“Инсон севгани билан биргадир”... (биринчи мактуб)

Рукн: Муҳаммад (с.а.в.) сийратлари Чоп этилган: 29.12.2016

“Маҳбуб Пайғамбар (с.а.в.)” номли сийрат танловига

Ассалому алайкум оламларга раҳмат Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам!

Бугун сизга самимият ила мактуб ёзарканман, Яратганга кўзимда ёшларим ила илтижо қиламан: “Ё, Раббим, менинг Пайғамбарим, маънавият қуёшим, Муҳаммадимга айтаётган саловотларимни қимирлаб турган япроқлар сонича, тунда осмонимни безаган юлдузлар саноғича, кундузлари она заминимдан бош кўтариб қуёшга қўл чўзаётган ям-яшил майсалар саноғича кўпайтириб йўлла!”.

Бу дуоларни айтганим замон беихтиёр, олислардан сизнинг муборак сиймойингиз хаёлимда сувратланади. Кўпинча хаёлим манзарасида  сарҳадсиз  саҳрода туя етаклаб кетаётган бир зотни кўраман. Сизнинг шакли шамойилингиз ҳақида битилган китобларда ўқиганларим ёдимга тушади: “Ўрта бўйли, кенг елкали, сочлари кўп, тўлқинсимон, қулоқларининг юмшоқ жойларига тушиб турадиган киши, одамларнинг энг чиройлиси...” Оллоҳга ҳамдлар бўлсин, дейман ичимга сиғмай. Ҳа, бу Сиз, Сизнинг муборак қадди камолингиз! Хиёл ўгирилиб машриқ томонга қарайсиз!  Юзингизни аниқ кўролмайман, балки муборак нигоҳингиз муборак киприкларингизни кўраман!

Ана шу тасаввурнинг ўзиёқ мен учун маънавий, руҳий озуқа, шууримга аллақандай куч бағишлайди.  Имкон қадар феъли-атворимни ислоҳ қиламан, муборак ҳадисларингизни яна бир бора такрорлайман, суннатларингизга оғишмай амал қилишга ҳаракат қиламан.

Эй, Яхшилик Сарвари! Сиз ҳақингизда гапирсам, сиз ҳақингизда ўйлайсам ич-ичимдан йиғи келади, овозимга титроқ киради. Бу ҳолатни нафақат ўзимда, балки менинг волидаи муҳтарамим Махфиратхон Зокиржон қизининг ҳаётларида ҳам кўп кузатганман. Онам сизга бўлган севгини ибодат деб билгувчи эдилар. Рамазон ойларида бирор тансиқ таом тортсак, таомни оғизларига олиб борарканлар Расуллулоҳ шунақа таом емагандилар, ифторликлари кўпинча хурмо билан сув бўларди, деб йиғлардилар. Дастурхон жуда тўкин бўлиб кетса шукр айтиб туриб, у дунёда ҳисобини сўрамагин, охиратнинг бойи қилгин дея муножот қилиб қолардилар. Йўлда бирга кетаётсак, оёқлари остида кичкина тош ёки дарахт шохчаси учраб қолса дарров четга суриб Расуллуллоҳ (с.а.в.) шундай қилардилар дея таъкидлардилар.  Қариндош-уруғларни йўқлашда, янги кўз ёрган қўни-ю қариндош аёлларни хабар олишда, яқинидан айрилиб, бошига мусибат тушган кишининг хонадонига таом чиқаришда пешқадам эдилар ва “Сийлайи раҳм қилмаган жаннатга кирмайди” деган ҳадисни эслатиб қўярдилар.

Тилларидан Яссавийнинг мазкур байтлари тушмасди:

Ўн саккиз минг оламга сарвар бўлғон Муҳаммад,

Ўттиз уч минг асҳобға раҳбар бўлғон Муҳаммад.

Яланғочи очликка қаноатлиғ Муҳаммад,

Оши, жони умматга шафоатлиғ Муҳаммад...

