Мири Араб ким эди?

Рукн: Тарих Чоп этилган: 28.03.2016

Флориан Шварц жаноблари 50 минг талаба таълим оладиган Европадаги энг йирик Бохум университетида фаолият кўрсатмокда. Университет Германиянинг Рур ўлкасида жойлашган.

Ёш олим Германиядаги илм – фан ҳомийлари бўлган тадбиркорлардан тегишли молиявий кўмак олиб, Бухоро вилоят кутубхонасида сақланаётган қадимий китобларнинг изоҳли руйхатини нашр килиб, Европа, Америка, Япония илмий доираларида тарқатди. Натижада дунёнинг барча китъаларидаги шарқшунос олимлар Бухоро кутубхонасида сақланаётган тарихий, диний, бадиий адабиётлар тўғрисида аниқ маълумотларга эга бўлиб, илмий изланишлар учун манбалар билан осон ишлаш имкониятига эга бўлдилар.

Яқинда эса доктор Шварц Берлиндаги Клаус Шварц нашриётида “Исломшунослик тадқиқотлари” сериясида йирик илмий асарини чоп эттириб, Бухоро музейига совға қилди. 270 бетлик бу китоб “Мусулмон Ўрта Осиёда XVI асрда дарвешлар ва биродарлик” деб аталган. Асар муаллиф диссертациясининг нашр вариантидир. Унда ўзбек шайбоний давлатининг асосчиси Муҳаммад Шайбонийхон ҳукмронлиги давридан бошланиб, Искандар ибн Кўчкунжихон билан унинг ўғли Абдуллохон ҳукмронлиги йилларига қадар (1500-1570) Шарқий Мовароуннаҳр, яъни Зарарфшон ва Қашқадарё воҳаларида сўфийлар ва уларнинг уюшмалари фаолиятини қамраб олади.

Китобда Мири Араб фаолияти бир неча махсус бобларда тадқиқ этилиб, унинг насл-насаби, ҳаёти ва фаолияти тўла очиб берилган. Бухородаги энг ажойиб меъморий обидалардан бири Мири Араб мадрасаси шу буюк шахс номи билан аталганлиги инобатга олиниб, бу маълумотларни қисқача тарзда халқимиз эътиборига ҳавола этмокдамиз.

Мири Араб Ўрта Осиёга 1490 йилда келган ва кўп йиллар Саурон шаҳрида (Жанубий Қозоғистонда) яшаган. Дастлабки йиллардаёқ Бухоро билан яқин алоқада бўлган. Ўзбек хони Мухаммад Шайбонийхон Мовароуннаҳрда ҳокимиятни ўз қўл остига олгач, Мири Араб Бухорода юксак мавқели шахсга айланди. Шайбонийхон Бухорода вақти-вақти билан ташкил қилиб турган диний муҳокама мажлисларида Мири Араб иштирок этган.

Бухорода Шайбонийхоннинг жияни Убайдуллохон ҳукмронлиги даврида (1510-1539/40 йиллар) Мири Арабнинг хон билан якин алоқалари вужудга келди, бу якдиллик икки томонлама эди. Хон шайхнинг юксак обруйидан фойдаланиб, Туркистоннинг Мовароуннаҳрга чегарадош худудларини – Ясси (ҳозирги Туркистон шаҳри) ва Сауронни ўз хокимияти остига киритишга уринди, Мири Арабнинг эса Бухоро олимлари ва диндорлари орасида обрўйи янада юксалди.

1512 йили Эрон қўшинлари Мовароуннаҳрга бостириб кириб, Бухорога қараб йўл олдилар. Мири Араб Бухорога келиб, Убайдуллохонни душман қўшинларига қарши курашга рағбатлантирди. Ғиждувон яқинида бўлган жангда Бухоро қўшинлари ғалаба қозонди. Эрон қўшинларининг бир қисми қочиб, бир неча минг аскарларни Убайдуллохон асирликка олди.

