Пайғамбар алайҳиссалом — тавозели зот

Рукн: Муҳаммад (с.а.в.) сийратлари Чоп этилган: 07.12.2016

“Маҳбуб Пайғамбар (с.а.в.)” номли сийрат танловига

“Тавозе” сўзи луғатда “ўзини паст олиш”, “итоат қилиш”, деган маъноларни билдиради. Урфда эса, “инсон ўзининг мансаби, улуғлиги талаб этиб турган ҳолатдан чиқиши ва ўзига ўхшаганлар мартабасига тушиши”, деган маънони билдиради. Муҳаққиқларнинг наздида: “банда ўз нафсига қадри ҳам, қиймати ҳам, алоҳида ажралиб турадиган хислати ҳам йўқ деб қараши ва ўзи турган ҳолатни ҳақли бўлганидан анча юқори деб билиши”, деган маънони англатади.

Абу Зайд розияллоҳу анҳу айтадилар: “Модомики банда инсонлар ичида ўзидан ёмонроқ инсон бор деб гумон қилар экан, у мутакаббирдир. У зотдан: “Банда қачон камтар бўлади?” деб сўралдганда: “Банда ўз нафси учун бирор сўзни ҳам, бирор ҳолатни ҳам бор деб билмаганда” деб жавоб бердилар. Ҳикматларда айтилади: “Киши камтарлик қилганда ўзини қилган ишидан устун кўрадиган бўлса, ҳақиқий камтар бўлмайди. Балки, камтарлик қилганда ўзини қилган ишидан паст кўрадиган бўлсагина ҳақиқий камтар бўлади”.

Камтарлик гоҳо банда ўз Парвардигорининг улуғлигини мушоҳада қилишидан пайдо бўлади. Мана шу ҳақиқий камтарликдир. Яна гоҳида банда ўзининг нафсидаги ноқисликни кўрган вақтида пайдо бўлади.

Биринчи турдаги камтарлик нафсни тинчлантиради ва уни эритиб юборади. Манманлигини йўққа чиқаради ва нафсдан бошлиқлик ва кибр дарахтини илдизи билан суғуриб олади. Натижада банда ғурур ва кеккайишга бормайди. Иккинчи турдаги камтарлик эса, бандани фазилат даражаларига кўтарилишига олиб боради. Пайғамбаримиз Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи васаллам камтар инсонларнинг саййиди эдилар. Бу борада У зотда мукаммал намуна ва тўлиқ насиба бордир.

Қуйида Пайғамбар соллоллоҳу алайҳи васалламнинг камтарликларидан мисолларни айтиб ўтамиз:  

  1. Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: “Мени насронийлар Ибн Марямни (яъни, Исо алайҳиссаломни) мақтаганлари каби мақтаманглар! Мен бандаман, “Аллоҳнинг бандаси ва расули” деб айтинглар!” дедилар. (Имом Бухорий ривояти). У зотнинг “Мени мақтаманглар” деган сўзлари “Мени мақташда ёлғон қўшиб ҳаддан ортиқ мақтаманглар, худди насронийлар саййидимиз Исо алайҳиссаломни мақташда ҳаддан ошганлари каби. Улар Исо алайҳиссаломни илоҳ ва илоҳнинг ўғли қилиб қўйдилар. Уларнинг кўзлари ҳудус (пайдо бўлиш, йўқдан бор бўлиш, қадим бўлмаган) нарсаларнинг далиллари ва гувоҳларини кўришдан кўр бўлиб қолган эди. У зотнинг “Мен бандаман, “Аллоҳнинг бандаси ва расули” деб айтинглар!” деган сўзлари ва бошқа бир ривоятда “Мен Аллоҳнинг бандасиман” деб марҳамат қилган сўзлари - “Мен фақат банда ва расулман холос” деган маънони билдиради. Бунга У зотнинг: “Аллоҳнинг бандаси ва расули” деб айтинглар!” деган сўзлари ҳам далолат қилади. Бу сўзда Аллоҳ таолонинг қуйидаги оятига ҳам ишора бор: (Эй, Муҳaммaд, улaргa) aйтинг: “Дaрҳaқиқaт, мeн ҳaм сизлaр кaби бир бaшaрдирмaн. (Фaқaт) мeнгa илoҳингиз ёлғиз илoҳ экани ҳaқидa вaҳий этилмoқдa”. У зотнинг Аллоҳнинг бандаси ва расули эканликларидан Аллоҳ таолога бандалик қилиш борасида бошқалар билан тенг эканликлари келиб чиқмайди. Зеро Расулуллоҳнинг Парвардигорни мушоҳада қилиш ва ундан ғафлатда бўлмасликдан иборат бўлган бандаликлари бошқаларникидан афзал ва улуғ бўлган. Чунки У зот соллоллоҳу алайҳи васаллам инсоний камолиятнинг айни ўзи бўлган бу васф борасида барча мавжудотларнинг мукаммали ҳисобланадилар.

