Ғорда қолганлар қиссаси

Рукн: Ибрат Чоп этилган: 29.01.2015

Ибн Умар айтадилар: «Расулуллоҳ бундай марҳамат қилдилар: “Сиздан олдин яшаганлардан уч киши йўлга чиқишди. (Кун ботгач) тунаш учун бир ғорга кирганларида, тоғдан бир харсангтош думалаб тушиб, ғорнинг оғзини ёпиб қўйди. Улар ўзаро: “Сизларни бу харсангтошдан фақат эзгу амалларингизни шафоатчи этиб Аллоҳ таолога қиладиган дуоларинг қутқара олади”, дейишди. Улардан бири бундай деди: “Менинг кекса, қари ота-онам бор эди. Мен уларга жуда ғамхўрлик қилар, кеч тушганида доимо олдин уларни овқатлантириб, сўнг болаларим ва ҳайвонларимни едириб-ичирардим. Бир куни ўтин ахтариб узоқларга кетиб қолдим. Уйга қайтганимда икковлари ҳам ухлаб қолишган экан. Улар учун сут соғдим. Ҳамон ухлаётган эдилар. Улардан илгари болаларим ва ҳайвонларимни озиқлантиришни маъқул кўрмадим. Уларни уйғотишга кўзим қиймади. Болаларим кеч қолганим учун (очликдан) оёғим остида бўзлашарди. Мен эса қўлимда сут қуйилган идиш билан ота-онамнинг уйғонишларини кутардим. Шундай ҳолатда тонг отди. Парвардигоро, бу ишни Сенинг розилигинг учун қилганимни биламан, йўлимизни тўсган бу тошдан бизни қутқар!”

Тош озгина сурилди. Бироқ улар чиқиб кетадиган даражада эмасди. Иккинчилари деди: “Менинг амакимнинг қизи бор эди. Уни ҳаммадан кўп севардим. Унинг васлидан баҳраманд бўлишни хоҳладим. Аммо у бунга кўнмади. Кунларнинг бирида у йўқсилликка учради, мендан ёрдам сўрашга мажбур бўлди. Истагимга кўниши шарти билан унга бир юз йигирма динор бердим. У қабул қилди. Орзуимга эришадиган пайтим: “Аллоҳ таолонинг муҳрини ноҳақ бузишинг ҳалол эмас!” деди. Мен унга тегинишдан тийилдим ва одамлар орасида энг суйганим бўлишига қарамай, уни ўз ҳолига қўйдим. Олтинларни унда қолдирдим. Ё Аллоҳ, буни Сенинг ризойи шарифинг учун қилган эдим, бизни бу қийинчиликдан қутқар.

Тош яна бир оз силжиди. Лекин улар чиқиб кетадиган даражада очилмади. Учинчилари сўз бошлади: “Мен ишчилар ишлатардим. Ҳақларини ҳам дарҳол берардим. Аммо улардан бири ҳақини олмай, кетиб қолди. Мен унинг пулини ишга солиб кўпайтирдим. Орадан вақт ўтиб, у келди ва: “Эй Аллоҳнинг бандаси, менинг ҳақимни бер”, деди. Мен: “Мана шу кўриб турганинг мол, эчки, туя ва қулларнинг бари сеники. Уларни олиб кетавер”, дедим. У: “Эй Аллоҳнинг бандаси, менинг устимдан кулма!” деди. Мен: “Устингдан кулаётганим йўқ, ростдан ҳам улар сеники, олиб кетавер!” дедим. У ҳамма нарсани олиб кетди. Парвардигоро, буларни Сенинг розилигинг учун қилган эдим, бизга бу ҳолатдан қутулишни насиб эт!”

Харсангтош (яна бир оз) сурилди ва улар ғордан чиқиб, йўлларида давом этдилар”» (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).

Шарҳ:

I. Баъзи ривоятларда келишича, бу уч йўловчи пиёда кетаётганларида ёмғир ёғиб қолган ва шу сабабли ғорга беркинишган. Биз шарҳ қилаётган ривоятда эса, кечаси тунаш учун ғорга кирганлари баён этилган. Бу икки ривоятни умумлаштирсак, улар кечаси ёмғирга йўлиққан бўлишлари мумкин.

