Абдураҳмон ибн Авф

Рукн: Саҳобалар Чоп этилган: 11.12.2014
Аллоҳ сенинг берган молингга ҳам,
ўзингга қолдирган молингга
ҳам барака ато этсин.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг дуолари
 
 У исломга энг аввал кирган саккиз кишининг бири...
 Жаннатийлиги башорати берилган ўн саҳобийнинг бири…
 Умар ибн Хаттобдан кейин халифа сайлаш ҳуқуқига эга бўлган олтита шўро аъзосининг бири…
 Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳаётлик пайтларида Мадинада фатво бера оладиган бир неча нафар мусулмоннинг бири…
 Унинг исми жоҳилият даврида Абдуамр бўлган, исломга киргач, Пайғамбар жаноблари Абдураҳмон деб номладилар.
 Бу киши Абдураҳмон ибн Авф розиаллоҳу анҳудир.
 
 Абдураҳмон ибн Авф Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Дорул Арқамга (Маккадаги Арқам ибн Абдуманоф ал-Маҳзумийга тегишли ҳовли. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам учун даъват маркази бўлиб хизмат қилган) кирмасларидан олдин, Абу Бакр Сиддиқдан икки кун кейин исломни қабул қилди. Аллоҳнинг йўлида илк саҳобалар сингари кўп азиятлар чекди, аммо улар бу қийноқ ва азобларга сабр қилдилар, динларида собит турдилар, иймонлари чин эканини исботладилар. Ҳатто динларини асраб қолиш мақсадида кўпчилик мусулмонлар Ҳабашистонга ҳижрат қилдилар.
 Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва ашобларга Мадинага ҳижрат қилиш учун изн берилганда Абдураҳмон Аллоҳ йўлида ватанини тарк этаётган муҳожирларнинг энг аввалги сафида бўлди.
 Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ислом жамиятининг қувватини ошириш учун муҳожир ва ансорларни биродарлаштираётиб, уни Саъд ибн Рабеъ ал-Ансорий билан тутинган ака-ука, деб эълон қилдилар. Саъд янги биродари Абдураҳмон нбн Авфга "Эй ука, мен Мадинадаги энг бадавлат одамман, иккита катта боғим бор, иккита хотиним бор. Боғларимни бориб кўр, қайси бири сенга ёқса, ўшани олақол. Хоҳласанг икки хотинимдан сенга ёққанини талоқ қилай, иддаси чиққач, уйланиб оларсан", деди.
 Абдураҳмон ансорий биродарига миннатдорчилик билдириб, "Аллоҳ сенинг молингу бола чақангга барака берсин... Яхшиси, сен менга бозорни қаердалигини кўрсатиб қўй", деди. Шу-шу у бозорда тижорат қила бошлади. Ҳалол-пок савдо қилар, тушган фойдани йиғиб қўярди. Оз фурсатда бир аёлнинг маҳрига етадиган маблағ тўпланди. Абдураҳмон уйланди. Янги куёв хушбуй атир ҳидини гуркиратиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига келди...
 - Маҳям (бу ямоний калима бўлиб, таажжубни ифодалайди), эй Абдураҳмон, - дедилар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам.
 - Уйландим... — деди у уялибгина.
 - Аёлингга нима маҳр бердинг?
 - Данакча келадиган тилло.
 - Унда бир қўй сўйиб бўлса ҳам тўй қил,— дедилар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам. Сўнг қўшиб қўйдилар. - Аллоҳ молингни баракали қилсин.
 Абдураҳмон айтади:
 - Шу дуодан кейин дунё менга эргашиб юрадиган бўлди. Ҳатто бир тошни кўтарсам, тагидан, албатта, ё тилло, ё кумуш топардим".
 
