Ҳасад ортидаги ҳасрат

Рукн: Суҳбатлар Чоп этилган: 06.10.2011

Тошкент шаҳар Бош имом-хатиби Анвар ҳожи ТУРСУНОВ билан суҳбат

— Бугунги мураккаб бир даврда инсоният тинчлик, барқарорлик неъматлари нечоғли улкан қимматга эга эканини англаб етмоқда. Муқаддас динимиз Исломда ҳам тинчлик Яратганнинг энг буюк фазлу инояти сифатида талқин этилади. Шундай эмасми?
— Дарҳақиқат, Ислом дини тинчлик ва эзгулик динидир. Қуръони каримда ҳам, ҳадиси шарифда ҳам мўминлар тинчликка, ўзаро аҳил ҳаёт кечиришга чақирилади. Қуръони каримда “тинчлик” сўзи 40 бора такрорланади. Ҳатто ҳадиси шарифда инсонлар орасида нифоқни бартараф этиш тунда Аллоҳ учун ибодат қилишдан-да савоблироқ амал экани айтилади.

Аслида “Ислом” сўзининг маъноси ҳам айнан тинчлик маъносини билдиради. Динимизнинг шиорига айланган “Ассалому алайкум” калимаси ҳам “Сизга тинчлик, хотиржамлик тилайман” деганидир. Бу бежиз эмас, албатта.

— Бизга маълумки, Ислом дунёдаги жамики диний таълимотларга ҳурмат ва эҳтиром билан муносабатда бўлади ва мусулмонларни ҳам ана шу амалга даъват этади. Айни шу жиҳат — Исломда диний бағрикенглик масаласига ҳам тўхталиб ўтсангиз.
— Исломда бағрикенглик масаласи жуда муҳим ўрин тутади. Ислом кишиларни бирдамликка, яхшиликка, аҳилликка чақиради. Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг “Ҳужурот” сурасида: “Eй инсонлар, мен сизларни ҳар хил элатлар, халқлар қилдим, бир-бирларинг билан танишинглар, маърифат ҳосил қилинглар деб”, дея марҳамат қилади. Дарҳақиқат, Исломда зўравонлик, ўзгага зулм етказиш йўқ. Инсонларни динга зўрлик билан чақириш ҳам мумкин эмас.
Ҳақиқий мусулмон, ўзини Исломда деб билган кишиларнинг шиори тинчлик бўлиши керак. Мусулмон одам, ҳадисга мувофиқ, ўзгаларга тили билан ҳам, қўли билан ҳам озор етказмаслиги керак. Билъакс, мўмин одам атрофдагиларга фақат манфаат етказиши зарур.
Пайғамбар алайҳиссалом: “Дин бу ҳусни хулқдир”, деганлар. Яъни дин бу одобдир, ахлоқдир, инсонийликнинг гўзал тажассумидир. Биз динни ана шундай тушунтирганимиздагина эзгу мақсадга эришган бўламиз.

— Гўёки Ислом йўлида ҳаракат қилаётган, аслида эса фақат сиёсий ҳокимиятни кўзловчи гуруҳлар, ташкилотлар қўпорувчилик ва бузғунчилик ишларини “жиҳод” деган сўз билан ниқоблашга уринади. Шариат ва Ислом ақидаси бўйича “жиҳод” тушунчаси қандай маънони англатади?
— Алҳамдулиллаҳки, динимиз ниҳоятда пок, мўътабар дин. Ана шу муқаддас динни сиёсий мақсадларини амалга ошириш йўлида ниқоб қилиб олиш — Ислом динига хиёнатдир. Биз, аввало, уларни Ислом йўлида ҳаракат қилаётган кишилар, демаймиз. Балки муқаддас динни ўз ғаразли нияти йўлида ниқоб қилиб олган кимсалар, деб атаймиз.
Афсуски, нияти ва мақсади холис бўлмаган айрим кимсалар ўзлари билиб-билмай хатти-ҳаракатларини “жиҳод” деган тушунча билан изоҳлашга уринмоқдалар. Аввало, биз жиҳод сўзининг маъносини билиб олишимиз керак.
“Жиҳод” сўзи асли бир неча маъноларда ишлатилади. Биринчи навбатда, жиҳоди нафс. Яъни инсоннинг ўзидаги ёлғончилик, шаҳватларга берилиш, ғийбат қилиш, ҳаромдан сақланмаслик каби ёмон иллатларга қарши курашиши маъносида келади. Бу ўринда жиҳод деганда, инсоннинг ўз нафсини поклаши тушунилади. Аллоҳ таоло Қуръони каримда “Ўзини поклаганлар нажот топди”, дея марҳамат қилади.
Айни пайтда она-Ватанга душманлар ёки турли гуруҳлар зўравонлик билан бостириб келган пайтда уларга қарши чиқишни ҳам жиҳод дейилади.
Лекин ўзининг юртида туриб мусулмонлар яшайдиган жойда, улуғ авлиёлар макони саналган шундай муқаддас юртда, минглаб масжидлар эшиклари мўминлар учун кенг очилган, юзлаб уламойи киромлар яшаётган Ватанда уюштирилаётган қўпорувчилик ва бузғунчилик ишларини жиҳод деб аташ ҳаддидан ошишлик, тажовузкорликдир. Бундай кишиларни динимизда “боғий”, яъни ҳаддидан ошган, динни ўзининг мақсадларига йўналтирган ғаразли кишилар, дейилади. Бундай бузғунчи хатти-ҳаракатларни жиҳод деб аташ жуда катта хато ҳисобланади.

