Ҳасад ва гина, ғазабни тарк қилиш

Рукн: Суҳбатлар Чоп этилган: 09.12.2014
Тошкент шаҳар бош имом-хатиби ўринбосари Жасурбек Раупов билан суҳбат

Жасурбек Раупов 1975 йили Бухоро вилояти Ғиждувон туманида туғилган. Имом ал-Бухорий номидаги Тошкент Ислом институтини (1993-1997), Андижон давлат университетининг иқтисодиёт-маркетинг факультетини (2000-2006) тамомлаган. Имом ал-Бухорий халқаро марказида малака оширган.  50 дан ортиқ илмий ва маърифий мақолалари чоп этилган. «Аёл — жамиятимиз файзи» китоби муҳаррири. 1997 йилдан бери  Ўзбекистон мусулмонлари идораси тизимида меҳнат қилади. 1999 йилдан Тошкент шаҳри Чилонзор туманидаги “Носирхон” жоме масжид имом-хатиби, 2010 йилдан Тошкент шаҳар бош имом-хатиби ўринбосари.

Бисмиллаҳир роҳманир роҳим.

— Анас ибн Молик (р.а.)дан ривоят қилинган ҳадисда «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Бир-бирингизни ёмон кўрманглар, бир-биринизга ҳасад қилманглар, бир-бирингиздан аразламанглар, ака-ука тутиниб, Оллоҳнинг (солиҳ) бандалари бўлинглар! Мусулмон одам ўз (диндош) биродари бирлан уч кундан ортиқ аразлашмасин!» — дедилар». Аллоҳнинг расули қайтарган амаллардан бири — ҳасад ҳақида маълумот берсангиз.
— Аллоҳ таоло томонидан инсон азиз ва мукаррам қилиб яратилган. Ислом маънавий камолот даражасига етишда лозим бўлган гўзал тартиб, одоб-ахлоққа доир барча йўл-йўриқларни алоҳида баён қилган.
Фақиҳ Абу Лайс Самарқандий Ҳасандан ривоят қилади: Пайғамбар (с.а.в.) шундай марҳамат этадилар: “Душманлик ва ҳасад яхшиликларни ёнғин ўтинни егандек ейди”.
Абдураҳмон ибн Муовия ривоят қилади: Пайғамбар (с.а.в.) айтадилар: “Уч нарсадан ҳеч ким нажот топмайди: гумондан, ҳасаддан, фол очишдан”.
Сўрашдики: “Ё Расулуллоҳ! Уларга нима нажот беради?” Расулуллоҳ (с.а.в.) жавоб қилдилар: “Агар ҳасад қилсанг, душманлик қилмагин; гумон қилсанг, ҳақ деб билмагин; ёмон хаёл келса, уни ўтказиб юборгин”.
“Агар ҳасад қилсанг, душманлик қилмагин”, деган сўзнинг маъноси “Агар қалбингда ҳасад бўлса, уни зоҳир қилмагин, у ҳақида ёмонлик билан зикр қилмагин”. Чунки Аллоҳ таоло қалбингда бўлган нарсани тилинг билан айтмасанг ёки шунга амал қилмасанг, жазоламайди.

— Ҳасаднинг ёмонликлари ва оқибатлари ҳақида сўзлаб берсангиз.
— Ҳасад ҳасад қилувчи кишига бир қанча азоб ва ёмонликлар келтиради. Бу азоб ва ёмонликлар ҳасад қилинган кишига етмасдан, ҳасад қилувчи кишига етади.
1.    Ғам-ташвиш узилмайди.
2.    Мусибат олади, унга ажр келмайди.
3.    Ёмонликни    олиб келади. У билан мақтанилмайди.
4.    Аллоҳ таоло унга ғазаб қилади.
5.    Унга    тавфиқ эшиклари ёпилади.
Пайғамбар (с.а.в.) айтадилар: “Огоҳ бўлинглар! Аллоҳнинг неъматига душманлик қилувчилар бор”. Сўрадилар: “Ё Расулаллоҳ! Аллоҳнинг неъматларининг душманлари ким?”. Айтдилар: “Аллоҳ ўз фазлидан одамларга берган нарсага ҳасад қилувчилардир”.
Ҳасад қилувчилар учун роҳат йўқдир. Бахилларда вафо йўқ, чидамсиз кишиларда дўст йўқдир. Ёлғончиларда мардлик йўқдир.
Ҳасан Басрий айтади: “ Эй одам фарзанди! Нима учун биродарингизга ҳасад қиласиз. Агар уни ҳурматлаш учун Аллоҳ ўз фазлидан берган бўлса, нима учун Аллоҳ ҳурмат қилган кишига ҳасад қиласиз?”.

