Абдуллоҳ ибн Масъуд

Рукн: Саҳобалар Чоп этилган: 13.12.2014
Кимки Қуръонни худди нозил
бўлганидай қилиб ўқишни истаса
Умму Абд ўғлидан ўргансин.
Муҳаммад Расулулоҳ

Ўша кезларда у балоғат ёшига ҳам етмаган йигитча эди. Макка водийларида қурайш зодагонларидан бири Уқба ибн Муайтга тегишли қўйларни боқиб юрарди. Одамлар уни "Умму Абд ўғли" деб чақиришарди. Асл исми эса Абдуллоҳ бўлиб, Масъуднинг ўғли эди.
Қавмдошларидан бири пайғамбарликни даъво қилаётгани тўғрисидаги хабар Абдуллоҳнинг ҳам қулоғига чалинган, бироқ у, бир тарафдан, ёш болалиги учун, бошқа тарафдан, Макка муҳитидан йироқлиги сабаб бу гапларга унчалик аҳамият бермаганди. У тонг ёришар-ёришмас қўйларни ҳайдаб кетиб, обдон қоронғу тушиб бўлгачгина қайтиб келишга одатланганди.
Бир куни қўй боқиб юрган Абдуллоҳ узоқдан унинг тарафига қараб келаётган иккита одамни кўрди. Улар яқинлашишди. Ҳар иккиси қаттиқ чарчаган, азбаройи ташналикдан лаблари қуруқшаб қолганди. Йўловчилар Абдуллоҳнинг олдида тўхтаб, салом беришди ва:
— Эй бола, биз ниҳоятда чанқадик, қўйларингдан бирини соғиб берсанг-чи, - деб илтимос қилишди.
Чўпон бола кўнмади.
- Йўқ, - деди у, - мен бундай қилолмайман. Бу қўйлар меники эмас, бировнинг омонати...
Таажжубки, сут талаб қилганлар рад жавобини эшитиб, худди илтимослари қондирилгандай болага розилик назари билан боқишди. Битталари:
- Менга ҳали қочмаган биронта қўзини кўрсатгин, - деди.
Абдуллоҳ шундоққина ёнида ўтлаётган қўзичоққа ишора қилди. Ҳалиги одам қўзини тутиб олди-да, Аллоҳнинг исмини зикр қилиб, елинини оҳиста силай бошлади. Йигитча ҳайрат ичида ўзича "Қачондан буён қочмаган қўзичоқлар сут берадиган бўлиб қолди", деб ўйлади, аммо шу ерда мўъжиза юз берди! Қўзининг елини асталик билан шишди. Кейин ундан қуюқ сут оқа бошлади. Четда турган киши ердан чуқурчоқли тошни олди. Унга сут тўлдириб, ўзи ҳам, шериги ҳам ичдилар. Абдуллоҳ улар узатган сутни қўлига олар экан, ҳануз кўзларига ишонмасди...
Уччовлари обдон сутга қонгач, мўъжизакор киши "Аслингга қайт", деди. Елин кичрайиб, асл ҳолига қайтди. Шунда Абдуллоҳ бу одам оддий инсон эмаслигини тушунди. Юрак ютиб:
- Бояги айтган сўзингизни менга ҳам ўргатиб қўйинг, - деди.
У киши:
- Албатга ўргатаман, - деб жавоб берди.

Юқоридаги ҳодиса Абдуллоҳ ибн Масъуднинг ислом билан биринчи учрашуви эди. Чунки илоҳий мўъжиза соҳиби Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ўзгинаси, ҳамроҳлари эса содиқ саҳоба Сиддиқ розиаллоҳу анҳу бўлиб, улар Қурайш томонидан етказилаётган тўхтовсиз озорлардан қисқа муддат бўлса-да, тин олиб, бемалолроқ ибодат қилиш учун Макка дараларига хилватроқ жой қидириб чиқишганди.
Худди Абдуллоҳда икки ҳамроҳга нисбатан муҳаббат уйғонганидай, улар ҳам чўпон болани ёқтириб қолишди. Ундаги омонатни, қатийликни кўриб, олижаноб йигитчага йўлиқишганини билишди.
Кўп ўтмай Абдуллоҳ исломга кирди ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан биронта вазифага тайинлашларини илтимос қилди. Набий алайҳиссалом уни хос хизматларига қўйдилар. Шу кундан эътиборан собиқ чўпон бола бутун халқлар ва умматлар саййидининг содиқ ходимига айланди. У Пайғамбар алайҳиссаломнинг ёнларидан асло жилмади. Шаҳарда ҳам, сафарда ҳам, уйда ҳам, кўчада ҳам доимий ҳамроҳлари бўлди. Ухласалар қўриқлар, ғусл қилсалар тўсиб турар, ташқарига чиқмоқчи бўлсалар пояфзалларини кийдирар, ичкарига киришни истасалар оёқ кийимларини ечиб қўяр, ёнларида ҳасса ва мисвокларини кўтариб юрар, ҳужраларига кириб кетсалар эшикларининг тагида турарди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унга хоҳлаган пайтида ҳеч хижолат чекмасдан ҳузурларига киришга рухсат бергандилар. Айрим сирларидан воқиф ҳам қилардилар. Шунинг учун унга "Расулуллоҳ сирларининг соҳиби", дея мурожаат этишарди.

