Ҳазрати Занги ота Ҳимматий

Рукн: Тарих Чоп этилган: 05.03.2016

Ҳаким ота (Сулаймон Боқирғоний) раҳматуллоҳи алайҳнинг энг яқин шогирди, халифаси Занги ота ҳазратлари тариқат шайхларидан юўлиб, халқни доимо дину диёнатга, ҳалоллик, покликка даъват қилганлар.

Бу соҳа тарихига назар ташласак, Қуръони карим ва ҳадиси шарифга таянган тасаввуф бағрида қодирия, яссавия, кубравия, суҳравардия, нақшбандия, шозалия, хилватия, мавлавия, бадавия, дассуқия, жилватия каби бир қанча тариқатлар шаклланди, ривожланди. Мусулмон миллатлари шу каби тариқатлар таъсирида маънавий камолот ҳосил қилиб келдилар ва келаётирлар. Ислом дунёси фан ва маданиятидан муносиб ўрин олган Ҳазрат Имом Аъзам, Ҳожа Аҳмад Яссавий, Имом Ғаззолий, Юнус Эмро, Нажмиддин Кубро, Жалолиддин Румий, Баҳоуддин Нақшбанд, Фақиҳ Абуллайс Самарқандий, Абдураҳмон Жомий, Алишер Навоий, Сўфи Оллоёр, Бобораҳим Машраб каби улуғ сиймоларга тасаввуфнинг маънавий етуклик пиллапояси бўлиб хизмат қилгани маълум. Шунинг учун ҳам бу табаррук зотлар руҳан пок, ахлоқан комил, маърифатли, муҳаббатли, тақволи, солиҳ, мухлис, муҳсин, мушфиқ ва ҳикмат соҳиби эдилар. Улар ҳар жабҳада: дунёвий ва ухровий ишларда ҳазрат Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам эргашганликлари учун ҳам номларини эҳтиром билан тилга оламиз. Зотан тасаввуф ғояларига, у илгари сурган талабларга назар ташласак, улар оят ва ҳадисга асосланганини кўрамиз.

Диёримизда тарқалган яссавия, кубравия ва нақшбандия тариқатларининг ҳар қайсисининг ўз услуби, одоби ва қоидалари бўлганидек, тарихимиз саҳифасида ҳам ҳар бирининг алоҳида ўрни бор. Айниқса, туркий халқларни исломга, илму маърифатга даъват қилган, туркий тил, адабиёт ва маданиятни авлодларга етказишда ташаббус кўрсатган ҳазрат Яссавий ва издошларининг хизматларини алоҳида таъкидлаш лозим. Дунё ислом маданияти ва тасаввуф тарихида турк машойихларининг бетакрор ва ибратли хизматлари олтин ҳарфлар билан битиб қолдирилган. Бу сарҳалқанинг бошида албатта Пири Туркистон, шайхул машойих – Ҳазрат Аҳмад Яссавий (р.а.) турадилар. У кишининг шарофатидан, “Девони ҳикмат”ларининг таъсиридан Туркистон, Ҳиндистон, Кичик Осиё, Болқон ҳудудларигача ислом дини кириб борди, тасаввуф қулоч отди. Ғайримуслим юртлар маънан фатҳ этилди... У зотдан кейин Ҳаким ота, сўнг Занги оталар ҳам силсилани давом эттириб, халқларни Ҳақ йўлига даъват этдилар, улуғ хизматларни амалга оширдилар.

Занги ота (р.а.)нинг баъзи муридлари олиму фозиллар, баъзилари иқтидорли шоирлар бўлиб, асарлари билан ҳам тасаввуф ғояларини тарқатганлар.

Занги ота (р.а.)нинг асли туғилган ва яшаган маскани Шош (Тошкент) вилояти бўлиб, Тошкент билан Қовунчи оралиғидаги Занги ота номли қишлоқдир. (Занги ота Тошкент шаҳрининг Самарқанд дарбоза кўчасидаги Занги ота маҳалласида туғилиб ўсган деган тахминлар ҳам бор). Занги отанинг ҳақиқий исмлари Ойхўжа ибн Тошхўжадир. Занги ибораси билан нисбат берилиши у кишининг қора ранг бўлганига ишорадир.

Занги ота (р.а.)нинг отаси Тошхўжа, унинг отаси Абдул Малик ота бўлиб, ул зот ўзининг пири муршиди Мансур ота орқали Хожа Аҳмад Яссавий (р.а.)га бориб тақалади. Тошхўжанинг ўзи ҳам ҳазрат Яссавийнинг хизматларида бўлиб, ул табаррук зотдан бевосита тасаввуфий-маънавий таълимот ва иршодот (йўлланма) олган. Тошхўжа ҳижрий 615 (милодий 1218) йилда вафот этган.

Занги ота (р.а.) ислом оламидаги улуғ мутафаккир ҳамда мутасаввиф донишмандлардан бири бўлиб, унинг номи фақат Мовароуннаҳрдагина эмас, балки Хуросон халқлари орасида ҳам маълум ва машҳурдир. Занги ота (Ойхўжа) ёшлик пайтидан падари бузруквори Тошхўжа ҳузурида таълим олади. Отаси вафотидан сўнг, Хожа Аҳмад Яссавийнинг тўртинчи халифаси ва содиқ шогирди бўлмиш Ҳаким ота ҳузурига боради. Бир неча йил ул зотнинг хизматида бўлиб, Яссавия тариқатининг сир-асрорларини, одобларини ўрганади, ҳамда илми зоҳирий ва илми ботиний йўриқларидан воқиф бўлади.