 Бадр урушида Абдураҳмон ибн Авф кўп қаҳрамонликлар кўрсатди. Аллоҳнинг ашаддий душмани Умайр ибн Усмон ибн Каъб ат-Таймийни ер тишлатди.
 Уҳуд жангида мусулмонлар оёғи остидаги ер гўё омонатдай ларзага келиб, айрим кишилар қочиб кетган пайтларида ҳам у залворли тоғдай собит турди. Жангдан йигирмадан ортиқ жароҳат билан чиқди. Айрим яралари қўл сиғадиган даражада чуқур эди.
 Аммо Абдураҳмон ибн Авфнинг уруш майдонидаги жиҳодини унинг моли билан қилган жиҳодига қиёсланса, худди арзимасдай бўлиб қолади.
 Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир куни жанговар сафарга қўшин юбормоқчи бўлдилар. Асҳобларга "Аскарларни от-улов, қурол-яроғ ва озиқ-овқат билан таъминлаш учун садақа қилинглар", деб юзландилар. Бу чақириққа Абдураҳмон ибн Авф биринчи бўлиб "лаббай", деб жавоб берди. Уйига бориб, тезда қайтиб келдида:
 - Ё Расулуллоҳ, менда тўрт минг динор бор эди. Шунинг икки мингини Аллоҳга қарзга бераман. Қолган икки мингини бола-чақам эҳтиёжига қолдираман, - деди.
 Пайғамбар алайҳиссалом:
 - Аллоҳ сенинг берган молингга ҳам, бола-чақангга қолдирган молингга ҳам барака ато этсин,— дедилар.
 
 Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳаётларидаги сўнгги ғазот — Табук ғазотига отланганларида, қўшиннинг молга бўлган эҳтиёжи аскарга бўлган эҳтиёжидан кам эмас эди. (Табук — Шом ва араб жазираси чегарасидаги шаҳар. У пайтда Рум тасарруфида бўлган. Ҳозир Саудия Арабистони ҳудудида). Рум лашкари мўрмалахдай сон-саноқсиз, тиш-тирноғигача қуролланган. Мадинада эса йил қурғоқчил келган. Сафар олис, озиқ-овқат кам, от-улов ундан ҳам кам. Ҳатто бир неча мусулмонлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига келиб, у киши билан бирга жиҳод қилиш учун олиб кетишларини сўрашганида, уларга на бир от, на бир туя топиб беролмай қайтариб юбордилар. Улар Аллоҳ йўлида инфоқ қила олмаганларидан қалблари маҳзунликка, кўзлари жиққа ёшга тўлиб, қайтиб кетишди. Уларга "Баккоун"-"Аллоҳ учун йиғлаганлар", деб ном беришди. Қўшинни эса "Жайшул усра" - "Қийинчилик чеккан лашкар", деб аташди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаларни Аллоҳ учун инфоқ — эҳсон қилишга буюриб, ажрини Парвардигори оламдам умид қилишга ундадилар. Ҳар галгидек Абдураҳмон ибн Авф биринчилар қаторида бўлди. У икки юз уқия (салкам 7,5 кг) тилло олиб келди. Буни кўрган Умар ибн Хаттоб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга деди:
 - Менимча, Абдураҳмон савоб ўрнига гуноҳ орттириб оляпти. Бола-чақасига ҳеч вақо қолдирмади...
 Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сўрадилар:
 - Эй Абдураҳмон, бола-чақангга бирон нарса қолдирдингми?
 - Ҳа, - деди у, - берганимдан кўра кўпроқ ва яхшироқ нарсани қолдирдим.
 - Нимани?
 - Аллоҳ ва Расули ваъда қилган ризқ, яхшилик ва ажрни.
 
 Қўшин Табукка жўнаб кетди. У ерда Аллоҳ таоло Абдураҳмон ибн Авфни мусулмонларнинг бирортасига насиб этмаган шарафга эриштирди. Намоз вақти кириб қолган эди. Пайғамбар алайҳиссалом ҳадеганда келавермадилар. Шунда Абдураҳмон ибн Авф қавмга имом бўлиб, намоз ўқишга тутинди. Биринчи ракаат охирига етмай, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам келиб, намозхонлар сафига турдилар ва Абдураҳмон ибн Авфга иқтидо қилиб, намозни адо этдилар...
Бутун башарият саййиди, барча анбиёлар имоми Муҳаммад ибн Абдуллоҳ жанобларига имом бўлишдан кўра ортиқроқ шон-шавкат бўлиши мумкинми?!
 