Абдуллоҳ ибн Масъуд Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг хонадонларида ўсиб-улғайди. У кишидан таъсирланди, ўрнак олди, ҳар бир хислатларида эргашди. Абдуллоҳ ҳақида кўплар "Хулқ-атвор жиҳатидан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга энг ўхшаш инсон", дейишади.
Ибн Масъуд Пайғамбар алайҳиссаломнинг мадрасаларида таълим олди. Саҳобалар ичидаги энг кучли қорилардан, оятлар мазмунини тўлиқ биладиган тафсирчилардан, шариат илмининг донишмандларидан бўлиб етишди. Сўзимизга далил қилиб бир ҳикояни келтирамиз.
Умар ибн Хаттоб ҳаж мавсумида Арафот тоғида турарди. Унинг ёнига бир киши келиб:
- Эй амирул мўминин, мен Кўфадан, келдим. Бизнинг шаҳримизда Қуръонни ёддан айтиб, саҳифаларга ёздирадиган бир киши бор, - деди. Халифа ниҳоятда қаттиқ ғазабланди. Хатодан холи бўлмаган хотирасига ишониб, имло қилиш жараёнида айрим Қуръоний калималарни тушириб қолдириб ёинки бегона сўзларини қўшиб юбориб, Аллоҳнинг китоби хусусида ихтилоф ва шубҳалар туғдириши мумкин бўлган кишининг таъзирини бериб қўйиш мақсадида:
- Ким экан у шўринг қурғур? - деб сўради,
- Абдуллоҳ ибн Масъуд, - деди ҳалиги киши.
Хазрати Умар жавобни эшитиши билан оловга сув сепилгандай ғазабдан тушди. Сўнг:
- Ҳа, шундай демайсанми? Худо ҳаққи, Ер юзида Қуръонни имло қилиб ёздиришга ибн Масъуддан кўра лойиқроқ одам борлигини билмайман. Мен сенга бир воқеани айтиб берай, эшит,- деди ва қиссасини бошлади:
- Бир кеча Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Абу Бакр билан мусулмонлар ҳаёти хусусида маслаҳатлашиб ўтиргандилар. Мен ҳам уларнинг суҳбатида иштирок этаётгандим. Вақт алламаҳалга борганда биз ҳужрадан чиқдик. Қарасак, масжиднинг бир бурчагида кимдир намоз ўқияпти. Тун қоронғусида кимлигини дарров аниқлай олмадик. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уч-тўрт қадам юриб тўхтадилар. Ҳалиги одамнинг қироатига бирпас қулоқ тутиб тургач, бизга қараб:
- Кимки Қуръонни худди нозил бўлганидай қилиб ўқишни истаса, Умму Абд ўғлининг қироати бўйича ўқисин, - дедилар.
Абдуллоҳ намозини тугатиб, қўлини дуога очди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам:
- Сўра, Аллоҳ сўраганингни беради. Дуо қил, дуоинг қабул, - деб турдилар.
Мен эртага албатта Абдуллоҳнинг олдига бориб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унинг дуосига "Омин" деб турганларини айтиб, суюнчилашни кўнглимга тугиб қўйдим. Тонг отгач, кечаги гапларни эгасига етказиш учун жўнадим, бироқ Абу Бакр эпчиллик қилиб, бор воқеани ипидан игнасигача айтиб булганди.
Худо ҳаққи, қачон мен Абу Бакр билан бирон-бир яхшилик йўлида мусобақалашсам, албатта, у ғолиб чиқарди.