  2. Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Бир аёл Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васалламнинг олдига келди ва “Мени сизда бир юмушим бор” деди. Шунда У зот: Мадинанинг қайси йўлида ўтиришни хоҳласанг ўша ерда ўтир! Мен ҳам сен билан (ҳожатингни эшитгани) ўтираман” дедилар. (Термизий ривояти). Имом Муслимнинг ривоятида “Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам йўлда у билан то юмушидан фориғ бўлганича ўтирдилар” деган қўшимчаси бор. Анас розияллоҳу анҳу зиёда қилдилар: “Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам у билан ўзларининг ёнидаги кишиларнинг кўзлари кўрмайдиган даражада йироқлашдилар” Узоқлашишдан мақсад у аёл билан келганлар ёки Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васалламнинг олдидаги кишилар аёлнинг шикоятини эшитмаслиги учун эди. Имом Бухорий раҳматуллоҳи алайҳ зикр қиладилар: “Чўри Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васалламнинг қўлларидан тутиб, ўзининг юмушини бажаришга олиб борар эди”. Мана шу ишларда Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васалламнинг камтарликларини мукаммаллиги бордир. Бу ҳеч кимга махфий эмас. Насоийнинг ривоятида “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бева аёл, мискинлар билан бирга юришдан кибр қилмас эдилар. Уларнинг юмушларини бажариб берар эдилар” деб келган.

  3. Аллоҳ таоло У зотга пайғамбар банда ёки пайғамбар фаришта бўлиш борасида танлаш ҳуқуқини берган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳ таолога тавозеъ қилиб бандаликни танладилар. Бу Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда айтиб ўтилган: Жаброил алайҳиссалом Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларида ўтирганларида осмонга қарасалар, бир фаришта тушиб келаётган эди. Жаброил алайҳиссалом: Бу фаришта яратилганидан бери ҳали ерга тушмаган дедилар. Тушгандан сўнг ҳалиги фаришта: Эй Муҳаммад, Роббинг мени сенга элчи қилиб юборди, сени пайғамбар фаришта қилибми ёки росул банда қилиб қўяйми? деди. Жаброил алайҳиссалом: “Эй Муҳаммад, Роббингизга нисбатан тавозуъли бўлинг, дедилар. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: Расул банда қилишини ихтиёр этдим, дедилар.

  4. Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам касалларни кўргани борар, жаноза номозларида ҳозир бўлар, эшакка минар, қулларнинг чақириғига ҳам лаббай дея жавоб берардилар. Бани Қурайза ғазоти бўлган куни У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам хурмонинг терисидан тайёрланган юган билан жиҳозланган эшакда эдилар. Эшакнинг устида хурмонинг терисидан тайёрланган эгари бор эди. (Термизий ривояти). Ривоятда “У зот эшакни минар эдилар, дейилишидан мақсад ундан яхшироқ уловларга минишга қодир бўлсалар ҳам эшакка минардилар деган маънони билдиради. Миниладиган ҳайвонларни бошқариш учун оғзига қўйиладиган юганлари ҳам хурмонинг терисидан ясалган эди. Одатда хурмонинг терисидан арқон ва дағал кўрпачаларни тайёрланар эди. Шунингдек, эгарлари ҳам хурмонинг терисидан бўлиши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдаги камтарлик энг юқори даражада бўлганига ёрқин далилдир.

  5. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам касал кишига яқин келиб, унинг бош тарафига ўтирар ва унинг аҳволи ҳақида сўрар эди. Унга қарата: “Ўзингни қандай хис қиляпсан ёки қандай тонг орттирдинг ёки қандай тунни ўтказдинг?” дер эдилар. Яна: “Ҳечқиси йўқ, Аллоҳ таолонинг изни билан гуноҳларни ювувчи бўлади!” дер эдилар. Яна беморнинг оғриётган жойига қўлларини қўйиб: “Аллоҳнинг исми билан сенга азият бераётган ҳар қайси дардга Аллоҳ таоло шифо берсин!”, деб дуо қилар эдилар.

  6. Табарийнинг “Мухтасарус сийра” китобида қуйидаги маълумотлар келади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Қубога кетаётган вақтларида эгарсиз эшакка миниб олган эдилар. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу У зот билан бирга эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга қарата: “Сени миндириб оламан!” дедилар. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу: “Сиз нима десангиз шу, ё Расулуллоҳ!” деди. У зот: “Мин!” дедилар. Абу Ҳурайра мина олмади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уни миндирмоқчи бўлиб, қўлидан ушлаб торттилар ва иккилари ҳам йиқилиб тушдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам яна эшакка миндиларда ва биринчи таклифларини айтдилар. Улар яна йиқилиб тушдилар. У зот яна миндилар ва аввалги таклифни яна қайтардилар. Шунда Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу: “Сизни ҳақ билан юборган зотга қасамки, учинчи бор сизга озор бермайман!” деди.

  7. Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам арпадан тайёрланган нон ва тахир думба ёғи билан меҳмондорчилик қилишга чақирилсалар ҳам борар эдилар. (Термизий ривояти). Ҳадисда келган сўзни “думба ёғи” деб таржима қилдик. Унинг асл маъноси: нонга қўшиб ейиладиган ёғ ёки думба ва чарви ёғи ёки қотиб қолган ёғ деган маъноларни билдиради.

