Абу Суфён ибн Ҳорис

Рукн: Саҳобалар Чоп этилган: 11.12.2014
Абу Суфён — жаннат йигитларининг саййидидир.
Муҳаммад Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам
 
Муҳаммад алайҳиссалом ва Абу Суфён ибн Ҳориснинг ўртасидаги яқинликнинг назири ҳаётда камдан-кам учрайди. Абу Суфён Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан тенгдош — улар бир пайтда туғилиб, бир оилада улғайишган. Улар амакивачча бўлганлар. Ҳорис ва Абдуллоҳ Абдулмуттолибнинг ўғиллари, туғишган ака-ука эдилар. Ундан ташқари, Абу Суфён пайғамбаримизнинг эмчакдош биродари — ҳар иккисини Ҳалима Саъдия эмизиб, катта қилганди. Ваниҳоят, улар нубувват давридан илгари қалин дўст-ўртоқ бўлганлар. Қиёфалари ҳам бир-бирига жудаям ўхшаш эди. Бундан кўра яқинроқ қариндошлик бўлиши мумкинми?
Шунинг учун бу мустаҳкам алоқаларни билган одам, ҳойнаҳой, Абу Суфён Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даъватларига биринчилардан бўлиб "лаббай" деган, пешқадамлар сафида у кишига эргашган, деб ўйлаши эҳтимолдан холи эмас. Бироқ воқелик бунинг мутлақо аксини кўрсатади.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ошкора даъватни энди бошлаб, аввало қариндошларини огоҳлантирган пайтларидаёқ Абу Суфённинг қалбида нафрат олови алангаланди. Дўстлик адоватга, қариндошлик юзкўрмасликка, биродарлик гап уқмаслик ва тўсқинчиликка айланди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга роббилари тарафидан рисолат вазифаси юклатилган кунларда Абу Суфён Қурайш қабиласининг жасур паҳлавонларидан ва донғи кетган шоирларидан эди. У бутун шоирлик истеъдодини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даъватларига, бор куч-қувватини исломга ва мусулмонларга қарши қаратди. Қаерда Набий алайҳиссаломга қарши фитна қўзғотилса, албатта, унинг бошловчиси Абу Суфён бўлиб чиқар, қачонки мусулмонларга азият етса, бунда ҳам унинг улуши салмоқли бўларди. У шайтоннинг сўзига кириб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни ҳажв қилган, бошдан-оёқ туҳмат ва бўҳтонлардан иборат ҳақоратли шеър ёзган эди.
Бу адоват қарийб йигирма йил давом этди. Абу Суфён Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга муттасил турли ҳийла-найранглар билан панд беришнинг пайида бўлди. Мусулмонларга азият етказишнинг қандай усули бўлса, ҳаммасини қилиб кўрди.
Макка фатҳидан бироз олдин Абу Суфён иймонга келди. Унинг исломи ҳақида сийрат ва тарих китобларида ғоят ажойиб ва таъсирли қисса сақланиб қолган. Келинг, сўзни унинг ўзига берайлик. Ҳар ҳолда, ўз туйғуларини гапириб бериш эгасига осонроқ, тингловчи учун ишончлироқдир.
Абу Суфён ҳикояси:
- Ислом қад кўтариб, мустаҳкам қарор топгач, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Маккани фатҳ этиш учун йўлга чиққанлари ҳақида хабар тарқалди. Буни эшитиб менинг кўзимга дунё қоронғу кўриниб кетди. Ўзимча ўйладим: "Энди нима қиламан? Қаёққа қочаман? Ҳолим не кечади?"
Хотиним ва фарзандларимнинг олдига бориб:
- Тезда сафар тадоригини кўринг. Биз Маккадан жўнаб кетамиз. Хадемай Муҳаммад келиб қолади. Агар мусулмонларнинг қўлига тушсам, соғ қўйишмаса керак, - дедим.
Улар мени инсофга чақиришди:
- Кўзингизни очинг. Бутун арабу ажамлар Муҳаммадга итоат изҳор қилишяпти, унинг динини қабул қилишяпти. Сиз эса ҳанузгача тиш-тирноғингиз билан қарши турибсиз. Ваҳоланки, унинг энг биринчи ёрдамчиси сиз бўлишингиз керак эди.
Ҳар тарафдан дашном аралаш даъват эшитиб, Муҳаммаднинг динига мойиллик туйдим. Шунда Аллоҳ менинг қалбимга ҳидоят солди.
 
