Бузғунчи оқимларнинг сохта даъволарига раддиялар

Рукн: Долзарб мавзу Чоп этилган: 20.01.2015

Диний билими ўта саёз, турли фитна-фасод қўзғайдиган фикрлар ва ғояларни содда халқ онгига сингдиришга уринадиган чаласавод кимсаларга эргашиб кетмасликлари учун ёшларни тўғри йўлга солиш ва ҳушёрликка чорлаш, айниқса, биз уламолар, имом-хатибларнинг асосий бурчимиздир.

Хорижийлар, қадарийлар, муржиийлар, рофизийлар, жаҳмийлар ва мўътазила каби фирқа ва оқимлар Исломнинг илк асрларида юзага келган бўлса, ХХ ва ХХI асрларда ҳизбут таҳрир, нурчилар, салафийлар, жиҳодчилар, такфирчилар ва ҳижратчилар каби ўнлаб адашган оқимлар пайдо бўлиб, дунё мусулмонлари ўртасида бузғунчилик қилишяпти. Турли жанжаллар, низолар чиқишига сабаб бўлмоқда.

Ҳижрат масаласида. Ҳижрат икки хил бўлади. Биринчиси: дин ва ҳаёт муҳофазаси йўлида амалга ошириладиган маконий ҳижрат бўлиб, унга тааллуқли бир қатор оят ва ҳадислар ворид бўлган. Аллоҳ таоло бундай дейди:

“Зулму қийноқларга дучор бўлганларидан сўнг Аллоҳ йўлида ҳижрат қилган зотларни, албатта, бу дунёда ҳам гўзал (гўшаларга) жойлаштирурмиз. Энди охират ажри мукофоти янада каттароқ эканини (одамлар) билсалар эди!” (Наҳл, 41).

Шу мазмундаги оятлар Нисо (100-оят), Анфол (74-оят), Наҳл (110-оят) сураларида бор.

Иккинчиси: гуноҳ-маъсиятларни тарк этиш. Шу маънодаги ҳижрат тўғрисида Пайғамбаримиз Муҳаммад бир қатор кўрсатмаларни баён қилганлар. Жумладан, Имом Бухорий ривоят қилган ҳадисда У зот: “Тили ва қўлидан мусулмонлар саломат бўлган инсон ҳақиқий мусулмондир. Аллоҳ таоло қайтарган нарсаларни тарк қилган инсон ҳақиқий муҳожирдир”, дейдилар. Имом Байҳақий Ибн Умардан ривоят қилган ҳадисда: “Ҳижратнинг энг афзали – Раббинг ёмон кўрган нарсани тарк этмоғингдир”, дейилади.

Бузғунчи кучлар таассубга берилган шахсларни дунёнинг нотинчлик ҳукм сурган ва ўзлари қўним топган минтақаларига жамлаш ва шу орқали режалаштирилган геосиёсий мақсадларни амалга оширишга интилмоқда. Хусусан, улар илм ва маърифатдан йироқ, жоҳил кимсаларни Ислом диёри бўлган, азон айтиладиган, жума ва ҳайит намозлари ўқиладиган, хуллас, Исломнинг беш аркони эмин-эркин адо этиладиган, мусулмонлар тинчлик-хотиржамликда ҳаёт кечираётган Ватанни тарк этишга тарғиб қилмоқдалар. Ваҳоланки, она юртини ташлаб, ўзга юртларда сарсон-саргардон юриш, ўзи каби манқурт шахслар билан бирлашиб, киндик қони тўкилган юртига қарши қурол кўтариш Ислом таълимотига зид экани барчага маълум.

Абдуллоҳ ибн Умардан ривоят қилинади: Расулуллоҳнинг ҳузурларига бир киши келиб: “Ё Расулуллоҳ, мен ота-онамни йиғлаган ҳолида ташлаб, ҳижрат қилиш учун сизнинг ҳузурингизга келдим”, дейди. У зот эса: “Ота-онангнинг олдига қайтиб, уларни қандай йиғлатган бўлсанг, шундай кулдиргин”, деб жавоб берадилар (Абу Довуд ривояти).

“Шаҳидлик” масаласида. Ушбу сўз “ҳозир, гувоҳ, кўрган-билганлари ҳақида хабар берувчи” маъноларини ифодалайди. Шунингдек, “Шаҳид” Аллоҳ таолонинг сифатларидан бири бўлиб, “гувоҳлиги ишончли, ҳар доим ҳозир бўлувчи Зот” деган маъноларни англатади.

