Илк ваҳий амри

Рукн: Ислом ва иймон Чоп этилган: 10.12.2014

Илк ваҳий «Ўқи!» деган амр бўлганининг буюк ҳикмати бор. Аллоҳ таоло илмни қиёматгача бандалар учун Аллоҳ маърифатига эришиш, ҳақиқатни топиш, икки дунё саодатини қўлга киритиш воситаси қилди. Илмсизлик (жаҳолат) эса инсониятни тубанликка, ҳалокатга олиб боришини билдирди. Инсонларни илм олишга ва илм орқали Парвардигорларини танишга буюрди. «Илм» сўзи Қуръони каримнинг саккиз юз ўн бир жойида турли маънолари билан келган. Қуръон ва Суннатда илм инсониятни турли ахлоқсизликлар, ҳаромлар, ёмон йўл ва амаллардан қайтариши зикр этилган.
«Аллоҳ сизлардан имон келтирган ва илм ато этилган зотларни (баланд) даража-мартабаларга кўтарур» (Мужодала, 11); «Айтинг (эй Муҳаммад); «Биладиган зотлар билан билмайдиган кимсалар баробар бўлурми?» (Зумар, 9); «Аллоҳдан бандалари орасидаги олим-билимдонларгина қўрқур» (Фотир, 28); «...Уларни фақат илм эгаларигина англай олурлар» (Анкабут, 43).
Кўплаб ҳадислар ҳам илм, ўрганишга даъват билан йўғрилган: «Олимлар пайғамбарларнинг ворисларидир, олимга ердаги ва осмондаги барча нарсалар истиғфор айтади» (Абу Довуд, Термизий, Ибн Можа, Ибн Ҳиббон ривояти); «Аллоҳ кимга яхшиликни ирода қилса, уни динда фақиҳ (теран англовчи) қилиб қўяди ва унга тўғри йўл кўрсатади» (Имом Бухорий ва Муслим); «Олимнинг обиддан афзаллиги менинг саҳобийдан афзаллигим кабидир» (Имом Термизий); «Ким илм талаб қилиш йўлини тутса, Аллоҳ таоло уни жаннат йўлига йўллаб қўяди» (Имом Муслим); «Фаришталар илм толибига қанотларини ёйишади» (Аҳмад, Ҳоким, Ибн Ҳиббон).
Жамиятнинг салоҳияти, равнақи унинг илмга муносабати билан ўлчанади. Мусулмонлар ҳам Аллоҳнинг амр-фармонларига ва расулининг кўрсатмаларига амал қилиб, илму ирфонга интилган, маърифатга талпинган даврларида қўллари узун, тиллари ўткир, мартаба-мақомлари баланд бўлган.
Аксинча, илм-фандан юз ўгириб, лоқайдлик ва танбаллик касалига чалинишганида жаҳолатга юз буришганида қўлларидан нусрат, салтанат, сарват кетган, ўзлари хўрланишган ва хорланишган.
Милодий IХ-ХII асрларда Ғарбда аҳолининг тўқсон беш фоизи мутлақо саводсиз бўлгани, ҳатто диний ходимлар ҳам ўқишни, қўлларига қалам тутиб, ёзишни билмагани ҳолда мусулмон ўлкалардан ухровий ва дунёвий барча фанларнинг илғорлари етишиб чиққан. Ўрта асрларда Ислом етиб бормаган ўлкаларда саноқли бир неча олим бўлгани ҳолда мусулмон оламида илмнинг турли соҳаларида саксон олти минг йирик олим иш олиб борган. Мусулмонлар матбаачиликда ғарбликлардан юз йиллар орқада қолишганига қарамай, китобга муҳаббатда улардан устун бўлишган. Ўша пайтда Оврупа қироллик кутубхонасида атиги юз дона китоб бўлгани ҳолда Марв, Қоҳира, Бағдод, Тароблус кутубхоналари жавонларида бир-икки миллион нусхадан китоб сақланган.
