Расулуллоҳнинг (с.а.в.) сиёсий ишларни юритишда доноликлари

Рукн: Муҳаммад (с.а.в.) сийратлари Чоп этилган: 28.12.2016

“Маҳбуб Пайғамбар (с.а.в.)” номли сийрат танловига

Пайғамбаримиз ва саййидимиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сийратларида у зотнинг доноликлари ва сиёсат юритишлари мукаммал эканига далолат қилувчи воқеалар мавжуд. Хусусан, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мушкул масалаларни ечишлари, турли вазиятларга қарши туришлари, битим ва аҳдномаларни тузишлари, мушкул ҳолатлардан чиқиб кетишлари ва узоқни кўра билишларида бунга гувоҳ бўламиз. Шунингдек, зоҳирий ва ботиний фойдалар келиши, манфаатни жалб этиш, зарарни кетказиш, ёмонликка олиб борадиган воситалардан қайтариш ва ҳар бир ишни тартибга солишни келтириб чиқадиган чора тадбирларда ҳам кузатамиз. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларидан олдин бирор кишига берилмаган муваффақиятга эришдилар. Тенгсиз бу муваффақият у зотни тоат ва ибодатли, зоҳид ва тавозели, меҳрибон ва раҳимли ҳолатларини ўзгартириб юбормади. Шубҳасиз ҳақиқат шуки, у зотнинг ҳаётлари, умматни бошқаришлари, ҳукм юргизишлари, рисолатни адо этишлари - ҳоким ва раҳбарлар турли муносабат ва ҳолатларда қандай иш тутишлари лозим эканини сўз билан эмас, амАли равишда кўрсатиб берган энг катта далилдир.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинага келган вақтларида Авс ва Хазраж қабиласи ўртасида бўлиб ўтган “Буъос” воқеасига узоқ бўлмаган эди. Икки қабила ўртасидаги эски душманчилик янгидан янги келишмовчиликларни келтириб чиқарар, яҳудийлар фитна оловини ёқар ва охири ёмон натижа билан тугашидан қўрқишар эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Мадинага ҳижрат қилиб келган саҳобаларида эса, ҳеч қандай куч ҳам, қувват ҳам йўқ эди. Бўлса ҳам фақат оиласини ҳам, қариндошларини ҳам яхши кўрмайдиган қавмдан ҳимоя ва бошпана сўровчининг кучичалик куч бор эди, холос.

Шуларни эътиборга олсак, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинага жуда қалтис бир вазиятда келган эдилар. Лекин у зот бу вазиятни ўзларининг доноликлари, гўзал тадбирлари ва мукаммал ақллари билан тўла идрок қилдилар. Бу эса у зот ҳар қандай буюк ишларни қила олишларига ҳужжат бўлар эди. Ўша заҳоти масжид қуришга киришдилар. Унда дин ва дунё ободлигига пойдевор бўладиган манфаатлар бор эди. Масжид ибодат маскани, бошқарув маркази бўлиб, у ердан Аллоҳга даъват этишга чиқилар, мўминлар энг улуғ ҳолатларда энг мукаммал ахлоқлар билан тарбияланар, барча бошқарув, сиёсий ва ҳарбий режалар ва тадбирлар тузилар, элчилар кутиб олинар ва илм ўрганилар эди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг оқилона сиёсатларига қуйидаги воқеаларни мисол қилиб келтиришимиз мумкин.

У зот дастлаб Мадинага келган вақтлари жамиятдаги кишиларнинг эътиқодлари ҳар хил бўлгани туфайли улар якдил эмасликларини кўрдилар. Шунда барчанинг ҳуқуқини таъминлайдиган, виждон эркинлигини кафолатлайдиган, ўзгаларнинг қони, моли ва обрўсига тажовуз қилишни ман этадиган, хуллас ватанга хавф туғдирадиган ҳар қандай душманчилик ҳаракатлари кузатилган вақтда, хоҳ уруш, хоҳ тинчлик вақтида бўлсин бир бирларига кафил бўлган ҳолда  уни ҳимоя қилишни ҳар бир кишининг вазифаси қиладиган низомни тузишга киришдилар. Буларнинг барчасини аҳдномага ёзиб қўйдилар. У қуйидагича эди:

“Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим. Бу пайғамбар Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламдан Қурайш ва Ясриб мўмин мусулмонлари, уларга эргашганлар, уларга мансуб бўлганлар, улар билан бирга жанг қилганларга қаратилган мактубдир. Улар битта миллатдир. Бошқа инсонлар бунга қўшилмайди”.