  8. Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам эски эгар, унинг устида тўрт дирҳам қийматга ҳам эга бўлмаган мато ёпилган бир улов устида ҳаж қилдилар. У Зот: “Ё Аллоҳ, бу ҳажни риёси ва сумъаси бўлмаган ҳажлар қаторида қилгин!” деб дуо қилар эдилар. (Имом Термизий “Шамоил” китобида ривоят қилган). Эгар бу минишлик учун уловнинг устига қўйиладиган нарса бўлиб, туяларники “القتب” – (ал-қотаб), отларники “السرج” – (ас-сарж), эшакларники эса “البرذعة” – (ал-барзаъаҳ) дейилади. Ҳадисда келган “эски” деган сўз чириган деган маънода келган. Ҳадисда келган “унинг устида тўрт дирҳам қийматга ҳам эга бўлмаган мато” деган сўз тўрт дирҳамга ҳам арзимайдиган мато деган маънода келган. Бу билан мана шундай кўринишдаги уловга минган киши ҳажга муносиб бўлиши учун тавозуликнинг энг улуғ ҳолатида бўлади. Чунки ҳаж барча алоқалардан узилиб, ўзини ёлғиз Аллоҳга бағишлаш ҳолатидир. У зотнинг: “Ё Аллоҳ, бу ҳажни риёси, сумъаси бўлмаган ҳаж қаторида қилгин!” деган сўзлари “Эй, Аллоҳ Ўзингни розилигинг учун холис бўлиши насиб қил, деган маънодадир. Инсонлар кўриши ёки эшитиши учун ёки мақтов билан ҳурмат қилишлари ёки У зотнинг шон-шуҳратларини қалбларида улуғлашлари учун эмас. Бу Расулуллоҳ томонидан бўлган дуо эди. Бундай дуо қилишлари ул зот соллаллоҳу алайҳи васаллам нақадар камтарин бўлганларининг яққол намунасидир. Расулуллоҳ бундай дуо қилишлари билан ўзларини оддий инсонлар қаторига қўйдилар. Зеро, риё ва сумъа маъсум зотларда ўзи бўлмайди. Балки, қиммат уловларга минган, дабдабали кийимларни кийиб ҳаж қилган кишиларда бўлиши мумкин.

  9. Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Саҳобаларга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан кўра севикли инсон йўқ эди. Шундай бўлишига қарамай, улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни келаётганларини  кўрсалар, ўринларидан турмас эдилар. Чунки, саҳобалар Расулуллоҳ бундай ишларини ёмон кўришларини билардилар. Яъни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ишни ёмон кўришларини билганлари учун ўринларидан турмас эдилар. Бу У зотнинг тавозеълари мукаммал, улар билан гўзал муомалада бўлганларини билдиради. Шу ҳолатда саҳобалар У зотнинг хоҳишларини, ўзларининг хоҳишларидан устун кўрдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг уларни ўринларидан туришларини ёмон кўришлари камтаринликни яхши кўрганларидан ва рубубиятнинг гўзаллигини эътироф этганларидандир. Зеро, ўриндан туриш фақатгина оламларнинг Парвардигорига бўлар эди. Ана энди бу гаплар солиҳ ва фозил инсонлар келганда ўриндан туриш кераклигига зид келмайди. Чунки саҳобалар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам учун ўринларидан турганлари борасида ҳам ҳадислар ривоят қилинган. Бу ҳадисларни бир бирига мувофиқлаштириш мақсадида шундай дейишимиз мумкин: Саҳобалар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни олдиларига келмаётганларини узоқдан кўриб қолсалар ўринларидан турмаганлар ёки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир неча бор туриб, яна қайтиб келганларида  саҳобалар иккинчи-учинчи бор ўринларидан турмаган бўлишлари мумкин. Бироқ бу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам биринчи бор келганларида ва қайтиб кетаётганларида саҳобалар ўринларидан турганларини инкор қилмайди (яъни шундай ҳолатда ўрниларидан турганлар).

  10. Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Менга туёқлар ҳадия қилинса, албатта қабул қиламан. Агар бирор жойга чақирилсам, албатта бораман” дедилар. Туёқ бу ҳаёвонларнинг тиззасини пастки қисми ёки тўпиғининг пастки қисмидир. Бир ривоятда қўй ва сигирларда болдирнинг юпқа қисми дейилган.

