Қаноат — дилни ёритувчи неъмат

Рукн: Долзарб мавзу Чоп этилган: 02.11.2016

Аллоҳ таоло Қуръони каримда: “Ерда ўрмаловчи бирор нарса (жонзот) йўқки, унинг ризқи (таъминоти) Аллоҳнинг зиммасида бўлмаса!” (Ҳуд 6) деб марҳамат қилади.

Қушларга эътибор берадиган бўлсак, эрталаб саҳардан боласи ва ўзи учун учиб кетади. Мана бу ерда нон бор, у ерда дон бор деб ҳеч жойда айтилмаган, аммо Аллоҳ таоло унинг ризқини беришига ишончи комил. Бир босганда эзилиб кетадиган қурт-қумурсқадан бошлаб, катта-катта жониворларгача барчасининг ризқини Худои таоло беради. Чунки Худои таоло Қуръони каримда Ўзининг зиммасидаги ишни айтди: “барчасининг ризқи Аллоҳнинг зиммасидадир”, деб.

“Бас, қачонки, намоз адо қилингач, ерда тарқалиб, Аллоҳнинг фазли (ризқи) дан истайверингиз!” (Жумъа, 10)

Одам фарзанди ризқини Аллоҳдан деб билиб, иш қилиши керак. Шу билан биргаликда ҳалол ризқни танлаши лозим. Уйдан чиқиб ризқини ахтариши бу албатта ўзини, аҳли оиласини бировлардан беҳожат қилиш учун бўлади.

Ҳикоят: Бир куни Пайғамбаримиз с.а.в. саҳобалари билан бомдод   намозидан кейин ўтирган эдилар. Бир бақувват йигит масжиддан тезлик билан чиқиб бозорга югурди. Шунда саҳобалар: Ажабо! Ундан кўра охират ишига шунчалик шошилса арзирди – деганларида, Расулуллоҳ с.а.в. дедилар: “Бундай деманглар, агар бу йигит ўзини инсонлардан беҳожат қилиш учун ё ота-онаси ва оиласини боқиш учун бу ишни қилса, Худои таоло наздида ибодатдек бўлади. Агар дунё кўпайтириб мақтаниш учун, бошқаларга кўз-кўз қилиш учун бу амални қилса, бу шайтоннинг амалидандир”.

Аллоҳ таоло яна бизларни огоҳлантириб қўймоқда:

“Сиз (кофирлардан айрим) тоифаларни синашимиз учун баҳраманд қилган дунё ҳаёти гўзалликларидан иборат нарсаларга кўзларингизни термултирманг! Роббингизнинг ризқи яхшироқ ва боқийроқдир” (Тоҳо 131)

Демак, Аллоҳ таоло ҳар биримизга қанча миқдорда ризқ берган бўлса, ана шунга қаноат қилайлик. Қаноат дегани берган ризқига шукр қилиш ва рози бўлишдир. Лекин тўхтаб қолиш дегани эмас. Бугун сизга қанча ризқ берилди, мана шунга қаноат қилинг, ҳаддан ташқари елиб-югурманг, яъни ибодат вақтини, ота-онанинг кўнглини овлаш пайтини, оила билан бўлиш вақтини қаноатсизлик қилиб ризқ учун сарфламанг. Чунки ҳар вақтнинг ҳисоб китоби бор.

Абу Али ибн Сино: “Киши учун энг фойдали, дилини ёритувчи нарса қаноатдир. Энг зарарли ва нафратланарли нарса эса ҳирс ва ғазабдир. Бошқаларда кўрганни қаттиқ истамаслик ҳам қаноат саналади”, деганлар.