— Қалбидаги ҳасадни тарк қилган бандалар учун қандай хушхабарлар келган?
— Анас ибн Молик айтди: “Бир куни биз Пайғамбар (с.а.в.) ҳузурларида эдик. Шу пайт: “Сизларнинг олдингизга ҳозир жаннат кишиси чиқади”, дедилар. Шу пайт худди шу сифат билан сифатланган киши чиқди. Салом бериб қавм билан бирга ўтирди. Пайғамбаримиз (с.а.в.) туриб кетганларидан кейин ҳалиги киши билан Абдуллоҳ ибн Амр ибн Ос ҳам чиқди ва: “Сен менга уйингдан жой берсанг меҳмонинг бўлсам” деди. Ҳалиги киши “Хўп”, деди. Абдуллоҳ уникида бир кеча ётди. Айтадики: “Ўша кеча ҳалиги одам бир соат ҳам туриб ибодат қилмади. Фақат тўшагига ётаётган пайт Аллоҳни зикр қилиб такбир айтди. Ҳатто шу билан бомдодда турди. Сўнг таҳорат қилиб, намозини ўқиди. Эрталаб рўза ҳам тутмади. У кишини қилаётган амалларини кузатдим, ортиқ амални кўрмадим. Сўнгра унга: “Мен Расулуллоҳ (с.а.в)дан мажлисда: “Сизларга аҳли жаннатдан биттаси чиқади”, деганларини эшитдим. Кейин сиз чиқдингиз ва сиз билан бирга бўлиб, буни аниқламоқни ҳоҳладим. Сиз нима амал қилсангиз кўрдим. Сизга эргашдим. Кўп амал қилганингизни кўрмадим. Сизни Пайғамбар (с.а.в.) айтган нарсага эриштирган нарса нима?” дедим. У айтди: “Кўрганингдек, у ҳеч нарса эмас. Бундан бошқачароқ амал қилмайман, худди ўзинг кўрганингдек. Фақатгина мен мусулмонларнинг бирортаси учун ўзимда ёмонлик топмайман. Аллоҳ таоло яхшилик қилиб берган нарсаларга ҳасад қилмайман”, деди. Мана шу нарса Расулуллоҳ (с.а.в.) айтган мақомга етказади.