Яҳудийлардан ким бизга қўшилса, зулм қилинмаган ва унга қарши тил бириктирилмаган ҳолда нусратга эришади деб қарор қилинди. Бани Авф яҳудийлари мўминлар билан битта миллатдир. Яҳудийларнинг ўз дини бор, мусулмонларнинг ўз дини бор. Бу уларнинг қулларига ҳам, ўзларига ҳам тегишлидир. Аҳдга қўшилган бошқа яҳудийлар ҳам Бани Авф яҳудийлари каби эканига қарор қилинди. Аҳдномада қуйидагилар ҳам бор эди: яҳудийлар ўзларининг тирикчилигини қилади, мусулмонлар ўзларининг тирикчилигини қилади. Улар бу аҳдномада номи зикр қилинганларга қарши уруш эълон қилганларга қарши ўзаро кўмаклашадилар. Улар ўртасида холислик, самимийлик ва яхшилик бўлади, гуноҳ бўлмайди. Ясриб ҳудуди бу аҳдномага қўшилганларга омонлик жойидир. Икки қўшни бир-бирига зарар бермаган ва гуноҳкор бўлмаган ҳолда гўё бир тану бир жондир. Ҳурмат фақат ўз аҳлининг изни билан тўкилади. Бу аҳдномага қўшилганлар ўртасида уларни бузиш хавфи бўладиган бирор ҳодиса ёки тортишув вужудга келса, унинг ҳукми Аллоҳ таоло ва Унинг расули Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга ҳавола қилинади.