Занги ота Ҳимматий (р.а.) ва унинг пири Ҳаким ота (р.а.)нинг ҳаётлари бир-бири билан чамбарчас боғланиб кетгани туфайли бироз бўлса-да Ҳаким ота ҳақида тўхтаб ўтишни лозим топдик. Ҳаким отанинг асл исми Сулаймон бўлиб, машҳур мутасаввиф шоир Сулаймон Боқирғонийдир. “Ҳаким” ул кишига лақабдир. “Рашаҳот айнул-ҳаёт” асарининг муаллифи Фахриддин Али Сафийнинг маълумотига кўра, Ҳаким ота асли хоразмлик бўлиб, Бароқхоннинг гўзал қизи Анбар онага уйланган, аммо Ҳаким ота таржимаи ҳолига доир тарихий асарларда, жумладан “Музаккир ул-аҳбоб” (“Дўстлар ҳақида хотира”) номли асарда Анбар она Бароқхон эмас, Буғрохон қизи деб келтирилади.

Ҳаким отанинг энг биринчи машҳур халифаси, юқорида зикр қилинганидек, бузруквор Занги ота Ҳимматий (р.а.)дир. Бул зот араб наслидандир. Арслонбобо наслига мансуб бўлгани туфайли қора танли, уштурлаб (туялаб), бақувват, барваста гавдали одам бўлган. Занги ота Ҳаким отадан тасаввуфий илмлар билан бирга илми зоҳирий ва илми ботинийдан ҳам таълим олиб, етук донишманд ҳамда соҳиби каромат даражасига эришади. Шундан сўнг Занги ота ўз ватани – Шош вилоятига қайтиб келиб, бу вилоятдаги аҳолини илоҳий-ахлоқий, тасаввуфий-ирфоний йўл-йўриқлари билан тарбиялашга киришади, ҳамда кўплаб улуғ мутасаввиф олимларни вояга етказади.

Занги ота (р.а.) фақир ва дарвешсифат одам бўлиб, одамларнинг сигирларини боқиб, подачилик қилиб, ғарибона ҳаёт кечирган. Кундалик ҳаёти саҳрода, подачилик билан ўтгани туфайли, намозни ҳам қиру адирда ўқирди. Намоз ўқиб бўлгач, зикри жаҳрияни бошлар эди.

Занги ота (р.а.) 656 ҳижрий – 1258 милодий йили вафот этадилар ва ҳозирги Занги ота қишлоғида дафн этилади. Бу жой нафақат Шош вилояти, балки бутун Мовароуннаҳр ҳамда Хуросондаги туркий халқлар учун зиёратгоҳ маскан ҳисобланади, ҳозир эса бутун туман Занги ота номи билан аталади.

Шундай қилиб, Ҳасан отадан сўнг Саййид ота, Садр ота ва Бадр оталар Занги отанинг муқтадир шогирдлари сифатида Шош вилоятида кетма-кет ўринбосар маснадларини эгаллаганлар. Ўз навбатида улар ҳам халойиқни поклик, меҳнатсеварлик, ҳалоллик, адлу инсоф, олийҳимматлилик ва бошқа илғор умуминсоний йўлларга иршод этганлар.

Исмоил ота, Исҳоқ ота, Алмамин бобо, Шайх Али, Мавлуд Шайх, Камол Шайх, Ходим Шайх, Жамол Шоший, Ҳасан ибн Жамол, шайх паҳлавон, Шайх Жамол Бухорий, Шайх Сулаймон Разнавий, Шайх Худойдод, Шайх Матин, Шайх Қосим Карминий каби йирик атоқли мутасаввиф зотлар ҳам Занги ота силсиласига кирадилар.

Занги ота Ҳимматий (р.а.) Яссавия тариқатининг йирик шайхи, Мовароуннаҳр ва Хуросондаги буюк мутафаккир, атоқли мутасаввиф донишмандлардан бири сифатида ўзидан жуда кўп туркийзабон ва форсийзабон шоирларга тасаввуфий-ирфоний ҳамда маънавий жиҳатлардан катта таъсир ўтказган.

Биз бу ерда Занги ота (р.а.)нинг айрим кароматларини ва фазилатларини таърифлаб шеърлар ёзган шоирлардан фақат баъзи бирларинигина эслатиб ўтамиз. Масалан, туркий халқларнинг ардоқли, улкан инсонпарвар ижодкори, туркман халқининг улуғ мутафаккири ва мумтоз шоири Махтумқули Фироғий бир ажойиб шеърида Яссавия тариқати вакили Занги отани Нақшбандия тариқатининг асосчиси Хўжа Баҳоуддин Нақшбанд (р.а.) ва унинг устозларидан бири Саййид Амир Кулол (р.а.) билан биргаликда тилга олади ва юксак эъзозлайди.

Даҳистоннинг бағрида,

Боди сабони кўрсам.

Баҳовуддин, Миркулол,

Занги бобони кўрсам.

Хизр каби чўлларда,

Ғаввос каби кўлларда,

Илёс каби тоғларда

Яхши-ёмонни кўрсам...

Кўриниб турибдики, Занги ота (р.а.)нинг халқлар олдидаги улуғ ифтихорий хизматлари, инсонларга кўрсатган юксак олийҳиммати, ул бузруквор шайхнинг тахаллуси (Ҳимматий) билан уйғун ва мутаносиб равишда тилга олинган. Мазкур байтлар ва шунга ўхшаш шеърий сатрлар Туркистон шаҳарларида, жумладан, Тошкент шаҳрида яқин-яқинларгача дарвешлар томонидан (50-йилларда) авжи баланд пардаларда қироат этилар эди.

Шоир Камий Тошкандий Занги отанинг (р.а.) улуғ кароматлари, ажойиб фазилатларини тавсифлаб бир шеърида шундай деб ёзади:

Даргоҳи Ҳақ посбони ҳазрати Занги ато,

Сирри ғайби роздони ҳазрати Занги ато.

Эрдилар зоҳир сияҳфом ва лекин ботинан

Топдилар нуру зиёни ҳазрати Занги ато.

Турфа бир кашфи каромат кўргузуб даҳр аҳлига,

Олдилар Анбар анони ҳазрати Занги ато.

Юқорида номи зикр этилган шоир Камий Тошкандий бир шеърида Занги ота (р.а.)нинг тириклигида ижро этган зикри жаҳрийга ишоратан шундай деб ёзади:

Айлагайлар то мамотидан бери дар ҳар замон,

“Аллоҳ, Аллоҳ Раббанони” ҳазрати Занги ато.