Шу заҳотиёқ ўрнимдан турдим. Ғуломим Мазкурга бир туя ва бир отни тайёрлашни буюрдим. Кейин ўғлим Жаъфар билан фурсатни бой бермай, Абвога қараб жўнадик. Абво - Макка ва Мадина орасидаги диёр бўлиб, мен Рагулуллоҳни ўша ерда тўхтаганларини эшитган эдим. У ерга яқинлашгач, юзимга ниқоб тўсиб олдим. Чунки Пайғамбар алайҳиссаломнинг ҳузурларига етиб, исломимни эълон қилгунимча, йўл-йўлакай мусулмонларнинг биронтаси мени таниб қолиб, ўлдириб қўйиши мумкин эди.
Уловларни қолдириб, бир милча масофани яёв босиб ўтдик. Шундоққина ёнимиздан мусулмон аскарларининг пешқадам гуруҳлари кетма-кет ўтиб кетишди. Мен ҳар сафар жангчилар ичида Муҳаммаднинг мени танийдиган саҳобаси чиқиб қолишидан қўрқиб, яшириниб турдим.
Навбатдаги гуруҳларнинг бирида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кўриндилар. Мен чопиб у кишининг олдиларига чиқдим. Рўпараларига туриб, юзимдаги ниқобни ечдим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менга кўзлари тушиши билан, танидилар. Танидилару юзларини ўгириб олдилар. Мен яна у кишининг рўпараларига ўтдим. Пайғамбар алайҳиссалом яна тескари қараб олдилар. Бу ҳолат бир неча марта такрорланди. Мен қанчалик жанобимизнинг назарларига тушишга интилмайин, ҳар сафар ҳаракатларим зое кетар, у зот мени кўришни мутлақо истамасдилар.
Йўл-йўлакай "Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менинг исломга кирганимни билсалар, шубҳасиз, хурсанд бўлиб кетадилар. У кишининг қувончларига асҳоблари ҳам, албатта, шерик бўлишади", деб ўйлаган эдим. Бироқ Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг юз ўгиришларини кўрган мусулмонлар менга хўмрайиб қарашди, биронтаси ҳам илиқ муносабат билдирмади, Абу Бакрга йўлиққанимда, кескин орқасига ўгирилиб, кетиб қолди. Мен ёлворганнамо Умар ибн Хаттобга қарадим. У ҳам рўйхушлик кўрсатмади, балки, дард устига чипқондай, ансорлардан бирини менга қарши гиж-гижлаб қўйди. Ҳалиги ансорий мени роса сўкди:
- Эй Аллоҳнинг душмани, Аллоҳнинг элчисига, у зотнинг саҳобаларига озор берадиган ҳали сенмисан?! Сенинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга нисбатан адоватингни бутун Машриқу Мағриб аҳлига тақсимласа ҳам кўплик қилади.
У тинмай ҳақорат қилиб ўшқирар, атрофдаги мусулмонлар менга ўқрайиб қарашар, айримлари бундан хурсанд ҳам эдилар. Ногоҳ, мен амаким Аббосни кўриб қолдим, чопиб бориб, унга илтижо қилдим:
- Эй амакижон, қариндошлигимиз, қавмимдаги обрў-эътиборим туфайли Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менинг исломга кирганимни кўриб, хурсанд бўладилар, деб ўйлагандим, бироқ нима бўлгани ўзингизга маълум. У киши билан гаплашиб кўринг - мени кечирсинлар.
- Йўқ - деди амаким, - у кишининг юз ўгиришларини кўрганимдан кейин сен ҳақингда бир оғиз сўз айтишга ҳам журъат қилолмайман. Мен учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бениҳоя улуғ зотдир. Вақт ўтсин, балки узр айтишнинг қулай фурсати келиб қолар.
- Эй амаки, мени бу аҳволда ташлаб қўйманг, - қичқириб юбордим даҳшатга тушиб.
- Ҳозир сен ҳақингда оғиз очишнинг мавриди эмас, - деди у.
Мен ташвиш ва хавотир ичра амакиваччам Али ибн Абу Толибни қидириб топдим аммо у ҳам илтимосимга худди амаким Аббосдай жавоб берди. Шунда мен яна Аббосга мурожаат қилдим:
- Хўп, сиз Расулуллоҳга узримни етказа олмас экансиз, жилла қурса, ҳеч ҳоли жонимга қўймасдан ҳадеб мени сўкаётган, бу ҳам етмагандай, бошқаларниям қайраётган анави кишини тийиб қўйинг.
Амаким "қандоқ одам у?" деб сўради. Мен унинг сифатларини айтдим.
- У Нуаймон ибн Ҳориску, Нажжор қавмидан, - деди амаким ва уни топиб келиш учун одам жўнатди. У келгач, насиҳат қилди:
- Эй Нуаймон, билиб қўй, Абу Суфён – Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг амакиваччаси, менинг акамнинг ўғли. Бугун у жанобимизнинг ғазабида бўлса, эрта-индин розилигига ҳам эришиб қолар. Шунинг учун уни тинч қўй.
Бу сўзларни эшитган Нуаймон бошқа менга азият етказмасликка ваъда берди.
 