II. Ҳадисда Аллоҳ таоло ҳузурида мақбул учта яхши ахлоқ баён этилган:

1. Ота-онага ҳурмат, уларнинг ҳақларига риоя қилиш.

2. Аллоҳ розилиги учун инсонларнинг иффатини сақлаш.

3. Бировнинг ҳақига риоя қилиш. Бошқаларнинг молини ўз моли каби асраш. Бу амалларни мақбул қилган омил уларни ихлос билан Ҳақ ризоси учун бажарилганидир. Зеро, ҳадисда амалларда ихлоснинг муҳимлиги алоҳида таъкидланган.

Биз шарҳлаётган ҳадис ривоятида ишчининг ҳақи миқдори аниқ айтилмаган. Аммо бошқа ривоятларда бу бир фарақ гуруч экани айтилган. Яна бошқа ривоятларда бу хусусни очиб берувчи қўшимчалар келган ва йиллар ўтиб, ҳақини олгани келган ишчига ўн минг дирҳам бергани баён этилган.

4. Ҳадисда, шунингдек, гуноҳларни бир нуқтада тарк этиш, шу пайтгача давом этган ўтмишнинг кечирилишига сабаб бўлиши ҳам ифода этилган. Амакисининг қизидан сўнгги дамда қўлини тортиши унинг ўша пайтгача қилган гуноҳлари кечирилишига олиб келди ва ана шу тийилиш дуосини қабулига сабаб бўлди.

5. Тавба қабул бўлса, барча қилмишларнинг кечирилишига сабаб бўлишини ҳам ҳадисдан билиб олиш мумкин.

6. Солиҳ кишилардан баъзан каромат содир бўлиши ҳақдир.

7. Омонатни адо этиш улкан фазилатдир.

8. Ўтган умматлар орасида содир бўлган воқеа-ҳодисаларни ибрат учун айтиш мумкин.

Манбалар асосида Содиқ Носир тайёрлади.

“Ҳидоят” журналининг 2012 йил, 11-сонидан олинди.


* * *

Ibn Umar aytadilar: «Rasululloh bunday marhamat qildilar: “Sizdan oldin yashaganlardan uch kishi yo‘lga chiqishdi. (Kun botgach) tunash uchun bir g‘orga kirganlarida, tog‘dan bir xarsangtosh dumalab tushib, g‘orning og‘zini yopib qo‘ydi. Ular o‘zaro: “Sizlarni bu xarsangtoshdan faqat ezgu amallaringizni shafoatchi etib Alloh taologa qiladigan duolaring qutqara oladi”, deyishdi. Ulardan biri bunday dedi: “Mening keksa, qari ota-onam bor edi. Men ularga juda g‘amxo‘rlik qilar, kech tushganida doimo oldin ularni ovqatlantirib, so‘ng bolalarim va hayvonlarimni yedirib-ichirardim. Bir kuni o‘tin axtarib uzoqlarga ketib qoldim. Uyga qaytganimda ikkovlari ham uxlab qolishgan ekan. Ular uchun sut sog‘dim. Hamon uxlayotgan edilar. Ulardan ilgari bolalarim va hayvonlarimni oziqlantirishni ma’qul ko‘rmadim. Ularni uyg‘otishga ko‘zim qiymadi. Bolalarim kech qolganim uchun (ochlikdan) oyog‘im ostida bo‘zlashardi. Men esa qo‘limda sut quyilgan idish bilan ota-onamning uyg‘onishlarini kutardim. Shunday holatda tong otdi. Parvardigoro, bu ishni Sening roziliging uchun qilganimni bilaman, yo‘limizni to‘sgan bu toshdan bizni qutqar!”