“Шаҳид” сўзининг яна бир маъноси ўзга шахс томонидан ноҳақ ўлдирилган мусулмондир. Кишининг ўзини ўзи ўлдириши, гарчи нияти дин йўлида деб эълон этилса-да, “ўз жонига суиқасд қилиш” деб баҳоланади.

Ўзини-ўзи ўлдириш – бу ўз ҳаётини қасддан тўхтатишдир. Шариат нуқтаи назаридан бу ҳаракат қаттиқ қораланади, Парвардигор берган ҳаётга тажовуз қилиш даражасидаги гуноҳи кабира ҳисобланади.

Аллоҳ таоло огоҳлантиради: “Кимда-ким қасддан бир мўминни ўлдирса, унинг жазоси жаҳаннамда абадий қолишдир. Яна унга Аллоҳ ғазаб қилгай, лаънатлагай ва унга улкан азобни тайёрлаб қўйгай” (Нисо, 93).

Абу Ҳурайрадан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбаримиз айтдилар: “Ким тоғдан ташлаб ўзини ўлдирса, у жаҳаннам ўтида абадий, доимий йиқилиб азобланади. Ким заҳар ичиб, ўзига суиқасд қилса, жаҳаннам ўтида қўлидаги заҳарни ичган ҳолда абадий азобланади. Ким ўзини темир билан ўлдирса, жаҳаннам ўтида темирини қорнига урган ҳолда абадий азобланади” (Имом Бухорий).

Ҳозир баъзи гуруҳ ва шахслар “ўзини ўлдириш” тушунчасини шаҳидлик билан қориштириб талқин қилишяпти. Шахснинг маълум мақсадлар йўлида “ўзини ўзи ўлдириш”и “шаҳидлик амалиёти” деб баҳоланиши айни адашишдир. Ёвуз ниятли кучлар ўз ҳаракатларини оқлаш мақсадида келтирган барча далилларни Ислом уламолари қоралашган ва асоссиз деб топишган.

Жиҳод масаласида. Ушбу сўз араб тилидан таржима қилинганда “ғайрат қилмоқ”, “ҳаракат қилмоқ”, “интилмоқ”, “зўр бермоқ”, “бор кучини сарфламоқ”, “курашмоқ”, “меҳнат қилмоқ” каби маъноларни ифодалайди.

Дастлаб “жиҳод” дейилганида Исломни ҳимоя қилиш ва ёйиш учун кураш тушунилган. Бу сўзнинг истилоҳий маъноси “душмандан ҳимояланишда қўли, тили ёки кучи билан курашишдир”. Ибн Рушд “Муқаддимот” асарида жиҳоднинг турларини тўрт қисмга ажратади: қалб, тил, қўл ва қилич билан курашишдир. Умумий қилиб айтсак, жиҳод нафсга, шайтонга, босқинчиликка ва барча ёвузликларга қарши курашишдир.

Макка даврида Пайғамбаримиз Аллоҳ таолонинг: “(Эй Муҳаммад), Раббингизнинг йўлига (динига) ҳикмат ва чиройли насиҳат билан даъват қилинг! Улар билан энг гўзал услубда мунозара қилинг!” (Наҳл, 125) деган кўрсатмаси асосида фаолият олиб борганлар. Сўнгра Макка мушрикларидан қасос олиш ниятида улар билан жанг қилишга рухсат берилди. Аммо булар босқичма-босқич, сиёсий вазият тақозосига кўра нозил бўлган илоҳий кўрсатмалар эди. Зеро, ўша пайтда мусулмонларга қарши бўлган Макка мушриклари Ислом динини йўқ қилиш, барпо этган жамиятларини эътироф этмай, уларни тор-мор қилиш мақсадида амалий ҳаракатларни олиб бораётган эди.

Агар “жиҳод” Ислом давлатини қуриш учун ёки инсонларни динга киришга мажбурлаш учун жорий этилганида эди, Расулуллоҳнинг ўзлари бу борада намуна кўрсатган бўлур эдилар. Яъни, у зот биринчи бўлиб Маккадаги мушрикларнинг катталари билан урушар, Ислом давлатини барпо этиш учун жиҳод эълон қилардилар. Бироқ Пайғамбаримиз бундай йўл тутмадилар. Аксинча, мусулмон жамияти тинч йўл билан табиий равишда юзага келгач, унинг ҳимояси учун жиҳодга чиққанлар.