  11. Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам инсонлардан бир инсон эдилар. Кийимларини кўздан кечирар, қўйларини соғар, ўзларига хизмат қилар эдилар. Бир ривоятда: ”Кийимларини тикар, оёқ кийимларини тузатар эдилар”, бошқа бир ривоятда: “Кийимларини ямар, эркаклар уйларида қиладиган ишларни қилар эдилар”, дейилган. Яна бошқа бир ривоятда: “Уй ишларини қилар, энг кўп қиладиган ишлари тикиш эди, яъни уйларида барча инсонлар қиладиган ишларни қилар эдилар”, дейилган. Албатта, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ишларни камтарликлари учун ва камтар бўлишга чорлаш мақсадида қилар эдилар. Подшоҳларнинг одати каби оддий ишларни қилишда ўзларини катта олмас эдилар. Оиша розияллоҳу анҳо бу гаплари билан кофирларнинг эътиқодини даф қилдилар. Чунки, уларнинг эътиқодича, барча инсонлар қиладиган оддий ишларни қилиш пайғамбар мансабига лойиқ бўлмайди экан. Шунинг учун ҳам Оиша розияллоҳу анҳо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қиладиган баъзи ишларни санаб ўтдилар: “Кийимларини кўздан кечирардилар” яъни кийимларига ҳар хил тиконлар илинган бўлса олиб ташлаш мақсадида кўздан кечирардилар ёки кийимларини ямоқ қўйиб ямар эдилар. Бундан баъзилар ўйлагани каби битга ўхшаш нарсаларни олиб ташлаш учун кийимларини кўздан кечирардилар деган маъно тушнилмайди. Чунки пайғамбарларнинг баданларига ҳашоратлар яқинлашмайди. Оиша розияллоҳу анҳо айтадилар: “Қўйларини соғар эдилар” яъни ундан сутни олар эдилар. “Ўзларига хизмат қилар эдилар” яъни, ўзлари бажариши лозим бўлган таҳорат сувини тайёрлаш бўлсин, ўз аъзоларини ювиш бўлсин, барчасини ўзлари бажарар эдилар. Бир ривоятда: “Кийимларини тикар эдилар” яъни, юқорида айтилганидек, ямар эдилар. “Оёқ кийимларини тузатар эдилар” яъни тикар, тешилиб қолган жойларини ямар эдилар, деб айтилган.

  12. Табарийнинг “Мухтасарус сийра” китобида қуйидаги маълумотлар келади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир сафарда эдилар. Саҳобаларга сўйилган қўйни тайёрлашни буюрдилар. Бир киши мен терисини шиламан деди. Бошқаси мен пишираман деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мен ўтин йиғиб келаман, дедилар. Шунда саҳобалар: “Ё Расулуллоҳ! Барча ишларни ўзимиз қиламиз” дедилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Барча ишни ўзингиз қила олишингизни биламан. Лекин, сизлардан ажралиб туришни ёмон кўраман. Аллоҳ таоло - бандаси ўзини бошқа дўстларидан ажралиб тураман деб ўйлашини ёмон кўради” дедилар.

  13. Бу ҳадислар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни тавозеда етук эканликлари, доимо камтарлик, ўзини паст олишга қаттиқ қизиқишлари, дунёнинг зийнатлари ва неъматларига оз эътибор беришлари ва буларнинг барчаси паст нарсалар экани, Аллоҳ таолонинг ҳузуридаги нарсалар яхши ва боқий эканини кўрсатишларига очиқ далолат қилиб турибди. Зеро, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобалар У зотни улуғлашлари ёки насронийлар Исо ибн Марям алайҳиссаломни мақтаганлари каби мақташларини ёқтирмаганлар. Улар Исо алайҳиссалом илоҳ ёки илоҳнинг ўғли деб адашдилар ва залолатга кетдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳожатманд кишиларга эътибор берар, уларга қулоқ солар, уларнинг юмушларини бажарар эдилар. Гарчи, ўша юмушларнинг эгаси қул ёки аёл киши бўлса ҳам. Ҳожатманд кишиларнинг сирларига омонатдор эдилар. Уларнинг сирларини ошкор қилмас, тарқатмас ва бегона киши эшитиши мумкин бўлган жойдан узоқлашар эдилар.

  14. Ўзларининг ҳолатларини саҳобалардан яширар, уларга ошкора қилмас эдилар. Бунга мисол Ўзларининг совутларини ўттиз соъ арпа эвазига гаровга қўйганларидир. Бу нарсаларни уйларида ишлатиш учун олган эдилар. Юқорида батафсил айтиб ўтилган бундан бошқа нарсаларни мисол қилиб келтиришимиз мумкин.

Муҳаммад ибн Алавийнинг «Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам — комил инсон» китобидан Кўкалдош ўрта махсус ислом билим юрти мударриси Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ ўғли таржимаси.


“Tavoze” so‘zi lug‘atda “o‘zini past olish”, “itoat qilish”, degan ma’nolarni bildiradi. Urfda esa, “inson o‘zining mansabi, ulug‘ligi talab etib turgan holatdan chiqishi va o‘ziga o‘xshaganlar martabasiga tushishi”, degan ma’noni bildiradi. Muhaqqiqlarning nazdida: “banda o‘z nafsiga qadri ham, qiymati ham, alohida ajralib turadigan xislati ham yo‘q deb qarashi va o‘zi turgan holatni haqli bo‘lganidan ancha yuqori deb bilishi”, degan ma’noni anglatadi.

Abu Zayd roziyallohu anhu aytadilar: “Modomiki banda insonlar ichida o‘zidan yomonroq inson bor deb gumon qilar ekan, u mutakabbirdir. U zotdan: “Banda qachon kamtar bo‘ladi?” deb so‘raldganda: “Banda o‘z nafsi uchun biror so‘zni ham, biror holatni ham bor deb bilmaganda” deb javob berdilar. Hikmatlarda aytiladi: “Kishi kamtarlik qilganda o‘zini qilgan ishidan ustun ko‘radigan bo‘lsa, haqiqiy kamtar bo‘lmaydi. Balki, kamtarlik qilganda o‘zini qilgan ishidan past ko‘radigan bo‘lsagina haqiqiy kamtar bo‘ladi”.