— “Тазкия” деганда нимани тушунишимиз керак? Инсоннинг маънавиятини емирадиган иллатлардан бири бўлган ғазаб ҳақида Исломда қандай таълим берилган?
— “Тазкия” (покланиш) қуръоний сўз бўлиб, нафсни ҳалокатга туширадиган, Аллоҳга бўлган иймонини маъносиз ва фойдасиз кўринишга айлантириб қўядиган кирлардан поклашдир.
Ана шу кирларнинг энг хатарлилари ҳасад, кибр, ғазаб, ужб (ўзидан мағрурланиш), гина, дунё, унинг кўринишлари бўлган мол, обру, каби нарсаларни яхши кўришдир.
Абу Саид Худрий (Аллоҳ ундан рози бўлсин), ривоят қилади: Пайғамбаримиз (с.а.в) айтадилар:    “Ғазабдан сақланинглар. Албатта у инсон юрагида ўт ёндиради. Кўрмайсизми, агар биронталарингизга ғазаб келган вақтда кўзлари қандай қизаришини ва бўйин томирларининг бўртиб чиқишини. Агар сизлардан бирортангиз ғазабдан бирон нарсани сезса, ётиб ерга ёпишиб олсин”. Ва яна айтдилар: “Сизлардан ғазаби тез келиб, тез кетадиганларингиз бор. Биттаси иккинчиси билан. Сизлардан ғазаби секин келиб секин қайтадиганлар бор. Бири бошқаси билан. Сизлардан яхшиларингиз ғазаби секин келиб секин кетадиганларингиздир”, деганлар.
Пайғамбаримиздан (с.а.в.) ривоят қилинади: “Кимда уч хислат бўлмаса, имон мазасини топмайди. Ҳалимлик — у билан жоҳилнинг жоҳиллигини қайтаради. Тақводорлик — у ҳаром нарсалардан сақлайди. Хушхулқлик — одамлар билан муомала қилади”.
Кўп ҳолларда инсон ўзининг қилаётган ишини тўғри деб билиб, хато ва гуноҳларга йўл қўяётганини эътироф этгиси келмайди. Шундай ҳолатларда унга ўз хатосини тан олмай адашаётганлигини эслатиб қўйиш мусулмончилик ҳақ-ҳуқуқларидан эканлиги Қуръони каримда баён этилган. Ғазабни ютиш энг қийин ишлардан бўлиб, уни жиловлаб олиш ҳар кимнинг ҳам қўлидан келавермайди. Лекин қалбида тақвоси бўлган инсонгина ғазабдан ғолиб чиқа олади. Аллоҳ таоло Қуръони каримда ғазаблари келганда уни ичига ютадиган одамларни афв қиладиган кишиларни мақтаб, улар ҳақиқий тақводор эканликларини ва улар учун кенглиги осмонлар ва ерга қадар бўлган жаннатлар тайёрлаб қўйилганлигини баён қилган.

— Кечиримлилик — Исломдаги гўзал фазилатлардан бири. Тарихда мусулмонларнинг айнан шу фазилатлари боис кўп халқлар Исломни қабул қилишган. Авф қилишнинг ҳикматлари ҳақида ҳам сўзлаб берсангиз.
— Аллоҳ таоло Ўзининг ҳабиби бўлган Муҳаммад (с.а.в)ни ҳам кечиримли бўлишга буюрган. Тарихдан маълумки, Расулуллоҳ (с.а.в) Тоиф шаҳрига у Сақиф қабиласини Ислом динига чақириш мақсадида борганларида, улар Аллоҳнинг Расулига имон келтириш ўрнига, у зотни тошбўрон қилиб ҳайдайдилар. Муборак бошларидан оёқларигача қонга беланган Муҳаммад (а.с.) ҳузурларига Жаброил (а.с) келиб: “Аллоҳ бу қавмнинг сизга етказган азияти эвазига ўч олиш учун менга нимани буюрсангиз шунга итоат этишимга амр этди” — деганида, Расулуллоҳ (с.а.в): “Эй Аллоҳ, қавмимни ҳидоят қил. Улар буни билмай қилдилар” — деб дуо қилдилар. Шунда Жаброил (а.с.): “Аллоҳ таоло сизни марҳаматли ва меҳрибон деб рост айтган экан” — дедилар.
Аллоҳ таоло Қуръони каримда марҳамат қилиб: яъни: “Афвни (қабул қилиб) олинг, яхшиликка буюринг...” — деган (Аъроф 199-оят).
Инсоннинг олижаноблиги, иззату шарафи унинг кечиримлилигида намоён бўлиши билан бирга унинг мартаба ва даражасини яна ҳам зиёда бўлишига сабаб бўлади.
Убода ибн Сомит (рз.) ривоят қилишларича, Расулуллоҳ (с.а.в) саҳобаларга: “Мен сизларга Аллоҳ бандасининг даражасини нима туфайли баландга кўтаришини айтайми?” — дедилар. Саҳобалар: “Ҳа, айтинг” — дейишди. Шунда Он ҳазратлари: “Сенга жаҳл қилганга мулойим бўлсанг, зулм қилганни афв қилсанг, сени маҳрум қилганга инъом қилсанг, сендан алоқани узган билан алоқани боғласанг” - деб марҳамат қилдилар.
Аллоҳ таоло барчаларимизни Пайғамбаримиз (с.а.в)нинг ахлоқи ҳамидалари билан яхши сифатланиб боришимизни насибу рўзи айласин! Мулойим, ҳаёли, қаноатли, кечиримли, солиҳ бандалардан бўлишимизга муваффақ айласин! Омин.