Занги ота (р.а.) силсиласидаги Шайх Мансур отага бевосита мурид бўлган Ҳазиний асли туркистонлик мутасаввиф донишманддир. У ўз даврида Мовароуннаҳрнинг кўпгина шаҳарларида бўлган. Яссавия тариқати, унинг силсиласи одоблари ҳақида икки жилдлик “Жавоҳир ал-аброр мин амвож ул-баҳор” номли қимматли бир асар ёзган. Бу асарнинг биринчи жилди туркий, иккинчи жилди форсий тилда ёзилган. Ҳазиний ўз асарини Туркияда ёзиб, мазкур мамлакат султони Салим II (1566-1574)га тақдим этган. Яссавия тариқати ва Занги ота силсиласига оид мазкур асар ҳали ҳеч жойда чоп этилмаган. Ҳазрати Занги отанинг (р.а.) Тошкент билан Қовунчи (ҳозирги Янгийўл) оралиғидаги Занги ота қишлоғида жойлашган муборак марқадлари, унинг мухтасар тарихи ҳақида марҳум олим Абдуғани Абдулло (р.а.) шундай маълумот берганлар:

“Занги ота марқадлари Тошкент шаҳри яқинидаги шу номли қишлоқда жойлашган бўлиб, зиёратгоҳлари марқад ва унга кираверишдаги кичик бир масжиддан иборатдир. Уни Амир Темур қурдирган ва 1420 йилда Мирзо Улуғбек унинг устига ҳозирги пештоқни бино қилдирган. Унинг амри билан пештоқ тошга ушбу ҳадиси қудсий ёзиб қўйилган: “Менинг заминимдаги уйларим масжидлардир. Менинг зиёратчиларим эса уни обод қилувчилардир. Ҳар ким ўз уйида таҳорат қилиб, менинг уйимда зиёрат қилса, иззат ҳурматимга сазовордир...” XVII асрда бу ерга мадраса ва жомеъ масжиди қурилган, кўплаб талабалар таълим олганлар. XIX аср охирида Мирзо Рустам номли саҳоватли киши томонидан мавжуд мезана қурилган” (“Тошкент ҳақиқати” рўзномаси. 30 апрель 1991 йил).

Амир Темур томонидан Занги ота мақбарасининг қурилиши ҳақида халқ орасида бир неча ривоят ва нақллар мавжуд. Нақл қилинишича, Амир Темур навбатдаги юришга кетаётиб, Хожа Аҳмад Яссавий (р.а.)нинг муборак қабрларини зиёрат қиларкан, сафардан қайтгач бу ерга мақбара бино қилишни кўнглидан ўтказади.

Ниҳоят бир неча вақт ўтгач, Амир Темур сафардан қайтиб келади ва кўнглидаги эзгу ниятини амалга оширишга жазм қилади. Кўп ўтмай қурилиш бошланиб кетади. Яқин ўртада тайёр ғишт бўлмагани туфайли, соҳибқироннинг фармонига кўра, Самарқанд хумдонидан Туркистонга аскарлар ёнма-ён туриб, ғиштни қўлма-қўл узатган эканлар.

Мақбара лойиҳасига кўра, ер остидан пойдевор ишланиб, ер сатҳидан бир газ чамаси кўтарилган. Ўша кеч овқатдан сўнг, усталар мардикорлар ва ишбошчилар тезда уйқуга кетадилар. Эртаси тонг чоғида ҳамма уйқудан уйғониб, қурилиш майдонида юз берган ғайритабиий манзарага кўзлари тушиб, ҳанг-манг бўлиб қоладилар. Гап шундаки, кечаги қад кўтарган пойдевордан асар ҳам йўқ, ҳаммаси ғишт парчаларига айланиб, бузилиб ётарди.

Ишбошилар бу хунук воқеани ҳукмдор қулоғига етказмасликка уриниб, пойдеворни тезлик билан қайтадан тиклашга қарор қиладилар. Пойдевор қайтадан тикланади. Аммо эртасига эрталаб кўрадиларки, пойдевор яна аввалгидек топталиб, бузилиб ётади. Энди ҳукмдорга хабар беришдан бошқа илож қолмаган эди. Бинобарин, Амир Темур ҳузурига чопар юбордилар. Чопардан воқеа мазмунини эшитган ҳукмдор, иш бошқарувчиларга қуйидаги мазмунда фармойиш йўллайди: “Пойдеворни қайтадан тикланг ва тунда соқчилар қўйинг, токи ким бузаётгани маълум бўлғай”. Ҳукмдорнинг фармонига мувофиқ, иш бошқарувчилар пойдеворни қайтадан тиклаш учун уста-мардикорларга амр қиладилар. Пойдевор тикланади. Ўша кечаси пойдевор атрофига бир неча бақувват ва жасур кишиларни соқчи қилиб қўядилар ҳамда уларга эрталабгача ухламасдан атрофни кузатиб ётишни таъкидлайдилар.

Тун ярмидан оққан, ҳаммаёқ жимжит, чигирткаларнинг чириллаши-ю, узоқ-узоқлардан эшитилаётган итларнинг ҳуришигина сукунатни бузиб турарди. Кун бўйи оғир меҳнатдан толиққан кишилар сокин кечада уйқудан ором оладилар. Аммо посбонликка қўйилган соқчиларгина бу оромбахш ҳаловатдан маҳрум эдилар. Улар ётган жойларида мижжа қоқмай атрофни кузатардилар.

