Пайғамбар алайҳиссалом — ҳарбий қўмондон

Рукн: Муҳаммад (с.а.в.) сийратлари Чоп этилган: 23.12.2016

“Маҳбуб Пайғамбар (с.а.в.)” номли сийрат танловига

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сийратларини ўқиган киши албатта, ул зот қатнашган ғазотлари, душманлари билан муомалалари билан ҳам танишиб чиқади. Шунингдек, китобхон пайғамбар алайҳи саломнинг буюк қўмондон бўлгани, уруш услублари борасидаги билимлари ва тажрибалари мукаммал бўлгани ҳамда аскарларни бошқаришлари ҳам гўзал бўлганига бир неча бор гувоҳи бўлади. Ҳолбуки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бирор мадраса ё олийгоҳда ҳарбий фанларни, ҳарбийликка оид ҳандаса илмини ўрганмаган эдилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдаги бу сифатлар ўзлари қатнашган урушларда, тузиб берган ҳимоявий услубларда ва ўзлари қўллаган ҳарбий низомларда очиқ-ойдин намоён бўлади.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кўп ўринларда оз сонли қўшинлари билан ғолиб келганлар. Мана Маккани мисол қилиб олайлик. Макка ҳужум уюштирувчиларнинг майдони, фитначларнинг булоғи бўлишига қарамай, фатҳ қилган ҳолда кириб боргандилар. Яҳудийларни бартараф этдилар. Улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўрталарида тузилган аҳдлар ва битимларга кўп бора хиёнат қилганлари ҳамда яна ўша-ўша хийла-найранглари ва фитналаридан тийилмаганлари учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларнинг фаолиятларига ҳам чек қўйдилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сиёсатлари душманчилик, қаҳр ва зулм устига эмас, балки ҳимоя, қаршилик кўрсатиш ва адолат устига барпо қилинган эди.

Аллоҳ таоло Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламда комил хулқлар, гўзал сиёсат қилиш, ишларни тадбир қилиш қобилиятини жамлади. Бу сифатлар Аллоҳ томонидан нақадар гўзал ўринга жойланди.

 Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг буюк қўмондон бўлгани, уруш услублари борасидаги билимдонликлари ва ўзлари сафларни тартибга солишлари ҳамда қўшинлари устидан назорат қилишларини кўрсатиб берадиган бир қанча ўринларни санаб ўтамиз:

Бадр жанги куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қўшинни тартиб кела бошладилар. Қўлларидаги таёқча билан баъзиларни олдинга, баъзиларини орқага ишорат қилар ва сафларни тўғрилар эдилар. Шу асно таёқлари ила Савод ибн Ғозийянинг олдингга сурилишини ишора этган эдилар, у жиддий тарзда:

— Сиз менинг баданимни оғритдингиз, Аллоҳнинг Пайғамбари. Аллоҳ таоло сизни адолат ва ҳақ дин ила юборган. Мен ҳам бунинг ҳаққини сўрайман, - деб туриб олди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қоринларини очдилар:

—  Кел, эй Савод, ҳаққингни ол, - дедилар ул зот.

Савод яқинлашиб келдию қаттиқ қучоқлаб олди. Расулуллоҳнинг қоринларига юзларини суртиб, ҳурмат-ла ўпиб қўйди ва:

— Ҳаққимни олдим, ё Расулуллоҳ, - деди.

— Нега ундай қилдинг, эй Савод? – деб сўрадилар Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам.

— Ё Расулуллоҳ, вазиятни ўзингиз кўриб турибсиз. Ҳозир бормиз, Худо билади, бирпас туриб нима бўламиз. Шунинг учун истадимки, бу дунёдан айрила туриб, охирги марта сизнинг муборак баданингизга теккан ҳолда кетай, Роббимнинг ҳузурига шундай борай, дедим.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Саводни дуо қилдилар-да, сафни тартиблашда давом этдилар.