Абдуллоҳ ибн Масъуд Қуръон илмини мукаммал биларди ва уни ҳеч кимдан яширмасдан, шундоқ дерди:
- Ўзидан бошқа илоҳ бўлмаган Аллоҳга қасамки, Қуръони Каримдан қайси оятни олманг, мен уни қаерда ва қай сабаб билан нозил бўлганини биламан. Агар Ер юзида Аллоҳнинг китобини мендан кўра яхшироқ билувчи одам бўлиб, унинг олдига етишнинг имконияти бўлса, мен, албата, ўша кишига шогирд тушардим.
Ибн Масъуднинг бу гапида сира муболаға йўқлигини қуйидаги хабардан билиб оласиз.

Умар ибн Хаттоб сафарларининг бирида нотаниш карвонга дуч келди. Туниб ярми, хаммаёқни зулмат қоплаган. Жарчи Умарнинг буйруғи билан карвондагилардан "Қаердан келяпсиз?" деб сўради. "Фажжул атиқдан" ("Чуқур водий" - Мадина), жавоб келди у тарафдан.
- Қаёққа кетаяпсиз?
- "Байтул атиққа" ("Эски Уй" - Каъба).
"Шубҳасиз уларнинг ичида олим одам бор", ўйлади ҳазрати Умар ва жарчига саволда давом этишни амр қилди.
- Қуръондаги энг улуғ оят қайси?
- Аллоҳу ла илаҳа илла ҳувал ҳайюл қойюм. Ла таъхузуҳу синатун ва ла навм (Аллоҳдан ўзга ҳеч қандай тангри йўқ. Фақат унинг ўзи бордир. У тирик ва абадий тургувчидир. Уни на мудроқ ва на уйқу олади). ("Бақара" сураси, 255-оят).
- Қуръоннинг энг ҳикматли ояти қайси?
- Инналлоҳа яъмуру билъадли вал иҳсани ва ийтои зил қурбо... (Албатта, Аллоҳ адолатга, чиройли амаллар қилишга ва қавм-қариндошга яхшилик қилишга буюрур). ("Ан-Наҳл" сураси, 90-оят.)
- Қуръон маъноларини жамлаб келган оят қайси?
- Фаман яъмал мисқола зарратин ҳайран яраҳ ва ман яъмал мисқола зарратин шарран яраҳ (Бас, ким (ҳаёти - дунёдалик пайтида) зарра мисоличалик яхшилик қилса, (қиёмат кунида) ўшани кўрур. Ким зарра мисоличалик ёмонлик қилса, уни ҳам кўрур). ("Залзала" сураси, 7-8-оятлар).
- Кишини доимий хавфда бўлишга ундайдиган оят қайси?
- Лайса биаманиййикум ва ла аманиййи аҳлил китаб. Ман яъмал суай южза биҳи ва ла яжид лаҳу мин дуниллаҳи валийяв ва ла насиро (Сизларнинг хомхаёлларингиз ҳам, аҳли китобнинг хомхаёллари ҳам ҳақ эмас — кимки ёмон амал қилса, жазосини олур ва ўзи учун Аллоҳдан ўзга на бир дўст ва на бир мададкор топмас). ("Нисо" сураси, 123-оят).
- Қуръондаги энг катта умид туғдирувчи оят қайси?
- Қул я ибадияллазийна асрофу ала анфусиҳим ла тақнату мир роҳматиллаҳ. Инналлоҳа яғфируз зунуба жамийъа. Иннаҳу ҳувал ғофурур роҳийм (Eй Муҳамад), Менинг ўз жонларига жиноят қилган (турли гуноҳ-маъсиятлар қилиш билан) бандаларимга айтинг: "Аллоҳнинг раҳмат-марҳаматидан ноумид бўлмангиз! Албатта Аллоҳ (Ўзи хоҳлаган бандаларининг) барча гуноҳларини мағфират қилур. Албатта, Унинг Ўзигина мағфиратли, меҳрибондир"). ("Зумар" сураси, 53-оят).
- Сўнгги саволим: Абдуллоҳ ибн Масъуд сизнинг орангиздами?
- Алҳамдулиллаҳ, шундай.

