Пайғамбар алайҳиссалом — аҳдга вафодор зот

Рукн: Муҳаммад (с.а.в.) сийратлари Чоп этилган: 16.12.2016

“Маҳбуб Пайғамбар (с.а.в.)” номли сийрат танловига

Аҳду ваъдага вафо қилиш ҳаёт турмуши гўзал бўлган, ички дунёси ҳам мусаффо бўлган кишилар зийнатланадиган юксак хулқдир. Пайғамбар алайҳиссалом аҳду ваъданинг устидан чиқишга, вафо қилишга даъват этар, шундай қилишга ундардилар.

Пайғамбар алайҳиссалом аҳдга вафо қилган ҳолатларнинг энг таъсирлиси Ҳудайбия сулҳида бўлган воқеадир. Пайғамбар алайҳиссалом Ҳудайбия кунида бир неча шартлар устида мушриклар билан сулҳ туздилар. Ўша шартлардан бири – мушриклардан бирор киши мусулмон бўлиб Пайғамбар алайҳиссаломнинг ҳузурларига Мадинага келса, мушрикларга қайтариб юборишлари, агар мусулмонлардан бирор киши уларнинг олдига Маккага келиб қолса, қайтариб юбормасликлари эди. Мана шу келишув ҳали тўлалигича битмай туриб, Абу Жандал исмли бир мусулмон оёқларидаги кишанлари билан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига келди. Ул зот ҳали битими тугалланмаган келишувга вафо қилиб Абу Жандални ортига қайтариб юбордилар. Шунда Абу Жандал бор овози билан: “Эй, мусулмонлар жамоаси мени динимга фитна қиладиган мушрикларга қайтарасизларми?”, деб бақирди. Унинг бу гаплари мусулмонларнинг маҳзун ҳолатларини янада кучайтирди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Эй, Абу Жандал сабр қил, савобни Аллоҳ таолодан умид қил. Албатта, Аллоҳ таоло (тез кунларда) сен ва бошқа заиф бўлган мусулмонларга енгиллик ва озодликни насиб этади” (Қаранг: Имом Бухорий китобларига “Сулҳ” боби. Ибн Ҳишомнинг “Сийрат” китоби).

Сулҳ тузилганидан кейин Пайғамбар алайҳиссалом Мадинага қайтиб келдилар. Кўп вақт ўтмай, қурайшлик бўлган Абу Бусайр номли киши мусулмон бўлиб, У зотнинг ҳузурларига келди. Қурайшликлар бу ҳолатдан хабар топиб, унинг ортидан икки кишини юборишган эди. У икки киши келиб: “Биз билан келишган аҳд нима бўлади”, дейишди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Абу Бусайрни уларга топширдилар. Кейин улар чиқиб кетдилар. Зулҳулайфага етиб борганларида, хурмоларидан тановул қилайлик, деб бир жойга тўхтадилар. Абу Бусайр уларнинг бирига қараб: “Аллоҳга қасамки, эй, фалончи мана бу қилич жуда яхшига ўхшаяпти”, деди. Шунда шериги қилични қинидан суғуриб чиқарди-да: “Ҳа, ҳақиқатдан ҳам бу зўр қилич, буни бир неча бор тажрибадан ўтказгандим”, деди. Шунда Абу Бусайр: “Қани қиличингни бир кўрайчи”, деб, қилични қўлига олиши билан ҳалиги кишига зарба урди. Шу заҳотиёқ, жони узилиб, ерга қулади. Шериги бу ҳолатни кўриб, қочиб кетди ва Мадинага келди. Масжидга югурганча кириб келди. Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васаллам уни кўрганларида: “Бу киши даҳшатли ҳолатни кўрган”, дедилар. Пайғамбар алайҳиссаломни олдиларига келиб: “Аллоҳга қасамки, У шеригимни қатл қилди, мени ҳам ўлдирмоқчи”, деди. Шу пайт Абу Бусайр келиб: “Эй, Аллоҳнинг пайғамбари, Аллоҳга қасамки, Аллоҳ таоло сизнинг аҳдингизни рўёбга чиқарди. Ҳақиқатдан ҳам сиз мени уларга қайтардингиз, сўнг Аллоҳ таоло мени улардан халос қилди”, деди. Шунда Пайғамбар алайҳиссалом “Урушга мойил бўлиб турган бир қавмга уруш алангасини қўзғатиб юборган кишининг онасига вайл бўлсин”, дедилар. Абу Бусайр бу гапларни эшитиб, Расулуллоҳ уни яна орқага юборадилар, деб ўйлаб олдиларидан чиқиб кетди. “Сайфул баҳр” деган жойга келиб, шу жойда қўним топди. Кўп вақт ўтмасдан Абу Жандал ибн Суҳайл ҳам Қурайш орасидан қочиб қутулди ва Абу Бусайрнинг олдига келиб бирлашди. Шундай қилиб Қурайшдан бўлган бирор киши исломни қабул қилса, келиб Абу Бусайрнинг сафига қўшиларди. Бориб-бориб улар бир жамоатга айландилар. Улар Қурайшнинг Шом томон чиққан бирор бир карвонини эшитиб қолсалар, йўлини тўсиб чиқишарди, карвондагиларни ўлдириб, молларини тортиб олардилар. Бу ҳолатлардан қийналиб кетган Қурайшликлар келишилган аҳдномадан истисно ўлароқ, Пайғамбар алайҳиссаломга Аллоҳ таоло номи билан ва қариндошликни ўртага қўйиб илтимос қилиб элчи юборишди. Қурайшликлар элчилари орқали Пайғамбар алайҳиссаломдан Абу Бусайр ва унинг шерикларига Мадинага киришларига рухсат беришларини, улардан бирорталари келишса, омонда бўлишини айтишиб илтимос қилишди. Шунда Пайғамбар алайҳиссалом Абу Бусайрга Мадинага киришларига рухсат берганларини етказиб қўйиш учун бир элчини жўнатдилар.