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам роббилари ҳузурига риҳлат қилгач, Абдураҳмон ибн Авф у зотнинг завжаи мутоҳҳараларининг хизматида бўлди. Уларнинг барча ҳожатларини жон-дили билан бажарар, сафарга чиқсалар, кузатиб чиқар, ҳажга борсалар, бирга ҳаж қилар, туяларининг устига хавдаж (аёллар миниши қулай бўлиши учун туянинг устига ўрнатиладиган мослама) ўрнатиб берар, дам олишга тўхтаганларида имкониятидаги бор шарт-шароитни муҳайё қиларди. Бу Абдураҳмон ибм Авфнинг маноқибларидан бўлиб, унинг бу даражада мўминларнинг оналари тарафидан ишончга сазовор эканлигига ҳамма ҳавас қиларди.
 
 Абдураҳмон ибн Авф, умуман, мусулмонларга, хоссатан, мўминларнинг оналарига ғоятда меҳрибон эди. Бир сафар ўзига тегишли ерни қирқ минг динорга сотиб, пулларни бану Зуҳра қавмига (Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам нинг оналари Омина бинти Ваҳбнинг қавми), фақир мусулмонларга, муҳожирларга ва Пайғамбар ҳазратларининг аёлларига тақсимлаб берди. Оиша розиаллоҳу анҳонинг улушини олиб борган кишидан онамиз буларни ким бериб юборганини сўрадилар. "Абдураҳмон ибн Авф" деган жавобни эшитгач, "Мендан кейин сизларга фақат сабр-бардошли кишиларгина меҳрибончилик қилади", дегандилар Аллоҳнинг расули", деб қўйдилар.
 
 Абдураҳмон ибн Авф Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинт барака дуоларининг таъсирини бутун ҳаёти мобайнида сезиб юрди. У саҳобаларнинг орасидаги энг молдор, бадавлат кишига айланди. Тижорат ишлари мисли кўрилмаган даражада авж олди. Унга тегишли карвонлар тез-тез Мадинага дон-дун, ун, ёғ, кийим-кечак, идиш-товоқ, атир-упа сингари аҳолига зарур маиший молларни келтириб турар, мадиналиклардан ортган бошқа товарларни четга олиб чиқиб сотарди.
 Бир куни Абдураҳмон ибн Авфнинг карвони Мадинага кириб келди. Карвон етти юз туядан иборат эди. Ҳа, етти юз туя... Туяларга озиқ-овқат, мато, умуман, одамлар учун энг зарур нарсалар ортилган эди. Карвон ерни ларзага солганча шаҳарга кириб келганида, атрофни туяларнинг бўйнига осилган қўнғироқларнинг жарангию оғир юкдан эзилган тилсиз жониворларнинг ўкириши тутиб кетди. Шовқин-суронни эшитган Оиша розиаллоҳу анҳо "Бу нима тўполон?" деб сўради. У зотга "Абдураҳмон ибн Авфнинг карвони етти юзта туяда буғдой, ун ва озиқ-овқат олиб келяпти", дейишди.
 Оиша онамиз деди:
 - "Аллоҳ унинг дунёсига барака берди, лекин охиратда беражак савоби улуғроқдир".
 Дарҳақиқат, Абдураҳмон ибн Авф ниҳоятда қўли очиқ, сахий одам эди. Молини ҳеч кимдан аямас, сўраб келганларга ошкора ёрдам қилар, сўрашдан уялганларга маҳфий кўмак кўрсатар, ҳатто ўнг қўли берган садақани чап қўли сезмай қоларди.
 Бир сафар қирқ минг дирҳам кумуш садақа қилди. Кетидан муҳтожларга қирқ минг динор тилло ҳам тарқатди. Икки юз уқия олтин эҳсон қилгани эсингизда бўлса керак?! Бир гал Аллоҳ йўлида жанг қилиш учун кетаётган мужоҳидларнинг беш юзтасини отга миндириб юборди. Бошқа жангдан олдин ислом жангчиларини бир ярим мингта туя билан таъминлади.
 
