Расулуллоҳнинг (с.а.в.) сўзни далил билан қувватлашлари

Рукн: Муҳаммад (с.а.в.) сийратлари Чоп этилган: 30.12.2016

“Маҳбуб Пайғамбар (с.а.в.)” номли сийрат танловига

Таълим-тарбия беришда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қўллаган услублардан яна бири сўзларини далил-ҳужжат билан қувватлардилар, қиёслардилар ҳамда мисол келтириш билан сабабини баён қилардилар. Шунда сўзлари очиқроқ ва тушунарли бўлиб бир ҳужжатнинг орқасидан иккинчи ҳужжат бўлар эди. Сўрагувчи ҳам ҳақиқатни англар, қалби хотиржам бўлар, кўзи қувонар, ҳақиқатни маҳкамроқ ушлар, ўзининг нафсида далили қувватли бўлар эди. Бу гапириб тургувчи далиллар энг тўғри баён, энг катта ҳужжат бўлар эди. Бунга бир неча мисоллар келтириш мумкин. Жумладан, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Ҳар бирингизнинг жимоъ қилишида садақа бордир”, дедилар. Саҳобалар: “Эй Аллоҳнинг Расули, бирортамиз шаҳватини қондирганига ҳам ажр бўладими?”, дейишди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Айтингларчи, агар шаҳватини ҳаромга бўшатса унга гуноҳ бўлар эдими? Худди шунингдек, ҳалолга қондирганига унга савоб бўлади”, дедилар.

Ҳадисда келган بُضْعٌ  (бузъ) сўзи жимо қилишга ва жинсий аъзонинг ўзига ҳам ишлатилади. Бу ерда иккаласини ҳам назарда тутиш мумкин. Бу ҳадисда мубоҳ ишлар тўғри ният билан тоатга айланишига далил бор. Жимоъ ҳам ибодат бўлиши мумкин. Агар шу билан хотиннинг хаққини адо қилиш, Аллоҳ буюрганидек чиройли муомала қилиш ёки солиҳ фарзандни талаб қилиш ёки ўзи ва хотинининг нафсини қондириш, ҳаромга қарашдан тўсилиш, ҳаром ҳақида фикр қилиш, ҳаромдан тийилиш каби тўғри мақсадларни ният қилганида жимоъ ҳам ибодатга айланиши мумкин. Саҳобалар бу сўздан ажабландилар. Инсон ўз аёли билан қўшилиб шаҳватини қондириб роҳатлангани учун ҳам савоб оладими, деб ажабланишди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларга Аллоҳ сизларга шуни буюрди ва шунга ҳукм қилди, десалар ҳам далил ҳужжат бўлар эди. Чунки, Аллоҳнинг сўзи ва Расулининг сўзи ҳақиқий ҳужжат ва далилдир. Лекин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу билан кифояланмасдан масалага қиёс ҳам келтирдилар. Яъни, бу қиёс ўзларига маълум ва ўзлари ҳам таслим бўладиган қиёс эди. Бу йўл ва бу услуб билан тафаккур қилиб бошқа нарсаларга қиёслаб кўришлари учун йўқ нарсани бор нарсага солиштириш учун уларга фурсат бердилар. Уларга: “Айтингларчи, агар шаҳватини ҳаромга бўшатса унга гуноҳ бўлар эдими? Ҳудди шунингдек, ҳалолга қондирганига унга савоб бўлади”, дедилар.

Яна бир ҳадис: Нўъмон ибн Башир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. “Отам мени кўтариб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига бордилар ва: “Ё Расулуллоҳ, қаранг мен ўғлим Нўъмонга мол-давлатимдан шунча ва шунча бердим”, дедилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ҳар бир болангга Нўъмонга берганингча бердингми?”, дедилар. Отам: “Йўқ”, дедилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бу ишингни мендан бошқага кўрсат”, дедилар. Сўнгра айтдилар: “Фарзандларинг сенга яхшиликда баробар бўлишлари сени хурсанд қиладими”, дедилар. Отам: “Ҳа”, дедилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бўлмаса ундай қилма”, дедилар (Имом Муслим “Ибодат” китобида ривоят қилган).