Kamtarlik goho banda o‘z Parvardigorining ulug‘ligini mushohada qilishidan paydo bo‘ladi. Mana shu haqiqiy kamtarlikdir. Yana gohida banda o‘zining nafsidagi noqislikni ko‘rgan vaqtida paydo bo‘ladi.

Birinchi turdagi kamtarlik nafsni tinchlantiradi va uni eritib yuboradi. Manmanligini yo‘qqa chiqaradi va nafsdan boshliqlik va kibr daraxtini ildizi bilan sug‘urib oladi. Natijada banda g‘urur va kekkayishga bormaydi. Ikkinchi turdagi kamtarlik esa, bandani fazilat darajalariga ko‘tarilishiga olib boradi. Payg‘ambarimiz Muhammad sollollohu alayhi vasallam kamtar insonlarning sayyidi edilar. Bu borada U zotda mukammal namuna va to‘liq nasiba bordir.

Quyida Payg‘ambar sollollohu alayhi vasallamning kamtarliklaridan misollarni aytib o‘tamiz:  

  1. Umar roziyallohu anhudan rivoyat qilinadi: Rasululloh sollollohu alayhi vasallam: “Meni nasroniylar Ibn Maryamni (ya’ni, Iso alayhissalomni) maqtaganlari kabi maqtamanglar! Men bandaman, “Allohning bandasi va rasuli” deb aytinglar!” dedilar. (Imom Buxoriy rivoyati). U zotning “Meni maqtamanglar” degan so‘zlari “Meni maqtashda yolg‘on qo‘shib haddan ortiq maqtamanglar, xuddi nasroniylar sayyidimiz Iso alayhissalomni maqtashda haddan oshganlari kabi. Ular Iso alayhissalomni iloh va ilohning o‘g‘li qilib qo‘ydilar. Ularning ko‘zlari hudus (paydo bo‘lish, yo‘qdan bor bo‘lish, qadim bo‘lmagan) narsalarning dalillari va guvohlarini ko‘rishdan ko‘r bo‘lib qolgan edi. U zotning “Men bandaman, “Allohning bandasi va rasuli” deb aytinglar!” degan so‘zlari va boshqa bir rivoyatda “Men Allohning bandasiman” deb marhamat qilgan so‘zlari - “Men faqat banda va rasulman xolos” degan ma’noni bildiradi. Bunga U zotning: “Allohning bandasi va rasuli” deb aytinglar!” degan so‘zlari ham dalolat qiladi. Bu so‘zda Alloh taoloning quyidagi oyatiga ham ishora bor: (Ey, Muhammad, ularga) ayting: “Darhaqiqat, men ham sizlar kabi bir bashardirman. (Faqat) menga ilohingiz yolg‘iz iloh ekani haqida vahiy etilmoqda”. U zotning Allohning bandasi va rasuli ekanliklaridan Alloh taologa bandalik qilish borasida boshqalar bilan teng ekanliklari kelib chiqmaydi. Zero Rasulullohning Parvardigorni mushohada qilish va undan g‘aflatda bo‘lmaslikdan iborat bo‘lgan bandaliklari boshqalarnikidan afzal va ulug‘ bo‘lgan. Chunki U zot sollollohu alayhi vasallam insoniy kamoliyatning ayni o‘zi bo‘lgan bu vasf borasida barcha mavjudotlarning mukammali hisoblanadilar.

  2. Anas ibn Molik roziyallohu anhudan rivoyat qilinadi: “Bir ayol Rasululloh sollollohu alayhi vasallamning oldiga keldi va “Meni sizda bir yumushim bor” dedi. Shunda U zot: Madinaning qaysi yo‘lida o‘tirishni xohlasang o‘sha yerda o‘tir! Men ham sen bilan (hojatingni eshitgani) o‘tiraman” dedilar. (Termiziy rivoyati). Imom Muslimning rivoyatida “Rasululloh sollollohu alayhi vasallam yo‘lda u bilan to yumushidan forig‘ bo‘lganicha o‘tirdilar” degan qo‘shimchasi bor. Anas roziyallohu anhu ziyoda qildilar: “Rasululloh sollollohu alayhi vasallam u bilan o‘zlarining yonidagi kishilarning ko‘zlari ko‘rmaydigan darajada yiroqlashdilar” Uzoqlashishdan maqsad u ayol bilan kelganlar yoki Rasululloh sollollohu alayhi vasallamning oldidagi kishilar ayolning shikoyatini eshitmasligi uchun edi. Imom Buxoriy rahmatullohi alayh zikr qiladilar: “Cho‘ri Rasululloh sollollohu alayhi vasallamning qo‘llaridan tutib, o‘zining yumushini bajarishga olib borar edi”. Mana shu ishlarda Rasululloh sollollohu alayhi vasallamning kamtarliklarini mukammalligi bordir. Bu hech kimga maxfiy emas. Nasoiyning rivoyatida “Rasululloh sollallohu alayhi vasallam beva ayol, miskinlar bilan birga yurishdan kibr qilmas edilar. Ularning yumushlarini bajarib berar edilar” deb kelgan.