Ё Оллоҳнинг Расули, йиллар ўтароқ онагинам уйқуга ётишдан аввал сизни эслаб саловоту дурудлар айтиб ухлар, бомдод маҳали “Вақти саҳар нола қилинг бўйи Муҳаммади келур..” дея худди сизнинг жаннатий бўйларингизни туйгандек байтлар айтиб турардилар... Доим сизнинг севгингиз билан ёнардилар. У дунёда Пайғамбаримиз (с.а.в.)нинг ковушларини гардини артувчи бўлсам ҳам майли дердилар...

Бу оламда  сизни севадиган, ёдингиз билан яшайдиган, ҳар бир гапнинг бирида Оллоҳ ва Муҳаммад дегувчи аёл онам бўлса керак деб ўйлардим. Лекин шу улуғ заминимизда Ислом динига самимият билан хизмат қилиб, халқимиз учун ғоят сермазмун китоблар ёзиб қолдирган уламолар — сизнинг севикли умматларингиз кўп эканлигига шу сонияларда иқрор бўлиб турибман.

Эй Муҳаммад алайҳиссалом, сизнинг саодатли таваллудингиз ҳақида ўқиганман. Оллоҳнинг ёрдами ила Абобил қушлари воситасида Абраха ва унинг лашкарига жазо берилди. Эрон ҳукмдори Хисрав оташгоҳининг бир кечада вайрон бўлиши, осмонда Аҳмаднинг юлдузи пайдо бўлди, деган яҳудийнинг ҳайқириғи.... Ва сизнинг дунёга келган кунингиз...

Болалигимда  Меҳринисо энам (у зот онамнинг эналари бўлиб 102 ёшга кириб оламдан ўтган эдилар) бизнинг чоғроққина даҳлизимизда тенгқурларини меҳмонга чақириб сизга саловот йўллашарди. Дастурхонда ош, нонлар қандай олиб кирилган бўлса шундайлигича қоларди. Кампирлар сизнинг ишқингизда руҳан бойиб, маънан тўйиб таомларга ҳушлари қолмасди. Беғубор кунларимда қалбимга нақшланиб қолган саловатлар бугун — эллик ёшимда ҳам ёмғирлар ювган баҳорги майсалардек яшнаб турибди. О, бу қандай илоҳий туйғу, балки илоҳий амр бу, сизга айтилган саловатни такрорлаганим сайин кўзларимнинг хумори ёзилади. Ғам-аламга тўлган кўнглим бўшаб, сокин дунёга айланади.

... Ўшанда милодий 570 йил, 20 апрель. Бу ойни бизда баҳорнинг энг гўзал палласини савр ойи дейдилар. Дарахтлар ям-яшил барг чиқарган, дунё тозарган лаҳзалар... Дунёни нуристонга тўлдирган кун...Уйда чироқ йўқ экан, бироқ ҳаммаёқ чароғон эди... Сизга доялик қилган Умму Айман, Шифо ва Фотима хонимлар, сизни йўқлаб келган Марям ва Осиё онамиз, о улар қанчалар бахтли, қани энди мен ҳам уларнинг ёнида бўлсам, Омина онамизнинг нурли боласининг бир бахтли она бўлиб қўлимга олсаму ойдай юзларига бир боқсам. Бу қандай фарахбахш туйғу-а?

Бобонгиз сизни  Каъбага олиб кирганларида кўнгилларига “Муҳаммад” исми инди.. Ҳа инсоният тарихида энг гўзал ва энг буюк исм бўлиб қолди бу исм. Фарзандини дунёга келтирган минглаб, миллионлаб оналар дилбандларига қўйган Муҳаммад исми сиздек буюк зотга умматлик  шукронаси бўлса не ажаб... Ҳа, ҳа еттинчи асрдан буён шу кунга қадар Муҳаммад деб қўйилган исмларнинг илк дебочаси сиздан бошланади. Саодат асрининг тенгсиз, ҳеч нарса билан қиёслаб бўлмайдиган дебочаси эди бу...

Мен сизнинг гўдаклик чоғингиздаги сут онангиз қора Ҳалимага, энагангиз Умму Айманга ҳавас қиламан. Улар дунёдаги оналарнинг онаси, бахтлиларнинг бахтлиси. Оллоҳнинг бўлажак Ҳабибини улғайишида кўмакдош бўлган зотлар бўлишлари билан бирга, гул юзли боланинг жажжи кўйлакларини ювган, ғунча дудоқларига сув ва таом тутган қўллар олтин қўллар, табаррук қўллардир...