Ҳадисдаги ايسرك (а ясаррука) сўзи “сени ажаблантирадими” ва “сени хурсанд қиладими” деган маънода. Яъни фарзандларингни барчаси сенга бирдай яхшилик қилишлари ва сенга оқ бўлмаслиги, одоб ва эътибор қилишда сени олдингда сени улуғ санашларида бирдек бўлишларини яхши кўрасанми, деганлар. Отам “Ҳа” деганларида, мана шундай бўлишини хоҳласанг, бундай йўл тутиш яхши эмас, дейиш назарда тутилган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай қилиш жоиз эмас, деганда ҳам етарли бўлар эди. Чунки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сўзлари ҳужжат ва далиллигини юқорида айтдик. Унда шак-шубҳа йўқ. Лекин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ишнинг ҳақиқатини баён қилдилар ва далилларга тўғри келиши учун ҳукмнинг сабабини кўрсатиб бердилар. Бу маънони “Сенга ҳаммалари яхшиликда баробар бўлишларини хоҳласанг”, деган сўзлари билан ифода қилиб берганлар. Маълумки барча фарзанди яхшиликда баробар бўлиши отани хурсанд қилади. Лекин фарзандларнинг биттасига бериб бошқасига бермаса бошқа фарзандлар отага яхшилик қилишда, унга муҳаббат қилишда баробар бўлмайди. Гарчи уларни оқ бўлишига олиб бормаса ҳам бирдек меҳр қўйишмайди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мукаммал даражада тарбия беришларига қаранг. Субҳоналлоҳ!

Яна бир ҳадисда айтилади: Жуҳайна қабиласидан бўлган бир аёл Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига келиб: “Онам ҳаж қилишни назр қилди. Ҳаж қилмасдан вафот эди. Унинг номидан ҳаж қиламанми?”, деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ҳа, унинг номидан ҳаж қил. Айтчи, агар онангнинг қарзи бўлганида уни адо қилар эдингми? Аллоҳнинг қазосини адо қилинглар. Аллоҳ вафо қилишга ҳақлироқдир”, дедилар (Имом Бухорий ривояти).

Кўриб турибсизки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам онасини ҳажини адо қилиш мумкин эканини қиёсий йўл билан тушунтирдилар. Бу услуб у аёлга тушинарлироқ бўлади ва барча тасдиқ қиладиган нарсага, яъни, қарзнинг адо қилинишига қиёс қилинмоқда. Шубҳасиз, далилни зикр қилишлик ҳукмга қувват беради ва у бирор маълумот сўраган кишига ёқимлирок ва тушунишга яхширок бўлади.

Яна бир ҳадисда айтилади: Абу Хурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Фузора қабиласидан бўлган бир киши Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига келиб: “Аёлим қора бола туғди”, деди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам “Сенинг туяларинг борми?”, дедилар. У киши: “Ҳа”, деди.  Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Уларнинг ранги қанақа”, дедилар. У киши: “Қизил”, деди. Расулуллоҳ: “Улар орасида ола-буласи борми?”, дедилар. У киши: “Уларнинг орасида ола-буласи бор”, деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам “У қаёқдан келди?”, дедилар. У киши қони тортган (зотига тортган) бўлса керак деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бу боланинг ҳам қони тортган (яъни, зотига тортган) бўлса керак”, дедилар. Бошқа бир ривоятда: “Ё Расулуллоҳ, хотиним қора бола туғди”, деди. У киши бу сўзи билан боласини инкор қилаётган эди. Ҳадиснинг охирида: “Унга боласини инкор қилишга рухсат бермадилар”, деган кўшимча бор (Имом Муслим саҳиҳларида “Лион” китобида ривоят қилганлар).

Агар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам болани ўзига нисбат бериш ва инкор қилишга рангларнинг алоқаси йўқ. Хотини билан тўшакда ётган бўлса, бола туғилиш муддати ҳам етарли бўлган бўлса, болани инкор қилинмайди, десалар етарли эди. Лекин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳукмни кўринишини унга баён қилиш, ҳақиқатни тушунтириш, ҳужжат-далил келтиришни хоҳлаган эдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унинг қарашини ўзи тасдиқ қиладиган ва таслим бўладиган нарсани қиёслашга эътибор қаратдилар. Билмаган нарсасини билган нарсасига қиёсладилар. Бу билан шубҳаланиб юрган нарсасини ишончлига айлантирдилар.

Аллоҳ Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга саловоту саломларимизни йўлласин!!!

 Кўкалдош ўрта махсус ислом билим юрти мударриси Баратов Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ тайёрлади.