Бухоро қўшинларининг бу ҳарбий ғалабасидан кейин Убайдуллохоннинг Тошкент ва Самарқанд ўлка хонлари олдида мавқеи янада кучайди. Мазкур хонлар ҳам, Убайдуллохон сингари, шайбонийлар сулоласидан эди. Бухоро хонининг кучайиши уларни ташвишга солди. Улар Убайдуллохон қудратини чеклашга интилдилар, хусусан, Ясси билан Сауроннинг қўшиб олинишига йўл қўймаслик учун ҳаракат қилдилар, Ўрта Осиёда бутун ҳокимиятни ўз қўлларига олиш сиёсатини олиб бордилар. Мири Араб бу сиёсатдан катта жабр ва моддий зиён кўрди.

Ғиждувон ғалабасидан кейин Убайдуллохон Бухорода Мири Арабни садр, яъни вақф-хайрия мулкларининг бош назоратчиси вазифасига тайинлади. Шайхнинг ўша даврда маскани булган Саурон шаҳрида Мири Араб номига мадраса қурдириб берди. Шайх бу йилларда фавқулодда бадавлат шахсга айланган эди. Унинг асосий молу мулки Сауронда тўпланган эди.

1515 йилда Убайдуллохоннинг рақиби – Тошкент хони рухсати билан Мири Арабнинг Саурондаги ҳовлиси таланди, мол-мулки талон-тарож килинди. Мири Араб паноҳ ахтариб, Бухорога келди ва шундан кейин кўп йиллар Бухоро шаҳрида яшади.

Бухорода яшаган йилларда Мири Арабнинг ўлкамизда обрў-эътибори янада кенгайди. Убайдуллохоннинг шайхга нисбатан эҳтироми жуда катта эди. Бу тарихий воқеликнинг далилларидан бири – Бухорода Мири Араб мадрасасининг қурилишидир. Бу мадраса учун 1527 йилда ёзилган вақф ҳужжати бизгача сақланган. Бу ҳужжатда қурилиши асосан шу йилда тугалланган мадрасага вақф ва садақа қилинган кўп сонли деҳқончилик ер майдонлари, бутун қишлоқлар ва бошқа мол-мулклар бирма–бир санаб берилган.

Мири Араб номида барпо этилган мадрасанинг қурилишига сарф қилинган маблағнинг катта қисмини Убайдуллохон берган. Бу тўғрида қадимий тарихий китобларда маълумот берилган.

Доктор Флориан Шварц китобида баён килинган, Бухоро тарихига оид иккинчи мавзу XVI асрнинг иккинчи ярмида содир бўлган воқеалардир. Улар, шайбонийлар сулоласига мансуб бўлган Искандар султон билан унинг ўғли Абдуллоҳ I томонидан ва Жўйборий шайхларнинг энг фаол ва юксак эътиборли вакиллари Хожа Ислом билан унинг фарзанди Хожа Саъд ўртасидаги муштарак фаолиятнинг баёнидир (китобнинг V – VI боблари).

Доктор Шварцнинг китобида XVI аср ва ундан олдинги даврлар тарихига оид яна бир қанча маълумотлар ҳам баён этилиб таҳлил қилинган. Масалан, Бухорода Яссавия, Кубравия ва бошқа сўфий тариқатларининг фаолияти, Бухоро хонлигида турли сиёсий маъмурий гуруҳларнинг ўзаро кураши сабаб ва оқибатлари ўрганилган.

Китоб матнида ва иловасида турли кўргазмали материаллар – сўфий шайхларнинг шажаралари, номлар ва атамалар кўрсаткичи ҳам берилган. Бу эса немис олими китобининг Бухоро ва умуман Мовароуннаҳр тарихи билан шуғулланувчи тадқиқотчилар учун қимматини янада оширади.

Ўтмишда бу ерда ўқишни орзу қилганлар оз-мунча бўлганми? Бу мадрасада Мовароуннаҳрнинг кўзга кўринган алломалари таълим олишган.

Мадраса Масжиди Жомеъ қаршисида жойлашган бўлиб, унинг қурилиши масжиддан анча фарқ қилади. Ўрта Осиё диний мактаблари қурилишида қўлланилган анъанавий усуллар бу мадраса архитектурасида ҳам ўз ифодасини топган.