— Қизиқки, ўз-ўзини ўлдириш орқали қандайдир мақсадларга эришишни кўзлаган кимсалар ҳам комил мусулмонлик даъво қилишади?..
— Диннинг номидан қилинаётган бундай хатти-ҳаракатларни бир мантиқ тарозисига қўйиб кўрайлик. Аллоҳ таоло Қуръони каримда: “Ўзларингизни ўзларингиз ўлдирманглар”, деб буюради. Демак, кимки ўзини ўзи ўлдирса, улар камикадзе дейиладими ёки бошқами, Аллоҳнинг ҳукмига қарши чиққан бўлади. Яратганнинг берган омонатига қилинган хиёнат ҳисобланди ва бу гуноҳи кабирадир. Пайғамбар алайҳиссалом ҳам: “Ўзини ўзи ўлдирганлар дўзахда абадий қолади”, деб ваид билан, қаттиқ қўрқитиш билан огоҳлантирганлар. Яъни ҳеч қандай асос, ҳеч қандай далил уларнинг хатти-ҳаракатларини оқлашга имкон бермайди.
Умуман, нафақат ўзини, бошқа бегуноҳ инсонларни ўлдириш одамийликка ҳам, диний ҳукмларга ҳам тўғри келмайдиган шармандали ҳолатдир. Аллоҳ таоло Қуръони каримда бир инсонни ноҳақ ўлдириш бутун оламни ўлдириш билан баробар эканини айтади. Демак, қўпорувчилик ҳаракатлари билан бегуноҳдан-бегуноҳ одамлар ҳаётига зомин бўлаётганлар Аллоҳнинг олдида жавобгардирлар.

— Ислом оламининг етук улумолари бир овоздан адашган, деб баҳолаётган айрим оқимлар фақат даъват билан машғул экани, қўпорувчилик ҳаракатлари амалга оширмаётганини даъво қилиб ўз хатти-ҳаракатини оқлашга уринади. Аслида жамиятда парокандалик юзага келиши ва миллий якдилликка путур етишида террорчилик ҳаракатларидан ҳам кўра, бузғунчи мафкуралар тарғиботи минг карра зарарлироқ эмасми? Қолаверса, диний манбаларда бир мўминни тўғри йўлдан оздиришдан ҳам кўра оғирроқ гуноҳ йўқлиги айтилади...
— Аслида сиёсий гуруҳлар, оқимларнинг ният-мақсади нохолисдир. Масалан, “Ҳизбут-таҳрир” оқимининг мақсади сароб. Пайғамбар алайҳиссалоту васаллам хилофат, яъни халифалик 30 йил бўлиши, ундан кейин раҳбарлик бўлишини башорат қилганларига қарамай, умуман, хаёлга ҳам, ақлга ҳам, нақлга ҳам тўғри келмайдиган мақсадларни илгари суришликни нодонлик деб биламиз ва айни пайтда уларнинг мақсади Ислом эмаслигини ҳам таъкидлаб ўтамиз.
“Ҳизбут-таҳрир” оқими — жудаям ҳаддидан ошган, ғулувга кетган оқим. Буни диёримиздаги аҳли илмлар ҳам, Ислом дунёсидаги уламолар ҳам бир овоздан эътироф этишмоқда. Қуръони каримда ҳам, ҳадисларда ҳам бирор ўринда “Уч кун халифасиз яшаш ҳаром”, деган ҳукм йўқ. “Ҳизбут-таҳрир” эса ана шу ўта нотўғри даъвони ўз варақаларида бемалол ёзяпти.
Тўғри таъкидладингиз. Ҳақиқатан ҳам, бузғунчи оқимлар жамиятга ҳам моддий, ҳам маънавий шикаст етказадилар. Инсонлар ҳаётига зомин бўлиб, обод шаҳарларни вайрон қилиш баробарида, динга, миллатга ва қадриятларга ҳам тажовуз қиладиларки, бу қўпорувчилик ҳаракатларидан ҳам кўра минг карра зарарлидир.
Мўминни йўлдан адаштириш, залолатга бошлаш бу одам шайтонларнинг ишидир. Расулуллоҳ алайҳиссалом “Дин ниҳоятда осон”, деганлар. Ниҳоятда осон, юмшоқ бўлган, қулай бўлган динни қўпол қилиб, хунук қилиб кўрсатаётганлари, инсонлар қалбига нур олиб кирувчи Ислом номидан ёлғон тўқиётганлари учун, агар тавба қилмасалар, албатта, дунёйи охиратлари барбод бўлади.