Дарҳақиқат, Пайғамбар алайҳиссалом аҳдларига доимо риоя қилардилар, аҳднинг шартларига вафо қилардилар. Бу борада У зотнинг фазллари, узоқни кўра билишлари очиқ-ойдин намоён бўлган. Қуйида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг аҳдга вафодор бўлганлари ҳақида бир нечта мисолларни айтиб ўтамиз:

Абдуллоҳ ибн Абулҳамсо айтади: “Мен Пайғамбар алайҳиссалом билан ҳали пайғамбар бўлишларидан олдин олди-сотди қилган эдим. Мен бироз қарздор бўлиб қолдим. Кейин қарзимни шу жойга олиб келишимни ваъда қилдиму унутиб қўйибман. Орадан уч кун ўтиб кетгандан кейин эсимга тушди. Дарҳол ўша жойга бориб қарасам, Муҳаммад турган экан. Шунда Ул зот: “Эй, йигит, мени қийнаб қўйдинг-ку, уч кундан бери сени шу жойда кутиб турибман”, деган эдилар”. (Ибнул Жавзий “Вафо” номли китобда зикр қилган).

Оиша розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: “Ёши кекса бир аёл Пайғамбар алайҳиссалом ҳузурларига келди. Шунда У зот:

— Сиз кимсиз?, - дедилар. У:

— Мен Жусоматул музайянаман (безанган ҳунук аёлман), - деди. Ул зот:

— Йўқ, балки сиз ҳасонатул музайянасиз (безанган гўзал аёлсиз), бизлардан кейин ҳолатларингиз қандай бўлган эди? – дедилар. У аёл:

— Яхши бўлган эди, ота-онам сизга фидо бўлсин ё, Расулуллоҳ, - деди.

У аёл чиқиб кетганида, мен:

— Ё, Расулуллоҳ бу қарияни бошқача кутиб олдингиз-а?, дедим. У зот:

— Ҳа, у аёл Хадича ҳоли ҳаётлик пайтида бизларнинг олдимизга келиб турарди. Албатта, олдинги қадрдонларга гўзал муомала қилиш иймондандир, - дедилар. (“Истийъоб” китобига қаранг).

Бир куни Пайғамбар алайҳиссалом ўтирган эдилар. Шу пайт эмикдош оталари келиб қолди. Расулуллоҳ кийимларининг бир томонини у кишига ёзиб бердилар, у киши устига ўтирди. Кейин эмикдош оналари келиб қолди, у кишига ҳам кийимларининг нариги томонини солдилар, устига ўтирдилар. Кейин эмикдош акалари келиб қолди, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўрниларидан туриб у кишини олдиларига ўтқиздилар. (Абу Довуд ривояти).