Чорси ҳовлининг атрофида икки қаватли ҳужралар қатори, ҳар қатор ўртасида қадди расо пештоқли айвонлар жойлашган.

Мадрасанинг олдинги қисми анча мураккаб. Миён саройнинг икки ёнида икки хонақо-дарсхона ва масжид бор. Шарқ томондагиси мақбарага айлантирилган. Хонининг ўртасида Убайдуллохоннинг ёғочдан ясалган сағанаси жойлашган. Жануб томонидаги хона масжид учун мулжалланган. Мадрасанинг бош фасади марказда ярим саккиз қиррали равоқдан иборат баланд пештоқ бўлиб, унинг ичкарисида катта дарвоза, пештоқнинг икки ёнида эса икки қаватли ҳужралар мавжуд. Мадраса қурилиши ўзидан илгари қурилган Бухородаги Улуғбек мадрасасидан анча мураккаблиги билан фарқ қилади. Ҳовлининг бурчакларидаги ҳужраларга кириладиган қулай равоқли эшиклар, қиррадор косасимон токчалар, мураккаб ироқи безаклар буларнинг ҳаммаси XVI аср мадрасаси типини эгаллайди. Катта хоналарнинг ичи айниқса, диққатга сазовор: тўрт тарафда баланд равоқли чорси хона, тепаси равоқлар кесишиш оқибатида қалқонсимон ироқи шакл жойлашган. Гумбаз ўртаси эса фонусдек; майда дарчалар орқали тушган ёруғлик хонага улуғвор кўриниш бахш этади. 2015 йил Мир Араб мадрасасида Шарқ томонда жойлашган мақбаранинг ҳашаматли безаклари мутахассислар томонидан қайта тикланди.

Муслим.уз саҳифасидан олинди.

* * *

Florian Shvarts janoblari 50 ming talaba ta’lim oladigan Yevropadagi eng yirik Boxum universitetida faoliyat ko‘rsatmokda. Universitet Germaniyaning Rur o‘lkasida joylashgan.

Yosh olim Germaniyadagi ilm – fan homiylari bo‘lgan tadbirkorlardan tegishli moliyaviy ko‘mak olib, Buxoro viloyat kutubxonasida saqlanayotgan qadimiy kitoblarning izohli ruyxatini nashr kilib, Yevropa, Amerika, Yaponiya ilmiy doiralarida tarqatdi. Natijada dunyoning barcha kit’alaridagi sharqshunos olimlar Buxoro kutubxonasida saqlanayotgan tarixiy, diniy, badiiy adabiyotlar to‘g‘risida aniq ma’lumotlarga ega bo‘lib, ilmiy izlanishlar uchun manbalar bilan oson ishlash imkoniyatiga ega bo‘ldilar.

Yaqinda esa doktor Shvarts Berlindagi Klaus Shvarts nashriyotida “Islomshunoslik tadqiqotlari” seriyasida yirik ilmiy asarini chop ettirib, Buxoro muzeyiga sovg‘a qildi. 270 betlik bu kitob “Musulmon O‘rta Osiyoda XVI asrda darveshlar va birodarlik” deb atalgan. Asar muallif dissertatsiyasining nashr variantidir. Unda o‘zbek shayboniy davlatining asoschisi Muhammad Shayboniyxon hukmronligi davridan boshlanib, Iskandar ibn Ko‘chkunjixon bilan uning o‘g‘li Abdulloxon hukmronligi yillariga qadar (1500-1570) Sharqiy Movarounnahr, ya’ni Zararfshon va Qashqadaryo vohalarida so‘fiylar va ularning uyushmalari faoliyatini qamrab oladi.

Kitobda Miri Arab faoliyati bir necha maxsus boblarda tadqiq etilib, uning nasl-nasabi, hayoti va faoliyati to‘la ochib berilgan. Buxorodagi eng ajoyib me’moriy obidalardan biri Miri Arab madrasasi shu buyuk shaxs nomi bilan atalganligi inobatga olinib, bu ma’lumotlarni qisqacha tarzda xalqimiz e’tiboriga havola etmokdamiz.