Ота-онам сизга фидо бўлсин, Ё Расулуллоҳ!!!

Кимдир менга бирорта болани ёки қизни кўрсатиб анави етим отаси ёки онаси йўқ, деса негадир қалбимга титроқ югуради. Анашу сағирларни кўнгилларини шод этгим, эзгулик гулларини тутгим келади. Яқинларим ҳам ўзим истаган бу хайрли амални бажаришларини жуда-жуда истайман. Ахир сиз саҳобаларга, кимки етимнинг бошини силаса у мен билан жаннатда биргадир, дея икки бармоғингизни кўрсатмаганмидингиз. Ана шу биргина марҳаматингиз учун ўнлаб, юзлаб етимларни кўнглини олишимиз керак эмасми, жаннатда сиз билан бирга бўлиш шарафини ҳис этган мўмин аллақачонлар етимларга бағрини очмоғи керак эди.

Мен сизни баркамол сифатларингизни айтиб адо қилолмайман, эй Фахрул Мурсалин!!! Гўзал хулқингизни баён этишга замонлар ҳам қоғозлар ҳам етмайди. Лекин биз қўлимдан келганича сизнинг сабрингиздан, саховатингиздан, шафқату марҳаматингиздан ўрнак олгим келаверади. Сиз ҳақингиздаги ривоятлардан ҳикмат излаб ўзимга татбиқ этишга уринавераман.

Эй, Яхшилик Сарвари! Бир куни Мадинада эканингизда сизнинг ҳузурингизга бир аёл келди.

— Эй Оллоҳнинг Расули, сизнинг Мадинага ташрифингиз туфайли ҳамма сизни йўқлаб келяпти, кимдир ҳадя билан келяпти. Мени эса сизга бергани мана бу ўғлимдан бошқа ҳеч нарсам йўқ, шу болани сизга ҳадя қиламан, - деди.

Ҳа, бу кичкина Анас эди. У сизга хизмат қилиб сиздан энг кўп ҳадис ривоят қилган саҳобийлар қаторига қўшилди.

Бу ривоятни ўқиб ичимни бир армон кемиради. Биз бўлсак фарзандларимизни олиму фузалолар хизмати у ёқда турсин, уларнинг суҳбатларига ҳам олиб боришга вақт, имкон тополмаймиз. Халқона таъбир билан айтганда эти сизники, суяги бизники, деган жумлани айтгимиз келмайди. Ҳадя беришда Анаснинг онасига тенг келадигани бормикин...  Бугун набираларини соғиниб йўлларига интизор бўлиб турган, бир ҳовуч дуойимни олиб қолсайди дея гирён кун санаётган бобо ва бувиларимиз ҳам йўқ эмас. Ана шундай пайтларда ўкинаман. Фарзандларимни нега илгарироқ, болалик чоғларида қекса ота-ота онамнинг хизматига бел боғлаттирмадим, нега донишманд устозимнинг ҳузурига етаклаб бормадим.

Яқинда бир қизалоқ кўп қаватли уйнинг подъездида қўлида сочиққа ўралган бир коса овқатни тутганча йиғлаб турибди. Сабабини сўрасам қизалоқ ҳиқиллаб аям тоғамга деб манти солиб берганди, эшикларини тақиллатсам ҳечам очишмаяпти деб қолди.

— Балки  уйда ҳеч ким йўқдир,қизалоғим ,- дедим ажабланиб.

— Йўқ, улар уйда...- деди қизалоқ ишонч билан.

Қизалоқнинг қўлидан тутиб тоғасининг эшиги олдига келдик. Мен эшик қўнғироғини уч марта босдим. Ичкаридан навқирон йигит чиқди. Бир менга, бир қизалоққа қараб хўмрайди.

— Синглим билан жанжаллашиб қолганмиз. Бир ойдан бери гаплашмаймиз, олди-бердиниям йўқ қилганман. Уни овқати менга керакмас, деса бўладими.  