Ҳукмдорлар, амирлар, юртнинг давлатманд кишилари илм-фанга ҳомийлик қилишда, вақфлар тутишда, илм толибларига ёрдам кўрсатишда, кутубхоналар ташкил этишда кимўзарга мусобақалашишган.
Ҳатто ғайримуслим олимлар ҳам Ғарб Ислом ҳазорасидан сув ичганини, Андалусиядан тарқалган илм Оврупани юксак тараққиёт чўққисига олиб чиққанини ҳозиргача ёзиб келишади. Эркенсал бундай деган: «Замонавий илмларнинг тамал тошини қўйишдек шарафли вазифа мусулмонларга тегишлидир». Аллен Дебус эса: «Мусулмонлар Уйғониш даврига дебоча бўлган технологик ўсишлар эшигини очиб беришди», деб ёзади.
Афсуски, кейинчалик бу улкан имкониятлар бой берилди. Илм-маърифат билан қизиқилмайдиган ҳолга келинди. Нафслар, шаҳватлар, орзу-ҳаваслар илм устидан ғолиб чикди.
Жоҳиллик сабабли ухровий ва дунёвий илмлар ўртасига ўтиб бўлмас девор тикланди. Улар бир-бирига зид қўйилди. Дин олими замона илмига эътибор бермади. Дунё олими, аксинча, моддапарастликни «чин илм» деб байроқ қилди.
Очиқ кўзли, теран фикрли бир-икки мутафаккирнинг бу борадаги ноласи жоҳил оломоннинг «урҳо»си ичра кўмилиб, эшитилмай кетди: «Ҳақиқат» журнали 1922 йилги 1-сонида: «Сўнгги асрларда маърифатсизлик, жоҳиллик сабаби илмсиз, маърифатсиз хонлар элнинг чироғи-йўлбошчиси бўлган уламоларни ўз бўйинтуруғлари остига олиб, соф йўлни ўз шайтанат йўлларига татбиқ этишганидир», деб ёзган эди.
«Ўзларини дин ҳомийлари деб эълон қилган ҳукмдорлар халқни маърифат нуридан маҳрум, замонавий фанний илмлардан бутунлай йироқ тутдилар. Шунинг учун халқда уйғониш, фикрий очилиш бўлмади. Давлатнинг инқирози, миллатнинг онгсизлигига шу жоҳиллар сабабчидур», дейди Алихонтўра Соғуний.
«Мусулмонлар замонни ўзларига мослаштиришни кутиб ўтирмай, ўзлари ўша замоннинг фойдали илмларига мослашсалар, яхши бўлмасмикин?» деб фикр юритди Исҳоқҳон Ибрат.
«Биз туркийлар ўз тарихи тонгидаёқ ёзувига эга бўлган, кейин ҳам уни илм ва тафаккурдаги улкан муваффақиятлар билан безаган қабила сифатида яшаб келдик ва шундай яшажаякмиз», дея умид билдиради яна бир мутафаккир Исмоил Ғаспирали.
Айни пайтда ҳам кўпгина мусулмонлар дунёвий илм билан дўстлаша олмай юришибди. Замонавий илмларни ўрганишни гуноҳ санайдиган кимсалар ҳозир ҳам бор.
«Аллоҳ илм билан қавмларни юксалтириб, етакчи қилиб қўяди», деган эдилар Муоз ибн Жабал (разийаллоҳу анҳу). «Илм кўр қалб кўзини очувчи, қоронғу зулматда нур бағишловчидир, заиф баданларга куч-қувватдир, илм билан банда яхши кишилар даражасига кўтарилади, олий мартабаларга етишади», дейди Абу Ҳомид Ғаззолий (раҳматуллоҳи алайҳ). «Ислом динининг жаҳолатдан кўра каттароқ ва қўрқинчлироқ душмани йўқдир», дея бонг уради Муҳаммад Нуруллоҳ Сайдо Жазарий. Фатҳ Мусалий айтади: «Касалга сув билан таом берилмаса, ўлгани каби, қалбга ҳам уч кун илм берилмаса, ўлади».
