Имом Абу Ҳанифа ва муржиийлар

Рукн: Долзарб мавзу Чоп этилган: 28.11.2016

Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам:«Менинг умматимдан икки синф бор. Икковларининг ҳам Исломдан насибаси йўқ: Муржиъа ва Қадария», дедилар» (Термизий ривоят қилган).

Тарихда, Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳнинг қадрларини пастга уриш ва обрўларини кетказиш мақсадида баъзи ғаразгўйлар томонидан у зотнинг шаънларига тўғри келмайдиган ҳар хил бўҳтонлар тўқилган ва у кишини муржиъа тоифасидан деб айблашга уринганлар. Бундай тоифалар ҳозир ҳам учраб туради. Буларнинг Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳи тўғрисида билдирган салбий фикрлари, Аҳли суннанинг ушбу буюк олимининг қадрларига ва обрўларига путур етказа олмайди.

Абул-Фатҳ Муҳаммад ибн Абдулкарим аш-Шаҳристоний «ал-Милал ва-н-ниҳал» асарида муржиийларни адашган фирқалар қаторида санаб ўтган. 

«Муржиия» калимаси араб тилидаги «иржо» сўзидан келиб чиққан бўлиб, икки хил маънони англатади:

1) Кечиктириш, орқага суриш, бирор нарсани вақтинча орқага ташламоқ (қўйиб турмоқ). Бунга Қуръоннинг «Аъроф» сураси, 11-оятининг маъносини мисол келтириш мумкин: «Айтдилар: «Уни ва акаси (Ҳорун)ни ҳозирча қўятур…» (Аъроф» сураси, 11-оят).

2) Бирор нарсага умид қилиш.

Абул-Фатҳ Муҳаммад ибн Абдулкарим аш-Шаҳристоний ушбу асарларида таъкидлашларича, муржиия таълимотининг ақидасига «иржо» сўзининг биринчи маъноси мос келади. Чунки, муржиийлар мўмин банда бажариши лозим бўлган барча амалларни (фарз, суннат ва ҳ.к.) орқага сурганлар. «Иржо» сўзининг иккинчи маъносини ҳам уларнинг ақидасига қўллаш тўғри келади. Чунки, муржиийларнинг ақидасига кўра, худди кофирга тоат фойда бермаганидек, ҳар қандай гуноҳ-маъсият иймонга зарар етказмайди.

Саййид Афифий «Ҳаят ал-имам Аби Ҳанифа» асарида келтиришича, «Шарҳ ал-мавоқиф» асари муаллифи айтишига қараганда, муржиий тоифасига мансуб Ғассон номли киши Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳни муржиий тоифасидан деган. У мусулмонлар тан олган имом Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳнинг эътиқоди билан бир хил эканлигини даъво қилиб, ўзининг мазҳабини ривожлантириш мақсадида ушбу гапни айтган (Афифий. Ҳаят ал-Имам Аби Ҳанифа. 190-бет).

Ибн Абдулбарр раҳматуллоҳи алайҳнинг айтишларича, Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳнинг ҳасадгўйлари кўп бўлган. Улар у зот ҳақида ҳар хил бўҳтонлар тўқиганлар. Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳга нисбатан муржиийлик айби қўйилиши ҳам шулар жумласидандир (Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. Ақоид илми. 195-бет, «Sharq» нашриёти, 2011).

Аллома Абул-Маҳосин Қувнавийнинг таъкидлашича, Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳи хаворижларнинг ақидасига зид ўлароқ, кабира гуноҳ қилган одамни Аллоҳнинг иродасига ҳавола қилганлар. Агар хоҳласа, афв этади, деганлар. Бу эса, ўз навбатида у кишига нисбатан муржиий, деб таъна тоши отилишига сабаб бўлган (Алий Қорий. Шарҳ ал-фиқҳ ал-акбар. 18, 185-бетлар. Дамашқ, Дор ан-нафоис, 2009). Аслида эса, Аллоҳ таоло Ўзи хоҳласа гуноҳи кабираларни кечиши мумкинлиги – Аҳли сунна ақидаси эканлиги ҳаммага маълум.

Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, Аҳли сунна ва муржиийлар эътиқоди орасида катта фарқ мавжуддир. Муржиийлар ақидасига кўра, Аллоҳни танишнинг ўзи кифоя қилади. Тоатлар ва ширкдан бошқа ҳар қандай гуноҳ-маъсиятлар иймонга фойда ҳам, зарар ҳам етказмайди. Аҳли сунна ақидасига кўра эса, иймон келтиришда Аллоҳни танишнинг ўзи кифоя қилмайди, балки қалбда ихтиёрий тасдиқ ва тилда иқрор бўлиши лозим. Шу билан бирга мўмин одамга тоатлар фойда беради ва гуноҳ-маъсиятлар унга зарар бўлиб, дўзах томон етаклайди (Бобиртий. Шарҳ ал-Васият. 110-бет).

Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳи ўзларининг «ал-Фиқҳ ал-акбар» асарларида, муржиийларга хеч қандай алоқалари йўқ эканлигини ўзлари очиқ ойдин кўрсатиб: «Биз муржиийларга ўхшаб, тоатларимиз қабул қилинган ва гуноҳларимиз афв қилинган, демаймиз», деганлар.

Аллома Омадийнинг айтишига қараганда, муътазила тоифаси дастлабки даврларда тақдир масаласида ўзларига хилоф чиққанларни муржиий, деб атаганлар ёки Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳи иймон зиёда ва кам бўлмайди деганлари учун, амални иймондан кейинга сурди, деган фикр билан у киши ҳақида муржиийлик гумон қилинган (Ғовжий. Абу Ҳанифа Нуъмон. 280-бет).

Зафар Аҳмад Усмонийнинг айтишларича, иймон зиёда бўлади ва камаяди, амал эса иймоннинг моҳиятидан деб, айтмайдиганларни муҳаддислар тарафидан муржиий дейилиши кўп учрайди. Бу истеъмол аслида таъна эмаслиги шариат масалаларида моҳир кишилар учун махфий эмас. Бу масалада баҳс қилиш, тортишиш муҳаққиқ уламолардан мутақаддим ва мутааххирлари ҳам таъкидлаганларидек, лафзийдир, яъни ҳақиқий эмас, балки юзакидир (Зафар Аҳмад Усмоний. Қоваид фий улум ал-ҳадис. 141-бет. Ҳайдаробод, Матбаа ал-маориф аш-шарқийя, 1994).

Муҳаддис ва фақиҳ аллома Анвар Шоҳ Кашмирий раҳматуллоҳи алайҳи «Файз ал-Борий ала саҳиҳ ал-Бухорий» номли китобларида айтишларича:  «Иймон салаф уламолар наздида уч нарсадан, яъни эътиқод, сўз ва амалдан иборат. Аввалги иккитаси яъни тасдиқ ва иқрор ҳақида гапирилди. Амал иймондан бир бўлакми ёки йўқ? Гап шу ҳақида қолди. Бу хусусида тўрт хил қараш мавжуд:

1, 2) Хавориж ва муътазилийлар мазҳаби бўйича амаллар иймонннинг бўлаклари ва амални тарк қилувчи иймондан чиқади. Бу масалада хавориж ва муътазила орасида фарқ бор. Хаворижлар амални тарк қилувчи иймондан чиқиб, кофир бўлишини айтишса, муътазилийлар эса, у иймондан чиқади, лекин кофир бўлмайди балки иккисини орасида бўлади дейишади. Бу билан улар «манзила байна ал-манзилатайн», яъни «икки мартаба орасида мартаба» ақидасига суянадилар.

3) Муржиийлар амалга ҳожат йўқ, нажот топишнинг йўли тасдиқ холос дейишади. Демак, муржиийлар аввалги икки тоифадан кескин фарқ қилади.

4) Аҳли сунна вал жамоа эса, хавориж ва муътазила билан муржиийларнинг йўлларини ўртасини тутишган. Уларнинг мазҳаби бўйича, амалларни бажариш ҳам зарур. Лекин, тарк қилган одам кофир эмас балки фосиқ. Улар хавориж ва муътазилалар каби қаттиқ туриб олмадилар ҳам ёки муржиийлар каби енгил ҳам қарамадилар.

Бу борада Аҳли сунна иккига бўлинади. Аксар муҳаддислар иймон амаллардан таркиб топган дейишса, Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳи ҳамда аксар фуқаҳо ва мутакаллимлар амаллар иймон остига кирувчи эмас, деганлар. Аммо, улар тасдиқ қилмаган одам кофир, тасдиқ топилиб, амалларни бажармаган шахс кофир эмас, балки фосиқ деган қарашда бир хил фикрдадирлар. Демак, Аҳли сунна ичидаги ихтилоф фақат ифодада (лафзда) қолди. Чунки, салаф уламолар амалларни иймоннинг бўлаклари қилган бўлсаларда, лекин амалларни бажармаслик билан иймон йўққа чиқиши эътиборидан эмас, балки амаллар йўқ бўлса ҳам иймон қолаверишлиги нуқтаи назаридан ёндошганлар.

Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳи амалларни иймондан бир бўлак, демаган бўлсаларда, лекин амалларга қатиқ эътибор берган, қизиқтирган ва амалларни иймоннинг қувватига сабаб қилганлар. Муҳаддисларнинг иймонни баён қилиб ифодлашда муржиийларнинг ифодасидан очиқ фарқ қилди. Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳнинг иймонни баён қилиб ифодалашлари эса, амаллар иймоннинг бўлаги бўлмаслигида муржиийларнинг таърифига ўхшаб кетди. Шунинг учун ҳанафийлар муржиийликда айбландилар. Бу кўриб турганингиздек, ҳанафийларга нисбатан ноҳақликдир!

Агар сўзларни ифода этиш суратларидан бирида, муржиийларнинг сўзига ўхшашлик борлиги ҳанафийларни муржиийликка мансуб дейишга етарли бўлганда эди, муҳаддисларни ҳам муътазилийликка мансуб, дейиш лозим бўлиб қолади. Чунки, муътазила тоифаси ҳам, муҳаддислар каби, амаллар иймоннинг бўлаги дейишган. Лекин, муҳаддислар муътазила тоифасига мансубликдан пок ва йироқдирлар. Мутаассиблик билан тарафкашлик қилиб, ҳанафийларни муржиийликка мансуб қилганларнинг қараши хатодир. Дин бир-бирини айблаш ва ҳар хил лақаблар тўқиш эмас, балки тўлалигича насиҳатдир. Ҳар қандай маъсиятлардан сақланишга куч ва тоатларга қувват фақат Буюк ва Олий Аллоҳнинг мадади билангина бўлади». (Анвар Шоҳ Кашмирий. «Файз ал-Борий ала саҳиҳал-Бухорий», 53-54 бетлар. Карачи, Дор ал-улум, 1998).

Аҳли сунна вал жамоанинг машҳур олимларидан Имом Таҳовий раҳматуллоҳи алайҳнинг «Ақида ат-Таҳовия» номли асарлари ўз номидан ҳам Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳи ва у кишининг икки шогирдларининг ақидавий қарашлари асосида ёзилганлиги ва улар Аҳли сунна имомлари эканлигига далолат қилиб турибди (Аслида, ушбу асарнинг асл номи «Баён ақоид аҳл ас-сунна вал жамоа ала мазҳаб фуқаҳо ал-милла Аби Ҳанифа ва Аби Юсуф ва Муҳаммад ибн ал-Ҳасан», яъни «Аҳли сунна вал жамоа ақидаларини миллат фақиҳлари Абу Ҳанифа, Абу Юсуф ва Муҳаммад ибн Ҳасан мазҳабидаги баёни» бўлган).

Шунингдек, Абу Мансур ал-Мотурудий раҳматуллоҳи алайҳнинг асарлари, ҳамда улардаги ақидавий масалаларни оммага кенг ёйишда беқиёс хизмат қилган Абул-Муъин ан-Насафийнинг «Табсира ал-адилла» асари ҳамда ақоид илмининг мотурудия йўналишида кўзга кўринган уламоларидан Фахрал-ислом Абул-Юср Паздавий, Умар Насафий («Ал-Ақийдатун Насафия» муаллифи), Саъдуддин Тафтазоний, Ибн Ҳумом раҳматуллоҳи алайҳим ва бошқа уламоларнинг асарлари ҳам, уларни Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳнинг ақидавий қарашларининг давомчилари эканлари ва Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳи Аҳли сунна вал жамоанинг ақийдавий имоми эканликларининг ёрқин тасдиғидир.

Шайх Ибн Абдилбарр раҳматуллоҳи алайҳи «Жомиъи баён ал-илм ва фазлиҳи» китобида таъкидлашларича, улуғ имомлар тўғрисида ҳар хил гаплар гапирилган. Уламолар шу гапларни ўша улуғ имомларга нисбатан бошқалар ҳам қўллашига рози бўлмаганлар. Балки, буни рақобатчиларнинг бир-бирларига айтган гапларидан деб ҳисоблаганлар.