Пайғамбар алайҳиссаломнинг Ҳавозин қабиласида ўз мавқелари бор эди. Сабаби улар орасида У зотнинг эмикдош аммалари, холалари ва энагалари бор эди. Ҳавозинлик бир киши Пайғамбар алайҳиссаломга: “Агар биз Нўъмон ибн Мунзирни эмиздирганимизда эди, унинг меҳрибончилик қилишини умид қилган бўлардик. Ҳолбуки, сен ёшлигида ғамхўрлик қилинганларнинг энг яхшисисан”, деб айтган эди. Расулуллоҳ уларга меҳрибончилик қилардилар, ҳузур-ҳаловат бахш этардилар. Бундай қилишлари У зотнинг вафодор, меҳр-муруввватли бўлганларига энг катта гувоҳдир.

Дарҳақиқат, Пайғамбар алайҳиссалом ота-онага яхшилик қилиш, иззат-икром қилиш, уларни эъзозлаш каби лозим бўлган нарсаларни билардилар. Албатта бу борада Қуръони карим буйруғига, ҳамда покиза ҳис-туйғу, гўзал хулқ, вафодорлик чақириқларига амал қилганлар.

Асмоъ бинти Абу Бакр айтади: “Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васаллам Қурайш билан Ҳудайбия сулҳини тузганларида исломни қабул қилмаган онам  менинг олдимга келдилар. Отам Абу Бакр уларни жоҳилият даврида талоқ қилган эдилар. Ўзлари билан мен учун ҳадя олиб келибдилар. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга “Онам менинг олдимга келибдилар, уйимга киритаверайми?”, деб рухсат беришларини сўраб элчи юбордим. У зот: “Майли, онангни киритавер, у билан силайи раҳм қил”, деб элчи юбордилар.  (Имом Бухорий ривояти).

Бир киши Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васалламдан жиҳодга рухсат беришларини сўраб келди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

— Ота-онанг ҳаётми? - дедилар. У:

— Ҳа, - деб жавоб берди. У зот:

— Қайтгин-да, ота-онангдан изн сўра, агар изн берсалар жиҳод қилавер, агар изн бермасалар, уларга яхшилик қил, - дедилар. (Имом Бухорий ривояти).

Пайғамбар алайҳиссалом фарзанд доимо отасининг дўстларига ҳам яхши муносабатда бўлиб туришини буюрганлар. Бир киши Пайғамбар алайҳиссаломнинг олдиларига келиб:

— Ё, Расулуллоҳ, менинг мол-мулким ва фарзандларим бор. Отам ҳам менинг молимга муҳтождирлар, - деди. Шунда У зот:

— Сен ҳам молинг ҳам отангникидир, албатта фарзандларингиз сизларнинг энг яхши касбларингиздир. Фарзандларингизнинг касбидан еяверинглар, - дедилар. (Ибн Можа ва Тобароний ривояти).

Пайғамбар алайҳиссалом вафот этган аёллари Хадича онамизга ҳам вафодорликлари шу қадар эдики, У зот алайҳиссалом Оиша розияллоҳу анҳо эшитадиган бир ҳолатда Хадича розияллоҳу анҳонинг хизматларини тақдирлаб ёд этардилар. Бу ҳолатдан Оиша розияллоҳу анҳо рашк қилардилар, ҳатто бир куни Расулуллоҳга:

— У ёши қария бўлган аёл бўлса, Аллоҳ таоло сизга ундан яхшироғини бермадими? – деб айтганларида Пайғамбар алайҳиссалом (бу гапдан) ғазаб қилдилар ва:

— Йўқ, Аллоҳ таолога қасамки, Аллоҳ таоло ундан яхшироғини берган эмас, инсонлар инкор қилганларида, у менга иймон келтирган эди, инсонлар мени ёлғонга чиқарган вақтда у мени тасдиқлаган, инсонлар мендан маҳрум қилганларида, ўз мол-дунёси билан ғамхўрлик қилган эди. Аллоҳ таоло фақат шу аёлимдан фарзандларни ато этди, - дедилар. (Ушбу ҳадиснинг асл матни икки саҳиҳ китобда зикр қилинган)

Пайғамбар алайҳиссаломга бирор ҳадя келтирилса: “Уни фалончининг уйига олиб боринглар, у Хадичанинг дўсти эди, Хадичани яхши кўрарди”, дер эдилар.