 Абдураҳмон ибн Авфнинг ўлим соати яқинлашганида қўл остидаги кўпгина мамлукларни озод қилиб юборди. Бадр жанги қатнашчиларининг ҳар бирига тўрт юз динордан беришни васият қилди. Тирик қолган буюк жанг иштирокчиларининг ҳаммаси ўз улушини олди. Уларнинг сони юзта эди. Яна мўминларнинг оналарига ҳам кўп мол васият қилди. Оиша онамиз, кўпинча, унинг меҳрибончиликларини эслаб, "Аллоҳ уни Салсабийл (жаннатдаги булоқнинг номи) сувидан сероб қилсин", деб дуо қиларди.
 Бундан ташқари, у қонуний меросхўрларига ҳам санаб адоғига етиш қийин бўлган даражада кўп молу дунё қолдириб кетди… Мингта туя, юзта от, уч минг қўй. Қуръон тақсимоти бўйича марҳумнинг қарз ва васиятлари адо этилганидан кейин бериладиган бутун мероснинг саккиздан бири тўртта хотинига тақсимланганида, уларнинг ҳар бирига саксон минг динордан тегди. Тиллою кумушлар ворисларга болта билан бўлиб берилди. Ҳатто тақсимда иштирок этган кишиларнинг қўллари болта зарбидан қавариб ҳам кетди.
 Ҳеч шак-шубҳа йўқки, буларнинг ҳаммаси Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг дуолари баракоти туфайлидир.
 
 Аммо сон-саноқсиз бойликлар Абдураҳмон ибн Авфни мафтун этиб, домига илинтиролмади. Одамлар уни қўл остидаги кишилар орасида кўриб, ким хожа, ким қуллигини сира ажратолмасди.
 Бир куни рўзадор Абдураҳмонга оғиз очиш учун таом келтирилганида, дастурхонга қараб деди:
 - Мусъаб ибн Умайр вафот қилди, ҳолбуки, у мендан яхшироқ эди. Уни кафанлаш учун бир парча мато топа олдик, холос. Бошини ўрасак, оёқлари очилиб қоларди. Оёқларини ёпсак, бошига етмас эди. Ундан кейин Аллоҳ дунёни бизнинг қадамларимиз остига сочиб ташлади... Қўрқаманки, амалларимиз учун ваъда қилинган мукофот шу дунёда бериб қўйилмадимикан?!
 Сўнг йиғлаб юборди. Таомдан бир луқма ҳам тотиб кўрмади.
 
 Абдураҳмон ибн Авфга шон-шарафлар бўлсин! Дунё ростгўйлари сардори Муҳаммад ибн Абдуллоҳ жаноблари унга жаннат башоратини бердилар.
 Уни сўнгги манзилига Пайғамбар алайҳиссаломнинг тоғаваччаси Саъд ибн Абу Ваққос бошчилигидаги мусулмонлар кузатиб қўйишди. Жаноза намозини икки нур соҳиби Усмон ибн Аффон ўқиди. Азадорлар сафида зўр қайғу ичра турган Али ибн Абу Толиб:
 - "Сен бу умматнинг улуғларидан бири эдинг, Аллоҳ сени раҳматига олсин", деб дуо қилди.
 
Доктор Абдураҳмон Раъфат ал-Бошонинг «Содиқ саҳобалар қиссаси» китобидан Дониёр Анорбоeв таржимаси
 
* * *
 
Alloh sening bergan molingga ham,
o‘zingga qoldirgan molingga
ham baraka ato etsin.
Rasululloh sollallohu alayhi vasallamning duolari
 
 U islomga eng avval kirgan sakkiz kishining biri...
 Jannatiyligi bashorati berilgan o‘n sahobiyning biri…
 Umar ibn Xattobdan keyin xalifa saylash huquqiga ega bo‘lgan oltita sho‘ro a’zosining biri…
 Rasululloh sollallohu alayhi vasallam hayotlik paytlarida Madinada fatvo bera oladigan bir necha nafar musulmonning biri…
 Uning ismi johiliyat davrida Abduamr bo‘lgan, islomga kirgach, Payg‘ambar janoblari Abdurahmon deb nomladilar.
 Bu kishi Abdurahmon ibn Avf roziallohu anhudir.
 