Мана шу сабабли ҳам мусулмонлар Ватани ва динини ҳимоя қилиши учун жиҳод жорий этилганини хулоса қилсак бўлади. У йўқ нарсани амалга ошириш учун эмас, балки бор нарсани ҳимоя қилиш учун жорий қилинган.

Ҳозир эса бузғунчи тоифалар ўзлари илгари сураётган ғояга эришиш мақсадида янги “жиҳод” турларини ўйлаб топиб, улардан фойдаланишга уринмоқдалар. Улар кўпгина мусулмонларнинг Ислом аҳкомларини билмаслиги, илмий савияга эга эмаслигидан фойдаланиб, “жиҳод – муқаддас уруш” деган тушунчани тарғиб қилиб, ноҳақ қон тўкилишига сабабчи бўлишади. Бунга дунёнинг турли чеккаларида “жиҳод” ниқоби остида содир этилаётган қўпорувчилик ҳаракатлари мисол бўла олади.

Мазҳабсизлик. ХХ аср сўнгида мусулмон оламида Ислом ниқоби остидаги бузғунчи гуруҳлардан ташқари яна бир янги таҳдид – мазҳабcизликка чақирувчилар тоифаси намоён бўлди.

Ушбу ҳаракат тарафдорлари даъво қилишларича, Исломда суннийликдаги тўрт фиқҳий мазҳабнинг бирига эргашиш шарт эмасмиш. Агар мусулмон бирор шаръий масалада улардан бирининг йўлини тутса, у кўр-кўрона тақлид қилгани учун хатокор, мутаассиб ва диндан ажралган фирқа ва гуруҳлардаги шахслар каби адашганлардан бўлар эмиш. Бу тоифа кишилари фиқҳий мазҳабларга эргашиш ёки бирор-бир мужтаҳид имомга эргашиш Аллоҳни қўйиб, уларни рабб қилиб олишдир, деган иддаони илгари суришади. Афсус, улар ҳар бир мусулмон якка тартибда “ижтиҳод” қилаверадиган бўлса, мазҳабларнинг сони тўртта эмас, мингтадан ҳам кўпайиб кетишини тан олишмайди.

Имом Аҳмад : “Ким динда тақлид йўқ деса, Аллоҳ ва Унинг Расули олдида фосиқдир. Унинг сўзи Сунна ва солиҳ салафлар қарашларини рад қилишдир”, деганлар.

Такфир. Бу ибора арабча “куфр” сўзи ўзагидан олинган. Луғатда “инкор қилиш”, “ёпиш”, “каффорат бериш” каби маъноларни англатади. Истилоҳда эса мўмин кишини асоссиз сабаблар билан кофирга чиқариш демакдир.

Қуръонда “куфр” сўзи бир неча ўринларда келган. Бир жойда кофирликни билдирса, бошқа жойда ношукрликни ифода этади. Аллоҳ таоло киши изтирорий ҳолатда, ­яъни мажбурланган пайтда “куфр” сўзини айтиб қўйса, уни азобламаслигини ҳам баён қилган. Бу борада Савбондан  Набийнинг :­ “Менинг умматимнинг хато қилган, эсдан чиқарган ва мажбурланган ҳолатда қилган ишидан қалам кўтарилди”, деган машҳур ҳадис ривоят қилинади.

Имом Бухорий “Саҳиҳ”идаги бир боб “Жоҳилият ишларидан бўлиб, куфр саналмайдиган гуноҳлар боби” деб номлангани ҳам мусулмон инсон гуноҳ содир этиш билан Исломдан чиқмаслигига ишора қилади. Катта (кабира) гуноҳ содир этган мўмин киши, Аҳли сунна вал жамоа эътиқодига кўра, қилган ишини ҳалол санамас экан, кофир бўлмайди. Шунингдек, тўрт мазҳаб уламолари иттифоқига кўра, катта гуноҳ содир этган шахс дўзахда ҳам абадий қолмайди.