Бу гапни эшитиб қизалоқ яна йиғлади. Мен ўшанда кечиримли бўлиш, сингилларга раҳм-шафқат кўрсатиш мўминнинг сифатлари эканини уй соҳибига уқтириб бу ҳақда мисоллар келтирдим. Йигит қизалоқнинг қўлидан таомни олди, узр сўради. Қизалоқни уйига олиб бориб ортимга қайтдим.  

Кечиримлилик... Кимдандир ранжисак, анча пайтгача кек сақлаб юрамиз. Аслида бу ҳақда сизнинг мубораак ҳадисларингиз кўп. Кечиримлилик бобида сизга тенг келадигани бормикин эй Оламларнинг Раҳмати!!!

Ойша (розийаллоҳу анҳо) онамиздан ривоят қилинади: “Расулуллоҳни(с.а.в.) таҳқирлаб, у зотга азият етказадиган бир киши бор эди. Бир куни у киши Расулуллоҳ (с.а.в.) ҳузурларига кирди, у зот ўша одамга яхши муносабатда бўлдилар, ёнларига чақириб, унга марҳамат кўрсатдилар. Шунда Ойша (р.а.): “Ё Расулуллоҳ Сизни ҳақоратлаб юрадиган шу киши эмасмиди?!” деб сўрадилар Шунда у зот бундай дедилар: “Ҳа, шу эди. Эй Ойша, инсонларнинг энг ёмони-ёмонликлари ва тилларидан сақланиш учун ҳурмат қилинадиган кишилардир” (Бухорий/6032).

Эй Оллоҳнинг Ҳабиби! Сизнинг замонангиздан неча йиллар, неча асрлар ўтди. Ҳамон сизнинг бутун инсониятга ибрат бўлгулик ҳаётингиз ва сиз орқали бизларга етиб келган Қуръони карим икки дунё саодатидан сабоқ бериб келмоқда. Гоҳида дунё ғамлари исканжасида ўйга толганимда, Сизни ўйлайман.  Ҳозир Расулуллоҳ (с.а.в) билан хонамга кириб келсалар нима қилардим, мендан нима истайсан деб сўрасалар нима дердим, деган жумлаларни китоблар, журналлар, интернет саҳифаларида ўқиб қоламан. Мен эса Расулуллоҳни хонамга кириб келишларини ҳеч қачон тасаввуримга сиғдиролмайман. Ҳали мен бу ташрифга тайёр эмасман. Аммо ғойибона учрашиб қолсак сўрардим: Ё Оллоҳнинг Расули, дуо қилинг, охиратнинг энг бадавлат аёли бўлишимни, Кавсар ҳовузининг лабида сув узатувчи бўлишимни.  Найлайин, бу дунёда отамга яхши хизмат қилолмадим. Дуо қилинг у дунёда — жаннати маъвода ота-онамни меҳмон қилайин!

Дуо қилинг менга Дийдор ато қилсин! Сизни севганлар сиз билан бирга бўладилар. Мен ҳам сизни севганлар сафида бўлишни истайман!!!

Ўн тўрт аср ухлаб ётган кўрни уйғотдим,
Бир силкинди, кўкдан келган садодан Билол.
Ғафлат пайти зулумотга чўмганди дунё,
Кўр кўзида ёш ўрнида чашмаи зилол.

Муҳаммад деб умр шоми ўтганда ҳайҳот,
Навозишлар қилолмади кўкда моҳитоб.
Аммо чағир тиканаклар гуллади оппоқ,
Дарахтларнинг баргларида илоҳий китоб.

Мен келяпман, эй Расулим, қўлимда бир хас,
Бу хас сабаб кафтларимни куйдирар олов.
Унинг соҳир овозини эшитмас бир кас,
Ҳали шу хас ич-ичида бор қанча қалов.

Бармоғимни қимирлатсам садо берар хас,
Юрагимга оқиб кирар саловот каби.
Наҳот шундай мўъжизани кузатмай беғам,
Болам қандай кетаяпсан, сўқир сингари...

Маъмура Абдураҳимова,
Фарғона вилояти.

Assalomu alaykum olamlarga rahmat Payg‘ambar sollallohu alayhi vasallam!