 Abdurahmon ibn Avf Rasululloh sollallohu alayhi vasallam Dorul Arqamga (Makkadagi Arqam ibn Abdumanof al-Mahzumiyga tegishli hovli. Rasululloh sollallohu alayhi vasallam uchun da’vat markazi bo‘lib xizmat qilgan) kirmaslaridan oldin, Abu Bakr Siddiqdan ikki kun keyin islomni qabul qildi. Allohning yo‘lida ilk sahobalar singari ko‘p aziyatlar chekdi, ammo ular bu qiynoq va azoblarga sabr qildilar, dinlarida sobit turdilar, iymonlari chin ekanini isbotladilar. Hatto dinlarini asrab qolish maqsadida ko‘pchilik musulmonlar Habashistonga hijrat qildilar.
 Rasululloh sollallohu alayhi vasallam va ashoblarga Madinaga hijrat qilish uchun izn berilganda Abdurahmon Alloh yo‘lida vatanini tark etayotgan muhojirlarning eng avvalgi safida bo‘ldi.
 Rasululloh sollallohu alayhi vasallam islom jamiyatining quvvatini oshirish uchun muhojir va ansorlarni birodarlashtirayotib, uni Sa’d ibn Rabe’ al-Ansoriy bilan tutingan aka-uka, deb e’lon qildilar. Sa’d yangi birodari Abdurahmon nbn Avfga "Ey uka, men Madinadagi eng badavlat odamman, ikkita katta bog‘im bor, ikkita xotinim bor. Bog‘larimni borib ko‘r, qaysi biri senga yoqsa, o‘shani olaqol. Xohlasang ikki xotinimdan senga yoqqanini taloq qilay, iddasi chiqqach, uylanib olarsan", dedi.
 Abdurahmon ansoriy birodariga minnatdorchilik bildirib, "Alloh sening molingu bola chaqangga baraka bersin... Yaxshisi, sen menga bozorni qayerdaligini ko‘rsatib qo‘y", dedi. Shu-shu u bozorda tijorat qila boshladi. Halol-pok savdo qilar, tushgan foydani yig‘ib qo‘yardi. Oz fursatda bir ayolning mahriga yetadigan mablag‘ to‘plandi. Abdurahmon uylandi. Yangi kuyov xushbuy atir hidini gurkiratib, Rasululloh sollallohu alayhi vasallamning oldilariga keldi...
 - Mahyam (bu yamoniy kalima bo‘lib, taajjubni ifodalaydi), ey Abdurahmon, - dedilar Rasululloh sollallohu alayhi vasallam.
 - Uylandim... — dedi u uyalibgina.
 - Ayolingga nima mahr berding?
 - Danakcha keladigan tillo.
 - Unda bir qo‘y so‘yib bo‘lsa ham to‘y qil,— dedilar Rasululloh sollallohu alayhi vasallam. So‘ng qo‘shib qo‘ydilar. - Alloh molingni barakali qilsin.
 Abdurahmon aytadi:
 - Shu duodan keyin dunyo menga ergashib yuradigan bo‘ldi. Hatto bir toshni ko‘tarsam, tagidan, albatta, yo tillo, yo kumush topardim".
 