Агар қўй сўйдирсалар ундан Хадича розияллоҳу анҳонинг дўстларига ҳам ҳадя қилардилар. Бир куни Хадича онамизнинг синглиси Пайғамбар алайҳиссаломнинг ҳузурига киришга изн сўраганида мамнунлик билан рухсат берганлар.

Яна бир аёл У зот солаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига кирганида, хушмуомалалик билан кутиб олиб, гўзал ҳолатда ундан ҳол-аҳвол сўрадилар. У аёл кетганидан сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “У аёл Хадича борлигида бизларнинг олдимизга келиб турарди. Албатта, олдинги қадрдонларга гўзал муомала қилиш иймондандир, - дедилар”.

Пайғамбар алайҳиссалом Хадича розияллоҳу анҳога уйланганларидан кейин бир куни эмизган оналари Ҳалимайи Саъдийя У зотнинг олдиларига келиб, бироз ёрдам беришларини сўрайди. У зот алайҳиссалом Хадича розияллоҳу анҳога бу ҳақида айтиб берадилар. Шунда Хадича онамиз бир туя ва қирқта қўй ҳадя қилдилар.

Орадан кўп вақт ўтиб, Ҳунайн ғазотидан кейин Ҳалима онамиз яна келдилар. Пайғамбар алайҳиссалом уларни кўриб: “Марҳабо, онам”, деб эгниларидаги ридоларини ерга тўшаб, устига ўтирғизган эдилар.

Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васалламнинг Сувайба исмли бошқа эмизган оналари ҳам бор эди. Сувайба у зотни ҳали Ҳалима билан кетишларидан илгари эмиздирган эди. Пайғамбар алайҳиссалом катта бўлиб, бундан хабардор бўлгач, Сувайбага гўзал муомала қилардилар, Маккада яшаган даврларида доимо ҳолатларидан хабар олиб турар ва ғамхўрлик қилардилар. Мадинага ҳижрат қилганларида ҳам Сувайба онанинг ҳолидан, кийим-кечагидан хабар олиб туришни унутиб қўймадилар.  

Ҳавозин асирлари орасида Шаймо исмли эмикдош сингиллари олиб келинади. Шунда Шаймо ўзини таништирганида Пайғамбар алайҳиссалом унга ридоларини тўшаб бериб: “Агар хоҳласанг бизнинг ҳузуримизда иззат-икром қилиниб яшайсан ёки ўз қавмингга қайтишингга шароит яратиб бераман”, дедилар. Шаймо ўз қавмига қайтишни танлайди. У зот алайҳиссалом рухсат берадилар.

Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васаллам ҳайвонларнинг қилган ишлари, хизматлари туфайли уларга ҳам вафодор бўлишга ҳам буюрганлар. Бир куни “Зи Қирд” ғазотидан кейин Абу Зарр розияллоҳу анҳунинг аёли Лайло Пайғамбар алайҳиссаломнинг бир туялари устида келаётиб:

— Ё, Расулуллоҳ, агар Аллоҳ таоло бунинг устида менга нажот берса, уни сўйишни назр қилдим. Унинг жигари ва ўркачидан ейман, - деди. Расулуллоҳ унинг гапидан табассум қилиб:

— Сенинг мукофотга жавоб қайтаришинг нақадар ёмондир. Ахир Аллоҳ таоло сени унинг устига миндириб қўйиб, у туфайли нажот берса ҳам уни сўймоқчимисан, албатта Аллоҳ таолога маъсият қилинадиган ўринда ва ўзинг эгалик қила олмайдиган нарсаларингда назр қилиш йўқдир. Бу менинг туям-ку! Аллоҳ ҳаққи, энди уйинга қайтгин, - дедилар.

Муҳаммад ибн Алавийнинг «Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам — комил инсон» китобидан Кўкалдош ўрта махсус ислом билим юрти мударриси Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ ўғли таржимаси.

Ahdu va’daga vafo qilish hayot turmushi go‘zal bo‘lgan, ichki dunyosi ham musaffo bo‘lgan kishilar ziynatlanadigan yuksak xulqdir. Payg‘ambar alayhissalom ahdu va’daning ustidan chiqishga, vafo qilishga da’vat etar, shunday qilishga undardilar.