Tosh ozgina surildi. Biroq ular chiqib ketadigan darajada emasdi. Ikkinchilari dedi: “Mening amakimning qizi bor edi. Uni hammadan ko‘p sevardim. Uning vaslidan bahramand bo‘lishni xohladim. Ammo u bunga ko‘nmadi. Kunlarning birida u yo‘qsillikka uchradi, mendan yordam so‘rashga majbur bo‘ldi. Istagimga ko‘nishi sharti bilan unga bir yuz yigirma dinor berdim. U qabul qildi. Orzuimga erishadigan paytim: “Alloh taoloning muhrini nohaq buzishing halol emas!” dedi. Men unga teginishdan tiyildim va odamlar orasida eng suyganim bo‘lishiga qaramay, uni o‘z holiga qo‘ydim. Oltinlarni unda qoldirdim. Yo Alloh, buni Sening rizoyi sharifing uchun qilgan edim, bizni bu qiyinchilikdan qutqar.

Tosh yana bir oz siljidi. Lekin ular chiqib ketadigan darajada ochilmadi. Uchinchilari so‘z boshladi: “Men ishchilar ishlatardim. Haqlarini ham darhol berardim. Ammo ulardan biri haqini olmay, ketib qoldi. Men uning pulini ishga solib ko‘paytirdim. Oradan vaqt o‘tib, u keldi va: “Ey Allohning bandasi, mening haqimni ber”, dedi. Men: “Mana shu ko‘rib turganing mol, echki, tuya va qullarning bari seniki. Ularni olib ketaver”, dedim. U: “Ey Allohning bandasi, mening ustimdan kulma!” dedi. Men: “Ustingdan kulayotganim yo‘q, rostdan ham ular seniki, olib ketaver!” dedim. U hamma narsani olib ketdi. Parvardigoro, bularni Sening roziliging uchun qilgan edim, bizga bu holatdan qutulishni nasib et!”

Xarsangtosh (yana bir oz) surildi va ular g‘ordan chiqib, yo‘llarida davom etdilar”» (Imom Buxoriy va Imom Muslim rivoyati).

Sharh:

I. Ba’zi rivoyatlarda kelishicha, bu uch yo‘lovchi piyoda ketayotganlarida yomg‘ir yog‘ib qolgan va shu sababli g‘orga berkinishgan. Biz sharh qilayotgan rivoyatda esa, kechasi tunash uchun g‘orga kirganlari bayon etilgan. Bu ikki rivoyatni umumlashtirsak, ular kechasi yomg‘irga yo‘liqqan bo‘lishlari mumkin.

II. Hadisda Alloh taolo huzurida maqbul uchta yaxshi axloq bayon etilgan:

1. Ota-onaga hurmat, ularning haqlariga rioya qilish.

2. Alloh roziligi uchun insonlarning iffatini saqlash.

3. Birovning haqiga rioya qilish. Boshqalarning molini o‘z moli kabi asrash. Bu amallarni maqbul qilgan omil ularni ixlos bilan Haq rizosi uchun bajarilganidir. Zero, hadisda amallarda ixlosning muhimligi alohida ta’kidlangan.

Biz sharhlayotgan hadis rivoyatida ishchining haqi miqdori aniq aytilmagan. Ammo boshqa rivoyatlarda bu bir faraq guruch ekani aytilgan. Yana boshqa rivoyatlarda bu xususni ochib beruvchi qo‘shimchalar kelgan va yillar o‘tib, haqini olgani kelgan ishchiga o‘n ming dirham bergani bayon etilgan.

4. Hadisda, shuningdek, gunohlarni bir nuqtada tark etish, shu paytgacha davom etgan o‘tmishning kechirilishiga sabab bo‘lishi ham ifoda etilgan. Amakisining qizidan so‘nggi damda qo‘lini tortishi uning o‘sha paytgacha qilgan gunohlari kechirilishiga olib keldi va ana shu tiyilish duosini qabuliga sabab bo‘ldi.

5. Tavba qabul bo‘lsa, barcha qilmishlarning kechirilishiga sabab bo‘lishini ham hadisdan bilib olish mumkin.

6. Solih kishilardan ba’zan karomat sodir bo‘lishi haqdir.

7. Omonatni ado etish ulkan fazilatdir.

8. O‘tgan ummatlar orasida sodir bo‘lgan voqea-hodisalarni ibrat uchun aytish mumkin.

Manbalar asosida Sodiq Nosir tayyorladi.

“Hidoyat” jurnalining 2012 yil, 11-sonidan olindi.