* * *

Toshkent shahar bosh imom-xatibi o‘rinbosari Jasurbek Raupov bilan suhbat

Jasurbek Raupov 1975 yili Buxoro viloyati G‘ijduvon tumanida tug‘ilgan. Imom al-Buxoriy nomidagi Toshkent Islom institutini (1993-1997), Andijon davlat universitetining iqtisodiyot-marketing fakultetini (2000-2006) tamomlagan. Imom al-Buxoriy xalqaro markazida malaka oshirgan.  50 dan ortiq ilmiy va ma’rifiy maqolalari chop etilgan. «Ayol — jamiyatimiz fayzi» kitobi muharriri. 1997 yildan beri  O‘zbekiston musulmonlari idorasi tizimida mehnat qiladi. 1999 yildan Toshkent shahri Chilonzor tumanidagi “Nosirxon” jome masjid imom-xatibi, 2010 yildan Toshkent shahar bosh imom-xatibi o‘rinbosari.

Bismillahir rohmanir rohim.


— Anas ibn Molik (r.a.)dan rivoyat qilingan hadisda «Rasululloh sallallohu alayhi va sallam: «Bir-biringizni yomon ko‘rmanglar, bir-birinizga hasad qilmanglar, bir-biringizdan arazlamanglar, aka-uka tutinib, Ollohning (solih) bandalari bo‘linglar! Musulmon odam o‘z (dindosh) birodari birlan uch kundan ortiq arazlashmasin!» — dedilar». Allohning rasuli qaytargan amallardan biri — hasad haqida ma’lumot bersangiz.
— Alloh taolo tomonidan inson aziz va mukarram qilib yaratilgan. Islom ma’naviy kamolot darajasiga yetishda lozim bo‘lgan go‘zal tartib, odob-axloqqa doir barcha yo‘l-yo‘riqlarni alohida bayon qilgan.
Faqih Abu Lays Samarqandiy Hasandan rivoyat qiladi: Payg‘ambar (s.a.v.) shunday marhamat etadilar: “Dushmanlik va hasad yaxshiliklarni yong‘in o‘tinni yegandek yeydi”.
Abdurahmon ibn Muoviya rivoyat qiladi: Payg‘ambar (s.a.v.) aytadilar: “Uch narsadan hech kim najot topmaydi: gumondan, hasaddan, fol ochishdan”.
So‘rashdiki: “Yo Rasululloh! Ularga nima najot beradi?” Rasululloh (s.a.v.) javob qildilar: “Agar hasad qilsang, dushmanlik qilmagin; gumon qilsang, haq deb bilmagin; yomon xayol kelsa, uni o‘tkazib yuborgin”.
“Agar hasad qilsang, dushmanlik qilmagin”, degan so‘zning ma’nosi “Agar qalbingda hasad bo‘lsa, uni zohir qilmagin, u haqida yomonlik bilan zikr qilmagin”. Chunki Alloh taolo qalbingda bo‘lgan narsani tiling bilan aytmasang yoki shunga amal qilmasang, jazolamaydi.

— Hasadning yomonliklari va oqibatlari haqida so‘zlab bersangiz.
— Hasad hasad qiluvchi kishiga bir qancha azob va yomonliklar keltiradi. Bu azob va yomonliklar hasad qilingan kishiga yetmasdan, hasad qiluvchi kishiga yetadi.
1.    G‘am-tashvish uzilmaydi.
2.    Musibat oladi, unga ajr kelmaydi.
3.    Yomonlikni    olib keladi. U bilan maqtanilmaydi.
4.    Alloh taolo unga g‘azab qiladi.
5.    Unga    tavfiq eshiklari yopiladi.
Payg‘ambar (s.a.v.) aytadilar: “Ogoh bo‘linglar! Allohning ne’matiga dushmanlik qiluvchilar bor”. So‘radilar: “Yo Rasulalloh! Allohning ne’matlarining dushmanlari kim?”. Aytdilar: “Alloh o‘z fazlidan odamlarga bergan narsaga hasad qiluvchilardir”.
Hasad qiluvchilar uchun rohat yo‘qdir. Baxillarda vafo yo‘q, chidamsiz kishilarda do‘st yo‘qdir. Yolg‘onchilarda mardlik yo‘qdir.
Hasan Basriy aytadi: “ Ey odam farzandi! Nima uchun birodaringizga hasad qilasiz. Agar uni hurmatlash uchun Alloh o‘z fazlidan bergan bo‘lsa, nima uchun Alloh hurmat qilgan kishiga hasad qilasiz?”.