Йўлданадашгандинийоқимларқандайвазиятда, нимамуносабатбиланайтилганинибилмайтурибжиҳодтўғрисидагиоят, ҳадисларниўзлариистаганйўриқдаталқинқилишгауринишади...
— Бу — ўта нотўғри ҳаракат. Биринчи навбатда, Аллоҳ таоло “жиҳод” сўзини Қуръонда қандай маънода қўллаган — буни билиш зарур. Ҳатто араб тилини билган одам ҳам, агар сабаби нузул, яъни Қуръон оятларининг нозил бўлиш сабаби, Пайғамбар алайҳиссаломга қай вазиятда туширилганини билмаса, ҳукм чиқариши асло тўғри эмас. Аслида мужтаҳид уламолар аллақачон ояти карималарни тушунтириб, барча масалаларни ечиб берганлар. Ана шулардан мутлақо бехабар ғофиллар эса Қуръон оятларини таъвил қилишгача боришяпти. Таъвил — ояти карималарни ўз маъносидан бошқа томонга ўзгартириш, ўзгартирганда ҳам, мутлақо нотўғри томонга йўналтириб талқин қилиш, деганидир.
Нима ҳалол-у, нима ҳаромлигини аниқлаш — бу Аллоҳнинг ихтиёридаги иш. Агар улар ўзларича динда йўқ нарсани ҳаром деб ҳукм чиқараётган эканлар худолик даъво қилган бўладилар. Бундан эҳтиёт бўлишлари керак ва бундан тавба қилишлари керак. Илмсизликлари, жоҳилликлари туфайли ўзлари билмаган нарсани кимларнингдир ноғорасига ўйнаб, тўтиқуш каби такрорламоқдалар.
Ўзларини портлатаётган кимсалар ҳам нима қилаётганларини билмайдилар. Ислом деб ишонаётганлари аслида муқаддас эътиқодга ҳеч қандай алоқаси йўқ сароб эканини билмайдилар ва қаерлардадир, пана-пастқамда биқиниб юрган ҳасадгўйларнинг қўлида ўйинчоқ бўлиб қоладилар.
Аслида буларнинг барчасига сабаб — ҳасад, юртимиздаги ўзгаришларни кўролмасликдир. Имом Ғаззолий раҳматуллоҳи алайҳ ҳам дунёда даволаш энг қийин бўлган дард ҳасад эканини ёзадилар.
Шунинг учун Ислом маърифат дини эканини ёшларимизга, керак бўлса, мактабларда, боғчаларда — ҳамма жойда тинимсиз тушунтириб боришимиз керак. Тушунтирганда ҳам, батафсил, мукаммал тушунтиришимиз лозим. Юзаки, номигагина эмас. Ҳар доим иштирок этадиган кишилар билан мажлислар қилиш ҳам унчалик тўғри эмас. Маърифий тарғибот жараёнига барчани жалб қилиш керак. Ана шунда, иншооллоҳ, эзгу мақсадларимизга етишимиз осонроқ бўлади.