Абдуллоҳ ибн Масъуд фақат қори, олим, обид, зоҳид бўлибгина қолмай, вазият талаб қилса, кучли, жасур, қатиятли мужоҳид ҳам эди. У Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга эргашиб, Қуръонни мушриклар ҳузурида жаҳрий ўқиган энг аввалги мусулмондир.
Саҳобаи киромлар Маккада оз сонли ва заифлик пайтларида тўпланиб, суҳбатлашиб қолишди. Гап орасида “Худо ҳаққи, қурайшликлар ҳанузгача Қуръонни жаҳрий ўқилганини эшитганлари йўқ. Ким уларга Аллоҳнинг каломини эшиттириб қўяди?" дейишди. Абдуллоҳ сира иккиланмай:
- Мана, мен эшиттираман, - деди.
- Йўқ, фақат сен эмас, - дедилар асҳоблар бир овоздан. - Кофирлардан ҳар нарсани кутса бўлади, шунинг учун уларнинг ёмонлигидан ҳимоя қилишга қодир қариндош-уруғлари бор одам чиқишини хоҳлаймиз.
- Бу ёғидан хотиржам бўлинг. Аллоҳнинг ўзи мени улардан ҳимоя қилади, - деди Абдуллоҳ ишонч билан ва биродарларини тарк этиб, масжид сари жўнади.
Қурайшийлар Каъба атрофида жамланиб ўтиришарди. Абдуллоҳ Мақоми Иброҳим олдига келиб тўхтади ва баралла овоз билан Қуръон оятларини тиловат қила бошлади: "Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм. Ар роҳману алламал Қуръана, холақол инсана, алламаҳул баян" (Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан (бошлайман). Меҳрибон (Аллоҳ Муҳаммад пайғамбар ва унинг умматларига) Қуръонни таълим берди. У зот инсонни яратиб, унга (дилидаги мақсадини аён эта олиши учун) баённи (нутқни) таълим берди). ("Раҳмон" сураси, 1-4-оятлар.)
Мушриклар олдинига ҳайрон бўлишди - нималар деяпти бу Умму Абд ўғли? Бирпасдан кейин тушуниб қолишди. "Ие, бу Муҳаммаднинг гапларини гапиряптику", деб худди илон чаққандай сакраб туришди. Қуръон ўқиётган Абдуллоҳнинг юз-кўзига қарамай уришга, аямасдан тепкилашга тушишди. Охири ўзлари чарчаб, дўппослашни бас қилишди. Ибн Масъудни қонга беланган ҳолда кўрган биродарлари таассуф билан:
- Биз айнан шундоқ бўлишидан қўрққан эдик, - дейишди.
- Худо ҳаққи, Аллоҳнинг душманлари кўз ўнгимда. Ҳеч қачон бугунгичалик хор-зор туюлмаганди. Агар хоҳласангиз эртага яна ўша ерга бориб, Қуръон ўқиб бераман, - деди Абдуллоҳ қатъиян.
- Йўқ, бас, сенга шу ҳам етади, - дедилар саҳобалар.

Абдуллоҳ ибн Масъуд Усмон розиаллоҳу анҳунинг халифалик давригача яшади. Оғир касал бўлиб ётган Абдуллоҳнинг зиёратига келган халифа ундан ҳол-аҳвол сўради:
- Нималардан шикоят қиласиз?
- Гуноҳларимдан, - деди хаста.
- Кўнглингиз нимани тусайди?
- Роббимнинг раҳматини.
- Йиғилиб қолган маошларингизни опкелтириб берайми? Ахир неча йилдан бери сариқ чақа ҳам олмайсиз!
- Энди менга унинг кераги йўқ!
- Ҳеч бўлмаса сиздан кейин қизларингизга қолар?!
- Қизларимни фақир бўлиб қолишларидан қўрқяпсизми? Мен уларга ҳар оқшом "Воқеа" сурасини ўқишни буюрганман... Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтгандиларки "Кимки ҳар оқшом "Воқеа" сурасини ўқишни одат қилса, асло муҳтожлик кўрмагай".

Ўша кеча Абдуллоҳ иби Масъуд қалбида Аллоҳнинг ёди, тилида ояти карималар тиловати билан рафиқул аъло даргоҳига равона бўлди.