 Уҳуд жанги куни ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобалар сафларини, қанотларини тартиб солар, асосий кучни мусулмонлар охири қилдилар. Сўнг камончиларни бир тепалик устига жойлаб қандай ҳолат рўй берса ҳам ҳатто биродарлари ғолиб келаётганларини кўрсалар ҳам токи Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзларидан буйруқ келмагунича шу жойни тарк қилиб кетмасликларини тайинладилар. Расулуллоҳ уруш лойиҳаларини, йўл-йўриқларини билувчиларни энг пешқадами эдилар. Душманларини мағлуб этилишига ёрдам берадиган сабабларни қўллардилар. Уларнинг ўрталарига фитна солиб ўзаро бирдамликларини бузиш ва уларни танг аҳволга солиш ҳаракатларини қилардилар. Ана шундай кўринишлардан бири Бадр жанги куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Ҳубоб ибн Мунзирнинг берган маслаҳатини маъқуллайдилар. Бадрга келган ислом лашкарлари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам буйруқлари билан тўхтади. Қўшин бу ерда ўзлари учун бир макон олиши керак эди. Шунда Ҳубоб ибн Мунзир:

— Ё Расулуллоҳ, Аллоҳ таолодан ваҳий келдими ёки ўз истагингиз, уруш ва хийлами назарда тутдингизми – деб сўради.

— Ўз истагим билан ва уруш ва хийлани кўзлаб тўхтадим, - дедилар Ул зот.

— У ҳолда, эй Аллоҳнинг расули, жанг учун бу ер қулай эмас. Изн берсангиз, Бадр қудуғининг ёнига ўрнашайлик. Қудуқнинг сувини олиб, қудуқнинг ўзини кўмиб ташлайлик, кейин унинг устига бир ҳовуз қуриб сувга тўлдирайлик. Шундай қилсак, мушрикларнинг сув йўлларини кесган бўламиз – деди Ҳубоб.

Таклиф қабул этилди. Дарҳол қудуқ ёнига кўчилди. Қудуқдаги сув олинишига буюрдилар. Сув олингач, устидан ҳовуз қурдилар. Кейин уни сув билан тўлдирдилар ва унга идишларни ташладилар.

Аҳзоб куни Абу Суфён ибн Ҳарб бошчилигидаги маккалик мушриклар ва Нажднинг Ғатафон қабиласи жангчиларига қўшилиб, мадиналик мусулмонлар устига бостириб келадилар. Мусулмонлар эса душманни шаҳар атрофига чуқур ҳандақлар қазиб кутиб олишди.

Ўша куни Макка мушриклари орасида Нуайм ибн Масъуд Ашжаъий ҳам бор эди. У мусулмонларга қарши курашга астойидил бел боғлаб келган эди. Лекин Аллоҳ таоло унинг қалбига ҳидоят нурини сочди. Ярим тунда Нуайм қўшинни тарк этиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига келди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уни кўриб ажабландилар.

- Нуайм ибн Масъуд сенмисан? – дедилар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам.

- Ҳа, Ё Расулуллоҳ, мен Нуаймман. Олдингизга исломни қабул қилгани келдим. Гувоҳлик бераманки, Аллоҳ таолодан бошқа илоҳ йўқ ва албатта сиз Аллоҳ таолонинг расулисиз. Исломни қабул қилдим, аммо буни қабиладошларим билишмайди, нима истасангиз менга буюринг – деди.

— Албатта сен бизнинг орамизда ягонасан (яъни ўз қавми исломга кирганидан бехабар бўлган ягона кишисан). Ҳозир улар орасига қайтиб бор. Агар уддалай олсанг уларни эсанкиратиб урушга бўлган истакларини қайтар. Ахир урушда ҳам хийла ишлатиш бўлади-ку! Бориб душманларнинг бирдамлигини тарқатиб юбор. Ўз зийраклигингни ишга сол – дедилар Сарвари коинот.

Дарвоқе, ўшанда Яҳудийларнинг Бани Қурайза тоифаси Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васлаламга берган аҳдларига хиёнат қилиб Макка мушриклари ва Нажднинг Ғатафон қабиласига кўмаклашмоқчи бўлади. Бундан хабардор бўлган Нуайм биринчи бўлиб ўзининг ҳамтовоқлари бўлмиш Бани Қурайза олдига йўл олди. Келиб:

— Сизлар менинг сизларга бўлган хоссатан ўзаро дўстлигимизни яхши биласизлар – деди Нуайм.

— Ҳа, сен бизнинг орамизда мутаҳҳам кишилардан саналмайсан – дейишди.

