Сила ибн Ашям

Рукн: Тобеинлар Чоп этилган: 13.12.2014

Тўлиқ исми Сила ибн Ашям Адавий, куняси Абу Саҳбо. Саҳобалар  билан суҳбатлашишга, улардан ўрганиш шарафига муяссар бўлган. Сила Расулуллоҳнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) амакиларининг ўғли Ибн Аббосдан илм олди. Бу ҳақда Товус (раҳимаҳуллоҳ): "Абу Саҳбо Ибн Аббосга кўп савол берарди. Шунингдек, Абдуллоҳ ибн Масъуддан ҳам илм ўрганган", деб ривоят қилган.

*   *   *

Абу Саҳбо тун чўкиб, одамлар уйқуга кетгач, нафл намоз ўқирди. Туннинг учинчи бўлаги кирганда  Қуръон тиловатига киришар, овози ширали эди. Бутун қалбини хотиржамлик чул­ғаб олар, бутун вужуди ила Аллоҳдан қўрқувни, руҳий лаззатни туярди. Сила ибн Ашям бу одатини, яъни кечалари қойим бўлиб ибодат қилишни  умрининг охиригача тарк этмади.

Бу ҳақида Жаъфар ибн Зайд бундай ҳикоя қилади: "Кобул шаҳрига қараб йўлга чиқдик. Орамизда Сила ибн Ашям ҳам бор эди. Кечаларнинг бирида йўлда тўхтадик, баъзилар овқатланди ва озгина мизғиб олиш учун уйқуга кетди. Шунда мен кузатиб, у ҳақда айтилган сўзларнинг тасдиғини кўрдим. Ҳали ҳеч ким уйғонмасидан бурун, у ўрмон ичига кириб кетди. Мен изидан бордим. У қиблага юзланиб, намоз ўқишга киришди. Узоқдан кузата бошладим. Юзлари ёришган, ўзи тетик ва хотиржам эди. Шу пайт ўрмоннинг шарқий томонидан бир шер кела бошлади. Қўрқинчдан юрагим қинидан чиқиб кетаёзди. Амал-тақал қилиб бир дарахт тепасига чиқиб олдим.

Шер Сила ибн Ашямга яқинлашиб, бир неча қадам нарида тўхтади. Сила эса унга қарамади ҳам, ундан қўрқмади ҳам. Саждага борганида энди уни шер ғажиб ташласа керак деган ўй ўтди хаёлимдан. Сила саждадан туриб, қаъдага ўтирди. Шер уни кузатаётгандек рўпарада индамай турарди. Сила намозини тугатгач, шерга қараб,  пичирлаб бир нималар деди. Шундан сўнг шер ортига қайтиб кетди...

*   *   *

Кунларнинг бирида Ибн Ашямнинг олдига басралик бир киши келиб: "Эй Абу Саҳбо, Аллоҳ сенга билдирган нарсалардан менга ҳам ўргат", деди. Сила табассум ила: "Эй биродар, сен менга унутиб бўлмайдиган кунларимни эслатдинг. Анча йиллар олдин Расулуллоҳнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) саҳобалари ёнига бордим ва уларга: "Аллоҳ сизларга билдирган нарсалардан менга ҳам ўргатинглар", дедим. Улар менга: "Қуръонни нафсинг ҳимоячиси, қалбинг роҳати қилгин. Ундан олган насиҳатларинг билан мусулмонларга ўгит бер. Кучинг етганича дуони кўпайтир, Аллоҳ азза ва жалладан нажот сўра", деб йўл кўрсатишди". Бу гапни эшитган ҳалиги киши Силага: "Мени дуо қилинг, яхшиликка эришай", деди. Абу Саҳбо: "Аллоҳ таоло охиратга бўлган рағбатингни ошириб, ўткинчи дунёдан узоқлаштирсин. Сенга қалб хотиржамлигини бериб, унга суянадиган қилсин", дея дуо қилди.

Файзо тайёрлади

Ислом нури газетасининг 2012 йил, 18-сонидан олинди.