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Жуҳфада (Мадинадан Маккага кетаверишдаги макон) тўхтадилар. Мен у киши тушган манзилга бориб, эшигининг рўпарасига ўтириб олдим. Ёнимда ўғлим Жаъфар ҳам бор. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ичкаридан чиқиб келаётиб мени кўришлари билан тескари қараб олдилар. Мен ноумид бўлмадим. Бутун сафар асносида пайғамбаримиз қаерга манзил қурсалар, эшикларининг тўғрисига ўтириб олардим-да, орқамга ўғлимни турғизиб қўярдим, бироқ у киши ҳар сафар менга кўзлари тушиши ҳамоно нигоҳларини олиб қочардилар. Бу ҳолат анча муддат давом этди. Тоқатим тоқ бўлиб, жоним ҳиққилдоғимга келгач, хотинимга дедим:
- Худо ҳаққи ёки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мендан рози бўладилар, ёки ўғлимни ёнимга оламану бошим оққан томонга қараб кетаман. То очлик ва ташналикдан силлам қуриб, ҳалок бўлгунча кетавераман.
Бу қасамнинг хабари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга етиб боргач, менга раҳм қилдилар... Қуббаларидан чиқаётиб менга мулойимроқ назар билан боқдилар. Энди мен у кишининг жилмайиб боқишларидан умид қила бошладим.
 
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Маккага тўлиқ фатҳ ва нусрат билан дохил бўлганларида мен музаффар қўшиннинг сафида эдим. Пайғамбар алайҳиссалом масжидга кирдилар. Мен ҳам бирга кирдим. Ёнларидан бир қадам ҳам, бир лаҳза ҳам жилмадим.
Ҳунайн жангида араблар исломни таг-томири билан суғуриб, мусулмонларни битта қўймай қириб юбориш мақсадида Пайғамбар алайҳиссаломга қарши тиш-тирноғигача қуролланган, мисли кўрилмаган даражада сон-саноқсиз қўшни тўплади. Набий алайҳиссалом саҳобалардан ташкил топган қўшиннинг бошида мудофаа учун чиқдилар. Урушда мен ҳам иштирок этдим. Ёғийларнинг мўрмалахдай беҳисоб черигини кўриб, ўзимча "Худо ҳаққи, бугун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга нисбатан қилган жамики адоватларимни ювиб юборадиган кун келди. Мана энди жанобимиз менинг Аллоҳ ва Расули рози бўладиган ишларни қилишимни кўрадилар", деб қўйдим.
Жангнинг аввалги лаҳзалариданоқ мушрикларнинг яққол устунлиги сезилди. Мусулмонлар қўшини орасида тартибсизлик ва парокандалик пайдо бўлди. Баъзи кишилар чекиниб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни жанггоҳда очиқ ташлаб кетишди. Мусулмонлар машъум мағлубият аламини тортишларига яқин қолди.
Бир пайт қарасам, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам, ота-онам у киши учун фидо бўлсин, қонли жангнинг энг қизиган нуқтасида кулранг хачирларига миниб, қиличларини яланғочлаганча, улкан қоядек турибдилар. Ўзларинию теваракларидаги асҳобларини ҳимоя қилиб, худди шербаччаларини қизғанаётган арслондай олишяптилар. Мен шошиб, отимдан сакраб тушдим. Қиличимнинг қинини синдириб ташладим. Аллоҳ кўриб турибди, мен ўшанда пайғамбаримиз учун қурбон бўлишни истардим.
Амаким Аббос Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам минган хачирнииг жиловини ушлаб, ён томонларига ўтди. Мен бошқа тарафларини эгалладим. Ўнг қўлимда қилич, ҳамла қилган душманлардан ҳимояланаман. Чап қўлим билан хачирнинг узангисини маҳкам тутиб олганман. Менинг жонимни жабборга бериб олишаётганимни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кўрдилар, бироқ у кишига орқам билан турганим учун танимай амаким Аббосдан "Бу ким?" деб сўрадилар. Амаким "Бу биродарингиз Абу Суфён ибн Ҳорис, ундан рози бўлинг, ё Расулуллоҳ", деб қичқирди. Пайғамбар алайҳиссалом "Мен ундан розиман. Аллоҳ унинг қадимги гуноҳларини мағфират қилсин", дедилар.
Жанобимизнинг розилиги кўксимни қувончга тўлдириб юборди. Узангида турган оёқларига лабимни босдим. У киши менга қараб:
- Биродар, азбаройи худо, олға босинг, олға, - дедилар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сўзлари кучимга куч, ғайратимга ғайрат қўшиб юборди. Қўрқув нималигини унутиб, мушрикларга ташландим. Мусулмонлар ҳам мен билан бирга ҳамла қилишди. Душман ҳужумга дош беролмади. Бир фарсахча чекиниб бориб, охири тумтарақай қочишга тушишди.
 