Ниҳоят, саҳар чоғида саҳро томондан бир катта баҳайбат кўк ҳўкиз шитоб билан пойдевор томон кела бошлайди. Унинг важоҳати ғоятда даҳшатли, қайрилган шохлари сузишга мойил, кўзлари чўғдек чақнар ва дамба-дам пишқиради. Соқчилар ҳўкизнинг ваҳшатию ҳатти-ҳаракатига сеҳрланиб, ақалли ўринларидан туришга ҳам мажоллари етмай, томошага машғул бўлиб қоладилар. Ҳўкиз қурилиш майдонига кириб, шохлари билан пойдеворларни бирин-кетин қўпориб бўлгач, сирли равишда кўздан ғойиб бўлади. Шундан сўнг эсларини йиғиб олган соқчилар ўринларидан туриб, бақириб-чақириб ҳўкизни қидира бошлайдилар. Олағовурдан уйқуда ётганларнинг барчаси уйғониб, яна аввалги манзарани кўрадилар ҳамда соқчилардан воқеани сўраб-суриштирадилар. Соқчилар кўрган-кечирганларини батафсил сўзлаб берадилар. Бу ғайритабиий воқеа ҳақида яна Амир Темур ҳузурига чопар юборадилар. Бу воқеадан Амир Темур воқиф бўлади. У ҳам ҳайратланиб, бунда бир сир бўлса керак ва уни аниқламоқ лозим, деган фикрга келади.

Шу кечаси тонгга яқин Амир Темур туш кўради. Тушида эгнига узун оқ яктак кийган, бошига оқ салла ўраган, оқ соқоллик бир мўйсафид Амир Темурга яқин келиб: “Эй Амир, мақбарани аввал Занги отага қургин, сўнгра Хожа Аҳмад Яссавийга қурасан. Шунда у бузилмайди. Чунки, Занги ота чақалоқлигида уни кўтариб олиб келиб, Хожа Аҳмад Яссавийга кўрсатишган ва ундан суюнчи сўрашган. Ўшанда ул зот суюнчига мендан олдин шу гўдакка мақбара қурилган. Сизлар мени ҳурмат қилиб келибсизлар. Бу гўдак мендан ҳам улуғ бўлсин, деб ҳиммат қилганлар. Занги отани топиш қийин эмас. Бунинг учун бир оқ туяни олиб, яхши ният билан йўлга қўйиб юборасизлар. Орқасидан кузатиб борасизлар. У албатта Занги отанинг қабрини топиб беради”, деб ғойиб бўлади.

Амир Темур тушидаги ғойибона суҳбатдан ҳайратланиб, эртаси куниёқ оқ туя топтириб, унинг орқасидан 4-5 нафар одамни кузатувчи қилиб жўнатади.

Оқ туя ва унинг издошлари (кузатиб келувчилар) бир неча кундуз йўл юришибди. Ниҳоят, Шош вилоятининг ҳозирги Занги ота қишлоғига етиб келишибди. Шу ерга келганда туя таққа тўхтабди. Сўнгра йўлдан бироз четроқ чиқиб тиз чўкибди ва у ёқ-бу ёққа аланглабди. Кузатувчилардан бири тезда отдан тушибди-да, туянинг атрофини қамчин билан белгилабди. (Айтишларича, шу белгиланган жойга дарвозахона (жиловхона) қурилган экан. Бу дарвозахона ҳозир ҳам бор. Занги отани зиёрат қилгани келувчилар ана шу дарвозахонадан ўтишади).

Туя шу чўкканча ўрнидан турмай, ўрмалаб юқори томон қўзғалаверибди. Кузатувчилар унинг ҳар бир ҳаракатига диққат билан қараб боришибди. Туя юз одимча ўрмалаб бориб тўхтабди. Бошини қибла томонга қўйиб оёқ-қўлини чўзибди, кейин бир наъра тортиб (бўкириб) жон берибди. Кузатувчилар туя ётган жойни чизиб белгилашибди.

Занги отанинг қабри шу ерда экан. Бўлган воқеани тезда Амир Темурга етказишибди. Амир Темур Занги ота мақбарасини зудлик билан қуришга фармон берибди. Мақбаранинг ғиштини Туркистондан олиб келишибди. Темурнинг лашкарлари Туркистондан Занги отага қатор туриб ғиштни қўлма-қўл узатишибди.

Занги ота (р.а.)нинг табаррук марқадлари қадим-қадимдан зиёратчилар билан гавжум бўлиб келган. Ўрта Осиёлик ва Афғонистонлик ихлосманд зиёратчиларнинг кети узилмаган, фақат кейинги етмиш йиллик Совет тузуми даврида зиёратгоҳлар ҳам, зиёратчилар ҳам таъқибга учрадилар. 1930 йилда Занги ота зиёратгоҳининг масжиди ёпиб қўйилди. 1945 йилда масжид расман очилган бўлса-да, 1946 йилга келиб, яна ёпиб қўйилди ва атеистик музейга айлантирилди. Ниҳоят, 1989 йилда мусулмонлар талабига кўра, мазкур жомеъ масжид ва зиёратгоҳ яна қайтадан очилди. Ҳозир бу табаррук масканга Ўрта Осиёнинг барча шаҳар ва қишлоқларидан зиёратчилар тўхтовсиз келиб турибдилар. Имом хатиб ва мутасаддилар улар хизматидадир.

Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, Занги ота Ҳимматий (р.а.) Яссавия тариқатидаги мўътабар ва йирик мутасаввиф машойихлардан бири бўлгани туфайли унинг алоҳида тариқати, одоб-қоидалари йўқдир. Яссавия тариқати одоблари унга ҳам тегишлидир.

ЮНЕСКО ташкилотининг махсус қарори билан Хожа Аҳмад Яссавий йили деб аталган 1993 йилда Занги ота (р.а.) зиёратгоҳида тантанали катта халқ сайли бўлиб ўтди. Мазкур тадбир республика Маънавият-тарғибот маркази ташаббуси билан Тошкент вилояти ҳокимияти раҳбарлигида ўтказилди.

Манбалар асосида Абдулҳамид Турсунов тайёрлади

Муслим.уз саҳифасидан олинди.

* * *

Hakim ota (Sulaymon Boqirg‘oniy) rahmatullohi alayhning eng yaqin shogirdi, xalifasi Zangi ota hazratlari tariqat shayxlaridan yuo‘lib, xalqni doimo dinu diyonatga, halollik, poklikka da’vat qilganlar.

