Тиланчига йўл кўрсатган Пайғамбар (с.а.в.)

Рукн: Ибрат Чоп этилган: 04.09.2017

Ансорлардан бир киши Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига келиб бир егулик сўради.

— Уйингда бирор нарса йўқми? — сўрадилар жаноб саллаллоҳу алайҳи ва саллам.

— Намат бор — бир қисмини ёпиниб, бир қисмини тагимизга тўшаймиз. Яна бир дона коса бор — сув ичиб турамиз, — жавоб берди аъробий.

— Уларни менга олиб кел, — дедилар саллаллоҳу алайҳи ва саллам. Олиб келгач қўлларига олиб туриб:

— Мана буларни ким сотиб олади? — дедилар.

— Мен бир дирҳамга сотиб оламан! — деди бир киши.

— Мен икки дирҳамга сотиб оламан! — деди иккинчиси.

Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ўшанисига сотиб икки дирҳамни олдилар ва ансорийга бериб:

— Бир дирҳамга аҳлинг учун егулик сотиб ол, яна бир дирҳамига эса болта сотиб олиб менга олиб кел, — дедилар. Олиб келган эди Расули акрам саллаллоҳу алайҳи ва саллам унга ёғочдан соп қилиб бердилар. Сўнг:

— Бор, ўтин қил. Ўн беш кунгача мен сени кўрмай! — дедилар. Аъробий Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг айтганларини қилиб келди. Бу вақт мобайнида ўн беш дирҳам фойда қилиб, бир қисмига озиқ-овқат, қолганига кийим кечак сотиб олди.

— Мана бу ишинг қиёмат кунида сўраганларинг юзингга доғ бўлганидан кўра яхшироқдир, — дедилар Сарвари коинот саллаллоҳу алайҳи ва саллам.

Шайх Аҳмад Муҳаммад Ассофнинг “Қабасотун мин ҳаётир-Расул” китобидан Шаҳобиддин Парпиев таржимаси.

Ansorlardan bir kishi Rasululloh sallallohu alayhi va sallamning huzurlariga kelib bir yegulik so‘radi.

— Uyingda biror narsa yo‘qmi? — so‘radilar janob sallallohu alayhi va sallam.

— Namat bor — bir qismini yopinib, bir qismini tagimizga to‘shaymiz. Yana bir dona kosa bor — suv ichib turamiz, — javob berdi a’robiy.

— Ularni menga olib kel, — dedilar sallallohu alayhi va sallam. Olib kelgach qo‘llariga olib turib:

— Mana bularni kim sotib oladi? — dedilar.

— Men bir dirhamga sotib olaman! — dedi bir kishi.

— Men ikki dirhamga sotib olaman! — dedi ikkinchisi.

Rasululloh sallallohu alayhi va sallam o‘shanisiga sotib ikki dirhamni oldilar va ansoriyga berib:

— Bir dirhamga ahling uchun yegulik sotib ol, yana bir dirhamiga esa bolta sotib olib menga olib kel, — dedilar. Olib kelgan edi Rasuli akram sallallohu alayhi va sallam unga yog‘ochdan sop qilib berdilar. So‘ng:

— Bor, o‘tin qil. O‘n besh kungacha men seni ko‘rmay! — dedilar. A’robiy Rasululloh sallallohu alayhi va sallamning aytganlarini qilib keldi. Bu vaqt mobaynida o‘n besh dirham foyda qilib, bir qismiga oziq-ovqat, qolganiga kiyim kechak sotib oldi.

— Mana bu ishing qiyomat kunida so‘raganlaring yuzingga dog‘ bo‘lganidan ko‘ra yaxshiroqdir, — dedilar Sarvari koinot sallallohu alayhi va sallam.

Shayx Ahmad Muhammad Assofning “Qabasotun min hayotir-Rasul” kitobidan Shahobiddin Parpiev tarjimasi.

Мулоҳаза қўшиш


Ҳимоя коди
Янгилаш