‘ladi:
1. Bir yil davomida (mazkur mollarining) tijorati bilan shug‘ullanishga niyat qilish.
2. Tijorat mollarida zakot berishga to‘siq bo‘lmasligi. Ya’ni: birinchidan, tijorat niyati mol qo‘lga kirgan vaqgida bo‘lishi kerak, ikkinchidan, bir narsadan ikki bor zakot berishga olib kelmasin.
Bir yerni tijorat uchun sotib olib, unga ekin eksa, chiqqan hosilning ushri beriladi. Yerning qiymatidan zakot berilmaydi.
Tijorat mollari faqirlarning manfaatlariga eng mos bo‘lgan narsaning qiymati bilan narxlanadi. Ya’ni, ularning narxi oltin yoki kumushdan birining nisob miqdoriga yetsa, kifoya — shunga qarab narxlanadi va zakoti beriladi, ikkinchisiga e’tibor qilinmaydi.

Dehqonchilik mahsulotlari va mevalarning zakoti


Yerlar ikkiga ajratiladi:
1. Ushr berilishi lozim bo‘lgan yerlar. Xalqi o‘z xohishi bilan musulmon bo‘lgan yoki davlat rahbari tomonidan yerni fath qilgan askarlarga bo‘lib berilgan yoki ushr berishi hadis bilan (Hijoz kabi) va sahobalarning ijmosi bilan (Basra kabi) sobit bo‘lgan joylar.
2. Hiroj berishi lozim bo‘lgan joylar. Musulmonlar tomonidan fath qilingan yoki sulh bilan qo‘lga kiritilgan va mahalliy xalqning ixtiyorida qoldirilgan yerlar.
Yilning aksar qismida yomg‘ir va shunga o‘xshash suvlar bilan sug‘orilgan yerlar mahsulotidan ushr beriladi. Paqir va shunga o‘xshash narsalar vositasida sug‘orilgan yerlar hosilidan yigirmadan biri zakot qilib beriladi.
Ushr berishda yerning xarajatlari chiqarib tashlanmaydi. Shuningdek, mahsulotlar olinganidan so‘ng, bir yil o‘tishi, nisob miqdori shart emas. Yerdan olingan hosil qancha bo‘lishidan qat’i nazar, undan ushr beriladi.