—   Қурайш билан Ғатафон Маккадан келиб Мадинайи мунаввара яқинига жойлашдилар. Улар Муҳаммад ва унинг саҳобаларига қарши курашиш учун келганлар. Эшитишимча, Мадинада истиқомат қилувчи Бани Қурайза қабиласи улар билан иттифоқ тузишган экан. Шуни сизларга айтмоқчиманки, эй, Бани Қурайза қабиласи улар сизлар каби эмас. Бу шаҳар (Мадина) сизларнинг сизлар истиқомат қиладиган шаҳардир. Унда сизларнинг молу дунёларингиз, оила-аъзоларингиз, бола-чақаларингиз бор бўлса. Шундай экан сизлар бу шаҳарларингиздан бошқа шаҳарга кўчиб кета олмайсизлар. Агар Маккаликлар қулай пайт топсалар ҳужум қиладилар. Агар ундай бўлмаса ўз шаҳарларига қайтиб кетаверадилар. Сизларни эса ўз шаҳарларингиз Мадинада Муҳаммад ва унинг саҳобалари билан қолдириб кетадилар. Шу ҳолатда агар Муҳаммад бор кучини фақат сизларга қаратадиган бўлса сизларнинг уларга қарши курашишга тоқатларингиз етмайди (яъни, адо бўлдик деяверинглар). Шундай экан токи сизлар Қурайшнинг нуфузли кишилардан иборат гаров олмагунларингизча уруш қилманглар. Кишилардан иборат олган гаровларингиз сизларни улар билан бирлашиб Муҳаммадга қарши курашишларингизга ишонч бўлади, - деди Нуайм ибн Масъуд.

— Ажойиб фикр билдирдинг, – дейишди Бани Қурайзаликлар.

Сўнг Нуайм улар олдидан кетиб Қурайш олдига келди. Кейин Абу Суфён ва унинг олидида турган кишиларга:

— Менинг сизларга бўлган дўстлигимни ва Муҳаммадга бўлган нафратимни жуда яхши биласизлар. Менга шундай хабар етиб келдики, уни сизларга айтишни мақсадга мувофиқ деб билдим. Албатта мен чин юракдан айтмоқиман. Фақат ҳеч кимга айтиб қўйманглар – деди.          

— Бўлди, ҳеч кимга айтмаймиз – дейишди.

— Яҳудийлар ўзлари қилган қилмишларига афсусланиб Муҳаммадга “Биз қилган ишларимиздан надоматдамиз. Биз Қурайш ва Ғатафон қабилаларининг нуфузли кишиларини гаровга олиб уларни ўлдирмоғимиз сўнг сен билан бирлашиб қолганларига қарши то таг-тугилари билан йўқ қилганимизча курашсак рози бўласанми?”, дея элчи жўнатишибди. Муҳаммад ҳам уларга рози эканлигини билдириб элчи жўнатибди. Мабодо яҳудийлар сизларга бирортангизни гаровга сўраб элчи жўнатадиган бўлса, уларга бирорта кишини ҳам берманглар – деди Нуайм.

Сўнг Нуайм Ғатафон қабиласининг олдига келиб:

—  Сизлар менинг аҳлим, қариндошларим ва менга энг маҳбуб кишисизлар. Мендан шубҳаланмайсизлар деб ўйлайман. Сизларнинг орангизда ишонилган бўлсам керак – деди.

— Тўғри айтинг. Сенга нисбатан шубҳа қилмаймиз – дейишди қабиладошлари.

— Бўлмаса мен сизларга айтмоқчи бўлган нарсани сир тутасизлар – деди. Улар:

— Хўп – дедилар.

Сўнг Нуайм уларга Қурайшликларга айтган гапларини айтди.

Шу гаплардан кейин Абу Суфён ва Ғатафоннинг нуфузли кишилари Бани Қурайза яҳудийларига “Биз ортиқ тура олмаймиз. Оту туяларимиз ҳалок бўлаёзяпти. Урушга киришаверинглар. Муҳаммад билан бизнинг орамизни очиқ қилмагунимизча унга қарши курашамиз” деб Икримани иккала қабиланинг бир қанча кишиларига бош қилиб юборишди. Яҳудийлар ҳам бу гапларни эшитиб Қурайш ва Ғатафонга жавобан “Бугун шанба куни экан. Унда биз бирор иш қилмаймиз. Чунки бизлардан бўлган баъзи кишилар шанба куни бир нималар қилишгани учун ҳайвонга айлантирилган эдилар. Токи сизлар бизларга гаров ўлароқ бир қанча кишиларингизни бермагунларингизча сизлар билан бирлашиб Муҳаммадга қарши курашмаймиз. Бу олмоқчи бўлган гаровларимизнинг ҳузуримизда бўлиб туриши Муҳаммадга қарши охиригача курашишимизга ишонч бўлиб туради. Мабодо уруш сизларга оғир келиб қолса, ўз юртларингиз Маккага ёки унинг атрофига қайтиб кетишларингиздан ва бизларни эса Муҳаммад билан ёлғиз ўзимизни қолдиришларингиздан қўрқамиз. Ахир ёлғиз ўзимизнинг унга бас келадиган тоқатимиз бўлмаса!” дея элчи юборишди. Бу гапларни эшитган Қурайш ва Ғатафонликлар:

