Рухсат сўраш одоблари

Рукн: Ислом ва иймон Чоп этилган: 10.12.2014

Қадим замонларда кишиларнинг ҳақ-ҳуқуқларини шахсий, оилавий сир-асрорларини эҳтиром қилиш маданияти бўлмаган. Яқин оға-иниларининг уйига “эрталабки салом, кечки салом”, деб кириб бораверишган. Уйда аёл кишиларнинг борлиги, уй эгаларининг турли ҳолда бўлишлари ҳисобга олинмаган. Афсус, ҳозир ҳам баъзан бу камчиликларни учратамиз. Бундай иш жиддий одобсизлик, гап-сўзларга сабаб бўладиган ҳолат эканини унутиб қўямиз. Ҳолбуки, Исломда биронта уйга эгаларининг изнисиз киришга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ.
Аллоҳ таоло: “Эй имон келтирганлар! Ўз уйларингдан ўзга уйларга то изн сўрамагунларингча ва эгаларига салом бермагунларингча кирманглар! Мана шу сизлар учун яхшидир. Шояд (бу гапдан) эслатма олсаларинг. Агар у (уй)ларда ҳеч кимни топмасаларинг, унда то сизларга изн берилмагунича, уларга кирманглар! Агар сизларга “Қайтинглар!” дейилса, қайтиб кетинглар! Шу сизлар учун яхшидир. Аллоҳ қилаётган ишларингни билгувчидир”, деб марҳамат қилган (Нур, 27-28).
Бизлар ушбу оятга амал қилиб, бировнинг хонадонига изн сўраб, салом бериб кирсак, ҳар хил ўнғайсиз ҳолатларнинг олдини олган бўламиз. Рухсат сўрамай кирилса, икки томон хижолат чекади, хусумат, уруш-жанжал чиқиши ҳам мумкин. Чунки эркак кишининг аёл бор уйга кириб-чиқиши ёки аёл кишининг маҳрамлари бўлмаган уйга кириши иғво, бўҳтон, фитнага сабаб бўлади. Бу масалада эҳтиёт бўлинса, оилалар бузилиб кетишининг ҳам олди олинади.
Кўз қирини ташлаган киши уй аҳлини ҳар хил ҳолатда кўради ёки улар сир сақлаган нарсалардан хабардор бўлади. Баъзи уламолар кишининг ҳовлисидаги овозларга, гап-сўзларга яширинча қулоқ солишни ҳам ҳаром дейишган.
Агар эшик очиқ бўлса, ҳовлига (уй ичига) қарамасдан эшик қоқиш ё овоз бериб, чақириш рухсат сўрашнинг одобларидандир.
Ҳадисда: «Бир одам Расулуллоҳнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) эшикларига қараб туриб, изн сўрай бошлади. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) унга: “Сен ундоқ ёки бундоқ тур, изн сўраш назардан сақланиш учун жорий қилингандир”, дедилар» (Имом Абу Довуд).
Одоб бўйича киши уй эгаси хабар топганидан сўнг исмини айтиб, салом бериб, рухсат сўраши лозим.
Имом Абу Довуд Амр ибн Маъд Сақафийдан ривоят қилган ҳадисда: «Бир одам Расулуллоҳнинг(соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳузурларига кириш учун изн сўрамоқчи бўлиб:“Кираверайми, кираверайми?!” деди. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) хизматчи орқали: “Анавининг олдига чиқиб ўргатгин, у рухсат сўрашни билмас экан. Ассалому алайкум, кираверайми, десин”», деганлари айтилган.
Уй эгаларининг қабул қила олмайдиган ҳолатда бўлишларини инобатга олиб, уч мартагача сўралади. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Сиздан бирор киши изн сўраса, уч марта сўрасин, изн берилмаса, ортига қайтсин”, деганлар (Имом Бухорий ривояти).

Фарҳод Ҳомидов,
Имом Бухорий номидаги Тошкент Ислом институти битирувчиси
“Ҳидоят” журналининг 2010 йил, 4-сонидан олинди.