Ҳунайн маъракасидан кейин Абу Суфён ибн Ҳорис Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳурматини қозониб, у киши сийлаган одамлар қаторидан ўрин олди, бироқ ўтмишдаги номаъқулчиликларидан хижолат чекиб, бирон марта ҳам Сарвари оламнинг юзларига тик қарай олмади. У Аллоҳнинг нуридан маҳрум, китобидан бебаҳра ҳолда ўтказган жоҳилият давридаги қора кунлари учун кўп афсус-надоматлар чекди. Қуръон оятларини кечаю кундуз тиловат қилиб, дин аҳкомларини чуқур ўрганишга қаттиқ киришди. Дунё ва унинг безакларидан юз ўгириб, Аллоҳ субҳонаҳу ва таолога бутун вужуди билан лаззатланиб ибодат қилишни бошлади. Бир сафар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Абу Суфённинг масжидга кириб кетаётганини кўриб, Оиша онамиздан "Биласизми бу ким?" деб сўрадилар. Онамиз "йўқ", деди. Пайғамбар алайҳиссалом дедилар:
- Бу амакимнинг ўғли Абу Суфён ибн Ҳорис. Қаранг, у энг биринчи бўлиб масжидга киради. Энг охирги бўлиб чиқади. Сира кўзини ердан узмайди.
 
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам рафиқул аъло ҳузурига рихлат қилгач, Абу Суфён ягона фарзандини йўқотган онадай бўзлади, ҳабибидан айрилган кишидай қайғу чекди, ғам ва аламга, мунг ва ҳасратга тўла марсия битди.
Умар ибн Хаттоб розиаллоҳу анҳунииг халифалик даврида Абу Суфён ажалининг яқинлашганини сезиб қолди. Ўз қўллари билан ўзи учун қабр кавлади. Худди ажал билан ваъдалашиб қўйгандай, уч кун ўтиб вафот этди. Ўлимидан олдин оила аъзоларини, қариндош-уруғларини чорлаб, васият қилди:
- Менинг орқамдан йиғламанглар. Худо ҳаққи, исломга кирганимдан бери биронта ҳам хатога йўл қўймадим…
Сўнг покиза руҳими эгасига топширди. Жаноза намозини халифанинг ўзи ўқиди. Барча саҳобаларни чуқур қайғу қоплади. Абу Суфённинг ўлими ислом ва мусулмонлар учун улкан мусибат бўлди.
 
Доктор Абдураҳмон Раъфат ал-Бошонинг «Содиқ саҳобалар қиссаси» китобидан Дониёр Анорбоeв таржимаси
 
* * *
 
Abu Sufyon — jannat yigitlarining sayyididir.
Muhammad Rasululloh sollallohu alayhi vasallam
 