Bu soha tarixiga nazar tashlasak, Qur’oni karim va hadisi sharifga tayangan tasavvuf bag‘rida qodiriya, yassaviya, kubraviya, suhravardiya, naqshbandiya, shozaliya, xilvatiya, mavlaviya, badaviya, dassuqiya, jilvatiya kabi bir qancha tariqatlar shakllandi, rivojlandi. Musulmon millatlari shu kabi tariqatlar ta’sirida ma’naviy kamolot hosil qilib keldilar va kelayotirlar. Islom dunyosi fan va madaniyatidan munosib o‘rin olgan Hazrat Imom A’zam, Hoja Ahmad Yassaviy, Imom G‘azzoliy, Yunus Emro, Najmiddin Kubro, Jaloliddin Rumiy, Bahouddin Naqshband, Faqih Abullays Samarqandiy, Abdurahmon Jomiy, Alisher Navoiy, So‘fi Olloyor, Boborahim Mashrab kabi ulug‘ siymolarga tasavvufning ma’naviy yetuklik pillapoyasi bo‘lib xizmat qilgani ma’lum. Shuning uchun ham bu tabarruk zotlar ruhan pok, axloqan komil, ma’rifatli, muhabbatli, taqvoli, solih, muxlis, muhsin, mushfiq va hikmat sohibi edilar. Ular har jabhada: dunyoviy va uxroviy ishlarda hazrat Rasululloh sollallohu alayhi va sallam ergashganliklari uchun ham nomlarini ehtirom bilan tilga olamiz. Zotan tasavvuf g‘oyalariga, u ilgari surgan talablarga nazar tashlasak, ular oyat va hadisga asoslanganini ko‘ramiz.

Diyorimizda tarqalgan yassaviya, kubraviya va naqshbandiya tariqatlarining har qaysisining o‘z uslubi, odobi va qoidalari bo‘lganidek, tariximiz sahifasida ham har birining alohida o‘rni bor. Ayniqsa, turkiy xalqlarni islomga, ilmu ma’rifatga da’vat qilgan, turkiy til, adabiyot va madaniyatni avlodlarga yetkazishda tashabbus ko‘rsatgan hazrat Yassaviy va izdoshlarining xizmatlarini alohida ta’kidlash lozim. Dunyo islom madaniyati va tasavvuf tarixida turk mashoyixlarining betakror va ibratli xizmatlari oltin harflar bilan bitib qoldirilgan. Bu sarhalqaning boshida albatta Piri Turkiston, shayxul mashoyix – Hazrat Ahmad Yassaviy (r.a.) turadilar. U kishining sharofatidan, “Devoni hikmat”larining ta’siridan Turkiston, Hindiston, Kichik Osiyo, Bolqon hududlarigacha islom dini kirib bordi, tasavvuf quloch otdi. G‘ayrimuslim yurtlar ma’nan fath etildi... U zotdan keyin Hakim ota, so‘ng Zangi otalar ham silsilani davom ettirib, xalqlarni Haq yo‘liga da’vat etdilar, ulug‘ xizmatlarni amalga oshirdilar.

Zangi ota (r.a.)ning ba’zi muridlari olimu fozillar, ba’zilari iqtidorli shoirlar bo‘lib, asarlari bilan ham tasavvuf g‘oyalarini tarqatganlar.

Zangi ota (r.a.)ning asli tug‘ilgan va yashagan maskani Shosh (Toshkent) viloyati bo‘lib, Toshkent bilan Qovunchi oralig‘idagi Zangi ota nomli qishloqdir. (Zangi ota Toshkent shahrining Samarqand darboza ko‘chasidagi Zangi ota mahallasida tug‘ilib o‘sgan degan taxminlar ham bor). Zangi otaning haqiqiy ismlari Oyxo‘ja ibn Toshxo‘jadir. Zangi iborasi bilan nisbat berilishi u kishining qora rang bo‘lganiga ishoradir.

Zangi ota (r.a.)ning otasi Toshxo‘ja, uning otasi Abdul Malik ota bo‘lib, ul zot o‘zining piri murshidi Mansur ota orqali Xoja Ahmad Yassaviy (r.a.)ga borib taqaladi. Toshxo‘janing o‘zi ham hazrat Yassaviyning xizmatlarida bo‘lib, ul tabarruk zotdan bevosita tasavvufiy-ma’naviy ta’limot va irshodot (yo‘llanma) olgan. Toshxo‘ja hijriy 615 (milodiy 1218) yilda vafot etgan.

Zangi ota (r.a.) islom olamidagi ulug‘ mutafakkir hamda mutasavvif donishmandlardan biri bo‘lib, uning nomi faqat Movarounnahrdagina emas, balki Xuroson xalqlari orasida ham ma’lum va mashhurdir. Zangi ota (Oyxo‘ja) yoshlik paytidan padari buzrukvori Toshxo‘ja huzurida ta’lim oladi. Otasi vafotidan so‘ng, Xoja Ahmad Yassaviyning to‘rtinchi xalifasi va sodiq shogirdi bo‘lmish Hakim ota huzuriga boradi. Bir necha yil ul zotning xizmatida bo‘lib, Yassaviya tariqatining sir-asrorlarini, odoblarini o‘rganadi, hamda ilmi zohiriy va ilmi botiniy yo‘riqlaridan voqif bo‘ladi.

Zangi ota Himmatiy (r.a.) va uning piri Hakim ota (r.a.)ning hayotlari bir-biri bilan chambarchas bog‘lanib ketgani tufayli biroz bo‘lsa-da Hakim ota haqida to‘xtab o‘tishni lozim topdik. Hakim otaning asl ismi Sulaymon bo‘lib, mashhur mutasavvif shoir Sulaymon Boqirg‘oniydir. “Hakim” ul kishiga laqabdir. “Rashahot aynul-hayot” asarining muallifi Faxriddin Ali Safiyning ma’lumotiga ko‘ra, Hakim ota asli xorazmlik bo‘lib, Baroqxonning go‘zal qizi Anbar onaga uylangan, ammo Hakim ota tarjimai holiga doir tarixiy asarlarda, jumladan “Muzakkir ul-ahbob” (“Do‘stlar haqida xotira”) nomli asarda Anbar ona Baroqxon emas, Bug‘roxon qizi deb keltiriladi.