Miri Arab O‘rta Osiyoga 1490 yilda kelgan va ko‘p yillar Sauron shahrida (Janubiy Qozog‘istonda) yashagan. Dastlabki yillardayoq Buxoro bilan yaqin aloqada bo‘lgan. O‘zbek xoni Muxammad Shayboniyxon Movarounnahrda hokimiyatni o‘z qo‘l ostiga olgach, Miri Arab Buxoroda yuksak mavqeli shaxsga aylandi. Shayboniyxon Buxoroda vaqti-vaqti bilan tashkil qilib turgan diniy muhokama majlislarida Miri Arab ishtirok etgan.

Buxoroda Shayboniyxonning jiyani Ubaydulloxon hukmronligi davrida (1510-1539/40 yillar) Miri Arabning xon bilan yakin aloqalari vujudga keldi, bu yakdillik ikki tomonlama edi. Xon shayxning yuksak obruyidan foydalanib, Turkistonning Movarounnahrga chegaradosh xududlarini – Yassi (hozirgi Turkiston shahri) va Sauronni o‘z xokimiyati ostiga kiritishga urindi, Miri Arabning esa Buxoro olimlari va dindorlari orasida obro‘yi yanada yuksaldi.

1512 yili Eron qo‘shinlari Movarounnahrga bostirib kirib, Buxoroga qarab yo‘l oldilar. Miri Arab Buxoroga kelib, Ubaydulloxonni dushman qo‘shinlariga qarshi kurashga rag‘batlantirdi. G‘ijduvon yaqinida bo‘lgan jangda Buxoro qo‘shinlari g‘alaba qozondi. Eron qo‘shinlarining bir qismi qochib, bir necha ming askarlarni Ubaydulloxon asirlikka oldi.

Buxoro qo‘shinlarining bu harbiy g‘alabasidan keyin Ubaydulloxonning Toshkent va Samarqand o‘lka xonlari oldida mavqei yanada kuchaydi. Mazkur xonlar ham, Ubaydulloxon singari, shayboniylar sulolasidan edi. Buxoro xonining kuchayishi ularni tashvishga soldi. Ular Ubaydulloxon qudratini cheklashga intildilar, xususan, Yassi bilan Sauronning qo‘shib olinishiga yo‘l qo‘ymaslik uchun harakat qildilar, O‘rta Osiyoda butun hokimiyatni o‘z qo‘llariga olish siyosatini olib bordilar. Miri Arab bu siyosatdan katta jabr va moddiy ziyon ko‘rdi.

G‘ijduvon g‘alabasidan keyin Ubaydulloxon Buxoroda Miri Arabni sadr, ya’ni vaqf-xayriya mulklarining bosh nazoratchisi vazifasiga tayinladi. Shayxning o‘sha davrda maskani bulgan Sauron shahrida Miri Arab nomiga madrasa qurdirib berdi. Shayx bu yillarda favqulodda badavlat shaxsga aylangan edi. Uning asosiy molu mulki Sauronda to‘plangan edi.

1515 yilda Ubaydulloxonning raqibi – Toshkent xoni ruxsati bilan Miri Arabning Saurondagi hovlisi talandi, mol-mulki talon-taroj kilindi. Miri Arab panoh axtarib, Buxoroga keldi va shundan keyin ko‘p yillar Buxoro shahrida yashadi.

Buxoroda yashagan yillarda Miri Arabning o‘lkamizda obro‘-e’tibori yanada kengaydi. Ubaydulloxonning shayxga nisbatan ehtiromi juda katta edi. Bu tarixiy voqelikning dalillaridan biri – Buxoroda Miri Arab madrasasining qurilishidir. Bu madrasa uchun 1527 yilda yozilgan vaqf hujjati bizgacha saqlangan. Bu hujjatda qurilishi asosan shu yilda tugallangan madrasaga vaqf va sadaqa qilingan ko‘p sonli dehqonchilik yer maydonlari, butun qishloqlar va boshqa mol-mulklar birma–bir sanab berilgan.