Zakotga doir turli masalalar


1. Sog‘lom va ma’lum miqdor daromadi bo‘lsa ham, nisob miqdoridan oz puli bor kishining zakot berishi joizdir. Bu sadaqa hisoblanadi.
2. Banknot pullar mulk hisoblanadi. Qiymatlariga qarab, zakoti beriladi.
3. Kishi shaxsiy qanoati bilan oyati karimada bayon qilingan kishilardan deb o‘ylagan kishiga zakotini bersa-yu, keyinchalik u kishining bunday toifadan emasligi ma’lum bo‘lsa, zakoti maqbuldir.
4. Nisob miqdoricha boylikka ega bo‘lgan kishining vaqti kelmay turib, bir necha yilning yoki bir necha nisobning zakotini avvaldan berishi joizdir.
5. Zakoti beriladigan molning zakotini berish onidagi (yil to‘lgandagi) qiymati e’tiborga olinadi.
6. O‘lgan odam qoldirgan moldan, zakotim berilsin, deya vasiyat qilmagan bo‘lsa, zakot olinmaydi. Agar vasiyati bo‘lsa, qoldirgan molining uchdan biridan zakot chiqariladi.
7. Oltin, kumush va boshqa pullarning zakoti qiymatini tijorat molidan, (bug‘doyga o‘xshash) o‘lchanadigan va tortiladigan narsalardan berish durustdir.
8. Nisob miqdorini to‘ldirish uchun tijorat mollarining, oltin va kumushning qiymatlari va boshqa pullar ham bir-biriga qo‘shib hisoblanadi.
9. Oltin va kumush tarkibidagi boshqa moddalardan ko‘p bo‘lsa sof hisoblanadi. Agar bunday holda boshqa moddalar oltin va kumushdan ko‘p bo‘lsa, hamda tanga holida va muomaladagi pul hisoblansa (zakot berishda) uning qiymati e’tiborga olinadi. Agar bu pullarning qiymati nisob miqdorida bo‘lsa, zakoti beriladi. Aks holda berilmaydi. Mazkur sof bo‘lmagan oltin yoki kumush pullar muomalada o‘tmaydigan bo‘lsa hamda kishi ularning tijorati bilan shug‘ullanishni niyat qilsa, hukmi tijorat mollari kabi bo‘ladi.
10. Kishining o‘z mulki bo‘lishiga qaramay, qo‘lida mavjud bo‘lmagan va qaytib olishga ko‘zi yetmagan molini (keyinchalik) qo‘liga kiritsa, o‘tib ketgan davri uchun zakot berishi lozim emas.
11. Nisob miqdorida puli bo‘lgan kishining yil o‘rtasida qarzdor bo‘lib qolishi. Imom Muhammadga ko‘ra, molning talofatga uchrab yo‘qolib ketishi kabidir. Imom Abu Yusufga ko‘ra esa, bu holat yil davomida nisob miqdoridan bir oz kamayishi hisoblanadi. Yil oxirida zakot berish majburiyati yo‘qolmaydi.
12. Zakot beriladigan paytda oltin va kumushni tortib, zakotini berish to‘g‘ri bo‘ladi.
13. Har qanday moldan nisobga erishgan kishi ayni yilda tijorat, meros va boshqa yo‘l bilan qo‘lga kiritgan daromadini qo‘shib zakot beradi.
14. Zakot berilishi lozim bo‘lgan mulk zakoti berilmay turib batamom zoe bo‘lsa, u mulkning zakoti bekor bo‘ladi. Bir qismi zoe bo‘lsa, qolgan qismi nisob miqdorida bo‘lsa, zakoti beriladi.
15. Faqirlarda qarzi bo‘lgan kishi, uni olmay zakot niyatida qarzidan kechsa, bu zakot o‘rniga o‘tmaydi. Zakot o‘rniga o‘tishi uchun, faqirdan qarzini olib, so‘ngra takror zakot niyatida berishi zarur.

Zakot beriladigan kishilar


Zakot quyidagilarga beriladi: «Albatta, sadaqalar (ya’ni, zakotlar) Alloh tomonidan farz bo‘lgan holda, faqat faqirlarga, miskinlarga, sadaqa yig‘uvchilarga, ko‘ngillari (Islomga) oshno qilinuvchi kishilarga, bo‘yinlarni (qullarni) ozod qilishga, qarzdor kishilarga va Alloh yo‘lida (ya’ni, jihodga yoki hajga ketayotganlarga) hamda yo‘lovchi musofirlarga berilur. Alloh bilim va hikmat sohibidir» (Tavba, 60, mazmuni).
1. Faqirlar. Nisob miqdoricha mablag‘i bor yo nisob miqdoricha mablag‘i zaruriy ehtiyojlariga sarflangan kishilar.
2. Kambag‘allar. Hech narsasi yo‘q, faqirdan ham muhtoj kishilar.
3. Sadaqa to‘plovchi kishilar. Ular davlat rahbari tomonidan zakot va sadaqalarni (xalqdan) yig‘ish topshirig‘i berilgan kishilardir. Badavlat bo‘lsalar ham, vazifalari sababli ularga zakot mollaridan bir miqdor beriladi.
4. Qalblari (Islomga) og‘dirilishi zarur bo‘lganlar. Bular Payg‘ambarimizning, sollallohu alayhi va sallam:
a) musulmonlikni tanlab, Allohga imon keltirishlarini;
b) dinga zarar berishlarining oldini olishni;
v) imonlarini kuchaytirib, haqiqiy musulmon bo‘lishlarini xohlagan kishilardir.
5. Mukotablar, ya’ni, ma’lum miqdorda mol evaziga ozod bo‘lishlari xususida xo‘jayinlari bilan shartnoma tuzgan qo‘llar.
6. Qarzdorlar, ya’ni, qarzini to‘lashdan ojiz bo‘lgan kishilar.
7. Alloh yo‘lidagilar. Bular hayotlarini Alloh yo‘lida kurashga bag‘ishlab, Islom dini shuhrati yuksalishi uchun xizmat qilgan faqir askarlar.
8. O‘z diyoridan (va u yerdagi) mulkidan uzoqqa ketib, (ularni keltirishdan ojiz bo‘lgan) musofirlar.
Badavlat kishining faqir katta o‘g‘liga, badavlat kishining faqir xotiniga, farzandi boy bo‘lsa-da, uning faqir otasiga zakot berish joiz.
O‘z qishlog‘i va shahrida faqir kishilar bo‘laturib, zakotni boshqa qishloq-shahardagi muhtoj kishilarga yuborish makruxdir. Ammo boshqa qishloq-shahardagi faqirlar zakot beruvchining yaqinlari yoki o‘z qishloq-shahridagi faqirlardan qashshoq kishilar bo‘lsa, makruh emas. Agar kishi zakotini muddatidan avval beradigan bo‘lsa, boshqa qishloq-shahardagi faqirlarga yuborishining zarari yo‘q.
Zakot niyatida faqir qarindoshlarning bolalariga sovg‘a berish ham zakot o‘rniga o‘tadi.
Shuningdek, zakot niyati bilan bayramlarda, boshqa shodiyonalarda ayol va erkak faqirlarga berilgan sovg‘alar ham zakot o‘rniga o‘tadi.