Бугун илм олишга ҳеч қандай тўсиқ йўқ, аксинча, чорлов бор, имконият бор. Ўнлаб олий ўқув юрти, коллеж ва лицей очиб қўйилган. Динимизни ўргатадиган олий ва ўрта-махсус ўқув юртлари ишлаб турибди. Китоб-дарсликлар пайдар-пай чоп этиляпти. Булар устига жаҳондаги жами илмларни жамлаган бепоён интернет тизимига кириш имконияти пайдо бўлди кейинги йилларда.
Биздан рағбат, ихлос ва ғайрат-ҳаракат кифоя. Қанчалаб вақтимизни беҳуда амалларга, кераксиз ўтиришларга, зиёфатбозликларга сарфлашдан кўра жиндай илм олишга, ҳеч бўлмаса, дунё ютоқиб воқиф бўлаётган хабар-маълумотлар билан танишиб қўйишга вақт-имкон ажратганимизда эди!..
Ўтмишда дастурхон устида хонадон улуғининг эрталаб ва кечқурунлари илмий-ахлоқий мавзуларда ихчамгина маърифий суҳбат уюштиргани, тожир, ҳунарманд ва зироатчилар узоқ қиш оқшомларида бир устоз этагини тутиб, илм мажлислари қилишгани, толиблар илм талабида ҳатто қўшни юртлардаги устозларникига қатнагани каби ҳолатлар бугун бизга худди эртакдаги гаплардай туюлади.

Жаъфар Абдулмўмин
“Ҳидоят” журналининг 2008 йил 5-сонидан олинди.

 

* * *

Ilk vahiy «O‘qi!» degan amr bo‘lganining buyuk hikmati bor. Alloh taolo ilmni qiyomatgacha bandalar uchun Alloh ma’rifatiga erishish, haqiqatni topish, ikki dunyo saodatini qo‘lga kiritish vositasi qildi. Ilmsizlik (jaholat) esa insoniyatni tubanlikka, halokatga olib borishini bildirdi. Insonlarni ilm olishga va ilm orqali Parvardigorlarini tanishga buyurdi. «Ilm» so‘zi Qur’oni karimning sakkiz yuz o‘n bir joyida turli ma’nolari bilan kelgan. Qur’on va Sunnatda ilm insoniyatni turli axloqsizliklar, haromlar, yomon yo‘l va amallardan qaytarishi zikr etilgan.
«Alloh sizlardan imon keltirgan va ilm ato etilgan zotlarni (baland) daraja-martabalarga ko‘tarur» (Mujodala, 11); «Ayting (ey Muhammad); «Biladigan zotlar bilan bilmaydigan kimsalar barobar bo‘lurmi?» (Zumar, 9); «Allohdan bandalari orasidagi olim-bilimdonlargina qo‘rqur» (Fotir, 28); «...Ularni faqat ilm egalarigina anglay olurlar» (Ankabut, 43).
Ko‘plab hadislar ham ilm, o‘rganishga da’vat bilan yo‘g‘rilgan: «Olimlar payg‘ambarlarning vorislaridir, olimga yerdagi va osmondagi barcha narsalar istig‘for aytadi» (Abu Dovud, Termiziy, Ibn Moja, Ibn Hibbon rivoyati); «Alloh kimga yaxshilikni iroda qilsa, uni dinda faqih (teran anglovchi) qilib qo‘yadi va unga to‘g‘ri yo‘l ko‘rsatadi» (Imom Buxoriy va Muslim); «Olimning obiddan afzalligi mening sahobiydan afzalligim kabidir» (Imom Termiziy); «Kim ilm talab qilish yo‘lini tutsa, Alloh taolo uni jannat yo‘liga yo‘llab qo‘yadi» (Imom Muslim); «Farishtalar ilm tolibiga qanotlarini yoyishadi» (Ahmad, Hokim, Ibn Hibbon).
