Абу Абдураҳмон Суламий

Рукн: Тобеинлар Чоп этилган: 12.08.2016

Абдуллоҳ ибн Ҳабиб ибн Рубаййиъа Абу Абдураҳмон Суламий Куфий – машҳур қори, имом, олим, катта тобеинлардан. Абу Абдураҳмон Куфа аҳлининг қориси, саҳобалар авлодидандир. Суламий Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳаётлик вақтларида туғилган. Абу Исҳоқ ривоят қилишича, Суламийга Қуръонни аввал отаси ўргатган. Унинг отаси Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаларидан бўлиб, у Зот билан ғазотларда иштирок этган.

Абу Амр Донийнинг айтишича, Абу Абдураҳмон Қуръони каримни бевосита Усмон, Али ибн Абу Толиб, Ибн Масъуд, Убай ибн Каъб, Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳумлардан ўрганган. Ўз навбатида ундан Осим ибн Абу Нажуд, Яҳё ибн Вассоб, Ато ибн Соиб, Абдуллоҳ ибн Исо ибн Абдураҳмон ибн Абу Лайло, Муҳаммад ибн Абу Айюб, Шаъбий ва Исмоил ибн Абу Холидлар Қуръонни ўрганишган.

Суламий Қуръони карим қироати ва тажвид илми бўйича катта олим бўлиб, қироатининг санади энг саҳиҳ санадлардан ҳисобланади. Ҳозирги вақтда Ислом оламидаги энг кўп тарқалган қироат соҳиби имом Ҳафснинг қироат санади ҳам имом Осим орқали Суламийга боғланади. Имом Осим Суламийнинг шогирдларидан бири бўлган.

Абу Абдураҳмон Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу билан Сиффин жангида қатнашган.

Имом Бухорий Ҳажжож ибн Минҳолдан, у Шўъбадан, у Алқама ибн Марсаддан, у Саъд ибн Убайдадан, у Абу Абдураҳмон Суламийдан, у Усмон розияллоҳу анҳудан, Усмон ибн Аффон эса Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилади: «Қуръонни ўрганиб, сўнг уни (бошқаларга) ўргатганлар сизларнинг яхшиларингиз». Саъд ибн Убайда:«Абу Абдураҳмон Усмон халифалиги давридан Ҳажжож ҳукмронлигигача Қуръонни таълим берган. У:«Мана шу ҳадис мени бу ерга ўтиришимга сабабчи бўлган», деган» (Бухорий, Муслим, Сунан соҳиблари, Доримий, Аҳмад, Ибн Ҳиббон, Байҳақий ва Табароний ривояти).

Ривоят сўнггида айтилишича, Суламий Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бу ҳадисларини эшитганидан сўнг Қуръони каримни одамларга таълим бериш йўлида жидду жаҳд қилган.

Асқалоний айтади:«Суламий Усмон розияллоҳу анҳунинг халифалик давридан бошлаб Ҳажжож Ироқ ҳукмдори бўлгунига қадар Қуръонни кишиларга таълим берган. Усмон розияллоҳу анҳунинг халифалигининг бошланиши ва Ҳажжож ҳукмронлигининг тугаши орасида уч ойи кам етмиш икки йил бор. Усмон розияллоҳу анҳу халифалик муддатининг охири ва Ҳажжож ҳукмронлигининг бошланиши орасида эса, ўттиз саккиз йил бор. Лекин мен Абу Абдураҳмон қачондан бошлаб қайси муддатгача Қуръони каримни таълим берганини аниқ белгилашга муваффақ бўлмадим. Аллоҳ билгувчироқдир» («Фатҳул-борий», 9-жузъ, 76-77-бетлар).

Абу Исҳоқ Сабиъийнинг айтишича, Суламий қирқ йил давомида катта масжидда одамларга Қуръони каримни ўргатган. («Сияру аъламин-нубала»).

Исмоил ибн Абу Холиддан ривоят қилинишича, Абу Абдураҳмон Суламий ёдлаш ва ўрганиш осон бўлиши учун Қуръонни беш оят-беш оятдан таълим берар эди.

Сулаймийнинг қироат соҳасига қўшган ҳиссасидан ташқари, унинг тақвоси, ихлоси ва саховати ҳақида ҳам тўхталиб ўтиш ўринли. Ато ибн Соиб ривоят қилади: «Абу Абдураҳмон Суламийнинг вафоти яқинлашиб қолганида унинг ҳузурига кирдик. Шунда у: «Мен ҳозир Парвардигор раҳматидан умид қилиб турибман. Дарҳақиқиат, мен У Зот учун саксон йил рўза тутдим», деди».