 Badr urushida Abdurahmon ibn Avf ko‘p qahramonliklar ko‘rsatdi. Allohning ashaddiy dushmani Umayr ibn Usmon ibn Ka’b at-Taymiyni yer tishlatdi.
 Uhud jangida musulmonlar oyog‘i ostidagi yer go‘yo omonatday larzaga kelib, ayrim kishilar qochib ketgan paytlarida ham u zalvorli tog‘day sobit turdi. Jangdan yigirmadan ortiq jarohat bilan chiqdi. Ayrim yaralari qo‘l sig‘adigan darajada chuqur edi.
 Ammo Abdurahmon ibn Avfning urush maydonidagi jihodini uning moli bilan qilgan jihodiga qiyoslansa, xuddi arzimasday bo‘lib qoladi.
 Rasululloh sollallohu alayhi vasallam bir kuni jangovar safarga qo‘shin yubormoqchi bo‘ldilar. Ashoblarga "Askarlarni ot-ulov, qurol-yarog‘ va oziq-ovqat bilan ta’minlash uchun sadaqa qilinglar", deb yuzlandilar. Bu chaqiriqqa Abdurahmon ibn Avf birinchi bo‘lib "labbay", deb javob berdi. Uyiga borib, tezda qaytib keldida:
 - Yo Rasululloh, menda to‘rt ming dinor bor edi. Shuning ikki mingini Allohga qarzga beraman. Qolgan ikki mingini bola-chaqam ehtiyojiga qoldiraman, - dedi.
 Payg‘ambar alayhissalom:
 - Alloh sening bergan molingga ham, bola-chaqangga qoldirgan molingga ham baraka ato etsin,— dedilar.
 
 Rasululloh sollallohu alayhi vasallam hayotlaridagi so‘nggi g‘azot — Tabuk g‘azotiga otlanganlarida, qo‘shinning molga bo‘lgan ehtiyoji askarga bo‘lgan ehtiyojidan kam emas edi. (Tabuk — Shom va arab jazirasi chegarasidagi shahar. U paytda Rum tasarrufida bo‘lgan. Hozir Saudiya Arabistoni hududida). Rum lashkari mo‘rmalaxday son-sanoqsiz, tish-tirnog‘igacha qurollangan. Madinada esa yil qurg‘oqchil kelgan. Safar olis, oziq-ovqat kam, ot-ulov undan ham kam. Hatto bir necha musulmonlar Rasululloh sollallohu alayhi vasallamning oldilariga kelib, u kishi bilan birga jihod qilish uchun olib ketishlarini so‘rashganida, ularga na bir ot, na bir tuya topib berolmay qaytarib yubordilar. Ular Alloh yo‘lida infoq qila olmaganlaridan qalblari mahzunlikka, ko‘zlari jiqqa yoshga to‘lib, qaytib ketishdi. Ularga "Bakkoun"-"Alloh uchun yig‘laganlar", deb nom berishdi. Qo‘shinni esa "Jayshul usra" - "Qiyinchilik chekkan lashkar", deb atashdi. Shunda Rasululloh sollallohu alayhi vasallam sahobalarni Alloh uchun infoq — ehson qilishga buyurib, ajrini Parvardigori olamdam umid qilishga undadilar. Har galgidek Abdurahmon ibn Avf birinchilar qatorida bo‘ldi. U ikki yuz uqiya (salkam 7,5 kg) tillo olib keldi. Buni ko‘rgan Umar ibn Xattob Rasululloh sollallohu alayhi vasallamga dedi:
 - Menimcha, Abdurahmon savob o‘rniga gunoh orttirib olyapti. Bola-chaqasiga hech vaqo qoldirmadi...
 Rasululloh sollallohu alayhi vasallam so‘radilar:
 - Ey Abdurahmon, bola-chaqangga biron narsa qoldirdingmi?
 - Ha, - dedi u, - berganimdan ko‘ra ko‘proq va yaxshiroq narsani qoldirdim.
 - Nimani?
 - Alloh va Rasuli va’da qilgan rizq, yaxshilik va ajrni.
 
 Qo‘shin Tabukka jo‘nab ketdi. U yerda Alloh taolo Abdurahmon ibn Avfni musulmonlarning birortasiga nasib etmagan sharafga erishtirdi. Namoz vaqti kirib qolgan edi. Payg‘ambar alayhissalom hadeganda kelavermadilar. Shunda Abdurahmon ibn Avf qavmga imom bo‘lib, namoz o‘qishga tutindi. Birinchi rakaat oxiriga yetmay, Rasululloh sollallohu alayhi vasallam kelib, namozxonlar safiga turdilar va Abdurahmon ibn Avfga iqtido qilib, namozni ado etdilar...
Butun bashariyat sayyidi, barcha anbiyolar imomi Muhammad ibn Abdulloh janoblariga imom bo‘lishdan ko‘ra ortiqroq shon-shavkat bo‘lishi mumkinmi?!
 