Ибн Абдулбарр раҳматуллоҳи алайҳи гапида давом этиб, қуйидаги мазмундаги сўзларни айтганлар: «Ким улуғ ишончли уламоларни бир-бирлари тўғрисида айтган гапларини қабул қилишни хоҳласа, саҳобаларни бир-бирлари ҳақида айтган гапларини ҳам қабул қилиши лозим бўлиб қолади. Агар шундай қилса, қаттиқ адашади ва аниқ зиён кўради. Шунингдек, улуғ имомларни бир-бирлари тўғриларида айтган дағал гапларини қабул қилса ҳам адашади ва зиён кўради. Агар қабул қилишни хоҳламаса, адолати ҳақиқий, диққат-эътибори ҳаммага маълум, кабира гуноҳлардан сақланган, мурувватли, ўзгаларга ёрдам беришни лозим тутган, яхшилиги кўп ва ёмонлиги деярли йўқ инсонлар тўғрисида ҳужжат-далилсиз гаплар қабул қилинмаслигида қўйилган шартларга амал қилсин. Саъид ибн Мусайяб ва бошқа тобиъийн ва мусулмонларнинг имомларига мақтов айтганлар беҳисобдирлар. Одамлар уларнинг фазилатларини жамладилар, сийратлари ва улар ҳақидаги хабарлар билан шуғулландилар. Ким саҳобаларнинг фазилатларидан сўнг Имом Моликнинг фазилатлари тўғрисида, Имом Шофиъийнинг фазилатлири ҳақида ва Имом Абу Ҳанифанинг фазилатлари хусусида ўқиса, шу билан машғул бўлса ва уларнинг ажойиб сийратлари ва юрган йўлларини ўрганса, бу унинг учун мақтовга сазовор амал бўлади» .

Абдулҳодий Ғиёсов | ummat.uz

Ibn Abbos roziyallohu anhudan rivoyat qilinadi: «Nabiy sollallohu alayhi va sallam:«Mening ummatimdan ikki sinf bor. Ikkovlarining ham Islomdan nasibasi yo‘q: Murji’a va Qadariya», dedilar» (Termiziy rivoyat qilgan).

Tarixda, Abu Hanifa rahmatullohi alayhning qadrlarini pastga urish va obro‘larini ketkazish maqsadida ba’zi g‘arazgo‘ylar tomonidan u zotning sha’nlariga to‘g‘ri kelmaydigan har xil bo‘htonlar to‘qilgan va u kishini murji’a toifasidan deb ayblashga uringanlar. Bunday toifalar hozir ham uchrab turadi. Bularning Abu Hanifa rahmatullohi alayhi to‘g‘risida bildirgan salbiy fikrlari, Ahli sunnaning ushbu buyuk olimining qadrlariga va obro‘lariga putur yetkaza olmaydi.

Abul-Fath Muhammad ibn Abdulkarim ash-Shahristoniy «al-Milal va-n-nihal» asarida murjiiylarni adashgan firqalar qatorida sanab o‘tgan. 

«Murjiiya» kalimasi arab tilidagi «irjo» so‘zidan kelib chiqqan bo‘lib, ikki xil ma’noni anglatadi:

1) Kechiktirish, orqaga surish, biror narsani vaqtincha orqaga tashlamoq (qo‘yib turmoq). Bunga Qur’onning «A’rof» surasi, 11-oyatining ma’nosini misol keltirish mumkin: «Aytdilar: «Uni va akasi (Horun)ni hozircha qo‘yatur…» (A’rof» surasi, 11-oyat).

2) Biror narsaga umid qilish.

Abul-Fath Muhammad ibn Abdulkarim ash-Shahristoniy ushbu asarlarida ta’kidlashlaricha, murjiiya ta’limotining aqidasiga «irjo» so‘zining birinchi ma’nosi mos keladi. Chunki, murjiiylar mo‘min banda bajarishi lozim bo‘lgan barcha amallarni (farz, sunnat va h.k.) orqaga surganlar. «Irjo» so‘zining ikkinchi ma’nosini ham ularning aqidasiga qo‘llash to‘g‘ri keladi. Chunki, murjiiylarning aqidasiga ko‘ra, xuddi kofirga toat foyda bermaganidek, har qanday gunoh-ma’siyat iymonga zarar yetkazmaydi.