* * *

To‘liq ismi Sila ibn Ashyam Adaviy, kunyasi Abu Sahbo. Sahobalar  bilan suhbatlashishga, ulardan o‘rganish sharafiga muyassar bo‘lgan. Sila Rasulullohning (sollallohu alayhi va sallam) amakilarining o‘g‘li Ibn Abbosdan ilm oldi. Bu haqda Tovus (rahimahulloh): "Abu Sahbo Ibn Abbosga ko‘p savol berardi. Shuningdek, Abdulloh ibn Mas’uddan ham ilm o‘rgangan", deb rivoyat qilgan.

*   *   *

Abu Sahbo tun cho‘kib, odamlar uyquga ketgach, nafl namoz o‘qirdi. Tunning uchinchi bo‘lagi kirganda  Qur’on tilovatiga kirishar, ovozi shirali edi. Butun qalbini xotirjamlik chul­g‘ab olar, butun vujudi ila Allohdan qo‘rquvni, ruhiy lazzatni tuyardi. Sila ibn Ashyam bu odatini, ya’ni kechalari qoyim bo‘lib ibodat qilishni  umrining oxirigacha tark etmadi.

Bu haqida Ja’far ibn Zayd bunday hikoya qiladi: "Kobul shahriga qarab yo‘lga chiqdik. Oramizda Sila ibn Ashyam ham bor edi. Kechalarning birida yo‘lda to‘xtadik, ba’zilar ovqatlandi va ozgina mizg‘ib olish uchun uyquga ketdi. Shunda men kuzatib, u haqda aytilgan so‘zlarning tasdig‘ini ko‘rdim. Hali hech kim uyg‘onmasidan burun, u o‘rmon ichiga kirib ketdi. Men izidan bordim. U qiblaga yuzlanib, namoz o‘qishga kirishdi. Uzoqdan kuzata boshladim. Yuzlari yorishgan, o‘zi tetik va xotirjam edi. Shu payt o‘rmonning sharqiy tomonidan bir sher kela boshladi. Qo‘rqinchdan yuragim qinidan chiqib ketayozdi. Amal-taqal qilib bir daraxt tepasiga chiqib oldim.

Sher Sila ibn Ashyamga yaqinlashib, bir necha qadam narida to‘xtadi. Sila esa unga qaramadi ham, undan qo‘rqmadi ham. Sajdaga borganida endi uni sher g‘ajib tashlasa kerak degan o‘y o‘tdi xayolimdan. Sila sajdadan turib, qa’daga o‘tirdi. Sher uni kuzatayotgandek ro‘parada indamay turardi. Sila namozini tugatgach, sherga qarab,  pichirlab bir nimalar dedi. Shundan so‘ng sher ortiga qaytib ketdi...

*   *   *

Kunlarning birida Ibn Ashyamning oldiga basralik bir kishi kelib: "Ey Abu Sahbo, Alloh senga bildirgan narsalardan menga ham o‘rgat", dedi. Sila tabassum ila: "Ey birodar, sen menga unutib bo‘lmaydigan kunlarimni eslatding. Ancha yillar oldin Rasulullohning (sollallohu alayhi va sallam) sahobalari yoniga bordim va ularga: "Alloh sizlarga bildirgan narsalardan menga ham o‘rgatinglar", dedim. Ular menga: "Qur’onni nafsing himoyachisi, qalbing rohati qilgin. Undan olgan nasihatlaring bilan musulmonlarga o‘git ber. Kuching yetganicha duoni ko‘paytir, Alloh azza va jalladan najot so‘ra", deb yo‘l ko‘rsatishdi". Bu gapni eshitgan haligi kishi Silaga: "Meni duo qiling, yaxshilikka erishay", dedi. Abu Sahbo: "Alloh taolo oxiratga bo‘lgan rag‘batingni oshirib, o‘tkinchi dunyodan uzoqlashtirsin. Senga qalb xotirjamligini berib, unga suyanadigan qilsin", deya duo qildi.

Fayzo tayyorladi

Islom nurigazetasining 2012 yil, 18-sonidan olindi.