Payg‘ambar alayhissalom ahdga vafo qilgan holatlarning eng ta’sirlisi Hudaybiya sulhida bo‘lgan voqeadir. Payg‘ambar alayhissalom Hudaybiya kunida bir necha shartlar ustida mushriklar bilan sulh tuzdilar. O‘sha shartlardan biri – mushriklardan biror kishi musulmon bo‘lib Payg‘ambar alayhissalomning huzurlariga Madinaga kelsa, mushriklarga qaytarib yuborishlari, agar musulmonlardan biror kishi ularning oldiga Makkaga kelib qolsa, qaytarib yubormasliklari edi. Mana shu kelishuv hali to‘laligicha bitmay turib, Abu Jandal ismli bir musulmon oyoqlaridagi kishanlari bilan Rasululloh sollallohu alayhi vasallam huzurlariga keldi. Ul zot hali bitimi tugallanmagan kelishuvga vafo qilib Abu Jandalni ortiga qaytarib yubordilar. Shunda Abu Jandal bor ovozi bilan: “Ey, musulmonlar jamoasi meni dinimga fitna qiladigan mushriklarga qaytarasizlarmi?”, deb baqirdi. Uning bu gaplari musulmonlarning mahzun holatlarini yanada kuchaytirdi. Shunda Rasululloh sollallohu alayhi vasallam: “Ey, Abu Jandal sabr qil, savobni Alloh taolodan umid qil. Albatta, Alloh taolo (tez kunlarda) sen va boshqa zaif bo‘lgan musulmonlarga yengillik va ozodlikni nasib etadi” (Qarang: Imom Buxoriy kitoblariga “Sulh” bobi. Ibn Hishomning “Siyrat” kitobi).

Sulh tuzilganidan keyin Payg‘ambar alayhissalom Madinaga qaytib keldilar. Ko‘p vaqt o‘tmay, qurayshlik bo‘lgan Abu Busayr nomli kishi musulmon bo‘lib, U zotning huzurlariga keldi. Qurayshliklar bu holatdan xabar topib, uning ortidan ikki kishini yuborishgan edi. U ikki kishi kelib: “Biz bilan kelishgan ahd nima bo‘ladi”, deyishdi. Shunda Rasululloh sollallohu alayhi vasallam Abu Busayrni ularga topshirdilar. Keyin ular chiqib ketdilar. Zulhulayfaga yetib borganlarida, xurmolaridan tanovul qilaylik, deb bir joyga to‘xtadilar. Abu Busayr ularning biriga qarab: “Allohga qasamki, ey, falonchi mana bu qilich juda yaxshiga o‘xshayapti”, dedi. Shunda sherigi qilichni qinidan sug‘urib chiqardi-da: “Ha, haqiqatdan ham bu zo‘r qilich, buni bir necha bor tajribadan o‘tkazgandim”, dedi. Shunda Abu Busayr: “Qani qilichingni bir ko‘raychi”, deb, qilichni qo‘liga olishi bilan haligi kishiga zarba urdi. Shu zahotiyoq, joni uzilib, yerga quladi. Sherigi bu holatni ko‘rib, qochib ketdi va Madinaga keldi. Masjidga yugurgancha kirib keldi. Rasululloh sollalohu alayhi vasallam uni ko‘rganlarida: “Bu kishi dahshatli holatni ko‘rgan”, dedilar. Payg‘ambar alayhissalomni oldilariga kelib: “Allohga qasamki, U sherigimni qatl qildi, meni ham o‘ldirmoqchi”, dedi. Shu payt Abu Busayr kelib: “Ey, Allohning payg‘ambari, Allohga qasamki, Alloh taolo sizning ahdingizni ro‘yobga chiqardi. Haqiqatdan ham siz meni ularga qaytardingiz, so‘ng Alloh taolo meni ulardan xalos qildi”, dedi. Shunda Payg‘ambar alayhissalom “Urushga moyil bo‘lib turgan bir qavmga urush alangasini qo‘zg‘atib yuborgan kishining onasiga vayl bo‘lsin”, dedilar. Abu Busayr bu gaplarni eshitib, Rasululloh uni yana orqaga yuboradilar, deb o‘ylab oldilaridan chiqib ketdi. “Sayful bahr” degan joyga kelib, shu joyda qo‘nim topdi. Ko‘p vaqt o‘tmasdan Abu Jandal ibn Suhayl ham Quraysh orasidan qochib qutuldi va Abu Busayrning oldiga kelib birlashdi. Shunday qilib Qurayshdan bo‘lgan biror kishi islomni qabul qilsa, kelib Abu Busayrning safiga qo‘shilardi. Borib-borib ular bir jamoatga aylandilar. Ular Qurayshning Shom tomon chiqqan biror bir karvonini eshitib qolsalar, yo‘lini to‘sib chiqishardi, karvondagilarni o‘ldirib, mollarini tortib olardilar. Bu holatlardan qiynalib ketgan Qurayshliklar kelishilgan ahdnomadan istisno o‘laroq, Payg‘ambar alayhissalomga Alloh taolo nomi bilan va qarindoshlikni o‘rtaga qo‘yib iltimos qilib elchi yuborishdi. Qurayshliklar elchilari orqali Payg‘ambar alayhissalomdan Abu Busayr va uning sheriklariga Madinaga kirishlariga ruxsat berishlarini, ulardan birortalari kelishsa, omonda bo‘lishini aytishib iltimos qilishdi. Shunda Payg‘ambar alayhissalom Abu Busayrga Madinaga kirishlariga ruxsat berganlarini yetkazib qo‘yish uchun bir elchini jo‘natdilar.