Sayyid Afifiy «Hayat al-imam Abi Hanifa» asarida keltirishicha, «Sharh al-mavoqif» asari muallifi aytishiga qaraganda, murjiiy toifasiga mansub G‘asson nomli kishi Abu Hanifa rahmatullohi alayhni murjiiy toifasidan degan. U musulmonlar tan olgan imom Abu Hanifa rahmatullohi alayhning e’tiqodi bilan bir xil ekanligini da’vo qilib, o‘zining mazhabini rivojlantirish maqsadida ushbu gapni aytgan (Afifiy. Hayat al-Imam Abi Hanifa. 190-bet).

Ibn Abdulbarr rahmatullohi alayhning aytishlaricha, Abu Hanifa rahmatullohi alayhning hasadgo‘ylari ko‘p bo‘lgan. Ular u zot haqida har xil bo‘htonlar to‘qiganlar. Abu Hanifa rahmatullohi alayhga nisbatan murjiiylik aybi qo‘yilishi ham shular jumlasidandir (Shayx Muhammad Sodiq Muhammad Yusuf. Aqoid ilmi. 195-bet, «Sharq» nashriyoti, 2011).

Alloma Abul-Mahosin Quvnaviyning ta’kidlashicha, Abu Hanifa rahmatullohi alayhi xavorijlarning aqidasiga zid o‘laroq, kabira gunoh qilgan odamni Allohning irodasiga havola qilganlar. Agar xohlasa, afv etadi, deganlar. Bu esa, o‘z navbatida u kishiga nisbatan murjiiy, deb ta’na toshi otilishiga sabab bo‘lgan (Aliy Qoriy. Sharh al-fiqh al-akbar. 18, 185-betlar. Damashq, Dor an-nafois, 2009). Aslida esa, Alloh taolo O‘zi xohlasa gunohi kabiralarni kechishi mumkinligi – Ahli sunna aqidasi ekanligi hammaga ma’lum.

Shuni alohida ta’kidlash kerakki, Ahli sunna va murjiiylar e’tiqodi orasida katta farq mavjuddir. Murjiiylar aqidasiga ko‘ra, Allohni tanishning o‘zi kifoya qiladi. Toatlar va shirkdan boshqa har qanday gunoh-ma’siyatlar iymonga foyda ham, zarar ham yetkazmaydi. Ahli sunna aqidasiga ko‘ra esa, iymon keltirishda Allohni tanishning o‘zi kifoya qilmaydi, balki qalbda ixtiyoriy tasdiq va tilda iqror bo‘lishi lozim. Shu bilan birga mo‘min odamga toatlar foyda beradi va gunoh-ma’siyatlar unga zarar bo‘lib, do‘zax tomon yetaklaydi (Bobirtiy. Sharh al-Vasiyat. 110-bet).

Abu Hanifa rahmatullohi alayhi o‘zlarining «al-Fiqh al-akbar» asarlarida, murjiiylarga xech qanday aloqalari yo‘q ekanligini o‘zlari ochiq oydin ko‘rsatib: «Biz murjiiylarga o‘xshab, toatlarimiz qabul qilingan va gunohlarimiz afv qilingan, demaymiz», deganlar.

Alloma Omadiyning aytishiga qaraganda, mu’tazila toifasi dastlabki davrlarda taqdir masalasida o‘zlariga xilof chiqqanlarni murjiiy, deb ataganlar yoki Abu Hanifa rahmatullohi alayhi iymon ziyoda va kam bo‘lmaydi deganlari uchun, amalni iymondan keyinga surdi, degan fikr bilan u kishi haqida murjiiylik gumon qilingan (G‘ovjiy. Abu Hanifa Nu’mon. 280-bet).

Zafar Ahmad Usmoniyning aytishlaricha, iymon ziyoda bo‘ladi va kamayadi, amal esa iymonning mohiyatidan deb, aytmaydiganlarni muhaddislar tarafidan murjiiy deyilishi ko‘p uchraydi. Bu iste’mol aslida ta’na emasligi shariat masalalarida mohir kishilar uchun maxfiy emas. Bu masalada bahs qilish, tortishish muhaqqiq ulamolardan mutaqaddim va mutaaxxirlari ham ta’kidlaganlaridek, lafziydir, ya’ni haqiqiy emas, balki yuzakidir (Zafar Ahmad Usmoniy. Qovaid fiy ulum al-hadis. 141-bet. Haydarobod, Matbaa al-maorif ash-sharqiyya, 1994).