  3. Alloh taolo U zotga payg‘ambar banda yoki payg‘ambar farishta bo‘lish borasida tanlash huquqini bergan. Rasululloh sollallohu alayhi vasallam Alloh taologa tavoze’ qilib bandalikni tanladilar. Bu Abu Hurayra roziyallohu anhudan rivoyat qilingan hadisda aytib o‘tilgan: Jabroil alayhissalom Rasululloh sollallohu alayhi vasallamning oldilarida o‘tirganlarida osmonga qarasalar, bir farishta tushib kelayotgan edi. Jabroil alayhissalom: Bu farishta yaratilganidan beri hali yerga tushmagan dedilar. Tushgandan so‘ng haligi farishta: Ey Muhammad, Robbing meni senga elchi qilib yubordi, seni payg‘ambar farishta qilibmi yoki rosul banda qilib qo‘yaymi? dedi. Jabroil alayhissalom: “Ey Muhammad, Robbingizga nisbatan tavozu’li bo‘ling, dedilar. Shunda Rasululloh sollallohu alayhi vasallam: Rasul banda qilishini ixtiyor etdim, dedilar.

  4. Anas ibn Molik roziyallohu anhudan rivoyat qilinadi: Rasululloh sollallohu alayhi vasallam kasallarni ko‘rgani borar, janoza nomozlarida hozir bo‘lar, eshakka minar, qullarning chaqirig‘iga ham labbay deya javob berardilar. Bani Qurayza g‘azoti bo‘lgan kuni U zot sollallohu alayhi vasallam xurmoning terisidan tayyorlangan yugan bilan jihozlangan eshakda edilar. Eshakning ustida xurmoning terisidan tayyorlangan egari bor edi. (Termiziy rivoyati). Rivoyatda “U zot eshakni minar edilar, deyilishidan maqsad undan yaxshiroq ulovlarga minishga qodir bo‘lsalar ham eshakka minardilar degan ma’noni bildiradi. Miniladigan hayvonlarni boshqarish uchun og‘ziga qo‘yiladigan yuganlari ham xurmoning terisidan yasalgan edi. Odatda xurmoning terisidan arqon va dag‘al ko‘rpachalarni tayyorlanar edi. Shuningdek, egarlari ham xurmoning terisidan bo‘lishi Rasululloh sollallohu alayhi vasallamdagi kamtarlik eng yuqori darajada bo‘lganiga yorqin dalildir.

  5. Rasululloh sollallohu alayhi vasallam kasal kishiga yaqin kelib, uning bosh tarafiga o‘tirar va uning ahvoli haqida so‘rar edi. Unga qarata: “O‘zingni qanday xis qilyapsan yoki qanday tong orttirding yoki qanday tunni o‘tkazding?” der edilar. Yana: “Hechqisi yo‘q, Alloh taoloning izni bilan gunohlarni yuvuvchi bo‘ladi!” der edilar. Yana bemorning og‘riyotgan joyiga qo‘llarini qo‘yib: “Allohning ismi bilan senga aziyat berayotgan har qaysi dardga Alloh taolo shifo bersin!”, deb duo qilar edilar.

  6. Tabariyning “Muxtasarus siyra” kitobida quyidagi ma’lumotlar keladi: Rasululloh sollallohu alayhi vasallam Quboga ketayotgan vaqtlarida egarsiz eshakka minib olgan edilar. Abu Hurayra roziyallohu anhu U zot bilan birga edi. Rasululloh sollallohu alayhi vasallam unga qarata: “Seni mindirib olaman!” dedilar. Abu Hurayra roziyallohu anhu: “Siz nima desangiz shu, yo Rasululloh!” dedi. U zot: “Min!” dedilar. Abu Hurayra mina olmadi. Rasululloh sollallohu alayhi vasallam uni mindirmoqchi bo‘lib, qo‘lidan ushlab torttilar va ikkilari ham yiqilib tushdilar. Rasululloh sollallohu alayhi vasallam yana eshakka mindilarda va birinchi takliflarini aytdilar. Ular yana yiqilib tushdilar. U zot yana mindilar va avvalgi taklifni yana qaytardilar. Shunda Abu Hurayra roziyallohu anhu: “Sizni haq bilan yuborgan zotga qasamki, uchinchi bor sizga ozor bermayman!” dedi.

  7. Anas ibn Molik roziyallohu anhudan rivoyat qilinadi: Rasululloh sollallohu alayhi vasallam arpadan tayyorlangan non va taxir dumba yog‘i bilan mehmondorchilik qilishga chaqirilsalar ham borar edilar. (Termiziy rivoyati). Hadisda kelgan so‘zni “dumba yog‘i” deb tarjima qildik. Uning asl ma’nosi: nonga qo‘shib yeyiladigan yog‘ yoki dumba va charvi yog‘i yoki qotib qolgan yog‘ degan ma’nolarni bildiradi.