Jamiyatning salohiyati, ravnaqi uning ilmga munosabati bilan o‘lchanadi. Musulmonlar ham Allohning amr-farmonlariga va rasulining ko‘rsatmalariga amal qilib, ilmu irfonga intilgan, ma’rifatga talpingan davrlarida qo‘llari uzun, tillari o‘tkir, martaba-maqomlari baland bo‘lgan.
Aksincha, ilm-fandan yuz o‘girib, loqaydlik va tanballik kasaliga chalinishganida jaholatga yuz burishganida qo‘llaridan nusrat, saltanat, sarvat ketgan, o‘zlari xo‘rlanishgan va xorlanishgan.
Milodiy IX-XII asrlarda G‘arbda aholining to‘qson besh foizi mutlaqo savodsiz bo‘lgani, hatto diniy xodimlar ham o‘qishni, qo‘llariga qalam tutib, yozishni bilmagani holda musulmon o‘lkalardan uxroviy va dunyoviy barcha fanlarning ilg‘orlari yetishib chiqqan. O‘rta asrlarda Islom yetib bormagan o‘lkalarda sanoqli bir necha olim bo‘lgani holda musulmon olamida ilmning turli sohalarida sakson olti ming yirik olim ish olib borgan. Musulmonlar matbaachilikda g‘arbliklardan yuz yillar orqada qolishganiga qaramay, kitobga muhabbatda ulardan ustun bo‘lishgan. O‘sha paytda Ovrupa qirollik kutubxonasida atigi yuz dona kitob bo‘lgani holda Marv, Qohira, Bag‘dod, Taroblus kutubxonalari javonlarida bir-ikki million nusxadan kitob saqlangan.
Hukmdorlar, amirlar, yurtning davlatmand kishilari ilm-fanga homiylik qilishda, vaqflar tutishda, ilm toliblariga yordam ko‘rsatishda, kutubxonalar tashkil etishda kimo‘zarga musobaqalashishgan.
Hatto g‘ayrimuslim olimlar ham G‘arb Islom hazorasidan suv ichganini, Andalusiyadan tarqalgan ilm Ovrupani yuksak taraqqiyot cho‘qqisiga olib chiqqanini hozirgacha yozib kelishadi. Erkensal bunday degan: «Zamonaviy ilmlarning tamal toshini qo‘yishdek sharafli vazifa musulmonlarga tegishlidir». Allen Debus esa: «Musulmonlar Uyg‘onish davriga debocha bo‘lgan texnologik o‘sishlar eshigini ochib berishdi», deb yozadi.
Afsuski, keyinchalik bu ulkan imkoniyatlar boy berildi. Ilm-ma’rifat bilan qiziqilmaydigan holga kelindi. Nafslar, shahvatlar, orzu-havaslar ilm ustidan g‘olib chikdi.
Johillik sababli uxroviy va dunyoviy ilmlar o‘rtasiga o‘tib bo‘lmas devor tiklandi. Ular bir-biriga zid qo‘yildi. Din olimi zamona ilmiga e’tibor bermadi. Dunyo olimi, aksincha, moddaparastlikni «chin ilm» deb bayroq qildi.
Ochiq ko‘zli, teran fikrli bir-ikki mutafakkirning bu boradagi nolasi johil olomonning «urho»si ichra ko‘milib, eshitilmay ketdi: «Haqiqat» jurnali 1922 yilgi 1-sonida: «So‘nggi asrlarda ma’rifatsizlik, johillik sababi ilmsiz, ma’rifatsiz xonlar elning chirog‘i-yo‘lboshchisi bo‘lgan ulamolarni o‘z bo‘yinturug‘lari ostiga olib, sof yo‘lni o‘z shaytanat yo‘llariga tatbiq etishganidir», deb yozgan edi.