Ушбу аҳднома туфайли Ясрибнинг ўша вақтдаги раҳбарлиги ўз ўзидан Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга ўтиб қолди. Аҳдларда ихтилоф юз берганда бу ихтилофни бартараф этувчи ҳакам зарурлиги ва бу ҳакам фақат Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бўлишлари лозимлиги баён этилган эди. Айни шу вақтдан бошлаб Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ислом давлатининг асосий пойдеворини қўйдилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам куч ва қувватга таяниб ҳар қандай тартибни инкор этиш ва бебошлик қилишга барҳам бердилар. У зот ҳадларни амалга ошириш ҳукмини Аллоҳ таолога, яъни шариатига ва ушбу шариатни ижро этувчиси Аллоҳнинг Расулига ҳавола қилдилар. Бу пайтгача фақат адолатсиз қувватнинг бир ўзи ва гуноҳкору гуноҳсизни фарқламайдиган тарафкашлик ҳукм чиқарар эди.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг гўзал сиёсий ишларидан бири қуйидагича бўлган эди: Бани Мусталиқ ғазотида бир ансорий киши ва Умар ибн Хаттобнинг хизматчиси ўртасида фитна қўзғалди. Ансорлардан бўлган киши ансорларни ёрдамга чақирди. Хизматчи эса, муҳожирларни ёрдамга чақирди. Вазиятдан унимли фойдаланиб қолишни истаган мунофиқлар бошлиғи Ибн Убай ибн Салул фитна оловини ёқишга ҳаракат қилди. Натижада икки ўртада аёвсиз жанг бўлишига оз қолди. Ибн Убай ибн Салул турди ва: “Ана шундай қилдиларми? Улар биздан кўпайиб кетдилар, ўз уйимизда биз билан жанжаллашадилар. Уларга олдингиларнинг: “Итингни семиртирсанг, сени ейди”, деган мақоли мос келади. Агар Мадинага борсак, азиз киши хор кишини чиқариб юборади”, деди. Унинг олдида балоғатга етган йигит Зайд ибн Арқам бор эди. У дарров унинг гапларини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга етказди. Шунда Умар розияллоҳу анҳу: “Ё Аллоҳнинг расули, бирор кишига буюринг, уни ўлдирсин!”, деди. Ҳаким саййидимиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қандай қилиб, эй Умар?! Ундай қилсам, одамлар Муҳаммад ўзининг саҳобаларини ўлдиришга киришибди, демайдими?”, деб жавоб бердилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу вазиятда қўшинга йўл тадорикини кўришга амр қилдилар. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам қўшин билан одатда йўлга чиқмайдиган вақтларида йўлга чиқдилар. Ўша куни тинмай юрдилар. Тун киргач, тунда ҳам юрдилар. Келгуси куннинг тонги отганда ҳам юравердилар. Уларга Қуёш азият бериб, таналарида кучлари қолмагач тўхтаб дам олишга рухсат бердилар. Улар ўтиришлари билан уйқуга кетдилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг туну кун тинмай юришдан мақсадлари саҳобалар қўзғалган фитна ва дилхираликни муҳокама қилмасликлари эди. Ушбу оқилона сиёсат туфайли Аллоҳ таоло фитнанинг аянчли натижасидан сақлаб қўйди. Ибн Убайнинг ўғли Абдуллоҳ энг яхши мусулмонлардан бўлиб, отаси нималарни деб қўйганини эшитгач, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келди ва: “Менга маълум бўлишича Абдуллоҳ ибн Убай сиз ҳақингизда ножўя сўзларни айтиб қўйгани учун уни ўлдирмоқчи экансиз! Агар шу ишни қилмоқчи бўлсангиз менга буюринг! Аллоҳга қасамки, Хазраж уруғининг ичида мендан кўра отасига кўп яхшилик қиладиган киши йўқ. Мени хавотирга солаётган нарса шуки, уни ўлдиришни бошқа бир кишига топширсангиз ва у ўлдирса, отамнинг қотили инсонлар орасида юришига қараб тура олмайман. Натижада бир кофирнинг қасоси учун мўмин кишини ўлдирганим туфайли дўзахга тушиб қолишим мумкин!”, деди. Меҳрибон ва раҳмли, инсонларнинг табиатларидан хабардор ҳаким Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг жавоблари қандай бўлган деб ўйлайсиз?! У зот хотиржам ва мулойимлик билан: “Йўқ, эй Абдуллоҳ, отангга яхшилик қилишда бардавом бўл, биз ҳам у орамизда экан гўзал муносабатда бўламиз!”, жавоб бердилар.

Бу сиёсат ёмонликни кетказишда катта натижаларни олиб келади. Мунофиқ Ибн Убай ҳар сафар бир қилғилиқни қилиб қўйса, ўз қавми келиб, уни койир, қилган ишига яраша жазолар ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сўзларини эслатар эди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ишда Умар розияллоҳу анҳуга сиёсатларининг чуқур маъносини баён қилишни хоҳладилар ва: “Нима деб ўйлайсан эй Умар, менга ўлдиринг деб айтган кунингда ўлдирганимда унинг тарафдорлари жунбушга келган бўлишармиди? Бугун ўлдиринг десанг, ўлдиришим мумкин”, дедилар. Уларнинг қалбида яна Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга бўлган муҳаббат зиёда бўларди: “Қасамки, Расулуллоҳнинг ишлари менинг ишимдан кўра мислсиз даражада баракотли экан”.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг оқилона сиёсатларига далолат қилувчи гўзал тадбирларига Ҳудайбия кунида қилган ишлари ва сулҳ шартларига рози бўлганлари эди. Бу шартлар ташқи томондан кучсизлик ва хорликни билдирар эди. Шунинг учун баъзи мусулмонларга бу шартлар қаттиқ таъсир қилди. Улар орасида Умар розияллоҳу анҳу ҳам бор эди. Чунки мусулмонлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кўриб турган буюк ҳикмат ва оқилона сиёсатни кутмаган эдилар. Кўп ўтмай улар бу битимнинг аҳамияти ва унинг ортидан келган яхшиликларидан баҳраманд бўла бошладилар.