Доктор Абдураҳмон Раъфат ал-Бошонинг «Содиқ саҳобалар қиссаси» китобидан Дониёр Анорбоeв таржимаси
 
* * *
Kimki Qur’onni xuddi nozil
bo‘lganiday qilib o‘qishni istasa
Ummu Abd o‘g‘lidan o‘rgansin.
Muhammad Rasululoh

O‘sha kezlarda u balog‘at yoshiga ham yetmagan yigitcha edi. Makka vodiylarida quraysh zodagonlaridan biri Uqba ibn Muaytga tegishli qo‘ylarni boqib yurardi. Odamlar uni "Ummu Abd o‘g‘li" deb chaqirishardi. Asl ismi esa Abdulloh bo‘lib, Mas’udning o‘g‘li edi.
Qavmdoshlaridan biri payg‘ambarlikni da’vo qilayotgani to‘g‘risidagi xabar Abdullohning ham qulog‘iga chalingan, biroq u, bir tarafdan, yosh bolaligi uchun, boshqa tarafdan, Makka muhitidan yiroqligi sabab bu gaplarga unchalik ahamiyat bermagandi. U tong yorishar-yorishmas qo‘ylarni haydab ketib, obdon qorong‘u tushib bo‘lgachgina qaytib kelishga odatlangandi.
Bir kuni qo‘y boqib yurgan Abdulloh uzoqdan uning tarafiga qarab kelayotgan ikkita odamni ko‘rdi. Ular yaqinlashishdi. Har ikkisi qattiq charchagan, azbaroyi tashnalikdan lablari quruqshab qolgandi. Yo‘lovchilar Abdullohning oldida to‘xtab, salom berishdi va:
— Ey bola, biz nihoyatda chanqadik, qo‘ylaringdan birini sog‘ib bersang-chi, - deb iltimos qilishdi.
Cho‘pon bola ko‘nmadi.
- Yo‘q, - dedi u, - men bunday qilolmayman. Bu qo‘ylar meniki emas, birovning omonati...
Taajjubki, sut talab qilganlar rad javobini eshitib, xuddi iltimoslari qondirilganday bolaga rozilik nazari bilan boqishdi. Bittalari:
- Menga hali qochmagan bironta qo‘zini ko‘rsatgin, - dedi.
Abdulloh shundoqqina yonida o‘tlayotgan qo‘zichoqqa ishora qildi. Haligi odam qo‘zini tutib oldi-da, Allohning ismini zikr qilib, yelinini ohista silay boshladi. Yigitcha hayrat ichida o‘zicha "Qachondan buyon qochmagan qo‘zichoqlar sut beradigan bo‘lib qoldi", deb o‘yladi, ammo shu yerda mo‘‘jiza yuz berdi! Qo‘zining yelini astalik bilan shishdi. Keyin undan quyuq sut oqa boshladi. Chetda turgan kishi yerdan chuqurchoqli toshni oldi. Unga sut to‘ldirib, o‘zi ham, sherigi ham ichdilar. Abdulloh ular uzatgan sutni qo‘liga olar ekan, hanuz ko‘zlariga ishonmasdi...
Uchchovlari obdon sutga qongach, mo‘‘jizakor kishi "Aslingga qayt", dedi. Yelin kichrayib, asl holiga qaytdi. Shunda Abdulloh bu odam oddiy inson emasligini tushundi. Yurak yutib:
- Boyagi aytgan so‘zingizni menga ham o‘rgatib qo‘ying, - dedi.
U kishi:
- Albatga o‘rgataman, - deb javob berdi.

Yuqoridagi hodisa Abdulloh ibn Mas’udning islom bilan birinchi uchrashuvi edi. Chunki ilohiy mo‘‘jiza sohibi Rasululloh sollallohu alayhi va sallamning o‘zginasi, hamrohlari esa sodiq sahoba Siddiq roziallohu anhu bo‘lib, ular Quraysh tomonidan yetkazilayotgan to‘xtovsiz ozorlardan qisqa muddat bo‘lsa-da, tin olib, bemalolroq ibodat qilish uchun Makka daralariga xilvatroq joy qidirib chiqishgandi.
Xuddi Abdullohda ikki hamrohga nisbatan muhabbat uyg‘onganiday, ular ham cho‘pon bolani yoqtirib qolishdi. Undagi omonatni, qatiylikni ko‘rib, olijanob yigitchaga yo‘liqishganini bilishdi.
Ko‘p o‘tmay Abdulloh islomga kirdi va Rasululloh sollallohu alayhi va sallamdan bironta vazifaga tayinlashlarini iltimos qildi. Nabiy alayhissalom uni xos xizmatlariga qo‘ydilar. Shu kundan e’tiboran sobiq cho‘pon bola butun xalqlar va ummatlar sayyidining sodiq xodimiga aylandi. U Payg‘ambar alayhissalomning yonlaridan aslo jilmadi. Shaharda ham, safarda ham, uyda ham, ko‘chada ham doimiy hamrohlari bo‘ldi. Uxlasalar qo‘riqlar, g‘usl qilsalar to‘sib turar, tashqariga chiqmoqchi bo‘lsalar poyafzallarini kiydirar, ichkariga kirishni istasalar oyoq kiyimlarini yechib qo‘yar, yonlarida hassa va misvoklarini ko‘tarib yurar, hujralariga kirib ketsalar eshiklarining tagida turardi. Rasululloh sollallohu alayhi va sallam unga xohlagan paytida hech xijolat chekmasdan huzurlariga kirishga ruxsat bergandilar. Ayrim sirlaridan voqif ham qilardilar. Shuning uchun unga "Rasululloh sirlarining sohibi", deya murojaat etishardi.