Darhaqiqat, Payg‘ambar alayhissalom ahdlariga doimo rioya qilardilar, ahdning shartlariga vafo qilardilar. Bu borada U zotning fazllari, uzoqni ko‘ra bilishlari ochiq-oydin namoyon bo‘lgan. Quyida Rasululloh sollallohu alayhi vasallamning ahdga vafodor bo‘lganlari haqida bir nechta misollarni aytib o‘tamiz:

Abdulloh ibn Abulhamso aytadi: “Men Payg‘ambar alayhissalom bilan hali payg‘ambar bo‘lishlaridan oldin oldi-sotdi qilgan edim. Men biroz qarzdor bo‘lib qoldim. Keyin qarzimni shu joyga olib kelishimni va’da qildimu unutib qo‘yibman. Oradan uch kun o‘tib ketgandan keyin esimga tushdi. Darhol o‘sha joyga borib qarasam, Muhammad turgan ekan. Shunda Ul zot: “Ey, yigit, meni qiynab qo‘yding-ku, uch kundan beri seni shu joyda kutib turibman”, degan edilar”. (Ibnul Javziy “Vafo” nomli kitobda zikr qilgan).

Oisha roziyallohu anhumodan rivoyat qilinadi: “Yoshi keksa bir ayol Payg‘ambar alayhissalom huzurlariga keldi. Shunda U zot:

— Siz kimsiz?, - dedilar. U:

— Men Jusomatul muzayyanaman (bezangan hunuk ayolman), - dedi. Ul zot:

— Yo‘q, balki siz hasonatul muzayyanasiz (bezangan go‘zal ayolsiz), bizlardan keyin holatlaringiz qanday bo‘lgan edi? – dedilar. U ayol:

— Yaxshi bo‘lgan edi, ota-onam sizga fido bo‘lsin yo, Rasululloh, - dedi.

U ayol chiqib ketganida, men:

— Yo, Rasululloh bu qariyani boshqacha kutib oldingiz-a?, dedim. U zot:

— Ha, u ayol Xadicha holi hayotlik paytida bizlarning oldimizga kelib turardi. Albatta, oldingi qadrdonlarga go‘zal muomala qilish iymondandir, - dedilar. (“Istiy’ob” kitobiga qarang).

Bir kuni Payg‘ambar alayhissalom o‘tirgan edilar. Shu payt emikdosh otalari kelib qoldi. Rasululloh kiyimlarining bir tomonini u kishiga yozib berdilar, u kishi ustiga o‘tirdi. Keyin emikdosh onalari kelib qoldi, u kishiga ham kiyimlarining narigi tomonini soldilar, ustiga o‘tirdilar. Keyin emikdosh akalari kelib qoldi, Rasululloh sollallohu alayhi vasallam o‘rnilaridan turib u kishini oldilariga o‘tqizdilar. (Abu Dovud rivoyati).