 Ана ўша яхшиликлардан энг муҳимларидан бири бу Маккада қийналиб қолган ночор мусулмонлар кофирларга аралашиб юрганлари туфайли уларни ҳимоя қилиш ва қонларини тўкмаслик эди.

Бу битимнинг фоидасидан мусулмонларга аралашиб юрган Қурайш кофирларидан кўпи мусулмон бўлди. Улар иймон ва ислом маркази Мадинага ошиқишар, мўминлардан Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сўзлари, зоҳирий мўжизалари, гўзал сийратлари, нубувватларини эълон қилишлари ва уларни тўп-тўп бўлиб Аллоҳнинг динига киришга ундаган бундан бошқа мўжизалар ҳақида эшитишар эди. Ана шундан кейин мусулмонлар Байтуллоҳдан тўсилишлари ва ортга қайтиб кетишлари ташқи томондан заифлигу ботинда уларга азизлик ва қувват бўлганини тушиниб етдилар. Аллоҳ таоло мушрикларни азизлик истаган тарафидан хор, ғалаба қозонишни хоҳлаган жойида мағлуб қилиб қўйди.

“Азизлик Аллоҳга, Унинг Расулига ва мўминларига хосдир(Мунофиқлар: 8).

Муҳаммад ибн Алавийнинг «Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам — комил инсон» китобидан Кўкалдош ўрта махсус ислом билим юрти мударриси Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ ўғли таржимаси.

Payg‘ambarimiz va sayyidimiz Muhammad sollallohu alayhi vasallamning siyratlarida u zotning donoliklari va siyosat yuritishlari mukammal ekaniga dalolat qiluvchi voqealar mavjud. Xususan, Rasululloh sollallohu alayhi vasallam mushkul masalalarni yechishlari, turli vaziyatlarga qarshi turishlari, bitim va ahdnomalarni tuzishlari, mushkul holatlardan chiqib ketishlari va uzoqni ko‘ra bilishlarida bunga guvoh bo‘lamiz. Shuningdek, zohiriy va botiniy foydalar kelishi, manfaatni jalb etish, zararni ketkazish, yomonlikka olib boradigan vositalardan qaytarish va har bir ishni tartibga solishni keltirib chiqadigan chora tadbirlarda ham kuzatamiz. Payg‘ambar sollallohu alayhi vasallam o‘zlaridan oldin biror kishiga berilmagan muvaffaqiyatga erishdilar. Tengsiz bu muvaffaqiyat u zotni toat va ibodatli, zohid va tavozeli, mehribon va rahimli holatlarini o‘zgartirib yubormadi. Shubhasiz haqiqat shuki, u zotning hayotlari, ummatni boshqarishlari, hukm yurgizishlari, risolatni ado etishlari - hokim va rahbarlar turli munosabat va holatlarda qanday ish tutishlari lozim ekanini so‘z bilan emas, amAli ravishda ko‘rsatib bergan eng katta dalildir.

Payg‘ambar sollallohu alayhi vasallam Madinaga kelgan vaqtlarida Avs va Xazraj qabilasi o‘rtasida bo‘lib o‘tgan “Bu’os” voqeasiga uzoq bo‘lmagan edi. Ikki qabila o‘rtasidagi eski dushmanchilik yangidan yangi kelishmovchiliklarni keltirib chiqarar, yahudiylar fitna olovini yoqar va oxiri yomon natija bilan tugashidan qo‘rqishar edi. Rasululloh sollallohu alayhi vasallamning Madinaga hijrat qilib kelgan sahobalarida esa, hech qanday kuch ham, quvvat ham yo‘q edi. Bo‘lsa ham faqat oilasini ham, qarindoshlarini ham yaxshi ko‘rmaydigan qavmdan himoya va boshpana so‘rovchining kuchichalik kuch bor edi, xolos.