Miri Arab nomida barpo etilgan madrasaning qurilishiga sarf qilingan mablag‘ning katta qismini Ubaydulloxon bergan. Bu to‘g‘rida qadimiy tarixiy kitoblarda ma’lumot berilgan.

Doktor Florian Shvarts kitobida bayon kilingan, Buxoro tarixiga oid ikkinchi mavzu XVI asrning ikkinchi yarmida sodir bo‘lgan voqealardir. Ular, shayboniylar sulolasiga mansub bo‘lgan Iskandar sulton bilan uning o‘g‘li Abdulloh I tomonidan va Jo‘yboriy shayxlarning eng faol va yuksak e’tiborli vakillari Xoja Islom bilan uning farzandi Xoja Sa’d o‘rtasidagi mushtarak faoliyatning bayonidir (kitobning V – VI boblari).

Doktor Shvartsning kitobida XVI asr va undan oldingi davrlar tarixiga oid yana bir qancha ma’lumotlar ham bayon etilib tahlil qilingan. Masalan, Buxoroda Yassaviya, Kubraviya va boshqa so‘fiy tariqatlarining faoliyati, Buxoro xonligida turli siyosiy ma’muriy guruhlarning o‘zaro kurashi sabab va oqibatlari o‘rganilgan.

Kitob matnida va ilovasida turli ko‘rgazmali materiallar – so‘fiy shayxlarning shajaralari, nomlar va atamalar ko‘rsatkichi ham berilgan. Bu esa nemis olimi kitobining Buxoro va umuman Movarounnahr tarixi bilan shug‘ullanuvchi tadqiqotchilar uchun qimmatini yanada oshiradi.

O‘tmishda bu yerda o‘qishni orzu qilganlar oz-muncha bo‘lganmi? Bu madrasada Movarounnahrning ko‘zga ko‘ringan allomalari ta’lim olishgan.

Madrasa Masjidi Jome’ qarshisida joylashgan bo‘lib, uning qurilishi masjiddan ancha farq qiladi. O‘rta Osiyo diniy maktablari qurilishida qo‘llanilgan an’anaviy usullar bu madrasa arxitekturasida ham o‘z ifodasini topgan.

Chorsi hovlining atrofida ikki qavatli hujralar qatori, har qator o‘rtasida qaddi raso peshtoqli ayvonlar joylashgan.

Madrasaning oldingi qismi ancha murakkab. Miyon saroyning ikki yonida ikki xonaqo-darsxona va masjid bor. Sharq tomondagisi maqbaraga aylantirilgan. Xonining o‘rtasida Ubaydulloxonning yog‘ochdan yasalgan sag‘anasi joylashgan. Janub tomonidagi xona masjid uchun muljallangan. Madrasaning bosh fasadi markazda yarim sakkiz qirrali ravoqdan iborat baland peshtoq bo‘lib, uning ichkarisida katta darvoza, peshtoqning ikki yonida esa ikki qavatli hujralar mavjud. Madrasa qurilishi o‘zidan ilgari qurilgan Buxorodagi Ulug‘bek madrasasidan ancha murakkabligi bilan farq qiladi. Hovlining burchaklaridagi hujralarga kiriladigan qulay ravoqli eshiklar, qirrador kosasimon tokchalar, murakkab iroqi bezaklar bularning hammasi XVI asr madrasasi tipini egallaydi. Katta xonalarning ichi ayniqsa, diqqatga sazovor: to‘rt tarafda baland ravoqli chorsi xona, tepasi ravoqlar kesishish oqibatida qalqonsimon iroqi shakl joylashgan. Gumbaz o‘rtasi esa fonusdek; mayda darchalar orqali tushgan yorug‘lik xonaga ulug‘vor ko‘rinish baxsh etadi. 2015 yil Mir Arab madrasasida Sharq tomonda joylashgan maqbaraning hashamatli bezaklari mutaxassislar tomonidan qayta tiklandi.

Muslim.uz sahifasidan olindi.