Payg‘ambar alayhissalomning Havozin qabilasida o‘z mavqelari bor edi. Sababi ular orasida U zotning emikdosh ammalari, xolalari va enagalari bor edi. Havozinlik bir kishi Payg‘ambar alayhissalomga: “Agar biz No‘‘mon ibn Munzirni emizdirganimizda edi, uning mehribonchilik qilishini umid qilgan bo‘lardik. Holbuki, sen yoshligida g‘amxo‘rlik qilinganlarning eng yaxshisisan”, deb aytgan edi. Rasululloh ularga mehribonchilik qilardilar, huzur-halovat baxsh etardilar. Bunday qilishlari U zotning vafodor, mehr-muruvvvatli bo‘lganlariga eng katta guvohdir.

Darhaqiqat, Payg‘ambar alayhissalom ota-onaga yaxshilik qilish, izzat-ikrom qilish, ularni e’zozlash kabi lozim bo‘lgan narsalarni bilardilar. Albatta bu borada Qur’oni karim buyrug‘iga, hamda pokiza his-tuyg‘u, go‘zal xulq, vafodorlik chaqiriqlariga amal qilganlar.

Asmo’ binti Abu Bakr aytadi: “Rasululloh sollalohu alayhi vasallam Quraysh bilan Hudaybiya sulhini tuzganlarida islomni qabul qilmagan onam  mening oldimga keldilar. Otam Abu Bakr ularni johiliyat davrida taloq qilgan edilar. O‘zlari bilan men uchun hadya olib kelibdilar. Shunda Rasululloh sollallohu alayhi vasallamga “Onam mening oldimga kelibdilar, uyimga kiritaveraymi?”, deb ruxsat berishlarini so‘rab elchi yubordim. U zot: “Mayli, onangni kiritaver, u bilan silayi rahm qil”, deb elchi yubordilar.  (Imom Buxoriy rivoyati).

Bir kishi Rasululloh sollalohu alayhi vasallamdan jihodga ruxsat berishlarini so‘rab keldi. Shunda Rasululloh sollallohu alayhi vasallam:

— Ota-onang hayotmi? - dedilar. U:

— Ha, - deb javob berdi. U zot:

— Qaytgin-da, ota-onangdan izn so‘ra, agar izn bersalar jihod qilaver, agar izn bermasalar, ularga yaxshilik qil, - dedilar. (Imom Buxoriy rivoyati).

Payg‘ambar alayhissalom farzand doimo otasining do‘stlariga ham yaxshi munosabatda bo‘lib turishini buyurganlar. Bir kishi Payg‘ambar alayhissalomning oldilariga kelib:

— Yo, Rasululloh, mening mol-mulkim va farzandlarim bor. Otam ham mening molimga muhtojdirlar, - dedi. Shunda U zot:

— Sen ham moling ham otangnikidir, albatta farzandlaringiz sizlarning eng yaxshi kasblaringizdir. Farzandlaringizning kasbidan yeyaveringlar, - dedilar. (Ibn Moja va Tobaroniy rivoyati).

Payg‘ambar alayhissalom vafot etgan ayollari Xadicha onamizga ham vafodorliklari shu qadar ediki, U zot alayhissalom Oisha roziyallohu anho eshitadigan bir holatda Xadicha roziyallohu anhoning xizmatlarini taqdirlab yod etardilar. Bu holatdan Oisha roziyallohu anho rashk qilardilar, hatto bir kuni Rasulullohga:

— U yoshi qariya bo‘lgan ayol bo‘lsa, Alloh taolo sizga undan yaxshirog‘ini bermadimi? – deb aytganlarida Payg‘ambar alayhissalom (bu gapdan) g‘azab qildilar va:

— Yo‘q, Alloh taologa qasamki, Alloh taolo undan yaxshirog‘ini bergan emas, insonlar inkor qilganlarida, u menga iymon keltirgan edi, insonlar meni yolg‘onga chiqargan vaqtda u meni tasdiqlagan, insonlar mendan mahrum qilganlarida, o‘z mol-dunyosi bilan g‘amxo‘rlik qilgan edi. Alloh taolo faqat shu ayolimdan farzandlarni ato etdi, - dedilar. (Ushbu hadisning asl matni ikki sahih kitobda zikr qilingan)

Payg‘ambar alayhissalomga biror hadya keltirilsa: “Uni falonchining uyiga olib boringlar, u Xadichaning do‘sti edi, Xadichani yaxshi ko‘rardi”, der edilar.