Hakim otaning eng birinchi mashhur xalifasi, yuqorida zikr qilinganidek, buzrukvor Zangi ota Himmatiy (r.a.)dir. Bul zot arab naslidandir. Arslonbobo nasliga mansub bo‘lgani tufayli qora tanli, ushturlab (tuyalab), baquvvat, barvasta gavdali odam bo‘lgan. Zangi ota Hakim otadan tasavvufiy ilmlar bilan birga ilmi zohiriy va ilmi botiniydan ham ta’lim olib, yetuk donishmand hamda sohibi karomat darajasiga erishadi. Shundan so‘ng Zangi ota o‘z vatani – Shosh viloyatiga qaytib kelib, bu viloyatdagi aholini ilohiy-axloqiy, tasavvufiy-irfoniy yo‘l-yo‘riqlari bilan tarbiyalashga kirishadi, hamda ko‘plab ulug‘ mutasavvif olimlarni voyaga yetkazadi.

Zangi ota (r.a.) faqir va darveshsifat odam bo‘lib, odamlarning sigirlarini boqib, podachilik qilib, g‘aribona hayot kechirgan. Kundalik hayoti sahroda, podachilik bilan o‘tgani tufayli, namozni ham qiru adirda o‘qirdi. Namoz o‘qib bo‘lgach, zikri jahriyani boshlar edi.

Zangi ota (r.a.) 656 hijriy – 1258 milodiy yili vafot etadilar va hozirgi Zangi ota qishlog‘ida dafn etiladi. Bu joy nafaqat Shosh viloyati, balki butun Movarounnahr hamda Xurosondagi turkiy xalqlar uchun ziyoratgoh maskan hisoblanadi, hozir esa butun tuman Zangi ota nomi bilan ataladi.

Shunday qilib, Hasan otadan so‘ng Sayyid ota, Sadr ota va Badr otalar Zangi otaning muqtadir shogirdlari sifatida Shosh viloyatida ketma-ket o‘rinbosar masnadlarini egallaganlar. O‘z navbatida ular ham xaloyiqni poklik, mehnatsevarlik, halollik, adlu insof, oliyhimmatlilik va boshqa ilg‘or umuminsoniy yo‘llarga irshod etganlar.

Ismoil ota, Ishoq ota, Almamin bobo, Shayx Ali, Mavlud Shayx, Kamol Shayx, Xodim Shayx, Jamol Shoshiy, Hasan ibn Jamol, shayx pahlavon, Shayx Jamol Buxoriy, Shayx Sulaymon Raznaviy, Shayx Xudoydod, Shayx Matin, Shayx Qosim Karminiy kabi yirik atoqli mutasavvif zotlar ham Zangi ota silsilasiga kiradilar.

Zangi ota Himmatiy (r.a.) Yassaviya tariqatining yirik shayxi, Movarounnahr va Xurosondagi buyuk mutafakkir, atoqli mutasavvif donishmandlardan biri sifatida o‘zidan juda ko‘p turkiyzabon va forsiyzabon shoirlarga tasavvufiy-irfoniy hamda ma’naviy jihatlardan katta ta’sir o‘tkazgan.

Biz bu yerda Zangi ota (r.a.)ning ayrim karomatlarini va fazilatlarini ta’riflab she’rlar yozgan shoirlardan faqat ba’zi birlarinigina eslatib o‘tamiz. Masalan, turkiy xalqlarning ardoqli, ulkan insonparvar ijodkori, turkman xalqining ulug‘ mutafakkiri va mumtoz shoiri Maxtumquli Firog‘iy bir ajoyib she’rida Yassaviya tariqati vakili Zangi otani Naqshbandiya tariqatining asoschisi Xo‘ja Bahouddin Naqshband (r.a.) va uning ustozlaridan biri Sayyid Amir Kulol (r.a.) bilan birgalikda tilga oladi va yuksak e’zozlaydi.

Dahistonning bag‘rida,

Bodi saboni ko‘rsam.

Bahovuddin, Mirkulol,

Zangi boboni ko‘rsam.

Xizr kabi cho‘llarda,

G‘avvos kabi ko‘llarda,

Ilyos kabi tog‘larda

Yaxshi-yomonni ko‘rsam...

Ko‘rinib turibdiki, Zangi ota (r.a.)ning xalqlar oldidagi ulug‘ iftixoriy xizmatlari, insonlarga ko‘rsatgan yuksak oliyhimmati, ul buzrukvor shayxning taxallusi (Himmatiy) bilan uyg‘un va mutanosib ravishda tilga olingan. Mazkur baytlar va shunga o‘xshash she’riy satrlar Turkiston shaharlarida, jumladan, Toshkent shahrida yaqin-yaqinlargacha darveshlar tomonidan (50-yillarda) avji baland pardalarda qiroat etilar edi.

Shoir Kamiy Toshkandiy Zangi otaning (r.a.) ulug‘ karomatlari, ajoyib fazilatlarini tavsiflab bir she’rida shunday deb yozadi:

Dargohi Haq posboni hazrati Zangi ato,

Sirri g‘aybi rozdoni hazrati Zangi ato.

Erdilar zohir siyahfom va lekin botinan

Topdilar nuru ziyoni hazrati Zangi ato.

Turfa bir kashfi karomat ko‘rguzub dahr ahliga,

Oldilar Anbar anoni hazrati Zangi ato.

Yuqorida nomi zikr etilgan shoir Kamiy Toshkandiy bir she’rida Zangi ota (r.a.)ning tirikligida ijro etgan zikri jahriyga ishoratan shunday deb yozadi:

Aylagaylar to mamotidan beri dar har zamon,

“Alloh, Alloh Rabbanoni” hazrati Zangi ato.