— Qalbidagi hasadni tark qilgan bandalar uchun qanday xushxabarlar kelgan?
— Anas ibn Molik aytdi: “Bir kuni biz Payg‘ambar (s.a.v.) huzurlarida edik. Shu payt: “Sizlarning oldingizga hozir jannat kishisi chiqadi”, dedilar. Shu payt xuddi shu sifat bilan sifatlangan kishi chiqdi. Salom berib qavm bilan birga o‘tirdi. Payg‘ambarimiz (s.a.v.) turib ketganlaridan keyin haligi kishi bilan Abdulloh ibn Amr ibn Os ham chiqdi va: “Sen menga uyingdan joy bersang mehmoning bo‘lsam” dedi. Haligi kishi “Xo‘p”, dedi. Abdulloh unikida bir kecha yotdi. Aytadiki: “O‘sha kecha haligi odam bir soat ham turib ibodat qilmadi. Faqat to‘shagiga yotayotgan payt Allohni zikr qilib takbir aytdi. Hatto shu bilan bomdodda turdi. So‘ng tahorat qilib, namozini o‘qidi. Ertalab ro‘za ham tutmadi. U kishini qilayotgan amallarini kuzatdim, ortiq amalni ko‘rmadim. So‘ngra unga: “Men Rasululloh (s.a.v)dan majlisda: “Sizlarga ahli jannatdan bittasi chiqadi”, deganlarini eshitdim. Keyin siz chiqdingiz va siz bilan birga bo‘lib, buni aniqlamoqni hohladim. Siz nima amal qilsangiz ko‘rdim. Sizga ergashdim. Ko‘p amal qilganingizni ko‘rmadim. Sizni Payg‘ambar (s.a.v.) aytgan narsaga erishtirgan narsa nima?” dedim. U aytdi: “Ko‘rganingdek, u hech narsa emas. Bundan boshqacharoq amal qilmayman, xuddi o‘zing ko‘rganingdek. Faqatgina men musulmonlarning birortasi uchun o‘zimda yomonlik topmayman. Alloh taolo yaxshilik qilib bergan narsalarga hasad qilmayman”, dedi. Mana shu narsa Rasululloh (s.a.v.) aytgan maqomga yetkazadi.