Ато ибн Соибнинг айтишича, Сулаймий масжидга таом бериб юбориб, уни етим ва мискинларга тарқатишни буюрарди. Кўп ҳолларда одамлар унга қарата: «Баарокаллоҳу фийк (яъни Аллоҳ сен(инг аҳлингга ва молинг)га барака берсин)», деганларида, у ҳам: «Баарокаллоҳу фийкум (Аллоҳ сизлар(нинг ҳам аҳлингиз ва молларингиз)га барака берсин)» , деб жавоб қайтарар ва: «Мен Оиша розияллоҳу анҳо: «Агар сиз бирон нарса садақа қилганингизда, ҳаққингизга дуо қилинса, сизлар ҳам жавоб қайтаринглар. Шунда садақа қилган нарсаларингиз савоби ўзларингизда қолади», деганини эшитганман», дерди.

Суламий ҳижрий 70 йилда вафот этган. Ибн Саъднинг айтишича, унинг вафоти Бишр ибн Марвон Ироққа амирлик қилган пайтларга тўғри келади.

Абу Абдураҳмондан сиҳоҳи ситта соҳибларининг барчаси ривоят қилишган. Ибн Ҳажар ва Заҳабийлар уни ишончли ровий ва фозил кишилардан эканини зикр қилишган.

Абу Абдураҳмон Умар, Усмон ва бошқалардан ҳадис ривоят қилган. Ўз навбатида ундан Саъд ибн Убайда, Осим, Абу Исҳоқ, Алқама ибн Марсад, Ато ибн Соиб ва бошқалар ҳадис ривоят қилишган.

Муҳаммад ибн Ҳусайн ибн Холид ибн Солим ибн Ровия ибн Саид ибн Қабийса ибн Суроқа Абу Абдураҳмон Суламий Найсабурий (мелодий 936/942-1021) – Хуросон сўфийлик мактаби вакили, кўплаб асарлар муаллифи.

Суламий ҳижрий 325 йил Жумодус-соний ойининг 10-куни Нишопурда туғилган. Суламий, унинг отаси ва бобоси сўфий бўлган. Унинг сўфий бўлиб етишишида она томондан бобоси Абу Амр Исмоил ибн Нужайднинг ўрни катта бўлган. Суламийнинг отаси вафот этгач, уни бобоси Ибн Нужайд қарамоғига олиб, набирасининг илмий ҳалқаларда иштирок этишини таъминлайди, илм олиши учун шароит яратиб беради.

Суламий ҳадис ва тасаввуфни ўрганиш мақсадида илм истаб кўп юртларда бўлган. Жумладан, Ироқ, Рай, Ҳамадон, Марв, Сурия ва Ҳижозга сафар қилган. У ҳадис ва фиқҳни Муҳаммад ибн Ёқуб Абул Аббос ал-Асомм ва Абул Ҳасан Али ибн Умар ибн Масрур Дорақутнийдан ўрганган. Ибн Ҳусайн Суламий яна қуйидаги уламолардан таълим олган:

1. Иброҳим ибн Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Ражо ал-Абзорий, Нишопурнинг энг машҳур муҳаддисларидан.

2. Иброҳим ибн Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Маҳмувайҳ Абул Қосим Наср Ободий, Нишопурнинг муҳаддис ва тарихчиси, «Тариху найсабур» асари муаллифи.

3. Аҳмад ибн Исҳоқ ибн Айюб ибн Язид ибн Абдураҳмон ибн Нуҳ Абу Бакр аз-Зубаъий, Нишопур шайхларидан.

4. Аҳмад ибн Абдуллоҳ ибн Аҳмад ибн Исҳоқ ибн Мусо ибн Маҳрон Абу Нуайм ал-Асбаҳоний, машҳур муҳаддис, «Ҳилятул-авлиё», «Тариху ахбари асбаҳан» асарлари муаллифи.

5. Аҳмад ибн Али ибн Ҳасан ибн Шозон, Нишопур қориларидан, Ибн Ҳуснавайҳ исми билан машҳур бўлган.

6. Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Румайҳ ибн Исмат ибн Вакийъ ибн Ражо Абу Саид ан-Нахаъий, Нисо аҳлидан.

7. Исмоил ибн Нужайд Абу Амр Суламий, Суламийнинг она томондан бобоси, у кўп илмни бобосидан эшитган.

8. Жаъфар ибн Муҳаммад Абулқосим аз-Заррий.

9. Муҳаммад ибн Али ибн Исмоил Абу Бакр Қаффол Шоший (291-366), фиқҳ, тафсир ва луғатда замонасининг тенги йўқ олими, ўз даврида шофеъий мазҳаби шайхи бўлган.