Zangi ota (r.a.) silsilasidagi Shayx Mansur otaga bevosita murid bo‘lgan Haziniy asli turkistonlik mutasavvif donishmanddir. U o‘z davrida Movarounnahrning ko‘pgina shaharlarida bo‘lgan. Yassaviya tariqati, uning silsilasi odoblari haqida ikki jildlik “Javohir al-abror min amvoj ul-bahor” nomli qimmatli bir asar yozgan. Bu asarning birinchi jildi turkiy, ikkinchi jildi forsiy tilda yozilgan. Haziniy o‘z asarini Turkiyada yozib, mazkur mamlakat sultoni Salim II (1566-1574)ga taqdim etgan. Yassaviya tariqati va Zangi ota silsilasiga oid mazkur asar hali hech joyda chop etilmagan. Hazrati Zangi otaning (r.a.) Toshkent bilan Qovunchi (hozirgi Yangiyo‘l) oralig‘idagi Zangi ota qishlog‘ida joylashgan muborak marqadlari, uning muxtasar tarixi haqida marhum olim Abdug‘ani Abdullo (r.a.) shunday ma’lumot berganlar:

“Zangi ota marqadlari Toshkent shahri yaqinidagi shu nomli qishloqda joylashgan bo‘lib, ziyoratgohlari marqad va unga kiraverishdagi kichik bir masjiddan iboratdir. Uni Amir Temur qurdirgan va 1420 yilda Mirzo Ulug‘bek uning ustiga hozirgi peshtoqni bino qildirgan. Uning amri bilan peshtoq toshga ushbu hadisi qudsiy yozib qo‘yilgan: “Mening zaminimdagi uylarim masjidlardir. Mening ziyoratchilarim esa uni obod qiluvchilardir. Har kim o‘z uyida tahorat qilib, mening uyimda ziyorat qilsa, izzat hurmatimga sazovordir...” XVII asrda bu yerga madrasa va jome’ masjidi qurilgan, ko‘plab talabalar ta’lim olganlar. XIX asr oxirida Mirzo Rustam nomli sahovatli kishi tomonidan mavjud mezana qurilgan” (“Toshkent haqiqati” ro‘znomasi. 30 aprel 1991 yil).

Amir Temur tomonidan Zangi ota maqbarasining qurilishi haqida xalq orasida bir necha rivoyat va naqllar mavjud. Naql qilinishicha, Amir Temur navbatdagi yurishga ketayotib, Xoja Ahmad Yassaviy (r.a.)ning muborak qabrlarini ziyorat qilarkan, safardan qaytgach bu yerga maqbara bino qilishni ko‘nglidan o‘tkazadi.

Nihoyat bir necha vaqt o‘tgach, Amir Temur safardan qaytib keladi va ko‘nglidagi ezgu niyatini amalga oshirishga jazm qiladi. Ko‘p o‘tmay qurilish boshlanib ketadi. Yaqin o‘rtada tayyor g‘isht bo‘lmagani tufayli, sohibqironning farmoniga ko‘ra, Samarqand xumdonidan Turkistonga askarlar yonma-yon turib, g‘ishtni qo‘lma-qo‘l uzatgan ekanlar.

Maqbara loyihasiga ko‘ra, yer ostidan poydevor ishlanib, yer sathidan bir gaz chamasi ko‘tarilgan. O‘sha kech ovqatdan so‘ng, ustalar mardikorlar va ishboshchilar tezda uyquga ketadilar. Ertasi tong chog‘ida hamma uyqudan uyg‘onib, qurilish maydonida yuz bergan g‘ayritabiiy manzaraga ko‘zlari tushib, hang-mang bo‘lib qoladilar. Gap shundaki, kechagi qad ko‘targan poydevordan asar ham yo‘q, hammasi g‘isht parchalariga aylanib, buzilib yotardi.

Ishboshilar bu xunuk voqeani hukmdor qulog‘iga yetkazmaslikka urinib, poydevorni tezlik bilan qaytadan tiklashga qaror qiladilar. Poydevor qaytadan tiklanadi. Ammo ertasiga ertalab ko‘radilarki, poydevor yana avvalgidek toptalib, buzilib yotadi. Endi hukmdorga xabar berishdan boshqa iloj qolmagan edi. Binobarin, Amir Temur huzuriga chopar yubordilar. Chopardan voqea mazmunini eshitgan hukmdor, ish boshqaruvchilarga quyidagi mazmunda farmoyish yo‘llaydi: “Poydevorni qaytadan tiklang va tunda soqchilar qo‘ying, toki kim buzayotgani ma’lum bo‘lg‘ay”. Hukmdorning farmoniga muvofiq, ish boshqaruvchilar poydevorni qaytadan tiklash uchun usta-mardikorlarga amr qiladilar. Poydevor tiklanadi. O‘sha kechasi poydevor atrofiga bir necha baquvvat va jasur kishilarni soqchi qilib qo‘yadilar hamda ularga ertalabgacha uxlamasdan atrofni kuzatib yotishni ta’kidlaydilar.

Tun yarmidan oqqan, hammayoq jimjit, chigirtkalarning chirillashi-yu, uzoq-uzoqlardan eshitilayotgan itlarning hurishigina sukunatni buzib turardi. Kun bo‘yi og‘ir mehnatdan toliqqan kishilar sokin kechada uyqudan orom oladilar. Ammo posbonlikka qo‘yilgan soqchilargina bu orombaxsh halovatdan mahrum edilar. Ular yotgan joylarida mijja qoqmay atrofni kuzatardilar.