Shularni e’tiborga olsak, Rasululloh sollallohu alayhi vasallam Madinaga juda qaltis bir vaziyatda kelgan edilar. Lekin u zot bu vaziyatni o‘zlarining donoliklari, go‘zal tadbirlari va mukammal aqllari bilan to‘la idrok qildilar. Bu esa u zot har qanday buyuk ishlarni qila olishlariga hujjat bo‘lar edi. O‘sha zahoti masjid qurishga kirishdilar. Unda din va dunyo obodligiga poydevor bo‘ladigan manfaatlar bor edi. Masjid ibodat maskani, boshqaruv markazi bo‘lib, u yerdan Allohga da’vat etishga chiqilar, mo‘minlar eng ulug‘ holatlarda eng mukammal axloqlar bilan tarbiyalanar, barcha boshqaruv, siyosiy va harbiy rejalar va tadbirlar tuzilar, elchilar kutib olinar va ilm o‘rganilar edi.

Rasululloh sollallohu alayhi vasallamning oqilona siyosatlariga quyidagi voqealarni misol qilib keltirishimiz mumkin.

U zot dastlab Madinaga kelgan vaqtlari jamiyatdagi kishilarning e’tiqodlari har xil bo‘lgani tufayli ular yakdil emasliklarini ko‘rdilar. Shunda barchaning huquqini ta’minlaydigan, vijdon erkinligini kafolatlaydigan, o‘zgalarning qoni, moli va obro‘siga tajovuz qilishni man etadigan, xullas vatanga xavf tug‘diradigan har qanday dushmanchilik harakatlari kuzatilgan vaqtda, xoh urush, xoh tinchlik vaqtida bo‘lsin bir birlariga kafil bo‘lgan holda  uni himoya qilishni har bir kishining vazifasi qiladigan nizomni tuzishga kirishdilar. Bularning barchasini ahdnomaga yozib qo‘ydilar. U quyidagicha edi:

“Bismillahir Rohmanir Rohim. Bu payg‘ambar Muhammad sollallohu alayhi vasallamdan Quraysh va Yasrib mo‘min musulmonlari, ularga ergashganlar, ularga mansub bo‘lganlar, ular bilan birga jang qilganlarga qaratilgan maktubdir. Ular bitta millatdir. Boshqa insonlar bunga qo‘shilmaydi”.

Yahudiylardan kim bizga qo‘shilsa, zulm qilinmagan va unga qarshi til biriktirilmagan holda nusratga erishadi deb qaror qilindi. Bani Avf yahudiylari mo‘minlar bilan bitta millatdir. Yahudiylarning o‘z dini bor, musulmonlarning o‘z dini bor. Bu ularning qullariga ham, o‘zlariga ham tegishlidir. Ahdga qo‘shilgan boshqa yahudiylar ham Bani Avf yahudiylari kabi ekaniga qaror qilindi. Ahdnomada quyidagilar ham bor edi: yahudiylar o‘zlarining tirikchiligini qiladi, musulmonlar o‘zlarining tirikchiligini qiladi. Ular bu ahdnomada nomi zikr qilinganlarga qarshi urush e’lon qilganlarga qarshi o‘zaro ko‘maklashadilar. Ular o‘rtasida xolislik, samimiylik va yaxshilik bo‘ladi, gunoh bo‘lmaydi. Yasrib hududi bu ahdnomaga qo‘shilganlarga omonlik joyidir. Ikki qo‘shni bir-biriga zarar bermagan va gunohkor bo‘lmagan holda go‘yo bir tanu bir jondir. Hurmat faqat o‘z ahlining izni bilan to‘kiladi. Bu ahdnomaga qo‘shilganlar o‘rtasida ularni buzish xavfi bo‘ladigan biror hodisa yoki tortishuv vujudga kelsa, uning hukmi Alloh taolo va Uning rasuli Muhammad sollallohu alayhi vasallamga havola qilinadi.

Ushbu ahdnoma tufayli Yasribning o‘sha vaqtdagi rahbarligi o‘z o‘zidan Payg‘ambar sollallohu alayhi vasallamga o‘tib qoldi. Ahdlarda ixtilof yuz berganda bu ixtilofni bartaraf etuvchi hakam zarurligi va bu hakam faqat Rasululloh sollallohu alayhi vasallam bo‘lishlari lozimligi bayon etilgan edi. Ayni shu vaqtdan boshlab Payg‘ambar sollallohu alayhi vasallam islom davlatining asosiy poydevorini qo‘ydilar.