— Аллоҳга қасамки Нуайм сизу бизга айтган гаплари ҳақ бўлиб чиқди – дейишди-да уларга:

— Аллоҳга қасамки биз ҳам то сизлар бизга гаров бермагунларингизча Муҳаммадга қарши бирлашиб курашмаймиз – деб жавоб беришди.

Натижада бир-бирларидан юз ўгирдилар. Аллоҳ таоло уларни саросимага туширди ва жуда ҳам совуқ тунда устиларидан қаттиқ шамолни юборди. Охир оқибатда қозон-товоқлари учиб кетди, ўрнатган чодирлари ҳар томонга учиб бузилиб кетди. Шундай қилиб ўша куни Аллоҳ таоло уларни мағлуб этди.

Муҳаммад ибн Алавийнинг «Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам — комил инсон» китобидан Кўкалдош ўрта махсус ислом билим юрти мударриси Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ ўғли таржимаси.

Rasululloh sollallohu alayhi vasallam siyratlarini o‘qigan kishi albatta, ul zot qatnashgan g‘azotlari, dushmanlari bilan muomalalari bilan ham tanishib chiqadi. Shuningdek, kitobxon payg‘ambar alayhi salomning buyuk qo‘mondon bo‘lgani, urush uslublari borasidagi bilimlari va tajribalari mukammal bo‘lgani hamda askarlarni boshqarishlari ham go‘zal bo‘lganiga bir necha bor guvohi bo‘ladi. Holbuki, Rasululloh sollallohu alayhi vasallam biror madrasa yo oliygohda harbiy fanlarni, harbiylikka oid handasa ilmini o‘rganmagan edilar.

Rasululloh sollallohu alayhi vasallamdagi bu sifatlar o‘zlari qatnashgan urushlarda, tuzib bergan himoyaviy uslublarda va o‘zlari qo‘llagan harbiy nizomlarda ochiq-oydin namoyon bo‘ladi.

Rasululloh sollallohu alayhi vasallam ko‘p o‘rinlarda oz sonli qo‘shinlari bilan g‘olib kelganlar. Mana Makkani misol qilib olaylik. Makka hujum uyushtiruvchilarning maydoni, fitnachlarning bulog‘i bo‘lishiga qaramay, fath qilgan holda kirib borgandilar. Yahudiylarni bartaraf etdilar. Ular Rasululloh sollallohu alayhi vasallam o‘rtalarida tuzilgan ahdlar va bitimlarga ko‘p bora xiyonat qilganlari hamda yana o‘sha-o‘sha xiyla-nayranglari va fitnalaridan tiyilmaganlari uchun Rasululloh sollallohu alayhi vasallam ularning faoliyatlariga ham chek qo‘ydilar.

Rasululloh sollallohu alayhi vasallam siyosatlari dushmanchilik, qahr va zulm ustiga emas, balki himoya, qarshilik ko‘rsatish va adolat ustiga barpo qilingan edi.

Alloh taolo Rasululloh sollallohu alayhi vasallamda komil xulqlar, go‘zal siyosat qilish, ishlarni tadbir qilish qobiliyatini jamladi. Bu sifatlar Alloh tomonidan naqadar go‘zal o‘ringa joylandi.