Agar qo‘y so‘ydirsalar undan Xadicha roziyallohu anhoning do‘stlariga ham hadya qilardilar. Bir kuni Xadicha onamizning singlisi Payg‘ambar alayhissalomning huzuriga kirishga izn so‘raganida mamnunlik bilan ruxsat berganlar.

Yana bir ayol U zot solallohu alayhi vasallamning huzurlariga kirganida, xushmuomalalik bilan kutib olib, go‘zal holatda undan hol-ahvol so‘radilar. U ayol ketganidan so‘ng Rasululloh sollallohu alayhi vasallam: “U ayol Xadicha borligida bizlarning oldimizga kelib turardi. Albatta, oldingi qadrdonlarga go‘zal muomala qilish iymondandir, - dedilar”.

Payg‘ambar alayhissalom Xadicha roziyallohu anhoga uylanganlaridan keyin bir kuni emizgan onalari Halimayi Sa’diyya U zotning oldilariga kelib, biroz yordam berishlarini so‘raydi. U zot alayhissalom Xadicha roziyallohu anhoga bu haqida aytib beradilar. Shunda Xadicha onamiz bir tuya va qirqta qo‘y hadya qildilar.

Oradan ko‘p vaqt o‘tib, Hunayn g‘azotidan keyin Halima onamiz yana keldilar. Payg‘ambar alayhissalom ularni ko‘rib: “Marhabo, onam”, deb egnilaridagi ridolarini yerga to‘shab, ustiga o‘tirg‘izgan edilar.

Rasululloh sollalohu alayhi vasallamning Suvayba ismli boshqa emizgan onalari ham bor edi. Suvayba u zotni hali Halima bilan ketishlaridan ilgari emizdirgan edi. Payg‘ambar alayhissalom katta bo‘lib, bundan xabardor bo‘lgach, Suvaybaga go‘zal muomala qilardilar, Makkada yashagan davrlarida doimo holatlaridan xabar olib turar va g‘amxo‘rlik qilardilar. Madinaga hijrat qilganlarida ham Suvayba onaning holidan, kiyim-kechagidan xabar olib turishni unutib qo‘ymadilar.  

Havozin asirlari orasida Shaymo ismli emikdosh singillari olib kelinadi. Shunda Shaymo o‘zini tanishtirganida Payg‘ambar alayhissalom unga ridolarini to‘shab berib: “Agar xohlasang bizning huzurimizda izzat-ikrom qilinib yashaysan yoki o‘z qavmingga qaytishingga sharoit yaratib beraman”, dedilar. Shaymo o‘z qavmiga qaytishni tanlaydi. U zot alayhissalom ruxsat beradilar.

Rasululloh sollalohu alayhi vasallam hayvonlarning qilgan ishlari, xizmatlari tufayli ularga ham vafodor bo‘lishga ham buyurganlar. Bir kuni “Zi Qird” g‘azotidan keyin Abu Zarr roziyallohu anhuning ayoli Laylo Payg‘ambar alayhissalomning bir tuyalari ustida kelayotib:

— Yo, Rasululloh, agar Alloh taolo buning ustida menga najot bersa, uni so‘yishni nazr qildim. Uning jigari va o‘rkachidan yeyman, - dedi. Rasululloh uning gapidan tabassum qilib:

— Sening mukofotga javob qaytarishing naqadar yomondir. Axir Alloh taolo seni uning ustiga mindirib qo‘yib, u tufayli najot bersa ham uni so‘ymoqchimisan, albatta Alloh taologa ma’siyat qilinadigan o‘rinda va o‘zing egalik qila olmaydigan narsalaringda nazr qilish yo‘qdir. Bu mening tuyam-ku! Alloh haqqi, endi uyinga qaytgin, - dedilar.

Muhammad ibn Alaviyning «Muhammad sollallohu alayhi vasallam — komil inson» kitobidan Ko‘kaldosh o‘rta maxsus islom bilim yurti mudarrisi G‘iyosiddin Habibulloh o‘g‘li tarjimasi.