Muhammad alayhissalom va Abu Sufyon ibn Horisning o‘rtasidagi yaqinlikning naziri hayotda kamdan-kam uchraydi. Abu Sufyon Rasululloh sollallohu alayhi vasallam bilan tengdosh — ular bir paytda tug‘ilib, bir oilada ulg‘ayishgan. Ular amakivachcha bo‘lganlar. Horis va Abdulloh Abdulmuttolibning o‘g‘illari, tug‘ishgan aka-uka edilar. Undan tashqari, Abu Sufyon payg‘ambarimizning emchakdosh birodari — har ikkisini Halima Sa’diya emizib, katta qilgandi. Vanihoyat, ular nubuvvat davridan ilgari qalin do‘st-o‘rtoq bo‘lganlar. Qiyofalari ham bir-biriga judayam o‘xshash edi. Bundan ko‘ra yaqinroq qarindoshlik bo‘lishi mumkinmi?
Shuning uchun bu mustahkam aloqalarni bilgan odam, hoynahoy, Abu Sufyon Rasululloh sollallohu alayhi vasallamning da’vatlariga birinchilardan bo‘lib "labbay" degan, peshqadamlar safida u kishiga ergashgan, deb o‘ylashi ehtimoldan xoli emas. Biroq voqelik buning mutlaqo aksini ko‘rsatadi.
Rasululloh sollallohu alayhi vasallam oshkora da’vatni endi boshlab, avvalo qarindoshlarini ogohlantirgan paytlaridayoq Abu Sufyonning qalbida nafrat olovi alangalandi. Do‘stlik adovatga, qarindoshlik yuzko‘rmaslikka, birodarlik gap uqmaslik va to‘sqinchilikka aylandi.
Rasululloh sollallohu alayhi vasallamga robbilari tarafidan risolat vazifasi yuklatilgan kunlarda Abu Sufyon Quraysh qabilasining jasur pahlavonlaridan va dong‘i ketgan shoirlaridan edi. U butun shoirlik iste’dodini Rasululloh sollallohu alayhi vasallamning da’vatlariga, bor kuch-quvvatini islomga va musulmonlarga qarshi qaratdi. Qayerda Nabiy alayhissalomga qarshi fitna qo‘zg‘otilsa, albatta, uning boshlovchisi Abu Sufyon bo‘lib chiqar, qachonki musulmonlarga aziyat yetsa, bunda ham uning ulushi salmoqli bo‘lardi. U shaytonning so‘ziga kirib, Rasululloh sollallohu alayhi vasallamni hajv qilgan, boshdan-oyoq tuhmat va bo‘htonlardan iborat haqoratli she’r yozgan edi.
Bu adovat qariyb yigirma yil davom etdi. Abu Sufyon Rasululloh sollallohu alayhi vasallamga muttasil turli hiyla-nayranglar bilan pand berishning payida bo‘ldi. Musulmonlarga aziyat yetkazishning qanday usuli bo‘lsa, hammasini qilib ko‘rdi.
Makka fathidan biroz oldin Abu Sufyon iymonga keldi. Uning islomi haqida siyrat va tarix kitoblarida g‘oyat ajoyib va ta’sirli qissa saqlanib qolgan. Keling, so‘zni uning o‘ziga beraylik. Har holda, o‘z tuyg‘ularini gapirib berish egasiga osonroq, tinglovchi uchun ishonchliroqdir.
Abu Sufyon hikoyasi:
- Islom qad ko‘tarib, mustahkam qaror topgach, Rasululloh sollallohu alayhi vasallamning Makkani fath etish uchun yo‘lga chiqqanlari haqida xabar tarqaldi. Buni eshitib mening ko‘zimga dunyo qorong‘u ko‘rinib ketdi. O‘zimcha o‘yladim: "Endi nima qilaman? Qayoqqa qochaman? Holim ne kechadi?"
Xotinim va farzandlarimning oldiga borib:
- Tezda safar tadorigini ko‘ring. Biz Makkadan jo‘nab ketamiz. Xademay Muhammad kelib qoladi. Agar musulmonlarning qo‘liga tushsam, sog‘ qo‘yishmasa kerak, - dedim.
Ular meni insofga chaqirishdi:
- Ko‘zingizni oching. Butun arabu ajamlar Muhammadga itoat izhor qilishyapti, uning dinini qabul qilishyapti. Siz esa hanuzgacha tish-tirnog‘ingiz bilan qarshi turibsiz. Vaholanki, uning eng birinchi yordamchisi siz bo‘lishingiz kerak edi.
Har tarafdan dashnom aralash da’vat eshitib, Muhammadning diniga moyillik tuydim. Shunda Alloh mening qalbimga hidoyat soldi.
 