Rasululloh sollallohu alayhi vasallam kuch va quvvatga tayanib har qanday tartibni inkor etish va beboshlik qilishga barham berdilar. U zot hadlarni amalga oshirish hukmini Alloh taologa, ya’ni shariatiga va ushbu shariatni ijro etuvchisi Allohning Rasuliga havola qildilar. Bu paytgacha faqat adolatsiz quvvatning bir o‘zi va gunohkoru gunohsizni farqlamaydigan tarafkashlik hukm chiqarar edi.

Payg‘ambar sollallohu alayhi vasallamning go‘zal siyosiy ishlaridan biri quyidagicha bo‘lgan edi: Bani Mustaliq g‘azotida bir ansoriy kishi va Umar ibn Xattobning xizmatchisi o‘rtasida fitna qo‘zg‘aldi. Ansorlardan bo‘lgan kishi ansorlarni yordamga chaqirdi. Xizmatchi esa, muhojirlarni yordamga chaqirdi. Vaziyatdan unimli foydalanib qolishni istagan munofiqlar boshlig‘i Ibn Ubay ibn Salul fitna olovini yoqishga harakat qildi. Natijada ikki o‘rtada ayovsiz jang bo‘lishiga oz qoldi. Ibn Ubay ibn Salul turdi va: “Ana shunday qildilarmi? Ular bizdan ko‘payib ketdilar, o‘z uyimizda biz bilan janjallashadilar. Ularga oldingilarning: “Itingni semirtirsang, seni yeydi”, degan maqoli mos keladi. Agar Madinaga borsak, aziz kishi xor kishini chiqarib yuboradi”, dedi. Uning oldida balog‘atga yetgan yigit Zayd ibn Arqam bor edi. U darrov uning gaplarini Rasululloh sollallohu alayhi vasallamga yetkazdi. Shunda Umar roziyallohu anhu: “Yo Allohning rasuli, biror kishiga buyuring, uni o‘ldirsin!”, dedi. Hakim sayyidimiz sollallohu alayhi vasallam: “Qanday qilib, ey Umar?! Unday qilsam, odamlar Muhammad o‘zining sahobalarini o‘ldirishga kirishibdi, demaydimi?”, deb javob berdilar. Rasululloh sollallohu alayhi vasallam bu vaziyatda qo‘shinga yo‘l tadorikini ko‘rishga amr qildilar. Payg‘ambar sollallohu alayhi vasallam qo‘shin bilan odatda yo‘lga chiqmaydigan vaqtlarida yo‘lga chiqdilar. O‘sha kuni tinmay yurdilar. Tun kirgach, tunda ham yurdilar. Kelgusi kunning tongi otganda ham yuraverdilar. Ularga Quyosh aziyat berib, tanalarida kuchlari qolmagach to‘xtab dam olishga ruxsat berdilar. Ular o‘tirishlari bilan uyquga ketdilar.

Rasululloh sollallohu alayhi vasallamning tunu kun tinmay yurishdan maqsadlari sahobalar qo‘zg‘algan fitna va dilxiralikni muhokama qilmasliklari edi. Ushbu oqilona siyosat tufayli Alloh taolo fitnaning ayanchli natijasidan saqlab qo‘ydi. Ibn Ubayning o‘g‘li Abdulloh eng yaxshi musulmonlardan bo‘lib, otasi nimalarni deb qo‘yganini eshitgach, Rasululloh sollallohu alayhi vasallamning huzurlariga keldi va: “Menga ma’lum bo‘lishicha Abdulloh ibn Ubay siz haqingizda nojo‘ya so‘zlarni aytib qo‘ygani uchun uni o‘ldirmoqchi ekansiz! Agar shu ishni qilmoqchi bo‘lsangiz menga buyuring! Allohga qasamki, Xazraj urug‘ining ichida mendan ko‘ra otasiga ko‘p yaxshilik qiladigan kishi yo‘q. Meni xavotirga solayotgan narsa shuki, uni o‘ldirishni boshqa bir kishiga topshirsangiz va u o‘ldirsa, otamning qotili insonlar orasida yurishiga qarab tura olmayman. Natijada bir kofirning qasosi uchun mo‘min kishini o‘ldirganim tufayli do‘zaxga tushib qolishim mumkin!”, dedi. Mehribon va rahmli, insonlarning tabiatlaridan xabardor hakim Rasululloh sollallohu alayhi vasallamning javoblari qanday bo‘lgan deb o‘ylaysiz?! U zot xotirjam va muloyimlik bilan: “Yo‘q, ey Abdulloh, otangga yaxshilik qilishda bardavom bo‘l, biz ham u oramizda ekan go‘zal munosabatda bo‘lamiz!”, javob berdilar.

