«Вақф» фондининг «Илм йўлида кўмак берамиз» хайрия акцияси тақдирлаш тадбири бўлиб ўтди

Рукн: Янгиликлар Чоп этилган: 13.10.2018

2018 йил 13 октябрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг тадбирлар залида «Вақф» хайрия жамоат фонди томонидан эълон қилинган «Илм йўлида кўмак берамиз» номли диний таълим муассасалари талабаларининг тўлов-контрактларини тўлаб бериш ишлари бўйича хайрия акцияси бўйича тадбир ўтказилди. Шунингдек, Қуръони каримни ёд олган ёки араб тилидаги бирор қўшимча китобни тамомлаган талабалар рағбатлантирилди.

Шайх Абдулазиз Мансур «Вақф» фондининг фаолияти ҳақида сўзлаб берди.

«Вақф» хайрия жамоат фонди томонидан Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги билим юртлари талабалари ва ўқитувчиларини рағбатлантириш, намунали ва иқтидорли талабаларни тўлов-контракт пулларини тўлаб бериш учун Фонд томонидан «Илм йўлида кўмак берамиз» акцияси ташкил этилган эди.  Бу акциянинг биринчи босқичи натижалари бўйича диний таълим муассасаларининг энг иқтидорли 39 нафар талабаларининг контракт пуллари тўлаб берилиб, ўзининг иқтидори ва қобилияти билан Қуръони каримни тўлиқ ёд олган 15 нафар талаба энг кам иш ҳақининг 10 бараваридан пул мукофотлари билан тақдирланди. Умумий ҳисобда ушбу акциянинг биринчи босқичи учун Вақф хайрия жамоат фонди томонидан 160 000 000 сўм ажратилди.

«Вақф» хайрия жамоат фонди масъул ходими Одилхон қори вақф ва унинг тарихи ҳақида тушунча берди.

Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 16 апрелдаги «Диний-маърифий соҳа фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ-5416-сон Фармони асосида Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳузурида «Вақф» хайрия жамоат фонди ташкил этилган.

Ўтган давр мобайнида ушбу фонд томонидан диний таълим муассасаларини моддий қўллаб-қувватлаш учун жами 211 млн. сўм, ижтимоий ҳимояга муҳтож жамиятларга 22 млн. сўм ва ёрдамга муҳтож ва ногиронлиги бўлган 534 нафар фуқароларга 480 млн. сўмдан зиёд маблағ хайрия қилинди. Қурбон ҳайитида Республика бўйича 10 тоннадан зиёд қурбонлик гўштлари фонд номидан тарқатилди. 400 та оилага истеъмол саватчаси тарқатилди. Шу билан биргаликда ўта оғир ҳолатдаги 4 та хонадон фонд томонидан тўлиқ таъмирлаб берилди.

Ҳасанхон қори вақфнинг аҳамияти ва халқаро тажрибалар ҳақида ўртоқлашди.

«Вақф» фонди томонидан ташкил этилган «Масжид ва мадрасалар учун китоб» акцияси доирасида шу вақтга қадар 9 та вилоятдаги 306 та масжидга жами 367 млн сўмлик 13109 та китоб етказиб берилди.

«Вақф» хайрия жамоат фонди ўз олдига масжидлар ва диний таълим муассасаларининг биноларини қуриш, таъмирлаш, реконструкция қилиш, диний таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари, тадқиқотчилари, мутахассислари ва ўқувчи-талабаларини моддий ва ижтимоий қўллаб-қувватлаш, масжид ходимлари, жумладан имом-хатиблар, ноиб имом, муаззинларни ойлик маош билан таъминлаш,аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламлари, шу жумладан, имконияти чекланган шахсларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш каби бир қатор ишларни мақсад қилиб қўйган.

Диний таълим муассасаларининг энг иқтидорли 39 нафар талабаларининг контракт пуллари тўлаб берилди, Қуръони каримни тўлиқ ёд олган 15 нафар талаба энг кам иш ҳақининг 10 бараваридан пул мукофотланди.

Вақф хайрия жамоат фонди ёрдамга муҳтож ногиронлар, ёлғиз кексалар, боқувчисини йўқотган фуқаролар ҳамда кам таъминланган оилаларга доимий равишда ёрдам кўрсатиб келмоқда. Шу вақтга қадар фонд умумий ҳисобда 1 млрд сўмдан зиёд саховат ишларини амалга оширди.

Вақф хайрия жамоат фонди томонидан “Никоҳ тўйлари” (меҳрибонлик уйлари тарбияланувчилари ва кам таъминланган оилаларнинг никоҳ ёшига етган фарзандларини никоҳ тўйларини ўтказиб бериш), “Оби ҳаёт” (чекка-чекка қишлоқ ва овулларда сув чиқариш), “Рўзғор” (кам таъминланган, боқувчиси йўқ, ногиронлиги бўлган шахсларнинг уйларига рўзғорлик қилиб бериш), “Эҳтиёжмандларга кўмак” (кийим-кечак, мебел, маиший электр-техника жиҳозлари ва бошқа уй-рўзғор буюмларни йиғиш ва эҳтиёжмандларга беғараз бериш), “Обод хонадон” (ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқароларни манзилларини топиш, уларнинг уй-жойларини қуриш ва таъмирлашга ёрдам бериш) каби лойиҳаларни амалга ошириш ҳам режалаштирилган.