Shu zahotiyoq o‘rnimdan turdim. G‘ulomim Mazkurga bir tuya va bir otni tayyorlashni buyurdim. Keyin o‘g‘lim Ja’far bilan fursatni boy bermay, Abvoga qarab jo‘nadik. Abvo - Makka va Madina orasidagi diyor bo‘lib, men Ragulullohni o‘sha yerda to‘xtaganlarini eshitgan edim. U yerga yaqinlashgach, yuzimga niqob to‘sib oldim. Chunki Payg‘ambar alayhissalomning huzurlariga yetib, islomimni e’lon qilgunimcha, yo‘l-yo‘lakay musulmonlarning birontasi meni tanib qolib, o‘ldirib qo‘yishi mumkin edi.
Ulovlarni qoldirib, bir milcha masofani yayov bosib o‘tdik. Shundoqqina yonimizdan musulmon askarlarining peshqadam guruhlari ketma-ket o‘tib ketishdi. Men har safar jangchilar ichida Muhammadning meni taniydigan sahobasi chiqib qolishidan qo‘rqib, yashirinib turdim.
Navbatdagi guruhlarning birida Rasululloh sollallohu alayhi vasallam ko‘rindilar. Men chopib u kishining oldilariga chiqdim. Ro‘paralariga turib, yuzimdagi niqobni yechdim. Rasululloh sollallohu alayhi vasallam menga ko‘zlari tushishi bilan, tanidilar. Tanidilaru yuzlarini o‘girib oldilar. Men yana u kishining ro‘paralariga o‘tdim. Payg‘ambar alayhissalom yana teskari qarab oldilar. Bu holat bir necha marta takrorlandi. Men qanchalik janobimizning nazarlariga tushishga intilmayin, har safar harakatlarim zoye ketar, u zot meni ko‘rishni mutlaqo istamasdilar.
Yo‘l-yo‘lakay "Rasululloh sollallohu alayhi vasallam mening islomga kirganimni bilsalar, shubhasiz, xursand bo‘lib ketadilar. U kishining quvonchlariga ashoblari ham, albatta, sherik bo‘lishadi", deb o‘ylagan edim. Biroq Rasululloh sollallohu alayhi vasallamning yuz o‘girishlarini ko‘rgan musulmonlar menga xo‘mrayib qarashdi, birontasi ham iliq munosabat bildirmadi, Abu Bakrga yo‘liqqanimda, keskin orqasiga o‘girilib, ketib qoldi. Men yolvorgannamo Umar ibn Xattobga qaradim. U ham ro‘yxushlik ko‘rsatmadi, balki, dard ustiga chipqonday, ansorlardan birini menga qarshi gij-gijlab qo‘ydi. Haligi ansoriy meni rosa so‘kdi:
- Ey Allohning dushmani, Allohning elchisiga, u zotning sahobalariga ozor beradigan hali senmisan?! Sening Rasululloh sollallohu alayhi vasallamga nisbatan adovatingni butun Mashriqu Mag‘rib ahliga taqsimlasa ham ko‘plik qiladi.
U tinmay haqorat qilib o‘shqirar, atrofdagi musulmonlar menga o‘qrayib qarashar, ayrimlari bundan xursand ham edilar. Nogoh, men amakim Abbosni ko‘rib qoldim, chopib borib, unga iltijo qildim:
- Ey amakijon, qarindoshligimiz, qavmimdagi obro‘-e’tiborim tufayli Rasululloh sollallohu alayhi vasallam mening islomga kirganimni ko‘rib, xursand bo‘ladilar, deb o‘ylagandim, biroq nima bo‘lgani o‘zingizga ma’lum. U kishi bilan gaplashib ko‘ring - meni kechirsinlar.
- Yo‘q - dedi amakim, - u kishining yuz o‘girishlarini ko‘rganimdan keyin sen haqingda bir og‘iz so‘z aytishga ham jur’at qilolmayman. Men uchun Rasululloh sollallohu alayhi vasallam benihoya ulug‘ zotdir. Vaqt o‘tsin, balki uzr aytishning qulay fursati kelib qolar.
- Ey amaki, meni bu ahvolda tashlab qo‘ymang, - qichqirib yubordim dahshatga tushib.
- Hozir sen haqingda og‘iz ochishning mavridi emas, - dedi u.
Men tashvish va xavotir ichra amakivachcham Ali ibn Abu Tolibni qidirib topdim ammo u ham iltimosimga xuddi amakim Abbosday javob berdi. Shunda men yana Abbosga murojaat qildim:
- Xo‘p, siz Rasulullohga uzrimni yetkaza olmas ekansiz, jilla qursa, hech holi jonimga qo‘ymasdan hadeb meni so‘kayotgan, bu ham yetmaganday, boshqalarniyam qayrayotgan anavi kishini tiyib qo‘ying.
Amakim "qandoq odam u?" deb so‘radi. Men uning sifatlarini aytdim.
- U Nuaymon ibn Horisku, Najjor qavmidan, - dedi amakim va uni topib kelish uchun odam jo‘natdi. U kelgach, nasihat qildi:
- Ey Nuaymon, bilib qo‘y, Abu Sufyon – Rasululloh sollallohu alayhi vasallamning amakivachchasi, mening akamning o‘g‘li. Bugun u janobimizning g‘azabida bo‘lsa, erta-indin roziligiga ham erishib qolar. Shuning uchun uni tinch qo‘y.
Bu so‘zlarni eshitgan Nuaymon boshqa menga aziyat yetkazmaslikka va’da berdi.
 