Биз Суламийнинг устозларидан баъзиларининг исмини зикр қилдик, холос. Суламий илмга чанқоқлигидан қаерда ўзидан олимроқ киши борлигини эшитса, унинг олдига бориб, илм ўрганар, дарс эшитарди.

Ўз навбатида Суламийдан жуда кўплаб кишилар, жумладан, Аҳмад ибн Ҳусайн Абу Бакр Байҳақий, Аҳмад ибн Абдулвоҳид ал-Вакил, Абдуллоҳ ибн Юсуф Абу Муҳаммад ал-Жувайний, Убайдуллоҳ ибн Аҳмад ал-Азҳарий, Али ибн Сулаймон ибн Довуд Абул Ҳасан ал-Ўзгандий ва бошқалар таълим олишган.

Суламий ҳадис, тафсир ва тасаввуфга оид юздан ортиқ асар ёзган. Жумладан, «Ал-ухуввату вал-аховату фис-суфийя», «Одобут-таъозий», «Одобу-суҳбати ва ҳуснил-ишра», «Одобус-суфийя», «Арбаъийн фил-ҳадис»,«Амсалул-қуръон»,«Тариху аҳлис-суффа», «Тарихус-суфийя», «Жавомиъу одобис-суфийя», «Ҳақоиқут-тафсир», «Даражотул-муомалот», «Аз-зуҳд», «Сулукул-орифин», «Сунанус-суфийя», «Табақотус-суфийя»,«Ал-фарқу байнаш-шариъати вал-ҳақийқа», «Мақоматул-авлиё», «Муқаддаматун фит-тасаввуф»,«Маноҳижул-орифин» асарлари Суламийнинг ижод маҳсулидир. Улардан энг машҳури «Табақотус-суфийя» бўлиб, унда 9-10 асрларда яшаган суфийлар ҳақида маълумотлар бор. Суламий тафсир ёки ҳадис соҳасида ёзган асарлари билан эмас, балки айнан тасаввуф йўналишидаги асарлари билан шуҳрат қозонган.

Одилхон Юнусхон

* * *

Abdulloh ibn Habib ibn Rubayyi’a Abu Abdurahmon Sulamiy Kufiy – mashhur qori, imom, olim, katta tobeinlardan. Abu Abdurahmon Kufa ahlining qorisi, sahobalar avlodidandir. Sulamiy Nabiy sollallohu alayhi vasallam hayotlik vaqtlarida tug‘ilgan. Abu Ishoq rivoyat qilishicha, Sulamiyga Qur’onni avval otasi o‘rgatgan. Uning otasi Nabiy sollallohu alayhi vasallam sahobalaridan bo‘lib, u Zot bilan g‘azotlarda ishtirok etgan.

Abu Amr Doniyning aytishicha, Abu Abdurahmon Qur’oni karimni bevosita Usmon, Ali ibn Abu Tolib, Ibn Mas’ud, Ubay ibn Ka’b, Zayd ibn Sobit roziyallohu anhumlardan o‘rgangan. O‘z navbatida undan Osim ibn Abu Najud, Yahyo ibn Vassob, Ato ibn Soib, Abdulloh ibn Iso ibn Abdurahmon ibn Abu Laylo, Muhammad ibn Abu Ayyub, Sha’biy va Ismoil ibn Abu Xolidlar Qur’onni o‘rganishgan.

Sulamiy Qur’oni karim qiroati va tajvid ilmi bo‘yicha katta olim bo‘lib, qiroatining sanadi eng sahih sanadlardan hisoblanadi. Hozirgi vaqtda Islom olamidagi eng ko‘p tarqalgan qiroat sohibi imom Hafsning qiroat sanadi ham imom Osim orqali Sulamiyga bog‘lanadi. Imom Osim Sulamiyning shogirdlaridan biri bo‘lgan.

Abu Abdurahmon Ali ibn Abu Tolib roziyallohu anhu bilan Siffin jangida qatnashgan.

Imom Buxoriy Hajjoj ibn Minholdan, u Sho‘‘badan, u Alqama ibn Marsaddan, u Sa’d ibn Ubaydadan, u Abu Abdurahmon Sulamiydan, u Usmon roziyallohu anhudan, Usmon ibn Affon esa Nabiy sollallohu alayhi vasallamdan rivoyat qiladi: «Qur’onni o‘rganib, so‘ng uni (boshqalarga) o‘rgatganlar sizlarning yaxshilaringiz». Sa’d ibn Ubayda:«Abu Abdurahmon Usmon xalifaligi davridan Hajjoj hukmronligigacha Qur’onni ta’lim bergan. U:«Mana shu hadis meni bu yerga o‘tirishimga sababchi bo‘lgan», degan» (Buxoriy, Muslim, Sunan sohiblari, Dorimiy, Ahmad, Ibn Hibbon, Bayhaqiy va Tabaroniy rivoyati).