«O‘zlarini din homiylari deb e’lon qilgan hukmdorlar xalqni ma’rifat nuridan mahrum, zamonaviy fanniy ilmlardan butunlay yiroq tutdilar. Shuning uchun xalqda uyg‘onish, fikriy ochilish bo‘lmadi. Davlatning inqirozi, millatning ongsizligiga shu johillar sababchidur», deydi Alixonto‘ra Sog‘uniy.
«Musulmonlar zamonni o‘zlariga moslashtirishni kutib o‘tirmay, o‘zlari o‘sha zamonning foydali ilmlariga moslashsalar, yaxshi bo‘lmasmikin?» deb fikr yuritdi Ishoqhon Ibrat.
«Biz turkiylar o‘z tarixi tongidayoq yozuviga ega bo‘lgan, keyin ham uni ilm va tafakkurdagi ulkan muvaffaqiyatlar bilan bezagan qabila sifatida yashab keldik va shunday yashajayakmiz», deya umid bildiradi yana bir mutafakkir Ismoil G‘aspirali.
Ayni paytda ham ko‘pgina musulmonlar dunyoviy ilm bilan do‘stlasha olmay yurishibdi. Zamonaviy ilmlarni o‘rganishni gunoh sanaydigan kimsalar hozir ham bor.
«Alloh ilm bilan qavmlarni yuksaltirib, yetakchi qilib qo‘yadi», degan edilar Muoz ibn Jabal (raziyallohu anhu). «Ilm ko‘r qalb ko‘zini ochuvchi, qorong‘u zulmatda nur bag‘ishlovchidir, zaif badanlarga kuch-quvvatdir, ilm bilan banda yaxshi kishilar darajasiga ko‘tariladi, oliy martabalarga yetishadi», deydi Abu Homid G‘azzoliy (rahmatullohi alayh). «Islom dinining jaholatdan ko‘ra kattaroq va qo‘rqinchliroq dushmani yo‘qdir», deya bong uradi Muhammad Nurulloh Saydo Jazariy. Fath Musaliy aytadi: «Kasalga suv bilan taom berilmasa, o‘lgani kabi, qalbga ham uch kun ilm berilmasa, o‘ladi».
Bugun ilm olishga hech qanday to‘siq yo‘q, aksincha, chorlov bor, imkoniyat bor. O‘nlab oliy o‘quv yurti, kollej va litsey ochib qo‘yilgan. Dinimizni o‘rgatadigan oliy va o‘rta-maxsus o‘quv yurtlari ishlab turibdi. Kitob-darsliklar paydar-pay chop etilyapti. Bular ustiga jahondagi jami ilmlarni jamlagan bepoyon internet tizimiga kirish imkoniyati paydo bo‘ldi keyingi yillarda.
Bizdan rag‘bat, ixlos va g‘ayrat-harakat kifoya. Qanchalab vaqtimizni behuda amallarga, keraksiz o‘tirishlarga, ziyofatbozliklarga sarflashdan ko‘ra jinday ilm olishga, hech bo‘lmasa, dunyo yutoqib voqif bo‘layotgan xabar-ma’lumotlar bilan tanishib qo‘yishga vaqt-imkon ajratganimizda edi!..
O‘tmishda dasturxon ustida xonadon ulug‘ining ertalab va kechqurunlari ilmiy-axloqiy mavzularda ixchamgina ma’rifiy suhbat uyushtirgani, tojir, hunarmand va ziroatchilar uzoq qish oqshomlarida bir ustoz etagini tutib, ilm majlislari qilishgani, toliblar ilm talabida hatto qo‘shni yurtlardagi ustozlarnikiga qatnagani kabi holatlar bugun bizga xuddi ertakdagi gaplarday tuyuladi.

Ja’far Abdulmo‘min
“Hidoyat” jurnalining 2008 yil 5-sonidan olindi.