Собиржон ЁҚУБОВ суҳбатлашди
“Ҳуррият” газетасининг 2004-йил 18-август сонидан олинди

* * *

Toshkent shahar Bosh imom-xatibi Anvar hoji TURSUNOV bilan suhbat

— Bugungi murakkab bir davrda insoniyat tinchlik, barqarorlik ne’matlari nechog‘li ulkan qimmatga ega ekanini anglab yetmoqda. Muqaddas dinimiz Islomda ham tinchlik Yaratganning eng buyuk fazlu inoyati sifatida talqin etiladi. Shunday emasmi?
— Darhaqiqat, Islom dini tinchlik va ezgulik dinidir. Qur’oni karimda ham, hadisi sharifda ham mo‘minlar tinchlikka, o‘zaro ahil hayot kechirishga chaqiriladi. Qur’oni karimda “tinchlik” so‘zi 40 bora takrorlanadi. Hatto hadisi sharifda insonlar orasida nifoqni bartaraf etish tunda Alloh uchun ibodat qilishdan-da savobliroq amal ekani aytiladi.

Aslida “Islom” so‘zining ma’nosi ham aynan tinchlik ma’nosini bildiradi. Dinimizning shioriga aylangan “Assalomu alaykum” kalimasi ham “Sizga tinchlik, xotirjamlik tilayman” deganidir. Bu bejiz emas, albatta.

— Bizga ma’lumki, Islom dunyodagi jamiki diniy ta’limotlarga hurmat va ehtirom bilan munosabatda bo‘ladi va musulmonlarni ham ana shu amalga da’vat etadi. Ayni shu jihat — Islomda diniy bag‘rikenglik masalasiga ham to‘xtalib o‘tsangiz.
— Islomda bag‘rikenglik masalasi juda muhim o‘rin tutadi. Islom kishilarni birdamlikka, yaxshilikka, ahillikka chaqiradi. Alloh taolo Qur’oni karimning “Hujurot” surasida: “Ey insonlar, men sizlarni har xil elatlar, xalqlar qildim, bir-birlaring bilan tanishinglar, ma’rifat hosil qilinglar deb”, deya marhamat qiladi. Darhaqiqat, Islomda zo‘ravonlik, o‘zgaga zulm yetkazish yo‘q. Insonlarni dinga zo‘rlik bilan chaqirish ham mumkin emas.
Haqiqiy musulmon, o‘zini Islomda deb bilgan kishilarning shiori tinchlik bo‘lishi kerak. Musulmon odam, hadisga muvofiq, o‘zgalarga tili bilan ham, qo‘li bilan ham ozor yetkazmasligi kerak. Bil’aks, mo‘min odam atrofdagilarga faqat manfaat yetkazishi zarur.
Payg‘ambar alayhissalom: “Din bu husni xulqdir”, deganlar. Ya’ni din bu odobdir, axloqdir, insoniylikning go‘zal tajassumidir. Biz dinni ana shunday tushuntirganimizdagina ezgu maqsadga erishgan bo‘lamiz.

— Go‘yoki Islom yo‘lida harakat qilayotgan, aslida esa faqat siyosiy hokimiyatni ko‘zlovchi guruhlar, tashkilotlar qo‘poruvchilik va buzg‘unchilik ishlarini “jihod” degan so‘z bilan niqoblashga urinadi. Shariat va Islom aqidasi bo‘yicha “jihod” tushunchasi qanday ma’noni anglatadi?
— Alhamdulillahki, dinimiz nihoyatda pok, mo‘’tabar din. Ana shu muqaddas dinni siyosiy maqsadlarini amalga oshirish yo‘lida niqob qilib olish — Islom diniga xiyonatdir. Biz, avvalo, ularni Islom yo‘lida harakat qilayotgan kishilar, demaymiz. Balki muqaddas dinni o‘z g‘arazli niyati yo‘lida niqob qilib olgan kimsalar, deb ataymiz.
Afsuski, niyati va maqsadi xolis bo‘lmagan ayrim kimsalar o‘zlari bilib-bilmay xatti-harakatlarini “jihod” degan tushuncha bilan izohlashga urinmoqdalar. Avvalo, biz jihod so‘zining ma’nosini bilib olishimiz kerak.
“Jihod” so‘zi asli bir necha ma’nolarda ishlatiladi. Birinchi navbatda, jihodi nafs. Ya’ni insonning o‘zidagi yolg‘onchilik, shahvatlarga berilish, g‘iybat qilish, haromdan saqlanmaslik kabi yomon illatlarga qarshi kurashishi ma’nosida keladi. Bu o‘rinda jihod deganda, insonning o‘z nafsini poklashi tushuniladi. Alloh taolo Qur’oni karimda “O‘zini poklaganlar najot topdi”, deya marhamat qiladi.
Ayni paytda ona-Vatanga dushmanlar yoki turli guruhlar zo‘ravonlik bilan bostirib kelgan paytda ularga qarshi chiqishni ham jihod deyiladi.
Lekin o‘zining yurtida turib musulmonlar yashaydigan joyda, ulug‘ avliyolar makoni sanalgan shunday muqaddas yurtda, minglab masjidlar eshiklari mo‘minlar uchun keng ochilgan, yuzlab ulamoyi kiromlar yashayotgan Vatanda uyushtirilayotgan qo‘poruvchilik va buzg‘unchilik ishlarini jihod deb atash haddidan oshishlik, tajovuzkorlikdir. Bunday kishilarni dinimizda “bog‘iy”, ya’ni haddidan oshgan, dinni o‘zining maqsadlariga yo‘naltirgan g‘arazli kishilar, deyiladi. Bunday buzg‘unchi xatti-harakatlarni jihod deb atash juda katta xato hisoblanadi.