Muhaddis va faqih alloma Anvar Shoh Kashmiriy rahmatullohi alayhi «Fayz al-Boriy ala sahih al-Buxoriy» nomli kitoblarida aytishlaricha:  «Iymon salaf ulamolar nazdida uch narsadan, ya’ni e’tiqod, so‘z va amaldan iborat. Avvalgi ikkitasi ya’ni tasdiq va iqror haqida gapirildi. Amal iymondan bir bo‘lakmi yoki yo‘q? Gap shu haqida qoldi. Bu xususida to‘rt xil qarash mavjud:

1, 2) Xavorij va mu’taziliylar mazhabi bo‘yicha amallar iymonnning bo‘laklari va amalni tark qiluvchi iymondan chiqadi. Bu masalada xavorij va mu’tazila orasida farq bor. Xavorijlar amalni tark qiluvchi iymondan chiqib, kofir bo‘lishini aytishsa, mu’taziliylar esa, u iymondan chiqadi, lekin kofir bo‘lmaydi balki ikkisini orasida bo‘ladi deyishadi. Bu bilan ular «manzila bayna al-manzilatayn», ya’ni «ikki martaba orasida martaba» aqidasiga suyanadilar.

3) Murjiiylar amalga hojat yo‘q, najot topishning yo‘li tasdiq xolos deyishadi. Demak, murjiiylar avvalgi ikki toifadan keskin farq qiladi.

4) Ahli sunna val jamoa esa, xavorij va mu’tazila bilan murjiiylarning yo‘llarini o‘rtasini tutishgan. Ularning mazhabi bo‘yicha, amallarni bajarish ham zarur. Lekin, tark qilgan odam kofir emas balki fosiq. Ular xavorij va mu’tazilalar kabi qattiq turib olmadilar ham yoki murjiiylar kabi yengil ham qaramadilar.

Bu borada Ahli sunna ikkiga bo‘linadi. Aksar muhaddislar iymon amallardan tarkib topgan deyishsa, Abu Hanifa rahmatullohi alayhi hamda aksar fuqaho va mutakallimlar amallar iymon ostiga kiruvchi emas, deganlar. Ammo, ular tasdiq qilmagan odam kofir, tasdiq topilib, amallarni bajarmagan shaxs kofir emas, balki fosiq degan qarashda bir xil fikrdadirlar. Demak, Ahli sunna ichidagi ixtilof faqat ifodada (lafzda) qoldi. Chunki, salaf ulamolar amallarni iymonning bo‘laklari qilgan bo‘lsalarda, lekin amallarni bajarmaslik bilan iymon yo‘qqa chiqishi e’tiboridan emas, balki amallar yo‘q bo‘lsa ham iymon qolaverishligi nuqtai nazaridan yondoshganlar.

Abu Hanifa rahmatullohi alayhi amallarni iymondan bir bo‘lak, demagan bo‘lsalarda, lekin amallarga qatiq e’tibor bergan, qiziqtirgan va amallarni iymonning quvvatiga sabab qilganlar. Muhaddislarning iymonni bayon qilib ifodlashda murjiiylarning ifodasidan ochiq farq qildi. Abu Hanifa rahmatullohi alayhning iymonni bayon qilib ifodalashlari esa, amallar iymonning bo‘lagi bo‘lmasligida murjiiylarning ta’rifiga o‘xshab ketdi. Shuning uchun hanafiylar murjiiylikda ayblandilar. Bu ko‘rib turganingizdek, hanafiylarga nisbatan nohaqlikdir!

Agar so‘zlarni ifoda etish suratlaridan birida, murjiiylarning so‘ziga o‘xshashlik borligi hanafiylarni murjiiylikka mansub deyishga yetarli bo‘lganda edi, muhaddislarni ham mu’taziliylikka mansub, deyish lozim bo‘lib qoladi. Chunki, mu’tazila toifasi ham, muhaddislar kabi, amallar iymonning bo‘lagi deyishgan. Lekin, muhaddislar mu’tazila toifasiga mansublikdan pok va yiroqdirlar. Mutaassiblik bilan tarafkashlik qilib, hanafiylarni murjiiylikka mansub qilganlarning qarashi xatodir. Din bir-birini ayblash va har xil laqablar to‘qish emas, balki to‘laligicha nasihatdir. Har qanday ma’siyatlardan saqlanishga kuch va toatlarga quvvat faqat Buyuk va Oliy Allohning madadi bilangina bo‘ladi». (Anvar Shoh Kashmiriy. «Fayz al-Boriy ala sahihal-Buxoriy», 53-54 betlar. Karachi, Dor al-ulum, 1998).