Мусулмонни кофирга чиқаришдан келиб чиқадиган хатарлар боис Қуръон ва Суннада бировларни кофирга чиқаришдан қайтарилади. Аллоҳ таоло бундай дейди: «Эй имон келтирганлар! Аллоҳ йўлида сафарга чиққанингизда аниқ иш тути­нгиз! Сизларга салом берган (ёки таслим бўлган) кишига бу дунё матоҳини (ўлжани) кўзлаб: “Мўмин эмассан”, демангиз! Аллоҳнинг ҳузурида кўп ўлжалар (бордир). Илгари сизлар ҳам шундай (имони­нгизни сир тутар) эдингиз, (сўнгра) сизларга Аллоҳ неъмат ато этди. Бас, аниқлаб иш тутингиз! Албатта, Аллоҳ (барча) ишларингиздан хабардордир» (Нисо, 94).

Ҳадиси шарифларда ҳам ўзга шахсни куфрга чиқаришдан огоҳлантирилади. Жумладан, Имом Бухорий Ибн Умардан  ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз  айтадилар: «Агар киши биродарига “Эй кофир”, деса, у (сўз) иккисидан бирига қайтади». Абу Заррдан  ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбаримиз  бундай деганлар: “Ҳеч бир киши бошқа кишини фосиқ, кофир, деб айбламасин. Агар у киши бундай бўлмаса, айтган гапи ўзига қайтиб келади”. Жумҳур калом ва фиқҳ уламолари иттифоқига кўра, қибла аҳли бўлган мусулмонни кофирга чиқармаслик керак. Абу Ҳанифа  қибла аҳлларидан бирор кишини кофирга ҳукм қилмаганлар.

Бир мусулмоннинг бошқа бир мусулмонга қони, обрўси ва моли ҳурматли бўлиши лозим. Расулуллоҳнинг  видо ҳажида айтган ушбу гап­лари буни тасдиқлайди: “Албатта, сизларнинг қонларингиз, молларингиз ва обрўларингиз ўзларингиз учун худди шу кунингиз, шу ойингиз ва шу шаҳрингиз каби муҳаррамдир. Шу ерда ҳозир бўлган киши ҳозир бўлмаганларга етказсин”.

Халифа Али  даврида пайдо бўлган хорижийлар фирқаси такфир тушунчасини ўзларига эргашмаганларга нисбатан қўллаган. Улар олдин ҳазрат Алининг  ашаддий тарафдорлари эди. “Сиффийн” жангидан сўнг ўн икки минглик қўшин билан ажралиб чиқиб, ҳазрат Алига ва Муовияга қарши баробар кураш бошлашган.

Хорижийлар қурол ишлатиш билан ўз эътиқодини тарқатиш ва ҳокимиятга эришишни мақсад қилишади. Улар мусулмонларни ўлдиришни ҳалол санашган. Улар “Жамал воқеаси” иштирокчилари, Усмон, Али, Муовия, Амр ибн Ос, Абу Мусо (розияллоҳу анҳу) каби саҳобаларни ҳам куфрда айблашади. Катта гуноҳ қилган кишини кофирга чиқариб, уларнинг авлоди, моли ва жонини ўзларига ҳалол санашган. Хорижийларнинг такфир тушунчаси орқали минглаб мусулмонлар, жумладан, ҳазрат Алининг  ҳам ҳаётига тажовуз қилинган.

Ислом уламолари хорижийларнинг катта гуноҳ бўйича даъволарини таҳлил этиб, уларнинг гаплари исломий тушунчалардан жуда йироқ эканини таъкидлашади. Ислом тарихида хорижийлар қўллаган услуб бугун ҳам жиҳодий жамоалар мафкурасида давом эттириляпти. Улар ўзларига эргашмаган шахслар ва тузумларни кофирликда айблашади. 2005 йил июл ойида Оммон (Иордания) шаҳрида Ислом олами етакчи уламолари қабул қилган фатвода: “Тўрт сунний мазҳабга эътиқод қилувчиларнинг барчаси мусулмон ҳисобланади. Уларни имонсизликда айблаш, жонига, номусига ва мулкига қасд қилиш жоиз эмас”, деб эълон қилинган.

Шайх Юсуф Қарзовий мусулмонни кофирга чиқариш ҳақидаги саволга бундай жавоб беради: “Ким Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ ва Муҳаммад  Унинг расули эканига қалби билан тасдиқлаган ҳолда гувоҳлик берса, мусулмондир. Унга тўлалигича мусулмонларга қилинадиган муомала қилиниши лозим”.

Шайх Абдулазиз Мансур,

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари

Ҳидоят журналининг 2012 йил, 10-сонидан олинди.