 Rasululloh sollallohu alayhi vasallamning buyuk qo‘mondon bo‘lgani, urush uslublari borasidagi bilimdonliklari va o‘zlari saflarni tartibga solishlari hamda qo‘shinlari ustidan nazorat qilishlarini ko‘rsatib beradigan bir qancha o‘rinlarni sanab o‘tamiz:

Badr jangi kuni Rasululloh sollallohu alayhi vasallam qo‘shinni tartib kela boshladilar. Qo‘llaridagi tayoqcha bilan ba’zilarni oldinga, ba’zilarini orqaga ishorat qilar va saflarni to‘g‘rilar edilar. Shu asno tayoqlari ila Savod ibn G‘oziyyaning oldingga surilishini ishora etgan edilar, u jiddiy tarzda:

— Siz mening badanimni og‘ritdingiz, Allohning Payg‘ambari. Alloh taolo sizni adolat va haq din ila yuborgan. Men ham buning haqqini so‘rayman, - deb turib oldi. Rasululloh sollallohu alayhi vasallam qorinlarini ochdilar:

—  Kel, ey Savod, haqqingni ol, - dedilar ul zot.

Savod yaqinlashib keldiyu qattiq quchoqlab oldi. Rasulullohning qorinlariga yuzlarini surtib, hurmat-la o‘pib qo‘ydi va:

— Haqqimni oldim, yo Rasululloh, - dedi.

— Nega unday qilding, ey Savod? – deb so‘radilar Rasuli akram sollallohu alayhi vasallam.

— Yo Rasululloh, vaziyatni o‘zingiz ko‘rib turibsiz. Hozir bormiz, Xudo biladi, birpas turib nima bo‘lamiz. Shuning uchun istadimki, bu dunyodan ayrila turib, oxirgi marta sizning muborak badaningizga tekkan holda ketay, Robbimning huzuriga shunday boray, dedim.

Rasululloh sollallohu alayhi vasallam Savodni duo qildilar-da, safni tartiblashda davom etdilar.

 Uhud jangi kuni ham Rasululloh sollallohu alayhi vasallam sahobalar saflarini, qanotlarini tartib solar, asosiy kuchni musulmonlar oxiri qildilar. So‘ng kamonchilarni bir tepalik ustiga joylab qanday holat ro‘y bersa ham hatto birodarlari g‘olib kelayotganlarini ko‘rsalar ham toki Rasululloh sollallohu alayhi vasallamning o‘zlaridan buyruq kelmagunicha shu joyni tark qilib ketmasliklarini tayinladilar. Rasululloh urush loyihalarini, yo‘l-yo‘riqlarini biluvchilarni eng peshqadami edilar. Dushmanlarini mag‘lub etilishiga yordam beradigan sabablarni qo‘llardilar. Ularning o‘rtalariga fitna solib o‘zaro birdamliklarini buzish va ularni tang ahvolga solish harakatlarini qilardilar. Ana shunday ko‘rinishlardan biri Badr jangi kuni Rasululloh sollallohu alayhi vasallam Hubob ibn Munzirning bergan maslahatini ma’qullaydilar. Badrga kelgan islom lashkarlari Rasululloh sollallohu alayhi vasallam buyruqlari bilan to‘xtadi. Qo‘shin bu yerda o‘zlari uchun bir makon olishi kerak edi. Shunda Hubob ibn Munzir:

— Yo Rasululloh, Alloh taolodan vahiy keldimi yoki o‘z istagingiz, urush va xiylami nazarda tutdingizmi – deb so‘radi.

— O‘z istagim bilan va urush va xiylani ko‘zlab to‘xtadim, - dedilar Ul zot.

— U holda, ey Allohning rasuli, jang uchun bu yer qulay emas. Izn bersangiz, Badr qudug‘ining yoniga o‘rnashaylik. Quduqning suvini olib, quduqning o‘zini ko‘mib tashlaylik, keyin uning ustiga bir hovuz qurib suvga to‘ldiraylik. Shunday qilsak, mushriklarning suv yo‘llarini kesgan bo‘lamiz – dedi Hubob.

Taklif qabul etildi. Darhol quduq yoniga ko‘childi. Quduqdagi suv olinishiga buyurdilar. Suv olingach, ustidan hovuz qurdilar. Keyin uni suv bilan to‘ldirdilar va unga idishlarni tashladilar.

Ahzob kuni Abu Sufyon ibn Harb boshchiligidagi makkalik mushriklar va Najdning G‘atafon qabilasi jangchilariga qo‘shilib, madinalik musulmonlar ustiga bostirib keladilar. Musulmonlar esa dushmanni shahar atrofiga chuqur handaqlar qazib kutib olishdi.