Bugun sizga samimiyat ila maktub yozarkanman, Yaratganga ko‘zimda yoshlarim ila iltijo qilaman: “Yo, Rabbim, mening Payg‘ambarim, ma’naviyat quyoshim, Muhammadimga aytayotgan salovotlarimni qimirlab turgan yaproqlar sonicha, tunda osmonimni bezagan yulduzlar sanog‘icha, kunduzlari ona zaminimdan bosh ko‘tarib quyoshga qo‘l cho‘zayotgan yam-yashil maysalar sanog‘icha ko‘paytirib yo‘lla!”.

Bu duolarni aytganim zamon beixtiyor, olislardan sizning muborak siymoyingiz xayolimda suvratlanadi. Ko‘pincha xayolim manzarasida  sarhadsiz  sahroda tuya yetaklab ketayotgan bir zotni ko‘raman. Sizning shakli shamoyilingiz haqida bitilgan kitoblarda o‘qiganlarim yodimga tushadi: “O‘rta bo‘yli, keng yelkali, sochlari ko‘p, to‘lqinsimon, quloqlarining yumshoq joylariga tushib turadigan kishi, odamlarning eng chiroylisi...” Ollohga hamdlar bo‘lsin, deyman ichimga sig‘may. Ha, bu Siz, Sizning muborak qaddi kamolingiz! Xiyol o‘girilib mashriq tomonga qaraysiz!  Yuzingizni aniq ko‘rolmayman, balki muborak nigohingiz muborak kipriklaringizni ko‘raman!

Ana shu tasavvurning o‘ziyoq men uchun ma’naviy, ruhiy ozuqa, shuurimga allaqanday kuch bag‘ishlaydi.  Imkon qadar fe’li-atvorimni isloh qilaman, muborak hadislaringizni yana bir bora takrorlayman, sunnatlaringizga og‘ishmay amal qilishga harakat qilaman.

Ey, Yaxshilik Sarvari! Siz haqingizda gapirsam, siz haqingizda o‘ylaysam ich-ichimdan yig‘i keladi, ovozimga titroq kiradi. Bu holatni nafaqat o‘zimda, balki mening volidai muhtaramim Maxfiratxon Zokirjon qizining hayotlarida ham ko‘p kuzatganman. Onam sizga bo‘lgan sevgini ibodat deb bilguvchi edilar. Ramazon oylarida biror tansiq taom tortsak, taomni og‘izlariga olib borarkanlar Rasulluloh shunaqa taom yemagandilar, iftorliklari ko‘pincha xurmo bilan suv bo‘lardi, deb yig‘lardilar. Dasturxon juda to‘kin bo‘lib ketsa shukr aytib turib, u dunyoda hisobini so‘ramagin, oxiratning boyi qilgin deya munojot qilib qolardilar. Yo‘lda birga ketayotsak, oyoqlari ostida kichkina tosh yoki daraxt shoxchasi uchrab qolsa darrov chetga surib Rasullulloh (s.a.v.) shunday qilardilar deya ta’kidlardilar.  Qarindosh-urug‘larni yo‘qlashda, yangi ko‘z yorgan qo‘ni-yu qarindosh ayollarni xabar olishda, yaqinidan ayrilib, boshiga musibat tushgan kishining xonadoniga taom chiqarishda peshqadam edilar va “Siylayi rahm qilmagan jannatga kirmaydi” degan hadisni eslatib qo‘yardilar.

Tillaridan Yassaviyning mazkur baytlari tushmasdi:

O‘n sakkiz ming olamga sarvar bo‘lg‘on Muhammad,

O‘ttiz uch ming ashobg‘a rahbar bo‘lg‘on Muhammad.

Yalang‘ochi ochlikka qanoatlig‘ Muhammad,

Oshi, joni ummatga shafoatlig‘ Muhammad...

Yo Ollohning Rasuli, yillar o‘taroq onaginam uyquga yotishdan avval sizni eslab salovotu durudlar aytib uxlar, bomdod mahali “Vaqti sahar nola qiling bo‘yi Muhammadi kelur..” deya xuddi sizning jannatiy bo‘ylaringizni tuygandek baytlar aytib turardilar... Doim sizning sevgingiz bilan yonardilar. U dunyoda Payg‘ambarimiz (s.a.v.)ning kovushlarini gardini artuvchi bo‘lsam ham mayli derdilar...