* * *

Diniy bilimi o‘ta sayoz, turli fitna-fasod qo‘zg‘aydigan fikrlar va g‘oyalarni sodda xalq ongiga singdirishga urinadigan chalasavod kimsalarga ergashib ketmasliklari uchun yoshlarni to‘g‘ri yo‘lga solish va hushyorlikka chorlash, ayniqsa, biz ulamolar, imom-xatiblarning asosiy burchimizdir.

Xorijiylar, qadariylar, murjiiylar, rofiziylar, jahmiylar va mo‘‘tazila kabi firqa va oqimlar Islomning ilk asrlarida yuzaga kelgan bo‘lsa, XX va XXI asrlarda hizbut tahrir, nurchilar, salafiylar, jihodchilar, takfirchilar va hijratchilar kabi o‘nlab adashgan oqimlar paydo bo‘lib, dunyo musulmonlari o‘rtasida buzg‘unchilik qilishyapti. Turli janjallar, nizolar chiqishiga sabab bo‘lmoqda.

Hijrat masalasida. Hijrat ikki xil bo‘ladi. Birinchisi: din va hayot muhofazasi yo‘lida amalga oshiriladigan makoniy hijrat bo‘lib, unga taalluqli bir qator oyat va hadislar vorid bo‘lgan. Alloh taolo bunday deydi:

“Zulmu qiynoqlarga duchor bo‘lganlaridan so‘ng Alloh yo‘lida hijrat qilgan zotlarni, albatta, bu dunyoda ham go‘zal (go‘shalarga) joylashtirurmiz. Endi oxirat ajri mukofoti yanada kattaroq ekanini (odamlar) bilsalar edi!” (Nahl, 41).

Shu mazmundagi oyatlar Niso (100-oyat), Anfol (74-oyat), Nahl (110-oyat) suralarida bor.

Ikkinchisi: gunoh-ma’siyatlarni tark etish. Shu ma’nodagi hijrat to‘g‘risida Payg‘ambarimiz Muhammad bir qator ko‘rsatmalarni bayon qilganlar. Jumladan, Imom Buxoriy rivoyat qilgan hadisda U zot: “Tili va qo‘lidan musulmonlar salomat bo‘lgan inson haqiqiy musulmondir. Alloh taolo qaytargan narsalarni tark qilgan inson haqiqiy muhojirdir”, deydilar. Imom Bayhaqiy Ibn Umardan rivoyat qilgan hadisda: “Hijratning eng afzali – Rabbing yomon ko‘rgan narsani tark etmog‘ingdir”, deyiladi.

Buzg‘unchi kuchlar taassubga berilgan shaxslarni dunyoning notinchlik hukm surgan va o‘zlari qo‘nim topgan mintaqalariga jamlash va shu orqali rejalashtirilgan geosiyosiy maqsadlarni amalga oshirishga intilmoqda. Xususan, ular ilm va ma’rifatdan yiroq, johil kimsalarni Islom diyori bo‘lgan, azon aytiladigan, juma va hayit namozlari o‘qiladigan, xullas, Islomning besh arkoni emin-erkin ado etiladigan, musulmonlar tinchlik-xotirjamlikda hayot kechirayotgan Vatanni tark etishga targ‘ib qilmoqdalar. Vaholanki, ona yurtini tashlab, o‘zga yurtlarda sarson-sargardon yurish, o‘zi kabi manqurt shaxslar bilan birlashib, kindik qoni to‘kilgan yurtiga qarshi qurol ko‘tarish Islom ta’limotiga zid ekani barchaga ma’lum.

Abdulloh ibn Umardan rivoyat qilinadi: Rasulullohning huzurlariga bir kishi kelib: “Yo Rasululloh, men ota-onamni yig‘lagan holida tashlab, hijrat qilish uchun sizning huzuringizga keldim”, deydi. U zot esa: “Ota-onangning oldiga qaytib, ularni qanday yig‘latgan bo‘lsang, shunday kuldirgin”, deb javob beradilar (Abu Dovud rivoyati).

“Shahidlik” masalasida. Ushbu so‘z “hozir, guvoh, ko‘rgan-bilganlari haqida xabar beruvchi” ma’nolarini ifodalaydi. Shuningdek, “Shahid” Alloh taoloning sifatlaridan biri bo‘lib, “guvohligi ishonchli, har doim hozir bo‘luvchi Zot” degan ma’nolarni anglatadi.