O‘sha kuni Makka mushriklari orasida Nuaym ibn Mas’ud Ashja’iy ham bor edi. U musulmonlarga qarshi kurashga astoyidil bel bog‘lab kelgan edi. Lekin Alloh taolo uning qalbiga hidoyat nurini sochdi. Yarim tunda Nuaym qo‘shinni tark etib, Rasululloh sollallohu alayhi vasallam huzurlariga keldi. Rasululloh sollallohu alayhi vasallam uni ko‘rib ajablandilar.

- Nuaym ibn Mas’ud senmisan? – dedilar Rasululloh sollallohu alayhi vasallam.

- Ha, Yo Rasululloh, men Nuaymman. Oldingizga islomni qabul qilgani keldim. Guvohlik beramanki, Alloh taolodan boshqa iloh yo‘q va albatta siz Alloh taoloning rasulisiz. Islomni qabul qildim, ammo buni qabiladoshlarim bilishmaydi, nima istasangiz menga buyuring – dedi.

— Albatta sen bizning oramizda yagonasan (ya’ni o‘z qavmi islomga kirganidan bexabar bo‘lgan yagona kishisan). Hozir ular orasiga qaytib bor. Agar uddalay olsang ularni esankiratib urushga bo‘lgan istaklarini qaytar. Axir urushda ham xiyla ishlatish bo‘ladi-ku! Borib dushmanlarning birdamligini tarqatib yubor. O‘z ziyrakligingni ishga sol – dedilar Sarvari koinot.

Darvoqe, o‘shanda Yahudiylarning Bani Qurayza toifasi Rasululloh sollallohu alayhi vaslalamga bergan ahdlariga xiyonat qilib Makka mushriklari va Najdning G‘atafon qabilasiga ko‘maklashmoqchi bo‘ladi. Bundan xabardor bo‘lgan Nuaym birinchi bo‘lib o‘zining hamtovoqlari bo‘lmish Bani Qurayza oldiga yo‘l oldi. Kelib:

— Sizlar mening sizlarga bo‘lgan xossatan o‘zaro do‘stligimizni yaxshi bilasizlar – dedi Nuaym.

— Ha, sen bizning oramizda mutahham kishilardan sanalmaysan – deyishdi.

—   Quraysh bilan G‘atafon Makkadan kelib Madinayi munavvara yaqiniga joylashdilar. Ular Muhammad va uning sahobalariga qarshi kurashish uchun kelganlar. Eshitishimcha, Madinada istiqomat qiluvchi Bani Qurayza qabilasi ular bilan ittifoq tuzishgan ekan. Shuni sizlarga aytmoqchimanki, ey, Bani Qurayza qabilasi ular sizlar kabi emas. Bu shahar (Madina) sizlarning sizlar istiqomat qiladigan shahardir. Unda sizlarning molu dunyolaringiz, oila-a’zolaringiz, bola-chaqalaringiz bor bo‘lsa. Shunday ekan sizlar bu shaharlaringizdan boshqa shaharga ko‘chib keta olmaysizlar. Agar Makkaliklar qulay payt topsalar hujum qiladilar. Agar unday bo‘lmasa o‘z shaharlariga qaytib ketaveradilar. Sizlarni esa o‘z shaharlaringiz Madinada Muhammad va uning sahobalari bilan qoldirib ketadilar. Shu holatda agar Muhammad bor kuchini faqat sizlarga qaratadigan bo‘lsa sizlarning ularga qarshi kurashishga toqatlaringiz yetmaydi (ya’ni, ado bo‘ldik deyaveringlar). Shunday ekan toki sizlar Qurayshning nufuzli kishilardan iborat garov olmagunlaringizcha urush qilmanglar. Kishilardan iborat olgan garovlaringiz sizlarni ular bilan birlashib Muhammadga qarshi kurashishlaringizga ishonch bo‘ladi, - dedi Nuaym ibn Mas’ud.

— Ajoyib fikr bildirding, – deyishdi Bani Qurayzaliklar.

So‘ng Nuaym ular oldidan ketib Quraysh oldiga keldi. Keyin Abu Sufyon va uning olidida turgan kishilarga:

— Mening sizlarga bo‘lgan do‘stligimni va Muhammadga bo‘lgan nafratimni juda yaxshi bilasizlar. Menga shunday xabar yetib keldiki, uni sizlarga aytishni maqsadga muvofiq deb bildim. Albatta men chin yurakdan aytmoqiman. Faqat hech kimga aytib qo‘ymanglar – dedi.          