Rasululloh sollallohu alayhi vasallam robbilari huzuriga rihlat qilgach, Abdurahmon ibn Avf u zotning zavjai mutohharalarining xizmatida bo‘ldi. Ularning barcha hojatlarini jon-dili bilan bajarar, safarga chiqsalar, kuzatib chiqar, hajga borsalar, birga haj qilar, tuyalarining ustiga xavdaj (ayollar minishi qulay bo‘lishi uchun tuyaning ustiga o‘rnatiladigan moslama) o‘rnatib berar, dam olishga to‘xtaganlarida imkoniyatidagi bor shart-sharoitni muhayyo qilardi. Bu Abdurahmon ibm Avfning manoqiblaridan bo‘lib, uning bu darajada mo‘minlarning onalari tarafidan ishonchga sazovor ekanligiga hamma havas qilardi.
 
 Abdurahmon ibn Avf, umuman, musulmonlarga, xossatan, mo‘minlarning onalariga g‘oyatda mehribon edi. Bir safar o‘ziga tegishli yerni qirq ming dinorga sotib, pullarni banu Zuhra qavmiga (Rasululloh sollallohu alayhi vasallam ning onalari Omina binti Vahbning qavmi), faqir musulmonlarga, muhojirlarga va Payg‘ambar hazratlarining ayollariga taqsimlab berdi. Oisha roziallohu anhoning ulushini olib borgan kishidan onamiz bularni kim berib yuborganini so‘radilar. "Abdurahmon ibn Avf" degan javobni eshitgach, "Mendan keyin sizlarga faqat sabr-bardoshli kishilargina mehribonchilik qiladi", degandilar Allohning rasuli", deb qo‘ydilar.
 
 Abdurahmon ibn Avf Rasululloh sollallohu alayhi vasallamnint baraka duolarining ta’sirini butun hayoti mobaynida sezib yurdi. U sahobalarning orasidagi eng moldor, badavlat kishiga aylandi. Tijorat ishlari misli ko‘rilmagan darajada avj oldi. Unga tegishli karvonlar tez-tez Madinaga don-dun, un, yog‘, kiyim-kechak, idish-tovoq, atir-upa singari aholiga zarur maishiy mollarni keltirib turar, madinaliklardan ortgan boshqa tovarlarni chetga olib chiqib sotardi.
 Bir kuni Abdurahmon ibn Avfning karvoni Madinaga kirib keldi. Karvon yetti yuz tuyadan iborat edi. Ha, yetti yuz tuya... Tuyalarga oziq-ovqat, mato, umuman, odamlar uchun eng zarur narsalar ortilgan edi. Karvon yerni larzaga solgancha shaharga kirib kelganida, atrofni tuyalarning bo‘yniga osilgan qo‘ng‘iroqlarning jarangiyu og‘ir yukdan ezilgan tilsiz jonivorlarning o‘kirishi tutib ketdi. Shovqin-suronni eshitgan Oisha roziallohu anho "Bu nima to‘polon?" deb so‘radi. U zotga "Abdurahmon ibn Avfning karvoni yetti yuzta tuyada bug‘doy, un va oziq-ovqat olib kelyapti", deyishdi.
 Oisha onamiz dedi:
 - "Alloh uning dunyosiga baraka berdi, lekin oxiratda berajak savobi ulug‘roqdir".
 Darhaqiqat, Abdurahmon ibn Avf nihoyatda qo‘li ochiq, saxiy odam edi. Molini hech kimdan ayamas, so‘rab kelganlarga oshkora yordam qilar, so‘rashdan uyalganlarga mahfiy ko‘mak ko‘rsatar, hatto o‘ng qo‘li bergan sadaqani chap qo‘li sezmay qolardi.
 Bir safar qirq ming dirham kumush sadaqa qildi. Ketidan muhtojlarga qirq ming dinor tillo ham tarqatdi. Ikki yuz uqiya oltin ehson qilgani esingizda bo‘lsa kerak?! Bir gal Alloh yo‘lida jang qilish uchun ketayotgan mujohidlarning besh yuztasini otga mindirib yubordi. Boshqa jangdan oldin islom jangchilarini bir yarim mingta tuya bilan ta’minladi.
 