Bu olamda  sizni sevadigan, yodingiz bilan yashaydigan, har bir gapning birida Olloh va Muhammad deguvchi ayol onam bo‘lsa kerak deb o‘ylardim. Lekin shu ulug‘ zaminimizda Islom diniga samimiyat bilan xizmat qilib, xalqimiz uchun g‘oyat sermazmun kitoblar yozib qoldirgan ulamolar — sizning sevikli ummatlaringiz ko‘p ekanligiga shu soniyalarda iqror bo‘lib turibman.

Ey Muhammad alayhissalom, sizning saodatli tavalludingiz haqida o‘qiganman. Ollohning yordami ila Abobil qushlari vositasida Abraxa va uning lashkariga jazo berildi. Eron hukmdori Xisrav otashgohining bir kechada vayron bo‘lishi, osmonda Ahmadning yulduzi paydo bo‘ldi, degan yahudiyning hayqirig‘i.... Va sizning dunyoga kelgan kuningiz...

Bolaligimda  Mehriniso enam (u zot onamning enalari bo‘lib 102 yoshga kirib olamdan o‘tgan edilar) bizning chog‘roqqina dahlizimizda tengqurlarini mehmonga chaqirib sizga salovot yo‘llashardi. Dasturxonda osh, nonlar qanday olib kirilgan bo‘lsa shundayligicha qolardi. Kampirlar sizning ishqingizda ruhan boyib, ma’nan to‘yib taomlarga hushlari qolmasdi. Beg‘ubor kunlarimda qalbimga naqshlanib qolgan salovatlar bugun — ellik yoshimda ham yomg‘irlar yuvgan bahorgi maysalardek yashnab turibdi. O, bu qanday ilohiy tuyg‘u, balki ilohiy amr bu, sizga aytilgan salovatni takrorlaganim sayin ko‘zlarimning xumori yoziladi. G‘am-alamga to‘lgan ko‘nglim bo‘shab, sokin dunyoga aylanadi.

... O‘shanda milodiy 570 yil, 20 aprel. Bu oyni bizda bahorning eng go‘zal pallasini savr oyi deydilar. Daraxtlar yam-yashil barg chiqargan, dunyo tozargan lahzalar... Dunyoni nuristonga to‘ldirgan kun...Uyda chiroq yo‘q ekan, biroq hammayoq charog‘on edi... Sizga doyalik qilgan Ummu Ayman, Shifo va Fotima xonimlar, sizni yo‘qlab kelgan Maryam va Osiyo onamiz, o ular qanchalar baxtli, qani endi men ham ularning yonida bo‘lsam, Omina onamizning nurli bolasining bir baxtli ona bo‘lib qo‘limga olsamu oyday yuzlariga bir boqsam. Bu qanday faraxbaxsh tuyg‘u-a?

Bobongiz sizni  Ka’baga olib kirganlarida ko‘ngillariga “Muhammad” ismi indi.. Ha insoniyat tarixida eng go‘zal va eng buyuk ism bo‘lib qoldi bu ism. Farzandini dunyoga keltirgan minglab, millionlab onalar dilbandlariga qo‘ygan Muhammad ismi sizdek buyuk zotga ummatlik  shukronasi bo‘lsa ne ajab... Ha, ha yettinchi asrdan buyon shu kunga qadar Muhammad deb qo‘yilgan ismlarning ilk debochasi sizdan boshlanadi. Saodat asrining tengsiz, hech narsa bilan qiyoslab bo‘lmaydigan debochasi edi bu...

Men sizning go‘daklik chog‘ingizdagi sut onangiz qora Halimaga, enagangiz Ummu Aymanga havas qilaman. Ular dunyodagi onalarning onasi, baxtlilarning baxtlisi. Ollohning bo‘lajak Habibini ulg‘ayishida ko‘makdosh bo‘lgan zotlar bo‘lishlari bilan birga, gul yuzli bolaning jajji ko‘ylaklarini yuvgan, g‘uncha dudoqlariga suv va taom tutgan qo‘llar oltin qo‘llar, tabarruk qo‘llardir...