“Shahid” so‘zining yana bir ma’nosi o‘zga shaxs tomonidan nohaq o‘ldirilgan musulmondir. Kishining o‘zini o‘zi o‘ldirishi, garchi niyati din yo‘lida deb e’lon etilsa-da, “o‘z joniga suiqasd qilish” deb baholanadi.

O‘zini-o‘zi o‘ldirish – bu o‘z hayotini qasddan to‘xtatishdir. Shariat nuqtai nazaridan bu harakat qattiq qoralanadi, Parvardigor bergan hayotga tajovuz qilish darajasidagi gunohi kabira hisoblanadi.

Alloh taolo ogohlantiradi: “Kimda-kim qasddan bir mo‘minni o‘ldirsa, uning jazosi jahannamda abadiy qolishdir. Yana unga Alloh g‘azab qilgay, la’natlagay va unga ulkan azobni tayyorlab qo‘ygay” (Niso, 93).

Abu Hurayradan rivoyat qilingan hadisda Payg‘ambarimiz aytdilar: “Kim tog‘dan tashlab o‘zini o‘ldirsa, u jahannam o‘tida abadiy, doimiy yiqilib azoblanadi. Kim zahar ichib, o‘ziga suiqasd qilsa, jahannam o‘tida qo‘lidagi zaharni ichgan holda abadiy azoblanadi. Kim o‘zini temir bilan o‘ldirsa, jahannam o‘tida temirini qorniga urgan holda abadiy azoblanadi” (Imom Buxoriy).

Hozir ba’zi guruh va shaxslar “o‘zini o‘ldirish” tushunchasini shahidlik bilan qorishtirib talqin qilishyapti. Shaxsning ma’lum maqsadlar yo‘lida “o‘zini o‘zi o‘ldirish”i “shahidlik amaliyoti” deb baholanishi ayni adashishdir. Yovuz niyatli kuchlar o‘z harakatlarini oqlash maqsadida keltirgan barcha dalillarni Islom ulamolari qoralashgan va asossiz deb topishgan.

Jihod masalasida. Ushbu so‘z arab tilidan tarjima qilinganda “g‘ayrat qilmoq”, “harakat qilmoq”, “intilmoq”, “zo‘r bermoq”, “bor kuchini sarflamoq”, “kurashmoq”, “mehnat qilmoq” kabi ma’nolarni ifodalaydi.

Dastlab “jihod” deyilganida Islomni himoya qilish va yoyish uchun kurash tushunilgan. Bu so‘zning istilohiy ma’nosi “dushmandan himoyalanishda qo‘li, tili yoki kuchi bilan kurashishdir”. Ibn Rushd “Muqaddimot” asarida jihodning turlarini to‘rt qismga ajratadi: qalb, til, qo‘l va qilich bilan kurashishdir. Umumiy qilib aytsak, jihod nafsga, shaytonga, bosqinchilikka va barcha yovuzliklarga qarshi kurashishdir.

Makka davrida Payg‘ambarimiz Alloh taoloning: “(Ey Muhammad), Rabbingizning yo‘liga (diniga) hikmat va chiroyli nasihat bilan da’vat qiling! Ular bilan eng go‘zal uslubda munozara qiling!” (Nahl, 125) degan ko‘rsatmasi asosida faoliyat olib borganlar. So‘ngra Makka mushriklaridan qasos olish niyatida ular bilan jang qilishga ruxsat berildi. Ammo bular bosqichma-bosqich, siyosiy vaziyat taqozosiga ko‘ra nozil bo‘lgan ilohiy ko‘rsatmalar edi. Zero, o‘sha paytda musulmonlarga qarshi bo‘lgan Makka mushriklari Islom dinini yo‘q qilish, barpo etgan jamiyatlarini e’tirof etmay, ularni tor-mor qilish maqsadida amaliy harakatlarni olib borayotgan edi.

Agar “jihod” Islom davlatini qurish uchun yoki insonlarni dinga kirishga majburlash uchun joriy etilganida edi, Rasulullohning o‘zlari bu borada namuna ko‘rsatgan bo‘lur edilar. Ya’ni, u zot birinchi bo‘lib Makkadagi mushriklarning kattalari bilan urushar, Islom davlatini barpo etish uchun jihod e’lon qilardilar. Biroq Payg‘ambarimiz bunday yo‘l tutmadilar. Aksincha, musulmon jamiyati tinch yo‘l bilan tabiiy ravishda yuzaga kelgach, uning himoyasi uchun jihodga chiqqanlar.