Nihoyat, sahar chog‘ida sahro tomondan bir katta bahaybat ko‘k ho‘kiz shitob bilan poydevor tomon kela boshlaydi. Uning vajohati g‘oyatda dahshatli, qayrilgan shoxlari suzishga moyil, ko‘zlari cho‘g‘dek chaqnar va damba-dam pishqiradi. Soqchilar ho‘kizning vahshatiyu hatti-harakatiga sehrlanib, aqalli o‘rinlaridan turishga ham majollari yetmay, tomoshaga mashg‘ul bo‘lib qoladilar. Ho‘kiz qurilish maydoniga kirib, shoxlari bilan poydevorlarni birin-ketin qo‘porib bo‘lgach, sirli ravishda ko‘zdan g‘oyib bo‘ladi. Shundan so‘ng eslarini yig‘ib olgan soqchilar o‘rinlaridan turib, baqirib-chaqirib ho‘kizni qidira boshlaydilar. Olag‘ovurdan uyquda yotganlarning barchasi uyg‘onib, yana avvalgi manzarani ko‘radilar hamda soqchilardan voqeani so‘rab-surishtiradilar. Soqchilar ko‘rgan-kechirganlarini batafsil so‘zlab beradilar. Bu g‘ayritabiiy voqea haqida yana Amir Temur huzuriga chopar yuboradilar. Bu voqeadan Amir Temur voqif bo‘ladi. U ham hayratlanib, bunda bir sir bo‘lsa kerak va uni aniqlamoq lozim, degan fikrga keladi.

Shu kechasi tongga yaqin Amir Temur tush ko‘radi. Tushida egniga uzun oq yaktak kiygan, boshiga oq salla o‘ragan, oq soqollik bir mo‘ysafid Amir Temurga yaqin kelib: “Ey Amir, maqbarani avval Zangi otaga qurgin, so‘ngra Xoja Ahmad Yassaviyga qurasan. Shunda u buzilmaydi. Chunki, Zangi ota chaqaloqligida uni ko‘tarib olib kelib, Xoja Ahmad Yassaviyga ko‘rsatishgan va undan suyunchi so‘rashgan. O‘shanda ul zot suyunchiga mendan oldin shu go‘dakka maqbara qurilgan. Sizlar meni hurmat qilib kelibsizlar. Bu go‘dak mendan ham ulug‘ bo‘lsin, deb himmat qilganlar. Zangi otani topish qiyin emas. Buning uchun bir oq tuyani olib, yaxshi niyat bilan yo‘lga qo‘yib yuborasizlar. Orqasidan kuzatib borasizlar. U albatta Zangi otaning qabrini topib beradi”, deb g‘oyib bo‘ladi.

Amir Temur tushidagi g‘oyibona suhbatdan hayratlanib, ertasi kuniyoq oq tuya toptirib, uning orqasidan 4-5 nafar odamni kuzatuvchi qilib jo‘natadi.

Oq tuya va uning izdoshlari (kuzatib keluvchilar) bir necha kunduz yo‘l yurishibdi. Nihoyat, Shosh viloyatining hozirgi Zangi ota qishlog‘iga yetib kelishibdi. Shu yerga kelganda tuya taqqa to‘xtabdi. So‘ngra yo‘ldan biroz chetroq chiqib tiz cho‘kibdi va u yoq-bu yoqqa alanglabdi. Kuzatuvchilardan biri tezda otdan tushibdi-da, tuyaning atrofini qamchin bilan belgilabdi. (Aytishlaricha, shu belgilangan joyga darvozaxona (jilovxona) qurilgan ekan. Bu darvozaxona hozir ham bor. Zangi otani ziyorat qilgani keluvchilar ana shu darvozaxonadan o‘tishadi).

Tuya shu cho‘kkancha o‘rnidan turmay, o‘rmalab yuqori tomon qo‘zg‘alaveribdi. Kuzatuvchilar uning har bir harakatiga diqqat bilan qarab borishibdi. Tuya yuz odimcha o‘rmalab borib to‘xtabdi. Boshini qibla tomonga qo‘yib oyoq-qo‘lini cho‘zibdi, keyin bir na’ra tortib (bo‘kirib) jon beribdi. Kuzatuvchilar tuya yotgan joyni chizib belgilashibdi.

Zangi otaning qabri shu yerda ekan. Bo‘lgan voqeani tezda Amir Temurga yetkazishibdi. Amir Temur Zangi ota maqbarasini zudlik bilan qurishga farmon beribdi. Maqbaraning g‘ishtini Turkistondan olib kelishibdi. Temurning lashkarlari Turkistondan Zangi otaga qator turib g‘ishtni qo‘lma-qo‘l uzatishibdi.

Zangi ota (r.a.)ning tabarruk marqadlari qadim-qadimdan ziyoratchilar bilan gavjum bo‘lib kelgan. O‘rta Osiyolik va Afg‘onistonlik ixlosmand ziyoratchilarning keti uzilmagan, faqat keyingi yetmish yillik Sovet tuzumi davrida ziyoratgohlar ham, ziyoratchilar ham ta’qibga uchradilar. 1930 yilda Zangi ota ziyoratgohining masjidi yopib qo‘yildi. 1945 yilda masjid rasman ochilgan bo‘lsa-da, 1946 yilga kelib, yana yopib qo‘yildi va ateistik muzeyga aylantirildi. Nihoyat, 1989 yilda musulmonlar talabiga ko‘ra, mazkur jome’ masjid va ziyoratgoh yana qaytadan ochildi. Hozir bu tabarruk maskanga O‘rta Osiyoning barcha shahar va qishloqlaridan ziyoratchilar to‘xtovsiz kelib turibdilar. Imom xatib va mutasaddilar ular xizmatidadir.

Shuni alohida ta’kidlash lozimki, Zangi ota Himmatiy (r.a.) Yassaviya tariqatidagi mo‘‘tabar va yirik mutasavvif mashoyixlardan biri bo‘lgani tufayli uning alohida tariqati, odob-qoidalari yo‘qdir. Yassaviya tariqati odoblari unga ham tegishlidir.

YuNYeSKO tashkilotining maxsus qarori bilan Xoja Ahmad Yassaviy yili deb atalgan 1993 yilda Zangi ota (r.a.) ziyoratgohida tantanali katta xalq sayli bo‘lib o‘tdi. Mazkur tadbir respublika Ma’naviyat-targ‘ibot markazi tashabbusi bilan Toshkent viloyati hokimiyati rahbarligida o‘tkazildi.

Manbalar asosida Abdulhamid Tursunov tayyorladi

Muslim.uz sahifasidan olindi.

Мулоҳазалар   

#1 mahmatqul 07.10.2017 02:57
Рахмат хизматингизни аллох ярлокосин
Иқтибос олиш