— Qiziqki, o‘z-o‘zini o‘ldirish orqali qandaydir maqsadlarga erishishni ko‘zlagan kimsalar ham komil musulmonlik da’vo qilishadi?..
— Dinning nomidan qilinayotgan bunday xatti-harakatlarni bir mantiq tarozisiga qo‘yib ko‘raylik. Alloh taolo Qur’oni karimda: “O‘zlaringizni o‘zlaringiz o‘ldirmanglar”, deb buyuradi. Demak, kimki o‘zini o‘zi o‘ldirsa, ular kamikadze deyiladimi yoki boshqami, Allohning hukmiga qarshi chiqqan bo‘ladi. Yaratganning bergan omonatiga qilingan xiyonat hisoblandi va bu gunohi kabiradir. Payg‘ambar alayhissalom ham: “O‘zini o‘zi o‘ldirganlar do‘zaxda abadiy qoladi”, deb vaid bilan, qattiq qo‘rqitish bilan ogohlantirganlar. Ya’ni hech qanday asos, hech qanday dalil ularning xatti-harakatlarini oqlashga imkon bermaydi.
Umuman, nafaqat o‘zini, boshqa begunoh insonlarni o‘ldirish odamiylikka ham, diniy hukmlarga ham to‘g‘ri kelmaydigan sharmandali holatdir. Alloh taolo Qur’oni karimda bir insonni nohaq o‘ldirish butun olamni o‘ldirish bilan barobar ekanini aytadi. Demak, qo‘poruvchilik harakatlari bilan begunohdan-begunoh odamlar hayotiga zomin bo‘layotganlar Allohning oldida javobgardirlar.

— Islom olamining yetuk ulumolari bir ovozdan adashgan, deb baholayotgan ayrim oqimlar faqat da’vat bilan mashg‘ul ekani, qo‘poruvchilik harakatlari amalga oshirmayotganini da’vo qilib o‘z xatti-harakatini oqlashga urinadi. Aslida jamiyatda parokandalik yuzaga kelishi va milliy yakdillikka putur yetishida terrorchilik harakatlaridan ham ko‘ra, buzg‘unchi mafkuralar targ‘iboti ming karra zararliroq emasmi? Qolaversa, diniy manbalarda bir mo‘minni to‘g‘ri yo‘ldan ozdirishdan ham ko‘ra og‘irroq gunoh yo‘qligi aytiladi...
— Aslida siyosiy guruhlar, oqimlarning niyat-maqsadi noxolisdir. Masalan, “Hizbut-tahrir” oqimining maqsadi sarob. Payg‘ambar alayhissalotu vasallam xilofat, ya’ni xalifalik 30 yil bo‘lishi, undan keyin rahbarlik bo‘lishini bashorat qilganlariga qaramay, umuman, xayolga ham, aqlga ham, naqlga ham to‘g‘ri kelmaydigan maqsadlarni ilgari surishlikni nodonlik deb bilamiz va ayni paytda ularning maqsadi Islom emasligini ham ta’kidlab o‘tamiz.
“Hizbut-tahrir” oqimi — judayam haddidan oshgan, g‘uluvga ketgan oqim. Buni diyorimizdagi ahli ilmlar ham, Islom dunyosidagi ulamolar ham bir ovozdan e’tirof etishmoqda. Qur’oni karimda ham, hadislarda ham biror o‘rinda “Uch kun xalifasiz yashash harom”, degan hukm yo‘q. “Hizbut-tahrir” esa ana shu o‘ta noto‘g‘ri da’voni o‘z varaqalarida bemalol yozyapti.
To‘g‘ri ta’kidladingiz. Haqiqatan ham, buzg‘unchi oqimlar jamiyatga ham moddiy, ham ma’naviy shikast yetkazadilar. Insonlar hayotiga zomin bo‘lib, obod shaharlarni vayron qilish barobarida, dinga, millatga va qadriyatlarga ham tajovuz qiladilarki, bu qo‘poruvchilik harakatlaridan ham ko‘ra ming karra zararlidir.
Mo‘minni yo‘ldan adashtirish, zalolatga boshlash bu odam shaytonlarning ishidir. Rasululloh alayhissalom “Din nihoyatda oson”, deganlar. Nihoyatda oson, yumshoq bo‘lgan, qulay bo‘lgan dinni qo‘pol qilib, xunuk qilib ko‘rsatayotganlari, insonlar qalbiga nur olib kiruvchi Islom nomidan yolg‘on to‘qiyotganlari uchun, agar tavba qilmasalar, albatta, dunyoyi oxiratlari barbod bo‘ladi.