Абу Амр Сайбонийдан ривоят қилинади “Бир куни Мусо а.с. Аллоҳ таолодан сўрадилар: Ё Роббим, қайси банданг Сенга суюклироқ? Аллоҳ таоло деди: Мени кўп эслайдигани. Ё Роббим, қайси банданг Сенинг наздида одилроқ? Аллоҳ таоло деди: ўз нафсини тергаб турадигани. Ё Роббим, қайси банданг энг бой? Аллоҳ таоло деди: берган ризқимга қаноат қилувчиси

Абу Туроб Нахшабий: “Қаноат ризқини Аллоҳдан олмоқдир”, деганлар.

“Аллоҳ (Ўзи) хоҳлаган кишиларнинг ризқини кенг ва (хоҳлаган кишиларнинг ризқини) танг қилур.” (Раъд сураси 25-26)

Пайғамбаримиз с.а.в. дан Абу Ҳурайра ривоят қиладиларки “Бойлик пулнинг кўплигида эмас, балки назарнинг тўқлигидадир”.

Умар ибн Садр.а. оталаридан эшитиб хабар берадилар:

Расуллоҳ с.а.в дан қўйидаги сўзни эшитдим: “Ризқнинг хайрлиси инсонга кифоя қиладигани, зикрнинг яхшиси эса махфийсидир”.

Анас ибн Молик, Расулуллоҳ с.а.в.дан ривоят қиладилар “Агар одам боласи ихтиёрида икки водий тўла олтин бўлса ҳам, у учинчисини истайди. Одам боласи кўзини фақат тупроқ тўлдиради, холос”.

Ҳаким Ҳотам Лифофий бундай сўзлари бор эди: “Бойликни молу дунёдан талаб этдик, аммо у қаноатда экан”.

Абдуллоҳ ибн Амр разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Кимки мусулмон бўлиб, кифоя қилгудек ризқланган бўлса ва Аллоҳ таоло ўша берган ризқига қаноатли этиб қўйган бўлса, батаҳқиқ ўша киши нажот топибди”.

Саъд ибн Аби Ваққос р.а. ўзларининг ўғилларига насиҳат қилиб дедилар: “Ўғлим, агар Худодан бойликни сўрасанг, қаноат неъмати билан сўрагин. Чунки қаноати бўлмаган инсоннинг ҳар қанча моли бўлса ҳам бой бўлолмайди”.

Тўй-хашамлар борасиз, одамлар олдида турли ноз-неъматлар, ҳар биридан тановул қилиб турган ҳолларида: “Ҳозир яшаш қийин бўлиб қолди-да...” у ёғи ҳаммамизга маълум бўлган дийдиё. Дарҳақиқат, Саъд ибн Аби Ваққос р.а. айтганларидек: “Қаноати бўлмаган инсон нолишдан ҳеч тўхтамайди”.

Абу Ҳурайрадан ривоят қилинадики: Расулуллоҳ с.а.в. айтганлар: “Бир бандаики дунёга ҳирс қўймаса, яъни охиратни дунёдан аввал қўйса ёки ҳожатидан ортиқроқ мол жамламаса, Аллоҳ таоло унинг қалбида ҳикматни ўстиради, тилида ҳикматни гапиртиради ва қалб кўзи дунёнинг айбларини сезади ва дунёнинг дардини ва давосини ҳам кўргазади ва ниҳоят Аллоҳ таоло бандани дунёнинг офату балоларидан соғ-саломат чиқариб, жаннатига киргизади”.

Ҳикоят: Бир куни Салмон Форсий р.а.нинг олдиларига меҳмон келди. Салмон Форсий р.а. меҳмонга арпа нони билан туз олиб чиқдилар. Шунда меҳмон дедики: “Қани энди шу нон билан қатиқ бўлса, яхши бўлур эди”. Салмон Форсий р.а. уйларидан у нарса топилмади. Сўнгра таҳорат оладиган офтобасини гаровга қўйиб, қатиқ келтирдилар. Меҳмон еб бўлгандан кейин дуо қилди: “Ҳамдлар бўлсин Худогаки, берган ризқу насибасига бизларни қаноатли қилди”. Салмон Форсий р.а. дедилар: “Агар сенда қаноат бўлганда эди, менинг офтобам гаровга қўйилмас эди”.