 Abdurahmon ibn Avfning o‘lim soati yaqinlashganida qo‘l ostidagi ko‘pgina mamluklarni ozod qilib yubordi. Badr jangi qatnashchilarining har biriga to‘rt yuz dinordan berishni vasiyat qildi. Tirik qolgan buyuk jang ishtirokchilarining hammasi o‘z ulushini oldi. Ularning soni yuzta edi. Yana mo‘minlarning onalariga ham ko‘p mol vasiyat qildi. Oisha onamiz, ko‘pincha, uning mehribonchiliklarini eslab, "Alloh uni Salsabiyl (jannatdagi buloqning nomi) suvidan serob qilsin", deb duo qilardi.
 Bundan tashqari, u qonuniy merosxo‘rlariga ham sanab adog‘iga yetish qiyin bo‘lgan darajada ko‘p molu dunyo qoldirib ketdi… Mingta tuya, yuzta ot, uch ming qo‘y. Qur’on taqsimoti bo‘yicha marhumning qarz va vasiyatlari ado etilganidan keyin beriladigan butun merosning sakkizdan biri to‘rtta xotiniga taqsimlanganida, ularning har biriga sakson ming dinordan tegdi. Tilloyu kumushlar vorislarga bolta bilan bo‘lib berildi. Hatto taqsimda ishtirok etgan kishilarning qo‘llari bolta zarbidan qavarib ham ketdi.
 Hech shak-shubha yo‘qki, bularning hammasi Rasululloh sollallohu alayhi vasallamning duolari barakoti tufaylidir.
 
 Ammo son-sanoqsiz boyliklar Abdurahmon ibn Avfni maftun etib, domiga ilintirolmadi. Odamlar uni qo‘l ostidagi kishilar orasida ko‘rib, kim xoja, kim qulligini sira ajratolmasdi.
 Bir kuni ro‘zador Abdurahmonga og‘iz ochish uchun taom keltirilganida, dasturxonga qarab dedi:
 - Mus’ab ibn Umayr vafot qildi, holbuki, u mendan yaxshiroq edi. Uni kafanlash uchun bir parcha mato topa oldik, xolos. Boshini o‘rasak, oyoqlari ochilib qolardi. Oyoqlarini yopsak, boshiga yetmas edi. Undan keyin Alloh dunyoni bizning qadamlarimiz ostiga sochib tashladi... Qo‘rqamanki, amallarimiz uchun va’da qilingan mukofot shu dunyoda berib qo‘yilmadimikan?!
 So‘ng yig‘lab yubordi. Taomdan bir luqma ham totib ko‘rmadi.
 
 Abdurahmon ibn Avfga shon-sharaflar bo‘lsin! Dunyo rostgo‘ylari sardori Muhammad ibn Abdulloh janoblari unga jannat bashoratini berdilar.
 Uni so‘nggi manziliga Payg‘ambar alayhissalomning tog‘avachchasi Sa’d ibn Abu Vaqqos boshchiligidagi musulmonlar kuzatib qo‘yishdi. Janoza namozini ikki nur sohibi Usmon ibn Affon o‘qidi. Azadorlar safida zo‘r qayg‘u ichra turgan Ali ibn Abu Tolib:
 - "Sen bu ummatning ulug‘laridan biri eding, Alloh seni rahmatiga olsin", deb duo qildi.
 
Doktor Abdurahmon Ra’fat al-Boshoning «Sodiq sahobalar qissasi» kitobidan Doniyor Anorboyev tarjimasi