— Bo‘ldi, hech kimga aytmaymiz – deyishdi.

— Yahudiylar o‘zlari qilgan qilmishlariga afsuslanib Muhammadga “Biz qilgan ishlarimizdan nadomatdamiz. Biz Quraysh va G‘atafon qabilalarining nufuzli kishilarini garovga olib ularni o‘ldirmog‘imiz so‘ng sen bilan birlashib qolganlariga qarshi to tag-tugilari bilan yo‘q qilganimizcha kurashsak rozi bo‘lasanmi?”, deya elchi jo‘natishibdi. Muhammad ham ularga rozi ekanligini bildirib elchi jo‘natibdi. Mabodo yahudiylar sizlarga birortangizni garovga so‘rab elchi jo‘natadigan bo‘lsa, ularga birorta kishini ham bermanglar – dedi Nuaym.

So‘ng Nuaym G‘atafon qabilasining oldiga kelib:

—  Sizlar mening ahlim, qarindoshlarim va menga eng mahbub kishisizlar. Mendan shubhalanmaysizlar deb o‘ylayman. Sizlarning orangizda ishonilgan bo‘lsam kerak – dedi.

— To‘g‘ri ayting. Senga nisbatan shubha qilmaymiz – deyishdi qabiladoshlari.

— Bo‘lmasa men sizlarga aytmoqchi bo‘lgan narsani sir tutasizlar – dedi. Ular:

— Xo‘p – dedilar.

So‘ng Nuaym ularga Qurayshliklarga aytgan gaplarini aytdi.

Shu gaplardan keyin Abu Sufyon va G‘atafonning nufuzli kishilari Bani Qurayza yahudiylariga “Biz ortiq tura olmaymiz. Otu tuyalarimiz halok bo‘layozyapti. Urushga kirishaveringlar. Muhammad bilan bizning oramizni ochiq qilmagunimizcha unga qarshi kurashamiz” deb Ikrimani ikkala qabilaning bir qancha kishilariga bosh qilib yuborishdi. Yahudiylar ham bu gaplarni eshitib Quraysh va G‘atafonga javoban “Bugun shanba kuni ekan. Unda biz biror ish qilmaymiz. Chunki bizlardan bo‘lgan ba’zi kishilar shanba kuni bir nimalar qilishgani uchun hayvonga aylantirilgan edilar. Toki sizlar bizlarga garov o‘laroq bir qancha kishilaringizni bermagunlaringizcha sizlar bilan birlashib Muhammadga qarshi kurashmaymiz. Bu olmoqchi bo‘lgan garovlarimizning huzurimizda bo‘lib turishi Muhammadga qarshi oxirigacha kurashishimizga ishonch bo‘lib turadi. Mabodo urush sizlarga og‘ir kelib qolsa, o‘z yurtlaringiz Makkaga yoki uning atrofiga qaytib ketishlaringizdan va bizlarni esa Muhammad bilan yolg‘iz o‘zimizni qoldirishlaringizdan qo‘rqamiz. Axir yolg‘iz o‘zimizning unga bas keladigan toqatimiz bo‘lmasa!” deya elchi yuborishdi. Bu gaplarni eshitgan Quraysh va G‘atafonliklar:

— Allohga qasamki Nuaym sizu bizga aytgan gaplari haq bo‘lib chiqdi – deyishdi-da ularga:

— Allohga qasamki biz ham to sizlar bizga garov bermagunlaringizcha Muhammadga qarshi birlashib kurashmaymiz – deb javob berishdi.

Natijada bir-birlaridan yuz o‘girdilar. Alloh taolo ularni sarosimaga tushirdi va juda ham sovuq tunda ustilaridan qattiq shamolni yubordi. Oxir oqibatda qozon-tovoqlari uchib ketdi, o‘rnatgan chodirlari har tomonga uchib buzilib ketdi. Shunday qilib o‘sha kuni Alloh taolo ularni mag‘lub etdi.

Muhammad ibn Alaviyning «Muhammad sollallohu alayhi vasallam — komil inson» kitobidan Ko‘kaldosh o‘rta maxsus islom bilim yurti mudarrisi G‘iyosiddin Habibulloh o‘g‘li tarjimasi.