Ta’lim-tarbiya berishda Rasululloh sollallohu alayhi vasallam qo‘llagan uslublardan yana biri so‘zlarini dalil-hujjat bilan quvvatlardilar, qiyoslardilar hamda misol keltirish bilan sababini bayon qilardilar. Shunda so‘zlari ochiqroq va tushunarli bo‘lib bir hujjatning orqasidan ikkinchi hujjat bo‘lar edi. So‘raguvchi ham haqiqatni anglar, qalbi xotirjam bo‘lar, ko‘zi quvonar, haqiqatni mahkamroq ushlar, o‘zining nafsida dalili quvvatli bo‘lar edi. Bu gapirib turguvchi dalillar eng to‘g‘ri bayon, eng katta hujjat bo‘lar edi. Bunga bir necha misollar keltirish mumkin. Jumladan, Rasululloh sollallohu alayhi vasallam aytdilar: “Har biringizning jimo’ qilishida sadaqa bordir”, dedilar. Sahobalar: “Ey Allohning Rasuli, birortamiz shahvatini qondirganiga ham ajr bo‘ladimi?”, deyishdi. Rasululloh sollallohu alayhi vasallam: “Aytinglarchi, agar shahvatini haromga bo‘shatsa unga gunoh bo‘lar edimi? Xuddi shuningdek, halolga qondirganiga unga savob bo‘ladi”, dedilar.

Hadisda kelgan بُضْعٌ  (buz’) so‘zi jimo qilishga va jinsiy a’zoning o‘ziga ham ishlatiladi. Bu yerda ikkalasini ham nazarda tutish mumkin. Bu hadisda muboh ishlar to‘g‘ri niyat bilan toatga aylanishiga dalil bor. Jimo’ ham ibodat bo‘lishi mumkin. Agar shu bilan xotinning xaqqini ado qilish, Alloh buyurganidek chiroyli muomala qilish yoki solih farzandni talab qilish yoki o‘zi va xotinining nafsini qondirish, haromga qarashdan to‘silish, harom haqida fikr qilish, haromdan tiyilish kabi to‘g‘ri maqsadlarni niyat qilganida jimo’ ham ibodatga aylanishi mumkin. Sahobalar bu so‘zdan ajablandilar. Inson o‘z ayoli bilan qo‘shilib shahvatini qondirib rohatlangani uchun ham savob oladimi, deb ajablanishdi. Rasululloh sollallohu alayhi vasallam ularga Alloh sizlarga shuni buyurdi va shunga hukm qildi, desalar ham dalil hujjat bo‘lar edi. Chunki, Allohning so‘zi va Rasulining so‘zi haqiqiy hujjat va dalildir. Lekin Rasululloh sollallohu alayhi vasallam bu bilan kifoyalanmasdan masalaga qiyos ham keltirdilar. Ya’ni, bu qiyos o‘zlariga ma’lum va o‘zlari ham taslim bo‘ladigan qiyos edi. Bu yo‘l va bu uslub bilan tafakkur qilib boshqa narsalarga qiyoslab ko‘rishlari uchun yo‘q narsani bor narsaga solishtirish uchun ularga fursat berdilar. Ularga: “Aytinglarchi, agar shahvatini haromga bo‘shatsa unga gunoh bo‘lar edimi? Huddi shuningdek, halolga qondirganiga unga savob bo‘ladi”, dedilar.

Yana bir hadis: No‘‘mon ibn Bashir roziyallohu anhudan rivoyat qilinadi. “Otam meni ko‘tarib Rasululloh sollallohu alayhi vasallamning oldilariga bordilar va: “Yo Rasululloh, qarang men o‘g‘lim No‘‘monga mol-davlatimdan shuncha va shuncha berdim”, dedilar. Rasululloh sollallohu alayhi vasallam: “Har bir bolangga No‘‘monga berganingcha berdingmi?”, dedilar. Otam: “Yo‘q”, dedilar. Rasululloh sollallohu alayhi vasallam: “Bu ishingni mendan boshqaga ko‘rsat”, dedilar. So‘ngra aytdilar: “Farzandlaring senga yaxshilikda barobar bo‘lishlari seni xursand qiladimi”, dedilar. Otam: “Ha”, dedilar. Rasululloh sollallohu alayhi vasallam: “Bo‘lmasa unday qilma”, dedilar (Imom Muslim “Ibodat” kitobida rivoyat qilgan).

Hadisdagi ايسرك (a yasarruka) so‘zi “seni ajablantiradimi” va “seni xursand qiladimi” degan ma’noda. Ya’ni farzandlaringni barchasi senga birday yaxshilik qilishlari va senga oq bo‘lmasligi, odob va e’tibor qilishda seni oldingda seni ulug‘ sanashlarida birdek bo‘lishlarini yaxshi ko‘rasanmi, deganlar. Otam “Ha” deganlarida, mana shunday bo‘lishini xohlasang, bunday yo‘l tutish yaxshi emas, deyish nazarda tutilgan. Rasululloh sollallohu alayhi vasallam bunday qilish joiz emas, deganda ham yetarli bo‘lar edi. Chunki, Rasululloh sollallohu alayhi vasallamning so‘zlari hujjat va dalilligini yuqorida aytdik. Unda shak-shubha yo‘q. Lekin Rasululloh sollallohu alayhi vasallam bu ishning haqiqatini bayon qildilar va dalillarga to‘g‘ri kelishi uchun hukmning sababini ko‘rsatib berdilar. Bu ma’noni “Senga hammalari yaxshilikda barobar bo‘lishlarini xohlasang”, degan so‘zlari bilan ifoda qilib berganlar. Ma’lumki barcha farzandi yaxshilikda barobar bo‘lishi otani xursand qiladi. Lekin farzandlarning bittasiga berib boshqasiga bermasa boshqa farzandlar otaga yaxshilik qilishda, unga muhabbat qilishda barobar bo‘lmaydi. Garchi ularni oq bo‘lishiga olib bormasa ham birdek mehr qo‘yishmaydi. Rasululloh sollallohu alayhi vasallamning mukammal darajada tarbiya berishlariga qarang. Subhonalloh!