  8. Anas ibn Molik roziyallohu anhudan rivoyat qilinadi: Rasululloh sollallohu alayhi vasallam eski egar, uning ustida to‘rt dirham qiymatga ham ega bo‘lmagan mato yopilgan bir ulov ustida haj qildilar. U Zot: “Yo Alloh, bu hajni riyosi va sum’asi bo‘lmagan hajlar qatorida qilgin!” deb duo qilar edilar. (Imom Termiziy “Shamoil” kitobida rivoyat qilgan). Egar bu minishlik uchun ulovning ustiga qo‘yiladigan narsa bo‘lib, tuyalarniki “القتب” – (al-qotab), otlarniki “السرج” – (as-sarj), eshaklarniki esa “البرذعة” – (al-barza’ah) deyiladi. Hadisda kelgan “eski” degan so‘z chirigan degan ma’noda kelgan. Hadisda kelgan “uning ustida to‘rt dirham qiymatga ham ega bo‘lmagan mato” degan so‘z to‘rt dirhamga ham arzimaydigan mato degan ma’noda kelgan. Bu bilan mana shunday ko‘rinishdagi ulovga mingan kishi hajga munosib bo‘lishi uchun tavozulikning eng ulug‘ holatida bo‘ladi. Chunki haj barcha aloqalardan uzilib, o‘zini yolg‘iz Allohga bag‘ishlash holatidir. U zotning: “Yo Alloh, bu hajni riyosi, sum’asi bo‘lmagan haj qatorida qilgin!” degan so‘zlari “Ey, Alloh O‘zingni roziliging uchun xolis bo‘lishi nasib qil, degan ma’nodadir. Insonlar ko‘rishi yoki eshitishi uchun yoki maqtov bilan hurmat qilishlari yoki U zotning shon-shuhratlarini qalblarida ulug‘lashlari uchun emas. Bu Rasululloh tomonidan bo‘lgan duo edi. Bunday duo qilishlari ul zot sollallohu alayhi vasallam naqadar kamtarin bo‘lganlarining yaqqol namunasidir. Rasululloh bunday duo qilishlari bilan o‘zlarini oddiy insonlar qatoriga qo‘ydilar. Zero, riyo va sum’a ma’sum zotlarda o‘zi bo‘lmaydi. Balki, qimmat ulovlarga mingan, dabdabali kiyimlarni kiyib haj qilgan kishilarda bo‘lishi mumkin.

  9. Anas ibn Molik roziyallohu anhudan rivoyat qilinadi: “Sahobalarga Rasululloh sollallohu alayhi vasallamdan ko‘ra sevikli inson yo‘q edi. Shunday bo‘lishiga qaramay, ular Rasululloh sollallohu alayhi vasallamni kelayotganlarini  ko‘rsalar, o‘rinlaridan turmas edilar. Chunki, sahobalar Rasululloh bunday ishlarini yomon ko‘rishlarini bilardilar. Ya’ni Rasululloh sollallohu alayhi vasallam bu ishni yomon ko‘rishlarini bilganlari uchun o‘rinlaridan turmas edilar. Bu U zotning tavoze’lari mukammal, ular bilan go‘zal muomalada bo‘lganlarini bildiradi. Shu holatda sahobalar U zotning xohishlarini, o‘zlarining xohishlaridan ustun ko‘rdilar. Rasululloh sollallohu alayhi vasallamning ularni o‘rinlaridan turishlarini yomon ko‘rishlari kamtarinlikni yaxshi ko‘rganlaridan va rububiyatning go‘zalligini e’tirof etganlaridandir. Zero, o‘rindan turish faqatgina olamlarning Parvardigoriga bo‘lar edi. Ana endi bu gaplar solih va fozil insonlar kelganda o‘rindan turish kerakligiga zid kelmaydi. Chunki sahobalar Rasululloh sollallohu alayhi vasallam uchun o‘rinlaridan turganlari borasida ham hadislar rivoyat qilingan. Bu hadislarni bir biriga muvofiqlashtirish maqsadida shunday deyishimiz mumkin: Sahobalar Rasululloh sollallohu alayhi vasallamni oldilariga kelmayotganlarini uzoqdan ko‘rib qolsalar o‘rinlaridan turmaganlar yoki Rasululloh sollallohu alayhi vasallam bir necha bor turib, yana qaytib kelganlarida  sahobalar ikkinchi-uchinchi bor o‘rinlaridan turmagan bo‘lishlari mumkin. Biroq bu Rasululloh sollallohu alayhi vasallam birinchi bor kelganlarida va qaytib ketayotganlarida sahobalar o‘rinlaridan turganlarini inkor qilmaydi (ya’ni shunday holatda o‘rnilaridan turganlar).

  10. Anas ibn Molik roziyallohu anhudan rivoyat qilinadi: Rasululloh sollallohu alayhi vasallam: “Menga tuyoqlar hadiya qilinsa, albatta qabul qilaman. Agar biror joyga chaqirilsam, albatta boraman” dedilar. Tuyoq bu hayovonlarning tizzasini pastki qismi yoki to‘pig‘ining pastki qismidir. Bir rivoyatda qo‘y va sigirlarda boldirning yupqa qismi deyilgan.