Rivoyat so‘nggida aytilishicha, Sulamiy Rasululloh sollallohu alayhi vasallamning bu hadislarini eshitganidan so‘ng Qur’oni karimni odamlarga ta’lim berish yo‘lida jiddu jahd qilgan.

Asqaloniy aytadi:«Sulamiy Usmon roziyallohu anhuning xalifalik davridan boshlab Hajjoj Iroq hukmdori bo‘lguniga qadar Qur’onni kishilarga ta’lim bergan. Usmon roziyallohu anhuning xalifaligining boshlanishi va Hajjoj hukmronligining tugashi orasida uch oyi kam yetmish ikki yil bor. Usmon roziyallohu anhu xalifalik muddatining oxiri va Hajjoj hukmronligining boshlanishi orasida esa, o‘ttiz sakkiz yil bor. Lekin men Abu Abdurahmon qachondan boshlab qaysi muddatgacha Qur’oni karimni ta’lim berganini aniq belgilashga muvaffaq bo‘lmadim. Alloh bilguvchiroqdir» («Fathul-boriy», 9-juz’, 76-77-betlar).

Abu Ishoq Sabi’iyning aytishicha, Sulamiy qirq yil davomida katta masjidda odamlarga Qur’oni karimni o‘rgatgan. («Siyaru a’lamin-nubala»).

Ismoil ibn Abu Xoliddan rivoyat qilinishicha, Abu Abdurahmon Sulamiy yodlash va o‘rganish oson bo‘lishi uchun Qur’onni besh oyat-besh oyatdan ta’lim berar edi.

Sulaymiyning qiroat sohasiga qo‘shgan hissasidan tashqari, uning taqvosi, ixlosi va saxovati haqida ham to‘xtalib o‘tish o‘rinli. Ato ibn Soib rivoyat qiladi: «Abu Abdurahmon Sulamiyning vafoti yaqinlashib qolganida uning huzuriga kirdik. Shunda u: «Men hozir Parvardigor rahmatidan umid qilib turibman. Darhaqiqiat, men U Zot uchun sakson yil ro‘za tutdim», dedi».

Ato ibn Soibning aytishicha, Sulaymiy masjidga taom berib yuborib, uni yetim va miskinlarga tarqatishni buyurardi. Ko‘p hollarda odamlar unga qarata: «Baarokallohu fiyk (ya’ni Alloh sen(ing ahlingga va moling)ga baraka bersin)», deganlarida, u ham: «Baarokallohu fiykum (Alloh sizlar(ning ham ahlingiz va mollaringiz)ga baraka bersin)» , deb javob qaytarar va: «Men Oisha roziyallohu anho: «Agar siz biron narsa sadaqa qilganingizda, haqqingizga duo qilinsa, sizlar ham javob qaytaringlar. Shunda sadaqa qilgan narsalaringiz savobi o‘zlaringizda qoladi», deganini eshitganman», derdi.

Sulamiy hijriy 70 yilda vafot etgan. Ibn Sa’dning aytishicha, uning vafoti Bishr ibn Marvon Iroqqa amirlik qilgan paytlarga to‘g‘ri keladi.

Abu Abdurahmondan sihohi sitta sohiblarining barchasi rivoyat qilishgan. Ibn Hajar va Zahabiylar uni ishonchli roviy va fozil kishilardan ekanini zikr qilishgan.

Abu Abdurahmon Umar, Usmon va boshqalardan hadis rivoyat qilgan. O‘z navbatida undan Sa’d ibn Ubayda, Osim, Abu Ishoq, Alqama ibn Marsad, Ato ibn Soib va boshqalar hadis rivoyat qilishgan.

Muhammad ibn Husayn ibn Xolid ibn Solim ibn Roviya ibn Said ibn Qabiysa ibn Suroqa Abu Abdurahmon Sulamiy Naysaburiy (melodiy 936/942-1021) – Xuroson so‘fiylik maktabi vakili, ko‘plab asarlar muallifi.

Sulamiy hijriy 325 yil Jumodus-soniy oyining 10-kuni Nishopurda tug‘ilgan. Sulamiy, uning otasi va bobosi so‘fiy bo‘lgan. Uning so‘fiy bo‘lib yetishishida ona tomondan bobosi Abu Amr Ismoil ibn Nujaydning o‘rni katta bo‘lgan. Sulamiyning otasi vafot etgach, uni bobosi Ibn Nujayd qaramog‘iga olib, nabirasining ilmiy halqalarda ishtirok etishini ta’minlaydi, ilm olishi uchun sharoit yaratib beradi.