Салама ибн Убайдулло ибн Мисан Ансорий оталаридан ривоят қиладилар: Расулуллоҳ с.а.в. айтганлар: “Қайси бирингиз тонгда уйқудан уйғонганда оиласи тинч, тани соғ ва уйида бир кунлик егулик бўлса, билсинки, унда дунёдаги барча неъматлар мужассам экан”.

Абу Ҳурайра р.а.дан ривоят қилинади: Бир куни Пайғамбаримиз с.а.в. бизларга: “Кимга яхши амалларни ўргатайин, бас унга у амал қилади ёки уни амал қиладиган кишига ўргатади”, дедилар. Шунда “Мен Ё Расулуллоҳ”, дедим (Абу Ҳурайра р.а.). Пайғамбаримиз с.а.в. қўлимдан ушлаб, бешта амални санаб ўтдилар. “Аллоҳ таолонинг ҳаром қилган нарсаларидан тақво қил, одамларнинг обидроғи бўласан. Аллоҳ таолонинг қисматидан рози бўл, инсонлардан беҳожат бўласан. Қўшнингга чиройли муомала қил, ҳақиқий мўмин бўласан. Ўзингга раво кўрган нарсани бировларга ҳам раво кўр, ҳақиқий мусулмон бўласан ва кўп кулма. Бас кўп кулишлик қалбни ўлдиради ”.

Абу Аббос разияаллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ с.а.в. шундай дуо қилар эдилар: “Аллоҳим! Менга берган ризқингда қаноатли қилгин, уни мен учун баракотли қилгин ва барча йўқотганларим ўрнини хайрлиси билан тўлдиргин”.

Пўлатхон Каттаев,

Тошкент Ислом институти ўқитувчиси

Alloh taolo Qur’oni karimda: “Yerda o‘rmalovchi biror narsa (jonzot) yo‘qki, uning rizqi (taminoti) Allohning zimmasida bo‘lmasa!” (Hud 6) deb marhamat qiladi.

Qushlarga e’tibor beradigan bo‘lsak, ertalab sahardan bolasi va o‘zi uchun uchib ketadi. Mana bu yerda non bor, u yerda don bor deb hech joyda aytilmagan, ammo Alloh taolo uning rizqini berishiga ishonchi komil. Bir bosganda ezilib ketadigan qurt-qumursqadan boshlab, katta-katta jonivorlargacha barchasining rizqini Xudoi taolo beradi. Chunki Xudoi taolo Qur’oni karimda O‘zining zimmasidagi ishni aytdi: “barchasining rizqi Allohning zimmasidadir”, deb.

“Bas, qachonki, namoz ado qilingach, yerda tarqalib, Allohning fazli (rizqi) dan istayveringiz!” (Jum’a, 10)

Odam farzandi rizqini Allohdan deb bilib, ish qilishi kerak. Shu bilan birgalikda halol rizqni tanlashi lozim. Uydan chiqib rizqini axtarishi bu albatta o‘zini, ahli oilasini birovlardan behojat qilish uchun bo‘ladi.

Hikoyat: Bir kuni Payg‘ambarimiz s.a.v. sahobalari bilan bomdod   namozidan keyin o‘tirgan edilar. Bir baquvvat yigit masjiddan tezlik bilan chiqib bozorga yugurdi. Shunda sahobalar: Ajabo! Undan ko‘ra oxirat ishiga shunchalik shoshilsa arzirdi – deganlarida, Rasululloh s.a.v. dedilar: “Bunday demanglar, agar bu yigit o‘zini insonlardan behojat qilish uchun yo ota-onasi va oilasini boqish uchun bu ishni qilsa, Xudoi taolo nazdida ibodatdek bo‘ladi. Agar dunyo ko‘paytirib maqtanish uchun, boshqalarga ko‘z-ko‘z qilish uchun bu amalni qilsa, bu shaytonning amalidandir”.