Rasululloh sollallohu alayhi vasallam Juhfada (Madinadan Makkaga ketaverishdagi makon) to‘xtadilar. Men u kishi tushgan manzilga borib, eshigining ro‘parasiga o‘tirib oldim. Yonimda o‘g‘lim Ja’far ham bor. Rasululloh sollallohu alayhi vasallam ichkaridan chiqib kelayotib meni ko‘rishlari bilan teskari qarab oldilar. Men noumid bo‘lmadim. Butun safar asnosida payg‘ambarimiz qayerga manzil qursalar, eshiklarining to‘g‘risiga o‘tirib olardim-da, orqamga o‘g‘limni turg‘izib qo‘yardim, biroq u kishi har safar menga ko‘zlari tushishi hamono nigohlarini olib qochardilar. Bu holat ancha muddat davom etdi. Toqatim toq bo‘lib, jonim hiqqildog‘imga kelgach, xotinimga dedim:
- Xudo haqqi yoki Rasululloh sollallohu alayhi vasallam mendan rozi bo‘ladilar, yoki o‘g‘limni yonimga olamanu boshim oqqan tomonga qarab ketaman. To ochlik va tashnalikdan sillam qurib, halok bo‘lguncha ketaveraman.
Bu qasamning xabari Rasululloh sollallohu alayhi vasallamga yetib borgach, menga rahm qildilar... Qubbalaridan chiqayotib menga muloyimroq nazar bilan boqdilar. Endi men u kishining jilmayib boqishlaridan umid qila boshladim.
 
Rasululloh sollallohu alayhi vasallam Makkaga to‘liq fath va nusrat bilan doxil bo‘lganlarida men muzaffar qo‘shinning safida edim. Payg‘ambar alayhissalom masjidga kirdilar. Men ham birga kirdim. Yonlaridan bir qadam ham, bir lahza ham jilmadim.
Hunayn jangida arablar islomni tag-tomiri bilan sug‘urib, musulmonlarni bitta qo‘ymay qirib yuborish maqsadida Payg‘ambar alayhissalomga qarshi tish-tirnog‘igacha qurollangan, misli ko‘rilmagan darajada son-sanoqsiz qo‘shni to‘pladi. Nabiy alayhissalom sahobalardan tashkil topgan qo‘shinning boshida mudofaa uchun chiqdilar. Urushda men ham ishtirok etdim. Yog‘iylarning mo‘rmalaxday behisob cherigini ko‘rib, o‘zimcha "Xudo haqqi, bugun Rasululloh sollallohu alayhi vasallamga nisbatan qilgan jamiki adovatlarimni yuvib yuboradigan kun keldi. Mana endi janobimiz mening Alloh va Rasuli rozi bo‘ladigan ishlarni qilishimni ko‘radilar", deb qo‘ydim.
Jangning avvalgi lahzalaridanoq mushriklarning yaqqol ustunligi sezildi. Musulmonlar qo‘shini orasida tartibsizlik va parokandalik paydo bo‘ldi. Ba’zi kishilar chekinib, Rasululloh sollallohu alayhi vasallamni janggohda ochiq tashlab ketishdi. Musulmonlar mash’um mag‘lubiyat alamini tortishlariga yaqin qoldi.
Bir payt qarasam, Rasululloh sollallohu alayhi vasallam, ota-onam u kishi uchun fido bo‘lsin, qonli jangning eng qizigan nuqtasida kulrang xachirlariga minib, qilichlarini yalang‘ochlagancha, ulkan qoyadek turibdilar. O‘zlariniyu tevaraklaridagi ashoblarini himoya qilib, xuddi sherbachchalarini qizg‘anayotgan arslonday olishyaptilar. Men shoshib, otimdan sakrab tushdim. Qilichimning qinini sindirib tashladim. Alloh ko‘rib turibdi, men o‘shanda payg‘ambarimiz uchun qurbon bo‘lishni istardim.
Amakim Abbos Rasululloh sollallohu alayhi vasallam mingan xachirniig jilovini ushlab, yon tomonlariga o‘tdi. Men boshqa taraflarini egalladim. O‘ng qo‘limda qilich, hamla qilgan dushmanlardan himoyalanaman. Chap qo‘lim bilan xachirning uzangisini mahkam tutib olganman. Mening jonimni jabborga berib olishayotganimni Rasululloh sollallohu alayhi vasallam ko‘rdilar, biroq u kishiga orqam bilan turganim uchun tanimay amakim Abbosdan "Bu kim?" deb so‘radilar. Amakim "Bu birodaringiz Abu Sufyon ibn Horis, undan rozi bo‘ling, yo Rasululloh", deb qichqirdi. Payg‘ambar alayhissalom "Men undan roziman. Alloh uning qadimgi gunohlarini mag‘firat qilsin", dedilar.
Janobimizning roziligi ko‘ksimni quvonchga to‘ldirib yubordi. Uzangida turgan oyoqlariga labimni bosdim. U kishi menga qarab:
- Birodar, azbaroyi xudo, olg‘a bosing, olg‘a, - dedilar.
Rasululloh sollallohu alayhi vasallamning so‘zlari kuchimga kuch, g‘ayratimga g‘ayrat qo‘shib yubordi. Qo‘rquv nimaligini unutib, mushriklarga tashlandim. Musulmonlar ham men bilan birga hamla qilishdi. Dushman hujumga dosh berolmadi. Bir farsaxcha chekinib borib, oxiri tumtaraqay qochishga tushishdi.
 