 

* * *

Qadim zamonlarda kishilarning haq-huquqlarini shaxsiy, oilaviy sir-asrorlarini ehtirom qilish madaniyati bo‘lmagan. Yaqin og‘a-inilarining uyiga “ertalabki salom, kechki salom”, deb kirib boraverishgan. Uyda ayol kishilarning borligi, uy egalarining turli holda bo‘lishlari hisobga olinmagan. Afsus, hozir ham ba’zan bu kamchiliklarni uchratamiz. Bunday ish jiddiy odobsizlik, gap-so‘zlarga sabab bo‘ladigan holat ekanini unutib qo‘yamiz. Holbuki, Islomda bironta uyga egalarining iznisiz kirishga hech kimning haqqi yo‘q.
Alloh taolo: “Ey imon keltirganlar! O‘z uylaringdan o‘zga uylarga to izn so‘ramagunlaringcha va egalariga salom bermagunlaringcha kirmanglar! Mana shu sizlar uchun yaxshidir. Shoyad (bu gapdan) eslatma olsalaring. Agar u (uy)larda hech kimni topmasalaring, unda to sizlarga izn berilmagunicha, ularga kirmanglar! Agar sizlarga “Qaytinglar!” deyilsa, qaytib ketinglar! Shu sizlar uchun yaxshidir. Alloh qilayotgan ishlaringni bilguvchidir”, deb marhamat qilgan (Nur, 27-28).
Bizlar ushbu oyatga amal qilib, birovning xonadoniga izn so‘rab, salom berib kirsak, har xil o‘ng‘aysiz holatlarning oldini olgan bo‘lamiz. Ruxsat so‘ramay kirilsa, ikki tomon xijolat chekadi, xusumat, urush-janjal chiqishi ham mumkin. Chunki erkak kishining ayol bor uyga kirib-chiqishi yoki ayol kishining mahramlari bo‘lmagan uyga kirishi ig‘vo, bo‘hton, fitnaga sabab bo‘ladi. Bu masalada ehtiyot bo‘linsa, oilalar buzilib ketishining ham oldi olinadi.
Ko‘z qirini tashlagan kishi uy ahlini har xil holatda ko‘radi yoki ular sir saqlagan narsalardan xabardor bo‘ladi. Ba’zi ulamolar kishining hovlisidagi ovozlarga, gap-so‘zlarga yashirincha quloq solishni ham harom deyishgan.
Agar eshik ochiq bo‘lsa, hovliga (uy ichiga) qaramasdan eshik qoqish yo ovoz berib, chaqirish ruxsat so‘rashning odoblaridandir.
Hadisda: «Bir odam Rasulullohning (sollallohu alayhi va sallam) eshiklariga qarab turib, izn so‘ray boshladi. Rasululloh (sollallohu alayhi va sallam) unga: “Sen undoq yoki bundoq tur, izn so‘rash nazardan saqlanish uchun joriy qilingandir”, dedilar» (Imom Abu Dovud).
Odob bo‘yicha kishi uy egasi xabar topganidan so‘ng ismini aytib, salom berib, ruxsat so‘rashi lozim.
Imom Abu Dovud Amr ibn Ma’d Saqafiydan rivoyat qilgan hadisda: «Bir odam Rasulullohning(sollallohu alayhi va sallam) huzurlariga kirish uchun izn so‘ramoqchi bo‘lib:“Kiraveraymi, kiraveraymi?!” dedi. Payg‘ambarimiz (sollallohu alayhi va sallam) xizmatchi orqali: “Anavining oldiga chiqib o‘rgatgin, u ruxsat so‘rashni bilmas ekan. Assalomu alaykum, kiraveraymi, desin”», deganlari aytilgan.
Uy egalarining qabul qila olmaydigan holatda bo‘lishlarini inobatga olib, uch martagacha so‘raladi. Payg‘ambarimiz (sollallohu alayhi va sallam): “Sizdan biror kishi izn so‘rasa, uch marta so‘rasin, izn berilmasa, ortiga qaytsin”, deganlar (Imom Buxoriy rivoyati).

Farhod Homidov,
Imom Buxoriy nomidagi Toshkent Islom instituti bitiruvchisi
“Hidoyat” jurnalining 2010 yil, 4-sonidan olindi.