Alloh taolo yana bizlarni ogohlantirib qo‘ymoqda:

“Siz (kofirlardan ayrim) toifalarni sinashimiz uchun bahramand qilgan dunyo hayoti go‘zalliklaridan iborat narsalarga ko‘zlaringizni termultirmang! Robbingizning rizqi yaxshiroq va boqiyroqdir” (Toho 131)

Demak, Alloh taolo har birimizga qancha miqdorda rizq bergan bo‘lsa, ana shunga qanoat qilaylik. Qanoat degani bergan rizqiga shukr qilish va rozi bo‘lishdir. Lekin to‘xtab qolish degani emas. Bugun sizga qancha rizq berildi, mana shunga qanoat qiling, haddan tashqari yelib-yugurmang, ya’ni ibodat vaqtini, ota-onaning ko‘nglini ovlash paytini, oila bilan bo‘lish vaqtini qanoatsizlik qilib rizq uchun sarflamang. Chunki har vaqtning hisob kitobi bor.

Abu Ali ibn Sino: “Kishi uchun eng foydali, dilini yorituvchi narsa qanoatdir. Eng zararli va nafratlanarli narsa esa hirs va g‘azabdir. Boshqalarda ko‘rganni qattiq istamaslik ham qanoat sanaladi”, deganlar.

Abu Amr Sayboniydan rivoyat qilinadi “Bir kuni Muso a.s. Alloh taolodan so‘radilar: Yo Robbim, qaysi bandang Senga suyukliroq? Alloh taolo dedi: Meni ko‘p eslaydigani. Yo Robbim, qaysi bandang Sening nazdida odilroq? Alloh taolo dedi: o‘z nafsini tergab turadigani. Yo Robbim, qaysi bandang eng boy? Alloh taolo dedi: bergan rizqimga qanoat qiluvchisi

Abu Turob Naxshabiy: “Qanoat rizqini Allohdan olmoqdir”, deganlar.

“Alloh (O‘zi) xohlagan kishilarning rizqini keng va (xohlagan kishilarning rizqini) tang qilur.” (Ra’d surasi 25-26)

Payg‘ambarimiz s.a.v. dan Abu Hurayra rivoyat qiladilarki “Boylik pulning ko‘pligida emas, balki nazarning to‘qligidadir”.

Umar ibn Sadr.a. otalaridan eshitib xabar beradilar: Rasulloh s.a.v dan qo‘yidagi so‘zni eshitdim: “Rizqning xayrlisi insonga kifoya qiladigani, zikrning yaxshisi esa maxfiysidir”.

Anas ibn Molik, Rasululloh s.a.v.dan rivoyat qiladilar “Agar odam bolasi ixtiyorida ikki vodiy to‘la oltin bo‘lsa ham, u uchinchisini istaydi. Odam bolasi ko‘zini faqat tuproq to‘ldiradi, xolos”.

Hakim Hotam Lifofiy bunday so‘zlari bor edi: “Boylikni molu dunyodan talab etdik, ammo u qanoatda ekan”.

Abdulloh ibn Amr raziyallohu anhudan rivoyat qilinadi: “Kimki musulmon bo‘lib, kifoya qilgudek rizqlangan bo‘lsa va Alloh taolo o‘sha bergan rizqiga qanoatli etib qo‘ygan bo‘lsa, batahqiq o‘sha kishi najot topibdi”.

Sa’d ibn Abi Vaqqos r.a. o‘zlarining o‘g‘illariga nasihat qilib dedilar: “O‘g‘lim, agar Xudodan boylikni so‘rasang, qanoat ne’mati bilan so‘ragin. Chunki qanoati bo‘lmagan insonning har qancha moli bo‘lsa ham boy bo‘lolmaydi”.