Ota-onam sizga fido bo‘lsin, Yo Rasululloh!!!

Kimdir menga birorta bolani yoki qizni ko‘rsatib anavi yetim otasi yoki onasi yo‘q, desa negadir qalbimga titroq yuguradi. Anashu sag‘irlarni ko‘ngillarini shod etgim, ezgulik gullarini tutgim keladi. Yaqinlarim ham o‘zim istagan bu xayrli amalni bajarishlarini juda-juda istayman. Axir siz sahobalarga, kimki yetimning boshini silasa u men bilan jannatda birgadir, deya ikki barmog‘ingizni ko‘rsatmaganmidingiz. Ana shu birgina marhamatingiz uchun o‘nlab, yuzlab yetimlarni ko‘nglini olishimiz kerak emasmi, jannatda siz bilan birga bo‘lish sharafini his etgan mo‘min allaqachonlar yetimlarga bag‘rini ochmog‘i kerak edi.

Men sizni barkamol sifatlaringizni aytib ado qilolmayman, ey Faxrul Mursalin!!! Go‘zal xulqingizni bayon etishga zamonlar ham qog‘ozlar ham yetmaydi. Lekin biz qo‘limdan kelganicha sizning sabringizdan, saxovatingizdan, shafqatu marhamatingizdan o‘rnak olgim kelaveradi. Siz haqingizdagi rivoyatlardan hikmat izlab o‘zimga tatbiq etishga urinaveraman.

Ey, Yaxshilik Sarvari! Bir kuni Madinada ekaningizda sizning huzuringizga bir ayol keldi.

— Ey Ollohning Rasuli, sizning Madinaga tashrifingiz tufayli hamma sizni yo‘qlab kelyapti, kimdir hadya bilan kelyapti. Meni esa sizga bergani mana bu o‘g‘limdan boshqa hech narsam yo‘q, shu bolani sizga hadya qilaman, - dedi.

Ha, bu kichkina Anas edi. U sizga xizmat qilib sizdan eng ko‘p hadis rivoyat qilgan sahobiylar qatoriga qo‘shildi.

Bu rivoyatni o‘qib ichimni bir armon kemiradi. Biz bo‘lsak farzandlarimizni olimu fuzalolar xizmati u yoqda tursin, ularning suhbatlariga ham olib borishga vaqt, imkon topolmaymiz. Xalqona ta’bir bilan aytganda eti sizniki, suyagi bizniki, degan jumlani aytgimiz kelmaydi. Hadya berishda Anasning onasiga teng keladigani bormikin...  Bugun nabiralarini sog‘inib yo‘llariga intizor bo‘lib turgan, bir hovuch duoyimni olib qolsaydi deya giryon kun sanayotgan bobo va buvilarimiz ham yo‘q emas. Ana shunday paytlarda o‘kinaman. Farzandlarimni nega ilgariroq, bolalik chog‘larida qeksa ota-ota onamning xizmatiga bel bog‘lattirmadim, nega donishmand ustozimning huzuriga yetaklab bormadim.

Yaqinda bir qizaloq ko‘p qavatli uyning pod’ezdida qo‘lida sochiqqa o‘ralgan bir kosa ovqatni tutgancha yig‘lab turibdi. Sababini so‘rasam qizaloq hiqillab ayam tog‘amga deb manti solib bergandi, eshiklarini taqillatsam hecham ochishmayapti deb qoldi.

— Balki  uyda hech kim yo‘qdir,qizalog‘im ,- dedim ajablanib.

— Yo‘q, ular uyda...- dedi qizaloq ishonch bilan.

Qizaloqning qo‘lidan tutib tog‘asining eshigi oldiga keldik. Men eshik qo‘ng‘irog‘ini uch marta bosdim. Ichkaridan navqiron yigit chiqdi. Bir menga, bir qizaloqqa qarab xo‘mraydi.

— Singlim bilan janjallashib qolganmiz. Bir oydan beri gaplashmaymiz, oldi-berdiniyam yo‘q qilganman. Uni ovqati menga kerakmas, desa bo‘ladimi.  

