Мени кўрганингиздек танидингиз...

Рукн: Ибрат Чоп этилган: 09.09.2015

Луқмони ҳаким ҳазратларини қароқчилар асир олишди. Бегона шаҳарда қул қилиб, бир бойга сотишди. Хўжайин у кишига ғишт қуйиш каби қийин ишларни топширди. Луқмони ҳаким эса ишнинг қийинлигидан шикоят қилмай, ҳаммадан кўра яхшироқ ишлардилар. Вақт ўтгани сари хўжайин бу қулнинг меҳнаткаш, ҳалол ва қийин ишларга чидамли эканини билди. У кишига меҳри тушиб қолди.

Бир куни бу шаҳарга келган Луқмони ҳакимнинг ҳамшаҳарларидан у зотнинг аслида ким эканлигини билиб олди. Олдинроқ танимаган, аммо шуҳратини эшитган Луқмони ҳакимдек зотни қул қилиб ишлатиб юргани учун қайғуга тушди. Дарҳол у кишидан узр айтиб, ҳадялар бериб, озод қилди. “Нега ўзингизни танитмадингиз?” деб сўради.

Луқмони ҳаким айтдилар:

– Сиз кучимдан фойдаланиш учун мени сотиб олдингиз. Шаҳрингизда мени ҳимоя қиладиган бирор қонун йўқ эди. Мен эса бир куни кимлигимни билишларини ва сабр­нинг ҳикматдан ҳам улуғ эканлигини билардим. Шу сабабли ҳам нима бўлишига қарамасдан, ишлашим керак эди, ишладим. Яшашим шарт эди, яшадим. Нима бўлса ҳам яхши бўлишим керак эди. Ишимнинг оғирлиги саломатлик қадрини англашим ва бошқа қуллар аҳволини тушунишимга, таомимнинг яхши эмаслиги, ғариб, фақирлар ҳолини англашимга ёрдам берди.

Қул эдим, аммо айбим йўқ эди. Машаққат ичра эдим, аммо ибрат ва насиҳат олаётгандим. Ҳеч кимга ёлғон гапирмадим, биров менга душман бўлмаслиги учун ўзимни мақтамадим, баланд тутмадим. Шаҳрингизга келдим, бегона эдим сизларга. Бугун эса орангизда мени яхшилик билан эслайдиган дўстларим бор.

Сиз Луқмонни одамлар эътироф этганидек эмас, кўрганингиз каби танидингиз. Аллоҳ таолога шукрлар бўлсин, оқибатда, мендан мамнун бўлдингиз. Мен ҳам ўз юртимга хушнуд ҳолда қайтяпман. Агар келган кунимоқ ўзимни танитганимда, ишонмаслигингиз ёки ишониб мени озод қилишингиз мумкин эди. Бугунги яхшиликлардан, ибратли ишлардан сиз ҳам, мен ҳам, бошқалар ҳам баҳраманд бўлишмас эди.

“Ирфон” тақвимининг 2012 йил 4-сонидан олинди.

* * *

Luqmoni hakim hazratlarini qaroqchilar asir olishdi. Begona shaharda qul qilib, bir boyga sotishdi. Xo‘jayin u kishiga g‘isht quyish kabi qiyin ishlarni topshirdi. Luqmoni hakim esa ishning qiyinligidan shikoyat qilmay, hammadan ko‘ra yaxshiroq ishlardilar. Vaqt o‘tgani sari xo‘jayin bu qulning mehnatkash, halol va qiyin ishlarga chidamli ekanini bildi. U kishiga mehri tushib qoldi.

Bir kuni bu shaharga kelgan Luqmoni hakimning hamshaharlaridan u zotning aslida kim ekanligini bilib oldi. Oldinroq tanimagan, ammo shuhratini eshitgan Luqmoni hakimdek zotni qul qilib ishlatib yurgani uchun qayg‘uga tushdi. Darhol u kishidan uzr aytib, hadyalar berib, ozod qildi. “Nega o‘zingizni tanitmadingiz?” deb so‘radi.

Luqmoni hakim aytdilar:

– Siz kuchimdan foydalanish uchun meni sotib oldingiz. Shahringizda meni himoya qiladigan biror qonun yo‘q edi. Men esa bir kuni kimligimni bilishlarini va sabr­ning hikmatdan ham ulug‘ ekanligini bilardim. Shu sababli ham nima bo‘lishiga qaramasdan, ishlashim kerak edi, ishladim. Yashashim shart edi, yashadim. Nima bo‘lsa ham yaxshi bo‘lishim kerak edi. Ishimning og‘irligi salomatlik qadrini anglashim va boshqa qullar ahvolini tushunishimga, taomimning yaxshi emasligi, g‘arib, faqirlar holini anglashimga yordam berdi.

Qul edim, ammo aybim yo‘q edi. Mashaqqat ichra edim, ammo ibrat va nasihat olayotgandim. Hech kimga yolg‘on gapirmadim, birov menga dushman bo‘lmasligi uchun o‘zimni maqtamadim, baland tutmadim. Shahringizga keldim, begona edim sizlarga. Bugun esa orangizda meni yaxshilik bilan eslaydigan do‘stlarim bor.

Siz Luqmonni odamlar e’tirof etganidek emas, ko‘rganingiz kabi tanidingiz. Alloh taologa shukrlar bo‘lsin, oqibatda, mendan mamnun bo‘ldingiz. Men ham o‘z yurtimga xushnud holda qaytyapman. Agar kelgan kunimoq o‘zimni tanitganimda, ishonmasligingiz yoki ishonib meni ozod qilishingiz mumkin edi. Bugungi yaxshiliklardan, ibratli ishlardan siz ham, men ham, boshqalar ham bahramand bo‘lishmas edi.

“Irfon” taqvimining 2012 yil 4-sonidan olindi.