Abdulloh ibn Mas’ud Rasululloh sollallohu alayhi va sallamning xonadonlarida o‘sib-ulg‘aydi. U kishidan ta’sirlandi, o‘rnak oldi, har bir xislatlarida ergashdi. Abdulloh haqida ko‘plar "Xulq-atvor jihatidan Rasululloh sollallohu alayhi va sallamga eng o‘xshash inson", deyishadi.
Ibn Mas’ud Payg‘ambar alayhissalomning madrasalarida ta’lim oldi. Sahobalar ichidagi eng kuchli qorilardan, oyatlar mazmunini to‘liq biladigan tafsirchilardan, shariat ilmining donishmandlaridan bo‘lib yetishdi. So‘zimizga dalil qilib bir hikoyani keltiramiz.
Umar ibn Xattob haj mavsumida Arafot tog‘ida turardi. Uning yoniga bir kishi kelib:
- Ey amirul mo‘minin, men Ko‘fadan, keldim. Bizning shahrimizda Qur’onni yoddan aytib, sahifalarga yozdiradigan bir kishi bor, - dedi. Xalifa nihoyatda qattiq g‘azablandi. Xatodan xoli bo‘lmagan xotirasiga ishonib, imlo qilish jarayonida ayrim Qur’oniy kalimalarni tushirib qoldirib yoinki begona so‘zlarini qo‘shib yuborib, Allohning kitobi xususida ixtilof va shubhalar tug‘dirishi mumkin bo‘lgan kishining ta’zirini berib qo‘yish maqsadida:
- Kim ekan u sho‘ring qurg‘ur? - deb so‘radi,
- Abdulloh ibn Mas’ud, - dedi haligi kishi.
Xazrati Umar javobni eshitishi bilan olovga suv sepilganday g‘azabdan tushdi. So‘ng:
- Ha, shunday demaysanmi? Xudo haqqi, Yer yuzida Qur’onni imlo qilib yozdirishga ibn Mas’uddan ko‘ra loyiqroq odam borligini bilmayman. Men senga bir voqeani aytib beray, eshit,- dedi va qissasini boshladi:
- Bir kecha Rasululloh sollallohu alayhi va sallam Abu Bakr bilan musulmonlar hayoti xususida maslahatlashib o‘tirgandilar. Men ham ularning suhbatida ishtirok etayotgandim. Vaqt allamahalga borganda biz hujradan chiqdik. Qarasak, masjidning bir burchagida kimdir namoz o‘qiyapti. Tun qorong‘usida kimligini darrov aniqlay olmadik. Rasululloh sollallohu alayhi va sallam uch-to‘rt qadam yurib to‘xtadilar. Haligi odamning qiroatiga birpas quloq tutib turgach, bizga qarab:
- Kimki Qur’onni xuddi nozil bo‘lganiday qilib o‘qishni istasa, Ummu Abd o‘g‘lining qiroati bo‘yicha o‘qisin, - dedilar.
Abdulloh namozini tugatib, qo‘lini duoga ochdi. Rasululloh sollallohu alayhi va sallam:
- So‘ra, Alloh so‘raganingni beradi. Duo qil, duoing qabul, - deb turdilar.
Men ertaga albatta Abdullohning oldiga borib, Rasululloh sollallohu alayhi va sallam uning duosiga "Omin" deb turganlarini aytib, suyunchilashni ko‘nglimga tugib qo‘ydim. Tong otgach, kechagi gaplarni egasiga yetkazish uchun jo‘nadim, biroq Abu Bakr epchillik qilib, bor voqeani ipidan ignasigacha aytib bulgandi.
Xudo haqqi, qachon men Abu Bakr bilan biron-bir yaxshilik yo‘lida musobaqalashsam, albatta, u g‘olib chiqardi.