To‘y-xashamlar borasiz, odamlar oldida turli noz-ne’matlar, har biridan tanovul qilib turgan hollarida: “Hozir yashash qiyin bo‘lib qoldi-da...” u yog‘i hammamizga ma’lum bo‘lgan diydiyo. Darhaqiqat, Sa’d ibn Abi Vaqqos r.a. aytganlaridek: “Qanoati bo‘lmagan inson nolishdan hech to‘xtamaydi”.

Abu Hurayradan rivoyat qilinadiki: Rasululloh s.a.v. aytganlar: “Bir bandaiki dunyoga hirs qo‘ymasa, ya’ni oxiratni dunyodan avval qo‘ysa yoki hojatidan ortiqroq mol jamlamasa, Alloh taolo uning qalbida hikmatni o‘stiradi, tilida hikmatni gapirtiradi va qalb ko‘zi dunyoning ayblarini sezadi va dunyoning dardini va davosini ham ko‘rgazadi va nihoyat Alloh taolo bandani dunyoning ofatu balolaridan sog‘-salomat chiqarib, jannatiga kirgizadi”.

Hikoyat: Bir kuni Salmon Forsiy r.a.ning oldilariga mehmon keldi. Salmon Forsiy r.a. mehmonga arpa noni bilan tuz olib chiqdilar. Shunda mehmon dediki: “Qani endi shu non bilan qatiq bo‘lsa, yaxshi bo‘lur edi”. Salmon Forsiy r.a. uylaridan u narsa topilmadi. So‘ngra tahorat oladigan oftobasini garovga qo‘yib, qatiq keltirdilar. Mehmon yeb bo‘lgandan keyin duo qildi: “Hamdlar bo‘lsin Xudogaki, bergan rizqu nasibasiga bizlarni qanoatli qildi”. Salmon Forsiy r.a. dedilar: “Agar senda qanoat bo‘lganda edi, mening oftobam garovga qo‘yilmas edi”.

Salama ibn Ubaydullo ibn Misan Ansoriy otalaridan rivoyat qiladilar: Rasululloh s.a.v. aytganlar: “Qaysi biringiz tongda uyqudan uyg‘onganda oilasi tinch, tani sog‘ va uyida bir kunlik yegulik bo‘lsa, bilsinki, unda dunyodagi barcha ne’matlar mujassam ekan”.

Abu Hurayra r.a.dan rivoyat qilinadi: Bir kuni Payg‘ambarimiz s.a.v. bizlarga: “Kimga yaxshi amallarni o‘rgatayin, bas unga u amal qiladi yoki uni amal qiladigan kishiga o‘rgatadi”, dedilar. Shunda “Men Yo Rasululloh”, dedim (Abu Hurayra r.a.). Payg‘ambarimiz s.a.v. qo‘limdan ushlab, beshta amalni sanab o‘tdilar. “Alloh taoloning harom qilgan narsalaridan taqvo qil, odamlarning obidrog‘i bo‘lasan. Alloh taoloning qismatidan rozi bo‘l, insonlardan behojat bo‘lasan. Qo‘shningga chiroyli muomala qil, haqiqiy mo‘min bo‘lasan. O‘zingga ravo ko‘rgan narsani birovlarga ham ravo ko‘r, haqiqiy musulmon bo‘lasan va ko‘p kulma. Bas ko‘p kulishlik qalbni o‘ldiradi ”.

Abu Abbos raziyaallohu anhudan rivoyat qilinadi. Rasululloh s.a.v. shunday duo qilar edilar: “Allohim! Menga bergan rizqingda qanoatli qilgin, uni men uchun barakotli qilgin va barcha yo‘qotganlarim o‘rnini xayrlisi bilan to‘ldirgin”.

Po‘latxon Kattayev,

Toshkent Islom instituti o‘qituvchisi

Мулоҳаза қўшиш


Ҳимоя коди
Янгилаш