— Yo‘ldan adashgan diniy oqimlar qanday vaziyatda, nima munosabat bilan aytilganini bilmay turib jihod to‘g‘risidagi oyat, hadislarni o‘zlari istagan yo‘riqda talqin qilishga urinishadi...
— Bu — o‘ta noto‘g‘ri harakat. Birinchi navbatda, Alloh taolo “jihod” so‘zini Qur’onda qanday ma’noda qo‘llagan — buni bilish zarur. Hatto arab tilini bilgan odam ham, agar sababi nuzul, ya’ni Qur’on oyatlarining nozil bo‘lish sababi, Payg‘ambar alayhissalomga qay vaziyatda tushirilganini bilmasa, hukm chiqarishi aslo to‘g‘ri emas. Aslida mujtahid ulamolar allaqachon oyati karimalarni tushuntirib, barcha masalalarni yechib berganlar. Ana shulardan mutlaqo bexabar g‘ofillar esa Qur’on oyatlarini ta’vil qilishgacha borishyapti. Ta’vil — oyati karimalarni o‘z ma’nosidan boshqa tomonga o‘zgartirish, o‘zgartirganda ham, mutlaqo noto‘g‘ri tomonga yo‘naltirib talqin qilish, deganidir.
Nima halol-u, nima haromligini aniqlash — bu Allohning ixtiyoridagi ish. Agar ular o‘zlaricha dinda yo‘q narsani harom deb hukm chiqarayotgan ekanlar xudolik da’vo qilgan bo‘ladilar. Bundan ehtiyot bo‘lishlari kerak va bundan tavba qilishlari kerak. Ilmsizliklari, johilliklari tufayli o‘zlari bilmagan narsani kimlarningdir nog‘orasiga o‘ynab, to‘tiqush kabi takrorlamoqdalar.
O‘zlarini portlatayotgan kimsalar ham nima qilayotganlarini bilmaydilar. Islom deb ishonayotganlari aslida muqaddas e’tiqodga hech qanday aloqasi yo‘q sarob ekanini bilmaydilar va qaerlardadir, pana-pastqamda biqinib yurgan hasadgo‘ylarning qo‘lida o‘yinchoq bo‘lib qoladilar.
Aslida bularning barchasiga sabab — hasad, yurtimizdagi o‘zgarishlarni ko‘rolmaslikdir. Imom G‘azzoliy rahmatullohi alayh ham dunyoda davolash eng qiyin bo‘lgan dard hasad ekanini yozadilar.
Shuning uchun Islom ma’rifat dini ekanini yoshlarimizga, kerak bo‘lsa, maktablarda, bog‘chalarda — hamma joyda tinimsiz tushuntirib borishimiz kerak. Tushuntirganda ham, batafsil, mukammal tushuntirishimiz lozim. Yuzaki, nomigagina emas. Har doim ishtirok etadigan kishilar bilan majlislar qilish ham unchalik to‘g‘ri emas. Ma’rifiy targ‘ibot jarayoniga barchani jalb qilish kerak. Ana shunda, inshoolloh, ezgu maqsadlarimizga yetishimiz osonroq bo‘ladi.

Sobirjon YOQUBOV suhbatlashdi
“Hurriyat” gazetasining 2004-yil 18-avgust sonidan olindi