Mana shu sababli ham musulmonlar Vatani va dinini himoya qilishi uchun jihod joriy etilganini xulosa qilsak bo‘ladi. U yo‘q narsani amalga oshirish uchun emas, balki bor narsani himoya qilish uchun joriy qilingan.

Hozir esa buzg‘unchi toifalar o‘zlari ilgari surayotgan g‘oyaga erishish maqsadida yangi “jihod” turlarini o‘ylab topib, ulardan foydalanishga urinmoqdalar. Ular ko‘pgina musulmonlarning Islom ahkomlarini bilmasligi, ilmiy saviyaga ega emasligidan foydalanib, “jihod – muqaddas urush” degan tushunchani targ‘ib qilib, nohaq qon to‘kilishiga sababchi bo‘lishadi. Bunga dunyoning turli chekkalarida “jihod” niqobi ostida sodir etilayotgan qo‘poruvchilik harakatlari misol bo‘la oladi.

Mazhabsizlik. XX asr so‘ngida musulmon olamida Islom niqobi ostidagi buzg‘unchi guruhlardan tashqari yana bir yangi tahdid – mazhabcizlikka chaqiruvchilar toifasi namoyon bo‘ldi.

Ushbu harakat tarafdorlari da’vo qilishlaricha, Islomda sunniylikdagi to‘rt fiqhiy mazhabning biriga ergashish shart emasmish. Agar musulmon biror shar’iy masalada ulardan birining yo‘lini tutsa, u ko‘r-ko‘rona taqlid qilgani uchun xatokor, mutaassib va dindan ajralgan firqa va guruhlardagi shaxslar kabi adashganlardan bo‘lar emish. Bu toifa kishilari fiqhiy mazhablarga ergashish yoki biror-bir mujtahid imomga ergashish Allohni qo‘yib, ularni rabb qilib olishdir, degan iddaoni ilgari surishadi. Afsus, ular har bir musulmon yakka tartibda “ijtihod” qilaveradigan bo‘lsa, mazhablarning soni to‘rtta emas, mingtadan ham ko‘payib ketishini tan olishmaydi.

Imom Ahmad : “Kim dinda taqlid yo‘q desa, Alloh va Uning Rasuli oldida fosiqdir. Uning so‘zi Sunna va solih salaflar qarashlarini rad qilishdir”, deganlar.

Takfir. Bu ibora arabcha “kufr” so‘zi o‘zagidan olingan. Lug‘atda “inkor qilish”, “yopish”, “kafforat berish” kabi ma’nolarni anglatadi. Istilohda esa mo‘min kishini asossiz sabablar bilan kofirga chiqarish demakdir.

Qur’onda “kufr” so‘zi bir necha o‘rinlarda kelgan. Bir joyda kofirlikni bildirsa, boshqa joyda noshukrlikni ifoda etadi. Alloh taolo kishi iztiroriy holatda, ­ya’ni majburlangan paytda “kufr” so‘zini aytib qo‘ysa, uni azoblamasligini ham bayon qilgan. Bu borada Savbondan  Nabiyning :­ “Mening ummatimning xato qilgan, esdan chiqargan va majburlangan holatda qilgan ishidan qalam ko‘tarildi”, degan mashhur hadis rivoyat qilinadi.

Imom Buxoriy “Sahih”idagi bir bob “Johiliyat ishlaridan bo‘lib, kufr sanalmaydigan gunohlar bobi” deb nomlangani ham musulmon inson gunoh sodir etish bilan Islomdan chiqmasligiga ishora qiladi. Katta (kabira) gunoh sodir etgan mo‘min kishi, Ahli sunna val jamoa e’tiqodiga ko‘ra, qilgan ishini halol sanamas ekan, kofir bo‘lmaydi. Shuningdek, to‘rt mazhab ulamolari ittifoqiga ko‘ra, katta gunoh sodir etgan shaxs do‘zaxda ham abadiy qolmaydi.

Musulmonni kofirga chiqarishdan kelib chiqadigan xatarlar bois Qur’on va Sunnada birovlarni kofirga chiqarishdan qaytariladi. Alloh taolo bunday deydi: «Ey imon keltirganlar! Alloh yo‘lida safarga chiqqaningizda aniq ish tuti­ngiz! Sizlarga salom bergan (yoki taslim bo‘lgan) kishiga bu dunyo matohini (o‘ljani) ko‘zlab: “Mo‘min emassan”, demangiz! Allohning huzurida ko‘p o‘ljalar (bordir). Ilgari sizlar ham shunday (imoni­ngizni sir tutar) edingiz, (so‘ngra) sizlarga Alloh ne’mat ato etdi. Bas, aniqlab ish tutingiz! Albatta, Alloh (barcha) ishlaringizdan xabardordir» (Niso, 94).