  11. Oisha roziyallohu anhodan rivoyat qilinadi: “Rasululloh sollallohu alayhi vasallam insonlardan bir inson edilar. Kiyimlarini ko‘zdan kechirar, qo‘ylarini sog‘ar, o‘zlariga xizmat qilar edilar. Bir rivoyatda: ”Kiyimlarini tikar, oyoq kiyimlarini tuzatar edilar”, boshqa bir rivoyatda: “Kiyimlarini yamar, erkaklar uylarida qiladigan ishlarni qilar edilar”, deyilgan. Yana boshqa bir rivoyatda: “Uy ishlarini qilar, eng ko‘p qiladigan ishlari tikish edi, ya’ni uylarida barcha insonlar qiladigan ishlarni qilar edilar”, deyilgan. Albatta, Rasululloh sollallohu alayhi vasallam bu ishlarni kamtarliklari uchun va kamtar bo‘lishga chorlash maqsadida qilar edilar. Podshohlarning odati kabi oddiy ishlarni qilishda o‘zlarini katta olmas edilar. Oisha roziyallohu anho bu gaplari bilan kofirlarning e’tiqodini daf qildilar. Chunki, ularning e’tiqodicha, barcha insonlar qiladigan oddiy ishlarni qilish payg‘ambar mansabiga loyiq bo‘lmaydi ekan. Shuning uchun ham Oisha roziyallohu anho Rasululloh sollallohu alayhi vasallam qiladigan ba’zi ishlarni sanab o‘tdilar: “Kiyimlarini ko‘zdan kechirardilar” ya’ni kiyimlariga har xil tikonlar ilingan bo‘lsa olib tashlash maqsadida ko‘zdan kechirardilar yoki kiyimlarini yamoq qo‘yib yamar edilar. Bundan ba’zilar o‘ylagani kabi bitga o‘xshash narsalarni olib tashlash uchun kiyimlarini ko‘zdan kechirardilar degan ma’no tushnilmaydi. Chunki payg‘ambarlarning badanlariga hashoratlar yaqinlashmaydi. Oisha roziyallohu anho aytadilar: “Qo‘ylarini sog‘ar edilar” ya’ni undan sutni olar edilar. “O‘zlariga xizmat qilar edilar” ya’ni, o‘zlari bajarishi lozim bo‘lgan tahorat suvini tayyorlash bo‘lsin, o‘z a’zolarini yuvish bo‘lsin, barchasini o‘zlari bajarar edilar. Bir rivoyatda: “Kiyimlarini tikar edilar” ya’ni, yuqorida aytilganidek, yamar edilar. “Oyoq kiyimlarini tuzatar edilar” ya’ni tikar, teshilib qolgan joylarini yamar edilar, deb aytilgan.

  12. Tabariyning “Muxtasarus siyra” kitobida quyidagi ma’lumotlar keladi: Rasululloh sollallohu alayhi vasallam bir safarda edilar. Sahobalarga so‘yilgan qo‘yni tayyorlashni buyurdilar. Bir kishi men terisini shilaman dedi. Boshqasi men pishiraman dedi. Rasululloh sollallohu alayhi vasallam men o‘tin yig‘ib kelaman, dedilar. Shunda sahobalar: “Yo Rasululloh! Barcha ishlarni o‘zimiz qilamiz” dedilar. Rasululloh sollallohu alayhi vasallam: “Barcha ishni o‘zingiz qila olishingizni bilaman. Lekin, sizlardan ajralib turishni yomon ko‘raman. Alloh taolo - bandasi o‘zini boshqa do‘stlaridan ajralib turaman deb o‘ylashini yomon ko‘radi” dedilar.

  13. Bu hadislar Rasululloh sollallohu alayhi vasallamni tavozeda yetuk ekanliklari, doimo kamtarlik, o‘zini past olishga qattiq qiziqishlari, dunyoning ziynatlari va ne’matlariga oz e’tibor berishlari va bularning barchasi past narsalar ekani, Alloh taoloning huzuridagi narsalar yaxshi va boqiy ekanini ko‘rsatishlariga ochiq dalolat qilib turibdi. Zero, Rasululloh sollallohu alayhi vasallam sahobalar U zotni ulug‘lashlari yoki nasroniylar Iso ibn Maryam alayhissalomni maqtaganlari kabi maqtashlarini yoqtirmaganlar. Ular Iso alayhissalom iloh yoki ilohning o‘g‘li deb adashdilar va zalolatga ketdilar. Rasululloh sollallohu alayhi vasallam hojatmand kishilarga e’tibor berar, ularga quloq solar, ularning yumushlarini bajarar edilar. Garchi, o‘sha yumushlarning egasi qul yoki ayol kishi bo‘lsa ham. Hojatmand kishilarning sirlariga omonatdor edilar. Ularning sirlarini oshkor qilmas, tarqatmas va begona kishi eshitishi mumkin bo‘lgan joydan uzoqlashar edilar.

  14. O‘zlarining holatlarini sahobalardan yashirar, ularga oshkora qilmas edilar. Bunga misol O‘zlarining sovutlarini o‘ttiz so’ arpa evaziga garovga qo‘yganlaridir. Bu narsalarni uylarida ishlatish uchun olgan edilar. Yuqorida batafsil aytib o‘tilgan bundan boshqa narsalarni misol qilib keltirishimiz mumkin.

Muhammad ibn Alaviyning «Muhammad sollallohu alayhi vasallam — komil inson» kitobidan Ko‘kaldosh o‘rta maxsus islom bilim yurti mudarrisi G‘iyosiddin Habibulloh o‘g‘li tarjimasi.