Аллоҳнинг қиличи

Рукн: Ибрат Чоп этилган: 04.09.2017

Араблар ва Рум ўртасида Ярмук ғазоти бўлганида Рум лашкарининг орасидан Жаража исмли арман қўмондон ўн икки минг аскарлик сафнинг олдига чиқди. Икки лашкарнинг ўртасида туриб бақирди:

— Менинг олдимга Холид чиқсин!

Холид ибн Валид разияллоҳу анҳу чиқди. Икки лакарбоши аскарлардан алоҳида турдилар. Жаража сўз бошлади:

— Эй Холид! Менга фақат тўғри сўзла! Ёлғон гапирма! Чунки ҳур инсон ёлғон гапирмайди. Мени алдама! Чунки олийжаноб инсонлар вакилларни алдамайди. Аллоҳ сизларнинг пайғамбарларингизга осмондан қилич тушириб, уни сенга берганми? Ва ўша қилич туфайли ҳеч ким сенга ғолиб кела олмай фақат мағлуб бўладими?

— Йўқ! — деди Холид разияллоҳу анҳу.

— Унда нега “Сайфуллоҳ” (Аллоҳнинг қиличи) номини олгансан?

— Аллоҳ таоло бизларга пайғамбарини юборди. Мен у зотни ёлғонга тутган ва у зотга қарши жанг қилганлардан бўлдим. Кейин Аллоҳ мени ҳидоят қилди, мен у зотга эргашдим. Жаноб саллаллоҳу алайҳи ва саллам менга: “Сен Аллоҳ мушрикларга мусаллат қилган қиличлардан бир қиличсан” — деб менга нусрат сўраб дуо қилдилар.

— Сизларга ижобат қилган ва сизларга қўшилганларнинг мақоми қандай бўлади?

— Бизлар билан бир мақомда бўлади, — жавоб берди Холид разияллоҳу анҳу.

— Унга ҳам сизлар каби ажр ва улуш бўладими? — сўради яна Жаража.

— Ҳа. Ҳатто афзалроқ ҳам. Чунки бизлар Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳаётлик пайтларида, бизларга ғайбнинг хабарларини бериб турганларида, у зотдан ажойибот ва мўъжизаларни кўриб туриб эргашдик. Биз кўрганларимизни кўрган, эшитганларимизни эшитганларга мусулмон бўлиш шарт бўлади. Сизлар эса бизга ўхшаб кўрмадиларингиз ва эшитмадиларингиз. Кимки холис ният ила динимизга кирса ва тасдиқласа, бизлардан ҳам афзал бўлади! — деди Холид ибн Валид.

Шундан сўнг Жаража қалқонини олди ва Холид ибн Валид томон яқинлашди.

— Менга Исломга киришни ўргат!

Холид разияллоҳу анҳу уни чодрасига етаклаб борди. Мешдан сув қуйиб турди. Жаража мусулмон бўлиб, ғусл қилиб икки ракат намоз ўқиди. Кейин Холид ибн Валид розияллоҳу анҳу билан бирга кун оғгандан оқшомга яқин бўлгунча жанг қилди. Шундан сўнг шаҳид бўлди.

Шайх Аҳмад Муҳаммад Ассофнинг “Қабасотун мин ҳаётир-Расул” китобидан Шаҳобиддин Парпиев таржимаси.

Arablar va Rum o‘rtasida Yarmuk g‘azoti bo‘lganida Rum lashkarining orasidan Jaraja ismli arman qo‘mondon o‘n ikki ming askarlik safning oldiga chiqdi. Ikki lashkarning o‘rtasida turib baqirdi:

— Mening oldimga Xolid chiqsin!

Xolid ibn Valid raziyallohu anhu chiqdi. Ikki lakarboshi askarlardan alohida turdilar. Jaraja so‘z boshladi:

— Ey Xolid! Menga faqat to‘g‘ri so‘zla! Yolg‘on gapirma! Chunki hur inson yolg‘on gapirmaydi. Meni aldama! Chunki oliyjanob insonlar vakillarni aldamaydi. Alloh sizlarning payg‘ambarlaringizga osmondan qilich tushirib, uni senga berganmi? Va o‘sha qilich tufayli hech kim senga g‘olib kela olmay faqat mag‘lub bo‘ladimi?

— Yo‘q! — dedi Xolid raziyallohu anhu.

— Unda nega “Sayfulloh” (Allohning qilichi) nomini olgansan?

— Alloh taolo bizlarga payg‘ambarini yubordi. Men u zotni yolg‘onga tutgan va u zotga qarshi jang qilganlardan bo‘ldim. Keyin Alloh meni hidoyat qildi, men u zotga ergashdim. Janob sallallohu alayhi va sallam menga: “Sen Alloh mushriklarga musallat qilgan qilichlardan bir qilichsan” — deb menga nusrat so‘rab duo qildilar.

— Sizlarga ijobat qilgan va sizlarga qo‘shilganlarning maqomi qanday bo‘ladi?

— Bizlar bilan bir maqomda bo‘ladi, — javob berdi Xolid raziyallohu anhu.

— Unga ham sizlar kabi ajr va ulush bo‘ladimi? — so‘radi yana Jaraja.

— Ha. Hatto afzalroq ham. Chunki bizlar Payg‘ambarimiz sallallohu alayhi va sallam hayotlik paytlarida, bizlarga g‘aybning xabarlarini berib turganlarida, u zotdan ajoyibot va mo‘‘jizalarni ko‘rib turib ergashdik. Biz ko‘rganlarimizni ko‘rgan, eshitganlarimizni eshitganlarga musulmon bo‘lish shart bo‘ladi. Sizlar esa bizga o‘xshab ko‘rmadilaringiz va eshitmadilaringiz. Kimki xolis niyat ila dinimizga kirsa va tasdiqlasa, bizlardan ham afzal bo‘ladi! — dedi Xolid ibn Valid.

Shundan so‘ng Jaraja qalqonini oldi va Xolid ibn Valid tomon yaqinlashdi.

— Menga Islomga kirishni o‘rgat!

Xolid raziyallohu anhu uni chodrasiga yetaklab bordi. Meshdan suv quyib turdi. Jaraja musulmon bo‘lib, g‘usl qilib ikki rakat namoz o‘qidi. Keyin Xolid ibn Valid roziyallohu anhu bilan birga kun og‘gandan oqshomga yaqin bo‘lguncha jang qildi. Shundan so‘ng shahid bo‘ldi.

Shayx Ahmad Muhammad Assofning “Qabasotun min hayotir-Rasul” kitobidan Shahobiddin Parpiev tarjimasi.

Мулоҳаза қўшиш


Ҳимоя коди
Янгилаш