Fitr sadaqasi


Fitr sadaqasi Ramazon oyida beriladi. Payg‘ambarimiz, sollallohu alayhi va salam, hijratning ikkinchi yili fitr sadaqasi berishni buyurganlar. Buning qator hikmatlari bor:
1. Ramazon hayitidek ulug‘ kunda faqirlarni tilanchilik qilish iztirobidan qutqarish;
2. Barcha musulmonlar shod-xurram bo‘lgan bayram kuni faqirlarni ham xursandlik va farog‘atga erishtirish;
3. Ro‘za tutib vujudini poklagan kishining molini ham poklashi;
4. Ro‘za davomida ehtimol yo‘l qo‘yilgan ba’zi xatolarning to‘g‘rilanishi.

Vojib bo‘lishining shartlari


Fitr sadaqasi zaruriy ehtiyojtaridan ortiqcha nisob miqdoridagi mulkka ega bo‘lgan musulmonga vojibdir. Mazkur nisob miqdoridagi mulkning ko‘payuvchi bo‘lishi yoki oradan bir yil o‘tgan bo‘lishi shart emas.

Vojib bo‘lish vaqti


Ramazon hayitining birinchi kuni tong otishi bilan fitr sadaqasini berish vojib bo‘ladi. Bu vaqtdan avval vafot etgan yoki faqir bo‘lib qolgan, (tong otganidan) so‘ng musulmon bo‘lgan, tug‘ilgan yoki badavlat bo‘lgan kishiga fitr sadaqasi vojib emas.
Fitr sadaqasini hayit kunidan avval yoki keyin berish joizdir. Hayit namoziga chiqmasdan avval berish mustahabdir. Fitr sadaqasining berilishi vojib bo‘lgach, mulkning yo‘qolishi fitr sadaqasi berish majburiyatini bekor qilmaydi.
To‘rt (xil) narsani fitr sadaqasi qilib berish mumkin: bug‘doy, arpa, xurmo, mayiz.

Vojib bo‘lgan miqdori


Bug‘doydan, bug‘doy unidan yoki qovurilgan bug‘doy unidan yarim so’ 1,664 kg, arpa, xurmo va mayizdan bir so’ yoki 3,328 kg. berilishi lozim.

Muhammad Sharif Juman tayyorladi.
«Hidoyat» jurnalining 2003 yil 10-sonidan olindi.