Sulamiy hadis va tasavvufni o‘rganish maqsadida ilm istab ko‘p yurtlarda bo‘lgan. Jumladan, Iroq, Ray, Hamadon, Marv, Suriya va Hijozga safar qilgan. U hadis va fiqhni Muhammad ibn Yoqub Abul Abbos al-Asomm va Abul Hasan Ali ibn Umar ibn Masrur Doraqutniydan o‘rgangan. Ibn Husayn Sulamiy yana quyidagi ulamolardan ta’lim olgan:

1. Ibrohim ibn Ahmad ibn Muhammad ibn Rajo al-Abzoriy, Nishopurning eng mashhur muhaddislaridan.

2. Ibrohim ibn Muhammad ibn Ahmad ibn Mahmuvayh Abul Qosim Nasr Obodiy, Nishopurning muhaddis va tarixchisi, «Tarixu naysabur» asari muallifi.

3. Ahmad ibn Ishoq ibn Ayyub ibn Yazid ibn Abdurahmon ibn Nuh Abu Bakr az-Zuba’iy, Nishopur shayxlaridan.

4. Ahmad ibn Abdulloh ibn Ahmad ibn Ishoq ibn Muso ibn Mahron Abu Nuaym al-Asbahoniy, mashhur muhaddis, «Hilyatul-avliyo», «Tarixu axbari asbahan» asarlari muallifi.

5. Ahmad ibn Ali ibn Hasan ibn Shozon, Nishopur qorilaridan, Ibn Husnavayh ismi bilan mashhur bo‘lgan.

6. Ahmad ibn Muhammad ibn Rumayh ibn Ismat ibn Vakiy’ ibn Rajo Abu Said an-Naxa’iy, Niso ahlidan.

7. Ismoil ibn Nujayd Abu Amr Sulamiy, Sulamiyning ona tomondan bobosi, u ko‘p ilmni bobosidan eshitgan.

8. Ja’far ibn Muhammad Abulqosim az-Zarriy.

9. Muhammad ibn Ali ibn Ismoil Abu Bakr Qaffol Shoshiy (291-366), fiqh, tafsir va lug‘atda zamonasining tengi yo‘q olimi, o‘z davrida shofe’iy mazhabi shayxi bo‘lgan.

Biz Sulamiyning ustozlaridan ba’zilarining ismini zikr qildik, xolos. Sulamiy ilmga chanqoqligidan qaerda o‘zidan olimroq kishi borligini eshitsa, uning oldiga borib, ilm o‘rganar, dars eshitardi.

O‘z navbatida Sulamiydan juda ko‘plab kishilar, jumladan, Ahmad ibn Husayn Abu Bakr Bayhaqiy, Ahmad ibn Abdulvohid al-Vakil, Abdulloh ibn Yusuf Abu Muhammad al-Juvayniy, Ubaydulloh ibn Ahmad al-Azhariy, Ali ibn Sulaymon ibn Dovud Abul Hasan al-O‘zgandiy va boshqalar ta’lim olishgan.

Sulamiy hadis, tafsir va tasavvufga oid yuzdan ortiq asar yozgan. Jumladan, «Al-uxuvvatu val-axovatu fis-sufiyya», «Odobut-ta’oziy», «Odobu-suhbati va husnil-ishra», «Odobus-sufiyya», «Arba’iyn fil-hadis»,«Amsalul-qur’on»,«Tarixu ahlis-suffa», «Tarixus-sufiyya», «Javomi’u odobis-sufiyya», «Haqoiqut-tafsir», «Darajotul-muomalot», «Az-zuhd», «Sulukul-orifin», «Sunanus-sufiyya», «Tabaqotus-sufiyya»,«Al-farqu baynash-shari’ati val-haqiyqa», «Maqomatul-avliyo», «Muqaddamatun fit-tasavvuf»,«Manohijul-orifin» asarlari Sulamiyning ijod mahsulidir. Ulardan eng mashhuri «Tabaqotus-sufiyya» bo‘lib, unda 9-10 asrlarda yashagan sufiylar haqida ma’lumotlar bor. Sulamiy tafsir yoki hadis sohasida yozgan asarlari bilan emas, balki aynan tasavvuf yo‘nalishidagi asarlari bilan shuhrat qozongan.

Odilxon Yunusxon

Мулоҳаза қўшиш


Ҳимоя коди
Янгилаш