Hunayn ma’rakasidan keyin Abu Sufyon ibn Horis Rasululloh sollallohu alayhi vasallamning hurmatini qozonib, u kishi siylagan odamlar qatoridan o‘rin oldi, biroq o‘tmishdagi noma’qulchiliklaridan xijolat chekib, biron marta ham Sarvari olamning yuzlariga tik qaray olmadi. U Allohning nuridan mahrum, kitobidan bebahra holda o‘tkazgan johiliyat davridagi qora kunlari uchun ko‘p afsus-nadomatlar chekdi. Qur’on oyatlarini kechayu kunduz tilovat qilib, din ahkomlarini chuqur o‘rganishga qattiq kirishdi. Dunyo va uning bezaklaridan yuz o‘girib, Alloh subhonahu va taologa butun vujudi bilan lazzatlanib ibodat qilishni boshladi. Bir safar Rasululloh sollallohu alayhi vasallam Abu Sufyonning masjidga kirib ketayotganini ko‘rib, Oisha onamizdan "Bilasizmi bu kim?" deb so‘radilar. Onamiz "yo‘q", dedi. Payg‘ambar alayhissalom dedilar:
- Bu amakimning o‘g‘li Abu Sufyon ibn Horis. Qarang, u eng birinchi bo‘lib masjidga kiradi. Eng oxirgi bo‘lib chiqadi. Sira ko‘zini yerdan uzmaydi.
 
Rasululloh sollallohu alayhi vasallam rafiqul a’lo huzuriga rixlat qilgach, Abu Sufyon yagona farzandini yo‘qotgan onaday bo‘zladi, habibidan ayrilgan kishiday qayg‘u chekdi, g‘am va alamga, mung va hasratga to‘la marsiya bitdi.
Umar ibn Xattob roziallohu anhuniig xalifalik davrida Abu Sufyon ajalining yaqinlashganini sezib qoldi. O‘z qo‘llari bilan o‘zi uchun qabr kavladi. Xuddi ajal bilan va’dalashib qo‘yganday, uch kun o‘tib vafot etdi. O‘limidan oldin oila a’zolarini, qarindosh-urug‘larini chorlab, vasiyat qildi:
- Mening orqamdan yig‘lamanglar. Xudo haqqi, islomga kirganimdan beri bironta ham xatoga yo‘l qo‘ymadim…
So‘ng pokiza ruhimi egasiga topshirdi. Janoza namozini xalifaning o‘zi o‘qidi. Barcha sahobalarni chuqur qayg‘u qopladi. Abu Sufyonning o‘limi islom va musulmonlar uchun ulkan musibat bo‘ldi.
 
Doktor Abdurahmon Ra’fat al-Boshoning «Sodiq sahobalar qissasi» kitobidan Doniyor Anorboyev tarjimasi