Yana bir hadisda aytiladi: Juhayna qabilasidan bo‘lgan bir ayol Rasululloh sollallohu alayhi vasallamning oldilariga kelib: “Onam haj qilishni nazr qildi. Haj qilmasdan vafot edi. Uning nomidan haj qilamanmi?”, dedi. Rasululloh sollallohu alayhi vasallam: “Ha, uning nomidan haj qil. Aytchi, agar onangning qarzi bo‘lganida uni ado qilar edingmi? Allohning qazosini ado qilinglar. Alloh vafo qilishga haqliroqdir”, dedilar (Imom Buxoriy rivoyati).

Ko‘rib turibsizki, Rasululloh sollallohu alayhi vasallam onasini hajini ado qilish mumkin ekanini qiyosiy yo‘l bilan tushuntirdilar. Bu uslub u ayolga tushinarliroq bo‘ladi va barcha tasdiq qiladigan narsaga, ya’ni, qarzning ado qilinishiga qiyos qilinmoqda. Shubhasiz, dalilni zikr qilishlik hukmga quvvat beradi va u biror ma’lumot so‘ragan kishiga yoqimlirok va tushunishga yaxshirok bo‘ladi.

Yana bir hadisda aytiladi: Abu Xurayra roziyallohu anhudan rivoyat qilinadi. Fuzora qabilasidan bo‘lgan bir kishi Nabiy sollallohu alayhi vasallamning oldilariga kelib: “Ayolim qora bola tug‘di”, dedi. Shunda Rasululloh sollallohu alayhi vasallam “Sening tuyalaring bormi?”, dedilar. U kishi: “Ha”, dedi.  Rasululloh sollallohu alayhi vasallam: “Ularning rangi qanaqa”, dedilar. U kishi: “Qizil”, dedi. Rasululloh: “Ular orasida ola-bulasi bormi?”, dedilar. U kishi: “Ularning orasida ola-bulasi bor”, dedi. Rasululloh sollallohu alayhi vasallam “U qayoqdan keldi?”, dedilar. U kishi qoni tortgan (zotiga tortgan) bo‘lsa kerak dedi. Rasululloh sollallohu alayhi vasallam: “Bu bolaning ham qoni tortgan (ya’ni, zotiga tortgan) bo‘lsa kerak”, dedilar. Boshqa bir rivoyatda: “Yo Rasululloh, xotinim qora bola tug‘di”, dedi. U kishi bu so‘zi bilan bolasini inkor qilayotgan edi. Hadisning oxirida: “Unga bolasini inkor qilishga ruxsat bermadilar”, degan ko‘shimcha bor (Imom Muslim sahihlarida “Lion” kitobida rivoyat qilganlar).

Agar Rasululloh sollallohu alayhi vasallam bolani o‘ziga nisbat berish va inkor qilishga ranglarning aloqasi yo‘q. Xotini bilan to‘shakda yotgan bo‘lsa, bola tug‘ilish muddati ham yetarli bo‘lgan bo‘lsa, bolani inkor qilinmaydi, desalar yetarli edi. Lekin Rasululloh sollallohu alayhi vasallam hukmni ko‘rinishini unga bayon qilish, haqiqatni tushuntirish, hujjat-dalil keltirishni xohlagan edilar. Rasululloh sollallohu alayhi vasallam uning qarashini o‘zi tasdiq qiladigan va taslim bo‘ladigan narsani qiyoslashga e’tibor qaratdilar. Bilmagan narsasini bilgan narsasiga qiyosladilar. Bu bilan shubhalanib yurgan narsasini ishonchliga aylantirdilar.

Alloh Rasululloh sollallohu alayhi vasallamga salovotu salomlarimizni yo‘llasin!!!

 Ko‘kaldosh o‘rta maxsus islom bilim yurti mudarrisi Baratov G‘iyosiddin Habibulloh tayyorladi.