Россия мусулмонлари идораси Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф вафоти муносабати билан ҳамдардлик билдирди

Рукн: Янгиликлар Чоп этилган: 11.03.2015

Россия федерацияси Мусулмонлар идораси раиси, Россия муфтийлар кенгаши раиси, шайх Равил Ғайнуддин Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф вафоти муносабати билан барча мусулмонларга ва олимнинг яқинларига ҳамдардлик изҳор этди.

"Устоз Муҳаммад Содиқ ўзидан минглаб шогирдлар, илмий китоблар қолдирди. У умрини Исломнинг ҳақиқий йўлини ўрганиш ва тушунтиришга бағишлади. Унинг шогирдлари орасида Ўзбекистоннинг ислом ўқув юртларида ўқиган, ҳозирда Россияда забардаст бўлган 10 дан ортиқ олим мавжуд. Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф доимо халқ билан бирга эди, оддий мусулмонлардан ўзини олиб қочмасди", дейилади Россия мусулмонлари идораси сайтида чоп этилган ҳамдардлик билдирувида.

Ижтимоий тармоқларда дунёнинг бир қанча диний арбобларининг ҳамдардликлари эълон қилинган.

Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров ҳам ҳамдардлик изҳор этаркан, Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфнинг чечен халқининг ҳақиқий дўсти бўлганлигини таъкидлаб, у зотнинг хотираси учун Грознийдаги кўчалардан бирига Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф номи берилишини маълум қилган.

* * *

Rossiya federatsiyasi Musulmonlar idorasi raisi, Rossiya muftiylar kengashi raisi, shayx Ravil G‘aynuddin Shayx Muhammad Sodiq Muhammad Yusuf vafoti munosabati bilan barcha musulmonlarga va olimning yaqinlariga hamdardlik izhor etdi.

"Ustoz Muhammad Sodiq o‘zidan minglab shogirdlar, ilmiy kitoblar qoldirdi. U umrini Islomning haqiqiy yo‘lini o‘rganish va tushuntirishga bag‘ishladi. Uning shogirdlari orasida O‘zbekistonning islom o‘quv yurtlarida o‘qigan, hozirda Rossiyada zabardast bo‘lgan 10 dan ortiq olim mavjud. Shayx Muhammad Sodiq Muhammad Yusuf doimo xalq bilan birga edi, oddiy musulmonlardan o‘zini olib qochmasdi", deyiladi Rossiya musulmonlari idorasi saytida chop etilgan hamdardlik bildiruvida.

Ijtimoiy tarmoqlarda dunyoning bir qancha diniy arboblarining hamdardliklari e’lon qilingan.

Checheniston rahbari Ramzan Qodirov ham hamdardlik izhor etarkan, Shayx Muhammad Sodiq Muhammad Yusufning chechen xalqining haqiqiy do‘sti bo‘lganligini ta’kidlab, u zotning xotirasi uchun Grozniydagi ko‘chalardan biriga Shayx Muhammad Sodiq Muhammad Yusuf nomi berilishini ma’lum qilgan.