Bu siyosat yomonlikni ketkazishda katta natijalarni olib keladi. Munofiq Ibn Ubay har safar bir qilg‘iliqni qilib qo‘ysa, o‘z qavmi kelib, uni koyir, qilgan ishiga yarasha jazolar va Rasululloh sollallohu alayhi vasallamning so‘zlarini eslatar edi.

Rasululloh sollallohu alayhi vasallam bu ishda Umar roziyallohu anhuga siyosatlarining chuqur ma’nosini bayon qilishni xohladilar va: “Nima deb o‘ylaysan ey Umar, menga o‘ldiring deb aytgan kuningda o‘ldirganimda uning tarafdorlari junbushga kelgan bo‘lisharmidi? Bugun o‘ldiring desang, o‘ldirishim mumkin”, dedilar. Ularning qalbida yana Rasululloh sollallohu alayhi vasallamga bo‘lgan muhabbat ziyoda bo‘lardi: “Qasamki, Rasulullohning ishlari mening ishimdan ko‘ra mislsiz darajada barakotli ekan”.

Payg‘ambar sollallohu alayhi vasallamning oqilona siyosatlariga dalolat qiluvchi go‘zal tadbirlariga Hudaybiya kunida qilgan ishlari va sulh shartlariga rozi bo‘lganlari edi. Bu shartlar tashqi tomondan kuchsizlik va xorlikni bildirar edi. Shuning uchun ba’zi musulmonlarga bu shartlar qattiq ta’sir qildi. Ular orasida Umar roziyallohu anhu ham bor edi. Chunki musulmonlar Rasululloh sollallohu alayhi vasallam ko‘rib turgan buyuk hikmat va oqilona siyosatni kutmagan edilar. Ko‘p o‘tmay ular bu bitimning ahamiyati va uning ortidan kelgan yaxshiliklaridan bahramand bo‘la boshladilar.

 Ana o‘sha yaxshiliklardan eng muhimlaridan biri bu Makkada qiynalib qolgan nochor musulmonlar kofirlarga aralashib yurganlari tufayli ularni himoya qilish va qonlarini to‘kmaslik edi.

Bu bitimning foidasidan musulmonlarga aralashib yurgan Quraysh kofirlaridan ko‘pi musulmon bo‘ldi. Ular iymon va islom markazi Madinaga oshiqishar, mo‘minlardan Payg‘ambar sollallohu alayhi vasallamning so‘zlari, zohiriy mo‘jizalari, go‘zal siyratlari, nubuvvatlarini e’lon qilishlari va ularni to‘p-to‘p bo‘lib Allohning diniga kirishga undagan bundan boshqa mo‘jizalar haqida eshitishar edi. Ana shundan keyin musulmonlar Baytullohdan to‘silishlari va ortga qaytib ketishlari tashqi tomondan zaifligu botinda ularga azizlik va quvvat bo‘lganini tushinib yetdilar. Alloh taolo mushriklarni azizlik istagan tarafidan xor, g‘alaba qozonishni xohlagan joyida mag‘lub qilib qo‘ydi.

“Azizlik Allohga, Uning Rasuliga va mo‘minlariga xosdir(Munofiqlar: 8).

Muhammad ibn Alaviyning «Muhammad sollallohu alayhi vasallam — komil inson» kitobidan Ko‘kaldosh o‘rta maxsus islom bilim yurti mudarrisi G‘iyosiddin Habibulloh o‘g‘li tarjimasi.