Ahli sunna val jamoaning mashhur olimlaridan Imom Tahoviy rahmatullohi alayhning «Aqida at-Tahoviya» nomli asarlari o‘z nomidan ham Abu Hanifa rahmatullohi alayhi va u kishining ikki shogirdlarining aqidaviy qarashlari asosida yozilganligi va ular Ahli sunna imomlari ekanligiga dalolat qilib turibdi (Aslida, ushbu asarning asl nomi «Bayon aqoid ahl as-sunna val jamoa ala mazhab fuqaho al-milla Abi Hanifa va Abi Yusuf va Muhammad ibn al-Hasan», ya’ni «Ahli sunna val jamoa aqidalarini millat faqihlari Abu Hanifa, Abu Yusuf va Muhammad ibn Hasan mazhabidagi bayoni» bo‘lgan).

Shuningdek, Abu Mansur al-Moturudiy rahmatullohi alayhning asarlari, hamda ulardagi aqidaviy masalalarni ommaga keng yoyishda beqiyos xizmat qilgan Abul-Mu’in an-Nasafiyning «Tabsira al-adilla» asari hamda aqoid ilmining moturudiya yo‘nalishida ko‘zga ko‘ringan ulamolaridan Faxral-islom Abul-Yusr Pazdaviy, Umar Nasafiy («Al-Aqiydatun Nasafiya» muallifi), Sa’duddin Taftazoniy, Ibn Humom rahmatullohi alayhim va boshqa ulamolarning asarlari ham, ularni Abu Hanifa rahmatullohi alayhning aqidaviy qarashlarining davomchilari ekanlari va Abu Hanifa rahmatullohi alayhi Ahli sunna val jamoaning aqiydaviy imomi ekanliklarining yorqin tasdig‘idir.

Shayx Ibn Abdilbarr rahmatullohi alayhi «Jomi’i bayon al-ilm va fazlihi» kitobida ta’kidlashlaricha, ulug‘ imomlar to‘g‘risida har xil gaplar gapirilgan. Ulamolar shu gaplarni o‘sha ulug‘ imomlarga nisbatan boshqalar ham qo‘llashiga rozi bo‘lmaganlar. Balki, buni raqobatchilarning bir-birlariga aytgan gaplaridan deb hisoblaganlar.

Ibn Abdulbarr rahmatullohi alayhi gapida davom etib, quyidagi mazmundagi so‘zlarni aytganlar: «Kim ulug‘ ishonchli ulamolarni bir-birlari to‘g‘risida aytgan gaplarini qabul qilishni xohlasa, sahobalarni bir-birlari haqida aytgan gaplarini ham qabul qilishi lozim bo‘lib qoladi. Agar shunday qilsa, qattiq adashadi va aniq ziyon ko‘radi. Shuningdek, ulug‘ imomlarni bir-birlari to‘g‘rilarida aytgan dag‘al gaplarini qabul qilsa ham adashadi va ziyon ko‘radi. Agar qabul qilishni xohlamasa, adolati haqiqiy, diqqat-e’tibori hammaga ma’lum, kabira gunohlardan saqlangan, muruvvatli, o‘zgalarga yordam berishni lozim tutgan, yaxshiligi ko‘p va yomonligi deyarli yo‘q insonlar to‘g‘risida hujjat-dalilsiz gaplar qabul qilinmasligida qo‘yilgan shartlarga amal qilsin. Sa’id ibn Musayyab va boshqa tobi’iyn va musulmonlarning imomlariga maqtov aytganlar behisobdirlar. Odamlar ularning fazilatlarini jamladilar, siyratlari va ular haqidagi xabarlar bilan shug‘ullandilar. Kim sahobalarning fazilatlaridan so‘ng Imom Molikning fazilatlari to‘g‘risida, Imom Shofi’iyning fazilatliri haqida va Imom Abu Hanifaning fazilatlari xususida o‘qisa, shu bilan mashg‘ul bo‘lsa va ularning ajoyib siyratlari va yurgan yo‘llarini o‘rgansa, bu uning uchun maqtovga sazovor amal bo‘ladi» .

Abdulhodiy G‘iyosov | ummat.uz

Мулоҳаза қўшиш


Ҳимоя коди
Янгилаш