— “Tazkiya” deganda nimani tushunishimiz kerak? Insonning ma’naviyatini yemiradigan illatlardan biri bo‘lgan g‘azab haqida Islomda qanday ta’lim berilgan?
— “Tazkiya” (poklanish) qur’oniy so‘z bo‘lib, nafsni halokatga tushiradigan, Allohga bo‘lgan iymonini ma’nosiz va foydasiz ko‘rinishga aylantirib qo‘yadigan kirlardan poklashdir.
Ana shu kirlarning eng xatarlilari hasad, kibr, g‘azab, ujb (o‘zidan mag‘rurlanish), gina, dunyo, uning ko‘rinishlari bo‘lgan mol, obru, kabi narsalarni yaxshi ko‘rishdir.
Abu Said Xudriy (Alloh undan rozi bo‘lsin), rivoyat qiladi: Payg‘ambarimiz (s.a.v) aytadilar:    “G‘azabdan saqlaninglar. Albatta u inson yuragida o‘t yondiradi. Ko‘rmaysizmi, agar birontalaringizga g‘azab kelgan vaqtda ko‘zlari qanday qizarishini va bo‘yin tomirlarining bo‘rtib chiqishini. Agar sizlardan birortangiz g‘azabdan biron narsani sezsa, yotib yerga yopishib olsin”. Va yana aytdilar: “Sizlardan g‘azabi tez kelib, tez ketadiganlaringiz bor. Bittasi ikkinchisi bilan. Sizlardan g‘azabi sekin kelib sekin qaytadiganlar bor. Biri boshqasi bilan. Sizlardan yaxshilaringiz g‘azabi sekin kelib sekin ketadiganlaringizdir”, deganlar.
Payg‘ambarimizdan (s.a.v.) rivoyat qilinadi: “Kimda uch xislat bo‘lmasa, imon mazasini topmaydi. Halimlik — u bilan johilning johilligini qaytaradi. Taqvodorlik — u harom narsalardan saqlaydi. Xushxulqlik — odamlar bilan muomala qiladi”.
Ko‘p hollarda inson o‘zining qilayotgan ishini to‘g‘ri deb bilib, xato va gunohlarga yo‘l qo‘yayotganini e’tirof etgisi kelmaydi. Shunday holatlarda unga o‘z xatosini tan olmay adashayotganligini eslatib qo‘yish musulmonchilik haq-huquqlaridan ekanligi Qur’oni karimda bayon etilgan. G‘azabni yutish eng qiyin ishlardan bo‘lib, uni jilovlab olish har kimning ham qo‘lidan kelavermaydi. Lekin qalbida taqvosi bo‘lgan insongina g‘azabdan g‘olib chiqa oladi. Alloh taolo Qur’oni karimda g‘azablari kelganda uni ichiga yutadigan odamlarni afv qiladigan kishilarni maqtab, ular haqiqiy taqvodor ekanliklarini va ular uchun kengligi osmonlar va yerga qadar bo‘lgan jannatlar tayyorlab qo‘yilganligini bayon qilgan.

— Kechirimlilik — Islomdagi go‘zal fazilatlardan biri. Tarixda musulmonlarning aynan shu fazilatlari bois ko‘p xalqlar Islomni qabul qilishgan. Avf qilishning hikmatlari haqida ham so‘zlab bersangiz.

— Alloh taolo O‘zining habibi bo‘lgan Muhammad (s.a.v)ni ham kechirimli bo‘lishga buyurgan. Tarixdan ma’lumki, Rasululloh (s.a.v) Toif shahriga u Saqif qabilasini Islom diniga chaqirish maqsadida borganlarida, ular Allohning Rasuliga imon keltirish o‘rniga, u zotni toshbo‘ron qilib haydaydilar. Muborak boshlaridan oyoqlarigacha qonga belangan Muhammad (a.s.) huzurlariga Jabroil (a.s) kelib: “Alloh bu qavmning sizga yetkazgan aziyati evaziga o‘ch olish uchun menga nimani buyursangiz shunga itoat etishimga amr etdi” — deganida, Rasululloh (s.a.v): “Ey Alloh, qavmimni hidoyat qil. Ular buni bilmay qildilar” — deb duo qildilar. Shunda Jabroil (a.s.): “Alloh taolo sizni marhamatli va mehribon deb rost aytgan ekan” — dedilar.
Alloh taolo Qur’oni karimda marhamat qilib: ya’ni: “Afvni (qabul qilib) oling, yaxshilikka buyuring...” — degan (A’rof 199-oyat).
Insonning olijanobligi, izzatu sharafi uning kechirimliligida namoyon bo‘lishi bilan birga uning martaba va darajasini yana ham ziyoda bo‘lishiga sabab bo‘ladi.
Uboda ibn Somit (rz.) rivoyat qilishlaricha, Rasululloh (s.a.v) sahobalarga: “Men sizlarga Alloh bandasining darajasini nima tufayli balandga ko‘tarishini aytaymi?” — dedilar. Sahobalar: “Ha, ayting” — deyishdi. Shunda On hazratlari: “Senga jahl qilganga muloyim bo‘lsang, zulm qilganni afv qilsang, seni mahrum qilganga in’om qilsang, sendan aloqani uzgan bilan aloqani bog‘lasang” - deb marhamat qildilar.
Alloh taolo barchalarimizni Payg‘ambarimiz (s.a.v)ning axloqi hamidalari bilan yaxshi sifatlanib borishimizni nasibu ro‘zi aylasin! Muloyim, hayoli, qanoatli, kechirimli, solih bandalardan bo‘lishimizga muvaffaq aylasin! Omin.