Abdulloh ibn Mas’ud Qur’on ilmini mukammal bilardi va uni hech kimdan yashirmasdan, shundoq derdi:
- O‘zidan boshqa iloh bo‘lmagan Allohga qasamki, Qur’oni Karimdan qaysi oyatni olmang, men uni qaerda va qay sabab bilan nozil bo‘lganini bilaman. Agar Yer yuzida Allohning kitobini mendan ko‘ra yaxshiroq biluvchi odam bo‘lib, uning oldiga yetishning imkoniyati bo‘lsa, men, albata, o‘sha kishiga shogird tushardim.
Ibn Mas’udning bu gapida sira mubolag‘a yo‘qligini quyidagi xabardan bilib olasiz.

Umar ibn Xattob safarlarining birida notanish karvonga duch keldi. Tunib yarmi, xammayoqni zulmat qoplagan. Jarchi Umarning buyrug‘i bilan karvondagilardan "Qaerdan kelyapsiz?" deb so‘radi. "Fajjul atiqdan" ("Chuqur vodiy" - Madina), javob keldi u tarafdan.
- Qayoqqa ketayapsiz?
- "Baytul atiqqa" ("Eski Uy" - Ka’ba).
"Shubhasiz ularning ichida olim odam bor", o‘yladi hazrati Umar va jarchiga savolda davom etishni amr qildi.
- Qur’ondagi eng ulug‘ oyat qaysi?
- Allohu la ilaha illa huval hayyul qoyyum. La ta’xuzuhu sinatun va la navm (Allohdan o‘zga hech qanday tangri yo‘q. Faqat uning o‘zi bordir. U tirik va abadiy turguvchidir. Uni na mudroq va na uyqu oladi). ("Baqara" surasi, 255-oyat).
- Qur’onning eng hikmatli oyati qaysi?
- Innalloha ya’muru bil’adli val ihsani va iytoi zil qurbo... (Albatta, Alloh adolatga, chiroyli amallar qilishga va qavm-qarindoshga yaxshilik qilishga buyurur). ("An-Nahl" surasi, 90-oyat.)
- Qur’on ma’nolarini jamlab kelgan oyat qaysi?
- Faman ya’mal misqola zarratin hayran yarah va man ya’mal misqola zarratin sharran yarah (Bas, kim (hayoti - dunyodalik paytida) zarra misolichalik yaxshilik qilsa, (qiyomat kunida) o‘shani ko‘rur. Kim zarra misolichalik yomonlik qilsa, uni ham ko‘rur). ("Zalzala" surasi, 7-8-oyatlar).
- Kishini doimiy xavfda bo‘lishga undaydigan oyat qaysi?
- Laysa biamaniyyikum va la amaniyyi ahlil kitab. Man ya’mal suay yujza bihi va la yajid lahu min dunillahi valiyyav va la nasiro (Sizlarning xomxayollaringiz ham, ahli kitobning xomxayollari ham haq emas — kimki yomon amal qilsa, jazosini olur va o‘zi uchun Allohdan o‘zga na bir do‘st va na bir madadkor topmas). ("Niso" surasi, 123-oyat).
- Qur’ondagi eng katta umid tug‘diruvchi oyat qaysi?
- Qul ya ibadiyallaziyna asrofu ala anfusihim la taqnatu mir rohmatillah. Innalloha yag‘firuz zunuba jamiy’a. Innahu huval g‘ofurur rohiym (Ey Muhamad), Mening o‘z jonlariga jinoyat qilgan (turli gunoh-ma’siyatlar qilish bilan) bandalarimga ayting: "Allohning rahmat-marhamatidan noumid bo‘lmangiz! Albatta Alloh (O‘zi xohlagan bandalarining) barcha gunohlarini mag‘firat qilur. Albatta, Uning O‘zigina mag‘firatli, mehribondir"). ("Zumar" surasi, 53-oyat).
- So‘nggi savolim: Abdulloh ibn Mas’ud sizning orangizdami?
- Alhamdulillah, shunday.