Hadisi shariflarda ham o‘zga shaxsni kufrga chiqarishdan ogohlantiriladi. Jumladan, Imom Buxoriy Ibn Umardan  rivoyat qilgan hadisda Payg‘ambarimiz  aytadilar: «Agar kishi birodariga “Ey kofir”, desa, u (so‘z) ikkisidan biriga qaytadi». Abu Zarrdan  rivoyat qilingan hadisda Payg‘ambarimiz  bunday deganlar: “Hech bir kishi boshqa kishini fosiq, kofir, deb ayblamasin. Agar u kishi bunday bo‘lmasa, aytgan gapi o‘ziga qaytib keladi”. Jumhur kalom va fiqh ulamolari ittifoqiga ko‘ra, qibla ahli bo‘lgan musulmonni kofirga chiqarmaslik kerak. Abu Hanifa  qibla ahllaridan biror kishini kofirga hukm qilmaganlar.

Bir musulmonning boshqa bir musulmonga qoni, obro‘si va moli hurmatli bo‘lishi lozim. Rasulullohning  vido hajida aytgan ushbu gap­lari buni tasdiqlaydi: “Albatta, sizlarning qonlaringiz, mollaringiz va obro‘laringiz o‘zlaringiz uchun xuddi shu kuningiz, shu oyingiz va shu shahringiz kabi muharramdir. Shu yerda hozir bo‘lgan kishi hozir bo‘lmaganlarga yetkazsin”.

Xalifa Ali  davrida paydo bo‘lgan xorijiylar firqasi takfir tushunchasini o‘zlariga ergashmaganlarga nisbatan qo‘llagan. Ular oldin hazrat Alining  ashaddiy tarafdorlari edi. “Siffiyn” jangidan so‘ng o‘n ikki minglik qo‘shin bilan ajralib chiqib, hazrat Aliga va Muoviyaga qarshi barobar kurash boshlashgan.

Xorijiylar qurol ishlatish bilan o‘z e’tiqodini tarqatish va hokimiyatga erishishni maqsad qilishadi. Ular musulmonlarni o‘ldirishni halol sanashgan. Ular “Jamal voqeasi” ishtirokchilari, Usmon, Ali, Muoviya, Amr ibn Os, Abu Muso (roziyallohu anhu) kabi sahobalarni ham kufrda ayblashadi. Katta gunoh qilgan kishini kofirga chiqarib, ularning avlodi, moli va jonini o‘zlariga halol sanashgan. Xorijiylarning takfir tushunchasi orqali minglab musulmonlar, jumladan, hazrat Alining  ham hayotiga tajovuz qilingan.

Islom ulamolari xorijiylarning katta gunoh bo‘yicha da’volarini tahlil etib, ularning gaplari islomiy tushunchalardan juda yiroq ekanini ta’kidlashadi. Islom tarixida xorijiylar qo‘llagan uslub bugun ham jihodiy jamoalar mafkurasida davom ettirilyapti. Ular o‘zlariga ergashmagan shaxslar va tuzumlarni kofirlikda ayblashadi. 2005 yil iyul oyida Ommon (Iordaniya) shahrida Islom olami yetakchi ulamolari qabul qilgan fatvoda: “To‘rt sunniy mazhabga e’tiqod qiluvchilarning barchasi musulmon hisoblanadi. Ularni imonsizlikda ayblash, joniga, nomusiga va mulkiga qasd qilish joiz emas”, deb e’lon qilingan.

Shayx Yusuf Qarzoviy musulmonni kofirga chiqarish haqidagi savolga bunday javob beradi: “Kim Allohdan o‘zga iloh yo‘q va Muhammad  Uning rasuli ekaniga qalbi bilan tasdiqlagan holda guvohlik bersa, musulmondir. Unga to‘laligicha musulmonlarga qilinadigan muomala qilinishi lozim”.

Shayx Abdulaziz Mansur,

O‘zbekiston musulmonlari idorasi raisi o‘rinbosari

“Hidoyat” jurnalining 2012 yil, 10-sonidan olindi.