Bu gapni eshitib qizaloq yana yig‘ladi. Men o‘shanda kechirimli bo‘lish, singillarga rahm-shafqat ko‘rsatish mo‘minning sifatlari ekanini uy sohibiga uqtirib bu haqda misollar keltirdim. Yigit qizaloqning qo‘lidan taomni oldi, uzr so‘radi. Qizaloqni uyiga olib borib ortimga qaytdim.  

Kechirimlilik... Kimdandir ranjisak, ancha paytgacha kek saqlab yuramiz. Aslida bu haqda sizning muboraak hadislaringiz ko‘p. Kechirimlilik bobida sizga teng keladigani bormikin ey Olamlarning Rahmati!!!

Oysha (roziyallohu anho) onamizdan rivoyat qilinadi: “Rasulullohni(s.a.v.) tahqirlab, u zotga aziyat yetkazadigan bir kishi bor edi. Bir kuni u kishi Rasululloh (s.a.v.) huzurlariga kirdi, u zot o‘sha odamga yaxshi munosabatda bo‘ldilar, yonlariga chaqirib, unga marhamat ko‘rsatdilar. Shunda Oysha (r.a.): “Yo Rasululloh Sizni haqoratlab yuradigan shu kishi emasmidi?!” deb so‘radilar Shunda u zot bunday dedilar: “Ha, shu edi. Ey Oysha, insonlarning eng yomoni-yomonliklari va tillaridan saqlanish uchun hurmat qilinadigan kishilardir” (Buxoriy/6032).

Ey Ollohning Habibi! Sizning zamonangizdan necha yillar, necha asrlar o‘tdi. Hamon sizning butun insoniyatga ibrat bo‘lgulik hayotingiz va siz orqali bizlarga yetib kelgan Qur’oni karim ikki dunyo saodatidan saboq berib kelmoqda. Gohida dunyo g‘amlari iskanjasida o‘yga tolganimda, Sizni o‘ylayman.  Hozir Rasululloh (s.a.v) bilan xonamga kirib kelsalar nima qilardim, mendan nima istaysan deb so‘rasalar nima derdim, degan jumlalarni kitoblar, jurnallar, internet sahifalarida o‘qib qolaman. Men esa Rasulullohni xonamga kirib kelishlarini hech qachon tasavvurimga sig‘dirolmayman. Hali men bu tashrifga tayyor emasman. Ammo g‘oyibona uchrashib qolsak so‘rardim: Yo Ollohning Rasuli, duo qiling, oxiratning eng badavlat ayoli bo‘lishimni, Kavsar hovuzining labida suv uzatuvchi bo‘lishimni.  Naylayin, bu dunyoda otamga yaxshi xizmat qilolmadim. Duo qiling u dunyoda — jannati ma’voda ota-onamni mehmon qilayin!

Duo qiling menga Diydor ato qilsin! Sizni sevganlar siz bilan birga bo‘ladilar. Men ham sizni sevganlar safida bo‘lishni istayman!!!

O‘n to‘rt asr uxlab yotgan ko‘rni uyg‘otdim,
Bir silkindi, ko‘kdan kelgan sadodan Bilol.
G‘aflat payti zulumotga cho‘mgandi dunyo,
Ko‘r ko‘zida yosh o‘rnida chashmai zilol.

Muhammad deb umr shomi o‘tganda hayhot,
Navozishlar qilolmadi ko‘kda mohitob.
Ammo chag‘ir tikanaklar gulladi oppoq,
Daraxtlarning barglarida ilohiy kitob.

Men kelyapman, ey Rasulim, qo‘limda bir xas,
Bu xas sabab kaftlarimni kuydirar olov.
Uning sohir ovozini eshitmas bir kas,
Hali shu xas ich-ichida bor qancha qalov.

Barmog‘imni qimirlatsam sado berar xas,
Yuragimga oqib kirar salovot kabi.
Nahot shunday mo‘‘jizani kuzatmay beg‘am,
Bolam qanday ketayapsan, so‘qir singari...

Ma’mura Abdurahimova,
Farg‘ona viloyati.