Abdulloh ibn Mas’ud faqat qori, olim, obid, zohid bo‘libgina qolmay, vaziyat talab qilsa, kuchli, jasur, qatiyatli mujohid ham edi. U Rasululloh sollallohu alayhi va sallamga ergashib, Qur’onni mushriklar huzurida jahriy o‘qigan eng avvalgi musulmondir.
Sahobai kiromlar Makkada oz sonli va zaiflik paytlarida to‘planib, suhbatlashib qolishdi. Gap orasida “Xudo haqqi, qurayshliklar hanuzgacha Qur’onni jahriy o‘qilganini eshitganlari yo‘q. Kim ularga Allohning kalomini eshittirib qo‘yadi?" deyishdi. Abdulloh sira ikkilanmay:
- Mana, men eshittiraman, - dedi.
- Yo‘q, faqat sen emas, - dedilar ashoblar bir ovozdan. - Kofirlardan har narsani kutsa bo‘ladi, shuning uchun ularning yomonligidan himoya qilishga qodir qarindosh-urug‘lari bor odam chiqishini xohlaymiz.
- Bu yog‘idan xotirjam bo‘ling. Allohning o‘zi meni ulardan himoya qiladi, - dedi Abdulloh ishonch bilan va birodarlarini tark etib, masjid sari jo‘nadi.
Qurayshiylar Ka’ba atrofida jamlanib o‘tirishardi. Abdulloh Maqomi Ibrohim oldiga kelib to‘xtadi va baralla ovoz bilan Qur’on oyatlarini tilovat qila boshladi: "Bismillahir rohmanir rohiym. Ar rohmanu allamal Qur’ana, xolaqol insana, allamahul bayan" (Mehribon va rahmli Alloh nomi bilan (boshlayman). Mehribon (Alloh Muhammad payg‘ambar va uning ummatlariga) Qur’onni ta’lim berdi. U zot insonni yaratib, unga (dilidagi maqsadini ayon eta olishi uchun) bayonni (nutqni) ta’lim berdi). ("Rahmon" surasi, 1-4-oyatlar.)
Mushriklar oldiniga hayron bo‘lishdi - nimalar deyapti bu Ummu Abd o‘g‘li? Birpasdan keyin tushunib qolishdi. "Ie, bu Muhammadning gaplarini gapiryaptiku", deb xuddi ilon chaqqanday sakrab turishdi. Qur’on o‘qiyotgan Abdullohning yuz-ko‘ziga qaramay urishga, ayamasdan tepkilashga tushishdi. Oxiri o‘zlari charchab, do‘pposlashni bas qilishdi. Ibn Mas’udni qonga belangan holda ko‘rgan birodarlari taassuf bilan:
- Biz aynan shundoq bo‘lishidan qo‘rqqan edik, - deyishdi.
- Xudo haqqi, Allohning dushmanlari ko‘z o‘ngimda. Hech qachon bugungichalik xor-zor tuyulmagandi. Agar xohlasangiz ertaga yana o‘sha yerga borib, Qur’on o‘qib beraman, - dedi Abdulloh qat’iyan.
- Yo‘q, bas, senga shu ham yetadi, - dedilar sahobalar.

Abdulloh ibn Mas’ud Usmon roziallohu anhuning xalifalik davrigacha yashadi. Og‘ir kasal bo‘lib yotgan Abdullohning ziyoratiga kelgan xalifa undan hol-ahvol so‘radi:
- Nimalardan shikoyat qilasiz?
- Gunohlarimdan, - dedi xasta.
- Ko‘nglingiz nimani tusaydi?
- Robbimning rahmatini.
- Yig‘ilib qolgan maoshlaringizni opkeltirib beraymi? Axir necha yildan beri sariq chaqa ham olmaysiz!
- Endi menga uning keragi yo‘q!
- Hech bo‘lmasa sizdan keyin qizlaringizga qolar?!
- Qizlarimni faqir bo‘lib qolishlaridan qo‘rqyapsizmi? Men ularga har oqshom "Voqea" surasini o‘qishni buyurganman... Rasululloh sollallohu alayhi va sallam aytgandilarki "Kimki har oqshom "Voqea" surasini o‘qishni odat qilsa, aslo muhtojlik ko‘rmagay".

O‘sha kecha Abdulloh ibi Mas’ud qalbida Allohning yodi, tilida oyati karimalar tilovati bilan rafiqul a’lo dargohiga ravona bo‘ldi.

Doktor Abdurahmon Ra’fat al-Boshoning «Sodiq sahobalar qissasi» kitobidan Doniyor Anorboyev tarjimasi